Уч Асос шарҳи


Тўртинчи рисола

Билмоқлик вожиб бўлган уч асос

Биринчи асос: Аллоҳ азза ва жаллани танимоқлик

Агар сенга: «Билмоқлик вожиб бўлган уч асос нима у?», дейилса, банда Роббиси, дини ва пайғамбари Муҳаммд соллаллоҳу алайҳи ва салламни танимоқлигидир, деб айтгин.

(Муаллиф раҳимаҳуллоҳнинг): «Асос», деган сўзларига тўхталадиган бўлсак, асос – пойдевор бўлиб, (бино-диннинг) қолган қисми унинг устига қурилади. Демак, диннинг қолган боблари унинг устига қурилгани учун ҳам асос-пойдевор деб аталади. Диннинг бари ушбу уч асос атрофида айланади.

Ушбу асос диннинг пойдевори бўлиб, шайх раҳимаҳуллоҳнинг келгусидаги жумлаларида, Аллоҳнинг хоҳиши ила, муфассал ёритилади.

Шайх раҳимаҳуллоҳ нима учун айнан ушбу уч асосга диққат қаратяптилар?

Чунки булар ислом динининг асослари бўлиб, банда қабрга қўйилганда ушбу масалалар борасида саволга тутилади. Банда қабрга қўйилиб, устига тупроқ тортилгач ва одамлар уни (ёлғиз) тарк этиб, ўз аҳли оилалари ҳузурига қайтишгач, унинг олдига икки фаришта келиб, маййитнинг руҳи жасадига қайтарилади ва дунё ҳаётидагига ўхшаш эмас, балки барзах ҳаётида тирилади. Уни қабрида ўтирғизиб: «Роббинг ким? Дининг нима? Пайғамбаринг ким?», дея савол беришади. Мўмин киши: «Роббим Аллоҳ, диним ислом ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарим», дейди. Унга: «Буни қандай билдинг?», дейилади. У эса: «Аллоҳнинг Китобини ўқиб, билдим», дейди. Шунда бир нидо қилувчи: «Бандам рост сўзлади. Унга жаннатдан (тўшак) тўшанглар ва жаннатдан бир эшик очинглар», деб нидо қилади. Қабри унга кўзи етар жойгача кенгайтириб қўйилади. Унга жаннатнинг ҳиди ва нафаси уфуриб туради ҳамда жаннатдаги ўз ўрнини кўриб туради. Ва: «Эй Роббим, қиёматни қоим қил токи аҳлим ва молимга қайтай», дейди.

Исломни даъво қилсада, яқиний ишончга эга бўлмай, шак-шубҳа орасида яшаб ўтган кимса эса, модомики Аллоҳнинг дини борасида мунофиқ каби шак-шубҳа ва иккиланишда экан, демак, у (икки фариштанинг сўровларига) тутилиб-ғулдираб (жавоб беради). Унга: «Роббинг ким? Дининг нима? Пайғамбаринг ким?», деб берилган саволларнинг барига: «Вой-дод билмайман, одамларни бир нарса дейишаётганини эшитиб, ўшани айтиб юраверардим», дейди.

Яъни, ҳаёти дунёда одамлар айтган гапни айтиб, иймон келтирмаган, Аллоҳ сақласин. Ушбу мунофиқ зоҳири ислом бўлиб, қалбида эса (исломга) эътиқод қўймаган. Балки дунёвий фойдаларини кўзлаб, ҳаёти дунёда иймон келтирмай, қалбан инкор этса-да: «Роббим Аллоҳ» деган. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рисолатларига қалбан иймон келтирмай, фақат тилидагина: «Пайғамбарим Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам», деб юраверган. Ушбу кимса мунофиқ бўлиб, унга: «Билмадинг, ўқимадинг», дейилади ва темирдан бўлган гурзи билан урилади. (Зарб кучидан) шундай бир қичқирадики, агар инсон ушбу қичқириқни эшитса, албатта ҳушидан кетади. Инсондан ўзга барча ҳайвонот ушбу қичқириқни эшитади. Агар инсон эшитганида албатта ҳушини йўқотарди, яъни, қўрқинч-даҳшатдан вафот этарди. Қабри торайгани боис қовурғалари бир-бирига аралашиб кетади. Унга дўзахдан бир эшик очилиб, унинг иссиқ шамоли ва ҳарорати келиб туради. Ва: «Эй Роббим, қиёматни қоим қилма», дейди. Мана шу унинг қабрдаги ҳаёти ва ҳолатидир, Аллоҳни паноҳига қочамиз. Чунки у тўғри жавоб беролмади.

Шунингдек, бир нидо қилувчи: «Бандам ёлғон сўзлади. Унга дўзахдан (тўшак) тўшанглар ва жаҳаннамдан бир эшик очиб қўйинглар», деб нидо қилади, Аллоҳ сақласин. Демак, ушбу масалалар ана шундай муҳим аҳамият касб этар экан, бизга уларни ўқиб-ўрганиб, эътиқод қўйишимиз вожиб бўлади. Ўқиб-ўрганишнинг ўзи кифоя қилмайди. Балки ўқиб-ўрганиб, эътиқод қилиб, иймон келтириб ва модомики тирик эманмиз, амал қилмоғимиз лозим бўлади. Шояд Аллоҳ таоло қабрда саволга тутилганимизда собитқадам қилса.

Аллоҳ таоло шундай деди: «Аллоҳ иймон келтирган кишиларни ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам устивор сўз (иймон калимаси) билан собитқадам қилур. Золимларни эса Аллоҳ (ҳақ) йўлдан оздирур. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ишни қилур» (Иброҳим: 27).

Демак, ушбу уч асос катта аҳамиятга эга. Шу сабабли ҳам шайх раҳимаҳуллоҳ ушбу рисолани ана шу мавзуга қаратиб, дарс қилиб ўрганишимиз, чуқурроқ ёндашишимиз, эътиқод ва амал қилишимиз учун очиқ-ойдин ёритиб бердилар. Шояд Аллоҳ таоло бизни ҳам, сизларни ҳам ҳаёти дунё ва охиратда устивор сўз ила собитқадам қилса.

Агар сенга: «Роббинг ким?», дейилса, «У мени ва барча оламларни Ўзининг неъмати ила тарбия қилган Аллоҳдир», деб айтгин.

Шайх раҳимаҳуллоҳ уч асосни умумий суратда баён қилгач, энди Китоб, Суннат далиллари ва Аллоҳнинг борлиқдаги оят-аломатлари, ҳамда ақлий далиллар билан бирма-бир муфассал ёритиб беришни хоҳладилар. Ана шундай қилиб ақида масалалари Китобу Суннат далиллари ва барча шубҳалар ариб, ақида қалбда мустаҳкам ўрнашиб қолиши учун ҳам Аллоҳ таолонинг кавний-борлиқдаги оят-аломатларига назар ташлашга асосланмоқлиги вожиб бўлади.

Шак-шубҳа, одамларнинг миш-мишлари ва кўр-кўрона тақлидга қурилган ақидага келсак, албатта у ўткинчи бўлиб, нуқсон ва ўз таъсирини йўқотишга кўндалангдир.

Нафақат ақида, балки бошқа шаръий ҳукмлар ҳам Китобу Суннат далиллари ва соғлом ақлий ҳужжатлар билангина собит бўлади. Шунинг учун ҳам шайх раҳимаҳуллоҳ ушбу уч асосга кўплаб далиллар келтириб, бирор асосга тўхталадиган бўлсалар, албатта уни, шак-шубҳа ва турли ҳаво-раъйларни кетказиб, қалбда ақидани мустаҳкамлайдиган аниқ-тиниқ далил ва ҳужжатлар билан асослаб берадилар.

(Муаллиф раҳимаҳуллоҳнинг): «Агар сенга … дейилса», деган жумлаларига келсак, яъни, «Роббинг ким?», деб сўралсанг. Ушбу саволга албатта йўлиқиб, у ҳақда дунё ва охиратда ҳали сўраласан. Демак, Роббинг азза ва жаллани танимоқлигинг ва далил-ҳужжатга асосланган тўғри жавобни беришинг даркор. «Роббим Аллоҳ» ана шу тўғри жавобдир. «У мени ва барча оламларни Ўзининг неъмати ила тарбия қилган». Бу эса ақлий далил бўлди.

Роб жалла ва аъла барча бандаларини Ўзининг неъмати ила тарбия қилиб, онасининг қорнида босқичма-босқич, уч зулумат (1-онанинг қорни, 2-бачадон, 3-йўлдош) ичида Ўзининг ризқи билан озиқлантириб, йўқдан бор қилди. Онасининг қорнидалигидаёқ унга ризқ етиб туради. Шунинг учун ҳам ҳомиланинг жисми онанинг қорнида ўсиб, катталашиб боради. Чунки унга Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло томонидан ризқ-рўз етиб туради.

Сўнг унга руҳ пуфланиб, Аллоҳнинг изни ила ҳаракатга келиб, яшай бошлайди. Бу она қорнидаги тарбия эди. Туғилгач Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уни соғлиқ ва офият неъмати ила тарбия қилади. Ва унга онасининг сутини мўл-сероб қилиб, (турли) таомлардан тановул қилгунга қадар она сути билан озиқаланади, ва (маълум муддат ўтгач) она сутидан ҳам беҳожат бўлади. Сўнг ақл, кўз ва қулоғи аста-секинлик билан ривожланиб, балоғат ёшига ҳам етади. Сўнг қирқ ёшга етганда кучга тўлиб, ғоятда қувват ҳосил қилади.

Онасининг қорнида яратилиб вафот этгунга қадар бўлган муддат ичида ким уни озиқлантирди? Ким уни озиқлантириб сўнг ушбу таом ва ичимликни унинг ҳар бир ҳужайра ва мушак, ҳамда жисмининг барча қисмига етиб боришига имкон берди? Ким уни таом ва шаробга бўлган хоҳиш-иштаҳасини очиб, сўнг ҳазм қилдириб, ундан унинг (таом ва шаробнинг) зарарини чиқариб ташлади? Ким ана шу ишларни бошқариб, инсонни тарбия қилди? У Зот, ахир Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло эмасми? У Зот Роб субҳанаҳу ва таолодирки, мени ва барча оламларни Ўзининг неъмати ила тарбия қилди.

Ер юзидаги барча инсон ва ҳайвонот олами, ҳамда қуруқлик ва денгиз олами, қуруқлик ва денгиздаги катта махлуқотдан тортиб кичигигача, барча-барчаси У Зотнинг неъмати ва ризқи ила озиқланади. Аллоҳ таоло шундай деди: «Агар (Раҳмон) Ўз ризқини ушлаб-тўхтатиб қўйса, сизларга ризқ-рўз берадиган ўша зот ким ўзи?!» (Мулк: 21). Ва яна шундай деди: «Ерда ўрмалаган нарса борки, барчасининг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У Зот уларнинг турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам билур» (Ҳуд: 6). Ва яна ушбу қовли: «Ўз ризқу рўзини кўтара (яъни, топа) олмайдиган қанчадан-қанча жонзотлар бордир. Аллоҳ уларга ҳам, сизларга ҳам ризқу рўз берур. У Эшитгувчи, Билгувчидир» (Анкабут: 60). Ана шу Роб субҳанаҳу ва таолодир: «Ана шу Аллоҳ Роббингиздир, бас, Унга ибодат қилингиз!» (Юнус: 3). Аллоҳ жалла ва аладан ўзга бут-санам ёки бошқа бирортаси ризқ бериш ва бошқа ишларга ҳам молик эмас. Балки ўзи ризқланадиган ва сиз-у бизга ўхшаш махлуқдир.

У менинг маъбудим. Мен учун Ундан Ўзга маъбуд йўқ. Далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: «Ҳамду сано барча оламларнинг Робби бўлмиш Аллоҳ учундир» (Фотиҳа: 2).

(Муаллиф раҳимаҳуллоҳнинг): «У менинг маъбудим», деган сўзларига тўхталсак, Роб азза ва жалла ана шундай ишларни қилар экан, демак, мен ва мендан ўзгаси томондан ибодат қилинишга лойиқ ҳам Унинг Ўзидир. Сўнг шайх раҳимаҳуллоҳ рубубият тавҳидига иқрор бўлишликни ўзи асло кифоя қилмаслигини яна бир бор эслатяптилар. Роббим неъматлари ила мени тарбия қилган Аллоҳдир, деб айтишингиз асло етарли эмас.

Бунинг ўзи етарли эмас, балки ибодат фақат У Зотга қилинишини ҳам эътироф этиб, ибодатни Унга холис адо этмоқлигингиз лозим. Ана шу муваҳҳид билан мушрик орасидаги фарқдир. Муваҳҳид Аллоҳ азза ва жалланинг рубубият ва шериксиз, ёлғиз Ўзи ибодатга ҳақли дея иқрор бўлади. Мушрик эса Аллоҳнинг рубубиятига иқрор бўлиб, ибодат қилишда эса мушрикдир. Ибодат қила туриб Унга ўзгасини ҳам шерик қилади. Унга яратмаган, ризқ бермаган ва бирор нарсага молик бўлмаган бир нарсани шерик қилади. Демак, ана шу муваҳҳид билан мушрик орасидаги фарқдир. Муваҳҳид, «Роббим ва маъбудим Аллоҳ. Мен учун Ундан Ўзга маъбуд йўқ», дейди. Мушрик эса: «Роббим Аллоҳ», дейди. Ибодат унинг наздида фақат Аллоҳга хос эмас. Аллоҳ билан бирга дарахт, тош, авлиё, солиҳ зотлар ва қабрларга ибодат қилади. Шу сабабдан ҳам у мушрик бўлиб, рубубиятга иқрор бўлиши унга фойда келтирмади ва исломга ҳам дохил қилмади.

(Муаллиф раҳимаҳуллоҳнинг): «У менинг маъбудим», деган қовллари, яъни, ибодат қиладиган илоҳим.

«Мен учун Ундан Ўзга маъбуд йўқ», яъни, на фаришта, пайғамбар, ўтган солиҳ зотлар, дарахт, тош ва боша бирор нарса эмас. Мен учун У субҳанаҳу ва таолодан Ўзга маъбуд йўқ. Ана шу тавҳидни далил асосида қайдлашдир ва бу ақлий далил эди. Сўнг Қуръондан бўлган нақлий далилни зикр қилдилар.

Далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: «Ҳамду сано барча оламларнинг Робби бўлмиш Аллоҳ учундир» (Фотиҳа: 2).

Ушбу оят Қуръонда «Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим»дан кейин турадиган аввалги оятлардан. Ва у жаннат аҳлининг охирги айтадиган сўзларидир. Аллоҳ таоло шундай деди: «Охирги тилаклари эса барча оламлар Роббиси – Аллоҳга ҳамду сано айтишдир» (Юнус: 10). Аллоҳ азза ва жалла яратишни ушбу калима билан очди-бошлади ва ушбу калима билан якунлади. Аллоҳ таоло шундай дейди: «Ҳамду сано осмонлар ва ерни яратган, зулматлар ва нурни таратган Аллоҳ учундир» (Анъом: 1).

«(Зеро), уларнинг (яъни, барча бандаларнинг) ўрталарида ҳақ (ҳукм) билан ҳукм қилинди. Ва «ҳамду сано барча оламларнинг Роббиси бўлмиш Аллоҳ учундир», дейилди» (Зумар: 75). Демак, холқ-яратишни ушбу калима билан бошлаб ва яна ушбу калима ила тугатди. Чунки бу улуғ бир калимадир.

Аллоҳ таолонинг: «Ал-ҳамду», қовлига тўхталадиган бўлсак, У Зотга муҳаббат қўйиб ва улуғлаган ҳолда барча неъматлари учун олқиш айтишдир. «Ал-ҳамду»даги «ал», мутлақ барча мақтов-олқишлар Аллоҳга хосдир ва У бунга лойиқдир маъноларини ифодалайди. Ундан ўзгаси эса қилган яхшилигига қараб мақталади. Аммо мутлақ ва тамомий маънодаги мақтов, у фақат Аллоҳ азза ва жалла учундир. Чунки неъматнинг бари У томондан (ато қилинган).

Ҳатто махлуқ ҳам сизга бирор яхшилик қиладиган бўлса, у ҳам Аллоҳ азза ва жалла ҳузуридандир. Чунки У Зот ушбу махлуқни сизга (яхшилик қилишига) бўйинсундириб қўйди. У Зот унга сизга яхшилик улашишига имконият-иқтидор берди. Демак, натижада барча мақтов-олқиш Аллоҳга қайтади.

«Ал-ҳамду лиллаҳи» қовлидаги «Аллоҳ» лафзи жалолага келсак, барча махлуқотлари устидан улуҳият ва рубубият хислатларига эга зот маъносидадир. Ушбу исм билан У субҳанаҳудан Ўзгаси номланмайди. Ҳатто Фиръавн ҳам: «Мен Аллоҳман», демаган, балки: «Мен Роббингизман», деган. Ушбу исм фақат Аллоҳгагина хосдир. Бирор киши ушбу ном билан номланмайди ва журъат қилиб: «Мен Аллоҳман», деёлмайди.

Демак, барча мақтов ва олқиш оламларнинг Роббиси Аллоҳ учун экани аниқ-равшан бўлди.

Малоика, қуш, йиртқич, ҳашарот ва Аллоҳнинг Ўзигина ададини биладиган қуруқлик ва денгиздаги барча оламларнинг Роббиси Аллоҳдир.

«Оламларнинг Роббиси», ушбу сифат фақат Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло учун қўлланилади. Бирор кишига нисбатан: «Оламларнинг Роббиси», деб айтилмайди.

«Ар-Роб», деб маърифа (аниқлик артикли)да фақат Аллоҳга нисбатан қўлланилади ва Ундан бошқасига нисбатан айтилмайди. Махлуқ эса: «Роббуддар» (ҳовлининг робби-эгаси) ёки «Роббул баҳийма» (чорванинг робби-эгаси), деб бирор нарсага изофа ўлароқ ишлатилиши мумкин ва шунда ҳам роб калимаси эга, хўжайин маъноларини ифодалайди.

Аллоҳдан Ўзга ҳар бир нарса олам бўлиб, мен ана шу оламнинг бириман.

Сўнгра шайх раҳимаҳуллоҳ ушбу (Фотиҳа: 2) оятидан далил келтиришга ўтдилар.

«Аллоҳдан Ўзга ҳар бир нарса олам бўлиб, мен ана шу оламнинг бириман», деган сўзларига тўхталадиган бўлсак, Аллоҳ таоло менинг Роббим, чунки У оламларнинг Роббиси ва мен ушбу оламнинг бири бўлар эканман, бирор киши, на кофир ва на мусулмон: мени оламларнинг Роббисидан Ўзга Роббим бор, деб айтолмайди. Бунинг асло имкони йўқ бўлиб, ақли расо киши бу сўзни айтмайди. Бу эса Аллоҳ азза ва жалланинг рубубиятига далилдир. Модомики У Зот оламларнинг Роббиси бўлар экан, демак, У ибодатга лойиқ-ҳақлидир. Ушбу далил У субҳанаҳу ва таолодан Ўзгасига ибодат қилиш нақадар ботил иш эканини кўрсатади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло суранинг давомида шундай деди: «Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина мадад сўраймиз» (Фотиҳа: 5).

Ушбу оят қайд-чекловни ифодалайди. Чунки асли (жумлада) кейин келиши лозим бўлган –«اياك» («Сенгагина») – аввал келишлиги ва асли (жумлада) аввал келиши лозим бўлган – «نعبد» («Ибодат қиламиз») – кейин келишлиги чекловга далолат қилади. Демак, «اياك نعبد» («Сенгагина ибодат қиламиз») «نعبدك» («Сенга ибодат қиламиз») жумласидан батамом фарқ қилади. Сабаби «نعبد» («Ибодат қиламиз») жумласида фақат исбот мавжуд. Бироқ «اياك نعبد» («Сенгагина ибодат қиламиз») оятида эса нафий ва исбот бор. Яъни, Сендан Ўзгага ибодат қилмаймиз. Ибодат фақат нафий ва исбот билан тўғри бўлади. Ва у «Ла илаҳа иллаллоҳ» калимасининг ҳам маъносидир. Ушбу тавҳид калимасида ҳам нафий ва исбот бор бўлиб, улуҳиятни Аллоҳдан Ўзгасидан рад этиб, уни Аллоҳ азза ва жалла учун исбот қилмоқликдир.

Агар сенга: «Роббингни нима билан таниб олдинг?», дейилса, «Оят ва махлуқотлари билан», деб айтгин.

Сен: «Роббим мени Ўзининг неъматлари ила тарбия қилган Аллоҳдир», дегандинг. Бунга далил борми?

Шайх раҳимаҳуллоҳ нақлий ва ақлий далилларни келтиряптилар. Агар сенга: «Роббингни нима билан танидинг?», дейилса, чунки кимда-ким бирор нарсани даъво қиладиган бўлса, даъвосига далил қоим қилмоғи лозим. Ҳар бир даъвогарга, даъвосига далил келтирмоғи даркор. Акс ҳолда даъвоси нотўғри бўлади. Сен эса: «Роббим мени ва барча оламларни Ўзининг неъмати ила тарбия қилган Аллоҳдир», дединг. Далилинг нима? Шунда: «Далил, Унинг оят ва махлуқотлари», деб айтгин. Оят луғатда бирор нарсага аломат-белги, далолат маъносини ифодалайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Мунофиқнинг ояти – яъни аломати – учта».[17]

«Оят(лари)… билан», яъни, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога далолат қилувчи аломат ва белгилар. Ушбу сиз кўриб турган борлиқнинг бари йўқ эди. Сўнг Аллоҳ таоло уни йўқдан бор қилди ва Ўзининг қудрати ила яратди.

Ушбу борлиқда наботот, (махлуқотларнинг) туғилиши ва кўриб турганингиздек бундан бошқа вужудга келаётган махлуқотлар бор. Буларни ким яратаяпти? У Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодир. Ўша махлуқотлар ўзини ўзи яратдими ёки башариятдан бирортаси яратдими? Бирор киши буни даъво қилмаган, қиломайди ҳам.

Аллоҳ таоло шундай деди: «Балки улар ҳеч нарсадан (яъни, Яратгувчисиз) яралиб қолгандирлар?! Ёки улар ўзлари яратгувчимикинлар-а?! Балки осмонлар ва ерни ҳам улар яратгандирлар?! Йўқ, улар ишонмаслар!» (Тур: 35-36). Ушбу нарсалар ўзини ўзи яратган эмас ёки махлуқотлардан бири ҳам яратган эмас. Бирор киши ҳаргиз бирор дарахт, чивин ёки пашшани яратолмайди: «Аниқки, сизлар Аллоҳни қўйиб илтижо қилаётган бутлар агар барчалари бирлашганларида ҳам ҳатто бир дона чивинни ярата олмаслар» (Ҳаж: 73).

Ушбу махлуқотлар Холиқ субҳанаҳу ва таолога далолат қилади. Шу сабабли ҳам саҳродаги аъробийга: «Роббингни нима билан танидинг?», дейилганда, шундай деган экан: Тезак туяга, излар эса босиб ўтилган йўлга далолат қилса, ахир ушбу борлиқ Латиф, Хабардор Зотга далолат қилмасинми?!

Ердаги оёқ изларига кўзингиз тушса, ушбу (излар) бирор киши ана шу жойдан ўтиб кетганига далолат қилмайдими? Туянинг тезагига кўзингиз тушса, ушбу (тезак) ана шу жойдан туя ўтиб кетганига далолат қилмайдими? Тезак туяга, из эса кимдир ушбу йўлни босиб ўтганига далолат қилади.

Кеча ва кундуз, қуёш ва ой Унинг оят-аломатларидан. Етти осмон ва етти ер, ҳамда уларнинг ичидаги ва орасидаги бор нарсалар Унинг махлуқотларидандир.

«Кеча ва кундуз, қуёш ва ой Унинг оят-аломатларидан», деган сўзларига тўхталадиган бўлсак: оят-аломатлар икки қисмга бўлинади:

Биринчиси: Кўз ўнгимиздаги кавний-борлиқдаги оят-аломатлар. Осмон, ер, юлдузлар, қуёш, ой, тоғ, дарахт ва денгизлар каби. Чунки ушбу нарсалар Холиқи субҳанаҳу ва таолога далолат қилади. Шунинг учун ҳам Абул Атоҳия айтадики:

«Во ажаб, илоҳга қандай осийлик қилинади? Ёки инкор қилувчи Уни қандай инкор қиларкин?

Ҳар бир нарсада Унинг Ягона Зот эканига далолат қиладиган оят-аломат бордир.

Борлиқдаги ҳар бир ҳаракат ва сукунатда Аллоҳга гувоҳ-шоҳид бордир».

Ахир қандай қилиб киши Аллоҳ жалла ва алани инкор қилиб: «Ушбу барча борлиқнинг Роббиси йўқ. Махлуқотлар Яратувчисиз ўзи шундай вужудга келган», деб айта олади?! Агар бирор яратувчи вужудга келтирган бўлса, унда Аллоҳ жалла ва аладан Ўзга ўша яратувчи ким эканини айт менга! Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан Ўзга Яратувчини тополмайсан ҳам: «Ё улар (Аллоҳ) яратгани каби ярата оладиган бутларни Аллоҳга шерик қилишиб олиб, сўнгра уларга яратилган нарсалар(ни Аллоҳ яратганми ёки сиғинаётган бутлари яратганми) номаълум бўлиб қолдими? Айтинг: «Аллоҳ барча нарсани Яратгувчидир ва У Танҳо Ғолибдир»» (Раъд: 16).

Иккинчиси: Расул соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилинган ваҳийдан иборат тиловат қилинадиган Қуръон оятлари. Ушбу кавний-борлиқдаги ва Қуръоний оятларнинг бари Роб субҳанаҳу ва таолонинг бор ва мукаммал Зот эканига, ҳамда исм ва сифатларига, шериксиз ёлғиз Ўзи ибодатга ҳақли-лойиқ эканига далолат қилади.

Кавний оятлар ўзининг Холиқи, вужудга келтирувчиси ва бошқарувчисига далолат қилса, Қуръон оятларида эса Аллоҳга ибодат қилишга бўлган буйруқ, рубубият тавҳидини қайдлаб ўтиб, уни улуҳият тавҳидига далил қилиб келтириш ва Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ибодат қилишга бўлган буйруқ бордир. Қуръоннинг бари ана шу маъно атрофида айланиб, ушбу маъно сабабидан нозил қилинган.

Кеча ва кундуз, қуёш ва ой Унинг оят-аломатларидан. Булар Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг энг улкан оят-аломатларидандир. Ушбу борлиқни ўраб-қоплаб оладиган зулуматли тун ва коинотни ёритиб борадиган нур таратувчи кундуз. Натижада одамлар ўз ишлари сари отланадилар. Аллоҳ таоло шундай деди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Хабар берингчи, агар Аллоҳ кечани қиёмат кунигача устингизда мангу қилиб қўйса, Аллоҳдан ўзга қайси бир илоҳ сизларга ёруғлик келтира олур?! Ахир англамайсизларми?!». Айтинг: «Хабар беринг-чи, агар Аллоҳ кундузни қиёмат кунигача устингизда мангу қилиб қўйса, Аллоҳдан ўзга қайси бир илоҳ сизларга ором оладиган кечани келтира олур?! Ахир кўрмайсизларми?! (Аллоҳ) сизлар учун кеча ва кундузни – унда (яъни, кечада) ором олишларингиз, (кундузи эса) Унинг фазл-ризқидан исташларингиз ва шукр қилишларингиз учун пайдо қилиб қўйгани Унинг раҳмат – марҳаматидандир» (Қасос: 71-73).

Ушбу кеча ва кундуз Аллоҳ таолонинг энг улкан оят-аломатларидандир. Вақтнинг ҳаммаси кеча ёки вақтнинг бари кундуз ҳам эмас. Агар шундай бўлганида бандаларнинг манфаатлари чиппакка чиқиб, ўзлари ҳам машаққатга юз тутишарди.

Аллоҳ таоло улар учун кеча ва кундузни бир-бирини қувиб юрадиган қилиб берди. Сўнг ушбу тун ва кун бирор зиддият ва ўзгаришсиз, интизом билан ҳаракат қилади. Бу эса Ҳаким субҳанаҳу ва таолонинг ҳикматига далолат қилади. Бандаларнинг саноат ва қилган ишлари эса харобаси чиқиб, қандай бўлмасин барибир ишдан чиқади. Аллоҳ азза ва жалланинг махлуқотлари эса У Зот изн берган вақтдагина хароб бўлади.

Кеча ва кундуз давомий бўлиб, бирор киши улар сабабли талофат кўрмайди. Махлуқнинг қилган ишлари эса ишдан чиқиб, бузулиб, йўқ бўлиб кетади. Гарчи кучли ва катта ҳажмга эга бўлса-да.

Қанчадан-қанча урилган-зарб еган машина, тайёра-самолёт ва кемаларни кўрасиз. Ҳолбуки уларга кучли-мустаҳкам бўлсин дея катта аҳамият қаратилган. Бироқ бузилиб, ишдан чиқаверади. Кеча ва кундуз бузилиб, ишдан чиқадими? Йўқ. Чунки у Қудратли, Ҳикматли азза ва жалланинг ишидир: «(Бу) барча нарсани пухта қилган Зот – Аллоҳнинг ҳунаридир» (Намл: 88).

 

Субҳанаҳу ва таолонинг рубубият ва улуҳиятига далил

Далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Кеча ва кундуз, қуёш ва ой Унинг (танҳолиги ва қудратига далолат қиладиган) оят-аломатларидандир. Агар сизлар (Аллоҳга) ибодат қилгувчи бўлсанглар, қуёшга ҳам, ойга ҳам сажда қилманглар, (балки) уларни(нг барчасини) яратган Зотга – Аллоҳга сажда қилинглар!» (Фуссилат: 37).

Ушбу оят Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг рубубият ва улуҳиятда (ягона Зот) эканига далилдир: «Кеча ва кундуз, қуёш ва ой Унинг (танҳолиги ва қудратига далолат қиладиган) оят-аломатларидандир…».

Қуёш ва ой: қуёш борлиққа зиё улашадиган, доимо чарақлаб турувчи катта бир юлдуздир. Аллоҳ таоло айтганидек: «Ва доимо чарақлаб тургувчи чироқни (яъни, қуёшни пайдо) қилдик» (Набаъ: 13). Ой эса кечани ва одамлар учун йўлни ёритиб берадиган нурдир. Борлиқдаги дарахт, мева ва денгизларга ой нурининг улкан фойдалари бор. Агар қуёш ғойиб бўладиган бўлса, бутун борлиқ зарар кўриб, одамзотнинг ҳаёт ва фойдалари барбод бўлади. Ой ғойиб бўлса ҳам худди шундай (зарарлар кузатилади). Ойни мева ва дарахтларга фойдаси бўлиши билан бирга, унинг воситасида муддатларни билиш мумкин. Аллоҳ таоло шундай дейди: «Ойни эса (кечалари) нур – ёруғлик қилган ва сизлар йилларнинг саноғини ҳамда (вақтларнинг) ҳисобини билишларингиз учун уни (яъни, ойни бир қанча) манзил-буржларга бўлиб қўйган Зотдир» (Юнус: 5). Ва яна ушбу қовли: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиздан ойлар ҳақида сўрашади. Айтинг: у (ойлар) одамлар ва ҳаж учун вақт ўлчовларидир» (Бақара: 189).

Демак, ойларда вақт ва муддатларни билиш каби фойдалар бор. Мисол учун: қарз муддати, аёллар (талоқ қилингандаги) идда ва (табиий қонлари) муддати, рўза ва ҳаж каби ибодатларнинг муддатини билиш каби. Ушбу муддатларнинг барини икки юлдуз бўлмиш: қуёш ва ойга биноан билиб борасиз. Шамсий ва қамарий ҳисобда барча инсоният учун фойдалар бор.

Етти осмон Унинг махлуқотларидандир. Аллоҳ таоло шундай деди: «Аллоҳ етти осмонни ва ердан ҳам ўшаларнинг мислини (яъни, етти қават ерни) яратган Зотдир» (Талоқ: 12).

«(У) етти осмонни устма-уст қилиб яратган Зотдир…» (Мулк: 3). Демак, осмонлар устма-уст бўлиб, дунё осмони, сўнг еттинчи осмонгача бирин-кетин бўлган осмонлар. Барчасининг юқорисида эса Раҳмон субҳанаҳу ва таолонинг арши.

Аллоҳ таоло айтганидек етти ер ҳам (Унинг махлуқотларидандир): «Ва ердан ҳам ўшаларнинг мислини (яъни, етти қават ерни) яратган Зотдир». Ер ҳам етти қатлам-табақадан иборат. Осмон ва ернинг етти қават қатлам-табақасининг ҳар бирида маскан тутган яшовчи-махлуқотлар мавжуддир. Осмонлардаги юлдузлар, қуёш ва ой, ҳамда ердаги турли навларга эга бўлган тоғ, дарахт, тош, маъдан (қазилма бойликлари) ва денгизлар каби махлуқотларнинг барчаси Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг оят-аломатларидандир. Ушбу оят-аломатлар кўзимиз билан кўриб, гувоҳ бўлганимиз кавний-борлиқдаги оят-аломатлардир.

Шайх раҳимаҳуллоҳ: Далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Кеча ва кундуз, қуёш ва ой Унинг (танҳолиги ва қудратига далолат қиладиган) оят-аломатларидандир. Агар сизлар (Аллоҳга) ибодат қилгувчи бўлсанглар, қуёшга ҳам, ойга ҳам сажда қилманглар, (балки) уларни(нг барчасини) яратган Зотга – Аллоҳга сажда қилинглар!» (Фуссилат: 37), дедилар.

Кеча Унинг оят-аломатларидан, яъни, рубубияти, қудрати ва якка Ўзи ибодатга ҳақли-лойиқ эканига далолат қилувчи оят-аломатлардан зулматли кеча ва бутун борлиқни ёритувчи кундуздир. Ушбулар Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ажойиботларидандир.

Бутун борлиқни бир лаҳзада зулуматли ва яна бир лаҳзада ёруғ қиладиган Зот ким? У Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодир. Агар халқлар ер юзининг бир бурчагини ёритиш учун жамланишса, фақат маълум бир чекланган қисминигина ёритиша олади. Агар дунёдаги бутун электр токини олиб келишганда ҳам, у фақат ернинг маълум бир қисмини ёритади холос.

Қуёш ва ой эса бутун борлиқни ёритади. Кеча ва кундуз бир-бирини қувиб-таъқиб қилиб боради. Қуёш ва ой ҳам худди шундай.

Аллоҳ таоло айтадики: «Агар сизлар (Аллоҳга) ибодат қилгувчи бўлсанглар, қуёшга ҳам, ойга ҳам сажда қилманглар, (балки) уларни(нг барчасини) яратган Зотга – Аллоҳга сажда қилинглар!» (Фуссилат: 37).

Бу ширкни барбод-ботил қилишдир. Махлуқотларга сажда қилманглар. Чунки энг улкан махлуқотлар қуёш ва ой бўлиб, мушриклар бу иккисига ибодат қилиб, сажда қилишарди. Уларнинг орасида Иброҳим алайҳиссаломнинг қавмлари каби ой ва юлдузларнинг ҳайкал-тимсолини ясаб, уларга ибодат қиладиганлари бор эди. Аллоҳ таолонинг ушбу: «Агар сизлар (Аллоҳга) ибодат қилгувчи бўлсанглар, қуёшга ҳам… сажда қилманглар», қовлига келсак, сажданинг маъноси пешонани маъбудга итоат этган ҳолда ерга қўймоқ. Ва бу ибодатларнинг энг улуғидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Банда Роббисига энг яқин бўлган (лаҳзаси) – саждада эканлигидадир».[18]

Ибодат турларининг энг улуғи ерга (йиқилиб) сажда қилишдир. Чунки юзингиз танангизнинг энг азиз қисми бўла туриб, уни Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога бандалик бажо қилиб ва хокисор бўлиб У Зот учун ерга қўясиз. Ана шу ҳақиқий сажда бўлиб, ушбу ибодат билан фақат Аллоҳ таологагина сиғинилади.

Қуёш ва ойга сажда қилишга келсак, у сажда қилишга нолойиқ бўлган бир махлуққа сажда қилишдир. Махлуқотларга сажда қилиш жоиз эмас. Балки сажда махлуқотларнинг Холиқи азза ва жаллагагина қилинади. Махлуқотлар эса сиз каби яратилган, уларнинг устидан бошқарилиб турилади. Ўзингиз каби ожиз бир махлуққа сажда қиласизми? Бу асло жоиз эмас. Инсон ақлу заковати қандай қуйи даражага етди-я?!

Сажда – Уни бирор нарса ожиз қолдирмайдиган Холиқ субҳанаҳу ва таологагина лойиқдир. Сажда Аллоҳ азза ва жалланинг ҳаққи, махлуқнинг ҳаққи эмас, гарчи ушбу махлуқ катта ва улкан бўлса-да. Чунки у заиф бир махлуқ бўлиб, унинг тепасидан бошқариб, тасарруф этиб турадиган бир Зот бор.

«Агар сизлар (Аллоҳга) ибодат қилгувчи бўлсанглар, қуёшга ҳам, ойга ҳам сажда қилманглар, (балки) уларни(нг барчасини) яратган Зотга – Аллоҳга сажда қилинглар!» (Фуссилат: 37).

Демак, ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишимиз даркор. Агар У Зотга ва бошқасига ҳам сажда қилар экансизлар, Аллоҳга тўғри ибодат қилувчи бўлмабсизлар. Балки Унга ширк ила ибодат қилган бўлиб, ширк ибодатни барбод қилади.

Ва Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «(Эй инсонлар), албатта Роббингиз – Аллоҳ шундай Зотдирки, осмонлар ва ерни олти кунда яратиб, сўнгра Ўз аршига кўтарилди. У кечани (қоронғуликни) кундузга ўрар (ва кеча кундузни) шошилган ҳолда қувиб юрар. У қуёш, ой ва юлдузларни Ўз амрига бўйсундирилган ҳолда (яратди). Огоҳ бўлингизким, яратиш ҳам, буюриш ҳам ёлғиз Уникидир. Барча оламлар Робби – Аллоҳ Баракотлидир» (Аъроф: 54).

«Албатта Роббингиз», яъни, сизларни Яратувчи ва неъматлар билан тарбия қилувчи.

Сўнг Яратувчи ва тарбия қилувчи эканига далил сифатида шундай деди: «Осмонлар ва ерни олти кунда яратиб…». Ушбу оят Аллоҳ азза ва жалланинг рубубиятига ҳужжатки, У Зот осмонлар ва ерни яратди. Бирор киши буларни яратмаган ва субҳанаҳу ва таолога яратишда кўмак ҳам бермаган. Балки Унинг ёлғиз Ўзи Яратувчидир: «Осмонлар ва ерни олти кунда яратиб…». Мушрик ва мулҳидлардан бирортаси ушбу оятга қарши чиқиб: Аллоҳ осмонлар ва ерни яратмаган. Балки фалончи ёки мен ё бўлмаса фалончи бут-санам яратган, дея оладими? Тарихдаю ҳозирда бирор кимса ушбу сўзни айтганми? Ҳолбуки ушбу оятлар эртаю кеч тиловат қилинади. Бирор киши ушбу оятга қарши чиқмаган ва келажакда ҳам асло қарши чиқолмайди.

«Олти кунда», яъни, ушбу баҳайбат, улкан махлуқотларни Аллоҳ таоло олти кунда яратди. Ҳолбуки бир лаҳзада яратишга ҳам қодир эди. Бироқ субҳанаҳу ва таолонинг Ўзигина биладиган ҳикмат сабабли олти кунда яратди. Ушбу олти куннинг аввали якшанба, охиргиси эса жума кунидир. Жума куни холқ-яратишлик тамомий-мукаммал бўлди. Ана шу сабабли ҳам ушбу кун ҳафта кунлари ичидаги энг улуғи, кунларнинг саййиди ва ҳафтанинг байрами, ҳамда барча кунлардан афзалидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Қуёш порлаб чиққан кунларнинг яхшиси жума кунидир».[19] Чунки жума куни махлуқотларни яратиш тўла-мукаммал бўлди. Ушбу кунда Одам алайҳиссалом яратилиб, жаннатга киритилди ва ана шу куни ундан (жаннатдан ерга) туширилди. Ва яна бу кунда қиёмат қоим бўлади. Ана шуларнинг бари жума куни рўй беради. Демак, у кунларнинг афзали ва осмонлару ер ва улар ичидаги бор нарсанинг яратилишини сўнгги кунидир.

«Сўнгра Ўз аршига кўтарилди», яъни, «сўнгра» калимаси тартиб, кетма-кетликка далолат қиладики, аршга кўтарилиши осмонлар ва ерни яратганидан сўнг бўлди. Чунки у (яъни, аршга кўтарилиши) Аллоҳ хоҳлаганида қиладиган-сифатланадиган феълий сифатлардандир.

«Кўтарилди», яъни, юқорилади, олий бўлди.

«Ўз аршига», яъни, арш – махлуқотларнинг шифти-томидир. Луғатда эса: тахт маъносини ифодалайди. Ўз устунларига эга бўлган тахт бўлиб, фаришталар уни кўтариб туради. Ва у махлуқотларнинг энг улкан ва юқоридагисидир.

«الاستواء» (ал-Истиво – кўтарилиш, юқорилаш): Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг буюклигига лойиқ бўлган феълий сифатларидан биридир. Махлуқнинг махлуққа кўтарилиши-олий бўлиши каби эмас. У Зот аршга муҳтож эмас. Чунки У аршни ҳам, бошқасини ҳам тутиб-ушлаб туради.

«Албатта Аллоҳ осмонлар ва ерни қулаб тушишдан ушлаб-асраб турур. Аниқки, агар улар қуласалар У Зотдан сўнг (яъни, Аллоҳдан Ўзга) бирон кимса уларни тутиб тура олмас» (Фотир: 41).

Арш Аллоҳ таолога муҳтож, чунки у махлуқдир. Аллоҳ таоло эса аршдан ҳам, бошқасидан ҳам Беҳожатдир. Бироқ У Ўзигина биладиган ҳикмат сабабли унга (аршга) кўтарилди. Кўтарилиш олий бўлишнинг бир туридир. Бироқ «العلو» (ал-Улув – Олийлик) зотий сифат, «الاستواء» (ал-Истиво – кўтарилиш, юқорилаш) эса Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло хоҳлаганда қиладиган-сифатланадиган феълий сифатдир.

«У кечани (қоронғуликни) кундузга ўрар», яъни, тунни кунга қоплаб, тунни эса кунга ёпинчиқ каби ўрайди. Натижада борлиқни ёруғ ҳолатда кўрасиз. Тунни кунга қоплаганда эса олам зулматга чўмади.

Тунни кунга қоплайди, натижада ёруғлик бўлади. «(Ва кеча кундузни) шошилган ҳолда қувиб юрар». Бунисидан (кундуздан) кейин униси (кеча) танаффус олмай келиб, ортда қолмайди-кечикмайди. Кеча кетгач кундуз келади ва кундуз кетгач кеча келади. Бир-биридан ортда қолиб кетмайди. Буларнинг бари субҳанаҳу ва таолонинг Қудратини мукаммал эканидандир. Қуёш барчага маълум бўлганидек улкан бир юлдуздир. Ой ҳам етти ҳаракатланадиган юлдузнинг бири. Қуёшу ойнинг иккиси ҳам ер атрофида айланади. Ер силжимас-барқарордир. Аллоҳ таоло уни бандаларнинг фойдалари учун силжимас қароргоҳ қилди. Қуёш ва бошқа фалаклар эса унинг атрофида айланади. (Иш) билимни даъво қилган бугунги вайсақилар айтгандек эмас. Улар Қуръонга акс йўл тутиб: қуёш силжимас, ер эса қуёш атрофида айланади, дейишади. «Қуёш (бирон сония тўхтамай) ўз қароргоҳи сари жорий бўлур» (Ясин: 38). Улар эса: қуёш ҳаракатланмайди, дейишади. Ажиб, субҳаналлоҳ!

«Ва юлдузларни Ўз амрига бўйсундирилган ҳолда (яратди)», яъни, тўхтамай доимий ҳаракатланишга бўйинсундириб қўйилган. Демак, ушбу оят қуёш, ой ва юлдузларга ибодат қиладиганларга раддияки, уларнинг бари Аллоҳнинг амрига бўйинсунади. Уларни ҳаракатга келтирадиган Аллоҳ таолодир ва Унинг Ўзи хоҳлаганда уларни ҳаракатдан тўхтатади. Демак, уларнинг тепасидан бошқарилиб туриладиган, бўйинсундирилиб қўйилган махлуқотлар бўлиб, улар учун бошқарувдан бирор нарса йўқ.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло амр этиши биланоқ ҳаракатга келиб, Унинг кавний буйруғи ила нур сочади. Буниси чиқиб, кейингиси ботиб, бир-бирини қувиб юради.

«Огоҳ бўлингизким, яратиш ҳам, буюриш ҳам ёлғиз Уникидир».

«Огоҳ бўлингизким», диққатни жалб қилиш ва қайдлов ундалмаси. «Ёлғиз Уникидир», яъни, субҳанаҳу ва таолодан Ўзгасиники эмас.

«Яратиш», яъни, йўқдан бор қилиш. У яратишга Қодир Зот бўлиб, хоҳлаган нарсасини яратади.

«Буюриш», яъни, субҳанаҳу ва таолонинг амри – Унинг кавний ва шаръий каломидир.

Кавний каломи-сўзига келсак: ушбу кавний сўзи ила махлуқотларга амр этади, шунда улар У Зотга итоат этиб, лаббай дея ижобат қиладилар. Аллоҳ таолонинг мана бу қовлига ўхшаш: «Сўнгра тутун ҳолидаги осмонга юзланиб, унга ва ерга: «(Менинг амри-фармонимга) ихтиёран ёки мажбуран келинглар!», деган эди, улар: «Ўз ихтиёримиз билан келдик, (амрингга бўйинсундик)», дедилар» (Фуссилат: 11). Бу Аллоҳнинг кавний амри-фармони бўлиб, осмонлар ва ерга ушбу кавний буйруғи ила амр этганди, бас, улар ташкил топиб-вужудга келди. «Бирон нарсани (яратишни) ирода қилган вақтида Унинг иши фақатгина «Бўл», демоқлигидир. Бас, у (нарса) бўлур – вужудга келур» (Ясин: 82). Бу кавний амру-фармони эди.

Шаръий амру-фармонига келсак, у нозил қилинган ваҳий бўлиб, ушбу ваҳий воситасида Аллоҳ таоло бандаларини Ўзига ибодат қилишга, намоз, закот, ота-онага яхшилик қилишга буюради. Бу шаръий амру-фармонидир. Ушбу шаръий амри остига Қуръони Карим ва Пайғамбар суннатидаги буйруқ ва қайтариқлар дохил бўлади. Буларнинг бари Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг амридандир.

Яратиш ва амру-фармон Унгагина хос экан, унда субҳанаҳу ва таолодан ўзгасига нима ҳам қолди? Шунинг учун ҳам Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ушбу оятни ўқиганларида: «Барча нарса Уни(нг қўлида бўлган) Зотдан сўраб-талаб қилсангчи» дердилар. Ушбу оят яратиш ва амру-фармон орасида фарқ бор эканига далолат қиляпти. Бу эса Қуръон махлуқ дейдиганларга раддиядир. Чунки Қуръон амру-фармон жумласидандир. Аллоҳнинг амри эса махлуқ эмас. Чунки Аллоҳ таоло яратиш ва амр ўртасини ажратди ва у иккисини ўзаро фарқли бўлган икки нарса эканини зикр қилди. Демак, Қуръон амру-фармон остига дохил бўлиб, у махлуқ эмасдир.

Ушбу масалада имом Аҳмад (раҳимаҳуллоҳ) жаҳмиялар билан мунозара қилдилар. Улар у кишидан Қуръон махлуқ дейишларини талаб қилишганида: «Қуръон яратилган нарсалар жумласиданми ёки амру-фармон қилинган нарсалар жумласиданми?», дедилар. Улар: «Қуръон амру-фармон жумласидан», дейишди. У киши эса: «Амру-фармон махлуқ эмас», дедилар. Аллоҳ таоло амр билан холқ-яратиш орасини ажратди. Яратишни бир нарса ва амр-буйруқни бошқа бир нарса деб зикр қилди.

Амр – Калом (сўздир). Холқ-яратиш эса йўқдан бор қилиш ва вужудга келтиришдир. Демак, иккиси ўртасида фарқ бор.

«Барча оламлар Робби – Аллоҳ Баракотлидир», яъни, феъл ва қудрати юқорида васф қилингандек бўлган, ҳамда шундай (улкан) махлуқотларга эга Зот буюк, барокатли ва олий бўлди.

«تبارك» (Табарока – баракотли бўлди): ушбу феъл Аллоҳ субҳанаҳу ва таологагина хос бўлиб, Ундан Ўзгасига ишлатилмайди. Барака – мўл-кўл яхшилик ва унинг ўсиб-кўпайиб боришидир. Аллоҳ жалла ва аланинг баракаси асло ниҳоя топмайди. Махлуқ борасида эса: «تبارك» (Табарока – баракотли бўлди), деб айтилмайди. Балки: барака ато қилинди дейилади, яъни, Аллоҳ таоло Унга барака ато этиб, муборак қилди. Бараканинг бари Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодандир.

«Барча оламлар Робби»: Бу ҳақда юқорида айтиб ўтилди. Ушбу оятда ҳам тавҳид қайд этиб ўтилди, рубубият ва улуҳият тавҳиди.

Роб – маъбуд (сиғиниладиган Зот)дир. Далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Эй инсонлар, сизларни ва сизлардан илгари ўтганларни тақво эгалари бўлишингиз учун яратган Роббингизга ибодат қилингиз. У Зот сизлар учун ерни қароргоҳ, осмонни том қилиб қўйди ва осмондан сув тушириб, унинг ёрдамида сизларга ризқ бўлсин, деб мевалар чиқарди. Бас, билиб туриб ўзгаларни Аллоҳга тенглаштирманг!» (Бақара: 21-22).

«Роб – маъбуд (сиғиниладиган Зот)дир», яъни, У Зотгина ибодатга лойиқ-ҳақли. Ундан ўзгаси эса ибодатга нолойиқ. Чунки у Роб эмас. Сўнг инсон рубубиятга иқрор бўлишлигини ўзи кифоя қилмайди. Балки Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло учун убудиятга ҳам иқрор бўлиб, ибодатни У Зот учун холис адо этмоғи лозим. Модомики У Зотни Роб дея тан олар экан, энди Уни маъбуд дея ва Ундан ўзгаси ибодатдан бирор нарсага ҳақли эмаслигини ҳам тан олиши зарур. Ибодат фақат Роб субҳанаҳу ва таологагина хос эканига далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Эй инсонлар, сизларни ва сизлардан илгари ўтганларни тақво эгалари бўлишингиз учун яратган Роббингизга ибодат қилингиз. У Зот сизлар учун ерни қароргоҳ, осмонни том қилиб қўйди ва осмондан сув тушириб, унинг ёрдамида сизларга ризқ бўлсин, деб мевалар чиқарди. Бас, билиб туриб ўзгаларни Аллоҳга тенглаштирманг!»

«Эй инсонлар»: Ушбу нидо Аллоҳ таоло томонидан жамийки инсониятга, мўмин ва кофирларга қаратилгандир. Чунки Аллоҳ таоло ушбу бақара сурасида одамларни уч қисмга бўлинишини ёд этди:

Биринчи қисм: Ғайбга ва охират кунига иймон келтирган, ҳамда У Зот уларни нажот топгувчилар дея васф этган мўминлардир: «Роббилари томонидан ҳидоят топганлар ана ўшалардир ва нажот топгувчилар ҳам уларнинг ўзидир» (Бақара: 5).

Иккинчи қисм: Куфр ва саркашликни зоҳирда намоён этадиган кофирлар. Аллоҳ таоло шундай деди: «Куфр йўлини тутган кимсалар эса хоҳ сиз (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), уларни (Аллоҳ таолонинг азобидан) қўрқитинг, хоҳ қўрқитманг, уларга баробардир – иймон келтирмайдилар» (Бақара: 6).

Учинчи қисм: Кофирлар билан ҳам, мўминлар билан ҳам бирга бўлмаган мунофиқлар: «Улар на уёқлик, на буёқлик бўлмай икки орада сарсон ҳолда қолганлар» (Нисо: 143). Улар зоҳиран мўмин бўлсаларда, бироқ ботинда кофирдирлар. Улар куфрларини ошкора намоён қиладиган кофирларданда ёмон. Шунинг учун ҳам улар ҳақида ўндан зиёд оят нозил бўлди. Мўминлар ҳақида озгина, кофирлар ҳақида эса икки оят нозил бўлди. Мунофиқларни эса ушбу қовлидан бошлаб: «Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки…» (Бақара: 8), то мана бу қовлигача: «Яшин кўзларини кўр қилгудек бўлади…» (Бақара: 20) зикр қилди.

Ушбу оятларнинг бари хатарлари катта ва қилмишлари қабиҳ бўлгани боис мунофиқлар ҳақида бўлди. Аллоҳ таоло ушбу уч гуруҳни ёд этгач, шундай деди: «Эй инсонлар…». Ушбу чақириқ-нидо мўмин, кофир ва мунофиқлардан иборат барча гуруҳ эгаларига йўналтирилгандир. Уламолар ушбу оятни Қуръондаги аввалги нидо (ояти) дейдилар.

«Ибодат қилингиз»: Буйруқ феъли, яъни, ибодатни У Зот учун холис адо қилинглар. Нима учун? Чунки у Роббингиздир. Ибодат фақат Роб субҳанаҳу ва таолога (қилинсагина) тўғри бўлади. Сўнг ушбу сўз-буйруққа далилни ёд этди: «Сизларни … яратган…».

«Ва сизлардан илгари ўтганларни … яратган», яъни, барча уммат-халқларни. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло малоика, жин, инсон ва барча махлуқотларни яратган.

«Тақво эгалари бўлишингиз учун», яъни, ушбу ишлар борасида тадаббур қилсангизлар, шояд бу сизларда тақво сифати ҳосил бўлишига сабаб бўлар. Агар У Зот сизларни ва сизлардан илгаригиларни ҳам яратган эканини тадаббур қиладиган бўлсангизлар, шояд шунда У Зотга ибодат қилишда тақво қиларсизлар. Чунки Унинг азобидан субҳанаҳу ва таолога ибодат қилишгина сақлайди. Шояд шунда Менинг азобим ва дўзахимдан қўрқарсизлар. Чунки сизларни бу фалокатдан фақатгина барчангизни яратган Роббингизга ибодат қилишингиз тўсади холос.

Сўнг Ўзининг рубубият ва улуҳиятига далил келтиришга ўтди: «У Зот сизлар учун ерни қароргоҳ… қилиб қўйди», яъни, кенг ёзиб қўйди.

«Аллоҳ ерни сизлар учун ёйиқ-текис қилиб қўйди» (Нуҳ: 19), яъни тўшалган, ёзилган. Унда ором олиб, бино қуриб, экин экиб, сафарда хоҳлаган томонингизга қараб юрасизлар. Ер фойдаларингиз кўзланган ҳолда сизлар учун тўшалган қароргоҳдир: «Ерни эса ёйиқ-кенг қилиб қўйдик. Бас, (Биз) нақадар яхши Ёйгувчидирмиз» (Зориёт: 48).

«Осмонни том қилиб қўйди», яъни, осмон ер учун шифт вазифасини ўтайди ва унда бандалар учун кўплаб фойдалар бор: «Ва осмондан сув тушириб, унинг ёрдамида сизларга ризқ бўлсин, деб мевалар чиқарди. Бас, билиб туриб ўзгаларни Аллоҳга тенглаштирманг!» (Бақара: 22).

 

Аллоҳ таоло буюрган ибодат турлари ва ҳар бир турнинг далили

Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Ушбу нарсаларни Яратгувчи Зот ибодатга лойиқ-ҳақлидир».

Шайх раҳимаҳуллоҳ Роб – маъбуд, деб Аллоҳ таолонинг ушбу: «Эй инсонлар, сизларни ва сизлардан илгари ўтганларни тақво эгалари бўлишингиз учун яратган Роббингизга ибодат қилингиз», қовлини далил қилиб келтиргач, Ибн Касир раҳимаҳуллоҳнинг ушбу оятга берган изоҳларини нақл қилдилар. Ва ибодат турлари ҳамда ҳар бир турнинг далилини баён қилиб беришни хоҳладилар. Ибодатнинг луғатдаги маъноси: хокисор бўлиш, бўйинсуниш. Мисол учун: «طريق معبد», яъни, устидан юриб ўтиш давомида ҳозирланган-бўйинсундирилган йўл.

Ибодат икки қисмдир:

Биринчи қисм: Барча махлуқотлар умуман олганда Аллоҳнинг бандаларидир. Мўмин, кофир, фосиқ ва мунофиқ. Бари Аллоҳнинг бандаси. Яъни, барчалари Унинг тасарруфи ва бошқаруви остидадир. Шундай экан уларга Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ибодат қилишлари вожиб бўлади. Демак, барча халқлар, кофиру мўминларнинг бари Аллоҳнинг бандаларидир. Яъни, Унинг бўйинсундирилган махлуқотлари, улардан бирор киши Унинг бошқарувидан ташқарига чиқмайди. Аллоҳ таоло шундай деди: «Осмонлар ва ердаги бор жонзот (қиёмат кунида) Раҳмон (ҳузурига) бўйинсунган ҳолда келгувчидир» (Марям: 93). Ушбу маъно остига осмонлар ва ердаги барча, мўмину кофир дохил бўлиб, барчалари қиёмат куни Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога бўйинсунган ҳолда келадилар ва бирор кишининг Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг мулкида шериклиги йўқ.

Иккинчи қисм: Фақатгина мўминларга хос бўлган убудийят-бандалик. Аллоҳ таоло шундай деди: «Раҳмоннинг (суюкли) бандалари ерда тавозуъ билан юрадиган кишилардир» (Фурқон: 63). Ва мана бу қовли: «Аниқки Менинг бандаларим устида сен учун ҳеч қандай салтанат-ҳукмронлик йўқдир» (Ҳижр: 42). Шайтон шундай деди: «Магар уларнинг орасидаги покиза бандаларинггина (ҳақ йўлдан озмай қолурлар)» (Ҳижр: 40). Бу хос бандалик бўлиб, у – тоат ҳамда Аллоҳга У Зотни ибодатда яккалаш ила қурбат ҳосил қилинадиган бандалик-қулликдир.

Ибодатнинг шариатдаги таърифи борасида уламолар ихтилофлашишди. Яъни, турли иборалар ила таъриф беришган бўлса-да, бироқ маъно бирдир. Улар ичида Ибнул Қоййим раҳимаҳуллоҳ «Нуния»да айтганларидек: Ибодат – хокисорлик ва муҳаббатнинг чек-ниҳоясидир, деганлар ҳам бўлди.

«Раҳмонга қуллик бажо қилиш банда томонидан ғоятда муҳаббат ва хокисорлик ила бўлур. Булар (яъни, ғоятда муҳаббат ва ниҳоятда хокисорлик) икки қутбдир».

Демак, Ибнул Қоййим раҳимаҳуллоҳ ибодатга муҳаббатнинг чек-чегараси ва хокисорликнинг ниҳоий кўриниши дея таъриф бердилар.

Ва яна улар ичида: Ибодат – урф тақозо-талаби ва ақл ҳосиласидан холи ўлароқ шаръан буюрилган буйруқлар, деб айтганлар ҳам бўлди.

Чунки ибодат тавқифий-далилга қайдланган бўлиб, на ақл ва на урф-одат билан эмас, балки шариат билангина жорий бўлади. Бу тўғри таърифдир.

Бироқ шайхулислом Ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳ берган таърифлари кўп қиррали ва сермаънодир: «Ибодат Аллоҳ таолога суюкли бўлган ҳар бир зоҳирий-ошкора ва ботиний-махфий сўз ва амални ўзида жо қилган калимадир».

Ушбу таъриф кўп қиррали ва сермаънодир. Яъни, ибодат Аллоҳ таоло буюрган барча амалларни ўз ичига олади. Аллоҳ таоло буюрган ишни Унга тоат ўлароқ адо этиш ва қайтарган қайтариқни Аллоҳ таолога итоат ўлароқ тарк этиш. Ана шу ибодатдир. Ибодатларни санаб адоғига етиб бўлмайди. Турлари жуда кўп. Аллоҳ таоло буюрган ҳар бир амални қилиш ва қайтарган барча қайтариқларни Унга тоат ўлароқ тарк этиш ибодатдир. Хоҳ ушбу амаллар тана аъзолари ила бажариладиган зоҳирий ёки қалбда адо этиладиган ботиний амаллар бўлсин, бари ибодатдир. Чунки ибодат тил, қалб ва тана аъзолари ила бажарилади.

Тасбиҳ, зикр, таҳлил ва икки шаҳодат калимасини нутқ қилиш каби тилда адо этиладиган шаръий сўзларнинг бари ибодатдир.

Шунингдек, Аллоҳга қурбат ҳосил қилайин дея қалбда адо этиладиган хавф, умид, рағбат, қўрқув, таваккул, тавба-тазарру, мадад сўраш каби ибодатларнинг бари қалб амалларидир. Аллоҳ таолога қалб ила суяниш-таяниш, Ундан қўрқиб, У Зотга рағбат, муҳаббат, ихлос ва содиқ бир ният қилиш, демак, қалбдаги ушбу амалларнинг бари ибодат турларидандир.

Худди шундай рукуъ, сажда, Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш, нафс истакларига қарши жиҳод қилиш, ҳижрат ва рўза тутиш каби амаллар, тана аъзолари билан адо этиладиган ибодатлардир.

Демак, ибодатлар тил, қалб ва тана аъзолари ила адо қилинар экан. Сўнг ушбу ибодатлар (яна бир бошқа жиҳатдан) бадан-жасад ва мол сарф қилиш билан адо этиладиган қисмларга бўлинади.

Бадан-жасад ила адо этиладиган ибодатларга мисол: юқорида айтиб ўтилган уч турдаги тил, тана аъзолари ва қалб ила амалга ошириладиган ибодатлардир.

Мол сарф қилиш билан бўладиганга мисол: закот чиқариш, Аллоҳ йўлида инфоқ қилиш, жиҳод учун мол сарф қилиш. Аллоҳ таоло шундай деди: «Аллоҳ йўлида молу жонлари билан курашган зотлар…» (Тавба: 20). Аллоҳ таоло оятда жондан аввал молни зикр қилди. Демак, мол билан жиҳод қилиш пул сарф қилиш билан адо этиладиган ибодатдир. Ҳаж ҳам бадан-жасад, ҳам мол сарф қилиш билан бўладиган ибодат. Ҳаж амаллари-маносиклар: тавоф, саъй, тош отиш, Арафа (тоғи)да туриш, Муздалифада тунаб қолиш бадан билан бўладиган ибодатлар. Булар учун пул сарф қилиш эса мол билан адо этиладиган ибодатдир. Чунки ҳаж қилиш сарф-ҳаражатга эҳтиёж сезади.

 

Ислом, иймон ва эҳсон ҳамда ҳар бирининг далили

Аллоҳ таоло буюрган ибодат турларига мисол ислом, иймон ва эҳсон.

Шайх раҳимаҳуллоҳ ибодатга мисол қилиб, чеклаш мақсадида эмас, бир қанча ибодат турларини ёдга олдилар. Чунки улар шайх раҳимаҳуллоҳ зикр қилганларидан-да кўп бўлиб, уларни мухтасар бир рисолада жамлашнинг имконияти йўқ. Бироқ мисол тариқасида зикр қилдилар. Шайхулислом раҳимаҳуллоҳнинг «ал-Убудия» номли алоҳида рисолалари бўлиб, ушбу рисолада ибодат ва унинг турлари, ҳамда ибодат борасида сўфий ва бошқа тоифалар томонидан рўй берган оғишишларни баён қилиш ҳақида баҳс олиб борилган. Ушбу қимматли рисолани толиби илм ўқиб чиқишга муҳтождир.

(Муаллиф раҳимаҳуллоҳнинг): «Ислом, иймон ва эҳсон», деган сўзларига тўхталадиган бўлсак, ушбу уч тур, ибодат турларининг энг катталаридир. Ислом, иймон ва эҳсон. Шайх раҳимаҳуллоҳнинг иккинчи асос ҳақидаги сўзларида ушбу уч тур ибодатга шарҳ бериб ўтилади. Ушбу ўринда ёдга олишларига сабаб эса, чунки улар ҳам ибодат турларидандир. Ислом беш рукн: икки шаҳодат калимаси, намозни барпо қилиш, закотни ўташ, Рамазон рўзасини тутиш ва Аллоҳнинг уйини ҳаж қилиш. Ушбу ибодатлар мол ва жасад ила амалга оширилади. Шунингдек, иймон олти рукн бўлиб, улар қалбда адо этилади: Аллоҳга, малоикаларга, китобларга, элчиларга ва охират кунига иймон келтириш, ҳамда тақдирнинг яхши ва ёмонига иймон келтириш. Булар қалбий ибодатлардир.

Эҳсон эса бир рукндан иборат. У – Аллоҳга, гўёки Уни кўриб турганингдек ибодат қилишинг. Агар Уни кўрмасанг ҳам, У сени кўриб туради. Бу ибодат турларининг энг олийсидир. Чунки эҳсон ибодатларнинг энг олийси. Булар дин мартаба-даражалари, деб аталади. Чунки улар жамлангани маҳал дин барпо бўлади. Жаброил алайҳиссалом Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳобалари гувоҳлигида бир қанча саволлар йўллаганларида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ислом, иймон ва эҳсон ҳақида жавоб бериб, сўнг шундай дедилар: «Бу Жаброил (бўлиб), сизларга динингиз иш(лар)ини таълим бергани келди».[20] Демак, ушбу уч даража дин деб номланди.

 

 

Дуо, унинг турлари ва далили

Яна шулардан дуо, хавф, умид, таваккул, рағбат, қўрқув, хокисорлик, мадад тилаш, паноҳ сўраш, жонлиқ сўйиш, назр аташ ва булардан бошқа Аллоҳ таоло амр этган жамийки ибодат турлари. Барчаси Аллоҳ таоло учунгина (адо этилади).

(Муаллиф раҳимаҳуллоҳнинг): «Яна шулардан дуо», деган сўзларига келсак, яъни, дуо ибодат турларидандир. Дуо билан бошлаганларининг сабаби эса, чунки у энг улуғ ибодатлардандир.

Дуо икки қисмга бўлинади:

Ибодат ва сўров-талаб дуоси:

Ибодат дуоси: Фотиҳа сурасининг аввалида келгандек Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога олқиш-мақтов айтишдир: «Ҳамду сано барча оламларнинг Роббиси бўлмиш Аллоҳ учундир. Меҳрибон ва Раҳмли. Дин-Жазо кунининг Эгаси. Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина мадад сўраймиз» (Фотиҳа: 2-5). Суранинг ушбу оятлари ибодат дуосини ўз ичига олди. «Ўзинг бизни тўғри йўлга ҳидоят қилгин» (Фотиҳа: 6). Суранинг қолган қисми эса сўров-талаб дуосини ўз ичига олади.

Сўров-талаб дуоси: ҳидоят, ризқ, илм ва тавфиқ каби Аллоҳ азза ва жалладан бирор нарсани сўрашдир.

Далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Албатта (барча) масжидлар Аллоҳникидир. Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан бирга яна бирон кимсага дуо-илтижо қилманглар!» (Жин: 18).

«Масжидлар»: ушбу калимадан саждагоҳ ва намоз ўқиладиган ўринлар ирода қилинади. Масжидлар Аллоҳ азза ва жаллага энг суюкли ўринлардир. Шариатимизда масжид бино қилишга тарғиб қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Кимки Аллоҳ учун каклик тухум туғадиган жой каби ёки (ундан-да) кичикроқ (бўлса-да) масжид қурса, Аллоҳ унга жаннатда бир уй бино қилади».[21]

Аллоҳ таоло шундай дейди: «Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган, намозни тўкис адо этган, закотни (ҳақдорларга) ато қилган ва ёлғиз Аллоҳдангина қўрқадиган зотларгина обод қилурлар» (Тавба: 18). Обод қилишдан мурод, бино қуриш билан намозхонларга бошпана бўладиган, уларни иссиқдан тўсиб, совуқдан сақлайдиган моддий жиҳатдан обод қилиш ва яна шу билан бирга ибодат, намоз, Қуръон тиловати, ҳамда Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилиш каби маънавий жиҳатдан обод қилиш маънолари тушунилади. Яна масжид калимасидан етти сажда аъзолари бўлмиш: пешона, бурун, икки қўл, икки тизза ва оёқнинг бош томонлари ҳам ирода қилинади. Чунки ушбу аъзолар билан Аллоҳ таолога сажда қилинади. Ушбу оят икки маънони ҳам ўз ичига олади: «Албатта (барча) масжидлар Аллоҳникидир», яъни, намоз ўқиладиган жойлар ва Аллоҳ азза ва жаллага сажда қилинадиган аъзолар.

«Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан бирга яна бирон кимсага дуо-илтижо қилманглар!» Ушбу ўринлар-масжидларни ширк ва Аллоҳдан ўзгасига ибодат қилинадиган ўринлар қилиб олманглар. Балки масжидлар ширкдан батамом покланмоғи, у ерда қабрлар ва Аллоҳдан ўзгага дуо-илтижо қилиш, бидъату хурофотлар, ҳамда сўфийларнинг бидъий ҳалқалари бўлмаслиги даркор.

Масжидлар ширк, бидъат ва маъсиятлардан батамом пок тутилиши зарур. Чунки улар ёлғиз Аллоҳ азза ва жалла учун бунёд этилган. Демак, у ерда фақатгина Аллоҳ азза ва жаллани рози қиладиган ишлар бўлмоқлиги керак. Ушбу масжидларда Аллоҳ билан бирга яна бирон кимсага дуо-илтижо қилманглар. Ва Аллоҳ таолодан ўзгага сажда аъзоларингиз билан ерга йиқилиб сажда қилманглар. Чунки ушбу ишлар бут-санам, қабр ва Аллоҳдан ўзгага сажда қилган кимсанинг қилмиши каби катта ширкдир.

Аллоҳ таолонинг ушбу: «Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан бирга яна бирон кимсага дуо-илтижо қилманглар!» қовлидан, дуони ёлғиз У Зот учун қилишга бўлган буйруқни англаймиз.

«Яна бирон кимсага», яъни, Аллоҳдан ўзга малоика, пайғамбар, валий, дарахт ва бошқа нарсаларни ўз ичига олади. Чунки ушбу иш катта ширкдир.

Кимда-ким ушбу (ибодат)лардан бирортасини Аллоҳдан ўзгасига сарф этар экан, бас, у мушрик, кофирдир. Далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Ким ўзи учун ҳеч қандай ҳужжат бўлмаган ҳолда Аллоҳ билан бирга бошқа бирон илоҳга дуо-илтижо қилса, бас, унинг ҳисоб-китоби Роббисининг ҳузурида бўлур. Албатта кофир бўлган кимсалар нажот топмаслар» (Мўминун: 117).

Ҳадисда айтилишича: «Дуо ибодатнинг мағзидир».[22]

Далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «(Эй инсонлар), Роббингиз: «Менга дуо-илтижо қилинглар! Мен сизларга (қилган дуоларингизни) мустажоб қилурман. Албатта Менга ибодат қилишдан кибр-ҳаво қилган кимсалар яқинда бўйинларини эгган ҳолларида жаҳаннамга кирурлар», деди» (Ғофир: 60).

«(Эй инсонлар), Роббингиз… деди», яъни буюрди. «Менга дуо-илтижо қилинглар! Мен сизларга (қилган дуоларингизни) мустажоб қилурман». Субҳанаҳу ва таоло Ўзига дуо қилишимизга буюриб, (дуоларимизни) мустажоб қилишга ваъда берди. Бу субҳанаҳу ва таолонинг Саховатпешалигидандир. Чунки У бизнинг дуоларимиздан Беҳожат. Бироқ биз субҳанаҳу ва таолога дуо қилишга муҳтожмиз. У Зот бизни биз муҳтож бўлган ва бизга фойда бўлган ишга буюряпти. Махлуқдан бирор нарса сўрасанг ғазаб қилса, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло эса Ундан (дуо қилиб) сўрашни тарк этсанг ғазаб қилади. Шунинг учун ҳам шоир айтадики:

Аллоҳ таоло Ундан (дуо қилиб) сўрашни тарк қилсанг ғазаблангай.

Одам боласи эса сўралганда ғазаблангай.

Одамлар уч турли:

Биринчи: Аслида Аллоҳ таолога дуо-илтижо қилмайдиган кимса. Ушбу кимса Аллоҳнинг ибодатидан кибр қилган бўлади.

Иккинчи: Аллоҳга дуо қиладиган кимса. Бироқ У билан бирга ўзгасига ҳам дуо қилади. Натижада мушрик бўлади.

Учинчи: якка Аллоҳга холис дуо қиладиган киши. Ана шу муваҳҳиддир.

Ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Дуо ибодатнинг мағзидир», дедилар. Яна бир ривоятда: «Дуо – ибодатдир», дедилар.[23] Бу дуонинг нақадар буюк ва ибодат турларининг энг улуғи эканига далолат қилади. Чунки Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ибодатнинг мағзидир», дедилар. Маъноси бир бўлса-да ушбу «Дуо – ибодатдир» ривояти «Дуо ибодатнинг мағзидир», ривоятига қараганда саҳиҳроқдир.

Ҳадис икки ривоят йўли билан дуонинг нақадар буюк (ибодат) эканини кўрсатяпти. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳу ва саллам: «Ҳаж – Арафадир», деганларидек, яъни, ҳажда Арафада туришлик ҳаж рукнлари ичидаги энг олий рукндир. Бундан ҳажнинг бари Арафа экан-да, деган маъно келиб чиқмайди. Бироқ Арафада туриш, у ҳаж рукнларининг энг олийси. Шунингдек, ибодат фақат дуога чекланиб қолмаган. Бироқ дуо ибодат турларининг энг олийсидир. Шунинг учун: «Дуо – ибодатдир», дедилар. Бу эса дуонинг нақадар олий даражадаги ибодат эканидандир.

Сўнгра шайх раҳимаҳуллоҳ ибодат турларининг далилларини зикр қиладилар.

 

Хавф, унинг турлари ва далили

Хавфга далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Албатта ўша (сизларни васвасага солмоқчи бўлган) шайтоннинг ўзидир. У сизларни ўзининг дўстларидан (кофирлардан) қўрқитмоқчи бўлади. Бас, агар мўмин бўлсангизлар, улардан қўрқмангиз, Мендан қўрқингиз!» (Оли Имрон: 175).

Хавф ибодат турларининг бири бўлиб, у қалб амали. Шунингдек, қўрқув (الخشية), рағбат (савобни умид қилиш), (азобдан) қўрқиш, умид, таваккулнинг бари қалб амалидир.

Хавф: кўнгилсизлик (рўй беришидан) қўрқишдир. Ва у икки турли:

Ибодат хавфи ва табиий хавф.

Биринчиси: Ибодат хавфи. Буни Аллоҳдан ўзгасига йўналтиришлик ширкдир. Бу Аллоҳгина қодир бўладиган ишларда Ундан ўзгасидан қўрқиш. Мисол учун бирор киши уни касал қилиб қўйишидан ёки жонини олишидан ёки фарзандини ўлдиришидан қўрқиш каби. Жоҳилларнинг кўплари ушбу ишга мубтало бўлиб, аёлларининг (қорнидаги) ҳомиласи ва фарзандларига жин (зарар бериши)дан, сеҳргарлар ва ўликлардан қўрқиб, натижада ушбу қўрқувдан қутулиш учун ширкий амалларга қўл уришади. Ушбу касал қилиш, ўлдириш, ризқ бериш, ҳаётга якун ясашга фақатгина Аллоҳ Қодир. Шунингдек, (мўл) барака ато этишга ҳам фақатгина Аллоҳ Қодирдир. Ушбу ишларнинг бари Аллоҳ азза ва жалланинг ҳузуридан бўлиб, Аллоҳгина Қодир бўладиган ишларда бирор кишидан қўрқишлик катта ширкдир. Чунки у ибодатнинг бир турини Аллоҳ азза ва жалладан ўзгасига қилишликдир. Қабр, қадамжолар, жин ҳамда шайтонлар ёмонлик қилиши ёки зарар етказишидан қўрқиб, улардан бўлган хавф ва зарар даф бўлсин дея турли қурбат ҳосил қилиш мақсадидаги ишларга қўл урадиганлар катта ширкка тушган бўладилар. Ўшандай кимсаларнинг бири: уларга деб жонлиқ сўймасам ўзимга ёки фарзандларимга ёки мол-давлатимга талофат етади, дейди. Худди Ҳуд алайҳиссаломнинг қавмлари айтганларидек: «Бизлар фақат: «Сени худоларимиздан бири, бир бало (яъни, мажнун) қилиб қўйган», деймиз, холос». У кишига ўзларининг олиҳалари билан таҳдид қилиб, қўрқитмоқчи бўлишарди. «У (Ҳуд) айтди: «Албатта мен Аллоҳни гувоҳ келтираман, яна ўзларингиз ҳам гувоҳ бўлингларки, мен сизларнинг Аллоҳни қўйиб, (Унга сохта-ёлғон худоларни) шерик қилишингиздан безорман. Ана энди барчангиз бир бўлиб, менга қарши билган ҳийлангизни қилаверинглар. Кейин менга муҳлат ҳам бермай қўя қолинглар. (Яъни, қўлингиздан келган ҳийла-найрангларингизни дарҳол, кечиктирмай қилаверинглар). Мен фақат менинг ҳам Роббим бўлган, сизларнинг ҳам Роббингиз бўлган Аллоҳга суяндим»» (Ҳуд: 54-56). Ана шу тавҳид бўлиб, Ҳуд алайҳиссалом уларни ҳам, олиҳаларини ҳам беллашувга чақирдилар.

У кишига бирор зарар етказишга қодир бўлмадилар, балки Аллоҳ таоло Ўз элчисига уларнинг устидан ғалаба берди.

Аллоҳ қодир бўладиган ишларда Ундан ўзгасидан қўрқишлик катта ширк бўлиб, ибодат хавфи ёки ширкий хавф, деб аталади. Одамларнинг кўпчилиги қабр, авлиё, шайтон ва жинлардан қўрқиб, уларга қурбат ҳосил қилайин дея маълум бир ишларга қўл уришади. Уларнинг ёмонлигидан саломат қолиб, яхшиликларига эришайин дея қадимий қадамжоларга пул ташлаш каби жонлиқ сўйиш, назр аташ ва таом тақдим қилишга ўхшаш ишларни қиладилар.

Иккинчиси: Табиий хавф. Сиз хавфсираётган ишга ҳақиқатда қодир бўлган муқаррар бир нарсадан қўрқишингиз. Илон, чаён ёки душмандан қўрқиш каби. Ушбу ишлардан хавфсираш маълум ва ошкор бўлиб, ширк деб номланмайди. Чунки сиз очиқ ойдин сабаб ва сақланиш-ҳимояланиш лозим бўлган нарсадан қўрқяпсиз. Шунда қўлингизга қурол ёки асо олиб илон, чаён ва йиртқич ҳайвонларни ўлдирасиз. Чунки ушбу ишлар кўз билан кўрилиб, зарари маълум бўлган нарсалардир. Энди улардан қўрқадиган бўлсангиз, бу ширк деб номланмай, балки табиий хавф деб аталади.

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом ҳақида айтдики: «Бас, у қўрқувга тушиб, (ортидан етиб келиб қолишларига) кўз тутгани ҳолда у ердан чиқиб…» (Қасос: 21), яъни, шаҳардан чиқиб, душманлари қувиб етишларидан қўрқардилар. Чунки у киши улардан бир жонни ўлдириб қўйгандилар.

Мусо алайҳиссалом Мадян томонга қараб қочдилар. Ва ортларидан етиб келиб қолишларига кўз тутиб, қўрқардилар. Бу табиий хавф эди. Бироқ инсон Аллоҳ азза ва жаллага боғланиш, ўзидан зарарни даф қиладиган сабабларни бажариш, Аллоҳ азза ва жаллага таяниб, таваккал қилишни ҳам ўрганиши керак. Аллоҳ таоло айтадики: «Бас, агар мўмин бўлсангизлар, улардан қўрқмангиз, Мендан қўрқингиз!» (Оли Имрон: 175). Оли Имрон сурасидаги ушбу қисса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва мушриклар билан Уҳуд куни кечган воқеалар ҳақида бўлиб, мушриклар уларга таҳдид қилиб: «Ортимизга қайтиб, таг-тугингиз билан йўқ қилиб ташлаймиз», дегандилар. Шунда Аллоҳ жалла ва ала айтдики: «Албатта ўша (сизларни васвасага солмоқчи бўлган) шайтоннинг ўзидир. У сизларни ўзининг дўстларидан (кофирлардан) қўрқитмоқчи бўлади. Бас, агар мўмин бўлсангизлар, улардан қўрқмангиз, Мендан қўрқингиз!» (Оли Имрон: 175), яъни, ушбу таҳдид ва қўрқитув шайтондан бўлиб, сизларни ўзининг дўстларидан қўрқитади ёки унга бўйинсуниб қўрққан кимсага дарров эга чиқиб-бўйнига осилади.

 

Умид (الرجاء) ва унинг далили

Умид қилишга далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Бас, ким Роббисига рўбарў бўлишидан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Роббисига бандалик қилишда (риёкорлик билан) бирон кимсани (Унга) шерик қилмасин! (Яъни, қиладиган барча амалларини ёлғиз Аллоҳ учун қилсин)» (Каҳф: 110).

«Бас, ким …. умидвор бўлса», яъни, Аллоҳ азза ва жалланинг ажру савоби ва Уни қиёмат куни ўз кўзи билан кўришидан умиди бўса, амали солиҳ қилсин! Ушбу истагига эришиши учун сабаб бўладиган ишларни қилсин! Ушбу истак – жаннатга кириб, жаҳаннамдан нажот топиш ва Аллоҳ таолонинг Юзига боқишдир. Чунки ушбу мукофотлар бир-бирига боғлиқ. Кимки жаннатга кирса, дарҳақиқат, Аллоҳ азза ва жаллани кўради: «Бас, ким Роббисига рўбарў бўлишидан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин!» Бу эса қуруқ умид қилишни ўзи етарли эмаслигига далолат қилади. Балки амал ҳам шартдир. Аллоҳдан (ажру савобни) умид қилсангу, бироқ амал қилмасанг, бу сабабни чиппакка чиқаришдир. Мақтовга сазовор умид – у билан амали солиҳ ҳам бўлган умид. Қораланган умид эса у билан амали солиҳ бўлмаганидир. Амал солиҳ бўлиши учун икки шарт топилиши лозим:

Биринчиси: Аллоҳ азза ва жаллага ихлос.

Иккинчиси: Расул соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш.

Амал ушбу икки шарт топилгандагина солиҳ-яхши бўлади. Аллоҳ таолонинг Юзи учун холис бўлиб, унда ширк бўлмаслиги ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига мувофиқ бўлиб, унда бидъат бўлмаслиги. Ушбу икки шарт топилганда амал солиҳ-яхши бўлади. Икки шартдан бирига путур етгани маҳал, ушбу амал барбод бўлиб, ўз эгасига фойда келтирмайди.

Ширк аралашган амал ўз эгасига қайтарилади. Шунингдек, бидъат аралашган амал ҳам ўз эгасига мардуддур. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Кимда-ким бизнинг буйруғимиз бўлмаган бир амални қилса, бас, у рад этилгандир». Ушбу оятда ибодатлардан бири бўлмиш умид зикр қилинди. Ва у фақат амали солиҳ ила саҳиҳ-тўғри бўлади.

Таваккул ва унинг далили

Таваккулга далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Агар мўмин бўлсангизлар, ёлғиз Аллоҳгагина суянинглар-таваккал қилинглар!» (Моида: 23).

Таваккул – Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ишни топшириб, Унга таянишдир. Ишларнинг барини субҳанаҳу ва таолога топшириш. Ана шу таваккулдир. Ва у ибодатларнинг энг олийларидандир.

«Ёлғиз Аллоҳгагина суянинглар-таваккал қилинглар!», яъни, Ундан ўзгасига эмас. «Агар мўмин бўлсангизлар», яъни, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога таваккал қилишни иймоннинг шарти қилди. Бу эса, кимда-ким Аллоҳга таваккул қилмас экан, бас, у мўмин эмас, деган маънога далолат қилади. Демак, таваккул улуғ бир ибодатдир. Мўмин киши доимо Аллоҳга таваккал қилиб, Унга таянади. Аллоҳнинг исмларидан бири: «ал-Вакил»дир, яъни, бандаларининг ишлари Унга топширилган маъносида. Таваккул фақат Аллоҳгагина қилинади. Фалончига таваккал қилдим, деб айтиш жоиз эмас. Чунки таваккул ибодатдир. Ибодат эса фақат Аллоҳгагина бўлади.

Одамлардан бирортасига иш бошқарувини ишониб топширишга келсак, бу таваккул эмас, балки ваколат бериш, деб аталади. Ваколат барчага маълум бўлиб, сиз бирор кишига ҳожатингизни адо этиши учун ваколат берасиз. Дарҳақиқат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам баъзи ишларда ўзларига ноиб бўладиган кишиларга ваколат берганлар. Демак, ваколат бериш таваккал қилиш эмас. Таваккул ибодат бўлиб, у фақат Аллоҳга йўналтирилади. Фалончига таваккал қилдим, деб айтиш жоиз эмас, балки: фалончига ваколат бердим, деб айтасиз.

Демак, сиз унга ваколат берасиз, таваккул қилмайсиз. Балки Аллоҳ субҳанаҳу ва таологагина таваккал қиласиз. Таваккул билан ваколатнинг фарқини яхшилаб уқиб олинг.

Аллоҳ таоло Ўзининг ушбу қовлида зикр қилган: «Ҳақиқий мўминлар фақат Аллоҳ (номи) зикр қилинган вақтида қалбларига қўрқинч тушадиган, Унинг оятлари тиловат қилинганда иймонлари зиёда бўладиган ва ёлғиз Роббиларигагина суянадиган-таваккул қиладиган кишилардир» (Анфол: 2), ушбу сифатлар мўминларнинг васфларидир. Таваккул улуғ бир ибодат бўлиб, у фақат Аллоҳгагина қилинади. Чунки У Зот барча нарсага Қодир, жамийки нарсаларнинг Эгаси-Молик ва У Зотгина истагингизни рўёбга чиқаришга Қодирдир. Махлуқ эса истагингизни амалга оширишга қодир эмас. Сиз унга фақат баъзи ишларингизни адо этишда ваколат ҳуқуқини берасиз ва ушбу ишга эришишда Аллоҳга таваккал қиласиз.

Сўнг таваккул қилишлик сабабларни бажаришга зид келмаслигини ҳам билишимиз керак. Мусулмон киши Аллоҳга таваккул қилиш билан сабабларни бажариш орасини жамлайди. Ушбу икки иш орасида зиддият йўқдир. Сиз ўзингиз буюрилган сабабларни амалга оширасиз, бироқ сабабларга таяниб қолмайсиз. Балки Аллоҳга таянасиз. Мисол учун ерга экин экдингиз. Бу сабабдир. Бироқ қилган экинчилигингизга таяниб, суянмайсиз. Балки ушбу экин ўсиб, ҳосил бериши ва нобуд бўлишидан ҳимоя қилишда Аллоҳга таянасиз. Шунинг учун ҳам субҳанаҳу ва таоло айтадики: «Сизлар экаётган зироатларингиз ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингларми? Уни сизлар ундириб-ўстирурмисизлар ёки Биз ундиргувчимизми?!» (Воқеа: 63-64). Ҳақиқий ундиргувчи Аллоҳ таолодир. Сиз эса сабабни адо этдингиз холос. Эҳтимол ушбу экин ўсиб, ҳосил берар, эҳтимол ҳосил бермас. Ўсиб, турли зарарлар етгани боис нобут бўлиши ҳам, нобут бўлмаслиги ҳам мумкин.

 

(Ажру савобга) рағбат-умид қилиш (الرغبة), (азобдан) қўрқиш (الرهبة) ва хокисорлик (الخشوع) ҳамда ҳар бирининг далили

 

Рағбат-умид, (азобдан) қўрқиш ва хокисорликнинг далили Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: «Дарҳақиқат, улар (яъни, пайғамбарлар) яхши ишларни қилишга шошар ва Бизга рағбат ва қўрқув билан дуо-илтижо қилар эдилар. Улар Бизга таъзим-итоат қилгувчи эдилар» (Анбиё: 90).

Рағбат – мақтовга сазовор бир нарсани талаб қилиш.

(Азобдан) қўрқиш (الرهبة): қўрқилиши лозим бўлган бирор нарсадан хавфсирамоқ.Аллоҳ таоло шундай деди: «Ва Мендангина қўрқинглар» (Бақара: 40). У хавфнинг бир тури бўлиб, қўрқув (الرهبة) ва хавф (الخوف) бир маънони англатади.

Хокисорлик (الخشوع): Аллоҳ азза ва жалла учун хокисор бўлишнинг бир тури. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло учун бўйин эгиб, таъзим бажо қилиш. Ва у ибодат даражаларининг энг олийларидандир.

«Яхши ишларни қилишга шошар», яъни, хайрли амалларда мусобақа қилиб, кимўздига бажаришарди. Ушбу сифат пайғамбарларнинг васфлари бўлиб, улар дангасалик ва (хайрли ишни қилолмай) ожиз қолишдан йироқ эдилар. Балки солиҳ амалларга шошилиб, кимўздига бажаришарди.

«Ва Бизга рағбат … билан дуо-илтижо қилар эдилар», яъни, Аллоҳнинг ҳузуридаги мукофотларга умид қилиб, истакка эришишга тамаъ-умид қилган ҳолатда.

«Ва қўрқув билан дуо-илтижо қилар эдилар», яъни, Биздан хавфсираган ҳолатда. Аллоҳга уларни азоблаб, жазога тортмаслиги, ҳамда раҳм қилишини сўраб дуо-илтижо қилардилар. Аллоҳнинг Раҳматига умид боғлаб, азобидан қўрқардилар. Аллоҳ таоло ушбу қовлида айтганидек: «Улар (илоҳ деб) илтижо қиладиган ўша кимсаларнинг ўзлари ҳам Парвардигорга қай бирлари яқинроқ бўлиш учун йўл изларлар. У Зотнинг раҳмат-марҳаматидан умидвор бўлурлар, азобидан қўрқурлар» (Исро: 57). Демак, ўша зотларнинг ўзлари ҳам Аллоҳдан қўрқиб ва Унинг ҳузуридаги ажрларга умид боғлаб, ҳамда Аллоҳ таоло уларга яхшиликни тақдир қилиб, зарарни даф қилишини сўраб дуо-илтижо қилардилар.

«Улар Бизга таъзим-итоат қилгувчи эдилар», яъни, Аллоҳ азза ва жаллага бўйин эгиб, У Зот учун хокисор ва камтар бўлиб. Натижада уч сифат эгаларидан бўлишди:

(Ажру савобга) рағбат-умид қилиш (الرغبة), (азобдан) қўрқиш (الرهبة) ва хокисорлик (الخشوع). Булар пайғамбар соллаллоҳу алайҳим ва салламларнинг сифатлари бўлиб, ибодат турларидандир.

Юқоридаги сўзларда сўфийларга раддия бор. Улар: «Биз Аллоҳга ажру савобига умид ва жазосидан қўрқиб ибодат қилмаймиз. Балки Унга фақат муҳаббат қилиб ибодат қиламиз». Бу ботил сўздир. Чунки пайғамбарлар инсониятнинг камолотга етганлари бўла туриб Аллоҳга умид ва қўрқув билан дуо-илтижо қилардилар.

 

(Илм асосида) қўрқиш (الخشية) ва унинг далили

Қўрқиш (الخشية)га далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Сизлар улардан қўрқмангиз» (Бақара: 150).

Қўрқув (الخشية) хавфнинг бир тури бўлиб, ўзининг хос маъносига эгадир. «الخشية» – таъзим-улуғлаш йўғрилган хавф-қўрқувдир. Аллоҳ таоло айтадики: «Сизлар улардан қўрқмангиз». Субҳанаҳу ва таоло ёлғиз Ўзидан қўрқишга буюрди.

Аллоҳ таоло ушбу оятнинг давомида шундай деди: «Сизлар улардан қўрқмангиз. Мендан қўрқингиз! Ва токи сизларга неъматимни комил қилиб беришим ва ҳидоят топишингиз учун (шундай қилингиз) (Бақара: 150). Демак, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло якка Ўзидангина қўрқишга буюрди. Намозхонларнинг сифатларини зикр қила туриб шундай деди: «Улар Роббиларининг азобидан қўрқувчи бўлган зотлардир» (Маориж: 27). Уларнинг ўзгалардан ажралиб турадиган сифатлари – Аллоҳ азза ва жалладангина қўрқадилар. Аллоҳ таоло малоикалар ҳақида шундай деди: «Улар устиларидаги Роббиларидан қўрқурлар ва фақат ўзларига амр этилган ишларнигина қилурлар» (Наҳл: 50). Аллоҳнинг хос махлуқотлари бўлмиш фаришта, пайғамбар, авлиё ва солиҳ зотлар Аллоҳ азза ва жалладан ниҳоятда қўрқув, хавф ва умидда бўладилар. (Аллоҳнинг азобидан) қўрқиш (الرهبة), хавф (الخوف) ва (илм асосида) қўрқиш (الخشية), барчасининг ўзига хос жиҳатлари бўлса-да, бироқ бир маънони ифодалайди. Барчасини Аллоҳ азза ва жалладан бўлган қўрқув жамлаб туради. Булар пайғамбар ва Аллоҳнинг солиҳ бандалари сифатларидан бўлиб, ибодат турларининг энг олийларидан. Буларнинг бари Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Ўзигина биладиган қалб амалларидандир.

 

 

Тавба (الإنابة) ва унинг далили

Тавбанинг далили Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Роббингизга тавба қилинглар ва Унга бўйинсунинглар!» (Зумар: 54).

«الإنابة»: аслий маъноси қайтиш бўлиб, тавба калимасига маънодошдир. Тавба ва қайтиш (الإنابة) бир маънода. Баъзи уламолар айтишдики: қайтиш (الإنابة) тавбадан кўра хосроқ маънони ифодалайди. Яъни, тавбадан таъкидлироқ маъноки, Аллоҳ азза ва жаллага иқбол қилиб тавба қилиш, яъни, хос тавба. Инсон гоҳида тавба қилиб, гуноҳни ташлаб, унга қайта қўл урмай, надомат чекади. Бироқ Аллоҳга иқбол қилиш-интилиш заиф бўлган бўлиши мумкин. «الإنابة» эса Аллоҳ азза ва жаллага иқбол қилиш ила тавба қилмоқдир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло айтдики: «Сизларга азоб келиб, сўнгра ёрдам берилмай қолишидан илгари (яъни, Аллоҳнинг бирон бало-қазосига дучор бўлмай туриб) Роббингизга тавба қилинглар ва Унга бўйинсунинглар!» (Зумар: 54), яъни, У субҳанаҳу ва таолога қайтиб, юзланинглар. Ер юзидан супуриб ташлайдиган ҳалокатли азоб келганда тавба қилувчининг тавбаси қабул қилинмайди: «Фақат Юнус қавмигина (шундай қилди) иймон келтиришгач, улардан ҳаёти дунёдаги расволик азобини кетказдик» (Юнус: 98). Фақат ушбу ҳолат (Юнус алайҳиссаломнинг қавмлари билан юз берган воқеа) мустаснодир. Аслида эса ҳалок қилувчи азоб келганда тавба қабул қилинмайди. «Сизларга азоб келиб, сўнгра ёрдам берилмай қолишидан илгари (яъни, Аллоҳнинг бирон бало-қазосига дучор бўлмай туриб) Роббингизга тавба қилинглар ва Унга бўйинсунинглар!» (Зумар: 54).

Тавбанинг ҳам маълум муддат, чегараси бор. Жон ҳалқумга келганда ёки ўлим ҳозир бўлганда, ҳалок қилувчи азоб тушганда, қуёш ўзининг ботар томонидан чиққанда тавба қабул қилинмайди. Аллоҳ таоло бандани ана шу муддатлардан бири келиб қолишидан илгари тавба қилишга тарғиб қиляпти.

«Роббингизга тавба қилинглар!», оятнинг ушбу қисми тавба ибодат турларидан бири эканига далолат қилади. Чунки Аллоҳ таоло «Роббингизга», деди. Бу эса тавба «الإنابة» ибодат турларидан бири эканига далолат қиляпти.

 

Мадад сўраш (الاستعانة) ва унинг далили

Мадад сўрашнинг далили: «Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина мадад сўраймиз» (Фотиҳа: 5). Ҳадисда айтилишича: «Мадад сўрайдиган бўлсанг Аллоҳдан сўра».[24]

«الاستعانة»: мадад-кўмак тиламоқ. Ва у икки турлидир:

Биринчиси: Фақатгина Аллоҳ қодир бўладиган нарсалар борасида мадад сўрамоқ. Ушбу турни Аллоҳдан ўзгасига қилишлик ширк бўлиб, кимда-ким Аллоҳгина қодир бўладиган бирор иш борасида Ундан ўзгасидан мадад сўрайдиган бўлса, дарҳақиқат, ширк келтирибди. Чунки у ибодат турларидан бирини Аллоҳ азза ва жалладан ўзгасига йўналтирди.

Иккинчиси: Махлуқ қодир бўладиган ишлар борасида мадад сўрашлик. Бирор кишидан сизга девор кўтариш-қуриш ёки юкингизни кўтариш ёки қандайдир мубоҳ-ҳалол бўлган бирор истагингизни бажо қилишда кўмаклашишини сўрайсиз. Аллоҳ таоло айтганидек: «(Эй мўминлар), сизлар яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз!» (Моида: 2). Одамларнинг куч-қудрати етадиган оддий ишларда ёрдам-мадад сўрашликдан монелик йўқ. Чунки у яхшилик ва тақво йўлидаги ҳамкорликдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Модомики банда биродарининг ёрдамида бўлар экан, Аллоҳ банда(си)нинг ёрдамидадир».[25]

Ризқ бериш, зарарни даф қилишга ўхшаш Аллоҳгина қодир бўлган ишлар борасида махлуқдан мадад сўрашликка келсак, ушбу ишларда фақат Аллоҳдан мадад сўралади. Ўлик-мурда, жин, шайтон ёки олдингизда ҳозир бўлмаганлардан мадад тилаш, ахир сен уларни номма-ном айтиб ҳайқирсанг ҳам сени эшитмайдилар. Бу катта ширкдир. Чунки сен, сенга мадад беришга қодир бўлмаганлардан мадад тилаяпсан.

«Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина мадад сўраймиз», яъни, Сендан ўзгасидан мадад сўрамаймиз. Ибодат фақат Аллоҳ таологагина қайдланди.

«Сендангина мадад сўраймиз», яъни, мадад сўрашлик ҳам Аллоҳ азза ва жаллага қайдланди ва бу Аллоҳ субҳанаҳу ва таологина қодир бўлган ишлардадир.

Ва яна ушбу оятдан, инсон бирор куч ва қувватга эга эмаслиги ва Аллоҳнинг ёрдами ила бирор ишга қодир бўлиши каби фойдаларни оламиз. Инсон ширкдан пок-безор эканлигини эълон қилиши, ўзида бирор куч-қувват бор эканини инкор этиши Аллоҳ азза ва жаллага ниҳоятда қуллик бажо қилишидандир.

 

Паноҳ сўраш ва унинг далили

Паноҳ сўрашга далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Мен тонг Роббисидан паноҳ сўрайман»» (Фалақ: 1).

Паноҳ сўраш: хавфсираётган нарсангизни сиздан даф қилиб, сизни ундан тўсадиган кишидан ҳимоя талаб қилишингиз. Ана шу паноҳ сўраш маъносидир.

Паноҳ сўраш ибодат турларидан бири бўлиб, ушбу ибодатни Аллоҳ азза ва жалладан ўзгасига қилишлик жоиз эмас. Кимда-ким қабр, бут-санам ёки Аллоҳдан ўзга бирор нарсадан паноҳ сўрайдиган бўлса, дарҳақиқат, катта ширкка қўл урган мушрик бўлади. Аллоҳ таоло шундай деди: «Албатта инсдан бўлган (айрим) кишилар жиндан бўлган кимсалардан паноҳ тилашиб, уларга янада ҳаддан ошишни-мустаҳкамликни зиёда қилур эдилар» (Жин: 6).

Араблар жоҳилиятда бирор ерга бориб тушадиган бўлишса, ичларидан бирортаси: ушбу водийнинг эгасидан паноҳ сўрайман, деб айтарди, яъни, жинларнинг каттасидан ўз қавми бебошларининг ёмонлигидан паноҳ сўрарди.

Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ишни ботил экани ва унинг ўрнига шариат кўрсатмасини баён қилиб айтдиларки: «Кимки бирор манзилга тушадиган бўлса шундай десин: «Аъузу бикалиматиллаҳит тааммаати мин шарри маа холақ» (Аллоҳнинг тамомий-мукаммал калималари ила яратган нарсаларининг ёмонлигидан паноҳ сўрайман). (Шундай деса) то ўша ўрнидан туриб-силжиб кетмагунича унга бирор нарса зарар беролмайди».[26]

Жинлардан паноҳ сўраш ўрнига Аллоҳнинг мукаммал калималари ила паноҳ сўрашлик ҳақиқатда тўғри бадал-эваз бўлди. «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Мен тонг Роббисидан паноҳ сўрайман»». Тонг Роббиси Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодир. Аллоҳ таоло айтганидек: «(У зулматни ёриб) тонгни Чиқаргувчидир» (Анъом: 96), яъни, тун зулматида тонг нурини чиқаргувчи. Ушбу ишга фақат Аллоҳ субҳанаҳу ва таологина қодирдир.

«Тонг Роббисидан паноҳ сўрайман», яъни, тонгнинг Роббиси, уни бошқариб турадиган Молик-Эгаси ва Қодир Зот.

«Ўзи яратган нарсаларининг ёмонлигидан», яъни, барча махлуқотларнинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ сўрайди. Бу эса одамлар қилаётган барча паноҳ сўраш турларидан сизни беҳожат қилади.

«Зулматга чўмган кечанинг ёмонлигидан», чунки тун зулматида барча йиртқич ва ваҳший ҳайвонлар (ўз ҳудудидан ташқарига) чиқади. Эҳтимол сиз хатарда қоларсиз. Шунда ушбу зулумат ва ундаги озор етказувчи нарсаларнинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ сўрайсиз.

«Тугунларга дам солгувчи (жодугар)ларнинг ёмонлигидан», улар сеҳргарлар бўлиб, сиз сеҳр ва унинг аҳлидан Аллоҳнинг паноҳига қочасиз. Чунки сеҳр (ўзининг) катта (таъсирига эга)дир.

«Ҳасад қилаётган ҳасадгўйнинг ёмонлигидан». Ҳасадгўй: ўзганинг неъматини заволга юз тутишини орзу қиладиган кимса. Бирор кишида неъмат кўрадиган бўлса, аччиқланиб, ҳасад ва кек-адоват сақлаган ҳолда ушбу неъматни йўқ бўлишини орзу қилади, Аллоҳ сақласин. Ва у энг мазамматланган хислатлардандир. Чунки ҳасад қилиш билан киши Аллоҳга эътироз билдириб, халқларга ёмонлик келтиради.

Назар ташлаганда кўзи тегадиган кимса ҳам ушбу маъно остига дохил бўлади. Чунки кўз тегиш билан оғриш ҳасаднинг бир тури сабаблидир. Сиз эса ушбу ёмонликларнинг баридан Аллоҳнинг паноҳига қочасиз. Бу эса паноҳ сўраш ибодат эканига далолат қилиб, уни Аллоҳдан ўзгасига йўналтиришлик жоиз эмас. Махлуқдан паноҳ сўраманг. Кимда-ким махлуқдан паноҳ сўрайдиган бўлса, дарҳақиқат, Аллоҳ азза ва жаллага ширк келтирибди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абсуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумога шундай дедилар: «Мадад сўрайдиган бўлсанг Аллоҳдан сўра».

Ва Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Мен барча инсонларнинг Роббисидан паноҳ сўрайман»» (Ан-Нос: 1).

Аллоҳ таоло ушбу: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Мен барча инсонларнинг Роббисидан, барча инсонларнинг Подшоҳидан, барча инсонларнинг Илоҳидан (менга) Ўзи жин ва инсонлардан бўлган, инсонларнинг дилларига васваса соладиган, (қачон Аллоҳнинг номи зикр қилинганида) яшириниб оладиган васвасачи (шайтон)нинг ёмонлигидан паноҳ беришини сўраб илтижо қилурман»», қовлида барча инсонларнинг Роббиси, Подшоҳи ва Илоҳидан паноҳ сўрашга амр этди. Ушбу (Роб, Подшоҳ ва Илоҳ)нинг бари Аллоҳ азза ва жалланинг исм ва сифатларидандир. Ва ушбу сурада тавҳиднинг уч тури: рубубият, улуҳият ва исм сифатлар тавҳиди зикр қилинди.

Аллоҳдан ва Унинг ушбу исм ва сифатларини айтиб, васваса қилувчи шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ сўранг. Васваса қилувчи – шайтоннинг исмларидан бири бўлиб, у одамларни чалғитиб, хоссатан ибодат масаласидан машғул қилиб, қалбига қўрқув, иккиланиш ва ҳайрат солишга уринади. Шайтон инсонни ибодат қилаётганида васваса қилиб ҳатто намози ва ибодатидан чалғитиб юборади. Сўнг киши намозидан, намозим ботил бўлди шекилли деган ўй билан чиқади. Ёки намоз ўқиб, сўнг таҳоратим йўқ эди шекилли ёки фалон рукнни адо этмадим, деган ҳаёлларни олиб келади. Натижада васвасага тушиб, ибодатида хотиржамлик топмайди.

Аллоҳ жалла ва ала бизга ушбу хатарнинг малҳамини ато этди ва у (малҳам) Аллоҳдан васваса қилувчи (шайтоннинг) ёмонлигидан паноҳ сўрашимиздир.

«الخناس»: ортда қолиб, узоқлашувчи. Шайтон Аллоҳнинг зикридан ғафлатда бўлганларни васваса қилади. Аллоҳ азза ва жалла зикр қилинганда эса яшириниб, узоқлашиб кетади. Демак, у ғафлат босганда васваса қилувчи, Аллоҳ азза ва жалла зикр қилинганда эса яшириниб олувчи (الخناس)дир.

«(Менга) Ўзи жин ва инсонлардан бўлган, инсонларнинг дилларига васваса соладиган», яъни, жин ва инсонлар ичида одамларни васвасага солувчилар бўлади. Одамларни шак-шубҳага соладилар. Жинларнинг шайтонлари бўлганидек, худди шундай инсонлардан ҳам шайтонлари бўлиб, шак-шубҳа солиб, васваса қиладилар. Сиз икки тоифанинг ёмонлигидан Аллоҳнинг паноҳига қочасиз.

Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларки: «Паноҳ сўровчи ушбу иккисига ўхшашичалик (бўлгани) билан паноҳ сўролмайди»,[27] яъни, ушбу икки (фалақ ва нос) сураларига ўхшаш-тенглаша оладиган (сура ва дуолар) билан (паноҳ сўролмайди). Демак, мусулмон кишига ушбу икки сурани намозларнинг сўнгида ўқиб, такрорлаб юриши ва уйқу олдидан ҳам ушбу икки сура, оятал курси ва ихлос сураларини ўқиши лозим бўлади.

Оятал курси, ихлос ва икки паноҳ сўровчи сурани ҳар бир намознинг кетидан (бир марта) ўқийди. Шом ва бомдод намозларида эса (ихлос ва икки паноҳ сўровчи сурани) уч марта ўқийди. Шунингдек, шайтон узоқлашиб, уйқуси бузилмай, тушида безовта бўлмаслиги учун уйқу олдидан ҳам икки сурани (фалақ ва нос сураларини) ўқийди.

Ушбу икки сурада Аллоҳ таоло ёлғиз Ўзидан паноҳ сўрашга амр этди. Бу эса Ундан ўзга жин, инсон ёки ҳар қандай махлуқдан паноҳ сўраш жоиз эмаслиги ва у ибодат турларининг бири эканига далолат қилади.

 

Ўтиниб ёлбориш (الاستغاثة) ва унинг далили

Ўтиниб ёлборишнинг далили: «Ўшанда сизлар Роббингиздан мадад тилаганингизда-ўтиниб ёлборганингизда, У сизларга ижобат қилди» (Анфол: 9).

«الاستغاثة»: ибодат турларидан бири бўлиб, мадад-ёрдам сўрашдир. Бу фақат оғир дамларда бўладиган ҳолатдир. Инсон оғир ҳолатга тушганда Аллоҳдан мадад ва ушбу қийинчиликдан нажот сўрайди.

Ўтиниб ёлбориш икки турлидир:

Биринчиси: Аллоҳ азза ва жаллагина қодир бўладиган ишларда махлуқдан ўтиниб-ёлбориб мадад сўраш. Бу ширкдир. Кимда-ким Аллоҳдан ўзга жин, инсон, олдида ҳозир бўлмаган киши ёки ўликлардан ёлбориб мадад сўраса, дарҳақиқат, бу Аллоҳ азза ва жаллага ширк келтиришдир.

Иккинчиси: Тирик, олдида ҳозир бўлган махлуқдан қодир бўлган иши борасида ёлбориб мадад сўраш. Бу жоиздир.

Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом қиссаларида шундай деди: «(Бас, Мусонинг) жамоатидан бўлган киши душман томондан бўлган кимсага қарши ундан ёрдам-мадад сўради» (Қасос: 15).

 

Жонлиқ сўйиш, унинг турлари ва далили

Жонлиқ сўйишнинг далили Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Албатта намозим, ибодатларим, (яъни, қиладиган қурбонликларим), ҳаёту мамотим бутун оламларнинг Роббиси бўлмиш Аллоҳ учундир»» (Анъом: 162).

Суннатдан далил: «Аллоҳ таоло, Ундан ўзгаси учун жонлиқ сўйган кимсани лаънатлади».[28]

Жонлиқ сўйиш тўрт қисмга бўлинади:

Биринчи: Бирор кишига қурбат ҳосил қилиш ва таъзим бажо қилиш учун жонлиқ сўйиш. Бу фақат Аллоҳ субҳанаҳу ва тоало учунгина жоиз бўлади. Чунки бу мол сарф қилиш билан амалга ошадиган ибодатдир. Жин, шайтон, подшоҳ ва бошлиқларга таъзим бажо қилиб жонлиқ сўйиш жоиз эмас. Чунки бу ибодат бўлиб, у фақатгина Аллоҳ азза ва жаллага қилинади.

Жинларга, уларнинг ёмонликларидан омон қолиш ёки касалликдан шифо топиш учун жонлиқ сўядиган ва малҳам бағш этамиз, деб даъво қилиб, одамларга: касалингиздан шифо топиш учун фалон жонлиқни сўйинг ва сўйиш мобайнида Аллоҳни номини тилга олманг, дейдиган фолбин ва сеҳргарлар катта ширкка қўл уриб, (ислом) миллатидан чиққан мушриклардир. Аллоҳ таоло ушбу ишни Ундан ўзгаси учун қилган кимсани огоҳлантириб айтган қовлининг маъноси ҳам шу эди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Албатта намозим, ибодатларим, (яъни, қиладиган қурбонликларим), ҳаёту мамотим бутун оламларнинг Роббиси бўлмиш Аллоҳ учундир»» (Анъом: 162). Ва яна мана бу қовли: «Бас, сиз Роббингиз учун намоз ўқинг ва (жонлиқ) сўйиб-қурбонлик қилинг!» (Кавсар: 2).

Иккинчи: Гўштини ейиш мақсадида жонлиқ сўйиш. Бунда зарар йўқ бўлиб, у бирор кишига қурбат ҳосил қилиш ёки таъзим бажо қилиш учун жонлиқ сўймади. Балки ўзининг ҳожати ва ундан тановул қилиш учун сўйди. Бунда монелик йўқ. Чунки у ибодатнинг бирор туридан эмас. Гўштни сотиш мақсадида жонлиқ сўйиш ҳам ушбу қисм остига дохил бўлади.

Учинчи: Шодланиб, хурсанд бўлганидан жонлиқ сўйиш. Тўй, янги уйга кўчиб ўтиш, яқинларидан бирининг келиши, қариндошлар тўпланиб қолгани муносабати билан ўзининг хурсандлигини изҳор қилиш мақсадида жонлиқ сўйиш. Бунинг зарари йўқ. Чунки бунда бирор кишига таъзим бажо қилишлик ёки қурбат ҳосил қилишлик йўқдир. Балки бу рўй берган ҳодисадан шод-ҳуррам эканини изҳор қилиш бобидандир.

Тўртинчи: Гўштини фақир, мискин ва бечораларга садақа қилиш мақсадида жонлиқ сўйиш. Ушбу иш суннат деб қаралиб, ибодат остига дохил бўлади.

 

Назр аташ ва унинг далили

Назрнинг далили: «Улар (ҳаёти дунёда ўз зиммаларига олган) назрларини тўла адо қилурлар ва ёмонлик-даҳшатлари кенг ёйилгувчи бўлган (қиёмат) кунидан қўрқурлар» (Инсон: 7).

Назр – инсон шариат унга мажбур қилмаган бирор нарсани ўзига-ўзи мажбур қилиб олиши. Мисол учун рўза тутиш ёки садақа қилишни назр қилиш каби. Энди унга назрига вафо қилишлиги лозим бўлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу қовлларига биноан: «Кимда-ким Аллоҳга итоат қилишни назр қилган бўлса, бас, Унга итоат этсин».[29] Назр ибодат турларидан бири бўлиб, у фақат Аллоҳ учунгина қилинади. Кимки қабр, бут-санам ёки бошқа бирор нарса учун назр атаса, дарҳақиқат, Аллоҳ азза ва жаллага ширк келтирибди. Ва у маъсият ва ширк назридир. Дарҳақиқат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Кимда-ким Аллоҳга маъсият қилишни назр қилган бўлса, бас, Унга маъсият қилмасин».[30]

10 thoughts on “Уч Асос шарҳи

  1. ассалому алейкум устозлар. менга хозирги кундаги олимларни исми шарифларини айтиб берсангиз

  2. Waalaykum assalom,
    hozirgi kundagi hayot ulamolarning bazilari:

    Shaykh Aal ash-Shaykh
    Shaykh al-Abbad
    Shaykh al-Ajlan
    Shaykh al-Albani
    Shaykh al-Barrak
    Shaykh al-Fawzan
    Shaykh al-Ghudayyaan
    Shaykh al-Jaami
    Shaykh al-Jabiree
    Shaykh al-Khamees
    Shaykh al-Luhaydaan
    Shaykh al-Munajid
    Shaykh an-Najmi
    Shaykh As-Suhaymee
    Shaykh bin Baz
    Shaykh Ibn al-Uthaymeen
    Shaykh Muqbil
    Shaykh Zayd al-Madkhali

    wassalam

    1. Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
      Ҳурматли Daniell, авваламбор сиз санаб ўтган уламоларнинг барчаси ҳам афсуски бугунги кунда ҳаёт эмас.
      Кейин Shaykh al-Khamees деб айни кимни назарда тутдингиз. Бу кишининг исм-шарифларини тўлиқроқ ёзсангиз.
      Shaykh al-Munajid эса аслида уламо эмас. У кишининг фатволарини ўқишдан, у кишидан илм олишдан кўпчилик уламолар қайтаришган.
      Валлоҳу аълам.

  3. Waalaykum assalom va rahmatullohi va barakatuh,

    Sharhimga etiboringiz va javobingiz uchun rahmat.

    Shaykh Uthman al Khamees meni bilishimcha Quvaytdagi Islom Universiteti Doktori.

    Shaykh al Munajjid tugrisida yana bir bor surishtirib kuraman.

    wassalam

    1. 1) Усмон ал-Хамисни мақтаб ундан илм олишликни тавсия қилган бирор олимни сўзларидан хабардор бўлсангиз илтимос келтирсангиз.
      Бизга маълум бўлгани шуки шайх Утайбий бу кишини ҳизбий, Иҳё ат-Турос фондига боғлиқ инсон эканини айтганлар. Кенгроқ маълумот учун қуйидаги манбага мурожаат қилинг:
      http://www.sahab.net/forums/index.php?showtopic=121124
      http://www.archive.org/download/radasheekotaibialaotmankamise/radasheekotaibialaotmankamise_2.mp3

      2) Мунажжиднинг манҳажини эса кўпчилик аҳли илмлар танқид қилишган. Хоссатан сиз санаб ўтган шайх Убайд ибн Жобирий ҳафизаҳуллоҳ у кишини қутбий эканини айтганлар. Ушбу сўзларини қуйидаги манбадан топишингиз мумкин:
      http://youtu.be/EfscGHQjKWI

      3) Шайх Аббод ва шайх Жобирий бугунги кунда тириклар алҳамдулиллаҳ.

      Валлоҳу аълам.

  4. Tugri ayttingiz bazi ulamolar hayot emaslar:
    Shaykh al Abbad
    Shaykh al Alboniy
    Shaykh al Jabiree
    Shaykh Ibn Baz
    Shaykh ibn Uthaimeen
    va yana bazilar

    wassalam.

  5. Ассалому алейкум! Кандай килиб юклаб осам китобни? Хар сафар онлайн укиш хар сафарам кулай бумаяпти.Жазакумуллоху хойрон

  6. Ассаламу аьлайкум бидаьт ахлига эң тугри мафким китобини арапча вариятыны кандай юлаб олсам болоди

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan