Уч Асос шарҳи


Иккинчи асос: Ислом динини билмоқ

Диннинг таърифи

Иккинчи асос: Ислом динини далиллар билан билмоқ

Шайх раҳимаҳуллоҳ биринчи асос бўлмиш Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони далиллар билан танимоқ мавзусидан фориғ бўлгач, иккинчи асос бўлмиш Ислом динини далиллар билан билмоқ мавзусига киришяптилар.

«Иккинчи асос», яъни, Ислом динини далиллар билан билмоқ. Сўнг динга таъриф бериб, унинг маъноси ва даражаларини баён қиладилар.

«Ислом динини билмоқ»: дин деганда итоат қилишлик ирода қилинади. «دان له», яъни, буюрганига бўйинсуниб, қайтарганини тарк этиш маъносида.

Яна дин калимаси ҳисоб-китоб маъносини ҳам ифодалайди. «مالك يوم الدين», яъни, «Дин-жазо кунининг Эгаси». «دانه» – уни ҳисоб қилди. Аллоҳ таоло айтганидек: «(Эй инсон), сен жазо куни нима эканини қаердан ҳам билурсан?! Сўнг (яна такрор айтаманки), сен жазо куни нима эканини қаердан ҳам билурсан?!» (Инфитор: 17-18), яъни ҳисоб-китоб кунини. «У кунда ҳеч бир жон (бошқа) бир жонга бирон нарса қилишга (яъни, бирон фойда етказишга ёки ундан бирон зиённи кетказишга) эга бўлмас! У кунда барча иш ёлғиз Аллоҳники бўлур!» (Инфитор: 19).

«Далиллар билан», яъни, Ислом динини билмоқлик тақлид ёки одамлар наздидаги тахмин-гумонлар билан бўлмайди. Дин Китобу Суннат далиллари асосида ўрганилиши шарт. Ўз динини билмай, одамларга тақлид қилиб, ҳар кимнинг гапига лаққа тушаверадиган кимса эса ҳаргиз динини била олмайди ва қабрида дини ҳақида саволга тутилганда: «Ҳаҳ, ҳаҳ билмайман. Одамларни бир нарса дейишаётганини эшитиб, шуни айтиб юраверардим», дейдиган кишининг ҳолатига тушади. Демак, инсонга динини Аллоҳнинг Китоби ва Расул соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Суннатларидан иборат далиллар асосида билиб олиши вожиб бўлади. Бу эса ўқиб-ўрганиш ила амалга ошади.

У (Ислом) – Унга (Аллоҳга) тавҳид ила тўла таслим бўлиш, Унга тоат ила бўйинсуниш ҳамда ширк ва унинг аҳлидан пок-безор бўлиш.

Ислом бирор нарсага бўйинсуниб, таслим бўлиш сўзидан олинган. «أسلم نفسه للقتل» – «Ўзини ўлимга тикди-таслим қилди», яъни, бўйин эгди. Бирор нарсага итоат қилганда, ўзини ўша нарсага таслим қилди-топширди, деб айтилади.

Ислом – инсон ўзини, мақсад ва ниятларини Аллоҳ азза ва жаллага топшириш-таслим қилиш: «Чиройли амал қилгувчи бўлган ҳолида ўзини Аллоҳга топширган ва ҳақ йўлдан оғмаган Иброҳимнинг динига эргашган кишининг (яъни, чин мусулмоннинг) динидан ҳам гўзалроқ дин борми?!» (Нисо: 125).

«Йўқ, ким чиройли амаллар қилган ҳолида ўзини Аллоҳга топширса…» (Бақара: 112), яъни, амалини Аллоҳ азза ва жалла учун холис адо этиб, Унга ўз хоҳиш-ихтиёри, рағбат ва муҳаббати билан бўйинсунса…

Аллоҳга тавҳид ила тўла таслим бўлиш – Аллоҳ жалла ва аълани ибодатда яккалашликдир. Ана шу тавҳиднинг маъноси бўлиб, кимки шериксиз якка Аллоҳга ибодат қилса, дарҳақиқат, ушбу киши Унга тўла таслим бўлибди.

«Унга тоат ила бўйинсуниш», яъни, буйруқ ва қайтариқларда. Қай бир ишга буюрса бажарасиз ва қай бир ишдан қайтарса Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога тоат ўлароқ ундан четланасиз.

«Ширк ва унинг аҳлидан пок-безор бўлиш», яъни, воз кечиб, четлашиш. Ширкнинг ботил экани, ҳамда мушрикларга душманона муносабатда бўлсишнинг вожиб эканини эътиқод қилган ҳолда ширк ва унинг аҳлидан узоқлашиш. Чунки улар Аллоҳ азза ва жалланинг душманларидир. Уларни дўст тутманг, балки душман тутинг. Чунки улар Аллоҳнинг, Расулининг ва диннинг душманлари. Уларга муҳаббат қўйиб, дўст тутманг. Балки диним дея улардан воз кечинг ва узоқлашинг. Уларнинг йўлини ботил деб эътиқод қилиб, қалб тўрингиздан ўрин берманг, ҳамда сўз ва феъл билан ҳам ёрдам кўрсатманг. Чунки улар сизнинг Роббингиз ва динингиз душманларидир. Энди қандай қилиб уларни дўст тутасиз. Ахир улар Ислом душманлари-ку!

Аллоҳга тўла таслим бўлиб, Унга тоат ила бўйинсуниб, ширк ва мушриклардан пок-безор эканингизни эълон қилмас экансиз, бу асло кифоя қилмайди. Қуйидаги сифатларга эга бўлмас экансиз, мусулмон ҳисобланмайсиз:

Биринчи: Аллоҳга тавҳид ила тўла таслим бўлиш;

Иккинчи: Унга тоат ила бўйинсуниш;

Учинчи: Тавҳид ва тоатга зид бўлмиш ширкдан пок-безор бўлиш;

Тўртинчи: Мушриклардан пок-безор бўлиш.

Ушбу сифатларни ҳаққирост амалга ошириш билан мусулмон бўласиз. Ушбу сифатларнинг бирортаси топилмаса, мусулмон бўла олмайсиз. Шайх раҳимаҳуллоҳ ушбу уч жумла билан Исломга мухтасар таъриф бердилар. Қанчадан-қанча одамлар Исломнинг маъносини билмайдилар. Чунки у ушбу нарсани таълим олмаган. Агар унга: «Ислом нима?», дейилса, тўғри жавоб беролмайди.

 

Дин даражалари

Биринчи даража – Ислом

Ва у (дин) уч даражадан иборатдир: Ислом

Дин уч даражадан иборат бўлиб, ушбу даражаларнинг баъзиси баъзисидан олий туради. Диндаги даражаларнинг аввалгиси Исломдир. Сўнг Иймон ва охиргиси Эҳсон.

Ислом кенг маънони ўз ичига олади. Иймон эса унга қараганда торроқ маънода, Эҳсон эса иймондан-да торроқ маънодадир.

Ислом доираси кенгроқ бўлиб, мунофиқлар ҳам Исломга бўйинсуниб, зоҳирда уни лозим тутиб, мусулмонлар билан бирга намоз ўқиб, закот ўтаб, зоҳирий амалларни адо этар эканлар, улар ҳам ушбу доира остига кириб, мусулмон деб аталадилар ва уларга дунёда мусулмонга қандай ҳукм татбиқ қилинса шундай ҳукм татбиқ қилинади. Мусулмонга қандай муомала қилинса, уларга ҳам шундай муомала қилинади. Бироқ охиратда жаҳаннамнинг энг қуйи қатламларида бўладилар. Чунки уларда Иймон йўқ, балки зоҳирда Ислом бор холос.

Иймон ва Эҳсон

«Иймон»: иккинчи даража. Мўминлар ҳам ўзаро тафовутлидирлар. Уларни ичида (Аллоҳга) яқинлари, ва яхши (амаллар қиладиган)лари бор. (Аллоҳга) яқинлари энг олий даражадагиларидир. Яхши амаллар қиладиганлари эса улардан қуйироқда. Ширкдан ўзга гуноҳи кабираларга қўл уриб, ўзига зулм қилганлари эса янада қуйироқда ва у фосиқ мўмин ёки иймони ноқис мўминдир. Аллоҳ таоло шундай деди: «Сўнгра биз бу Китобга бандаларимиздан Ўзимиз танлаган зотларни (яъни, сизнинг умматингизни) ворис қилдик. Бас, уларнинг орасида (Қуръонни ўқиса-да, унга амал қилмай, гуноҳлардан четланмай) ўз жонига жабр қилгувчи ҳам бор, уларнинг орасида ўртача амал қилгувчи ҳам бор ва уларнинг орасида Аллоҳнинг изну иродаси билан мудом яхшиликларга шошилгувчи ҳам бордир. Ана ўша (яъни, Қуръонга ворис бўлиш Аллоҳнинг) катта марҳаматидир» (Фотир: 32).

«Эҳсон»: учинчи даража. Бу банда ўзи билан Аллоҳ ўртасида, Унга ибодат қилишда «эҳсон» қилишидир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам эҳсонни ёдга олиб шундай дедилар: «Эҳсон – Аллоҳга гўёки сен Уни кўриб турганингдек ибодат қилишинг. Агар Уни кўрмасангда, албатта, У сени кўриб туради»,[31] яъни, қаерда бўлмагин Аллоҳ сени кўриб туришига яқин-аниқ илмга эга бўлишингдир.

Ҳар бир даражанинг (ўз) рукнлари бор.

«Ҳар бир даражанинг (ўз) рукнлари бор»: (дин амаллари) унинг устига қуриладиган-барпо бўладиган нарсага рукн-устун дейилади.

Бирор нарсанинг рукни-устуни – ўша нарса унинг устига қурилиб, усиз қаддини ростлай олмайдиган нарсадир. Рукн шартларга хилоф ўлароқ ўша амалнинг ичида бўлади. Шартлар эса амалнинг ташқарисида бўлади. Мисол учун намознинг шартларини олайлик. Уларнинг бари намознинг ташқарисида, яъни намоз бошлашдан аввал. Намоз рукнлари эса, намознинг ичидадир. Мисол учун такбиротул иҳром, Фотиҳа сурасини ўқиш… . Ушбу рукнлардан бирортасига путур етгани маҳал намоз саҳиҳ-тўғри бўлмайди. Худди бинонинг бир рукни-устуни йўқ бўлса, у бўй кўтаролмай, қаддини ростлолмаганга ўхшаш.

 

Ислом рукнлари

«Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ» (Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси), деб гувоҳлик бериш ҳамда унинг маъноси ва далили

Ислом рукнлари бешта: «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ» (Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси), деб гувоҳлик бериш, намозни барпо қилиш, закотни ўташ, Рамазон рўзасини тутиш ва Аллоҳнинг уйини ҳаж қилиш.

Ислом ушбу рукнлар билангина қоим бўлади. Агар бирортаси топилмайдиган бўлса Ислом барбод бўлади. Қолган тоат-ибодатлар эса ушбу рукнларни тўлдирувчи амаллардир. Барча тоат-ибодат ва хайрли ишлар ушбу рукнларни мукаммаллаштириб-тўлдириб туради. Шунинг учун ҳам Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга саҳобалар ҳозирлигида: «Менга Ислом ҳақида хабар беринг», дедилар. Шунда (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ислом «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ» (Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир), деб гувоҳлик беришинг, намозни барпо қилишинг, закотни ўташинг, Рамазон рўзасини тутишинг ва йўлга қодир бўлсанг байт-уйни (яъни Каъбани) ҳаж қилишинг», дедилар.

Исломни ушбу беш рукн билан изоҳлаб бердилар. Бироқ Ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг ҳадисларида ушбу беш амал Ислом асослари-пойдеворлари дея баён қилиб шундай дедилар: «Ислом беш нарса устига қурилгандир»,[32] яъни, ушбу беш амал Исломнинг бари эмас, бироқ унинг рукн ва қолган амаллар унинг устига қуриладиган асос-пойдеворидир. Шариатнинг қолган амаллари ушбу рукнларни мукаммал қилиб-тўлдириб боради.

Шаҳодат-гувоҳлик беришнинг далили: «Аллоҳ, фаришталар ва илм аҳллари – Ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи борлигига гувоҳлик бердилар. У адолат билан тургувчи – Ҳукм қилгувчидир. Ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бор. У Азиз ва Ҳаким бўлган Зотдир» (Оли Имрон: 18).

«Гувоҳлик берди..», яъни, ҳукм қилди, амр этди, эълон қилди, баён қилиб берди ва мажбурият қилиб юклади. Аллоҳ таоло томонидан бўлган гувоҳлик ушбу беш маънони ифодалайди: الحكم – ҳукм, الفضاء – амр-ҳукм қилмоқ, الإعلان – эълон қилмоқ, البيان – баён қилмоқ ва الإلزام – мажбурият қилиб юкламоқ.

Демак, «Гувоҳлик берди», яъни, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўзидан бошқа ҳақ илоҳ йўқ эканини эълон қилиб, хабар бериб, бандаларига буни мажбурият ўлароқ юклади.

«لا اله»: Аллоҳдан ўзга ибодат қилинаётган барча нарсани инкор қилиш.

«الا هو»: ибодатни ёлғиз Аллоҳга исбот қилиш.

«Ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқ», яъни, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан ўзга ибодатга ҳақли маъбуд йўқ. Аллоҳдан ўзгасига ибодат қилинса-да, ушбу ибодат Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг мана бу қовлига биноан ботилдир: «Бунга сабаб, Аллоҳнинг Ўзигина Ҳақ экани ва Уни қўйиб (мушриклар) дуо-илтижо қилаётган (бутлар) эса ботилнинг ўзи экани ҳамда шак-шубҳасиз, Аллоҳнинг Ўзигина энг Олий ва Буюк Зот эканлигидир» (Ҳаж: 62). Субҳанаҳу ва таоло Ўзининг ваҳдониятига гувоҳлик берди. Ҳолбуки у сўзлагувчиларнинг энг ростгўйидир. Субҳанаҳу ва таолонинг гувоҳлиги шаҳодатларнинг энг ростидир. Чунки у барча нарсани биладиган Ҳаким, Хобир ва Алим Зот томонидан содир бўлган шаҳодатдир.

«Фаришталар»: Ундан ўзга ҳақ илоҳ йўқ деб гувоҳлик бердилар. Малоикалар ҳам бир олам бўлиб, Аллоҳ таоло уларни Ўзига ибодат қилишлари учун яратди. Улар Аллоҳнинг мукаррам бандаларидир. Кечаю-кундуз Аллоҳни барча айбу-нуқсонлардан поклаб, асло малолланмайдилар. Ва яна Аллоҳ таоло уларни борлиқдаги буйруқларини ижро этиш учун яратган. Уларга субҳанаҳу ва таоло борлиқдаги буйруқни ижро этиш ваколатини берган. Ҳар бир фариштага бир иш топширилган. Уларнинг гувоҳликлари рост гувоҳликдир. Чунки улар илм, ибодат ҳамда маърифат аҳли. Улар махлуқотларнинг энг афзалими ёки инсонлардан бўлган солиҳ зотлар улардан-да афзалми, деган масалада ихтилоф бор.

«Илм аҳллари»: улар икки турлидир. Биринчиси фаришталар, иккинчи гуруҳ эса инсон жинсидан бўлган илм эгалари. Илм аҳллари жоҳилларга хилоф ўлароқ фақат ҳақ нарсагагина гувоҳлик берадилар. Жоҳилларнинг гувоҳликлари эътиборсиздир. Аллоҳнинг махлуқотларидан бўлган ҳар бир илм эгаси Унинг ваҳдониятига ва Ундан ўзга ҳақ илоҳ йўқ эканига гувоҳлик беради. Бу эса илм аҳли қанчалар юқори даражаларда эканига далолат қилади. Чунки Аллоҳ таоло уларнинг гувоҳликларини Ўзининг ва фаришталарининг гувоҳликларига боғлаб бир сафда зикр қилиб, махлуқотлари ичидаги илм эгаларининг шаҳодатларини эътиборга олди. Бу уларнинг фазилатли, шарафли ва маконатларининг юқори эканига далолат қилади. Чунки у энг буюк нарса – тавҳидга гувоҳлик берилди.

Илм аҳлидан мурод, шаръий илм эгаларидир. Баъзи кимсалар: илм аҳлидан мурод саноат, зироат аҳлидир, деб айтишаётганидек эмас. Илм аҳли деганда улар назарда тутилмайди. Чунки уларнинг илми чегараланган, қайдланган. Балки: бу киши ҳисоб олими, муҳандисликда олим, тиббиёт олими, дейилади. Уларга нисбатан мутлақ аҳли илм деган сўз қўлланилмайди. Чунки бу калима шаръий илм эгаларигагина қўлланилади. Ва яна дунёвий илм эгаларининг кўпчилиги мулҳид бўлиб, (ўз соҳалари) борасида илмлари зиёда бўлгани сари Аллоҳ азза ва жалладан жоҳилликлари ва ҳозирда кофир халқларда кузатилаётганидек, кибр ва инкорлари ҳам зиёда бўлиб боради. Тўғри, улар ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги соҳаларида илдамлам кетишгандир. Бироқ улар барибир кофирлардир. Энди, уларни Аллоҳ таоло мана бу қовлида «Илм аҳллари», дея зикр қилганлар, ўша (турли) фан эгаларидир, деб айтиладими?! Бунга асло ақл бовар қилмайди.

Шунингдек, Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Албатта Аллоҳдан бандалари орасида олим-билимдонлар қўрқур» (Фотир: 28). Улар Аллоҳни ҳаққирост маърифат ила танийдиган, Унга ҳақиқий қуллик бажо қилиб ибодат қиладиган ва «الخشية» (илмга йўғрилган) қўрқув билан қўрқадиган шаръий уламолардир. Анавиларга келсак, уларнинг кўпчилиги Аллоҳ азза ва жалладан қўрқмайди. Балки Унга куфр келтириб, инкор қилишади. Ва ушбу оламни Роббиси йўқ дея даъво қиладилар. Худди коммунистларда кузатилганидек. Улар: Роб субҳанаҳу ва таолони инкор қилишди. Ҳолбуки улар дунёвий фанларни қўлга киритгандилар. Энди қандай қилиб: «Улар аҳли илмдир», деб айта оламиз?!

Бу хато бўлиб, илм фақатгина ўзининг аҳлига нисбат берилади. Бу шарафли бир ном бўлиб, мулҳид ва кофирларга нисбатан: «Улар аҳли илмдир», деб айтилмайди.

Малоика ва илм эгалари Аллоҳнинг ваҳдониятига гувоҳлик беришган экан, демак, улардан бошқа Аллоҳ азза ва жаллага куфр келтирадиган мулҳид, мушрик, собиинларнинг сўзларини сариқ чақалик қиймати йўқ. Уларнинг ўзлари-ю сўзлари бирор қийматга эга эмас. Чунки у Аллоҳнинг, малоикаларнинг ва инсониятдан бўлган илм аҳлининг гувоҳлигига хилофдир.

«У адолат билан тургувчи – Ҳукм қилгувчидир», яъни, Аллоҳ таоло барча нарсада адолатни қоим қилган Зотдир. Адолат зулмнинг акси. У субҳанаҳу ва таоло Ҳакам, Адл Зот бўлиб, Ундан барча нарсада фақат адолат содир бўлади.

«Ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бор»: аввалги жумлага таъкид бўлди.

«У Азиз ва Ҳаким бўлган Зотдир»: Азиз ва Ҳаким – Аллоҳ азза ва жалланинг икки исми бўлиб, Унинг сифатларидан иззат-ғолиблик ва ҳикмат бўлмиш икки сифатни ўз ичига олгандир.

Унинг (шаҳодатнинг) маъноси – Аллоҳдан ўзга ҳақ маъбуд йўқдир. «لا اله»: Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган жамийки нарсани инкор қилмоқ. «الا الله»: ибодатни ёлғиз Ўзига исбот қилмоқ. Унинг мулкида шериги бўлмаганидек, ибодатида ҳам шериги йўқдир.

«Унинг (шаҳодатнинг) маъноси – Аллоҳдан ўзга ҳақ маъбуд йўқдир», яъни, «Ла илаҳа иллаллоҳ»нинг маъноси ботил аҳли айтганларидек: Аллоҳдан ўзга Яратувчи, Ризқ берувчи йўқ, деган маънода эмас. Чунки бу мушриклар ҳам тан оладиган рубубият тавҳидидир. Улар Аллоҳ таоло айтганидек «Ла илаҳа иллаллоҳ», деб айтмасдилар: «Чунки уларга: «Ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқ, магар ёлғиз Аллоҳгина бордир», дейилган вақтда кибр-ҳаво қилган эдилар. Ва улар: «Ҳали бизлар бир мажнун шоирни деб олиҳаларимизни тарк қилар эканмизми?», дер эдилар» (Соффат: 35-36). Олиҳаларимизни, яъни, сиғинаётган маъбудотлармизни. «Бир мажнун шоирни деб», яъни, Расул соллаллоҳу алайҳи ва салламни назарда тутиб, у кишини шоир, мажнун дея сифатладилар. Чунки у киши уларга қарата: «Ла илаҳа иллаллоҳ, деб айтинглар» деб, бут-санамларга ибодат қилишдан қайтардилар.

У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга қарата: «Ла илаҳа иллаллоҳ», деб айтинглар деганларида шундай дейишди: «(Шунча) худоларни битта худо қилиб олибдими?! Ҳақиқатан, бу жуда қизиқ нарса!» (Сод: 5). Улар олиҳаларни бир неча ададда деб билардилар.

Бу эса, унинг маъноси Аллоҳдан ўзга ибодатга ҳақли илоҳ йўқ деган маънога далолат қилади. Агарда унинг маъноси Аллоҳдан ўзга Яратувчи, Ризқ берувчи йўқ деган маънода бўлганида, улар «Ла илаҳа иллаллоҳ», деб айтишдан қайтмаган бўлардилар. Чунки уларга «Осмонлар ва ерни ким яратган?», деб савол берилганда, «Аллоҳ», дердилар. «Яратиб, ризқ берадиган, тирилтириб, ўлдирадиган ва ерни бошқарадиган ким?», деб савол берилганда, «Аллоҳ», деб жавоб берардилар. Улар ушбу маъноларни эътироф этардилар. Агар «Ла илаҳа иллаллоҳ»нинг маъноси шундай бўлганида, улар албатта бунга иқрор бўлардилар. Бироқ унинг маъноси: Аллоҳдан ўзга ибодатга ҳақли маъбуд йўқдир.

Агар: Аллоҳдан ўзга маъбуд йўқ, деб айтсангиз, бу жуда қўпол хато бўлади. Ва гапингиздан барча маъбудотлар – Аллоҳдир, деган маъно келиб чиқади, Аллоҳ таоло ушбу бузуқ маънодан Олийдир. Бироқ «ҳақ» деган сўзга қайдлаб айтсангиз Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан ўзга маъбудотларни рад этган бўласиз. Демак, Аллоҳдан ўзга ҳақ маъбуд йўқ, деб айтишингиз шартдир. Тавҳид калимасини талаффуз қилар экансиз ушбу маънога урғу бериб ўтинг.

«Ла илаҳа»: нафийдир. Улуҳиятни Аллоҳдан ўзгасидан рад этиш.

«Иллаллоҳ»: исботдир. Улуҳиятни шериксиз, ёлғиз Аллоҳга исбот қилиш.

Демак, «Ла илаҳа иллаллоҳ» нафий ва исботни ўз ичига олади. Тавҳидда нафий ва исбот бўлиши лозиму лобуддир. Исботни ўзи кифоя қилмайди. Шунингдек, нафийни ўзи ҳам кифоя қилмайди. Балки нафий ва исбот бўлмоғи лозимдир. Аллоҳ таоло шундай деди: «Бас, ким тоғут (шайтон)дан юз ўгириб, Аллоҳга иймон келтирса…» (Бақара: 256).

«Аллоҳга ибодат қилинг ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар!» (Нисо: 36).

Аллоҳ илоҳдир, деб айтишингиз асло кифоя қилмайди. Лот ҳам илоҳ, Уззо ҳам илоҳ, Манот ҳам илоҳ. Барча бут-санамлар олиҳалар деб аталади.

Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ, деб айтишингиз зарурдир. Тоинки тавҳид ҳаққи рост рўёбга чиқиб, ширк инкор қилиниши учун ҳам нафий ва исбот орасини жамлашингиз лозим бўлади.

Ушбу маънога аниқлик киритадиган изоҳ Аллоҳ таолонинг мана бу қовлидир: «Эсланг, Иброҳим отасига ва қавмига деган эди: «Албатта мен сизлар ибодат қилаётган бутлардан покдирман. Магар мени яратган Зотгагина (ибодат қилурман). Бас, албатта У мени (ҳақ динга) ҳидоят қилажак». У (Иброҳим) ўшани (яъни, ўзининг ёлғиз Аллоҳга ибодат қилиши ҳақидаги сўзни ўзидан кейин келадиган зурриёт-авлодлари ҳам унга) қайтишлари учун ўз ортида қолгувчи сўз қилди» (Зухруф: 26-28).

Қуръонни Қуръончалик изоҳлайдиган нарсанинг ўзи йўқ. «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни Аллоҳ Қуръонда изоҳлаб-тафсир қилиб берди. Ва бу Аллоҳ таоло Иброҳим Холилуллоҳ алайҳиссалом ҳақларида зикр қила туриб айтган қовлидир: «Сизлар ибодат қилаётган бутлардан покдирман». Бу «Ла илаҳа»даги нафийдир. «Магар мени яратган Зотгагина (ибодат қилурман)». Бу эса «Иллаллоҳ»даги исботдир.

Ушбу оят «Ла илаҳа иллаллоҳ» маъносининг тамомий изоҳидир.

Ва яна ушбу қовли: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Эй аҳли Китоб» (яъни, яҳудий ва насронийлар), бизга ҳам, сизга ҳам баб-баробар бўлган бир сўзга келингиз – ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилайлик, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайлик ва Аллоҳни қўйиб, бир-бировларимизни худо қилиб олмайлик». Агар улар (яъни, аҳли Китоблар ушбу даъватдан) юз ўгирсалар, у ҳолда сизлар (эй мўминлар): «Гувоҳ бўлинглар, биз мусулмонлар – ягона Аллоҳга итоат қилгувчилармиз», деб айтингиз!» (Оли Имрон: 64).

Аллоҳ таолонинг ушбу: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Эй аҳли Китоб» (яъни, яҳудий ва насронийлар), бизга ҳам, сизга ҳам баб-баробар бўлган бир сўзга келингиз – ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилайлик, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайлик», қовли Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб, баҳсу мунозара ва савол-жавоб қилган Нажрон насороларининг элчилари ҳақида нозил бўлган. Шунда ўртада узун бир суҳбат бўлиб ўтади. Улар араб насороларидан эдилар. Охирида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам улардан мубоҳала-ўзаро ёлғон айтганга Аллоҳдан лаънат бўлишини айтиб дуо қилишни талаб қилдилар.

«Айтинг: «Келинглар, ўғилларимизни ва ўғилларингизни, аёлларимиз ва аёлларингизни, ўзларимизни ва ўзларингизни чорлаб-йиғайлик, сўнгра Аллоҳга тазарруъ билан илтижо қилайлик-да, ёлғончиларни Аллоҳ лаънат қилишини сўрайлик»» (Оли Имрон: 61).

У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам улардан мубоҳала талаб қилганларида қўрқувга тушиб, ўчакишга юрак дов бермадилар. Ва у кишига жизя тўладилар. Чунки ўзларини ботилда эканликларини ва у киши Аллоҳнинг элчиси соллаллоҳу алайҳи ва саллам эканларини жуда яхши билардилар.

«نبتهل», яъни, ичимиздаги ёлғончига лаънат бўлишини сўраб дуо-илтижо қиламиз. Улар ўзларини ёлғончи эканларини ва мубоҳалага киришадиган бўлишса, албатта, устиларига олов нозил бўлиб, турган жойларида кул қилишини билардилар. Шунда: Йўқ, яхшиси жизя тўлаймиз-да, мубоҳалага киришмаймиз дейишди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам улардан жизя қабул қилдилар. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ушбу оятда у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламни нимага буюргани улар учун кундек равшан эди.

Ушбу оятда «Ла илаҳа иллаллоҳ»нинг маъноси зикр қилинди. «ألا نعبد» – нафий, «الا الله» – исботдир, яъни, «Ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилайлик». Ана шу осмонлар ва ер унинг учун қоим бўладиган адолатдир. Осмонлар ва ер тавҳид ва адолат асосида қоим бўлар экан, У Зотга ибодатда бирор нарсани шерик қилмаймиз. На Масиҳ алайҳиссаломники, у кишини Роб деб, Аллоҳни қўйиб ибодат қилишди. Ва на Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, ёки солиҳ зот ва авлиёрларни. «Ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилайлик, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайлик».

«Ва Аллоҳни қўйиб, бир-бировларимизни худо қилиб олмайлик». Худди олим ва ибодатгўйларни Аллоҳдан ўзга Роблар қилиб олганингиздек: «Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг донишмандларини ва роҳибларини ҳамда Масиҳ бинни Марямни Роб деб билдилар. Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга бандалик қилишга маъмур (буюрилган) эдилар» (Тавба: 31). Аллоҳни қўйиб донишманд ва роҳибларни Роб қилиб олишликни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол санаш ёки Аллоҳ ҳалол қилган нарсани ҳаром санашда уларга итоат қилишлик дея баён қилдилар.[33] Ана шу Аллоҳни қўйиб уларни Роблар қилиб олишнинг маъносидир. Агар Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол санаш ва У Зот ҳалол қилганни ҳаром санашда уларга итоат қилишса, дарҳақиқат, уларни Роб қилиб олган бўладилар. Чунки одамларга шариат жорий қилиб, ҳалол ёки ҳаром қилиш Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ҳаққидир.

«Агар улар (яъни, аҳли Китоблар ушбу даъватдан) юз ўгирсалар», яъни, тавҳид даъватини қабул қилмасалар. «У ҳолда сизлар (эй мўминлар): «Гувоҳ бўлинглар, биз мусулмонлар – ягона Аллоҳга итоат қилгувчилармиз», деб айтингиз!» Уларни сизлар муваҳҳид, улар эса кофирлар эканига гувоҳ қилиб қўйинглар. Йўлларининг ботил эканини баён қилиб беринглар. Ушбу оятдан мушрикларнинг динидан пок-безор бўлиб ва буни очиқчасига баралла айтиш лозим эканини истифода қиламиз. Гувоҳ бўлингизким, биз мусулмон-тўла таслим бўлувчилармиз. Ушбу оятда мушрикларнинг йўли ботил эканини эълон қилиш ва бундан сукут сақламаслик, ширкни ботил эканини баралла айтиб, мушрикларга раддия бериш вожиб эканини истифода қиламиз.

Хулоса:

«Ла илаҳа иллаллоҳ»ни икки рукни бор: нафий ва исбот. Агар сенга: «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни рукнлари нима, дейилса, у нафий ва исботдир, деб айтгин.

Унинг еттита шарти бўлиб, ушбу шартларсиз «Ла илаҳа иллаллоҳ» ўз соҳибига фойда беролмайди.

Илм: унинг зидди жаҳл-илмсизликдир. Тилида «Ла илаҳа иллаллоҳ», деса-ю, бироқ маъносини билмаса, ушбу кимсага «Ла илаҳа иллаллоҳ»дан манфаат йўқдир.

Яқин-аниқ ишонч: шак-шубҳага ўрин қолдирмаслик лозим. Чунки баъзи кимсалар «Ла илаҳа иллаллоҳ»нинг маъносини билади. Бироқ унда бу борада шак-шубҳа бор. Билгани саҳиҳ-тўғри эмас. Демак, унда «Ла илаҳа иллаллоҳ»га нисбатан ва унинг ҳақ эканига яқин-аниқ ишонч бўлиши даркор.

Ихлос: ширкнинг зидди. Баъзи кимсалар «Ла илаҳа иллаллоҳ» дейди. Бироқ ҳануз ширкда бардавом. Мисол учун ҳозирда қабрларга сиғинувчиларда кузатилаётганидек. Уларга «Ла илаҳа иллаллоҳ»дан манфаат йўқ. Чунки ширкни тарк этиш унинг шартларидандир.

Сидқ: ёлғоннинг зидди. Чунки мунофиқлар «Ла илаҳа иллаллоҳ», дейдилар. Бироқ қалбларида ёлғон деб, унинг маъносига эътиқод қўймайдилар. Аллоҳ таоло шундай деди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), қачон мунофиқлар сизнинг олдингизга келсалар: «Гувоҳлик берамизки, сиз шак-шубҳасиз, Аллоҳнинг пайғамбаридирсиз», дерлар. Аллоҳ дарҳақиқат, сиз Ўзининг пайғамбари эканлигингизни билур, яна Аллоҳ у мунофиқларнинг шак-шубҳасиз, ёлғончи эканларига ҳам гувоҳлик берур. Улар ўзларининг (мусулмон эканлари ҳақидаги ичган ёлғон) қасамларини қалқон қилишиб олиб,…» (Мунофиқун: 1-2).

Муҳаббат: ушбу калима ва унинг аҳлига муҳаббат қўйган бўлишингиз лозим. Ушбу калима ёки унинг аҳлига муҳаббат қўймаганларга, «Ла илаҳа иллаллоҳ»дан фойда йўқдир.

Бўйинсуниш: юз ўгириб, тарк этишнинг зидди. Ушбу калима далолат қилган, шериги йўқ, ёлғиз Аллоҳга ибодат қилиш, Унинг буйруқларига итоат қилиш каби маъноларга бўйинсуниш лозим. Модомики, Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ, деб эътироф этиб, гувоҳлик берар экансиз, Унинг ҳукмлари ва динига бўйинсунишингиз лозим бўлади. Бироқ «Ла илаҳа иллаллоҳ» десангизу, Аллоҳнинг ҳукми ва шариатига бўйинсунмасангиз, «Ла илаҳа иллаллоҳ»нинг сизга ҳеч қандай фойдаси йўқдир.

Қабул қилиш: рад этишнинг зидди. «Ла илаҳа илалллоҳ»нинг ҳақ-ҳуқуқлари ва у далолат қилган маъноларни рад этмай, балки у далолат қилган барча маъноларни бош устига деб, қабул қиласиз.

Саккизинчи шарт ҳам зиёда қилинди, яъни, ширкдан пок-безор бўлиш. То ширкдан безор эканлигингизни эълон қилмас экансиз, муваҳҳид бўлмайсиз: «Эсланг, Иброҳим отасига ва қавмига деган эди: «Албатта мен сизлар ибодат қилаётган бутлардан покдирман»» (Зухруф: 26).

Шулар «Ла илаҳа иллаллоҳ»нинг саккизта шарти эди.

«Муҳаммадур Расулуллоҳ» (Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси), деб гувоҳлик беришликнинг далили Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: «(Эй инсонлар), ахир сизларга ўзларингиздан бўлган, сизларнинг кулфат-машаққат чекишингиздан қийналувчи, сизларнинг (тўғри йўл-ҳақ динга келишингизга) ҳарис-ташна бўлган ва барча мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган бир пайғамбар келди-ку!» (Тавба: 128).

Ислом рукнларининг аввалгиси икки қисмдан ташкил топган:

Биринчиси: Ла илаҳа илалллоҳ (Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ) деб гувоҳлик бериш.

Иккинчиси: Муҳаммадур Расулуллоҳ (Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир) деб гувоҳлик бериш.

Ушбу иккиси бир рукндир. Биринчи қисми: ибодатни холис адо этмоқ. Иккинчи қисми: Расул соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашмоқ.

«Муҳаммадур Расулуллоҳ» (Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси), деб гувоҳлик беришликнинг далили Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: «(Эй инсонлар), ахир сизларга ўзларингиздан бўлган, сизларнинг кулфат-машаққат чекишингиздан қийналувчи, сизларнинг (тўғри йўл-ҳақ динга келишингизга) ҳарис-ташна бўлган ва барча мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган бир пайғамбар келди-ку!». Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир, деб гувоҳлик беришлик, Китобу Суннат ва у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рисолатлари ҳақ эканига далолат қилувчи мўъжизалардан иборат далилларга эга. Қуръоннинг ушбу оятида Аллоҳ таоло айтадики: «(Эй инсонлар), ахир сизларга ўзларингиздан бўлган, сизларнинг кулфат-машаққат чекишингиздан қийналувчи, сизларнинг (тўғри йўл-ҳақ динга келишингизга) ҳарис-ташна бўлган ва барча мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган бир пайғамбар келди-ку!»

Ушбу оят Аллоҳ таоло томонидан Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам рисолатни олиб келганларига бўлган гувоҳлик ва сифатларини баён қилишдир.

«Ахир сизларга … бир пайғамбар келди-ку!», хитоб барча иносниятга қаратилган. Чунки у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рисолатлари умумий инсон ва жин тоифасини ўз ичига олади.

«Бир пайғамбар», «رسول» – унга шариат ваҳий қилиниб, ушбу шариатни етказишликка маъмур бўлган киши. Элчи-пайғамбар деб аталишига сабаб, чунки у Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло томонидан юборилгандир.

«Ўзларингиздан бўлган», яъни, ўз жинсингиз бўлмиш инсон зотидан, фаришталардан эмас. Бу Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ўзгармас қонуники, У башариятга (барча нарсани очиқ) баён қилиб бериши ва одамлар у билан ўзаро суҳбат қуриб, (яқиндан) таниб-билиб олишлари учун ўзларидан бўлган бир элчини юборди. Агар фаришта жўнатганида у билан ўзаро суҳбат қуриб, кўзлари билан кўролмасдилар. Чунки у уларнинг жинсидан эмас. Субҳанаҳу ва таоло раҳмат ўлароқ одамларга ўзларидан бўлган, балки арабларнинг энг наслу насаби шарафлиси бўлмиш Қурайшнинг Бану Ҳошим уруғидан бир элчини юборди. Бану Ҳошим Қурайшнинг энг насли олий уруғи ва шу билан бирга Қурайш арабларнинг энг насли олий қабиласидир. Демак улар у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг наслу насаблари олий экани, шахсиятлари, қайси қабиладан ва қайси шаҳардан эканларини яхши билардилар. Агар у кишини танимаганларида, айтган гапларини қандай тасдиқлардилар? Агар у киши уларнинг тилларида сўзламаганларида, у кишини қандай тушунишарди?

«Сизларнинг кулфат-машаққат чекишингиздан қийналувчи», яъни, сизларга оғир-машаққатли келадиган нарсага куйиниб-эзилувчи. Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматга машаққат бўлишини асло хоҳламайдилар. Балки енгиллик ва осонлик бўлишини истайдилар.

Шунинг учун ҳам соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шариатлари енгил, кенгбағирлийликдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Тўғри йўлдан оғмаган, кенгбағирлилик ила жўнатилдим».[34] Аллоҳ таоло айтадики: «Ва бу динда сизларга бирон ҳараж-танглик қилмади» (Ҳаж: 78). Ва яна шундай деди: «Аллоҳ сизларни бирон танглик машаққатга солмоқни истамайди» (Моида: 6). Унинг шариати осон-енгиллик бўлиб, одамларнинг куч-қудратини инобатга олган ҳолда уларга тоқатларидан ташқари нарсани юкламайди.

Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга енгил бўлишини хоҳлардилар. Икки ишдан бирини танлашга тўғри келиб қолса, модомики гуноҳ бўлмас экан, енгилини танлардилар. У киши бирор амалга қўл уришни хоҳлардилар-да, умматларига машаққат бўлиб қолмасин дея тарк этардилар. Булар у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сифатларидан бўлиб, умматларига машаққат бўлишидан куйиниб, уларнинг хурсандликлари сабаб шодланардилар. Ушбу сифатларга эга бўлган киши шак-шубҳасиз яхшилик ва раҳмат олиб келади (соллаллаҳу алайҳи ва саллам).

«Сизларнинг (тўғри йўл-ҳақ динга келишингизга) ҳарис-ташна бўлган», яъни, ҳидоятга эришиб, зулматлардан нур сари чиқишингизга ташна бўлган. Шунинг учун ҳам даъват мобайнидаги машаққатларни ўз гарданларида кўтара билдилар. Аллоҳ таоло у кишига қарата шундай деди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), эҳтимол сиз (Макка мушриклари) мўмин бўлмаганлари учун ўзингизни ҳалок қилгувчидирсиз» (Шуаро: 3), яъни, улар иймон келтирмаганлари сабаб маҳзун бўлиб, ўзингизни ҳалок қилманг. Уларга хафа бўлманг. Буларнинг бари у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг нақадар самимий эканларидандир.

«Барча мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган».

رؤوف – мулойим ва лутф маъноларини ифодалайди.

Аллоҳ таоло у кишини қўпол-қўрс деб эмас, балки меҳрибон деб сифатлади. «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Аллоҳ томонидан бўлган бир марҳамат сабабли уларга (саҳобаларингизга) юмшоқ сўзли бўлдингиз. Агар қўпол, қаттиқ дил бўлганингизда эди, албатта улар атрофингиздан тарқалиб кетган бўлар эдилар» (Оли Имрон: 159).

У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам мўминларга нисбатан камтар, юмшоқ эдилар. Уларга қанотларини пастлатиб, очиқ юз, муҳаббат, ҳамдардлик ила қарши олардилар.

Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида беш сифатни зикр қилди.

Биринчи: У киши ўзларингиздан-жинсингиздан;

Иккинчи: Сизларнинг кулфат-машаққат чекишингиздан қийналувчи;

Учинчи: Сизларнинг (тўғри йўл-ҳақ динга келишингизга) ҳарис-ташна бўлган;

Тўртинчи: Барча мўминларга марҳаматли;

Бешинчи: Меҳрибон.

Ушбу беш сифат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сифатларидан бўлиб, фақат мўминларгагина марҳаматли ва меҳрибондирлар. Мушрик ва саркашларга эса қаттиқ-қўпол бўлиб, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло учун ғазаб қилардилар. Аллоҳ таоло айтганидек: «Эй пайғамбар, кофир ва мунофиқларга қарши курашинг ва уларга қаттиққўл бўлинг! Уларнинг жойлари жаҳаннамдир. Нақадар ёмон оқибат бу!» (Тавба: 73). У киши мўминларга марҳаматли, меҳрибон эканлар, демак, мўминлар ҳам ўзаро ана шундай муносабатда бўлмоқлари лозим: «Муҳаммад Аллоҳнинг пайғамбаридир. У билан бирга бўлган (мўмин)лар кофирларга қаҳрли, ўз ораларида (мўминлар билан) эса раҳм-шафқатлидирлар» (Фатҳ: 29).

«Муҳаммадур Расулуллоҳ» (Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси), деб гувоҳлик беришликнинг маъноси: У кишига буюрган буйруқларига итоат қилиш, (ғайб ҳақида) айтган хабарларини тасдиқлаш, қайтариб, маън қилган нарсаларидан четлашиш ва Аллоҳга у киши жорий қилган шариат билангина ибодат қилиш.

«Муҳаммадур Расулуллоҳ» (Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси), деб гувоҳлик беришнинг маъноси ва талаблари бор. Тилда айтиладиган қуруқ лафзнинг ўзи эмас. Маъноси: У киши Аллоҳнинг элчиси деб тилингиз билан нутқ қилиб, қалбингизда эътиқод қилишингиздир. Тилда айтиб, қалбда инкор қилиш эса Аллоҳ таоло ушбу қовлида хабар берганидек мунофиқларнинг йўлидир: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), қачон мунофиқлар сизнинг олдингизга келсалар: «Гувоҳлик берамизки, сиз шак-шубҳасиз, Аллоҳнинг пайғамбаридирсиз», дерлар. Аллоҳ дарҳақиқат, сиз Ўзининг пайғамбари эканлигингизни билур, яна Аллоҳ у мунофиқларнинг шак-шубҳасиз, ёлғончи эканларига ҳам гувоҳлик берур. Улар ўзларининг (мусулмон эканлари ҳақида ичган ёлғон) қасамларини қалқон қилишиб олиб…» (Мунофиқун: 1-2). Шаҳодатларини ҳимояландиган қалқон қилиб, Аллоҳнинг йўлидан тўсадилар. Бу эса фақат тил билан нутқ қилишнинг ўзи кифоя қилмаслигига далолат қилади.

Шунингдек, тилда нутқ қилишга қодир бўла туриб фақат қалбда эътиқод қилишнинг ўзи ҳам етарли эмас. Чунки мушриклар у киши Аллоҳнинг элчиси эканларини билишарди, бироқ қайсарлик қилишарди. Аллоҳ таоло айтганидек: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), албатта Биз уларнинг гаплари сизни маҳзун қилишини билурмиз. Зотан, улар сизни ёлғончи қилмайдилар, балки бу золимлар Аллоҳнинг оятларини инкор қиладилар» (Анъом: 33). Демак, улар қалбларида (у кишининг) рисолатларини эътироф этишарди ва у киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳнинг элчиси эканларини билишарди. Бироқ уларни у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рисолатларини тан олишликдан кибр ва қайсарлик тўсиб турарди.

Шунингдек, яҳудий ва араб мушрикларини ҳасад ҳам тўсиб турарди. Абу Жаҳл, Амр ибн Ҳишом шуни эътироф этиб, айтишардики: Биз ва Бани Ҳошим барча ишларда баробар эдик. Бироқ улар: Пайғамбар биздан (чиқди). Сизларда эса пайғамбар йўқ, дейишди. Энди пайғамбарни қаердан олиб келамиз? Ана шу сабабдан у киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг рисолатларини Бани Ҳошимга ҳасад қилиб инкор этишди.[35]

Абу Толиб ўзининг қасидасида айтадики:

Дарҳақиқат, Муҳаммаднинг дини, динларнинг энг яхшиси эканини билдим.

Маломат ва таъна-дашномлар бўлмаганида, мени шуни очиқчасига айтган ҳолатда топардинг.

Демак, Абу Толиб ҳам Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг рисолатларини эътироф этарди. Бироқ қавмига нисбатан жоҳилий қизиққонлик уни санамларга ибодат қилишга (йўғрилган) Абдулмутталлибнинг динини инкор этишдан тўсганди. Улар у кишини пайғамбар эканларини қалблари ила эътироф этишарди. Демак, у киши Аллоҳнинг элчиси эканларини қалбда эътироф этишнинг ўзи кифоя қилмайди. Балки тилда нутқ қилиш зарурдир.

Сўнг эса тилда нутқ қилиш ва қалбда эътироф этишнинг ўзи ҳам кифоя қилмайди. Балки учинчи иш бўлмиш «الإتباع» – эргашиш ҳам лозимдир. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди: «Бас, унга иймон келтирган, уни улуғлаб, унга ёрдам қилган ҳамда унинг (келиши) билан нозил қилинган нурга (яъни, Қуръонга) эргашган зотлар – ана ўшаларгина нажот топгувчилардир» (Аъроф: 157). Ҳатто Абу Толиб сингари у кишини Аллоҳнинг элчиси эканларини била туриб у кишига ёрдам қўлини чўзиб, ҳимоя қилиб, эргашмас экан, мусулмон бўлмайди. Шунинг учун ҳам шайх раҳимаҳуллоҳ айтдиларки: Муҳаммадур Расулуллоҳ» (Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси), деб гувоҳлик беришликнинг маъноси: у кишига буюрган буйруқларида итоат қилиш, (ғайб ҳақида) айтган хабарларини тасдиқлаш, қайтариб, ман қилган нарсаларидан четлашиш ва Аллоҳга у киши жорий қилган шариат билангина ибодат қилиш.

У кишининг рисолатларини ҳам зоҳирда, ҳам ботинда ва ҳам эътиқод жиҳатидан эътироф этиш ва у кишига эргашиш шартдир. Ушбу маъноларнинг бари шайх раҳимаҳуллоҳ ёдга олган тўрт жумла остига дохил бўлади:

Биринчи: У кишига буюрган ишларида итоат қилиш. Аллоҳ жалла ва ала шундай деди: «Кимки пайғамбарга итоат этса, демак, Аллоҳга итоат этибди» (Нисо: 80). Ва яна шундай деди: «Биз қай бир пайғамбарни юборган бўлсак, фақат Аллоҳнинг изни-иродаси билан унга итоат қилинсин, деб юборганмиз» (Нисо: 64). Аллоҳ таоло Расулга итоат қилишни Ўзига итоат қилиш деб ва Расулга осийлик қилишни Ўзига осийлик қилиш дея ёд этди: «Кимки Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига осий бўлса, бас, албатта унинг учун жаҳаннам олови бордир. (Ундай кимсалар) ўша жойда мангу қолурлар» (Жин: 23). Ва яна шундай деди: «Агар унга бўйинсунсангиз ҳидоят топурсизлар» (Нур: 56). Демак, у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат этишдан ўзга чора йўқдир. У кишини Аллоҳнинг элчиси деб гувоҳлик берган кишига, соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буюрган буйруқларига итоат этиши лозим бўлади. Аллоҳ таоло шундай деди: «Пайғамбар ўзи сизларга ато этган нарсани олинглар, у зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар» (Ҳашр: 7). Ва яна шундай деди: «(Пайғамбарнинг) амрига хилоф иш қиладиган кимсалар ўзларига бирон фитна-кулфат етиб қолишидан ёки аламли азоб етиб қолишидан ҳазир бўлсинлар!» (Нур: 63). Демак, Расул соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилиш лозиму лобуддир.

Иккинчи: Хабар берган нарсаларини тасдиқлаш. Чунки Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўплаб ғайбий ишлар ҳақида хабар берганлар. Аллоҳ, маоикалар ҳақида ва қиёмат қоим бўлиши, унинг шартлари, жаннат, дўзахдан иборат келажакдаги ишлар борасида хабар берганлар. Ҳамда ўтган умматларнинг ҳолатлари борасидаги мозийдан хабар берганлар. У кишини ушбу хабарларда тасдиқлашлик шартдир. Чунки у рост, ёлғон эмас. Аллоҳ таоло шундай деди: «Ва у (сизларга келтираётган Қуръонни) ўз ҳавойи-хоҳиши билан сўзламас. У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан пайғамбарга) ваҳий қилинаётган (туширилаётган) бир ваҳийдир» (Нажм: 3-4).

Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу хабарлар ёки буйруқ ва қайтариқларни ўзларидан олиб гапирмаганлар. Бирор нарсани ўзларидан келиб чиқиб сўзламаганлар. Балки Аллоҳ азза ва жалладан бўлган ваҳийнигина гапирганлар. Барча хабарлари чиндир. У кишини хабар бериб айтган нарсаларида тасдиқламаган кимса мўмин эмас ва у киши Аллоҳнинг элчисидир, деб айтган гувоҳлигида ростгўй эмас. У кишини Аллоҳнинг элчиси дея гувоҳлик бериб, сўнг айтган хабарларини қандай ёлғонга чиқариб, буйруқларига итоат этмайди?!

Учинчи: Қайтарган ва ман қилган нарсаларидан четлашиш. Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам маълум бир сўз, феъл ва сифатлардан қайтарганлар. У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам фақат зарар ва ёмонликдангина қайтарганлар, ҳамда фақат яхшилик ва фойда бўлган нарсагагина буюрганлар. Банда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайтарган нарсаларидан четланмас экан, у кишининг рисолатларига гувоҳлик бермаган ва аксинча айтган сўзи ўзаро зиддиятли бўлиб қолган бўлади. Ахир, қандай қилиб у кишини Аллоҳнинг элчиси дея гувоҳлик бериб, Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайтарган нарсаларидан четланмайди?! Аллоҳ таоло айтяптики: «Пайғамбар ўзи сизларга ато этган нарсани олинглар, у зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар» (Ҳашр: 7). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Сизларни бирор нарсадан қайтарганимда, бас, ундан четланинглар. Сизларни бирор ишга буюрганимда, бас, уни қодир бўлганингизча бажаринглар».[36] Демак, у киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайтарган нарсалардан четлашиш зарурдир.

Тўртинчи: Аллоҳга фақат у киши жорий қилган шариат ила ибодат қилиш. Ибодатларда Аллоҳ таоло Ўзининг элчиси соллаллоҳу алайҳи ва салламга жорий қилган шариатгагина чеклан. Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам жорий қилмаган ибодатга қўл урма, гарчи ният-мақсадинг яхши бўлиб, ажрга эришишни истасанг-да. Чунки бу ботил амалдир. Сабаби Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни жорий қилмадилар. Ниятнинг ўзи етарли эмас, балки эргашиш ҳам зарурдир.

Ибодатлар далилга қайдланган бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жорий қилмаган «ибодатларга» қўл уриш жоиз эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Кимда-ким бизнинг буйруғимиз бўлмаган бирор амални қилса, бас, у рад этилгандир». Ва яна шундай дедилар: «Сизларга менинг йўлим ва мендан кейинги тўғри йўлдаги, ҳидоятланган халифаларимнинг йўли лозим бўлади. Уни маҳкам тутиб, озиқ тишларингиз билан тишланглар. (Динда) янги пайдо бўлган ишлардан ҳазир бўлинглар. Ҳар бир янги пайдо бўлган нарса бидъатдир. Ва ҳар бир бидъат залолатдир».[37]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жорий қилмаган ибодатга қўл уриш мункар ва қайтарилган бидъат ишдир. Гарчи ушбу ишни фалончи-ю пистончилар айтиб, амал қилиб ўтишган бўлса-да. Модомики ушбу иш Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган динда бўлмас экан, албатта, у бидъат ва залолатдир. Аллоҳга фақат элчисининг тилида жорий қилинган шариат билан ибодат қилинади. Динда янги пайдо бўлган иш ва хурофотларнинг бари ботил ва ушбу ишни қилган кишининг нуқсон ва залолатидандир. Гарчи яхшиликни қасд қилиб, ажрни хоҳлаган бўлса-да. (Бу ўринда) мақсад аҳамиятга эга эмас. Балки эргашиш, итоат қилиб, бўйинсуниш аҳамиятга моликдир. Агар ўзимиздан келиб чиқиб хоҳлаган ишимизни қилсак ва ибодатларни хоҳлаганимизча кўпайтириб оладиган бўлсак, Расул соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жўнатилишларига муҳтож бўлмасдик.

Бироқ Аллоҳнинг раҳматики, бизни ўз ақлимизга (таянишга) ташлаб қўймади. Фалончи-ю пистончиларга таянишимизга ташлаб қўймади. Чунки ушбу ишлар шариатга – Аллоҳу Расулига қайтади. Уларнинг ичида фақатгина Аллоҳ ва Расул жорий қилган шариатга мувофиқ бўлганигина фойдалидир. Демак, барча бидъатлардан узоқлашиш зарурдир. Кимда-ким динда Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келмаган бирор бидъат тўқиб чиқарадиган бўлса, дарҳақиқат, у у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламни Аллоҳнинг элчиси дея гувоҳлик бермабди. Ҳақиқий шаҳодат келтирмабди. Чунки у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламни Аллоҳнинг элчиси дея ҳақиқий гувоҳлик берадиган киши, у кишининг шариатларигагина чекланади. Ўзи томонидан (динга) бирор янги амал олиб келмайди ёки ўзидан аввал ўтганларнинг динда янги пайдо қилган ишларига эргашмайди.

Ана шу «Муҳаммадур Расулуллоҳ» (Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси), деб гувоҳлик беришнинг маъноси эди. Демак ушбу гувоҳлик амал қилмай, Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган йўлни лозим тутмай, фақат тилда айтиладиган лафзлар эмас.

Намоз ва закотнинг далили ҳамда тавҳиднинг изоҳи Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: «Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, У Зот учун динни холис қилган, тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни тўкис адо этишга ҳамда закотни (ҳақдорларга) ато этишга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри (йўлдаги миллатнинг) динидир» (Баййина: 5).

Ислом рукнларининг иккинчиси намоздир. Закот учинчи рукн бўлиб, Аллоҳнинг Китобида намоз билан ёнма-ён зикр қилинади. Намоз тана аъзолари ила, закот эса мол билан адо этилади.

Дарҳақиқат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу шундай дедилар: «Аллоҳга қасамки, намоз билан закот орасини ажратганларга қарши жанг қиламан».[38] Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан сўнг одамлар закот тўлашдан бош тортганида, Абу Бакр розияллоҳу анҳу уларга қарши жанг қилиб, шундай дедилар: «Аллоҳга қасамки, намоз билан закот орасини ажратгаларга қарши жанг қиламан. Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга адо этишган тақинчоқни (садақа-закотни) – яна бир ривоятда: «улоқча (эчки боласи)ни» – менга беришмайдиган бўлишса, шунинг учун ҳам уларга қарши жангга кираман».

Закот мол-давлатдаги вожиб бўлган ҳақ ва у Ислом рукнларидан биридир. Закот Қуръоннинг кўплаб оятларида намоз билан бир ўринда зикр қилинади. «Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, У Зот учун динни холис қилган, тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни тўкис адо этишга ҳамда закотни (ҳақдорларга) ато этишга буюрилган эдилар».

Ушбу оятдаги тавҳиднинг далили Аллоҳ таолонинг мана бу қовлидир: «Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, У Зот учун динни холис қилган…ҳолларида ибодат қилишга …буюрилган эдилар». Ана шу тавҳиднинг изоҳидир. Аллоҳга, У Зот учун холис бўлиб ибодат қилиш ва Ундан ўзгасига ибодат қилишни тарк этиш. Дин, тавҳид, ибодат бир маънодадир. «У Зот учун динни холис қилган», яъни, ибодатни холис қилган. Ана шу тавҳиднинг изоҳидир. Калом уламолари: Тавҳид – Аллоҳ таоло Яратувчи, ризқ берувчи, тирилтириб, ўлдирувчи, деб иқрор бўлишингдир, деб айтгаларидек эмас. Улар айтган бу тавҳид – тавҳиди рубубиятдир. Элчилар даъват қилган ва биздан талаб этилган тавҳид эса – тавҳиди улуҳият. Киши фақат ана шу тавҳидни адо этгандагина мусулмон бўлади.

Фақат тавҳиди рубубиятга иқрор бўлган кимса эса мусулмон эмас. Бунга далил, мушриклар тавҳиди рубубиятни эътиқод қилиб, тилларида айтиб, эътироф этишарди. Уларнинг ушбу иқрорлари Исломга дохил қилолмади ва ўзлари қатл қилиниб, моллари эса ўлжа қилиб олинишидан тўсиб қололмади. Чунки улар Аллоҳ азза ва жаллага ибодатда шерик исбот қилишгач, муваҳҳидлар сафига киришмади. Булар тавҳиднинг «Жавҳаро»[39] ёки «Мавақиф»[40] ёки калом уламоларининг китоблари каби фалончию пистончиларнинг китобидан эмас, балки Аллоҳнинг Китобидаги изоҳи эди. Тавҳиднинг изоҳи ушбу китоблардан олинмайди. Балки Аллоҳнинг Китоби, Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари, ҳамда ушбу икки асосни маҳкам тутган аҳли сунна вал жамоанинг китобларидан олинади.

Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидаги намознинг далили: «Ва намозни тўкис адо этишга … буюрилган эдилар», яъни, Аллоҳ азза ва жалла буюрганидек шартлари, рукн ва вожиботлари билан адо этмоқлик. Намознинг қуруқ сурати эса асло кифоя қилмайди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло: «Намозни ўқишга … буюрилган эдилар», деб айтмади. Балки: «Намозни тўкис адо этишга … буюрилган эдилар», деди. Намоз Аллоҳ азза ва жалла буюрганидек бажарилгандагина тўкис адо этилди, деб эътибор қилинади. Намозни фақат суратинигина хоҳлаганда ўқийдиган ёки таҳорат ва хотиржамликсиз, ҳамда намозни бузувчи амаллардан холий бўлмаган ҳолда адо қиладиган кимсага келсак, у намоз ўқимади. Шунинг учун ҳам Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозида хотиржамликни йўқотиб, уни чиройли суратда адо этмаган кишига қарата шундай дедилар: «Қайтиб, (бошидан) ўқи. Чунки сен намоз ўқимадинг».[41] Намоздан фақат тик туриш, рукуъ, сажда ва ўтиришдан иборат суратларгина мақсад қилинмаган. Балки Аллоҳ таоло буюрганидек барча шартлари тўла бажарилган ҳолатда адо этилиши мақсад қилинган.

Сўнг ушбу қовлида закотнинг далилини ёд этди: «Ҳамда закотни (ҳақдорларга) ато этишга буюрилган эдилар», яъни, Аллоҳ таоло қуйидаги қовлида зикр қилган ҳақдорларига ато этишга: «Албатта садақалар (яъни, закотлар) Аллоҳ томонидан фарз бўлган ҳолда, фақат фақирларга, мискинларга, садақа йиғувчиларга, кўнгиллари (исломга) ошна қилинувчи кишиларга, бўйинларни (қулларни) озод қилишга, қарздор кишиларга ва Аллоҳ йўлида (яъни, жиҳодга, илм талаб қилишга ёки ҳажга кетаётганларга) ҳамда йўловчи мусофирларга берилур. Аллоҳ Алим ва Ҳаким бўлган Зотдир» (Тавба: 60).

(Ушбу оятда закот) сарф этиладиган саккиз ўрин зикр қилиниб, «انما» – «Фақат» чеклов ундалмаси билан қайдлаб қўйилди. Закотни ушбу саккиз ўриндан бошқа жойларга сарф этиш мумкин эмас. Кимда-ким закотни ушбу саккиз ўриндан бошқа жойларга сарф этса, закотни адо этган бўлмайди. Гарчи, миллион-миллион молларни сарф этиб, буни закот деб атаса ҳам. Аллоҳ таоло чеклаб берган ушбу саккиз ўринга сарфланмагунча, у закот бўлмайди. Ана шу закот чиқаришнинг маъносидир. Яна вақтига ҳам риоя қилиш лозим. Яъни, ўзининг вожиб бўлган вақтида чиқариб, кечикмаслиги ва дангасалик қилиб, молим зиёнга кетди-да, деб фикр қилмаслиги, аксинча ўлжани қўлга киритдим деб эътибор қилиши лозим.

Ушбу уч иш-буйруқ – «Мана шу тўғри (йўлдаги миллатнинг) динидир».

Намоз ва закотнинг далили ҳамда тавҳиднинг изоҳи ана шулар эди.

Рўзанинг далили: «Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди» (Бақара: 183).

Рўза фақат мусулмонларгагина вожибдир. Кофирлар рўза тутишса-да, улардан бу то «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ» (Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир), деб гувоҳлик бермагунларигача қабул қилинмайди. Модомики куфрда эканлар, уларга ибодатлар, на рўза ва на бошқаси фойда келтирмайди. Шунинг учун Аллоҳ таоло юқоридаги оятда хоссатан мўминларга хитоб қилди. Чунки улар (ушбу хитобга) лаббай деб, рўза тутишса рўзалари қабул қилинадиган зотлардир.

«Сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби», яъни, сизлардан олдин ўтган умматларга фарз қилингани каби. Бу эса рўза олдинги умматлар ва ўтган шариатларда ҳам мавжуд бўлиб, фақат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шариатларигагина хос эмаслигига далолат қилади.

Рўза ибодатида нафсни тийиш ва уни шаҳватлардан тўсиш бўлгани учун ҳам (инсон) гоҳида уни оғир санайди. Аллоҳ жалла ва аъла халқларидаги ўзининг ўзгармас қонунини баён қилдики, ушбу рўза ибодати барча умматларда, ҳатто жоҳилиятда ҳам маълум бўлган. Улар ошуро куни рўза тутардилар.

«Тақволи кишилар бўлишингиз учун». Оятнинг ушбу қисми рўзадан бўлган ҳикматни очиб беряпти. Рўзанинг жорий қилинишидан бўлган ҳикмат тақвога эришишдир. Чунки рўза сабабли инсон ўзининг хоҳиш-истаклари, шаҳватидан Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога қурбат ҳосил қилайин дея воз кечади. Натижада тақвони қўлга киритади. Худди нафс шаҳвати ва истагини синдиргани каби. Чунки шайтон инсоннинг қон томорида юриб-ҳаракатланади. Шаҳватлар кетидан қувиши сабаб шайтон инсонга устун келади. Энди инсон шаҳватлардан воз кечадиган бўлса, қон йўли заифлашади-да, натижада шайтон мусулмон кишидан узоқлашади. Демак, рўзада барча яхшиликларнинг тизгини бўлмиш тақво ҳосил бўлади.

Рўзанинг фойдаларидан, у Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан қўрқишни ва ҳаром шаҳватлардан сақланишни олиб келади. Чунки инсон Аллоҳ учун мубоҳ-ҳалол нарсалардан воз кечар экан, ҳаром ишлардан воз кечиши авлороқ бобдандир. Рўза кишини ҳаром ишлардан четлашиш ва нафси амморани қўлга олишга ўргатади. Шайтон ундан узоқлашиб, тоат-ибодатга қалби юмшайди. Шунинг учун ҳам рўзадорни рўза тутмаган кишига нисбатан яхшиликка яқинроқ эканини учратасиз. Уни (рўзадорни) Қуръон тиловати ва намозга ҳарис эканини кўрасиз. Масжидга эрта боради. Чунки рўза унда тоат-ибодатга мойиллик уйғотиб, тарбия қилади. Ушбу маъноларнинг бари Аллоҳ таолонинг мана бу қовли остига дохилдир: «Тақволи кишилар бўлишингиз учун».

Оятдан далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: «Сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди». Бу рўзанинг фарз эканига далилдир. Ушбу оятни Аллоҳ таолонинг мана бу қовли изоҳлаб беради: «(У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва Фурқон (ҳақ билан ботилни ажратувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган» (Бақара: 185). Чунки Аллоҳ таолонинг ушбу: «Сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди», қовли умумий-мужмал бўлиб, унга кейинги оят аниқлик киритади: «Бас, сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин» (Бақара: 185).

Ҳажнинг далили: «Ва йўлга қодир бўлган инсонлар зиммасида Аллоҳ учун мана шу уйни ҳаж-зиёрат қилиш бурчи бордир. Кимда-ким кофир бўлса (яъни, каъбани зиёрат қилиш фарз эканини инкор қилса), бас, албатта Аллоҳ бутун оламлардан Беҳожат бўлган Зотдир» (Оли Имрон: 97).

Яҳудийлар ўзларини мусулмон ва Иброҳим алайҳиссаломнинг динларида эканларини даъво қилишди. Шунда Аллоҳ таоло уларни ушбу оят билан имтиҳон қилиб, айтдики: «Ва йўлга қодир бўлган инсонлар зиммасида Аллоҳ учун мана шу уйни ҳаж-зиёрат қилиш бурчи бордир. Кимда-ким кофир бўлса (яъни, каъбани зиёрат қилиш фарз эканини инкор қилса), бас, албатта Аллоҳ бутун оламлардан Беҳожат бўлган Зотдир». Агар мусулмон бўлсангиз, бас, ҳаж қилинглар. Чунки Аллоҳ таоло мусулмонларга ушбу уйни ҳаж қилишни фарз қилди. Агар ҳаж қилмай, ушбу ибодатдан бўйин товлайдиган бўлсангизлар, бу сизларни мусулмон ва Иброҳим алайҳиссалом динларида эмасликларингизга далилдир. «Кимда-ким кофир бўлса (яъни, каъбани зиёрат қилиш фарз эканини инкор қилса), бас, албатта Аллоҳ бутун оламлардан Беҳожат бўлган Зотдир».

«Аллоҳ учун», яъни, ушбу ибодат одамлар гарданидаги Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг фарзи, ҳаққи ва вожиботидир.

«Ҳаж», луғавий маъноси: қасд қилмоқ.

Шариатдаги маъноси эса: маълум бир вақтда, маълум бир ибодатларни адо этиш учун каъбаи мушаррафа ва муқаддас маросим, яъни, ҳаж ибодатларини қасд қилмоқликдир.

«Шу уйни ҳаж-зиёрат қилиш», яъни, каъба ва унга тобе бўлган атрофдаги ҳаж ибодатлари адо этиладиган ўринлар.

«Йўлга қодир бўлган инсонлар»: бу ҳаж вожиб бўлишидаги шартдир. Жасад-соғлиқ ва мол жиҳатидан йўлга қодир бўлишлик. Жасад-соғлиқ жиҳатидан қодир бўлиши, яъни, юриш, маркабга миниш, ўз шаҳридан Макка сари сафар қилиш каби. Давомий касал ва қартайиб қолган кекса каби доимий ожиз киши жасад-соғлиқ жиҳатидан йўлга қодир бўлмайди. Гарчи мол жиҳатидан қодир бўлса ҳам. Ушбу киши ўзининг ўрнига ҳаж қилиб келадиган бир ноиб-ўринбосарни тайин қилади.

Мол жиҳатидан йўлга қодир бўлишга келсак, уни (манзилга) етказадиган маркабни топилишлиги билан бўлади. Туя, сайёра, самолёт ёки кема. Ва яна ҳажни адо этиш учун йўлда минган маркабига тўлайдиган даражадаги молга эга бўлиши лозим. Ҳамда бориб, қайтиш давомидаги сафарда озуқа ва нафақага эга бўлмоғи керак. Ва уларни мол билан таъминлайдиганларида (яъни, ўз юртларида қолган аҳли-оилаларида ҳожилар) қайтиб келгунларигача кифоя қиларли озуқа бўлиши даркор. Озуқанинг маъноси, ушбу киши сафарига етарли нафақа ва ортида қолган фарзандлар, ота-она ва аёли ҳамда булардан бошқа қўл остидагиларга то уларни ҳузурига қайтгунгача кифоя қиларли мол билан таъминлаб қўйган бўлиши лозим. Ва яна қарзлари бўлса, ушбу қарзлардан қутулган бўлмоғи зарур. Ҳаж сафари учун сарф қилмоқчи бўлган моли қарзлардан қутулиб, ортган моли бўлиши керак. Ана шу шартлар тўла топилиши билан ушбу киши йўлга отланса бўлади. «Озуқа ва маркаб».[42] Ким шуларга қодир бўлмаса, яъни, озуқа ва маркаби бўлмаса, унга ҳаж қилиш вожиб эмас. Чунки у бунга қодир эмас. Ҳаж вожиб бўлишлиги шарти, қудратдир.

Ҳаж ибодати дея одамлар дунёнинг турли бурчакларидан қийинчилик ва машаққат босиб келгани сабабли, баъзи хавфу хатарлар содир бўлиши мумкин. Аллоҳнинг марҳаматики, ҳажни умрда бир марта фарз қилди. Қолгани эса мустаҳабдир. Аллоҳ таоло мусулмон кишига ҳажни ҳар йили фарз қилмагани, бу Унинг Раҳматидандир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Аллоҳ таоло сизларга ҳажни фарз қилди, бас, ҳаж қилинглар». Ақро ибн Ҳаабис розияллоҳу анҳу: «Ҳар йилими эй Расулуллоҳ?», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга жавоб бермадилар. Сўнг саволни яна такрорлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна унга жавоб бермадилар. Сўнг саволни яна такрорлади. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар: ҳа, десам (ҳар йили ҳаж қилишингиз) вожиб бўлиб қолади. Ва бунга қодир бўлмай қоласизлар. Ҳаж (бир умрда) бир мартадир. Ундан ортгани эса мустаҳаб».[43] Бу ҳам Аллоҳ таолонинг марҳаматидандир.

Аллоҳ таолонинг: «Кимда-ким кофир бўлса (яъни, каъбани зиёрат қилиш фарз эканини инкор қилса), бас, албатта Аллоҳ бутун оламлардан Беҳожат бўлган Зотдир». Кимда-ким қодир бўла туриб ҳаж қилишдан бош тортадиган бўлса ва ҳаж қилмаса, бас, у кофирдир. Чунки Аллоҳ таоло: «Кимда-ким кофир бўлса», деди, яъни, ҳажга қодир бўла туриб, ундан бўйин товласа, албатта, бу куфрдир. Гоҳида кичик куфр бўлиши ҳам мумкин. Ҳажни вожиб эканини инкор қилган ҳолда тарк этган кимса эса мусулмонларнинг ижмоси билан катта куфрни содир этган бўлади. Аммо кимки ҳажни вожиб эканини эътироф этса-ю, бироқ дангасалик қилиб тарк этадиган бўлса, бу кичик куфрдир. Бироқ молга эга бўлган ҳолда вафот этса, қўйиб кетган меросидан ҳаж қилинади. Чунки у (ҳаж) унинг гарданидаги Аллоҳ азза ва жаллага ўташи лозим бўлган қарзидир. Ушбу оятда ҳажнинг фарз экани ёдга олинди. Ва у ислом рукнларининг биридир. Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жаброил ва Ибн Умарнинг ҳадисида уни ислом рукнларининг бири деб айтдилар.

Ҳаж ҳижратнинг тўққизинчи йили фарз бўлди – бир гуруҳ уламоларнинг сўзларига кўра -. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу йили ҳаж қилмадилар. Балки ундан кейинги, ҳижратнинг ўнинчи йили ҳаж қилдилар. Нима учун? Чунки у киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам Али розияллоҳу анҳуни ҳаж мавсумида одамлар орасида қуйидаги сўзларни айтиб нидо қилиш-жар солиш учун жўнатдилар: «Бу йилдан кейин мушрик ҳаж қилмайди ва яланғоч уйни тавоф қилмайди».[44] Мушрик ва яланғочлар ҳаж қилишдан ман этилгач, ҳижратнинг ўнинчи йили Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам видолашув ҳажини адо этдилар.

 

Иккинчи даража – Иймон

Иймоннинг таърифи

Иккинчи даража бўлмиш Иймон – етмиш нечадир қисмдан иборат. Энг олийси «Ла илаҳа иллаллоҳ», деб айтишдир. Қуйи қисми эса йўлдан озорни олиб ташлаш. Ҳаё иймон қисмларидандир.

Иймон исломга нисбатан олганда умумийроқ маънога эга. Ҳар бир мўмин киши мусулмондир. Бироқ ҳар бир мусулмон киши мўмин эмас. Демак, иймон ана шу жиҳатдан олиб қараганда умумийроқ. Иймон (номига) аҳл-лойиқ бўлганлар жиҳатидан олиб қарасак хосроқ маънодадир.

Иймоннинг луғавий маъноси тасдиқ этмоқдир. Аллоҳ таоло Юсуф алайҳиссаломнинг акалари ҳақида хабар бериб шундай дейди: «و مآ أنت بمؤمن» «Сен бизларга асло ишонмайсан» (Юсуф: 17), яъни, бизларни тасдиқ этмайсан.

Шаръий маъноси эса: аҳли сунна вал жамоа изоҳлаганидек: тил билан нутқ қилиш, қалб ила эътиқод қилиш ва тана аъзолари билан амал қилишликдир. Тоат билан зиёдалашади ва маъсият билан нуқсонлашади.

Ушбу изоҳ билан иймоннинг шаръий ҳақиқати маълум бўлади. Чунки (нарсаларнинг) ҳақиқат (мазмун-моҳияти) уч турли: луғавий, шаръий ва урф-одатий.

Иймоннинг юқоридаги изоҳи эса шаръий ҳақиқатидир. Шунда иймон луғавий маънодан шаръий маънога кўчди.

Иймон: Тил билан нутқ қилишлик. Уни тилда нутқ қилиб, эътироф этиш зарур. Қалб ила эътиқод қилиш. Тилида нутқ қилганини қалбида эътиқод қилган бўлиши лозим. Акс ҳолда мунофиқларнинг иймони каби бўлиб қолади: «Улар тилларида дилларида бўлмаган нарсани – ёлғонни айтурлар» (Фатҳ: 11).

Тил билан нутқ қилиб, қалб ила эътиқод қилишнинг ўзи ҳам кифоя қилмайди. Балки тана аъзолари билан амал қилиш ҳам зарурдир. Фарзларни адо этиш ҳамда ҳаром ишлардан четлашиш даркор. Тоат-ибодатларни бажариш ва ҳаром ишлардан четлашишлик иймондандир. Иймон ушбу таъриф билан диннинг барини ўз ичига қамраб олади. Бироқ ушбу тоат-ибодат ва шаръий амаллар ичида иймоннинг ҳақиқатидан бўлган ва уни (иймонни) мукаммал қиладиган қисмлари мавжуд.

Иймоннинг рукнлари бўлганидек, шохча-қисмлари ҳам бор. Буни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки ҳадисда баён қилиб бердилар. Иймоннинг рукнларини Жаброилнинг ҳадисида айтиб бердилар. Унинг шохча-бўлакларини эса «Иймон – етмиш нечадир қисмдан иборат» ҳадисида ёритиб бердилар. Ушбу ҳадис борасида келгусидаги суҳбатимизда тўхталиб ўтамиз иншааллоҳ.

Иймон ва ислом (калималари) бир ўринда зикр қилинса ҳар бири ўзига хос маънони ифодалайди. Агар бири иккинчисидан айри ҳолатда зикр қилинса, иккинчисининг (зикр қилинмаганининг) маъноси ҳам биринчиси остига дохил бўлади. Иккиси бир ўринда зикр қилинса, ислом зоҳирий амаллар бўлмиш исломнинг беш рукни билан изоҳланади. Иймон эса ботиний амаллар бўлмиш иймоннинг олти рукни билан изоҳланади ва ушбу рукнлар қалб амалидир. Ушбу икки маъно ҳам мусулмон кишида жамланмоғи лозим. Ҳам мусулмон ва ҳам мўмин бўлиб, ислом ва иймон рукнларини адо этиб икки маънони жамлашлик лозиму лобуддир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Иймон – етмиш нечадир ёки олтмиш нечадир қисмдан иборат». Икки хил ривоят мавжуд.[45]

«Иймон – етмиш нечадир қисмдан иборат. Энг олийси «Ла илаҳа иллаллоҳ», деб айтишдир», яъни, ушбу қисм-бўлакларнинг энг олийси «Ла илаҳа иллаллоҳ» сўзидир. У ислом ва иймоннинг боши, биринчи рукни ва динга кириш ўрнидир.

«Қуйи қисми», яъни, энг охирги ва энг оз қисми.

«Йўлдан озорни олиб ташлаш», яъни, юриладиган йўлдан озорни йўқ қилиш. Мисол учун одамларга озор берадиган тикан, тош, ахлат ва чиқиндиларга ўхшаш. Йўлга, ўтувчиларга озор берадиган нарса ташлаш ҳаромдир. Озор ўтувчиларга ҳалақит бериб, уларни хатарга қўяди. Мисол учун кўчадаги сайёра йўлни тўсиб қўйиши, уйдан кўчага қарата сув оқизиб қўйиш, шаҳар ёки чекка жой бўлишидан қатъий назар йўлга ахлат, тош, ўтин, темир ташлаш, чуқур кавлаб кетиш ушбу маъно остига дохил бўлади.

Энди бир мусулмон келиб ушбу озорни олиб, йўлни бўшатиб қўйса, бу унинг иймонига далолат қилади. Йўлга озор ташлаш куфр шохчаларидандир. Йўлдан озорни олиб ташлаш эса иймон шохчаларидан.

«Ҳаё иймон қисмларидандир», яъни, ҳаё Аллоҳ таоло инсон қалбига жо қилган бир хулқ бўлиб, у инсонни чиройли ва таҳсинга сазовор ишларга ундаб, хунук ва ёмон ишлардан тўсади. Ўз соҳибини яхшиликка ундаб, ёмонликдан узоқлаштирадиган ҳаё – мақтовга сазовордир. Инсонни яхшилик, илм талаб қилиш ва ўзига муаммоли бўлган масалалар ҳақида савол беришдан тўсадиган ҳаё эса мазамматлангандир. Чунки у энди хижолатга айланди.

Иймон қисмлари кўп бўлиб, етмиш нечадир қисмдан иборат. Дарҳақиқат, имом Байҳақий катта бир асар битиб, иймон қисмларини баён қилганлар. Ушбу асар мухтасар суратда нашрдан чиққан.

Иймон тил билан нутқ қилиш, қалб ила эътиқод қилиш ва тана аъзолари билан амал қилиш эканига далил, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу қовлларидир: «Энг олийси «Ла илаҳа иллаллоҳ», деб айтишдир». Ҳадиснинг ушбу қисми тил билан нутқ қилишга далилдир. «Қуйи қисми эса йўлдан озорни олиб ташлаш». Бу эса амал бўлиб, амал ҳам иймондан эканига далолат қилади. «Ҳаё иймон қисмларидандир». Бу эса қалбда юз беради. Ҳаё қалбда бўлади. Ҳадис тўлалигича иймон тил билан нутқ қилиш, қалб ила эътиқод қилиш ва тана аъзолари билан амал қилиш эканига далолат қиляпти.

 

Иймон рукнлари

Рукнлари олтита: Аллоҳга, малоикаларга, Китобларга, элчиларга ва охират кунига иймон келтирмоғинг, ҳамда тақдирнинг яхши ва ёмонига иймон келтирмоғинг.

Иймон рукн-асос ва шохчалардан ташкил топади. Ушбу (рукн-асос ва шохча)лар ўртасида нима фарқ бор?

Фарқ шуки, рукнларидан бирортаси топилмаса, иймон батамом йўқ бўлади. Чунки ҳар бир нарса рукн-асосига қоим бўлади. Бирор нарсанинг устунларидан бири йўқ бўлгани заҳоти, ушбу нарса заволга юз тутади.

Шохчаларига келсак, улар уни (иймонни) тўлдирувчи амаллардир. Шулардан бирор амал йўқ бўлгани сабаб иймон барбод бўлмайди. Ушбу амаллар ичида вожиб ва мустаҳаб амаллар мавжуд.

Вожиб амаллар талаб этилган иймонни тўлдириш-мукаммал қилиш учун. Мустаҳаб амаллар эса рисоладагидек иймонни тўлдириш-мукаммал қилиш учундир.

Мусулмон киши вожиботлардан бирини тарк этса ёки ҳаром ишлардан бирига қўл урса, аҳли сунна вал жамоа наздида унинг иймони тўлалигича йўқ бўлмайди. Бироқ талаб қилинган-матлуб иймон мукаммаллигига путур етади.

Натижада иймони ноқис ёки фосиқ мусулмонлардан бўлади. Худди маст қилувчи ичимлик ичган, ўғирлик, зино ёки гуноҳи кабиралардан бирини қилган кимса каби. Ушбу кимса ҳаром ва гуноҳи кабиралардан бирига қўл урди, бироқ у ушбу иш сабабли кофир бўлмайди ва иймондан буткул чиқиб кетмайди. Балки фосиқ бўлиб, қилган маъсияти сабаб жазо қўлланиш лозим бўлса, жазо қўлланади. Шунингдек, кимда-ким вожиблардан бирини тарк этса, ота-онага яхшилик қилиш ва қариндошлик алоқаларини боғлаш сингари вожиботларни тарк этган кимса каби. Кимда-ким ушбу вожиботларни тарк этса, иймони ноқис бўлиб, вожиб ишни тарк этгани сабабли итоатсиз-осий бўлади. Демак, киши ё вожиб ишни тарк этгани сабабли ёки ҳаром ишга қўл ургани сабабли осий бўлади. Хулоса шуки, ушбу кимса иймондан буткул чиқиб кетмайди, балки иймони ноқис мўмин бўлади.

Ушбу йўл гуноҳи кабирага қўл урган кимсани кофир деб айтадиган хавориж ва мўтазилаларга хилоф ўлароқ аҳли сунна вал жамоанинг йўлидир.

Хаворижлар ушбу кимсани (гуноҳи кабирага қўл урган кимсани) кофирликда айблаб, диндан бутунлай чиқди, деб айтишади.

Мўтазилалар диндан бутунлай чиқди, бироқ ҳали кофир бўлмади. Балки икки оралиқ бўлмиш иймон ва куфр оралиғидаги бир ўриндадир, деб айтишади.

Ушбу уларнинг мазҳаби бўлиб, у динда янги пайдо бўлган, далиллар ҳамда аҳли сунна вал жамоанинг йўлига зид бўлган мазҳабдир. Бунга сабаб уларнинг далил олишдаги нуқсон-камчиликларидир. Ваъийд-қўрқитув далилларини олиб, ваъда далилларини тарк этишди. Мисол учун Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган кишилар учун кечирур» (Нисо: 48). Ушбу оят ваъда, яъни, ширк ва куфр даражасига етмаган гуноҳ ишлар мағфират қилинишига умид бор эканига ҳамда (шу билан бирга) ваъийд, яъни азоб-уқубатга ҳам кўндаланг эканига далолат қилади.

Энди ушбу: «Кимки Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига осий бўлса, бас, албатта унинг учун жаҳаннам олови бордир. (Ундай кимсалар) ўша жойда мангу қолурлар» (Жин: 23), оятини юқоридаги оят билан жамласангиз (масала ҳал бўлади). Ушбу (Жин: 23) оятнинг зоҳирини олган кимса эса, гуноҳ сабабли (яъни, бирор маъсиятга қўл урган мусулмонларни) мутлақ кофирликда айблайди. Ушбу (Жин: 23) оятни Аллоҳ таолонинг мана бу: «Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган кишилар учун кечирур» (Нисо: 48), оятига қайтарганда, унга ушбу (маъсиятга қўл урган мусулмон) диндан чиқиб кетмаганлиги, бироқ жаҳаннам олови етишидан омонда ҳам эмаслиги, Аллоҳ таоло хоҳласа мағфират қилиши, хоҳласа азоблашидан иборат ҳақ намоён бўларди. Эҳтимол ушбу (маъсиятларга ботган мусулмон) киши дунёда (гуноҳларига) каффорот бўладиган (савобли) ишларни қилар ёки қабрда гуноҳлари каффорот қилинар даражада азобга йўлиқар. Гуноҳлар каффорот қилинишига сабаб бўладиган ишлар кўпдир. Дунёда бошига турли мусибатлар тушиши билан синалиши, қабрида азобланиши ёки қиёмат кунига қолдирилиб Аллоҳнинг хоҳиши остида бўлиши каби.

Ушбу аҳли сунна вал жамоанинг йўли ҳамда (иймоннинг) рукнлари ва шохчалари орасидаги фарқ эди. Кимки рукнлардан бирортасини тарк этса, дарҳақиқат, кофир бўлади. Тавҳидни инкор қилиб, Аллоҳ азза ва жаллага ширк келтирган кимса кофир бўлади. Чунки у аввалги рукнни тарк этди. Кимда-ким элчилардан бирортасини инкор этса кофир бўлади. Чунки у ислом рукнларидан бирини тарк этди. Кимда-ким фаришталарни инкор этса кофир бўлиб, ислом миллатидан чиқиб кетади. Қайта тирилиш, жаннат, дўзах, сирот (кўприги), тарози ёки охират ишларига боғлиқ бирор нарсани инкор этган кимса ҳам кофир бўлади. Чунки у ислом рукнларидан бирини инкор этди. Шунингдек, қадарни инкор этиб: ишлар тасодифан рўй бераверади, Аллоҳ таоло нарсаларни тақдир қилмаган ва мўтазилаларнинг ғулувга кетганларига каби тақдир деган нарса йўқ, дейдиган кимса ҳам кофир бўлади. Чунки у тақдирни инкор этди. (Иймон) шохчаларидан бирортасини тарк этган кимсага келсак, бу унинг иймонини ноқис қилади. Ё вожиб-талаб этилган иймон мукаммаллиги ёки мустаҳаб-рисоладагидек иймон мукаммаллиги нуқсонли бўлади. Бироқ у ушбу иши сабаб кофир бўлмайди.

Иймоннинг зиёдалашиб, нуқсонлашишига далил нима?

Зиёдалашишига далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: «Ҳақиқий мўминлар фақат Аллоҳ (номи) зикр қилинган вақтида қалбларига қўрқинч тушадиган, Унинг оятлари тиловат қилинганда иймонлари зиёда бўладиган …. Кишилардир» (Анфол: 2). Ушбу оят, иймон Қуръон эшитиш билан зиёдалашишига далолат қиляпти. Ва яна Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Қачон бирон сура нозил қилинса, улардан (яъни, мунофиқлардан) бўлган кимсалар (масхара қилишиб): «Қани, бу сура қайси бирларингизнинг иймонларингизни зиёда қилди?», дейишади. Бас, у (сура) иймон келтирган зотларнинг иймонларини албатта зиёда қилди ва улар шод-хуррам бўлурлар» (Тавба: 124).

Юқоридаги оят, иймон Қуръон нозил бўлиши, тингланиши ва тадаббур қилиниши билан зиёдалашишига далолат қиляпти. Аллоҳ таолонинг мана бу қовли каби: «Биз дўзах эгаларини – қўриқчиларини фақат фаришталардан қилдик ва Биз фақат кофир бўлган кимсаларни синаш учун у (фаришта)ларнинг саноғини (ўн тўққизта) қилдик. Токи Китоб берилган кимсалар (яъни, яҳудий ва насронийлар ўзларининг илоҳий Китоблари бўлмиш Таврот ва Инжилда ҳам дўзах қўриқчилари бўлган фаришталар саноғи ўн тўққизта экани айтилганини кўриб, Қуръоннинг Аллоҳ томонидан нозил қилинган ҳақ Китоб эканлигини) аниқ билгайлар ва иймон келтирган зотларнинг иймонлари эса янада зиёда бўлгай…» (Мудассир: 31). Ушбу оят ҳам иймон тоат ва тасдиқ этиш билан зиёдалашишига далолат қиляпти.

Нуқсонлашишига келсак: зиёдалашадиган ҳар бир нарса нуқсонлашади ҳам. Зиёдалашишни қабул қилган ҳар бир нарса нуқсонлашишни ҳам қабул қилади. Бу (жавобнинг) бир жиҳати эди.

Иймоннинг нуқсонлашишига саҳиҳ ҳадисдаги Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу қовллари ҳам далолат қилади: «Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло қиёмат куни шундай дейди: «Қалбида хардал уруғичалик иймони бўлган кишини дўзахдан олиб чиқинглар»».[46] Ушбу ҳадис иймон қалбда хардал уруғичалик вазнга қадар нуқсонлашиб кетишига далолат қиляпти. Шунингдек, Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Ўша куни улар иймондан кўра куфрга яқинроқ эдилар» (Оли Имрон: 167). Ушбу оят, иймон куфрга яқинлашиб қолар даражада нуқсонлашишига далолат қиляпти. Ва яна Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу қовллари: «Сизлардан ким бирор мункар ишни кўрса қўли билан ўзгартирсин. Агар бунга қодир бўлмаса тили билан. Агар бунга ҳам қодир бўлмаса қалби билан. Бу эса иймоннинг энг заифидир».[47] Ушбу ҳадис ҳам иймон заифлашишига, яъни, нуқсонлашишига далолат қиляпти. Демак, иймон тоат-ибодат билан зиёдалшади ҳамда гуноҳ-маъсият билан нуқсонлашади.

«Рукнлари олтита», яъни, иймон унинг устига қуриладиган асос-пойдеворлар ҳамда буларнинг бирортаси йўқ бўлгани заҳоти иймон ҳам буткул йўқ бўладиган олти рукн. Улар:

Биринчи: Аллоҳга иймон келтирмоғинг. Биринчи рукн Аллоҳга иймон келтиришликдир. Ва ушбу рукн тавҳиднинг уч қисмини ўз ичига олади: Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло рубубият, улуҳият ва исм-у сифатларида шериксиз, якка-ю ягона эканига иймон келтириш.

Иккинчи: Фаришталарга иймон келтириш. Фаришталар Аллоҳ таолонинг ғайб оламидаги махлуқотларидир. Аллоҳ таоло уларни Ўзига ибодат қилишлари ва Унинг мулкида субҳанаҳу ва таолонинг амрини ижро этишлари учун яратди. Улар турли синф-гуруҳга эгадир. Ҳар бир синфни ўзига топширилган ва адо этиши лозим бўлган вазифаси бор. Аллоҳнинг амрига осийлик қилмайдилар ва буюрилган ишни бажарадилар. Уларни ичида ваҳийга муваккал-масъул бўлганлари ҳам бор. У Жаброил алайҳиссаломдир. У фаришталарнинг энг шарафлиси ҳамда куч-қувватга эга бўлган Руҳул Аминдир.

Яна уларнинг орасида аршни кўтариб туришга вакил-масъул қилинганлари бор: «Аршни кўтариб турадиган ва унинг атрофидаги (фаришталар)…» (Ғофир: 7). Аллоҳ таоло шундай деди: «Ва фаришталар (осмоннинг) чор-атрофида (Аллоҳнинг амрига мунтазир бўлиб) турурлар. Уларнинг устида Роббингизнинг аршини у кунда саккиз (фаришта) кўтариб турур» (Ал-Ҳааққа: 17).

Арш махлуқотларнинг энг улкани бўлиб, унинг улканлигини Аллоҳ азза ва жаллагина билур. Ана шу улкан махлуқотни фаришталар кўтариб туради. Бу эса фаришталарнинг нақадар улкан ва куч-қувват ҳамда хилқатларининг нақадар буюк эканига далолат қилади. Аллоҳ таоло шундай деди: «Ҳамду сано осмонлар ва ерни илк Яратувчи ҳамда (Ўзи билан бандалари ўртасида) фаришталарни икки, уч, тўрт қанотли элчилар (воситачилар) қилгувчи Аллоҳ учундир. У Зот (яратган) махлуқотида Ўзи хоҳлаган нарсани зиёда қилур» (Фотир: 1).

Уларнинг орасида Жаброил алайҳиссалом каби олти юзта қанотлилари ҳам бор. Уларнинг хилқати нақадар улкан эканини Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан ўзга ҳеч ким билмайди: «Йўқ, (фаришталар асло Аллоҳнинг болалари эмас, балки) улуғ бандалардир. (Фаришталар) У Зотдан илгари бирон сўз айтмайдилар (яъни, Аллоҳ буюрмаган бирон ишни қилмайдилар). Улар (Аллоҳнинг) амри фармони билангина амал қилурлар» (Анбиё: 26-27). Уларни ичида ёмғир ва набототларга вакил-масъул бўлганлари бор. У Микоил алайҳиссаломдир. Яна уларни орасида сурга нафха уришга вакил қилинганлари бор. У Исрофил алайҳиссаломдир. Сурга нафха урганида барча нарса ҳалок бўлади. Аллоҳ таоло шундай деди: «Сур чалинди-ю, осмонлар ва ердаги бор жонзот ўлди, магар Аллоҳ хоҳлаган зотларгина (тирик қолдилар). Сўнгра у иккинчи бор чалинди-да, баногоҳ улар (яъни, барча халойиқ қайта тирилди ва қабрларидан) туриб, (Аллоҳнинг амрига) кўз тутарлар» (Зумар: 68).

Руҳлар сурдан (чиқиб) ўз жасадлари сари учиб боради. Жасадларига киргач, Аллоҳнинг изни билан тириладилар ва маҳшар сари юриб борадилар.

Уларни орасида яна ажаллар ўз ниҳоясига етганида жон олишга вакил-масъул қилинганлари бор. У ўлим фариштасидир. Аллоҳ таоло шундай деди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Сизларга вакил қилинган ўлим фариштаси (ажалларингиз битгач) жонларингизни олур, сўнгра Роббингизга қайтарилурсизлар»» (Сажда: 11). Ўлим фариштасининг ёрдамчилари ҳам бор: «Қачонки бировингизга ўлим келса, элчиларимиз, сусткашлик қилмаган ҳолларида, унинг жонини олурлар» (Анъом: 61). Уларни орасида бачадонлардаги ҳомилага вакил қилинганлари ҳам бор.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Ҳақиқатда сизлардан ҳар бир кишининг яратилиши онасининг қорнида қирқ кун ичида томчи сув («нутфа») ҳолида амалга ошади. Сўнг худди шунча муддат ичида лахта қон («алақа») ҳолида бўлади. Сўнгра яна шунча вақт ичида бир парча гўшт («музға») ҳолида бўлади. Кейин унга бир фаришта юборилади».[48] Фаришталар орасида одам болаларининг амалларини сақлаб борадиганлари ҳам бор. Аллоҳ таоло шундай деди: «Ҳолбуки, шак-шубҳасиз сизларнинг устингизда (қилган ҳар бир амалингизни) ёд олиб, ёзиб тургувчи улуғ (фаришта)лар бордир» (Инфитор: 10-11). Туну кун олдингиздан силжимайдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Фаришталар сизларни тунда ва кундузи алмашиб(-кузатиб) борадилар».[49] Бомдод ва аср намозларида (ўзаро навбат алишиш) учун жамланадилар. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳузурида намозхонлар борасида гувоҳлик берадилар. Шунинг учун Аллоҳ таоло айтадики: «Зеро тонгги ўқиш (кеча ва кундуз фаришталари) ҳозир бўладиган намоздир» (Исро: 78). Фаришталар орасида одам болаларини турли зарарлардан сақлаб боришга вакил қилинганлари ҳам бор. Бало-офат, душман ҳамда йиртқич ва илонлардан иборат зараркунандалардан сақлаб борадилар. Модомики инсон ҳали ҳаёт кечириши тақдир қилинган экан, ушбу фаришталар уни турли хатарлардан ҳимоя қилиб борадилар.

Қуруқликда йиртқич ва илонлар орасида ухлаб қолса, ким уни ушбу илон, йиртқич ва зарарли ҳашоротлардан ҳимоя қилади. У билан бирга Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бўйинсундириб қўйган малоикалар бўлади. Аллоҳ таоло улар ҳақида шундай дейди: «Унинг (яъни ҳар инсоннинг) олдида ҳам, ортида хам таъқиб қилгувчи (фаришталар) бўлиб, улар Аллоҳнинг амри билан уни сақлаб-муҳофаза қилиб турурлар» (Раъд: 11), яъни, ушбу фаришталар Аллоҳнинг амри ила одам болаларини то ажаллари битгунча турли зарар ва хатарлардан ҳимоя қилиб борадилар. Ажали битгач, уни холи қўядилар ва Аллоҳ унга тақдир этган ўлим ёки ўлимга олиб борадиган бирор мусибат юз беради.

Уларнинг ичида яна осмонлар ва ернинг турли бурчакларида Аллоҳнинг амрини ижро этиш учун вакил қилинганлари бўлиб, уларни Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан ўзгаси билмайди. Яна фаришталар ичида зикр мажлисларини излаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек унда ҳозир бўладиганлари ҳам бор: «Бирор бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бирида жамланиб, Аллоҳнинг Китобини тиловат қилиб, ўзаро дарс қилишар экан, албатта уларга хотиржамлик нозил бўлиб, раҳматга бурканишади ва фаришталар уларни ўраб олади».[50] Ушбу фаришталар ерни кезиб, зикр ҳалқаларини излаб юриб, унда ҳозир бўладилар.

Фаришталар, уларнинг турлари ва васфларини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди. Бироқ Қуръон ва саҳиҳ ҳадисларда келган ҳужжатларни исбот қилиб, эътиқод қўямиз. Бизга зикр қилинмаган нарсалардан ўзимизни тийиб, бу борада изланиш олиб бормаймиз. Чунки бу фақат далил билан киришиш мумкин бўлган ғайб илмидандир.

Малоикаларга иймон келтириш ислом рукнларидан биридир. Кимда-ким фаришталарни инкор қилиб: фаришта деган нарса йўқ. Ахир, биз уларни кўрмаймиз-ку, деса кофир, мулҳид ва зиндиқ бўлади, Аллоҳ сақласин. Чунки у ғайбга иймон келтирмади. Шунингдек, малоикалар борасида турли таъвилотларга бориб: улар жисм эмас, маъно ва инсонга келадиган турли ҳиссиётлардир. Агар ушбу ҳиссиёт яхши бўлса, демак, у фаришта бўлади. Агар ушбу ҳиссиёт ёмон бўлса, демак, у шайтондир, деган сўз илҳодий қовлдир, Аллоҳ сақласин. Минг афсуским, «Тафсирул Манор»да Муҳаммад Рашид Ризо ушбу қовлни шайхи Муҳаммад Абдуҳдан нақл қилган.

Ушбу қовл файласуфларнинг каломи бўлиб, у ботилдир. Кимда-ким ушбу сўзга эътиқод қўйса, бас, у кофирдир. Умид қиламизки (Муҳаммад Рашид Ризо) ушбу қовлни эътиқод қилмай, (шунчаки) нақл қилган. Бироқ танқид қилмай нақл қилган, ҳолбуки, ушбу қовл хатарлидир. Ушбу қовл ботил ва фаришталарга куфр келтиришдир. Аллоҳ таолодан офият ва саломатлик сўраймиз.

Инсон дин ва ғайб ишларига ўзининг ақли ва фикри билан киришмаслиги ҳамда файласуф ёки зиндиқлардан бу борада бирор нарса нақл қилмаслиги лозим. Балки Китобу Суннатга таяниши керак. Ана шу вожибдир. «Тафсирул Манор»да зикр қилинишича ушбу қовл Ғаззолийнинг «Иҳё улумиддин» китобидан нақл қилинган экан. Валлоҳу Аълам.

Ғаззолийнинг «Иҳё улумиддин» китобида оғир фалокат ва мусибатли сатрларга гувоҳ бўламиз. Гарчи, унда бироз яхшилик ва фойда бўлса-да. Бироқ у ҳалок қилгувчи ва заҳари кўпроқдир. Ушбу китоб омухта бўлиб, ёмонлиги яхшилигидан кўпроқ. Илмда бошланғич ёки оми одамга ушбу китобни мутолаа қилишлиги ярамайди. Илмга эга бўлиб, ҳақ билан ботилни ажрата олдиган киши бундан мустасно.

Фаришталар улар айтганидек маънолардан иборат эмас. Балки малоикалар жисм ва шаклга эга. Аллоҳ таоло ато этган қудрат-иқтидор билан турли шаклга кира оладилар. Шунинг учун Жаброил алайҳиссалом Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига эркак киши суратида келганлар. Аллоҳ таоло уларга одам болаларининг фойдаси деб турли шаклга кира олиш қудратини ато этган. Чунки одам болалари фаришталарни Аллоҳ таоло яратган аслий хилқатда кўришга тоқатлари етмайди. Балки одамларга раҳмат ўлароқ Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузуларига эркак киши суратида келишарди. Инсонлар уларни ўз суратлари ва ҳақиқий кўринишларини фақат азобланиш онлари кўрадилар. Аллоҳ таоло шундай деди: «Улар фаришталарни кўрадиган кунни (яъни, қиёмат кунини эсланг)! У Кунда жиноятчи кимсалар учун бирон хушхабар бўлмас» (Фурқон: 22). Ўлим соатларида ҳам инсон уларни, хоссатан ўлим фариштасини ўз кўзи билан кўради. Бироқ ҳаёт экан уларни кўролмайди. Чунки уларни кўришга тоқати етмайди. Аллоҳ таоло улани нурдан, шайтонни Қуръонда келгандек оловдан, одамни эса тупроқдан яратган. Аллоҳ таоло ҳар бир нарсага Қодирдир.

Кофирлар фаришталарни Аллоҳнинг қизлари дея эътиқод қиладилар. Аллоҳ таоло шундай деди: «(Ҳолбуки,) ўзлари Раҳмоннинг бандалари бўлмиш фаришталарни «Қизлар» дедилар! Ё улар (Аллоҳ фаришталарни) яратишига гувоҳ бўлганмидилар?! Уларнинг бу «гувоҳ»ликлари албатта (номаи аъмолларига) ёзилур ва улар (қиёмат кунида) сўроққа тутилурлар!» (Зухруф: 19).

Учинчи: Китобларга иймон келтириш. Аллоҳ таоло башариятни ҳидояти учун элчиларга нозил қилган китобларидир. Ушбу Китоблар ҳақиқатда Аллоҳнинг Каломи эканига ва Аллоҳ таоло уларни ичидан номлаганлари ва (маълум бир) ном билан номламаганларига ҳам иймон келтирамиз. Ушбу китоблар ичида Аллоҳ таоло (маълум бир) ном билан номлаганлари: Таврот, Инжил, Забур, Қуръон ҳамда Иброҳим ва Мусо алайҳимассаломларнинг саҳифалари. Аллоҳ таоло ушбу Китоблар ичида (маълум бир) номлар билан номламаганларига ҳам иймон келтирамиз. Ўтган китобларга умумий суратда иймон келтирамиз. Қуръонга эса муфассал суратда, ундаги барча нарсага иймон келтирамиз. Чунки у бизнинг Китобимиз ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилинган. Кимда-ким Қуръоннинг бир ояти ёки бирор ҳарфини инкор қилса ислом динидан қайтган кофирдир.

Шунингдек, кимда-ким Қуръоннинг баъзи оятларига иймон келтириб, баъзисига куфр келтирса, бас, у кофирдир. Худди шундай, кимда-ким баъзи Китобларга иймон келтириб, баъзиларига куфр келтирса, бас, у кофирдир. Ёки: мен Таврот ва Инжилга иймон келтираман. Бироқ Довуд алайҳиссаломга нозил қилинган Забурга иймон келтирмайман, деб айтса, бас, у кофирдир. Аллоҳ таоло шундай деди: «Довудга Забурни ато этдик» (Нисо: 163). Ёки Иброҳим алайҳиссаломга нозил қилинган саҳифаларни инкор этса, бас, у кофирдир. Чунки у Аллоҳ азза ва жаллани ҳамда Унинг элчисини ёлғончига чиқарди. У кофирдир. Чунки у иймон рукнларидан бирини инкор этди.

Тўртинчи: Элчи-пайғамбарларга иймон келтириш. Пайғамбарларнинг барчаларига, аввалгиларидан охиргиларигача, Аллоҳ таоло бизга исмларини айтган ва айтмаганларининг барчаларига иймон келтирамиз. Уларнинг барчалари Аллоҳнинг ҳақиқатда пайғамбарлари, рисолатни умматларига етказиб кетишган дея иймон келтирамиз.

Кимки бирор пайғамбарга куфр келтирса, бас, барча пайғамбарларга кофирдир. Аллоҳ таолонинг ушбу сўзига биноан: «Албатта, Аллоҳ ва пайғамбарига ишонмайдиган, Аллоҳ билан пайғамбарларининг ораларини ажратишни истайдиган (яъни Аллоҳта ишониб, пайғамбарларини инкор қиладиган) ва «айрим пайғамбарларга ишонамиз, айримларига ишонмаймиз», дейдиган ҳамда ора йўлни тутишни истайдиган кимсалар — ана ўшалар ҳақиқий кофирдирлар. Бундай кофирлар учун хор қилгувчи азобни тайёрлаб қўйганмиз. Аллоҳ ва пайғамбарларига иймон келтирган ҳамда улардан биронтасини ажратиб қўймаган зотларга эса яқинда (Аллоҳ) муносиб мукофотларини ато этажак. Аллоҳ мағфиратли, меҳрибон бўлган зотдир» (Нисо: 150-152).

Бирор пайғамбар ёки расулга куфр келтириш, барчаларига куфр келтиришдир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло айтдики: «Нуҳ қавми пайғамбарларни ёлғончи қилди» (Шуаро: 105). Ҳолбуки улар фақатгина Нуҳ алайҳиссаломни ёлғончи қилишганди. Нуҳ алайҳиссаломни ёлғончи қилишлари, барча пайғамбарларни ёлғончи қилишлари дея эътибор қилинди. Шунингдек, яҳудийлар каби Ийсо ва Муҳаммад алайҳимассаломга кофир бўлган ёки насронийлар сингари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга кофир бўлган кимса, дарҳақиқат барча пайғамбарларга кофир бўлади. Пайғамбарларнинг барчаларига, улардан Аллоҳ таоло номини айтган ва айтмаганларига иймон келтириш даркор.

Дарҳақиқат Анъом сурасида келганидек Аллоҳ таоло уларнинг ичида номини айтганлари бор: «Мана шулар Иброҳимга қавми устида берган ҳужжатларимиздир. Биз Ўзимиз хоҳлаган кишиларни (мана шундай баланд) даражаларга кўтарурмиз. Албатта, Парвардигорингиз ҳикмат эгаси ва билгувчидир. Унга (Иброҳимга фарзандлари) Исҳоқ ва Яъқубни ҳадя этдик. Буларнинг барчаларини ҳидоят қилдик. Илгари Нуҳни ҳам ҳидоят қилган эдик. Унинг зурриётидан Довуд, Сулаймон, Айюб, Юсуф, Мусо ва Ҳорунни (ҳам ҳидоят қилдик). Чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлаймиз. Закариё, Яҳё, Ийсо ва Илёсни (ҳам ҳидоят қилдик). Барчалари солиҳ бандалардандир. Исмоил, ал-Ясаъ (Юшаъ пайғамбар), Юнус ва Лутни (ҳам ҳидоят қилдик) ва барчаларини бутун оламлардан афзал қилдик» (Анъом: 83-86). Аллоҳ таоло ушбу ва бошқа оятларда уларни умумий суратда ёд этди. Демак, Аллоҳ таоло номини айтганларига ва айтмаганларига ҳам иймон келтирамиз.

Бешинчи: Охират кунига иймон келтириш. Ушбу бешинчи рукндир. Охират кунидан мурод қиёмат кунидир. Бундай деб аталишига сабаб, чунки у аввалги кун бўлмиш дунё кунидан кейиндир. Дунё – аввалги кун, қиёмат – охират (охирги) кундир. Ўлимдан кейинги қабр азоби ва роҳати, қабрда икки фариштанинг саволга тутиши ва қабрдан кейинги бўладиган барча ишларга иймон келтириш, охират кунига иймон келтириш остига дохил бўлади. Шунингдек, қайта тирилиш, маҳшарга йиғилиш, ҳисоб-китоб, амаллар тарозида тортилиши, сирот кўприги, яхши ва ёмон амаллар ўлчанадиган тарози, жаннат ва дўзахга иймон келтириш ҳам охират кунига иймон келтириш жумласиндандир. Охират куни рўй берадиган ҳодисалар тафсилотига умумий ва муфассал суратда иймон келтирамиз. Ўлим чоғидан бошлаб жаннат аҳли жаннатда ва дўзах аҳли дўзахда қарор топгунларигача бўладиган ишлар борасида саҳиҳ бўлган барча хабарларга иймон келтириб, бирор нарсада шак-шубҳага бормаймиз. Кимда-ким ушбу ишлардан бирортасида шак-шубҳага борса, бас, исломдан қайтган кофирдир. Ушбу ишларнинг барига охират куни ва унда бўладиган ҳодисотлар деб айтилади.

Олтинчи: Тақдирнинг яхшиси ва ёмонига иймон келтириш. Борлиқда рўй бераётган яхшилик ва ёмонлик, куфр ва иймон, неъмат ва азоб, роҳат ва қийинчилик, касаллик ва саломатлик, ҳаёт ва ўлимнинг бари ўлчаб-белгилаб қўйилган. Борлиқда рўй берадиган барча нарса тасодифан ёки тақдир қилинмаган ҳолда рўй бермайди. Буларнинг барига, Аллоҳнинг қазои қадари дея иймон келтиришингиз лозим. Сизга етган нарса сизни четлаб ўтмаслиги ва сизни четлаб ўтган нарса сизга етмаслигига иймон келтиришингиз даркор. Аллоҳ таоло шундай деди: «На ерга ва на ўзларингизга бирон мусибат етмас, магар (етса) Биз уни пайдо қилишимиздан илгари Китобда (Лавҳул-Маҳфузда битилган) бўлур. Албатта бу Аллоҳга осондир» (Ҳадид: 22). Ана шу тақдирга иймон келтиришдир.

Тақдирга иймон келтириш тўрт даражани ўз ичига олади. Ким ушбу даражаларнинг бирига иймон келтирмаса, тақдирга иймон келтирган бўлмайди:

Биринчи даражага: Илм, яъни Аллоҳ таоло барча нарсани азалдаёқ билган экани. Барча бўлган ва ниҳояси йўқ бўладиган нарсаларнинг барини билган. Аллоҳ таоло барча нарсани борлиқда рўй беришидан олдин азалдаёқ билган. Аллоҳ таоло ушбу нарсаларни Ўзининг азалий ва абадий сифати бўлмиш илм сифати ила билгандир. Ушбу тақдирнинг илм даражаси бўлиб, ким буни инкор этса кофир бўлади.

Иккинчи даража: Лавҳул Маҳфузда китобот қилиб қўйилган экани. Аллоҳ таоло барча нарсани Лавҳул Маҳфузда битиб қўйган. Борлиқда юз берадиган ҳар бир нарса Лавҳул Маҳфузда битилгандир. Лавҳул Маҳфузда битилмай рўй берадиган бирор ҳодисот бўлмайди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло айтдики: «На ерга ва на ўзларингизга бирон мусибат етмас, магар (етса) Биз уни пайдо қилишимиздан илгари Китобда (Лавҳул-Маҳфузда битилган) бўлур» (Ҳадид: 22). Аллоҳ таоло унга (Лавҳул Маҳфузга) барча нарсаларнинг тақдирини битиб қўйган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Аллоҳ таоло яратган аввалги нарса қаламдир. (Унга): «Ёз», деди. У (қалам): «Нимани ёзай?», деди. (Аллоҳ таоло): «Қиёмат кунигача бўладиган нарсаларни ёз», деди».[51] Кимда-ким ушбу (барча нарсалар Лавҳул Маҳфузда) битиб қўйилганини инкор этиб: Аллоҳ таоло барча нарсани билган, бироқ Лавҳул Маҳфузда битиб қўймаган, деса, ислом динидан қайтган кофир бўлади.

Учинчи даража: Аллоҳ таолонинг ижро этилувчи хоҳиши. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло (борлиқдаги барча) нарсани (рўй беришини) хоҳлаган ва ирода қилган. Рўй бераётган ҳар бир нарсани Аллоҳ таоло (бўлишини) истаган ва Лавҳул Маҳфузда битилганидек ҳамда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло (азалда) билганидек бўлишини ирода қилган. Ҳар бир нарсани ўзининг вақтида бўлишини хоҳлаган ва ҳар бир нарсани пайдо бўлиш вақтида мавжуд бўлишини ирода қилган. Бирор бир нарса Аллоҳнинг хоҳиши ва иродасисиз юз бермайди. Кимда-ким: нарсалар Аллоҳнинг хоҳиши ва иродасисиз рўй беради, деса, бас, у кофирдир.

Тўртинчи даража: Яратиш ва йўқдан бор қилиш. Аллоҳ таоло барча нарсани Яратувчисидир. Аллоҳ таоло бирор нарсани хоҳлаб, ирода қилса, бас, уни яратиб, йўқдан бор қилади. Барча нарса Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг махлуқотидир. Бандаларнинг феъл ва иш-ҳаракатларини ҳам Аллоҳ таоло яратган.

Ушбу тўрт даражанинг барига иймон келтириш лозимдир. Акс ҳолда киши тақдирга иймон келтирган бўлмайди: илм, китобат, хоҳиш-ирода ва яратиб-йўқдан бор қилиш. Буларнинг барига иймон келтириш даркор. Ушбу даражаларнинг бирортасини инкор қилган кимса ислом динидан қайтган кофирдир. Чунки у иймон рукнларидан бири бўлмиш тақдирга иймон келтиришни инкор этди.

 

Иймон рукнларининг далили

Ушбу олти рукннинг далили Аллоҳ таолонинг мана бу қовлидир: «Юзларингизни Машриқ ва Мағриб томонларига бураверишингиз яхшилик эмас, балки Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобларга, пайғамбарларга иймон келтирганлар… яхши кишилардир» (Бақара: 177).

Шайх раҳимаҳуллоҳ ушбу рукнларни зикр қилгач, унинг Қуръон ва суннатдаги далилини ҳам зикр қилдилар. Чунки дин, ибодат, ақида ва шаръий ҳукмлар далилга эҳтиёждир. Агар далилга эга бўлмаса саҳиҳ бўлмайди. Шайх раҳимаҳуллоҳ иймон рукнларини зикр қилгач, аввал унинг Қуръондаги сўнгра суннатдаги далилини зикр қилдилар.

Қуръондаги далили Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: «Юзларингизни Машриқ ва Мағриб томонларига бураверишингиз яхшилик эмас».

«البر»: Аллоҳ таолога яқинлаштирадиган ва жаннатига элтадиган яхши ишни қилмоқ. Барча яхши ишларни қилиш эзгуликдандир. «البر» – умумий сўз бўлиб, барча яхшиликларни ўз ичига олади. Тоат-ибодат турларининг бари эзгулик ва тақво номи остига дохил бўлади.

Эзгулик ва тақво барча яхши хислатларни ўзида жамлайдиган умумий сўзлардандир. Аллоҳ таолонинг ушбу: «Юзларингизни Машриқ ва Мағриб томонларига бураверишингиз яхшилик эмас», қовли, қиблани Байтул Мақдисдан Каъба томон ўзгартирилганини инкор қилган яҳудийларга раддиядир. Ушбу ишни инкор қилиб, ҳақ эканини била туриб рад этишди. Бироқ қайсарлик, кибр, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у кишининг умматларига ҳасад қилиб инкор этишди.

Аллоҳ таоло айтяптики: юзларингизни Аллоҳ таоло амр этмаган томонлардан бирига буришингиз яхшилик эмас. Бироқ яхшилик – Аллоҳ таолога итоат этишдадир. Сизларга бирор ишни амр этганда, унга бўйинсунишингиз вожиб бўлади. Ана шу яхшиликдир. Байтул Мақдис томонга юзланишингизга буюрганида, яхшилик ўша лаҳзада Байтул Мақдис томонга юзланиш эди. Чунки у Аллоҳ азза ва жаллага итоатдир. Сўнг Каъбага юзланишингизга амр этганда, яхшилик Каъбага юзланишингиздир. Демак, яхшилик-эзгулик Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг амри атрофида айланади.

Сизлар Аллоҳнинг бандалари экансизлар, демак, Унга бўйинсунишингиз вожиб бўлади. Аллоҳ таоло томонлардан бирига юзланишингизни амр этганда, сизларга ушбу буйруққа бўйинсунишингиз вожиб бўлади. Муайян бир жиҳатга мутаассиблик қилиб: фақат ана шу томонга юзланиш тўғри бўлади, деб айтишингизга келсак, бунинг маъноси истак-ҳаво ва тарафкашлик қилишдан ўзга нарса эмас. Ростгўй банда Аллоҳ таолонинг буйруғига кўз тикиб туради ва буйруққа қарши чиқмайди. Чунки бирор томонга юзланиш бекор қилингандан кейин ҳам юзланишда давом этиш, Аллоҳ азза ва жаллага итоат этиш бўлмайди. Мансух-бекор бўлган буйруққа амал қилиб, носих-бекор қилувчи буйруқни тарк этишлик, Аллоҳ азза ва жаллага итоат этиш бўлмай, балки ҳавои нафсга итоат қилиш ва тарафкашликдир. Демак, эзгулик Аллоҳ таолога итоат этишга боғлиқ. Аллоҳ азза ва жаллага ҳақиқий қуллик бажо қилмоқчи бўлсангиз, У Зот қаерга юзланишни амр этса, ўша томонга юзланасиз: «Юзларингизни Машриқ ва Мағриб томонларига бураверишингиз яхшилик эмас, балки Аллоҳга… иймон келтирганлар…» (Бақара: 177).

Тақдирнинг далили Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: «Албатта Биз ҳар бир нарсани (аниқ) ўлчов билан яратдик» (Қамар: 49).

Иймон рукнларидан бўлмиш олтинчи рукннинг далили Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: «Албатта Биз ҳар бир нарсани (аниқ) ўлчов билан яратдик». Барча нарсани Аллоҳ таоло яратиб, уни Ўзининг илми, (Лавҳул Маҳфузга) битиб қўйиши, хоҳиш-иродасида тақдир қилиб-ўлчаб қўйгандир. Бирор нарса тасодифан вужудга келмаган. Балки у Аллоҳ таолонинг илмида ўтган бўлиб, Лавҳул Маҳфузга битилган ва Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг хоҳиш-иродасида бўлгандир.

 

Учинчи даража – Эҳсон

Эҳсоннинг таърифи

Учинчи даража бўлмиш эҳсон бир рукндир. У – Аллоҳга, сен Уни кўриб турганингдек ибодат қилишинг. Агар уни кўрмасанг-да, албатта, У сени кўриб туради.

Эҳсон луғатда: бирор нарсани пишиқ-пухта, мукаммал қилиш демакдир. Эҳсон ҳусн, яъни гўзал-чиройли деган сўздан олинган бўлиб, унинг акси ҳунукдир. Ва у бир неча қисмларга бўлинади:

Биринчи: Банда билан Роббиси ўртасидаги эҳсон ва бу айни муддаодир.

Иккинчи: Банда билан одамлар ўртасидаги эҳсон.

Учинчи: Бирор ишни чиройли ва пухта қилишлик. Инсон бирор нарса ясаса ёки бирор ишга киришадиган бўлса, унга ўша ишни пухта қилиб, охиригача етказиб қўйиши вожиб бўлади.

Биринчи тур: Банда билан Роббиси ўртасидаги эҳсон. Ушбу турни Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалар ҳозирлигида Жаброил алайҳиссалом сўраганларида баён қилиб, шундай дедилар: «Эҳсон – Аллоҳга, сен Уни кўриб турганингдек ибодат қилишинг. Агар уни кўрмасанг-да, албатта, У сени кўриб туради».

Банда билан Роббиси ўртасидаги эҳсон – банда Аллоҳ унга юклаган амални Аллоҳ азза ва жалланинг Юзи учун холис ва саҳиҳ-тўғри бажариш билан пухта адо этмоғидир. Банда ўзи билан Роббиси ўртасида эҳсон қилишлиги, Аллоҳ азза ва жаллага ихлос қилиш ва Расул соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишлик тўла топилиши билан бўлади. Дарҳақиқат, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам эҳсон икки даражадан иборат экани ва бири иккинчисидан олийроқ эканини баён қилдилар.

Биринчи даража: Аллоҳга, Уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғинг. Бу, сенда Аллоҳга бўлган яқин-аниқ ишонч ва иймон шу даражага етганки, сен Уни ўз кўзинг билан кўриб тургандек бўласан. Ва сенда бирор иккиланиш ва шак-шубҳага ўрин йўқ. Балки Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло рўбарангда ва сен У Зотни кўриб тургандек бўласан. Ким ушбу даражага етган бўлса, дарҳақиқат, эҳсоннинг чўққисига етибди. Яқин-аниқ ишонч ва ихлос мукаммал гавдаланганидан, Аллоҳга, Уни ўз кўзларинг билан кўриб тургандек ибодат қиласан. Аллоҳ жалла ва аъла дунёда кўринмайди, балки охиратда кўринади. Бироқ сен У Зотни қалбинг билан кўришинг ила гўёки ўз кўзинг билан кўргандек бўласан. Шунинг учун ҳам эҳсон аҳли охиратда субҳанаҳу ва таолони кўриш билан мукофотланадилар. Дунёда У Зотни ўз кўзлари билан кўриб тургандек ибодат қилишгани мукофоти ўлароқ Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло неъмат диёрида улар ўз кўзлари билан кўришадиган жамолини дариғ тутмайди.

Аллоҳ таоло шундай деди: «Чиройли амал қилган зотлар учун гўзал оқибат ва зиёда неъматлар бордир» (Юнус: 26). Зиёда неъмат – Аллоҳнинг Юзига боқишдир. Сабаби, улар дунёда эҳсон қилгандилар, Аллоҳ уларга гўзал оқибат бўлмиш жаннатни ато этди. Ва зиёда неъмат ўлароқ Аллоҳ азза ва жаллага боқишни уларга инъом этди. Аллоҳга, Уни кўриб-мушоҳада, муҳаббат, субҳанаҳу ва таолога йўлиқиш-етишишликка шавқ-интилиш ила ибодат қилиб, Унга тоат-ибодат қилиш билан лаззатланиб, хотиржамлик топиб, ибодатига муштоқ бўлишингиз – ана шу муҳсинларнинг йўлидир.

Иккинчи даража: юқорида зикр қилинган олий даражага етмаган бўлсангиз, Аллоҳга, У Зот сиздан, ҳолатингиз ва ичингиздаги бор нарсадан хабардор эканини била туриб, мени кузатиб-назорат қилиб турибди дея ибодат қиласиз. Натижада, У Зотга итоатсизлик қилиб, амрига хилоф иш тутишингиз асло лойиқ бўлмайди. У сизни кўриб, хабардор бўлиб туради. Ушбу ҳолат яхши бўлса-да, бироқ у аввалгисига нисбатан қуйироқдадир. Модомики, У Зот сизни кўриб турганини билсангиз, Унга ибодат қилишни гўзал қилиб, пухта адо этасиз. Чунки сиз, Аллоҳ таоло сизни кўриб турганини жуда яхши биласиз. Аллоҳ таоло олий сифатларга эгадир. Юқори мансаб эгаси бўлган бир махлуқ рўбарўсида бўлсангиз ва у сизни бир ишга буюрса, сиз унинг олдида ўша ишни ижро этсангиз ва у тепангизда сизга қараб турган бўлса, ушбу ишда бирор камчиликка йўл қўйишингиз лойиқ бўладими?

Хуласа шуки: Эҳсон икки даражадан иборат:

Қалб билан кўриш-мушоҳада қилиш даражаси: Яқин-аниқ ишонч ва иймоннинг мустаҳкам экани сабабли Аллоҳ азза ва жаллага, Уни кўриб тургандек ибодат қиласиз.

Иккинчи даража: аввалгисидан қуйироқ. Аллоҳга, У Зот сизни кўриб, хабардор бўлиб турганини билиб ибодат қилишингиздир. Унга осийлик қилмай, амрига хилоф иш қилмайсиз.

Эҳсон диннинг энг олий даражаларидан бўлиб, ким унга етса, дарҳақиқат, диннинг энг олий даражасига етибди. Ундан олдин иймон ва ислом даражалари бор.

Демак, дин бир неча доирадан ташкил топган:

Биринчи: Ислом. Ушбу кенг доира бўлиб, ҳатто мунофиқ ҳам унга дохил бўлади ва мусулмон, деб айтилиб, унга мусулмонларга қўлланиладиган ҳукмлар қўлланади. Чунки у зоҳирида исломни қабул қилди. Демак, у ислом доирасига киради. Ва яна ушбу доирага хардал уруғичалик вазнга эга бўлган заиф иймон соҳиби ҳам дохил бўлади.

Иккинчи: аввалгисига қараганда торроқ ва хосроқдир. Ушбу иймон доираси бўлиб, унга эътиқодий нифоқ билан мунофиқ бўлган кимса асло дохил бўлмайди. Ушбу доира остига фақат иймон аҳли киради ва улар икки турлидир: комил иймон ва ноқис иймон эгалари. Демак, бунга ҳам фосиқ мўмин, ҳам тақводор мўмин дохил бўлади.

Учинчи: буниси иккинчисидан-да торроқдир. Ушбу эҳсон доираси бўлиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам баён қилганларидек, унга фақат комил иймон эгалари киради.

 

Эҳсоннинг далили

Далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: «Зотан, Аллоҳ тақводор бўлган ва чиройли амаллар қилгувчи зотлар билан биргадир» (Наҳл: 128). Ва мана бу қовли: «Ғолиб ва меҳрибон (Аллоҳ)га таваккул қилинг! У сизни ўзингиз (намоз учун) тураётган вақтингизда ҳам, сажда қилгувчилар (намоз ўқувчилар) орасида (имом бўлган ҳолингизда намоз рукнларининг биридан иккинчисига) кўчаётган (вақтингизда ҳам) кўриб турар. Шак-шубҳасиз У эшитгувчи, билгувчи зотдир» (Шуъаро: 217-220). Ва яна мана бу қовли: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз қандай иш (билан) машғул бўлманг ва у (иш) ҳақида Қуръондан бирон оят ўқиманг, (эй инсонлар), сизлар қандай амални қилманглар, ўша ишларга киришган пайтингизда, албатта Биз Сизларнинг устингизда гувоҳ бўлурмиз. Еру осмондаги бир зарра мисоличалик, ундан ҳам кичикроқ (ёки) каттароқ бирон нарса Парвардигорингиздан махфий бўлмас — албатта очиқ Китобда (яъни, Аллоҳнинг азалий ёзмишида) мавжуд бўлур» (Юнус: 61).

Ушбу оят эҳсоннинг биринчи даражасининг далилидир: «Зотан, Аллоҳ тақводор бўлган ва чиройли амаллар қилгувчи зотлар билан биргадир». Ояти карима Аллоҳ таоло муҳсинлар-чиройли амал қилгувчи зотлар билан бирга эканига далолат қиляпти. Улар Аллоҳга, У Зотни кўриб тургандек ибодат қиладилар. Натижада Аллоҳ ҳам уларга нусрат, тавфиқ ва қўллаб-қувватлаш билан хос бирга бўлиш ила бирга бўлади.

Аллоҳ таолонинг ушбу: «Ғолиб ва меҳрибон (Аллоҳ)га таваккул қилинг! У сизни ўзингиз (намоз учун) тураётган вақтингизда ҳам, сажда қилгувчилар (намоз ўқувчилар) орасида (имом бўлган ҳолингизда намоз рукнларининг биридан иккинчисига) кўчаётган (вақтингизда ҳам) кўриб турар», қовли эса эҳсоннинг иккинчи даражасига далил бўлди. Ва у Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу: «У сени кўриб туради», қовлларининг ҳам далилидир.

«Таваккул қилинг», яъни, ишингизни У Зотга топширинг.

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз қандай иш (билан) машғул бўлманг ва у (иш) ҳақида Қуръондан бирон оят ўқиманг, (эй инсонлар), сизлар қандай амални қилманглар, ўша ишларга киришган пайтингизда, албатта Биз Сизларнинг устингизда гувоҳ бўлурмиз». Ушбу оят ҳам эҳсоннинг иккинчи даражасига далил бўлади.

«Aлбатта Биз Сизларнинг устингизда гувоҳ бўлурмиз», яъни, сизларни кўриб, кузатиб, тепангизда гувоҳ бўлиб турамиз. Ушбу оят ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «У сени кўриб туради», қовлларига далилдир.

«Ўша ишларга киришган пайтингизда», яъни, ўша амалга бевосита киришиб, бошлаганингизда. Оятнинг ушбу қисми ҳам эҳсоннинг иккинчи даражасига далолат қиляпти. У субҳанаҳу ва таоло ҳар бир амал қилувчининг тепасида гувоҳдир. Уни кўриб, билиб, кузатиб туради ва у Ундан ғойиб бўлолмайди: «Албатта Аллоҳга на ердаги ва на кўкдаги бирон нарса махфий эмасдир» (Оли Имрон: 5).

Банда билан махлуқотлар ўртасидаги эҳсонга келсак, унинг маъноси: уларга яхшилик қилиб, озорни тўсишдир. Мисол учун: оч қолган одамни таомлантириш, яланғоч кишини кийинтириш, эгаллаб турган мансабингиз билан муҳтожларга ёрдам бериш, ўртага тушиб ҳал қилиб бериш лозим бўлганларга ишини битириб бериш, яхшиликнинг барча турини ишга солиш, меҳмонни иззат-икром қилиш, қўшнингиз сиздан фақат яхшилик кўриши ва асло озор чекмаслигидир. Одамлар орасида озор етказишдан бошқасини билмайдиганлари, баъзан озор ва баъзан яхшилик қиладиганлари ҳамда фақат яхшилик қиладиганлари мавжуд. Ушбу (фақат яхшилик қиладиган) энг олий табақададир.

Одамларга яхшилик улашиб, улардан озорни даф қилишлик, банда билан ўзгалар ўртасидаги эҳсондандир: «Яхшилик қилинг! Албатта Аллоҳ яхшилик қилгувчиларни севади» (Бақара: 195). Ҳатто ҳайвонларга ҳам, муҳтож бўлган нарсаларини ҳозирлаб бериш, етадиган озорни тўсиш ва мулойимлик қилиш билан эҳсон қилишингиз вожиб бўлади. Бу ҳайвонларга эҳсон-яхшилик қилишдандир. Ҳатто ўлимга ҳукм қилинганларни ҳам азобламайсиз, балки бир зарб билан оғриқ бермайдиган қилиб бошини танасидан жудо қиласиз. Қасос вожиб бўлган ёки ҳад-жазо қўллаш лозим бўлганларга ҳукмни ижро этишда юмшоқлик билан киришиб, мусла-тана аъзоларини кесиш, азоб бериш ва ҳибс этишликсиз ижро этасиз.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Аллоҳ таоло барча нарсада эҳсон-яхшилик қилишни фарз қилди. Ўлдирсангиз қатлни чиройли адо этинглар. Жонлиқ сўядиган бўлсангиз, сўйишни чиройли адо этингла».[52] Қасос ва ҳад-жазо ижро этишда ҳам худди шундай.

«Жонлиқ сўядиган бўлсангиз», яъни, гўшти истеъмол қилинадиган ҳайвонларни сўядиган бўлсангиз, бирингиз (қассоб) пичоғини ўткирласин ва сўйиладиган жонлиққа (ўткир пичоқда тезлик билан сўйиб) роҳат бахш этсин. Демак, ҳатто ҳайвонларга ҳам эҳсон-яхшилик қиласиз. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Бану Исроилдан бўлган бузуқи аёлни, чанқоқдан тили осилиб қолган итни кўриб, суғоргани сабабли мағфират қилди. Итни суғорганди, Аллоҳ таоло ҳам яхшилигига яхшиликлар билан жавоб бериб, гуноҳини мағфират қилди.[53] Ҳолбуки у аёлнинг гуноҳи – бузуқилик, яъни зино – оғир гуноҳ эди. Шундай бўлса-да, чанқаган ҳайвонга эҳсон-яхшилик қилгани сабабли Аллоҳ таоло уни мағфират қилди.

Энди итни қўя туринг, мусулмонларнинг оч қолганларига, ҳатто кофир бўлса-да одам боласига эҳсон-яхшилик қилиш ҳақида нима дейиш мумкин?! Агар одам боласига эҳсон-яхшилик қилсангиз Аллоҳ жалла ва аъла қилган ушбу яхшилигингизни муносиб тақдирлайди. Аллоҳ таоло айтяптики: «Яхшилик қилинг! Албатта Аллоҳ яхшилик қилгувчиларни севади» (Бақара: 195).

Учинчи: Қилаётган ишингизни пишиқ-пухта адо этишингиз. Фалончи ишни пухта адо этади-да, дейилиши учун эмас, балки ушбу ҳадисга амал қилиб ишни пухта адо этасиз: «Аллоҳ таоло, биронтангиз бир ишни қилса, уни пишиқ-пухта адо этишини яхши кўради».[54]

Суннатдан далил Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган Жаброилнинг машҳур ҳадислари. (Умар розияллоҳу анҳу) шундай дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида ўтирган вақтимизда, тўсатдан кийимлари оппоқ, сочи қоп-қора, сафар асорати йўқ бўлган ва биздан бирор киши уни танимайдиган бир одам кириб келди.

Дарҳақиқат юқорида ислом, иймон ва эҳсон ҳамда ҳар бир даражанинг рукнлари борасида сўз ўтди. Шайх раҳимаҳуллоҳ ҳар бир даражанинг Қуръондаги далилини зикр қилдилар. Сўнг шайх раҳимаҳуллоҳ ҳар бир даражанинг суннатдаги далилини ёдга олиб, Жаброил алайҳиссалом ҳақидаги ҳадисни эслаб ўтдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалари орасида эканларида, Жаброил алайҳиссалом уларнинг олдиларига эркак киши суратида келдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига ўтириб, у кишидан ислом, иймон, эҳсон ҳақида сўнг қиёмат ва унинг аломатлари ҳақида сўрадилар. Ушбу ҳадис, Жаброилнинг ҳадиси ёки Умарнинг ҳадиси деб аталади. Ушбу ҳадис саҳобаларнинг бир қанчаларидан турли йўлларга кўра ривоят қилинган бўлиб, у саҳиҳдир. Шайх раҳимаҳуллоҳ маъноси бир бўлса-да, бошқа йўллардан ривоят қилинган ушбу ҳадиснинг бошқа лафз-кўринишлари мавжуд бўлишига қарамай, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ривоятларини зикр қилдилар.[55]

Умар розияллоҳу анҳу: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида ўтирганимизда», дедилар. Саҳоба розияллоҳу анҳумларнинг одатлари, улар масжидда Расул соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида тўпланиб, илм олишарди. У киши соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саволларга берган жавобларига қулоқ тутишарди. Ана шундай одатларига биноан ўтиришган вақтларида, тўсатдан кийими оппоқ, сочи қоп-қора бир киши эшикдан кириб келди. Яъни, Жаброил алайҳиссалом ўзларининг фаришта тимсолида эмас, балки ушбу кишининг суратида гавдалангандилар. Чунки улар Жаброил алайҳиссаломнинг асл фаришта суратларига назар ташлашга тоқатлари етмайди.

«Сафар асорати йўқ бўлган ва биздан – яъни, ҳозир бўлганлардан – бирор киши уни танимайдиган». Бу ажабтовур бир ҳолатдир. Мусофир эмаски, улар уни танимай, ҳа Мадиналик эмас-да, дейишса ёки ушбу шаҳар аҳлидан эмаски, уни дарров таниб олишса. Натижада у кишини (кўриб), ҳайрон қолишди. На мусофир, на шаҳар аҳлидан эмас. Сафарда йўл босиб келган киши бўлганда, сафар асорати унинг кийими ва рангида кўринган бўларди. Чунки мусофир кишида сафар асорати яққол кўриниб туради. Ҳозир бўлганлардан бирортаси ҳам уни танимайди. Чунки у шаҳар аҳлидан эмас. Хўп, унда қаердан келди ушбу киши? Улар ҳайратланган ҳолат шу эди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларигача бориб, ўтириб, икки тиззасини у киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг икки тиззаларига суяди ҳамда икки кафтини икки сонлари устига қўйиб: «Эй Муҳаммад, менга ислом ҳақида хабар беринг», деди.

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларигача бориб, ўтириб», яъни, у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларида мутааллим муаллимнинг олдида ўтириши (лозим бўлганидек) ўтирди.

«Икки тиззасини у киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг икки тиззаларига суяди», яъни, у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламга жуда яқин бўлди.

«Ҳамда икки кафтини икки сонлари устига қўйиб», яъни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг икки сонлари устига қўйди.

«Эй Муҳаммад», яъни, «Эй Расулуллоҳ», демай, у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўз исмлари билан хитоб қилди. Эҳтимол Жаброил алайҳиссалом, саҳобалар у кишини саҳроийлардан деб ўйлашлари учун шундай қилгандирлар. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга исмларини айтиб хитоб қилиш чўл-биёбонларда яшайдиганларнинг одати бўлиб, ўзгалар танолмайдиган, бегона экани янада зиёда бўларди.

««Эй Муҳаммад, менга ислом ҳақида хабар беринг», деди», яъни, менга исломнинг маъноси нима эканини изоҳлаб беринг.

У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): ««Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ» (Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир), деб гувоҳлик беришинг, намозни тўкис адо этишинг, закотни ўташинг, Рамазон рўзасини тутишинг ва йўлга қодир бўлсанг Байтуллоҳни ҳаж қилишинг», дедилар. У: «Рост сўзладингиз», деди. Биз ундан таажжубландик. Ўзи савол бериб, яна ўзи тасдиқлаб ҳам қўярди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам у кишига амал қилиш зарур бўлган ва ҳаққирост амалга ошгани маҳал кишининг исломи ҳам рўёбга чиқадиган ислом рукнларини зикр қилдилар. Мазкур амаллардан ўзга зиёда амаллар, исломни тўлдирувчи амаллардир. Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам ислом рукнларини баён қилишга чекландилар. Чунки жавоб қанчалик мухтасар бўлса, мутааллим ва тингловчига шунчалик осон, ёдлаб, ҳифз қилишига енгил бўлади. Жавоб узун бўлгани сари, ҳозир бўлганларнинг фикр-мулоҳазалари ҳам турли туман бўлиб кетади. Эҳтимол уларнинг кўплари ушбу жавобни жамлаб-бир хулосага кела олмайдилар. Бу эса саволга тутилган киши қўлидан келганча жавобни мухтасар-қисқароқ қилишга интилиши лозим эканига далилдир. Зарурий масалаларгагина чекланади. Чунки ислом мазкур ҳадисдаги амаллардан кўпроқ ишларни ўз ичига олади. Бироқ ушбу амаллар ислом рукнлари ва бошқа амаллар унинг устига қуриладиган пойдеворларидир.

«Рост сўзладингиз», бу иккинчи ажабланарли ҳолат.

«Биз ундан таажжубландик. Ўзи савол бериб, яна ўзи тасдиқлаб ҳам қўярди», яъни, ушбу ҳолат унинг жоҳил сифатида эмас, балки била туриб савол берганига далолат қилади. Хўп, билса унда нима учун савол беряпти?!

(Бегона киши): «Менга иймон ҳақида хабар беринг», деди. (Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳга, Унинг малоикаларига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг ҳамда тақдирнинг яхшиси ва ёмонига иймон келтирмоғинг», дедилар. (Бегона киши): «Рост сўзладингиз», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга ислом арконларини зикр қилгач, иймоннинг олти рукнини зикр қилдилар. Ислом ва иймон бир ўринда ёдга олинса, исломдан мурод зоҳирий амаллар, иймондан мурод эса қалб амаллари бўлмиш тасдиқ этиш ва илм каби ботиний амаллар назарда тутилади. Ислом ва иймонни жамламоқлик лозимдир. Ислом зоҳирий амаллар. Иймон эса ботиний амаллардир. Расул соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу қовлларига биноан: «Ислом зоҳирда, иймон эса қалбдадир».[56] Демак, (ислом ва иймон калималари) бир ўринда зикр қилинса, ҳар бири ўзига хос маънога эга бўлади. Агар иккисидан бири зикр қилинадиган бўлса, иккинчиси зикр қилингани (маъноси) остига киради. Агар иймон ёдга олинса, ислом унинг маъноси остига дохил бўлади. Агар исломни ўзи зикр қилинса, иймон маъноси унинг остига киради. Чунки иймонсиз ислом бўлмаганидек, исломсиз иймон ҳам бўлмайди. Балки иккиси ҳам топилиши даркор. Ислом ва иймон бир-бирини лозим тутувчи-ажралмас сифатлардир. Шунинг учун (уламолар) айтишадики: ислом ва иймон бир ўринда зикр қилинса, ҳар бири ўзига хос маънога эга бўлади. Агар ёлғиз зикр қилинса, иккинчисининг маъносини ҳам ифодалайди. Ушбу икки калима ўзаро боғлиқ бўлиб, бири иккинчисидан асло ажралмайди.

Жаброил алайҳиссалом зоҳирий ва ботиний амаллар ҳақида сўраганларида Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам у кишига ислом ва иймон рукнларини баён қилиб бердилар.

(Бегона киши): «Менга эҳсон ҳақида хабар беринг», деди. (Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳга, сен Уни кўриб турганингдек ибодат қилишинг. Агар уни кўрмасанг-да, албатта, У сени кўриб туради», дедилар. (Бегона киши): «Менга қиёмат ҳақида хабар беринг», деди. (Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «У (қиёмат) ҳақида сўралгувчи савол берувчидан билувчироқ эмас», дедилар.

Юқорида айтиб ўтилганидек, муҳсин – Аллоҳга мушоҳада ва яқин-аниқ ишонч асосида, Аллоҳни кўриб тургандек ибодат қиладиган ёки назоратда эканлигини тўла ҳис қилиб, Аллоҳ таоло уни кўриб турганини билган ҳолда ибодат қиладиган кишидир. Натижада амални эҳсон-чиройли адо этади. Чунки Аллоҳ таоло ундан хабардордир. Демак, муҳсин Аллоҳга ё қалбда Уни мушоҳада-кўриб тургандек ибодат қилади ва бу энг мукаммал даражадир. Ё назоратда эканини тўла ҳис қилиб, Аллоҳ таоло уни қаерда ва нима амал қилаётганини кўриб туришини билган ҳолда ибодат қилади. Ана шу эҳсондир.

«(Бегона киши): «Менга қиёмат ҳақида хабар беринг», деди», яъни, қиёмат қачон бўлиши хабарини беринг. Ушбу саволнинг жавобини Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан ўзга ҳеч ким билмайди. Чунки қиёмат қачон қоим бўлиш муддатини Аллоҳ азза ва жаллагина билади.

Биз қиёмат қоим бўлишини биламиз ва бунда бирор шак-шубҳага бормаймиз. Кимда-ким бу борада шак-шубҳага борса, бас, у кофирдир. Биз яқин келажакда қиёмат албатта қоим бўлишини биламиз. Бироқ қиёмат қоим бўлиш вақти ҳақида Аллоҳ азза ва жалла бизга хабар бермаган ва уни баён қилмаган. Балки Ўз илмида яширган. Аллоҳ таоло шундай деди: «Дарҳақиқат, ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридагина (қиёмат) соати (қачон бўлиши тўғрисидаги) билим бордир» (Луқмон: 34). Ва яна айтдики: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиздан Соат (яъни қиёмат) қачон воқе бўлади, деб сўрайдилар. Айтинг: «Унинг билими фақатгина Парвардигорим даргоҳидадир. Вақти-соати келганида ҳам фақат Ўзи ошкор қилур» (Аъроф: 187). Унинг муддатини Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло билади. Аллоҳ таоло шундай деди: «Ғайб очқичлари Унинг ҳузуридадирким, уларни ёлғиз Ўзигина билур» (Анъом: 59). Қиёмат қоим бўлиш вақти ҳам шу жумладандир.

Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жаброилга: «У (қиёмат) ҳақида сўралгувчи савол берувчидан билувчироқ эмас», дедилар. Яъни, сен ва мен қиёмат қачон бўлишини билмасликда баб-баробармиз. Аллоҳ жалла ва аъла бу ҳақдаги хабарни на фаришта ва на пайғамбарларига билдирди. Балки субҳанаҳу ва таоло Ўзининг илмида яширди-сир тутди.

(Бегона киши): «Менга унинг аломатлари ҳақида хабар беринг», деди. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Чўри ўз бекасини туғиши ва яланг оёқ, яланғоч, камбағал қўйчивонларни кимўзарга уй қуришаётганини кўришинг», дедилар.

«Менга унинг аломатлари ҳақида хабар беринг», яъни, қиёмат яқин қолганига далолат қиладиган аломатлар. Ҳақиқатда қиёматнинг аломатлари бўлиб, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бизга ушбу аломатларни баён қилиб берди. Ушбу аломатлар: кичик ва катта, ўрта ва қиёмат ниҳоятда яқин қолган аломатларга бўлинади. Қиёмат қоим бўлганда, қоим бўлишига яқин қолганда бўладиганлари бор. Қолган аломатлар эса бошқаларига нисбатан аввалроқ юз беради. Уламолар: қиёмат аломатлари уч турли: кичик ва аввал рўй берадиганлари, ўрта ва катта аломатларга бўлинади, деб айтишади.

Кичик ва ўрта аломатларнинг бари ёки аксари рўй бериб бўлган. Катта аломатлар бўлмиш дажжол чиқиши, Ийсо алайҳиссаломнинг тушишлари, ер ҳайвони ҳамда яъжуж ва маъжужнинг чиқиши қиёмат қоим бўлиши вақтида бўлиб, бирин-кетин содир бўлади.

Қиёмат аломатларини Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам билганликлари учун қуйидагича жавоб бердилар: «Чўри ўз бекасини туғиши». Чўри-оқсоч ўз бекаси-саййидасини туғиши қиёмат аломатларидандир.

Бунинг маъноси шуки, замона охирида ўйнаш-маъшуқа тутишлик кўпайиб, ушбу чўрилар билан жинсий алоқа кўп юз бергани боис улар қизларни дунёга келтирадилар. У қизлар ҳур бўлиб, ўз онасига бека чиқади ва унга эгалик қилади. Яна бир маъноси эса, ота-онага оқ бўлиш кўп содир бўлиб, ушбу оқпадар қизлар ўз онасига бека чиқиб олади.

«Қўйчивон», яъни, қўй боқарлар аслида чўлу-биёбонда чайлада кун кечириб, доим бир жойдан бошқа жойга кўчиб юрадилар. Замона охирига келиб ушбу қўйбоқарлар шаҳарларни маскан тутадилар. Қаср ва данғиллама иморатлар қуришга киришиб кетадилар. Ушбу ҳодисалар қиёмат аломатларидандир. Чўл шаҳарга айланса ва кимўзарга уй қуриб, (қурган) бинолари билан ўзаро фахрланиб, зийнатлаб-безашса, аслида бу уларнинг одатларидан эмасди, бой-бадавлат, мол-мулк эгаларига айланишса, демак, бу қиёмат аломатларидандир.

Барчага маълум бўлганидек Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаводан олиб гапирмайдилар. Ва одамларнинг бугунги ҳолати барчангизга маълумдир. Ҳолатлар ўзгариб, камбағал, бечоралар бой-бадавлат ва молдорларга айланишди. Чўл-биёбонлар шаҳарга айланиб, бино қуришда мусобақа бошлашди. Бу ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган сўзларининг айни тасдиғидир.

(Умар розияллоҳу анҳу): «(Бегона киши) кетди. Биз эса бир муддат ўтириб қолдик», дедилар. Шунда (Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Эй Умар, савол берувчи кимлигини билдингми?», дедилар. Мен: «Аллоҳ ва Расули билувчироқ», дедим. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Бу Жаброил бўлиб, динингиз ишларини таълим бергани келди», дедилар».

«Биз эса бир муддат ўтириб қолдик», яъни, оз муддат.

«Шунда (Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Эй Умар, савол берувчи кимлигини билдингми?», дедилар», ёки савол берувчи ким эканини билдингларми, дедилар. Яна бир ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «(Бегона) кишини олдимга (олиб келинглар)».[57] Шунда саҳобалар бегона кишини қидириб, топа олмадилар.

«У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Бу Жаброил бўлиб, динингиз ишларини таълим бергани келганди», дедилар». Кириб келиб, ушбу саволларни йўллаган – Жаброил алайҳиссаломдир. Юқорида васф қилингандек эркак киши суратида ҳозир бўлганларга дин ишларини савол-жавоб тариқасида таълим бериш мақсадида келгандилар.

Ушбу ҳадисдан улкан фойдаларни олишимиз мумкин:

Биринчи: Дин уч даража бўлмиш ислом, иймон ва эҳсонга бўлиниб, ҳар бир даража кейингисига нисбатан олийроқ ва ҳар бир даражанинг ўз рукн-асослари бор. Ислом рукнлари, иймон рукнлари ва эҳсон бир рукндир.

Иккинчи: Савол-жавоб услубида таълим беришлик. Ушбу услуб муваффаққиятли таълим йўлидир. Чунки у бутун аҳамиятни бир жойга жамлайди ва савол берилганда зеҳн жавоб беришга ҳозирланиб, илм қабул қилиб олинади. Сўнг жавоб берилиши биланоқ, зеҳн ушбу жавобни илғаб олиб, асло унутмайди.

Учинчи: Ушбу ҳадисда, киши ўзи билмайдиган бирор масала борасида саволга тутилганда: «Аллоҳ ва Расули билувчироқ», деб илмни билувчисига топшириб, ўзи билмайдиган жавобни тўқиб, гапирмаслигига далил бор. Бу асло жоиз эмас. Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам қиёмат ҳақида сўралганларида: «У (қиёмат) ҳақида сўралгувчи савол берувчидан билувчироқ эмас», дедилар. Саҳобаларга: «Савол йўлловчи кимлигини билдингларми?», деганларида улар у кишини билишмасди. Шунда: «Аллоҳ ва Расули билувчироқ», дейишди.

Бу ҳолат шаръий, диний масалаларда киши бирор уйдирма тўқимаслик лозим эканига далолат қилади. Чунки бу ўз гарданига масъулият олишдир. Бироқ кимда илм бўлса, жавоб бераверади. Илмга эга бўлмаган киши эса: «Аллоҳ билувчироқдир», деб айтади. Кимда-ким: «Билмайман», деса, дарҳақиқат, жавоб берибди.

Имом Молик раҳимаҳуллоҳ қирқта масала ҳақида сўралганларида олтитасига жавоб бердилар. Қолган масалалар борасида: «Билмайман», дедилар. Шунда савол берувчи у кишига: «Мен фалон-пистон юртдан келганман. Сафар қилавериб, туямни ҳам чарчатиб юбордим. Сиз эса: «Билмайман», дейсиз-а», деди. Имом: «Туянгга миниб, келган юртинга бориб шундай деб айтгин: «Моликдан сўраган эдим, у: «Билмайман», деб айтди»». Инсон шаръий ишларда жавобни билмаса: «Билмайман», деб айтишлиги асло айб эмас. Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «У (қиёмат) ҳақида сўралгувчи савол берувчидан билувчироқ эмас», дедилар.

Ва яна соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳали ваҳий нозил бўлмаган баъзи масалалар ҳақида сўралганларида Аллоҳ азза ва жалладан ваҳий нозил бўлишини кутиб қолардилар. «Сиздан ароқ (ичкилик) ва қимор ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Буларда катта гуноҳ … бор» (Бақара: 219). «Сиздан ойлар ҳақида сўрашади. Айтинг: у (ойлар) одамлар ва ҳаж учун вақт ўлчовларидир» (Бақара: 189).

Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирор нарса ҳақида сўралганларида жавобни билмасалар Аллоҳдан ваҳий нозил бўлишини кутардилар. У киши соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўзга киши эса то сўраб-суриштириб, ушбу масала борасида жавобни қўлга киритиш учун илм аҳлининг китобларидан изланиш олиб бориши авлороқ бобдандир. (Жавобга) шошилишлиги эса катта хатар ва Аллоҳ азза ва жаллага нисбатан беодоблик қилишдир. Чунки жавоб бераётган киши Аллоҳнинг шариатидан жавоб бериб: «Аллоҳ буни ҳалол ёки ҳаром ёки жорий қилган», дейди. Демак, иш жуда хатарлидир.

Тўртинчи: Ҳадисда мутааллимнинг одобига далолат бор. Жаброил – фаришталарнинг саййиди Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларида тиззасини у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тиззаларига суяб, икки қўлини икки сонларига қўйиб, ўтириб одоб ила савол йўллади. Бу одамлар уламоларга нисбатан қандай одоб сақлашликларини ўргатиш мақсадидадир.

Бешинчи: Қиёматнинг баъзи аломатлари баёни. Ушбу аломатлардан иккитасини зикр қилдилар: чўри ўз бекасини туғиши. Баъзи уламолар: чўри ўз бекасини туғишидан мурод, замона охирида ота-онага оқ бўлиш кўп содир бўлиб, ҳатто қиз ўз онасига эга чиқиб, унга буйруқ бериб, қайтариб, қўпол муносабатда бўлишидир, деб айтишди.

10 thoughts on “Уч Асос шарҳи

  1. ассалому алейкум устозлар. менга хозирги кундаги олимларни исми шарифларини айтиб берсангиз

  2. Waalaykum assalom,
    hozirgi kundagi hayot ulamolarning bazilari:

    Shaykh Aal ash-Shaykh
    Shaykh al-Abbad
    Shaykh al-Ajlan
    Shaykh al-Albani
    Shaykh al-Barrak
    Shaykh al-Fawzan
    Shaykh al-Ghudayyaan
    Shaykh al-Jaami
    Shaykh al-Jabiree
    Shaykh al-Khamees
    Shaykh al-Luhaydaan
    Shaykh al-Munajid
    Shaykh an-Najmi
    Shaykh As-Suhaymee
    Shaykh bin Baz
    Shaykh Ibn al-Uthaymeen
    Shaykh Muqbil
    Shaykh Zayd al-Madkhali

    wassalam

    1. Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
      Ҳурматли Daniell, авваламбор сиз санаб ўтган уламоларнинг барчаси ҳам афсуски бугунги кунда ҳаёт эмас.
      Кейин Shaykh al-Khamees деб айни кимни назарда тутдингиз. Бу кишининг исм-шарифларини тўлиқроқ ёзсангиз.
      Shaykh al-Munajid эса аслида уламо эмас. У кишининг фатволарини ўқишдан, у кишидан илм олишдан кўпчилик уламолар қайтаришган.
      Валлоҳу аълам.

  3. Waalaykum assalom va rahmatullohi va barakatuh,

    Sharhimga etiboringiz va javobingiz uchun rahmat.

    Shaykh Uthman al Khamees meni bilishimcha Quvaytdagi Islom Universiteti Doktori.

    Shaykh al Munajjid tugrisida yana bir bor surishtirib kuraman.

    wassalam

    1. 1) Усмон ал-Хамисни мақтаб ундан илм олишликни тавсия қилган бирор олимни сўзларидан хабардор бўлсангиз илтимос келтирсангиз.
      Бизга маълум бўлгани шуки шайх Утайбий бу кишини ҳизбий, Иҳё ат-Турос фондига боғлиқ инсон эканини айтганлар. Кенгроқ маълумот учун қуйидаги манбага мурожаат қилинг:
      http://www.sahab.net/forums/index.php?showtopic=121124
      http://www.archive.org/download/radasheekotaibialaotmankamise/radasheekotaibialaotmankamise_2.mp3

      2) Мунажжиднинг манҳажини эса кўпчилик аҳли илмлар танқид қилишган. Хоссатан сиз санаб ўтган шайх Убайд ибн Жобирий ҳафизаҳуллоҳ у кишини қутбий эканини айтганлар. Ушбу сўзларини қуйидаги манбадан топишингиз мумкин:
      http://youtu.be/EfscGHQjKWI

      3) Шайх Аббод ва шайх Жобирий бугунги кунда тириклар алҳамдулиллаҳ.

      Валлоҳу аълам.

  4. Tugri ayttingiz bazi ulamolar hayot emaslar:
    Shaykh al Abbad
    Shaykh al Alboniy
    Shaykh al Jabiree
    Shaykh Ibn Baz
    Shaykh ibn Uthaimeen
    va yana bazilar

    wassalam.

  5. Ассалому алейкум! Кандай килиб юклаб осам китобни? Хар сафар онлайн укиш хар сафарам кулай бумаяпти.Жазакумуллоху хойрон

  6. Ассаламу аьлайкум бидаьт ахлига эң тугри мафким китобини арапча вариятыны кандай юлаб олсам болоди

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan