22 – Рамазонда шайтонларнинг кишанбанд қилиниши
Муборак Рамазон ойининг ажралиб турадиган жиҳати, унда шайтон ва итоатсиз жинларнинг кишанбанд қилинишидир. Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Рамазон кирганда жаннат эшиклари очилади ва дўзах эшиклари ёпилади, ҳамда шайтонларга кишан урилади».[1] Аҳмад ва Насоий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Бу Рамазон, дарҳақиқат, сизларга (кириб) келди. Унда жаннат эшиклари очилади ва дўзах эшиклари ёпилади, ҳамда шайтонлар занжирбанд қилинади».[2] Термизий ва Ибн Можжа Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Рамазон ойининг аввалги кечаси бўлганда шайтон ва итоатсиз жинлар кишанбанд қилинади. Дўзах эшиклари ёпилиб, ундан бирор эшик очилмайди. Ҳамда жаннат эшиклари очилиб, ундан бирор эшик ёпилмайди».[3]
Шайхул Ислом Ибн Таймийя (раҳимаҳуллоҳ) шундай дедилар: «Шайтонлар кишанбанд қилинади. Натижада кишанбанд қилинганликлари сабабли кучлари ва амал-(ҳаракат) қилишлари заифлашади. Рамазонда, ундан бошқа (ойлар)да қилганларини қилишга қодир бўлмайдилар. Улар қатл қилинадилар ва ўладилар демади. Балки: «Кишанбанд қилинадилар», деди. Шайтонлардан кишанбанд қилингани озор беради. Бироқ бу Рамазондан бошқасида бўлганига қараганда камроқ ва заифроқдир. У рўзанинг комил ва нуқсонлилигига қараб бўлади. Кимнинг рўзаси комил бўлса шайтонни шундай даф қиладики, уни рўзаси ноқис даф қилолмайди».[4] Сўзлари тугади.
Бугунги кунда одамларнинг кўпи шайтоннинг ишидан жоҳил қолдилар ёки ўзларини жоҳил қолгандек кўрсатадилар. Унинг Одам болаларига макри, адовати, уларни Аллоҳнинг раҳмати ва розилигидан чиқаришга, ҳамда уларни Унинг ғазаби ва дўзахига туширишга қанчалик ташна эканини билмайдилар. Аллоҳ таоло деди: «Аниқки, шайтон сизларга душмандир, бас уни душман тутинглар! Шак-шубҳасиз у, ўз фирқасини (яъни ўзига эргашган кимсаларни) дўзах эгалари бўлишлари учун даъват қилур» (Фотир: 6). У қиёмат кунигача давом этадиган душманликдир. Ушбу муборак ойда маъсият, гуноҳ, дилҳушлик, ўйин, бедорлик, у ундай деди, бу бундай деди деган гаплар, телеканал ва ундаги заҳарларни томоша қилишдан иборат Аллоҳнинг тоатидан ўзгаси билан машғул бўлган ҳар бир кимса, дарҳақиқат, шайтон унга эришади ва унга нисбатан ўз истагига етади. Албатта унинг макрини санаб адоғига етиб бўлмайди.
Дарҳақиқат, Ибнул Қоййим раҳимаҳуллоҳ ўзларининг «Иғосатул Лаҳфан» китобларида унинг Аллоҳнинг бандаларига қиладиган макрларидан бир қанчасини ёдга олдилар: «Инсонга қиладиган макрларидан: у уни, унга манфаатли деб кўриладиган ўринларга туширади сўнг уни, унга ҳалокатли бўлган ўринларга қўйиб кетади. Сўнг уни ташлаб кетади ва таслим қилади ҳамда тўхтаб унинг устига тушган кулфатдан хурсанд бўлади ва устидан кулади. Уни ўғирлик, зино ва қатлга буюради, ҳамда унга далолат қилиб, шармандаи-шармисор қилади. Аллоҳ таоло деди: «Ўшанда, шайтон уларга қилаётган ишларини чиройли кўрсатиб: «Бу кун сизлардан ғолиб бўладиган бирон одам йўқ, ўзим сизларнинг ҳомийингизман», деди. Энди қачонки икки жамоат учрашганида эса, кетига қайтиб кетди ва: «Албатта, мен сизлардан безорман. Мен (мусулмонлар орасида) сиздар кўрмаётгани (яъни, фаришталар борлигини) кўрмоқдаман. Мен Аллоҳдан қўрқаман. Аллоҳнинг азоби қаттиқдир», — деди» (Анфол: 48). У мушрикларга, Бадрга чиққан вақтларида Суроқа ибн Молик суратида намоён бўлди ва: «Мен сизларга Бану Кинона аҳли оилангиз ва фарзандларингизга ёмонлик қасд қилишларидан ҳимоя берувчиман», деди. Аллоҳнинг душмани Аллоҳнинг Расулига ёрдам бериш учун нозил бўлган фаришталардан иборат У субҳанаҳунинг лашкарларини кўргач, улардан қочди ва Ҳассон айтганидек уларни («душманга») топшириб кетди: Уларни алдов билан далолат қилди сўнг қаровсиз ташлаб кетди.
Албатта ярамас, дўстлашганларини кўп фитнага дучор қилувчидир.
Шунингдек, аёл ва унинг боласини ўлдирган роҳибга нисбатан шундай қилди. Уни зинога сўнг уни ўлдиришга буюрди. Сўнгра у (аёл)нинг аҳлини унга далолат қилди ва ишини уларга очиб берди. Сўнг эса уни сажда қилишга буюрди. У шундай қилгач, ундан қочди ва уни тарк этди. Бу ҳақда Аллоҳ субҳанаҳу оят нозил қилди: «(Яҳудийларни мўминларга қаршилик қилишга гиж-гижлаётган мунофиқлар) худди шайтоннинг ўхшашидирлар. Эсланг, у инсонга «Кофир бўл», деган эди. Энди қачонки (инсон) кофир бўлгач, (шайтон унга) «Албатта мен сендан безорман. Зеро мен барча оламлар Раббиси бўлмиш Аллоҳдан қўрқурман», деди» (Ҳашр: 16). Бу сиёқ ушбу қисса ёдга олган кимсага хос эмас. Балки у шайтонга, унга ёрдам бериши ва ҳожатини ўташи учун куфрга буюрганда итоат қилган ҳар бир кимса ҳақида умумийдир. Батаҳқиқ, у (шайтон) дўзахда ўз дўстларидан омматан безор бўлгани каби ундан безор бўлади ва уни ташлаб кетади. Ҳамда уларга шундай дейди: «Албатта, мен сизлар илгари (Аллоҳга) мени шерик қилганингизни инкор қилурман» (Иброҳим: 22). Уларни ёмон ҳолатларга солди ва батамом улардан безор эканини айтди.
Аллоҳ таоло душманининг макридан: У мўминларни ўзининг қўшини ва дўстларидан қўрқитади. Натижада уларга қарши жиҳод қилмайдилар, уларни яхшиликка буюрмайдилар ва ёмонликдан қайтармайдилар. Бу унинг иймон аҳлига нисбатан энг улкан макридир. Дарҳақиқат, Аллоҳ субҳанаҳу бизга у ҳақда буни хабар бериб, шундай деди: «Албатта ўша (сизларни васвасага солмоқчи бўлган) шайтоннинг ўзидир. У сизларни ўзининг дўстларидан (кофирлардан) қўрқитмоқчи бўлади. Бас, агар мўмин бўлсангизлар, улардан қўрқмангиз, Мендан қўрқингиз!» (Оли Имрон: 175). Жамийки муфассирларнинг наздидаги маъно шуки: сизларни ўзининг дўстларидан қўрқитмоқчи бўлади. Қатода деди: «Қалбларингизда уларни орттириб-(бўрттириб) қўяди. Шунинг учун дедики: «Бас, агар мўмин бўлсангизлар, улардан қўрқмангиз, Мендан қўрқингиз!». Банданинг иймони кучли бўлгани сари қалбидан шайтон дўстларидан қўрқишлик ҳам йўқ бўлади. Банданинг иймони заифлашган сари улардан қўрқиши кучаяди».
Унинг ҳийлаларидан, у макр қилгунча доимо ақлни сеҳрлайди. Унинг сеҳридан Аллоҳ хоҳлаганларгина саломат қолади. Унга, ўзи учун зарар берадиган нарсани зийнатли қилиб кўрсатади. Ҳатто унга, у энг фойдали нарса бўлиб туюлади. Ҳамда унга энг фойдали нарсани қилишдан нафрат уйғотади. Ҳатто у, унга зарарли бўлиб туюлади. Ла илаҳа иллаллоҳ!! Ушбу фитна сабаб қанча одам фитнага учради, қанча қалб билан ислом, иймон ва эҳсон ўртасини тўсиб қўйди?! Қанча ботилни ёқимли суратда кўрсатди ва намоён қилди. Ҳаққа нисбатан нафрат қўзғатиб, уни қабиҳ суратда чиқарди?! Қанчадан-қанча сохта нарсани мунаққидларга безаб кўрсатди. Қанчадан-қанча қалбаки нарсани орифларга ташвиқот қилди! Ақлларни сеҳрлаган ҳатто уларнинг эгаларини турли ўй-хаёл ва раъйларга улоқтирган ҳам удир. Уларга нисбатан залолат йўлларида ҳар бир йўлни босиб ўтди. Уларни ҳалокатларга, бир ҳалокатдан яна бир ҳалокатга итарди. Уларга санамларга ибодат қилиш, қариндошлик ришталарини узиш, қизларни тириклайин кўмиш ва оналарга уйланишни зийнатли қилди. Уларга куфр, фисқ ва маъсият билан жаннатларда бахт ваъда қилди. Уларга ширкни улуғлашлик суратида, Раб таолонинг сифатлари, аршига олий бўлиши ва Китобини сўзлашига куфр келтиришни (бандаларига ўхшаш бўлишдан) поклаш қолипида, яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтаришни тарк этишни одамлар муҳаббатини қозониш ва уларга нисбатан чиройли хулқда бўлиш қолипида ушбу «Ўзингизни билингиз!» (Моида: 105), сўзи ила намойиш қилди. Ҳамда Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган нарсадан юз ўгиришни улардан кўра олимроқ кишининг сўзига тақлид қилиш ва чекланиш қолипида, Аллоҳнинг динида мунофиқлик ва тилёғламалик қилишни банда одамлар орасида босқичма-босқич юқорилаб борадиган маиший ақл қолипида намоён қилди. У жаннатдан чиқарган вақтдаги ота-онамизнинг соҳиби, ўз инисини ўлдирган вақтдаги Қобилнинг соҳиби, ғарқ қилинишган вақтдаги Нуҳ қавмининг соҳиби, туғмас-(ҳеч қандай фойда етказмайдиган) бўрон билан ҳалок қилинишган вақтдаги Од қавмининг соҳиби, қичқириқ билан ҳалок қилинишган вақтдаги Солиҳ қавмининг соҳиби, ерга юттирилиб, кетидан тошбўрон қилинган Лут умматининг соҳиби, ортиқча қаттиқ ушлаш билан ушланган вақтдаги Фиръавн ва унинг қавми соҳиби, улар билан нима юз берган бўлса юз берган вақтдаги бузоққа ибодат қилувчилар соҳиби, Бадр куни чорланишган вақтдаги Қурайшнинг соҳиби, ҳамда ҳар бир ҳалок бўлувчи ва фитнага учраганнинг соҳибидир».[5] Сўзлари тугади.
Ана шу душмандир. Дарҳақиқат, унинг сифатлари ошкор бўлди, аломат ва ифодаси кўринди. Ўз гуруҳини жаҳаннам аҳлидан бўлишларига чорлайди. Ва бу нарса рўёбга чиқадиган ҳар бир йўлни ишга солади. Салафларнинг баъзилари шундай деди: «Аллоҳ азза ва жалла бирор ишга буюрган бўлса, албатта, унда шайтоннинг икки шумнияти бор: ё нуқсон ва камчиликка йўл қўйиш ва ёки орттириб юбориш ва ҳаддан ошишликдир. Ушбу икки хатонинг қай бири билан банда устидан зафар қучиши унга аҳамиятсиздир».[6] Ҳар бир киши ўзига ва ишларига бир назар ташласин. Уларда шайтон ва унинг ҳийлаларига ижобат қилишлик борми? Нафсини Аллоҳга тавба қилиш, қўл урган залолат ва ёмонликдан четлашиш билан ўнгласин. Ва ушбу ашаддий душманга қарши душманчиликни эълон қилиб қўйсин. Ёки у Аллоҳнинг ҳифзу ҳимоясида бўлса, бас, бунинг учун Аллоҳга шукр қилсин. У Зотдан сабот сўрасин ва солиҳ амалларни кўпайтиришга эришишда саъй-ҳаракат қилсин. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўпинча Аллоҳдан шайтондан паноҳ сўрар ва буни саҳобаларига таълим берардилар. «Ва айтинг: «Раббим, мен Сендан шайтонларнинг васвасаларидан паноҳ беришингни сўрайман. Яна мен Сендан (ё) Раббим, улар менинг ҳузуримга келишларидан паноҳ беришингни сўрайман»» (Мўминун: 97-98). Эй Аллоҳ! Биз Сендан қувилган шайтон, унинг васвасаси, дами ва нафасидан паноҳ беришини сўраймиз.
Ассаламу Алайкум ва рохматуллох! менда бир савол бор, агар бирон мусулмонлар яшайдига давлатда Рамазон рузаси ойга караб эмас, балки бир неча кун ёки бир неча ой олдин тасдиклаб куйилган мелодий таквим асосида тутилса ва мусулмонлар идораси шунга фатво чикарса, рузани тугатишда хам худди шундай вазият булса нима килиш керак?