Рамазонга оид мақолалар

 

23 – Закотни адо этиш ва садақаларни сарфлаш

 

Албатта Рамазон яхшилик, барака ва тоатлар ойи. У рўза, намоз, таҳажжуд, зикр, Қуръон тиловати, сахийлик, икром қилиш, закот, садақа, эзгулик ва эҳсон ойи. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг энг сахийси эдилар ва Рамазонда ниҳоятда сахий бўлардилар. Бунинг сабаби, рўзанинг инфоқ ва садақага мустаҳкам боғлиқлиги бор. Чунки бойлар Аллоҳга тоат ўлароқ чекланган замон оралиғида таом ва ичимликдан тийилган ҳамда очлик ҳарорати ва чанқоқ аламини тотиб кўрганларида, бу уларни йил бўйи ёки унинг катта қисмида ушбу оғриқларни тотадиган мусулмонлардан иборат ўз биродарларини ёдга олишга ундайди. Аллоҳ шу сабабли уларнинг қалбларига биродарларига нисбатан меҳр солади. Натижада нафслари молларни сарф этиш ва чиқариш билан саховатли бўлади. Хоҳ бу фарз закот кўринишида ёки барча яхшилик кўринишидаги мустаҳаб бўлган садақа ва нафақалар бўлсин.

Закотга боғлиқ бўлганига келсак, дарҳақиқат, Аллоҳ закотга оид молларга эга мўминларга, ораларидаги муҳтожлар ҳамда манфаати умумий бўлган фойдали ўринларга сарфланадиган закотни фарз қилди. Аллоҳ таоло айганидек: «Албатта, садақалар (яъни, закотлар) Аллоҳ томонидан фарз бўлган ҳолда, фақат фақирларга, мискинларга, садақа йиғувчиларга, кўнгиллари (исломга) ошна қилинувчи кишиларга, бўйинларни (қулларни) озод қилишга, қарздор кишиларга ва Аллоҳ йўлида (яъни, жиҳодга ёки ҳажга кетаётганларга) ҳамда йўловчи мусофирларга берилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир» (Тавба: 60).

Қуръонда Аллоҳ ризқ қилиб берган нарсалардан закот ва нафақаларни адо этишга буйруқ ҳамда инфоқ ва садақа қилувчиларга олқиш ва уларнинг савобларини ёдга олиш борасида кўплаб оятлар мавжуд. Буларнинг ҳар бири ҳақида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан мутавотир ҳадислар ворид бўлган. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳайвонлар, дон-дун, мева, пул ҳамда тижорат учун ҳозирланган моллардан иборат закот вожиб бўладиган нарсаларни баён қилдилар. Унинг нисоблари ва қанча миқдорда вожиб бўлишини зикр қилдилар. Ҳамда уларни (бермай) маън қилувчи кимсага қаттиқ ваъид-(қўрқитув)ни ёдга олдилар. Мусулмонлар закотни тарк этувчининг иймони, дини ва исломи ноқис эканлигига иттифоқ қилишди. Ҳамда уни тарк этувчи кофир бўладими ёки йўқми, дея ихтилоф қилдилар. Закот, садақа ва эҳсонда зарурий ва комилликка оид ҳамда диний ва дунёвий бир қанча фойдалар бор:

Шулардан: У дин шиорларининг энг улкани ва иймон ҳужжатларининг энг каттаси. У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Садақа ҳужжатдир».[1] Яъни, садақа соҳибининг иймони, дини ва Аллоҳни яхши кўришига (ҳужжатдир). Зеро у Аллоҳ учун нафсларга севикли бўлган ўз молидан жўмардлик қилди.

Шулардан яна: У берувчи, берилувчи ва ундан чиқарилган молни поклайди ва ўстиради. Берувчини поклашлигига келсак: албатта, у унинг ахлоқини поклайди ва уни ҳудбинлик, бахиллик ва разил хулқлардан тозалайди. Ҳамда ахлоқини ўстиради-(етук қилади). Натижада муҳсин, шукр қилувчи сахийлар сифатлари билан сифатланади. Батаҳқиқ, у Аллоҳга шукр қилишликнинг энг улканларидандир. У билан шукр қилишлик доимо зиёдалик бўлади. Ва яна унинг ажру савоби ҳам ўсади. Закот ва нафақа, соҳибининг иймон, ихлос, манфаат ҳамда улар ўз ўрнига тушишига қараб бир неча баробар кўпайтириб берилади. У кўнгилни кенг қилади, нафсни шодлантиради ҳамда бандадан офат ва касалликларнинг кўпини даф қилади. Қанчадан-қанча диний ва дунёвий неъматларни олиб келди. Қанча офат, ёмонлик ва касалликларни даф қилди. Ва қанча оғриқларни енгиллаштирди. Қанчадан-қанча душманчиликларни йўқ қилди, ҳамда муҳаббат ва дўстликни олиб келди. Қанча содиқ қалблардан мустажоб дуоларга сабаб бўлди.

У яна ундан чиқарилган молни ҳам ўстиради. Батаҳқиқ, у уни офатлардан сақлайди ҳамда уни илоҳий барака эгаллайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Садақа молни камайтирмайди».[2] Балки уни зиёда қилади. Аллоҳ таоло деди: «Не бир нарсани инфоқ-эҳсон қилсангизлар, бас (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У ризқ бергувчиларнинг яхшироғидир» (Сабаъ: 39). Саҳиҳайнда у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганлари ривоят қилинади: «Бандалар тонг оттирадиган бирор кун йўқки, албатта, икки фаришта нозил бўлиб, бири шундай дейди: «Эй Аллоҳ! Инфоқ қилувчига ўрнини босадиганини ато эт». Бошқаси эса: «Эй Аллоҳ! Ушлаб қолувчига талофат бер», дейди».[3] Воқелик бунга гувоҳдир. Закотни чиқариб, нафақаларни ўз ўрнига инфоқ қиладиган мўмин, албатта, Аллоҳ унга молида барака нозил қилгани ва унга ризқ сабабларини енгил қилиб берганини топасиз. Муслимнинг «Саҳиҳ»ида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Бир киши саҳрода кетаётиб, булутда: «Фалончининг боғини суғор», деган овоз эшитди. Ушбу булут узоқлашди ва сувини тошлоқ бир жойга қуйди. Ушбу ирмоқлардан бири ана шу сувнинг барини қамраб олди. Киши сувнинг изига тушди. Ногаҳон боғида тик туриб сувни(нг йўналишини) белкураги билан буриб юбораётган бир киши (қаршисидан чиқиб), унга: «Эй Аллоҳнинг бандаси! Исминг нима?» – деди. У: «Фалончи», дея булутда эшитган номни айтди. Шунда унга: «Эй Аллоҳнинг бандаси! Нима учун исмимни сўраяпсан?», деди. У эса: «Дарҳақиқат, мен булутда шундай деяётган бир овоз эшитдимки, бу унинг (ўша булутнинг) суви: сени исмингни (айтиб) фалончининг боғини суғор, деди. Бунда (боғда) нима қиласан?» У: «Ҳа, шундай дегин. Мен ундан чиқадиган нарса-(ҳосил)ни кутаман. Учдан бирини садақа қиламан. Учдан бирини ўзим ва оилам еймиз. Учдан бирини эса унга (боғга) қайтараман-(сарфлайман)», деди». Муслимнинг яна бир ривоятида: «Учдан бирини мискин, сўраб келувчи ва мусофирларга сарфлайман».[4]

Берилган киши учун фойда бўлишига келсак, батаҳқиқ, Аллоҳ таоло уни фақир, мискин, қарздор, қул озод қилиш ҳамда юқоридаги оят зимнида мусулмонлар муҳтож бўладиган фойдали ўринларга сарф қилишга амр қилди. Қачон ушбу садақалар ўз ўрнига қўйилса, ҳожат ва заруратлар барҳам топади. Камбағаллар беҳожат бўлади ёки фақирликлари енгиллашади-(озаяди). Ҳамда умумий, фойдали манфаатли ўринлар изига тушади. Бундан ҳам улканроқ ва олийроқ фойда борми?! Агар бойлар молларининг закотини чиқарсалар ва улар ўз ўрнига қўйилса, албатта, диний ва дунёвий фойдалар изига тушади, ҳамда заруратлар йўқ бўлади ва камбағаллар (бошига тушаётган) ёмонликлар барҳам топади. Ҳамда бузғунчиларнинг беҳудаликларини тўсадиган энг улкан тўсиқ ва ғов бўлади. Шунинг учун закот фойда ва манфаатларни олиб келгани ҳамда зарарларни даф қилгани боис исломнинг энг улкан яхшиликларидан бўлди.

Закотни тарк этувчининг жазоси ҳақида ворид бўлганлардан Аллоҳ таолонинг ушбу қавлидир: «Олтин-кумушни босиб, уни Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилмайдиган кимсаларга аламли азоб «хушхабарини» етказинг! У кунда (қиёматда) ўша (олтин-кумушни) жаҳаннам ўтида қизитилиб, ўша билан уларнинг пешоналари, ёнлари ва кетларига тамға босилиб: «Мана бу ўзларингиз учун тўплаган нарсаларингиздир. Энди тўплаб-босган нарсаларингизнинг мазасини тотиб кўринглар» (дейилур)» (Тавба: 34-35). Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Кимгаки Аллоҳ мол берса ва у унинг закотини адо қилмаса, моли унга қиёмат куни ялтироқбош илон тимсолида гавдаланади. Унинг (икки кўзи тепасида) икки қора нуқтаси бўлади. Қиёмат куни унинг бўйнига ўралади сўнг икки жағидан олади – яъни, икки оғиз чеккасидан – сўнг: «Мен молингман, мен ҳазинангман», дейди». Сўнг (ушбу оятни) тиловат қилдилар: «Аллоҳ фазлу карами билан ато қилган нарсаларнинг (закотини) беришга бахиллик қилган кимсалар ҳаргиз бу қилмишларини ўзлари учун яхшилик деб ҳисобламасинлар! Йўқ, бу қилмишлари ўзлари учун ёмонликдир. Бахиллик қилиб бермаган нарсалари қиёмат кунида бўйинларига ўралажак» (Оли Имрон: 180).[5]

Агар Аллоҳ бандани закотини чиқариш ёки Аллоҳ йўлида садақа қилишга муваффақ қилса, бас, риё, сумъа-(биров эшитсин учун амал қилиш), миннат ва озор беришдан ҳазир бўлсин. Чунки улар ажрни пучга чиқаради ва гоҳида ўзи билан гуноҳни етаклаб келади. Аллоҳ таоло деди: «Эй мўминлар, берган садақаларингизни миннат ва озор билан йўққа чиқарманг!» (Бақара: 264).

Эй Аллоҳ! Биз Сендан, бизни Сенга яқинлаштирмайдиган молдан паноҳ сўраймиз. Сендан нафс ва қалбларимизни ҳудбинлик, бахиллик ва жамийки қалб касалликларидан пок бўлишини сўраймиз. Ҳамда Сендан инфоқ ва садақа қилувчиларга ажрларини ёзиб қўйилиши ва уларга мўл савоб беришингни сўраймиз.

 


[1] Муслим (223).

[2] Муслим (2588).

[3] Бухорий (1442) ва Муслим (1010).

[4] Муслим (2984).

[5] Бухорий (1403).

One thought on “Рамазонга оид мақолалар

  1. Ассаламу Алайкум ва рохматуллох! менда бир савол бор, агар бирон мусулмонлар яшайдига давлатда Рамазон рузаси ойга караб эмас, балки бир неча кун ёки бир неча ой олдин тасдиклаб куйилган мелодий таквим асосида тутилса ва мусулмонлар идораси шунга фатво чикарса, рузани тугатишда хам худди шундай вазият булса нима килиш керак?

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan