Оёқни ўпиш ҳақида

Оёқни ўпиш ҳақида

بسم الله الرحمن الرحيم

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, у зотнинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг …

1. Бирор инсон онасини оёғини ўпиш учун энгашса у сажда қилаяпти деб эътибор қилинмайди. Чунки у сажда қилиш учун энгашгани йўқ. Худди Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни қўлларини ёки оёқларини ўпишга энгашганлар рукуъ қилиш учун, ёки сажда қилиш учун энгашишмади.

2. Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ «Адабул Муфрад»да «Оёқни ўпиш ҳақидаги боб»да келтирган икки ҳадис: Ваазиъ ибн Омир айтдилар: «Биз (Мадинага) келдик. Одамлар: «Ана Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)!», дейишди. Биз ул зотнинг қўллари ва оёқларини ўпа бошладик». Албоний айтдилар: «Санади заиф» (Заъиф Адабул Муфрод 154).

Бу ҳадисни Абу Довуд (5227) ҳам «Оёқни ўпиш боби»да Заариъ исмли саҳобийдан ривоят қилдилар. Ҳофиз Ибн Ҳажар «Фатҳул Барий» (11/57)да бу ҳадиснинг санадини яхши деб санадилар. Албоний «Саҳиҳ Абу Довуд»да айтдилар: «Икки оёқни зикр қилингандан бошқа қисми ҳасан ҳадисдир».

3. Суҳайбдан ривоят қилинади, айтадилар: «Алийни кўрдим, Аббоснинг қўлини ва икки оёғини ўпдилар». Албоний айтдилар: «Санади заиф, мавқуфдир» (Заъиф адабул Муфрод 155).

4. Софван ибн Ассал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, айтдилар: «Бир яҳудий дўстига айтди: «Юр биз билан бу Пайғамбарнинг олдига борамиз». У дўсти айтди: «Пайғамбар деб айтма, агар у сени эшитиб қолса кўзи тўрта бўлиб кетади (хурсанд бўлиб кетади)». У иккови Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келишди ва тўққиз очиқ оят-мўъжиза ҳақида сўрашди…» (Ҳадиснинг давомида): «Улар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўл ва оёқларини ўпишди. Айтишди: Биз сизни пайғамбар эканизга гувоҳлик берамиз…» (Термизий 2733, Насоий 4078) Албоний «Заъифут Термизий»да заиф дедилар.

Аммо кўпчилик ҳофизлар бу ҳадисни саҳиҳ санашган, Ибн Ҳажар «Талхисул Ҳабир» 5/240, Ибнул Мулаққан «Бадрул Мунир» 9/48, Нававий «Мажмуъ» 4/640 ва «Риёзус Солиҳийн».

Бу ҳадисни Имом Термизий «Қўл ва оёқни ўпиш ҳақидаги боб» остида келтирдилар.

Мубаракфурий роҳимаҳуллоҳ айтдилар: «Бу ҳадис қўлни ва оёқни ўпишни жоиз эканлигига далилдир» («Туҳфатул Аҳвазий» 7/437).

Абҳарий айтди: «Имом Молик қўлни ўпиш кариҳ кўрганлари кибр учун ва улуғлаш учун бўлганидан. Аммо инсон бирор инсоннинг Аллоҳга яқин бўлиш учун, у кишини дини учун, ёки амали, ёки (Аллоҳнинг олдидаги) шарафи учун уни қўлини, ёки юзини, ёки авратидан ташқари баданини бирор жойи ўпса – бу жоиздир» (Абҳарийни сўзлари тугади. Ибн Баттол «Шарҳ Саҳиҳ ал-Бухарий» 9/46).

Шайх Муҳаммад Солиҳ ал-Усаймин айтдилар: «Натижа шуки: Бу икки киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўлларини ва оёқларини ўпдилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни бу ишини эътироф қилдилар. Шу ерда, шарафда ва илмда баланд бўлган инсонни қўлни ва оёқни ўпиш жоиз эканлиги бордир. Худди шундай ота-онани ва шуларга ўхшаган инсонларни ҳам қўлини ва оёғини ўпиш жоиз. Чунки улар бунга ҳақлидирлар ва бу амал тавозеълик белгисидандир» («Риёзус Солиҳийн Шарҳи» 4/451).

Шайх Абдулмуҳсин ал-Аббод ҳафизаҳуллоҳдан сўралди: Отам баъзида ҳазиллашиб оёғини ўпишимни талаб қилади?

Жавоб: Сен ўпишингга бирор монеълик йўқ («Шарҳ Сунан Абу Довуд» 29/342).

Яна бир машҳур воқеалардан: Муслим ибн Ҳажжож (муҳаддис, «Саҳиҳ Муслим»ни жамлаганлар) Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорийни олдига келдилар ва икки кўзлари орасини ўпдилар. Сўнгра айтдилар: «Рухсат беринг, икки оёғингизни ўпаман, эй устозларнинг устози, эй муҳаддисларнинг саййиди, эй ҳадис иллатларининг табиби!» («Тарихул Бағдад» 13/102). Бу ҳодисанинг саҳиҳлиги ҳақида Ибн Ҳажар ал-Асқалоний «Нукат ала Китоаб ибн ас-Солаҳ» (2/715-716)да айтиб ўтганлар.

Шартлар: Оёқларни ўпишни рухсат бўлгани тақдирда ҳам, бу учун баъзи шартлар бор. Олимлар қўлни ўпиш ҳақидаги айтган шартлари оёқларни ўпишга ҳам таалуқли бўлади.

Албоний роҳимаҳуллоҳ «Силсила Соҳиҳа» (1/252-253)да айтадилар: «Қўлни ўпиш бобида кўп ҳадис ва асарлар бордир. Буларнинг йиғиндиси Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида бу амал собит бўлганига далолат қилади. Биз олимнинг қўлини ўпишлик қуйидаги шартлар мавжуд бўлганидагина жоиз бўлади деймиз:

1. Буни одат тусига киритиш мумкин эмас. Олим қўлини талабаларига одатига кўра улар ўпиши учун узатадиган ва толиблар ҳам устозидан табаррук олишлари одат тусига кирмаслиги лозим.

2. Бу ҳолат олимни ўзини бошқалардан устун қўйишига сабаб бўлмаслиги ва риёга сабаб бўлмаслиги лозим.

3. Бу ишда маълум бўлган суннат четга чиқариб юбормаслик лозим. Суннат қўл бериб кўришишликдир» (Албоний сўзлари тугади).

Яна шунга қўшимча шартлардан:

4. Ота-онани қўлини ва оёғини ўпиш мумкин, юқорида Шайх Усаймин ва Аббоднинг фатволари келтирилди.

5. Ўпишдан мурод Аллоҳга яқинлик ҳосил қилиш учун бўлмоғи лозим. Дунё учун, ёки ўзини хорлаган ҳолда бўлиши мумкин эмас. Имом Нававий айтадилар: «Бирор киши бойлиги учун, ёки дунёси учун, ёки шон-шавкати учун, ёки дунё аҳлини олдида дунёси билан маълум бўлгани учун уни қўлини ўпиш қаттиқ қайтарилади. Мутаваллий бу иш жоиз эмаслигини айтди ва ҳаром эканлигига ишора қилди». Яна Имом Нававий айтдилар: «Бирор кишини бошини ва оёғини ўпиш қўлини ўпиш кабидир» («Мажмуъ шарҳ Муҳаззаб» 4/636).

6. Қўлини ўпишни талаб қилган инсонни қўли ўпилмайди. Шайхул Ислом Ибн Таймийя айтадилар: «Инсонларга ўпишларини хоҳлаб қўлини узтишлиги наҳий қилингандир. Бунда бирор хилоф йўқдир. У ким бўлишидан қатъий назар. Фақатгина ўпувчи одам ўзи талаб қилса жоиз» («Мустадрок Мажмуал Фатава» 1/29).

Ибн Усаймин айтадилар: «Баъзи инсонларга рад қилинадиган нарса шуки: Улар бирор одам билан кўришсалар қўлларини чўзадилар, худди қўлимни ўп дегандай! Бу инкор қилинади ва у одамга: «Қўлини ўпмагин», деб айтилади» («Шарҳ Риёзус Солиҳийн» 4/452).

7. Бу жуда кам ҳолатдагина содир бўлиши керак. Ҳар сафар учрашганида содир бўлмасдан, баъзан амалга ошиши лозим. Ибн Усаймиин айтадилар: «Кимки сени ҳурмат қилиб, эъзозлаб қўлингни ўпса, ёки бошингдан, ёки пешонангдан ўпса буни зарари йўқ. Аммо бу сен ҳар сафар учрашганингда содир бўлмаслиги лозим. Чунки Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан келган ҳадисда сўралди: «Киши биродарини билан учрашганида эгиладими?» «Йўқ», – дедилар. Айтишди: «Уни ўпадими ва қучоқлайдими?» «Йўқ», – дедилар. Айтишди: «Қўл бериб кўришадими?» «Ҳа», – дедилар (Термизий ривояти. Албоний ҳасан деган). Аммо бирор сабаб бўлса ўпиш жоиз бўлади, маслан сафардан қатган ҳолатда…» («Шарҳ Риёзус Солиҳийн» 4/452).

Аллоҳ Пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Манба: Тавҳид форуми

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan