«Аллоҳ ва фалончи хоҳласа» деб айтиш

«Аллоҳ ва фалончи хоҳласа» деб айтиш

Шайх Муҳаммад Носируддин Албоний

بسم الله الرحمن الرحيم

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, у зотнинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг …

Шайх Муҳаммад Носируддин Албоний: «Силсила ал-аҳадис ас-саҳиҳа»даги, 136-139 рақамли ҳадислар ҳақида айтдилар:

136 – «Аллоҳ хоҳлади сўнгра сен хоҳладинг денглар, Каъбанинг Робби билан қасам ичаман денглар».

Табароний, Ҳоким, Байҳақий ва Аҳмад: ал-Масъудий Саид ибн Холиддан, у Абдуллоҳ ибн Ясардан, у Қатийла бинт Сайфий (Жуҳайналик аёл)дан айтдики: Бир яҳуд руҳонийси Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга келди ва шундай деди: «Сизлар ширк келтирасиз, Аллоҳ ва сен хоҳладинг дейсиз ва Каъба билан қасам ичасиз». Аллоҳнинг Расули, соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ хоҳлади сўнгра сен хоҳладинг денглар, Каъбанинг Робби билан қасам ичаман денглар».

Абдуллоҳ ибн Ясардан бошқа ўхшаш ҳадисда:

137 – «Аллоҳ ва фалончи хоҳлади деманглар, лекин Аллоҳ хоҳлади сўнг сен хоҳладинг денглар».

138 – «Дарҳақиқат Туфайл туш кўрди ва сизларни бундан хабардор қилди. Сизлар эса шундай сўзларни айтардингизки, мени улардан сизни қайтаришдан ҳаё ман қилган эди. Аллоҳ ва Муҳаммад хоҳлагани бўлади деманглар».

Ибн Аббосдан шоҳид (ўхшаш ҳадис, бошқа саҳобийдан ривоят қилинган) бўлган ҳадисда ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга бир киши келди ва баъзи мавзуларда суҳбатлашиб деди: «Аллоҳ ва сиз хоҳлаганингиз». (У зот) жавоб бердиларки:

139 – «Мени Аллоҳ билан тенглаштирдингми? Йўқ! Фақат Аллоҳ хоҳлагани!»

Мазкур ҳадислардан билиндики: бирор киши иккинчисига Аллоҳ ва сен хоҳлаганинг деса, бу шариатда ширк ҳисобланади. Бу лафзий (оғзаки) ширкдир. Чунки айтган одам банданинг хоҳишини, Робб субҳанаҳу ва таъолонинг хоҳиш даражасидек кўради, шу сабабли Аллоҳ хоҳиши билан бошқанинг хоҳишини сўзида тенглаштиради. Шунга ўхшаб оммада ва илмни даъво қилган баъзиларда учрайдиган гаплардан: Менда Аллоҳ ва сендан бошқа ҳеч ким йўқ; Аллоҳга ва сенга таваккал қилдим; ва шунга ўхшаш баъзи даъватчилар (маърузачилар) айтадиганидек: Аллоҳ ва ватан номи билан; ёки Аллоҳ ва халқ номи билан; ва бошқа ширк сўзларидир. Аллоҳ табарока ва таолога бўлган одоб улардан огоҳлантириш ва улардан тавба қилишни талаб қилади.

Бу мукаррам одобдан кўпчилик оддий одамлар бехабар, аҳли илмдан ҳам кўпгина инсонлар нутқларида бундай ширкли сўзларни ишлатишади. Офатли вақтларда Аллоҳдан бошқага нидо қилиш, ёки вафот қилган солиҳ кишиларга илтижо қилиш, Аллоҳ таолони қўйиб, улар номи билан қасам ичиш, ёки уларнинг исмлари билан Аллоҳга ўтиниш. Агар бирор олим бу қилмишларини Қуръон ва Суннат ёрдамида инкор қилса, ёмонликни инкор қилишга ёрдамчи бўлиш ўрнига инкорга қарши чиқишади-да, Аллоҳдан бошқага мурожаат қилувчиларнинг ниятлари яхшидир, ҳадисда келгандук «Амаллар ниятига қараб баҳоланади» дейишади.

Билишмайдики, ёки одамларни рози қилиш учун ўзларини билмаганга олишади, мазкур кишиларнинг нияти яхши бўлсада, хато амални солиҳ амалга айлантириб қўймайди. Мазкур ҳадиснинг маъноси эса: солиҳ амаллар холис ниятлар биландир. Шариатга хилоф амал ва холис ният бирлашиши билан у амал солиҳ ва шариатга мувофиқ бўлиб қолади дегани эмас. Бундай деб жоҳил ёки ҳақиқатга гердайиб тескари қараган одамдан бошқа ҳеч ким айтмайди. Агар бирор одам қабрга қараб намоз ўқиса, бу амал эса қабрга қараб намоз ўқишни таъқиқловчи ҳадис ва асарларга хилоф булгани учун мункар ҳисобланади, ва шуни билиб туриб ҳам намозида қабрга юзланса, бунга: унинг нияти яхши, демак амали ҳам шариатга мувофиқ дейиладими? Албатта йўқ! Аллоҳ таолодан бошқага дод-фарёд қилиб ёрдам сўровчиларнинг аҳволи ҳам худди шундай. Мададига ва ёрдамига энг муҳтож бўлган ҳолатида Аллоҳни эсларидан чиқарадилар! Ниятлари яхши эканлиги ва бундан ҳам ортиғи, амаллари солиҳ бўлиб қолганлиги ақлга сиғмайдиган нарса. Лекин ҳатто билишса ҳам ўша мункар ишида қайсарлик билан давом этишади!

Аллоҳ Пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

http://www.alalbany.net/misc043.php

Манба: Тавҳид форуми

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan