Сабабларни олишлик таваккулга зид эмас
بسم الله الرحمن الرحيم
Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, у зотнинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.
Сўнг …
Алий ибн Абул Иъйз ал-Ҳанафий айтадилар: «Баъзи инсонлар таваккул қилиш ризқ топиш ва сабабларни олишга мувофиқ келмайди, деб айтишди. Ишлар тақдир қилинган бўлса сабабларга ҳожат йўқдир, дейишди. Бу ботилдир, ризқ топишни фарз бўлгани бор, мустаҳаб бўлгани ҳам бор, мубоҳ бўлгани, макруҳ бўлгани ва ҳаром бўлгани ҳам бор. Булар ўз ўрнида баён қилинган. Набий солаллоҳу алайҳи ва саллам таваккал қилувчиларнинг энг афзали эдилар, шундай бўлсада урушда совут киярдилар, ризқ топиш учун бозорларга чиқардилар, ҳаттоки кофирлар айтдилар: «Бу Пайғамбарга нима бўлганки, овқат ейди ва бозорларда юради» (Фурқон: 7). Шунинг учун кўпчилик ризқ топиш таваккулга тескаридир, дейдиган кишиларни садақа ёки ҳадия берадиганларнинг қўлидаги нарса билан ҳаёт кечираётганларини кўрасиз. Баъзида бу боқувчилар солиқ йиғувчи ёки миршабларнинг бошлиғи ёки шунга ўхшашлар бўлиши мумкин. Бу масала ўз ўрнида кенг ёритилган, бу қисқа баёнидир…» («Шарҳ Ақидатут Таҳовийя»).
Шайх Муҳаммад Амин Муҳаммад Мухтор аш-Шинқитий айтадилар: «Аллоҳ таоло айтади: «Хурмо шохини силкитгин, у сенга янги хурмо меваларини ташлар» (Марям: 25). Баъзи уламолар бу ояти каримадаги Аллоҳ таолонинг: «Хурмо шохини силкитгин», сўзларидан шундай ҳукм олишди, ризқ топиш учун ҳаракат қилиш ва сабабларни олиш шариатда буюрилган ишлардандир ва бу Аллоҳ таолога таваккул қилишга тескари эмас. Яна бу динда билиш зарур бўлган ишлардандир, яъни дунёда фойдаларга эришиш учун ва зарарлардан қутулиш учун сабабларни олиш шариатдаги буйруқлардандир, у Аллоҳ таолога бўлган таваккулга алсо тескари эмас. Чунки мукаллаф инсон Аллоҳ хоҳлаган нарсагина содир бўлишини билган ва иймон келтирган ҳолда, сабабларни олишлик билан Роббисини буйруғига бўйсунган бўлади. Шу ҳолатида у Аллоҳга таваккул қилган инсондир, унга яхшилик ва ёмонликдан фақат Аллоҳ ёзган нарсасигина етишини билган инсондир» («Азвоул Баян фи Изоҳул Қуръан»).
Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитасига берилган саволлардан бирида:
Савол: Агар Аллоҳ мўминдан тақдирнинг яхшилиги ва ёмонлигига иймон келтиришини талаб қилган бўлса, касал бўлса табибга мурожаат қилиши жоиз эмас, чунки касаллик тақдир билан белгиланган, шундайми?
Жавоб: Касални тузатишда, ризқ излашда ва бундан бошқа ишларда сабабларни олишлик тақдирга номувофиқ эмас. Чунки Аллоҳ таоло тақдирларни белгилади ва сабабларни олишга буюрди, ҳар бир инсон нима учун яратилган бўлса шунга енгил қилиб қўйилгандир. Бу ҳақида саҳиҳ ҳадислар ворид бўлган. Шунинг учун жоиз бўлган дорилар билан даволаниш мумкин, мана шу Аллоҳнинг тақдиридир. Умар розияллоҳу анҳу вабо тарқалган шаҳарга кирмаганларида шундай деган: «Аллоҳнинг тақдиридан Аллоҳнинг тақдирига қочиш».
Тавфиқ Аллоҳдан. Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммадга, аҳли оила в саҳобаларига саловату саломлар йўлласин.
Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси, Фатво № 6667.
Раис: Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз
Раис ноиби: Абдурраззоқ Афифий
Аъзолар: Абдуллоҳ ибн Ғудайён
Абдуллоҳ ибн Қоъуд
Аллоҳ Пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.
Манба: Тавҳид форуми