Жума намозидан олдинги суннат намози ҳақида
بسم الله الرحمن الرحيم
Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, у зотнинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.
Сўнг …
Авваламбор, жума намозидан олдин ўқиладиган доимий суннат намози борасида уламолар ихтилофга боришган. Ушбу ижтиҳодий масалалар деб ихтилофлашганлардан бири бошқасига қовоқ-тумшуқ қилиб олмайди ва ушбу масала тортишув ва таассубга етаклаши, ҳамда толиби илмлар ўртасида нафрат уйғонишига сабаб бўлиши жоиз эмас.
Ушбу ва бундан бошқа масалалардаги келишмовчиликни, Аллоҳ таоло мана бу қовлида буюрганидек Китобу-Суннатга қайтаришлик вожиб бўлади: «Борди-ю бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз, агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз, у нарсани Аллоҳга ва пайғамбарига қайтарингиз! Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир» (Нисо: 59).
Кимга-ки икки қовлдан қай бири тўғри бўлиб кўринса, ўшанга эргашиб, амал қилаверади. Бироқ, юқорида айтилганидек, бошқа сўзни олганга қовоқ-тумшуқ қилиб олмайди.
Ушбу масалаларда тўғри қовлга етишиш учун ўзаро олиб борилган изланишдан бирор монелик йўқдир.
Жума намозидан олдинги тўрт ракат ёки бошқа намозлар ҳақида ворид бўлган ҳадислар ва шунингдек саҳобалардан нақл қилинган асарларнинг бирортаси пешин намозидагига ўхшаш жумадан олдин ўқиладиган намозлар доимий суннат намозлари эканига далолат қилмайди. Балки ушбу ҳадис ва асарлар жумадан олдин шариатда намоз жорий қилинганига ва ушбу намоз мутлақ нафл намозларидан ҳисобланиши, ҳамда доимий суннат намозларидан эмаслигига далолат қилади.
Дарҳақиқат кўплаб ҳадисларда келганки:
Салмон ал-Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллоллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Киши жума куни ғусл қилиб, қўлидан келганча покланиб, хушбўй мой ёки уйидаги мискдан суртиб, сўнг (масжидга) чиқиб, икки киши орасини кесиб ўтмай, сўнг насиб этганича намоз ўқиса. Сўнгра имом гап бошлагач, қулоқ тутса, ўша (жума) билан бошқа жума орасидаги (гуноҳлари) мағфират қилинади» (Бухорий (883)).
Саълаба ибн Абу Моликдан ривоят: «Улар Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) замонларида то Умар (минбарга) чиққунларича намоз ўқишарди» (Молик «Муватто» (1/103). Нававий «Мажмуъ» (4/550)да саҳиҳ санадилар).
Нофеъдан ривоят қилинади, айтадиларки: «Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо) жумадан олдин ўн икки ракат намоз ўқирдилар» (Ибн Ражаб «Фатҳул Борий» (8/329)да Абдурраззоқнинг «Мусаннаф»ларидан келтирдилар).
Ушбу далиллар жума намозидан олдин ўқиладиган доимий суннат намози бор эканига далолат қилиши саҳиҳ эмас. Чунки ушбу «доимий суннат» намозлари Набий соллоллоҳу алайҳи ва саллам даврларида жумадан олдин ўқиладиган маълум бир муайян вақти бўлмаган. Чунки соллоллоҳу алайҳи ва саллам уйларидан жумага чиқардилар. Сўнг минбарга кўтарилардилар. Муаззин азон айтарди. Сўнг Росул соллоллоҳу алайҳи ва саллам туриб хутба қилардилар. Сўнг минбардан тушгач, намозга такбир айтиларди ва намоз ўқирдилар.
Энди жумадан олдин ушбу доимий ўқиладиган суннат намозлари бор деб исбот қилаётган кишига айтиладики: Хоп ушбу доимий суннат намозлари Набий соллоллоҳу алайҳи ва саллам даврларида қачон ўқилган экан?
Агар у: азондан кейин ўқиларди, деб айтса, бунга суннатда бирор асос йўқдир.
Энди азондан олдин ўқиларди, деса, бу доимий суннат намози эмас. Балки у мутлақ нафлдир.
Ҳофиз ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Жумадан олдинги суннат намозига келсак, бу борада бирор нарса аниқ-собит келмаган» («Фатҳул Борий» (2/426)).
Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Жумага келган киши то имом хутбага чиққунича намоз ўқиш билан машғул бўлиши афзалдир. Чунки, «Саҳиҳ»да Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадис борки: «Кейин насиб қилганича намоз ўқиса…», деганлар. У зотнинг бу сўзларида жума куни масжидга эртароқ келиб, намоз билан машғул бўлишга тарғиб бордир. Саҳобалар ана шундай қилардилар. Улар жума куни масжидга эрта келиб, нафл намозлари ўқишга киришар эдилар. Баъзилари ўн ракат, баъзилари ўн икки ракат ўқишар, айримлари саккиз ракат, айримлари ундан озроқ ўқирдилар. Шунинг учун жумҳур имомлар жумадан олдин вақти ва ракатлари сони аниқ белгилаб қўйилган суннат йўқлигига иттифоқ қилганлар. Жумадан олдин намоз ўқиш ҳасанот, бироқ суннати ротиба эмасдир. Агар ўқиса ёки тарк қилса, уни инкор қилинмайди. Сўзларнинг энг адолатлиси шудир. Агар жоҳил кишилар уни суннати ротиба деб эътиқод қилиб олишган бўлса, ўқимаслик афзалроқ бўлади» («Мажмуъул фатава» (24/189)).
Ибн ал-Қоййим роҳимаҳуллоҳ айтдиларки: «Билол азондан фориғ бўлгач Набий соллоллоҳу алайҳи ва саллам хутбани бошлардилар. Албатта ҳеч ким икки ракат намоз ўқиб олай деб ўрнидан турмасди. Азон эса бир маротаба айтилган. Ушбу, жума ҳам худди ийд каби ўзидан олдин ўқиладиган бирор суннат намози йўқ эканига далолат қилади. Ушбу уламоларнинг икки қавлларининг саҳиҳроғидир. Суннат ҳам шунга далолат қилади. Чунки Набий соллоллоҳу алайҳи ва саллам уйларидан чиқардилар. Минбарга кўтарилгач, Билол жума азонини бошлардилар. (Билол) азонни тугаллагач Набий соллоллоҳу алайҳи ва саллам (азон билан хутба орасида бирор амал қилмай) тўғри хутбани бошлаб юборардилар. Бу кўз билан гувоҳ бўлинган бир ҳолатдир. Улар суннатни қачон ўқишган?
Энди кимки, Билол розияллоҳу анҳу азондан фориғ бўлгач, барчалари ўринларидан туриб икки ракат намоз ўқишган деб ўйласа, у одамлар орасидаги суннатдан энг жоҳил қолган кимса экан.
Ушбу биз эслаб ўтган, жума намозидан олдин ўқиладиган суннат намози йўқдир, деб айтган қовл имом Молик мазҳаблари, имом Аҳмаддан нақл қилинган машҳур қовл ҳам шу ва Шофеъий мазҳабидагиларни икки хил қарашларидан биридир.
Энди, жумадан олдин ўқиладиган суннат намози бор дейдиганлар, жума қисқартирилган пешин бўлиб, унга пешин намозининг ҳукмлари собит бўлади деб, ҳужжат келтирганлари бўлди.
Ушбу жуда заиф ҳужжат бўлиб, жума намози пешин намозига жаҳрий ўқилишида, ракатлар сонида, хутба қилинишида ва ўзининг (бундан бошқа) эътиборга молик бўлган шартларида зид келадиган алоҳида-мустақил бир намоздир.
Яна улар ичида пешин намозига қиёс қилган ҳолда жумадан олдин суннат намози бор деб исбот қилганлари бўлди. Бу ҳам яроқсиз бир қиёсдир. Чунки Набий соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг сўз ва феълларидаги суннатларида ҳам, тўғри йўлдаги халифаларининг суннатларида ҳам (бирор суннат намози бор экани) собит келмаган. Гаплашаётган масаламизда бундан (суннатдан) бирор нарса (далил) йўқ. Қиёс билан ушбу масала борасида суннатларни исбот қилиш жоиз эмас. . . Бу қиёс қилган ҳолда ийд намозидан олдин ёки кейин (бирор суннат намоз) жорий қилинган деганга ўхшашдир.
Уларнинг ичида яна Бухорий «Саҳиҳ»да элаб ўтган ҳадисни ҳужжат қилиб келтирганлари бўлди. (Бухорий) айтдилар: «Жумадан олдинги ва кейинги намоз ҳақидаги боб. Абдуллоҳ ибн Юсуф бизга шундай ҳадис айтди. Молик Нофеъдан, у киши эса Ибн Умардан шундай хабар айтди, Набий соллоллоҳу алайҳи ва саллам пешиндан олдин икки ракат ва пешиндан кейин икки ракат, шомдан кейин уйларида икки ракат, хуфтондан олдин икки ракат намоз ўқирдилар. Жумадан кейин бурилиб кетмагунларигача намоз ўқимасдилар, (бурилиб кетгач) икки ракат намоз ўқирдилар».
Бунда бирор ҳужжат йўқ. Бухорий бу билан жумадан олдин суннат намози бор эканлигини ирода қилмадилар. Балки у кишининг ирода қилганлари шу бўлдики, (умуман) намоз борасида, ундан олдин ёки кейин бирор нарса келганми?
Сўнг ушбу ҳадисни зикр қилдилар. Яъни, у кишидан суннат фақат ундан (фарздан) кейин қилингани ривоят қилинди. Ундан олдин эса бирор нарса ворид бўлгани йўқ.
Бу Бухорий роҳимаҳуллоҳнинг икки ийд китобидаги бир бобга мана бу номни берганларига ўхшашдир: «Ийдддан олдинги ва кейинги намоз ҳақидаги боб. Абу Муалла: Саъидни Ибн Аббосдан шундай деяётганларини эшитдим, деди. (Ибн Аббос) ийддан олдин намоз ўқишни кариҳ кўрардилар. Сўнг Саъид ибн Жубайрни Ибн Аббосдан ривоят қилган ҳадисларини зикр қилдилар. Набий соллоллоҳу алайҳи ва саллам рамазон ийдида чиқиб, икки ракат (ийд) намозини ўқидилар. Ундан олдин ҳам, кейин ҳам намоз ўқимадилар. Билол эса у киши билан бирга эди…».
(Бухорий роҳимаҳуллоҳ) ийд ҳақида, ундан олдин ҳам, кейин ҳам намоз жорий қилинмагани борасида ҳадис зикр қилдилар. Бу жума борасида (келтирган ҳадисларидан) ирода қилган маънолари ҳам шундай эканига далолат қилади» («Задул Маъад» (422-1417)).
Валлоҳу Аълам.
Аллоҳ Пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.
Манба: Тавҳид форуми