Рамазонга оид мақолалар

8 – Зикрнинг фойда ва манфаатлари

 

Дарҳақиқат, юқорида Аллоҳни зикр қилишлик амалларнинг энг улуғ ва афзали экани ҳамда банда адо этаётган амалда Аллоҳни зикр қилиши кўп бўлгани сари ундаги ажр ҳам бўлиши баён қилинди.

Бу Имом Аҳмад ва Табароний Саҳл ибн Муоз ибн Анас ал-Жуҳанийдан, (у) отасидан ривоят қилган ҳадисга биноандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шундай ривоят қилинди: «Бир киши у киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га шундай савол бериб: «Эй Расулуллоҳ! Қайси мужоҳидларнинг ажри улканроқ?» – деди. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳни кўпроқ зикр қилганлари» – дедилар. У: «Қайси рўзадорларнинг ажри улканроқ?» – деди. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳни кўпроқ зикр қилганлари» – дедилар. Сўнг у киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га намоз, закот, ҳаж ва садақани зикр қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буларнинг барчасида: «Аллоҳни кўпроқ зикр қилганлари» – дедилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу Умар розияллоҳу анҳуга: «Зикр қилувчилар барча яхшиликни олиб кетди!!» – дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳа, шундай» – дедилар».[1]

Ибнул Қоййим раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Ҳар бир амал аҳлининг афзали, унда Аллоҳ азза ва жаллани кўпроқ зикр қилганларидир. Рўзадорларнинг афзали рўзаларида Аллоҳ азза ва жаллани кўпроқ зикр қилганлари. Садақа қилувчиларнинг афзали Аллоҳ азза ва жаллани кўпроқ зикр қилганлари. Ҳожиларнинг афзали Аллоҳ азза ва жаллани кўпроқ зикр қилганлари. Шунингдек қолган амаллар ҳам».[2]

Аллоҳ субҳанаҳу, бирор нарсани кўп қилишга буюриши, унинг аҳамиятли, қадри буюк ҳамда (ўша нарсани) ёдга олувчиси ҳосил қиладиган манфаат ва фойдалари кўп бўлгани учунгинадир. Зикрни эса беадад фойдалари, сон-саноқсиз самара ва манфаатлари бор. Шояд ушбу ўринда рўзадорларга зикрнинг баъзи фойдаларини эслатиб ўтишлик муносиб бўлар:

Шулардан: У шайтонни қувиб, уни бости-бости қилиб, синдиради. Аллоҳ таоло деди: «Ким Раҳмон эслатмасидан (яъни Қуръон панд-насиҳатларидан) кўр бўлиб олса — юз ўгирса, Биз унга шайтонни яқин қилиб қўюрмиз, бас у ўша (кофирга доимий) ҳамроҳ бўлур» (Зухруф: 36). Субҳанаҳу деди: «Тақво қилгувчи зотларни қачон шайтон томонидан бирон васваса ушласа, (Аллоҳни) эслайдилар, бас (тўғри йўлни) кўра бошлайдилар» (Аъроф: 201). Узун ҳадисда ворид бўлганидек Яҳё ибн Закариё алайҳимассаломнинг Бану Исроилга қилган васиятларида, у киши уларни авваламбор тавҳидга сўнг эса намоз, рўза ва садақага буюриб, шундай деганликлари собит бўлган: «Сизларни Аллоҳни зикр қилишга буюраман. Бунинг мисоли, бир кишининг мисоли кабики, душман тезлик билан унинг изига тушди. Ҳатто у мустаҳкам қўрғонга етиб, ўзини улардан ҳимоялади. Шунингдек, банда ўзини шайтондан фақат Аллоҳни зикр қилиш билан ҳимоя қилади».[3]

Унинг фойдаларидан: У зикр қилувчининг қалбига шодлик, сурур, роҳат ва хотиржамликни олиб келади. Аллоҳ таоло деди: «Улар иймон келтирган қалблари Аллоҳни зикр қилиш — эслаш билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизким, Аллоҳни зикр қилиш билан қалблар ором олур» (Раъд: 28). Мўминларнинг қалблари фақат Аллоҳни зикр қилиш билан хотиржам бўлиши ва ором олиши ҳақли ва лойиқдир, бошқа бирор нарса билан эмас. Зикр – қалб тириклиги ва унинг қувватидир. Қалблар фақат у билан тирик бўлиб, озиқланади. Шайхул Ислом Ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Зикр қалбга нисбатан сувнинг балиққа нисбатан мисоли каби. Балиқ сувдан ажралса ҳоли не кечади?!»[4]

Унинг фойдаларидан: Зикр қилувчини Аллоҳ ҳам ўша дамда эслайди. Аллоҳ таоло деди: «Бас, Мени эслангиз, Мен ҳам сизларни эслайман» (Бақара: 152). Саҳиҳайнда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Раббилари табарока ва таолодан ривоят қилган ҳадиси қудсийда шундай дедилар: «Агар (бандам) Мени ёлғиз ўзи эсласа, Мен уни ёлғиз Ўзим эслайман. Ва агар Мени бирор жамоат ичида эсласа, Мен уни ундан яхши жамоат ичида эслайман».[5]

Зикрнинг фойдаларидан: У хатоларни ўчириб, кетказади. Ва зикр қилувчи Аллоҳнинг азобидан нажот топади. «Муснад»да Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Одам зоти Аллоҳни зикр қилишданда Унинг азобидан нажот берувчироқ бирор амал қилмайди».[6]

Унинг фойдаларидан: Зикр учун, ундан бошқа амалларга таъйин қилинмаган атои неъмат, савоб ва фазилат таъйин қилинган. Ҳолбуки у ибодатларнинг энг енгили. Саҳиҳайнда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Кимда-ким бир кунда юз марта:

لَا إِلَهَ إِلَّا اللَّهُ وَحْدَهُ لَا شَرِيكَ لَهُ لَهُ الْمُلْكُ وَلَهُ الْحَمْدُ وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ

«Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳ, лаҳул мулку, ва лаҳул ҳамду, ва ҳува ъала кулли шайъин қодир» (Шериги йўқ, ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Мулк ва ҳамд Унгагина хосдир ҳамда У барча нарсага қодир) деса, унга ўн қулни озод қилган(лик ажри) бўлади. Унга юз ҳасанот ёзилади ва юзта гуноҳи ўчирилади. Ҳамда то кеч киргазгунича ўша куни шайтондан ҳимояда бўлади. Бирор киши у олиб келганидан афзали билан келмайди. Бундан кўпроқ амал қилган киши мустасно».[7] Бу зикр учун таъйин қилинган атои неъмат ва савобнинг бир мисилодир.

Зикрнинг фойдаларидан: У жаннат кўчатидир. Термизий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Мен Исро-(тунда сайр қилдирилган) кечасида Иброҳимга йўлиқдим. У деди: Эй Муҳаммад! Умматинга мендан салом айт ва уларга шундай хабар бер: Жаннатнинг тупроғи пок, суви тотли ва у текисликдир. Унинг кўчати:

سُبْحَانَ اللَّهِ وَالْحَمْدُ لِلَّهِ وَلَا إِلَهَ إِلَّا اللَّهُ وَاللَّهُ أَكْبَرُ

Субҳаналлоҳ, валҳамдулиллаҳ ва ла илаҳа иллаллоҳ, валлоҳу акбар (Аллоҳни поклайман. Барча мақтовлар Аллоҳга хос. Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Аллоҳ буюкроқди)».[8]

Унинг фойдаларидан: У соҳибига нур бўлиб, дунёда унинг воситасида саъй-ҳаракат қилади. Қабри ва қиёмат куни сирот (кўприги)да олдини ёритади.

«Аллоҳ Ўзининг (бу нурига) Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. Аллоҳ одамлар (ибрат олишлари) учун (мана шундай) мисоллар келтирур. Аллоҳ барча нарсани билгувчидир. (У чироқ) бир уйларда (яъни масжидларда ёқилурки), Аллоҳ уларни баланд кўтариб (бино) қилинишига ва уларда Ўзининг номи зикр қилинишига изн берган (яъни амр қилган) эди. У (масжидларда) эртаю кеч У зотни поклайдиган кишилар бордирки, уларни на тижорат ва на олди-сотди Аллоҳни зикр қилишдан, намозни тўкис адо этишдан ва закотни (ҳақдорларга) ато этишдан машғул қила олмас» (Нур: 35-37). Субҳанаҳу деди: «Аввал ўлик (кофир) бўлган, сўнгра биз уни (динга ҳидоят қилиш билан) тирилтириб, унга одамлар орасида ўзи билан бирга олиб юрадиган нурни (иймонни) бериб қўйганимиз бир киши — зулматларда қолиб кетган ва ундан ҳеч чиқувчи бўлмаган кимсага ўхшайдими?!» (Анъом: 122). Мўмин Аллоҳга иймон келтириш, Унга муҳаббат қўйиш ва Уни зикр қилиш билан нур ҳосил қилади. Бундан ғофил қолган кимса эса бир-бирига устма-уст бўлган зулуматлар ичидадир. Нажотнинг бари ушбу нурни ҳосил қилишликда. Бадбахтликнинг бари эса уни қўлдан бой бериш ва ундан маҳрум бўлишдадир. Шунинг учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ табарока ва таолодан ушбу нурни, У Зот жамийки аъзолари, зоҳирий ва ботиний зарраларида қилишини ҳамда у, у киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни ҳамма жиҳатдан ўраб олишини кўп-кўп сўрардилар.

Унинг фойдаларидан: У Аллоҳ ва фаришталар зикр қилувчига саловат йўллашларини вожиб қилиб қўяди. Шунинг ўзиёқ нажот ва зафардир. Аллоҳ таоло деди: «Эй мўминлар, Аллоҳни кўп зикр қилинглар. Ва эртаю кеч У зотни поклаб тасбеҳ айтинглар! У сизларни (куфр) зулматларидан (иймон) нурига чиқариш учун сизларга марҳамат кўрсатадиган зотдир. Унинг фаришталари ҳам (ҳақларингизга дуо қилурлар). У мўминларга меҳрибон бўлган зотдир» (Аҳзоб: 41-43).

Унинг фойдаларидан: У қалбга шифо ва мунофиқликдан омонликдир. Аллоҳ таоло деди: «Эй мўминлар, на мол-дунёларингиз ва на бола-чақаларингиз сизларни Аллоҳнинг зикридан (яъни Аллоҳга ибодат қилишдан) юз ўгиртириб қўймасин! Кимки шундай қилса, бас, ана ўшалар зиён кўргувчи кимсалардир» (Мунафиқун: 9). У Зот мунофиқлар ҳақида шундай деди: «Ва Аллоҳни камдан-кам ёдга оладилар» (Нисо: 142). Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Жамал аҳли ҳақида: «Улар мунофиқларми?» – дея савол берилганда шундай дедилар: «Мунофиқлар Аллоҳни камдан-кам ёдга олурлар».[9] Макҳул ибн Абдуллоҳ раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Албатта Аллоҳни зикр қилишлик шифо. Одамларни зикр қилишлик эса дарддир».[10]

Унинг фойдаларидан: Унда бардавом бўлишлик тоатлар вазифасини ўтаб, уларнинг ўрнини босади. Хоҳ (бу ибодатлар) нафл ҳаж каби бадан ёки мол ёҳуд мол, бадан билан адо этиладиган бўлсин. Дарҳақиқат, бу икки шайх Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан, камбағаллар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга, бойлар барча ажрларни олиб кетдилар деб қилишган шикоятларини ривоят қилишган ҳадисда очиқ-ойдин ворид бўлган. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга: «Сизларга у сабабли сизлардан ўзиб кетганларга етиб оладиганингиз ва унинг воситасида сизлардан кейин келганлардан ўзиб кетадиганингиз, ҳамда сизлар қилганга ўхшашини қилган кишини ҳисобга олмаганда бирор киши сизлардан афзал бўлмайдиган бир нарсани ўргатмайми?» – дедилар. Улар: «Албатта, эй Расулуллоҳ!» – дейишди. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай дедилар: «Ҳар бир намоз сўнгидан ўттиз уч марта тасбиҳ, такбир ва ҳамд айтасизлар».[11] У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) зикрни улар қўлдан бой берган ҳаж, умра ва жиҳод учун эваз қилиб бердилар. Термизий ривоят қилган Абдуллоҳ ибн Бусрнинг ҳадисларида шундай ворид бўлган: «Бир киши: «Эй Расулуллоҳ! Ислом шариат-(амал)лари, дарҳақиқат, мен учун кўплик қиляпти. Менга уни маҳкам тутадиган бир нарсанинг хабарини беринг», деди. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Тилинг Аллоҳнинг зикридан мудом нам бўлиб турсин» – дедилар».[12] У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам насиҳатгўй-(самимий) бўлган ҳолда уни, агар яхши кўриб, унга боғланса, ислом шиорларидан имконияти етадиганига далолат қилдилар.

Бу зикрнинг муборак фойдалари, етилган самаралари ва улкан натижалари ҳақида денгиздан томчи ва хамир учидан патирдир. Аллоҳнинг мўмин бандаларига ушбу улкан ажр, улуғ фазл ва баракали самараларга ноил бўлишлари учун Аллоҳни кўп-кўп зикр қилишлари лойиқдир. Айниқса, биз ушбу мукаррам ой, улуғ мавсум, зикр ва Қуръон ойи, тоат ва эҳсон мавсумида турибмиз. Саҳоватли Аллоҳдан қалбларимизни Ўзини зикр қилиш билан чароғон айлашини, вақтларимизни Унинг тоатида фойдалантиришини, ҳамда тилимизни Уни зикр қилиш, шукр қилиш ва Унга гўзал ибодат қилиш билан доимо нам қилишини сўраймиз.

 

 


[1] Имом Аҳмад «Муснад» (15553), Табароний «Дуа» (1887) Табаронийнинг лафзи.

[2] Ибнул Қоййим «Вабил ас-Соййиб» (Зикр фойдаларининг эллик олтинчиси 152-бет).

[3] Термизий (2863) Ва: «Ҳасан Саҳиҳ» дедилар.

[4] Шайхул Ислом Ибн Таймийя «Мажмуъул Фатава» (10/85), Ибнул Қоййим «Вабил ас-Соййиб» (85)да у кишидан нақл қилдилар.

[5] Бухорий (7405) ва Муслим (2675).

[6] Имом Аҳмад «Муснад» (21978).

[7] Бухорий (3292) ва Муслим (2691).

[8] Термизий (3462).

[9] Байҳақий «Сунан ал-Кубро» (16499).

[10] Байҳақий «Шуъаб ал-Ийман» (717).

[11] Бухорий (843) ва Муслим (595) Муслимнинг лафзи.

[12] Термизий (3375).

One thought on “Рамазонга оид мақолалар

  1. Ассаламу Алайкум ва рохматуллох! менда бир савол бор, агар бирон мусулмонлар яшайдига давлатда Рамазон рузаси ойга караб эмас, балки бир неча кун ёки бир неча ой олдин тасдиклаб куйилган мелодий таквим асосида тутилса ва мусулмонлар идораси шунга фатво чикарса, рузани тугатишда хам худди шундай вазият булса нима килиш керак?

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan