Рамазонга оид мақолалар

10 – Қуръонни тушунишлик ва унга амал қилишликнинг аҳамияти

 

Аллоҳ таоло деди: «(У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва фурқон (ҳақ билан ботилни ажратгувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган» (Бақара: 185). Аллоҳ таоло деди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, ушбу Қуръон барча одамлар) оятларини тафаккур қилишлари ва ақл эгалари эслатма-ибрат олишлари учун Биз сизга нозил қилган бир муборак Китобдир» (Сод: 29).

Қуръонни тиловат ва тадаббур қилишлик ҳидоят эшикларининг энг улканидир. Чунки у энг тўғри йўлга бошлайди. Солиҳ амалларни қилиш ва мункар ишларни тарк этишга йўллайди ва етаклайди. Қалбни иймон ва Аллоҳни танишлик ила тўлдиради. Каромат диёри билан бахт ва зафар қучишга тарғиб қилади, ҳамда надомат ва расволик диёрида зиён ва маҳрум қолишдан қўрқитади ва ҳазир бўлишга чақиради. У, одамларга зарбул масал ва ибратлардан кўпини ўз ичига олганки, уни фақат олимлар тушуниб етади. Қуръон, уни тадаббур ва ақл юргизиб тиловат қилувчини Аллоҳ ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруғини ижобат қилишга ундайди. Натижада Аллоҳни улуғлайди, Уни (ибодатларда) яккалайди, ҳамда Аллоҳнинг раҳмати ва розилигини умид қилиб нафл ва қурбат ҳосил қилинадиган амаллар билан ўзиб, беллашишига қўшимча ўлароқ намози ва закотини адо қилади, фарз бўлган ҳажни бажаради, ҳамда (Рамазон) ойи рўзасини тутади. Аллоҳ таоло деди: «Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур ва яхши амалларни қиладиган мўминларга катта ажр-мукофот борлигини(нг) хуш хабар(ини) берур» (Исро: 9). Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло деди: «Албатта Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиган, намозни тўкис адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ-эҳсон қиладиган зотлар ҳаргиз касод бўлмайдиган олди-сотдидан (яъни улардан яхши амал ва инфоқ-эҳсон Аллоҳдан ажру-мукофот бўлишидан) умидвордирлар, зеро (Аллоҳ) уларнинг ажрларини комил қилиб берур ва Ўз фазлу-карамидан уларга яна зиёда (мукофотлар) ҳам берур. Албатта У мағфиратли ва ўта шукр қилгувчидир (яъни озгина яхши амал учун кўп мукофот ато қилгувчидир)» (Фотир: 29-30).

Қуръон тиловати, уни тадаббур қилиш ва унга амал қилиш мўминларнинг одати, Аллоҳнинг солиҳ авлиёларининг васфи, ҳамда Аллоҳ Ўзига яқин бандаларини ҳидоят қилиши сабабидир. Уни тадаббур қилиш ва унга амал қилишни тарк этиш эса юз ўгирувчи итоатсизларнинг васфи, адашган ва кибр қилувчиларнинг залолати сабабидир. Аллоҳ таоло уларга буни инкор қилган ҳолда шундай деди: «Ахир улар Қуръон ҳақида фикр юритмайдиларми?! Балки дилларида қулфлари бордир, (шунинг учун у дилларга Қуръон нури етмаётгандир)?!» (Муҳаммад: 24). Субҳанаҳу деди: «Ахир улар Қуръон ҳақида фикр юритмайдиларми?! Агар у Аллоҳдан бошқа биров томонидан бўлса эди, унда кўп қарама-қаршиликларни топган бўлар эдилар-ку?!» (Нисо: 82). Аллоҳ таоло шундай деди: «(Чунки) сизларга Менинг оятларим тиловат қилинганида, сизлар кетингизга тисланган эдингиз. («Байтуллоҳ бизларники», деб), у билан мутакаббирлик қилган ҳолларингизда тунги суҳбатларингизда (Қуръон хусусида) беҳуда сўзлар айтар эдингизлар. Ахир улар бу Сўзни — Қуръонни тадаббур-тафаккур қилиб кўрмадиларми ёки уларга аввал ўтган ота-боболарига келмаган нарса келдими (яъни уларга ҳам Аллоҳ тарафидан пайғамбарлар китоблар билан келган эди-ку)?!» (Мўъминун: 66-68). Яъни, агар улар Қуръонни тадаббур-тафаккур қилганларида, албатта, у уларга иймон келтиришни вожиб қиларди, ҳамда уларни куфр ва маъсиятдан тўсарди. Бу эса Қуръонни тадаббур қилишлик барча яхшиликка чорлаб, ҳар бир ёмонликдан сақлашига далолат қилади.

