Мавлидни нишонлаш Пайғамбарга муҳаббатни англатмайди
Шайх Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз роҳимаҳуллоҳ
Мавлидни нишонлаш Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббатни изҳор қилишнинг тўғри услуби эмас, йўқ! Шубҳасиз аҳли сунна учун Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ота-оналари ва ўз нафсларидан кўра суюмлироқдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Сизларнинг бирортангиз мен унга отасидан, фарзандидан ва барча инсонлардан кўра суюмлироқ бўлмагунимча (мукаммал) иймонли бўлмайди» (Муттафақун алайҳ). Умар ибн Хаттоб Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Эй Расулуллоҳ, сиз менга ўз жонимдан бошқа барча нарсадан суюмлироқсиз» деди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Йўқ, жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, то сенга ўз жонингдан ҳам суюмлироқ бўлмагунимча (иймонинг комил бўлмайди)» дедилар. Умар: «Аллоҳга қасамки, сиз энди менга ўз жонимдан ҳам суюмлироқсиз» деди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ана энди (ҳақни танидинг ва айтдинг) эй Умар» дедилар (Бухорий ривояти).
Аҳли сунна учун Аллоҳдан сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам суюмлироқ эканига иймон келтиради. Аҳли сунна учун энг суюмли зот Аллоҳдир. Сўнг улар учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар ичида энг суюмигидирлар. Сўнг мақоми Пайғамбаримиздан кейин бўлган бошқа пайғамбарлар (суюмлидирлар). Биз уларнинг (аҳли суннанинг мана шу) йўлидамиз. (Шайх йиғлаб юбордилар…) Аллоҳни гувоҳ қиламизки, Пайғамбаримиз бизга Аллоҳдан кейин ўзимиз, бойлигимиз, авлодимиз ва барча нарсадан суюмлироқдир. Аллоҳга қасамки, агарда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу (мавлид)ни нишонлашни шаръан жорий қилганларида, шубҳасиз биз уни нишонлаган бўлар эдик. Бироқ у киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уни жорий қилмадилар. На у киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва на саҳобалари ҳеч қачон Мавлидни нишонламадилар.