Аллоҳ Қуръонни энг яхши сўз деб сифатлади. Ва У субҳанаҳу ва таоло тушунарли бўлиши учун унда оятларни қайта-қайта такрорлади. Қуръон эшитган вақтларида тақводорларнинг терилари қўрқувдан титрайди. Аллоҳ таоло деди: «Аллоҳ энг гўзал Сўзни (оятлари фасоҳат ва балоғатда) бир-бирига ўхшаган, (ичидаги ҳукмлари) такрор-такрор келгувчи бир Китоб-Қуръон қилиб нозил қилдики, (ундаги Аллоҳнинг азоби ҳақидаги оятларни тиловат қилганларида) Роббиларидан қўрқадиган зотларнинг терилари титраб кетар, сўнгра терилари – баданлари ҳам, диллари ҳам Аллоҳнинг зикрига юмшар – мойил бўлур. Мана шу (Китоб) Аллоҳнинг ҳидоятидирки, унга Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. Ва кимни Аллоҳ йўлдан оздирса, бас, унинг учун бирон ҳидоят қилгувчи бўлмас» (Зумар: 23).

У субҳанаҳу мўминларни Қуръонни эшитганларида бўйинсунмасликлари учун койиди, ҳамда бу борада кофирларга ўхшаб қолишдан ҳазир бўлишга чақириб, шундай деди: «Иймон келтирган зотлар учун диллари Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган Ҳақ-Қуръонга мойил бўлиш (вақти) келмадими? (Шунингдек улар учун) илгари китоб ато этилган, сўнг (улар билан пайғамбарлари ўртасидаги) муддат узайгач, диллари қотиб кетган кимсалар (яъни, яҳудий ва насронийлар) каби бўлиб қолмаслик (вақти келмадими)? Улардан (яҳудий ва насронийлардан) кўплари фосиқ-итоатсиздирлар!» (Ҳадид: 16).

У субҳанаҳу Қуръон ҳақида, унинг оятларини қироат ва тадаббур қилганларида мўминларнинг иймонларини зиёда қилади дея хабар берди. Субҳанаҳу айтдики: «Фақат Аллоҳ (номи) зикр қилинганида қалбларига қўрқинч тушадиган, Унинг оятлари тиловат қилинганда иймонлари зиёда бўладиган ва Роббиларигагина суянадиган кишилар (ҳақиқий) мўминдирлар» (Анфол: 2).

У Зот аҳли Китобнинг солиҳлари ҳақида, уларга Қуръон тиловат қилинса сажда қилган ҳолда юзлари билан йиқиладилар, йиғлайдилар, ҳамда у бўйинсуниш, иймон ва таслим бўлишларини зиёда қилади дея хабар берди. Субҳанаҳу деди: «Айтинг: «(Эй мушриклар), сизлар (хоҳласангиз), Унга ишонинглар, (хоҳласангиз) ишонманглар. Зотан, (Қуръон нозил бўлишидан) илгари илм (яъни, Таврот) берилган кишилар (Қуръон) тиловат қилинган вақтида сажда қилган ҳолларида юзлари билан йиқилурлар. Ва улар: «Эй Пок Парвардигор! Албатта Парвардигоримизнинг («Мен сўнгги пайғамбаримни юборурман ва унга Қуръон нозил қилурман», деган) ваъдаси адо қилингувчи ваъдадир», дейдилар. Улар, йиғлаган ҳолларида, юзлари билан йиқилурлар ва (Қуръон) уларнинг хокисорликларини зиёда қилур» (Исро: 107-109).

Сўнг шундай бўлишига қарамай Аллоҳ таоло бандаларини Қуръони Каримдан юз ўгиришларидан ниҳоятда ҳазир бўлишга чақирди. Уларга бунинг хатари ва ушбу ишни қилган кимса Қуръондан юз ўгириши ва уни бош устига дея таслим бўлиб қабул қилмагани сабабли қиёмат куни гарданига юклайдиган гуноҳ ва маъсиятни баён қилди. Аллоҳ таоло шундай дейди: «Дарҳақиқат Биз сизга Ўз даргоҳимиздан эслатма — Қуръон ато этдик. Ким ундан юз ўгирса, бас албатта у қиёмат кунида (гуноҳнинг энг оғир) юкини кўтариб турар. Улар у юк остида абадий қолурлар. У (юк) қиёмат кунида улар учун жуда оғир юк бўлур» (Тоҳа: 99-101). Қуръон Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у кишининг умматлари учун эслатма бўлар экан, бас, бизга уни бош устига дея таслим, бўйинсуниш ва таъзим бажо қилиш ила қабул қилишимиз, унинг нури ила тўғри йўл сари ҳидоятланишимиз, бу дунёда пок бир ҳаёт кечиришлик билан неъматланишимиз, ҳамда ўлимдан кейин қайтар жойда унинг шафоати билан роҳатланишимиз учун унга, уни ўрганиш, таълим бериш ва кўрсатмаларига амал қилишга киришишимиз вожиб бўлади. Унга бош тортиш, қайтариш билан ёки бунданда хатарлиси бўлмиш инкор ва рад этишлик билан юзма-юз туришга келсак, батаҳқиқ, у оғишиш, залолат, куфр ва туғёнки, ушбу ишга қўл урувчи дунёда танг ҳаёт, бахтсизлик ва маҳрумлик билан жазоланишга лойиқ бўлади. Қиёмат куни эса унутилади ва дўзахда кўрлар билан ҳашр қилинади-(тўпланади). Аллоҳ таоло деди: «Бас, сизларга Мен тарафдан ҳидоят келганида ким Менинг ҳидоятимга эргашса, йўлдан озмас ва бахтсиз бўлмас. Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, бас, албатта унинг учун танг – бахтсиз ҳаёт бўлур ва Биз уни қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз». У: «Роббим, нега мени кўр қилиб тирилтирдинг, ахир кўрар эдим-ку», деган эди, (Аллоҳ) айтди: «Шундай. Сенга Бизнинг оят-мўъжизаларимиз келганида уларни унутдинг. Бугун сен ҳам ана шундай «унутилурсан»» (Тоҳа: 123-126).

Ҳар бир мусулмонга, айниқса ушбу муборак ой ва улуғ бир мавсумда Қуръони Каримни улуғлаши, унинг ҳақиқий қадрига етиши, оятларини тадаббур, маъноларини тафаккур ва ақл юритиш, ҳамда у талаб этганларига амал қилиш билан ҳақиқий тиловат қилиши лойиқ бўлади. Аллома Ибнул Қоййим раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Қалб учун Қуръонни тадаббур ва тафаккур қилиш билан қироат қилишликдан кўра фойдалироқ бирор нарса йўқ. Батаҳқиқ, у жамийки (Аллоҳ сари) юрувчиларнинг манзиллари, амал қилувчиларнинг ҳолатлари ва орифларнинг ўринларини жамловчидир. У муҳаббат, шавқ, хавф, умид, тавба-тазарру, таваккул, розилик, (бутун ишларни Аллоҳга) ҳавола қилиш, шукр, сабр ҳамда у ила қалбнинг ҳаёти ва мукаммаллиги бўлган бошқа ҳолатларни пайдо қилади. Шунингдек, у сабабли қалб барбод ва ҳалок бўладиган мазамматли сифат ва феълларнинг баридан огоҳ этади. Одамлар Қуръонни тадаббур билан қироат қилишдаги фойдани билганларида эди, албатта, барча нарсани қўйиб фақат у билан машғул бўлардилар. Агар уни тафаккур билан ўқиса, ҳатто қалбининг шифо топиши учун унга муҳтож бўлган ҳолида бирор оятдан ўтса-(ўқиса), уни гарчи юз марта, гарчи тун бўйи бўлса ҳам такрорлайди. Бир оятни тафаккур ва фаҳм билан ўқишлик, тадаббур ва фаҳмсиз хатми Қуръон қилишдан яхши. Ҳамда у қалбга фойдалироқ, иймон, завқ ва Қуръон ҳаловатини ҳосил қилишга чорловчироқдир».[1]

Раҳимаҳуллоҳнинг сўзлари (кўзланган маънога) далолат қилишда кифоя қиларли, фойдаси эса улкандир. Ким Қуръон қироат қилишда ана шу сифатда бўлса, Қуръон унга ғоятда таъсир қилиб, тиловатидан тўла фойдани қўлга киритади. Ва шу билан илм ва иймоннинг мустаҳкам аҳлидан бўлади. Ана шу Қуръондан мақсад қилингани ва талаб этилганининг ғоясидир. Шунинг учун Шайхул Ислом Ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Қуръон (ўқиш)дан талаб қилинган нарса – маъноларини тушуниш ва унга амал қилиш. Агар ана шу уни (Қуръонни) ёд олувчисининг вазифаси бўлмас экан, илм ва дин аҳлидан бўлмайди».[2]

Эй Аллоҳ! Қуръони Каримни қалбимиз баҳори, дилимиз нури, маҳзунлигимизни аритувчи, ғам ва ташвишларимизни кетказувчи қилгин. Ундан билмаганларимизни таълим бер. Таълим берганингни биз учун фойдали қил. Бизни, уни гўзал тиловат ва тадаббур қилиш билан ризқлантир. Унга амал қилиш, буйруғига эргашиш ва қайтариғидан йироқ бўлишга муваффақ айла. У сабабли қиёмат куни даражаларимизни кўтар. Эй Аллоҳ! Бизни ғафлат ва ундан юз ўгиришликдан сақла!


[1] Ибнул Қоййим «Мифтаҳ Дар ас-Саъадаҳ» (1/187).

[2] Ибн Таймийя «Мажмуъул Фатава» (5/262).

One thought on “Рамазонга оид мақолалар

  1. Ассаламу Алайкум ва рохматуллох! менда бир савол бор, агар бирон мусулмонлар яшайдига давлатда Рамазон рузаси ойга караб эмас, балки бир неча кун ёки бир неча ой олдин тасдиклаб куйилган мелодий таквим асосида тутилса ва мусулмонлар идораси шунга фатво чикарса, рузани тугатишда хам худди шундай вазият булса нима килиш керак?

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan