Уч Асос шарҳи


Иккинчи рисола

Мусулмонга ўқиб-ўрганиб, амал қилиши вожиб бўлган уч масала

Шуни билгилки, Аллоҳ сени Ўз Раҳматига олсин, ҳар бир мусулмон эркак ва аёлга ушбу уч масалани ўқиб-ўрганиб, унга амал қилиши вожиб бўлади.

(Муаллиф раҳимаҳуллоҳнинг): «Шуни билгилки», деган сўзларига келсак, бу ҳақда юқорида айтиб ўтилдики, ушбу калима ўзидан кейинги жумланинг нақадар аҳамиятли эканини ифодалайди. Унинг маъноси: Ўқиб-уқиб ол ва ишонч ҳосил қил.

(Муаллиф раҳимаҳуллоҳнинг): «Аллоҳ сени Ўз Раҳматига олсин», деган қовллари, сенинг ҳаққинга раҳмат сўраб дуо қилишдир. Юқорида айтиб ўтилганидек, муаллимга мутааллимга нисбатан илтифот билан ёндашмоқлиги, унинг ҳаққига дуои хайр қилиб, (илмга) рағбатлантириши лозим бўлади. Ушбу йўл таълим беришликдаги энг олий воситалардандир. Ўқитувчига мутааллимга нисбатан қаттиқ, қўпол ва қўрс муомала қилмаслиги даркор. Чунки бу илмдан нафратлантиради. Сўнг ушбу (дуо) шайх раҳимаҳуллоҳ томонларидан бўлган самимиятки, у киши насиҳат, манфаат ва тўғри йўлланма беришни хоҳлаяптилар.

(Муаллиф раҳимаҳуллоҳнинг): «Вожиб бўлади», деган сўзлари, яъни, усул илми билан шуғулланадиган уламолар наздида фарз-вожиб бўлди дегани, ушбу ишни қилишликдан ўзга чора йўқ, деган маънони ифодалайди. Ва унга қуйидагича таъриф беришди: вожибни адо этувчи ажрга эришади, тарк этувчи эса жазога тортилади. Луғатдаги аслий маъноси эса: барқарор, силжимас. Бирор нарса вожиб бўлди, яъни барқарор бўлди маъносидадир. Аллоҳ таоло (ҳаж мавсумида сўйиладиган) туя-моллар ҳақида шундай деди: «Энди қачон ён бошлари билан тушганларида», яъни, жон таслим қилиб, ерга йиқилиб, сўйилгандан кейин силжимас-барқарор бўлганларида «Улардан (ўзларингиз ҳам) еяверинглар, (бировдан бир нарса сўрамайдиган) қаноатли кишига ва (муҳтож) тиланчига ҳам едиринглар» (Ҳаж: 36).

«Вожиб бўлади», деган қовллари, ушбу иш хоҳлаган киши қилиб, хоҳламаган эса тарк этадиган мустаҳаб бобидан эмас, балки Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло томонидан бўлган мужбуриятдир. Ушбу иш шайх раҳимаҳуллоҳ томонларидан вожиб бўлгани йўқ, балки Аллоҳ азза ва жалла Китобу Суннатда бандаларига ушбу масалаларни мажбурият ўлароқ нозил қилгандир.

(Муаллиф раҳимаҳуллоҳнинг): «Ҳар бир мусулмон эркак ва аёлга … вожиб бўлади», деган сўзлари, яъни, мусулмонлардан бўлган хоҳ озод, хоҳ қул бўлсин барча эркак ва аёлларга вожибдир. Чунки аёл, далил ушбу ишни фақат эркакларга хос эканига ишора қилмас экан, кўплаб вожиботларда эркак билан муштаракдир. Эркакларга хос масалаларга мисол: намозни масжидда жамоат билан адо этмоқ, жума намози, қабрларни зиёрат қилиш ва Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш.

Демак, далил бирор ишни эркакларга хос эканига далолат қилса, ушбу иш фақат уларга хос бўлади. Акс ҳолда эса эркак ва аёллар вожибот, ҳаром ишлардан узоқлашиш ва бошқа буйруқларда баб-баробардирлар. Эркагу аёлларга таълим олишнинг вожиб эканлиги ана шу жумладандир. Аллоҳ жалла ва ала бизни Ўзигагина ибодат қилишимиз учун яратган экан, таълим олмай туриб Роббимиз азза ва жаллага қай суратда ибодат қилишни била олмаймиз. Демак, дин ишларини ўқиб-ўрганишлик эркагу аёлларга баб-баробар вожибдир, хоссатан ақида масалалари.

(Муаллиф раҳимаҳуллоҳнинг): «Ушбу уч масалани..», деган сўзларидаги ўқиб-ўрганишнинг маъноси: илмни уламолардан олиб, ёдламоқ, фаҳмламоқ ва идрок этмоқдир. Ана шу ўқиб-ўрганишдир. Китобни ўқиб, мутолаа қилишнинг ўзи эмас. Бу ўқиб-ўрганиш дейилмайди. Таълим олиш – илмни ўз эгаларидан олиб, ҳифз қилиш-ёд олиш, фаҳмлаб тамомий суратда идрок қила билишдир. Ана шу саҳиҳ таълимдир. Қуруқ қироат ва мутолаага келсак, ушбу иш талаб қилинган бўлса-да, бироқ таълим олишда кифоя қилмайди. Тўғри бу ишда фойда бор, бироқ етарли даражада эмас, ушбу ишга чекланиб қолиш кифоя қилмайди.

Бугунги кунда рўй бераётганидек китобларни ўзига устоз қилиб олишлик ҳам жоиз эмас. Чунки китобларга шогирд тушишлик ниҳоятда хатарли бўлиб, ушбу ишдан носоғломлик, ўзини олим санамоқ ва жоҳил кишидан келадиган зарардан каттароқ зарарлар ҳосил бўлади. Чунки жоҳил ўзини жоҳил эканини билиб, ўз чегарасида тўхтайди. Бироқ ўзини олим сановчи, ўзини билувчилар сафида кўриб, Аллоҳ ҳаром қилганини ҳалол ва ҳалол қилганини ҳаром қилиб беради. Аллоҳ ҳақида билимсиз сўзлайди. Демак, масала жуда хатарлидир.

Илм тўғридан-тўғри китоблардан олинмайди, балки китоблар бир восита холос. Илмнинг ҳақиқати шуки, у авлоддан авлодга уламолардан олинади. Китоблар илм талаб қилишликдаги восита холос.

 

Аллоҳ таоло бизни яратиб, ризқ бергани ва шунчаки-беҳудага ташлаб қўймаганига иймон келтириш

 

Биринчи: Аллоҳ таоло бизни яратди, ризқ берди ва шунчаки-беҳудага ташлаб қўймади.

(Муаллиф раҳимаҳуллоҳнинг): «Биринчи: Аллоҳ таоло бизни яратди», деган сўзларининг маъноси: У Зот бизни йўқдан бор қилди. Аллоҳ таоло бизни яратишидан олдин йўқ эдик. Аллоҳ азза ва жалла шундай деди: «Аниқки, инсоннинг устига замондан у тилга олгулик бир нарса бўлмаган вақт-муддат ҳам келгандир» (Инсон: 1).

Аллоҳ таоло айтадики: «(Аллоҳ) айтди: «Шундай. Роббинг айтурки, бу (иш) Менга осондир. (Ахир) Мен илгари ҳеч нарса бўлмаган пайтингда сени (ҳам) яратган эдим-ку (яъни, йўқдан бор қилган эдим-ку)(Марям: 9). Инсон яратилишидан олдин йўқ бўлганди. Уни вужудга келтириб, яратган Зот – Аллоҳдир. Аллоҳ таоло айтадики: «Балки улар ҳеч нарсадан (яъни, Яратгувчисиз) яралиб қолгандирлар?! Ёки улар ўзлари яратгувчимикинлар-а?!» (Тур: 35).

(Муаллиф раҳимаҳуллоҳнинг): «(Бизга) ризқ берди», деган сўзларига тўхталсак. Биз ризқ, таом, ичимлик, кийим-кечак, уй-жой, маркаб ва ўзимизга фойдали нарсаларга муҳтож бўлганимиз они, Субҳанаҳу ва таоло ҳаёт кечиришимиз ва яратилишимиздан кўзланган (буюк ғоя) – Аллоҳ азза ва жаллага ибодат қилишга куч йиғишимиз учун осмонлар ва ердаги бизга фойдали бўлган барча нарсани бўйинсундириб берди.

«(Бизни) шунчаки-беҳудага ташлаб қўймади», деган қовлларига қайтадиган бўлсак, шунчаки-беҳуда, яъни, аҳамият берилмай, қаровсиз, ўз-ўзига ташлаб қўйилган, деган маънодадир. Аллоҳ таоло бизни (етук) бир ҳикмат сабабли яратиб, ризқ ато этди. Бизни беҳудага яратгани йўқ. Аллоҳ таоло шундай деди: «Ёки сизларнинг гумонингизча Биз сизларни беҳуда (яъни, дунёда сизларга бирон вазифа бермайдиган, охиратда ҳисоб-китоб қилмайдиган ҳолда) яратдигу, сизлар Бизнинг ҳузуримизга қайтарилмайсизларми?! (Ундоқ эмас!)» (Мўминун: 115).

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтадики: «Инсон ўзини (бу дунёда дину иймонга буюрилмасдан, Охиратда эса қайта тирилиб ҳисоб-китоб қилинмасдан) бекор ташлаб қўйилишини ўйларми (тамаъ қилурми)?! Ахир у (бачадонга) тўкиладиган манийдан бир (ҳақир) нутфа эмасмиди?! Сўнгра лахта қон бўлди. Бас, (Аллоҳ уни) яратиб, расо (инсон) қилди» (Қиёмат: 36-38).

Ва яна шундай деди: «Биз осмон ва ерни ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсаларни беҳуда яратган эмасмиз. Бу (яъни, улар беҳуда-бемақсад яратилган деган гумон) кофир бўлган кимсаларнинг гумонидир. Бас, кофир бўлган кимсалар учун дўзах – ҳалокат бўлгай!» (Сод: 27).

Аллоҳ таоло бизни яратди ва буюк ҳамда олий бир ҳикмат сабабли бизларга турли ризқ ва имкониятларни ато этди. (Ушбу ҳикмат) – У субҳанаҳу ва таолога ибодат қилишимиздир. Бизларни бандаларнинг фойдалари учун яратилиб сўнг ўлиб, (йўқ бўлиб) кетадиган ҳайвонлар каби яратмади. Чунки ҳайвонларда буйруқ ва қайтариқларга риоя қилиш йўқ. Демак Аллоҳ таоло бизни Ўзига ибодат қилишимиз учун яратди: «Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим. Мен улардан бирон ризқ истамасман ва улар Мени таомлантиришини ҳам истамасман. Зеро, Аллоҳнинг Ўзигина (барча халойиққа) ризқу рўз бергувчи, куч-қувват соҳиби ва Қудратлидир» (Зориёт: 56-58). Бизни ушбу дунёда фақат яшаб, елиб-югуриб, кўнгилхушлик қилиб, еб-ичиб, фойдаланишимиз сўнг эса бирор натижа-оқибатсиз яратган эмас. Балки ушбу ҳаёт охират диёри учун солиҳ амаллар қилиб қоладиган экинзор ва бозорки сўнг вафот этиб, бу дунёни тарк этамиз. Сўнг эса қайта тирилтирилиб, ҳисоб-китоб қилиниб, амалларимизга яраша жазо (ёки мукофотимизни) оламиз.

Ана шу жин ва инсни яратилишидан бўлган мақсад эди. Бунинг ҳужжатлари кўп бўлиб, ушбу ҳужжатлар қайта тирилиш, жазо ва ҳисоб-китоб ҳақ эканига далолат қилади. Ақл ҳам шуларни ҳақ эканига далолат қилади. Чунки Аллоҳ таоло ушбу ажойиб борлиқни яратиб, уни одам болаларига бўйинсундириб бериши ва уларни шунчаки вафот этиб, бирор натижасиз (йўқ бўлиб) кетишларига ташлаб қўйиши субҳанаҳу ва таолонинг ҳикматига нолойиқдир. Балки бу бекор-беҳудаликдир. Ушбу амалларни охират диёрида натижаси кўрилмоғи шартдир.

Шунинг учун ҳам гоҳида инсонлар орасида умрини Аллоҳ таолога тоат-ибодатда ўтказиб, фақир, муҳтож, гоҳида эса мазлум, эзилиб-сиқилган, тазйиққа учраган ва ушбу дунёда қилган ишига яраша улушини олмаган ҳолда умргузаронлик қилиб ўтганлар бўлади. Ва аксинча одамлар ичида кофир, мулҳид, ярамас, ўйнаб-чопиб, бу дунёда дилҳушлик қилиб, неъматларга бурканиб, хоҳлаган нарсаси берилиб, Аллоҳ ҳаром қилган ишларга қўл уриб, ўзгаларга зулм ва тажовуз қилиб, уларнинг молларини тортиб олиб, ноҳақ ўлдириб, мажбуран устунлик-ҳукмронлик қиладиган сўнгра ана шу ҳолатида вафот этиб, бирор жазога тортилмайдиган кимсалар бўлади. Энди ушбу итоаткор бандани мукофотсиз ва мана бу кофирни жазосиз ташлаб қўйиш Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг адолатига лойиқми?! Албатта бу Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг адолатига нолойиқ бир ишдир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло яхшилик қилувчи қилган яхшилигига мукофот, ёмонлик қилувчи қилган ёмонлигига жазо олсин учун бошқа бир диёрни яратдики, ўша диёрда амаллар ўз самарасини кўрсатади.

Дунё амал қилиб қолиш диёридир. Охират эса жазо ва мукофот диёри, ё жаннат ё дўзахдир. Аллоҳ таоло бизни мулҳид-даҳрийлар ўйлаганидек бекор-беҳудага ташлаб қўйган эмас. Аллоҳ таоло шундай деди: «Улар (яъни, қиёматни инкор қилувчилар: «Ҳаёт) фақат дунёдаги ҳаётимиздир. (Баъзиларимиз) ўлиб, (бошқаларимиз) ҳаётга келаверамиз ва бизларни (Аллоҳ ўлдирмайди, балки) фақат замон (ўтиши)гина ўлдиради», дедилар. Ҳолбуки, улар учун бу тўғрида бирон билим-ҳужжат йўқдир. Улар фақат (шундай) гумон қилурлар, холос» (Жосия: 24). Ушбу жумлалар қайта тирилишга иймон келтирмайдиган мулҳидларнинг қовлидир.

Дарҳақиқат Аллоҳ азза ва жалла уларнинг бу сўзларини инкор қилиб, шундай деди: «Ахир биз мусулмонларни жиноятчи-кофир кимсаларга баробар қилурмизми?! (Эй мушриклар), сизларга нима бўлди? Қандай ҳукм чиқармоқдасизлар?» (Қалам: 35-36).

Ва яна шундай деди: «Балки ёмонлик-гуноҳлар касб этган кимсалар Биз уларни ҳам иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар каби қилишимизни ва ҳаётлари ҳам, мамотлари ҳам (яъни, дунёлари ҳам, охиратлари ҳам мўминлар билан) баробар бўлишини ўйлагандирлар?! Нақадар ёмон (нотўғри) ҳукм қилурлар-а?!» (Жосия: 21).

Аллоҳ азза ва жалла айтдики: «Биз иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларни ерда бузғунчилик қилиб юрган кимсалар каби қилиб қўяр эканмизми?! Балки Биз тақводор зотларни фисқу фужур қилиб юрган кимсалар каби қилиб қўяр эканмизми?! (Йўқ, асло ундоқ эмас!)» (Сод: 28).

Балки бизларга элчи жўнатди

Ибодат, таҳсинга сазовор иш экан, деган гумонимиз ва фалончи-ю пистончиларга тақлид қилиш билан бўлмайдиган бир иш экани учун ҳам Аллоҳ таоло, Унга қандай ибодат қилишимизни бизга баён қилиб берадиган бир элчи жўнатди. Чунки ибодатлар тавқифий-ҳужжат асосида адо этиладиган амаллар бўлиб, Аллоҳ таолога фақат Ўзи жорий қилган нарса билангина сиғинилади.

Ибодатлар элчилар алайҳиммуссалоту вассалам олиб келган динга қайдлангандир. Элчиларни жўнатишдан бўлган ҳикмат, одамларга Роббилари азза ва жаллага қандай ибодат қилишларини баён қилиб бериш ва уларни Аллоҳ таолога ширк ва куфр келтиришдан қайтариш учундир. Шунинг учун ҳам соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдиларки: «Кимда-ким бизнинг буйруғимиз бўлмаган бирор амални қилса, бас у рад этилгандир».[8] Демак, ибодатлар тавқифий-ҳужжат, далилга қайдланган, бидъат ва хурофотлар мардуддир, кўр-кўрона тақлид қилиш эса қайтарилгандир. Ибодатлар фақатгина Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган шариатдан олинади.

(Муаллиф раҳимаҳуллоҳнинг): «Балки бизларга элчи жўнатди», деган сўзларидан мурод – пайғамбарларнинг сўнггиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдир. Аллоҳ таоло у кишини бизга, нима учун яратилганимиз ва Аллоҳ азза ва жаллага қандай ибодат қилишимизни баён қилиб бериш ҳамда бизни ширк, куфр ва маъсиятлардан қайтаришлари учун жўнатди. Ана шулар Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам аҳамият қаратган ишлар бўлиб, у киши рисолатни тамомий етказиб, омонатни адо қилиб, умматга холис-самимий бўлдилар ва (барча нарсани) баён қилиб, изоҳлаб бердилар. Бизни кечалари кундуз каби оппоқ ҳужжат-йўл устида қолдирдирлар. Энди бу йўлдан фақат ҳалокатга учрайдиган кимсагина оғиб кетиши мумкин. Аллоҳ таоло шундай деди: «Бугун Мен сизлар учун динингизни комил қилдим, (сизларни динсизлик зулматларидан иймон нурига чиқариш билан) Мен сизларга неъматимни тўкис қилиб бердим ва сизлар учун Исломни дин қилиб танладим» (Моида: 3).

У кишига итоат қилган жаннатга, итоатсизлик қилган эса дўзахга киради.

«У кишига итоат қилган…», яъни, у кишига буюрган ишларида итоат қилган киши жаннатга киради.

«Итоатсизлик қилган эса…», яъни, у кишига қайтарган ишларида итоатсизлик қилган кимса дўзахга киради.

Ушбу жумлани Қуръондаги кўплаб оятлар тасдиқ этади. Аллоҳ таоло шундай деди: «Кимки пайғамбарга итоат этса, демак, Аллоҳга итоат этибди» (Нисо: 80). Ва яна шундай деди: «Биз қай бир пайғамбарни юборган бўлсак, фақат Аллоҳнинг изни-иродаси билан унга итоат қилинсин, деб юборганмиз» (Нисо: 64). Субҳанаҳу ва таоло айтадики: «Агар унга бўйинсунсангиз ҳидоят топурсизлар» (Нур: 54). Яна шундай деди: «Пайғамбарга бўйинсунинглар. Шояд раҳматга эришсангиз» (Нур: 56). Кимки у кишига итоат қилса, ҳидоят топиб, жаннатга дохил бўлади. Ким энди у кишига итоатсизлик қилса, залолатга оғиб, жаҳаннамга киради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Бош тортганингиздан ташқари барчангиз жаннатга кирасизлар». «(Жаннатга киришдан) ким ҳам бош тортарди эй Расулуллоҳ», дейишди. (Шунда): «Ким менга итоат қилса жаннатга киради. Ким менга осийлик қилса, дарҳақиқат, (жаннатга киришдан) бош тортибди».[9]

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Бирор яҳудий ёки насроний мен ҳақимда эшитиб, сўнг мен олиб келган нарса-динга иймон келтирмаса, дўзахга киради».[10] Демак, кимда-ким у кишига бўйинсунса жаннатга, осийлик қилса жаҳаннамга киради. Ана шу мўмин билан кофирнинг орасидаги фарқдир.

Далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: «(Эй Макка аҳли), дарҳақиқат, Биз худди Фиръавнга (Мусо) пайғамбарни юборганимиз каби сизларга ҳам (агар бу ҳаёти дунёдан куфру исён билан ўтсангизлар қиёмат кунида) сизларнинг зиёнингизга гувоҳлик бергувчи бўлган бир пайғамбарни (яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни) юбордик. (Ўшанда) Фиръавн (Мусо) пайғамбарга итоатсизлик қилгач, Биз уни қаттиқ ушлаш билан ушладик (яъни, денгизга ғарқ қилиб юбордик)» (Музаммил: 15-16).

(Муаллиф раҳимаҳуллоҳнинг): «Далил», деган сўзларидан мурод, элчиларни жўнатишга далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир, деган маънода: «(Эй Макка аҳли), дарҳақиқат, Биз худди Фиръавнга (Мусо) пайғамбарни юборганимиз каби сизларга ҳам (агар бу ҳаёти дунёдан куфру исён билан ўтсангизлар қиёмат кунида) сизларнинг зиёнингизга гувоҳлик бергувчи бўлган бир пайғамбарни (яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни) юбордик. (Ўшанда) Фиръавн (Мусо) пайғамбарга итоатсизлик қилгач, Биз уни қаттиқ ушлаш билан ушладик (яъни, денгизга ғарқ қилиб юбордик)». Аллоҳ таолонинг: «Биз» деган қовлидаги кўплик олмошидан мурод Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодир. Ушбу олмош ўзини катта-улуғ санаганда истеъмол қилинади. Аллоҳ таоло Азийм-Улуғ Зотдир.

«Юбордик», яъни, худди юқоридагидек улуғлик олмоши. «Юбордик», яъни, жўнатдик, ваҳий қилдик.

«Сизларга», яъни, эй жин ва инс тоифаси. Хитоб бутун инсониятга тааллуқлидир. Чунки ушбу Расул қиёматгача бўлган жамийки инсониятга юборилгандир.

«Бир пайғамбарни», яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни.

«Сизларнинг зиёнингизга гувоҳлик бергувчи», яъни, қиёмат куни Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ҳузурида сизларга рисолатни етказиб, ҳужжатни қоим қилгани(га гувоҳлик беради). Аллоҳ таоло шундай деди: «Токи бу пайғамбарлар (ўтганларидан) кейин одамлар учун Аллоҳга қарши ҳужжат бўлиб қолмаслиги учун пайғамбарларни (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтувчи ва (кофирларни дўзах азобидан) қўрқитувчи қилиб юбордик» (Нисо: 165). Қиёмат куни бирор киши: мен ибодат қилиш учун яратилганимни, менга нима вожибу нима ҳаром эканини билмагандим, деб айтолмайди. Чунки элчилар алайҳимуссалоту ва саллам (рисолатни) етказиб кетишган. Ушбу Муҳаммадий уммат ҳам уларнинг устида гувоҳлик беради. Аллоҳ таоло шундай деди: «Шунингдек, (яъни, тўғри йўлга ҳидоят қилганимиз каби), сизларни бошқа одамлар устида гувоҳ бўлишингиз ва пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун ўрта (адолатли) бир миллат қилдик» (Бақара: 143).

Ушбу уммат Аллоҳ азза ва жалланинг Китобида ўқиб-билганига биноан қиёмат куни ўтган умматлар устида, уларга жўнатилган элчилар Аллоҳнинг рисолатини етказишганига гувоҳлик беради. Чунки Аллоҳ таоло бизга олдинги умматлар ва уларга пайғамбарлари нималар дегани ҳақида қисса қилиб берди. Ушбу хабарларнинг барини на олдидан ва на ортидан ботил-путур етмайдиган, Ҳикматли ва Ҳамид-Мақталган Зот томонидан нозил қилинган Аллоҳ азза ва жалланинг Китобидан ўқиб билдик.

«Ва пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун», яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматлари устида, Аллоҳнинг ҳузурида, уларга ҳужжатни қоим қилиб, рисолатни етказиб, Аллоҳ йўлида насиҳат қилган эканларига гувоҳлик берадилар. Қиёмат куни бирор кишига: менга ҳеч нарса етиб келмади, огоҳлантирувчи келмади, деб айтишига ҳужжат йўқ. Ҳатто кофирлар ҳам жаҳаннамга улоқтирилишганда шуни эътироф этадилар. Аллоҳ таоло шундай деди: «Ҳар қачон (жаҳаннамга) бир тўда (кофир) ташланганида, унинг қўриқчилари улардан (кофирлардан): «Сизларга (ҳаёти дунёда) бирон огоҳлантиргувчи-пайғамбар келмаганмиди?», деб сўраганида Улар дерлар: «Ҳа, дарҳақиқат, бизларга огоҳлантиргувчи келган эди, (лекин бизлар уни) ёлғончи қилганмиз ва: «Аллоҳ (ҳеч кимга) ҳеч нарса нозил қилган эмас, сизлар фақат катта залолат-гумроҳликдадирсизлар», деганмиз»» (Мулк: 8-9). Демак, пайғамбарларга қарата: сизлар залолатда, деб, уларни ёлғончига чиқаришган.

Пайғамбарларни жўнатишликдан бўлган ҳикмат, бандаларга ҳужжатни қоим қилиб, Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган кишини ҳидоятга бошлашидир. Демак, Аллоҳ таоло элчилар сабаб Ўзи хоҳлаган кишини тўғри йўлга бошлайди ва қайсарлик, инкор, ҳамда кибр қилганларга қарши ҳужжатни қоим қилади.

«Биз худди Фиръавнга (Мусо) пайғамбарни юборганимиз каби»: Фиръавн Мисрдаги золим подшоҳ бўлиб, ўзини Роб дея даъво қилганди. Фиръавн, Мисрдаги подшоҳларнинг лақаби бўлиб, бу ўринда назарда тутилган Фиръавн: ««Мен сизларнинг энг юксак Роббингизман», деди» (Нозиат: 24), дея рубубиятни даъво қилган подшоҳдир.

«(Ўшанда) Фиръавн (Мусо) пайғамбарга итоатсизлик қилгач», Аллоҳ таоло Ўзининг Китобида Мусо алайҳиссалом ва Фиръавн ўрталарида юз берган воқеларни бошидан охиригача қисса қилиб берганидек Фиръавн у кишига (иймон келтирмай) кофир бўлди.

«Биз уни қаттиқ ушлаш билан ушладик (яъни, денгизга ғарқ қилиб юбордик)», яъни, Аллоҳ таоло Фиръавн ва унинг қавмини денгизга ғарқ қилиб сўнгра жаҳаннамга киргазди: «Улар ўз хато-гуноҳлари сабабли ғарқ қилиниб, дўзахга киритилдилар» (Нуҳ: 25). Барзах ҳаёти улар учун жаҳаннамга айланди. Демак, бу охиратдан олдинги қабрдаги ҳолатдир. Қиёмат қоим бўлгунга қадар эрта-ю кеч оловга тутиладилар. Бу эса қабр азоби (ҳақ) эканига далилдир, Аллоҳ сақласин: «(Қиёмат) соати қойим бўладиган кунда эса (дўзах фаришталарига): «Фиръавн хонадонини энг қаттиқ азобга киритинглар», (дейилур)» (Ғофир: 46).

Азоб (улар учун) уч босқичдан иборат (бўлди):

Биринчи: Аллоҳ таоло бир лаҳзада уларни денгизга ғарқ қилиб, охиригача (бу дунёдан) ўчириб-супуриб ташлади.

Иккинчи: Улар Қиёмат қойим бўлгунга қадар барзахда азобланадилар.

Учинчи: Улар қиёматда қайта тирилтирилишгач энг қаттиқ азобга киритиладилар, Аллоҳ сақласин.

Шунингдек, кимда-ким Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга осийлик қилса, унинг оқибати Фиръавннинг оқибатидан-да аянчли бўлади. Чунки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарларнинг афзали эканлар, энди ким у кишига итоатсизлик қилса тортадиган азоби ҳам аянчли бўлади. «Қаттиқ ушлаш билан ушладик», яъни, шафқат қилинмай. «Роббингиз (аҳли-эгалари) золим бўлган шаҳарларни ушлаганда, мана шундай ушлар. Унинг ушлаши-азоби аламли ва қаттиқдир» (Ҳуд: 102).

Ушбу оят Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни бизга пайғамбар қилиб юбориши билан марҳамат қилганига далилдир. У кишини пайғамбар қилиб юборилишларидан мақсад, бизга ибодат (қилиш) йўлини ёритиб беришки, ким у кишига итоат қилса жаннатга, осийлик қилган эса жаҳаннамга киради. Худди Фиръавн оиласи ўзларига юборилган пайғамбар Мусо алайҳиссаломга итоатсизлик қилишганда жаҳаннамга кирганларидек.

Пайғамбарларнинг душманлари доим ушбу йўл ва тариқатни босиб ўтишган.

 

 

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ибодатда, Ўзига бирор кишини шерик қилинмоғига асло рози бўлмайди

Иккинчи масала: Аллоҳ таоло ибодатда, Ўзига бирор кишини шерик қилинмоғига асло рози бўлмайди.

Ушбу масала биринчи масалага боғлиқдир. Биринчиси: Аллоҳ таолога ибодат қилиш ва Расул соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишни вожиб экани ҳақида эди. У шаҳодат калимаси бўлмиш «Ла илаҳа илллаллоҳ Муҳамадур Расулуллоҳ»нинг маъносидир. Иккинчи масала эса: Ибодатга ширк оралар экан, у асло қабул қилинмайди. Чунки ибодат Аллоҳ азза ва жалланинг Юзи учун холис бўлмоқлиги шартдир.

Кимки Аллоҳга ва Ундан ўзгасига ҳам ибодат қиладиган бўлса, бас, ибодати ботилдир. У ибодатнинг бор ёки йўқлиги ўртасида фарқ йўқ. Чунки ибодат фақатгина ихлос ва тавҳид билангина фойдали бўлади. Унга ширк оралайдиган бўлса бекор бўлади. Аллоҳ таоло шундай деди: «Дарҳақиқат, сизга ҳам, сиздан аввалги (пайғамбарларга) ҳам (шундай) ваҳий қилингандир: «Қасамки, агар мушрик бўлсанг, албатта қилган амалинг беҳуда кетур ва албатта зиён кўргувчилардан бўлиб қолурсан!»» (Зумар: 65).

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шундай деди: «Агар улар мушрик бўлганларида қилган амаллари беҳуда кетган бўлур эди» (Анъом: 88). Ибодат фақат тавҳид билангина ибодат деб аталади. Худди намоз фақат таҳорат билангина намоз деб аталгани каби. Ибодатга ширк оралайдиган бўлса уни барбод қилади. Худди таҳоратга, таҳоратни бузувчи бирор амал оралаганда, уни бузиб, барбод қилгани каби. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло кўплаб оятларда ибодатга бўлган буйруқ билан ширкдан қайтарувни жамлаб, бир ўринда зикр қилади.

Аллоҳ таоло айтадики: «Аллоҳга бандалик қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар!» (Нисо: 36). Ва яна шундай деди: «Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, У Зот учун динни холис қилган, тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни тўкис адо этишга …. буюрилган эдилар» (Баййина: 5). Ва яна шундай деди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз сиздан илгари юборган ҳар бир пайғамбарга ҳам: «Ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқ, ёлғиз Менгина бордирман, бас, Менгагина ибодат қилинглар», деб ваҳий юборгандирмиз» (Анбиё: 25). Аллоҳ таолонинг: «Ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқ», деган қовлида икки нуқта бор: ширкни рад этиш ва ибодатни Аллоҳ таолога исбот қилиш.

Аллоҳ таоло шундай деди: «(Эй инсон), Роббинг, сизларга ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишларингизни амр этди» (Исро: 23). Ва яна айтдики: «Аниқки, Биз ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва тоғут (шайтон)дан йироқ бўлинглар», (деган ваҳий билан) бир пайғамбар юборганмиз» (Наҳл: 36). Аллоҳ таоло (ушбу оятда) Ўзига ибодат қилиш билан тоғут-шайтондан йироқ бўлишни ёнма-ён эслаб ўтди. Чунки ибодат тоғут-шайтондан йироқ бўлиш ила ибодат бўлади. Тоғут-шайтон – ширкдир. Аллоҳ таоло шундай деди: «Бас, ким тоғут-шайтондан юз ўгириб, Аллоҳга иймон келтирса, у ҳеч ажраб кетмайдиган мустаҳкам ҳалқани ушлабди» (Бақара: 256).

Аллоҳга бўлган иймон тоғутдан юз ўгириш билангина етарли-кифоя бўлади. Акс ҳолда, мушриклар ҳам Аллоҳга иймон келтирардилар. Бироқ Унга ширк ҳам келтирардилар. «Уларнинг кўплари Аллоҳга фақат мушрик бўлган ҳолларидагина иймон келтирадилар» (Юсуф: 106). Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уларда Аллоҳга бўлган иймон бор экани, бироқ улар уни ширк келтириш билан барбод қилганликларини баён қилди, Аллоҳ сақласин.

Ана шу шайх раҳимаҳуллоҳнинг сўзлари маъноси эдики, кимда-ким Аллоҳга ибодат қилиб, Расулга итоат қилса, у Аллоҳга бирор нарсани шерик қилмайди. Чунки Аллоҳ таоло ибодатда, Ўзига бирор кишини шерик қилинмоғига асло рози бўлмайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Роббилари азза ва жалладан ривоят қилган (ҳадийси қудсийда) шундай дедилар: «Аллоҳ таоло: «Мен шерикларни шериклик қилинмоғидан ниҳоятда Беҳожат Зотман. Кимки бирор амал қила туриб, Мендан Ўзгани унда (ўша амалида) Менга шерик қиладиган бўлса, ўзини ҳам, ширкини ҳам тарк этаман», деди».[11] Бироқ шундай бир қавмга гувоҳ бўламизки, намоз ўқиб, Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир, дея кўп маротаба гувоҳлик берадилар. Рўза тутиб, ҳаж қиладилар. Бироқ қадамжоларга дуо ҳам қиладилар. Ҳасан, Ҳусайн, Бадавий ва фалончи-ю пистончиларга ибодат қилиб, ўликлардан ўтиниб ёрдам сўрайдилар. Уларнинг ибодатлари ботил-барбоддир. Чунки улар Аллоҳ азза ва жаллага ширк келтириб, ибодатни ширкка булғадилар. Аллоҳ азза ва жаллани (ибодатда) яккалаб, ибодатни У Зот учун холис қилиб, Ундан Ўзгасига сиғинишни тарк этгунларигача бутун қилган амаллари ботил ва ҳабата бўлгандир.

Акс ҳолда бирор натижага эриша олмайдилар. Демак ушбу ишга аҳамият қаратмоқ лозимдир. Чунки Аллоҳ таоло ибодатда, Ўзига бирор кишини, ким бўлишидан қатъий назар, шерик қилинмоғига асло рози бўлмайди. Бирор киши айтмасинки: мен ушбу авлиё, (ўтган) солиҳ ва яхши одамларни шафоатчи бўлармикинлар дегандим. Мен жоҳилиятда бўлгани каби бут-санамларга ибодат қилмайман. Мен фақатгина ўша зотлар шафоатчи бўлармикинлар дегандим, уларга ибодат қилмайман. Биз унга айтамизки: ушбу сўз, Аллоҳнинг ҳузурида шафоат қилармикинлар деб (ўтган) солиҳ зот ва авлиёларга ибодат қиладиган жоҳилият аҳлининг ҳам сўзи эди. Аллоҳ таоло бунга асло рози бўлмайди.

Хоҳ яқин фаришта ёки юборилган элчи-пайғамбар бўлсин.

(Муаллиф раҳимаҳуллоҳнинг): «Хоҳ яқин фаришта ва юборилган элчи-пайғамбар бўлсин», деган қовлларига тўхталсак, яқин фариштадан мурод малоикаларнинг энг афзали: Жаброил алайҳиссалом, Аршни кўтариб турувчи ва унинг атрофидаги, ҳамда Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога яқин бўлган (бошқа) фаришталари кабидир. Ушбу фаришталарнинг қилган ибодатлари ва тутган ўринлари Аллоҳ азза ва жаллага нақадар яқин эканига қарамай, бирор киши ибодатда буларни Аллоҳга шерик қиладиган бўлса, Аллоҳ таоло Ўзига на яқин фариштани ва на Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Ийсо, Нуҳ ва Иброҳим (алайҳимуссалом) каби улул азм бўлган пайғамбарларни шерик қилинмоғига асло рози бўлмайди. Демак, Ўзига бирор кишини шерик қилинмоғига рози бўлмайди. Агарчи фаришталарнинг ёки инсониятнинг энг афзали бўлса ҳам.

У Зот фаришта ва пайғамбарлардан иборат бирор кишини Ўзига шерик қилинмоғига рози бўлмаётган экан, энди улардан бошқа-қуйи авлиё ва солиҳ зотлар ҳақида нима дейсиз?! Фаришта ва элчилардан бошқаларини Аллоҳ таолога ибодатда шерик қилинмоғидан У Зотнинг рози эмаслиги авлороқ бобдандир. Ушбу сўз, солиҳ зот ва авлиёларга ибодат қилиб, улар бизни Аллоҳга бироз бўлса-да яқинлаштирадилар, деб даъво қиладиганларга раддиядир. Жоҳилиятдагилар ҳам шундай дегандилар: «Биз (ўша «худо»ларимизга) фақат улар бизни Аллоҳга яқин қилишлари учунгина ибодат қилурмиз» (Зумар: 3). Ўша мушриклар ҳам ушбу санамлари бирор нарса яратмайди, ризқ бермайди, тирилтириб, ўлдириш ва қайта тирилтиришга эга эмас, деб эътиқод қилардилар. Балки ибодатлари ила Аллоҳ билан ўзлари ўртасида (ушбу ўтган солиҳ зотлар) восита вазифасини ўтармикинлар, деб мақсад қилардилар. Шунинг учун уларга яқин бўлайлик дея ибодат қилиб, қабрлар учун жонлиқ сўйиб, назр атардилар ва ўликлардан ўтиниб ёрдам сўраб, уларга (истакларини сўраб) хитоб қилардилар.

Далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: «Албатта (барча) масжидлар Аллоҳникидир. Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан бирга яна бирон кимсага дуо-илтижо қилманглар!» (Жин: 18).

Аллоҳ таоло бирор кишини, ким бўлишидан қатъий назар, шериклик қилинмоғига асло рози бўлмайди. Ушбу сўз Қуръон ва Суннатда очиқ баён қилингандир. Бироқ (ушбу далиллар) ақл юргизиб, тадаббур қилган ҳамда кўр-кўрона тақлид қилиш ва пуч сабабларни ушлаб олишни ташлаб, ўзи ҳақида қайғурган кишига кор қилади. Аллоҳ таоло бирор кишини, ким бўлишидан қатъий назар, Ўзига шериклик қилинмоғига асло рози бўлмаслигига далил ушбу оятдир: «Албатта (барча) масжидлар Аллоҳникидир. Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан бирга яна бирон кимсага дуо-илтижо қилманглар!» Масжидлар Аллоҳнинг уйи бўлиб, намоз учун ҳозирланган ўринлардир ва Аллоҳга энг суюкли жойдир. Ушбу уйларда Аллоҳ таоло Ўз исми баралла айтилиб, зикр қилинмоғига изн бергандир. Ушбу масжидлар Аллоҳнинг якка Ўзига ибодат қилинадиган ўринлар бўлмоғлиги вожиб бўлади. У ерда Аллоҳдан Ўзгаси учун бирор нарса содир бўлмаслиги, қабр ва қадамжолар қурилмаслиги лозим. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ишни қилганларга лаънат айтиб, бу яҳуд ва насороларнинг иши эканини хабар берганлар. Ва бизни бундай ишлардан ҳаётларининг сўнги дамларида, вафот этар чоғларида ушбу қовллари билан қайтарганлар: «Огоҳ бўлингизким, сизлардан олдингилар қабрларни масжид қилиб олишганди (ушбу сўзларни вафот этаётиб айтгандилар), огоҳ бўлингизким, қабрларни масжид-саждагоҳ қилиб олманглар. Мен сизларни бундан қайтараман».[12] Ва яна соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Яҳуд ва насороларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин, пайғамбарларининг қабрларини масжид-саждагоҳ қилиб олдилар».[13]

Масжидлар ширк ва бутпарастлик доғларидан покланишлиги, қабрлар устига масжид бино қилинмаслиги ва (аксинча) масжид қурилгач у ерга ўлик дафн қилинмаслиги лозим. Балки ёлғиз Аллоҳга ибодат қилиш ўрни бўлиб, намоз адо этилиб, Аллоҳнинг Исми зикр қилиниб, Қуръон тиловат қилинмоғлиги, фойдали дарслар уюштирилиши ва ибодат қилиш учун эътикоф ўтирилмоқлиги лозимдир. Ана шу масжидларнинг вазифасидир.

Масжидларга Аллоҳдан Ўзга ибодат қилинадиган бут-санамлар қўйилиши билан улар энди масжид бўлмайди. Балки ширк ўринлари бўлади, агарчи уни масжид-саждагоҳ деб номласалар-да. Чунки Аллоҳ таоло айтадики: «Албатта (барча) масжидлар Аллоҳникидир», яъни, Ундан Ўзгасиники эмас. Чунки масжидлар одамлар тўпланадиган ва бир-бирлари билан юз кўришадиган ўриндир. Демак, ширк, бидъат ва хурофотлардан покланмоқлиги вожиб бўлади. Энди одамлар масжидда ширкдан бўлган бирор нарсага кўзлари тушса, бундан таъсирланишади-да кейин ушбу иш оммавий тус олади. Шу сабабли ҳам масжидлар ширкдан пок бўлмоқлиги даркор. Энг улуғ масжид – масжиди ҳаромдир. Аллоҳ таоло ушбу масжидни пок тутишга буюриб, шундай деди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), эсланг, Биз Иброҳимга Байтуллоҳнинг ўрнини (ўша уйга қараб ибодат қилиши ва уни обод қилиши учун) белгилаб бериб, (унга шундай деган эдик): «Сен Менга бирон нарсани шерик қилмагин ва Менинг байтим-уйимни тавоф қилгувчилар қиём (яъни, намозда тик-ғоз туриш), рукуъ, сажда қилгувчилар (яъни, ўша жойда намоз ўқигувчилар) учун пок тутгин!» (Ҳаж: 26). Аллоҳ таоло (Иброҳим алайҳиссаломни, байтуллоҳни) нималардан пок тутишга амр этди? Ширк, бидъат ва хурофотлардан пок тутишга амр этди, худди нажосат ва ифлосликлардан пок тутилгани каби.

Аллоҳ таолонинг: «Дуо-илтижо қилманглар!», деган қовлидан мурод: Эй инсонлар Аллоҳ билан бирга яна бирор кишига дуо қилиб, ўтиниб ёрдам сўраб, мана бунга ўхшаш сўзларни айтманглар: Эй Аллоҳ, эй Муҳаммад. Ё Аллоҳ, ё Абдулқодир ёки ё Абдулқодир, ё Муҳаммад… Аллоҳ таоло буларга асло рози бўлмайди ва қабул ҳам қилмайди.

Аллоҳ таолонинг: «Аллоҳ билан бирга яна бирон кимсага», деган қовлидан мурод: «Бирон кимсага», инкорий маънодаги жумлада накира-ноаниқ артиклда келиши билан умумни ифодалайди. Яъни, бирор киши истисно қилинмайди. На яқин фаришта, на жўнатилган элчи-пайғамбар, на бут-санам, на қабр, на шайху эшон, на валий, на тирик ва на ўлик.

Демак, Аллоҳдан Ўзга дуо-илтижо қилинадиган барча нарсани ўз ичига олади. «Аллоҳ билан бирга яна бирон кимсага дуо-илтижо қилманглар!» (Жин: 18). Ушбу оят, ибодат фақат тавҳид билан бўлгандагина фойдали бўлиши, ибодатга ширк оралагани заҳоти уни барбод қилиб, ушбу амал эгасига муваффаққиятсизлик бўлишига далолат қиляпти. Сўнг Аллоҳ таолонинг ушбу: «Албатта (барча) масжидлар Аллоҳникидир», қовли шунга далолат қиладики, масжидлар холис бир ният ила қурилмоғи лозим. Масжид қуришдан мақсад биров эшитсин ёки кўрсин ё бўлмаса номим кейинчалик ҳам тилга олинадиган бўлсин ва ушбу масжид исломий осор-ёдгорлик бўлиб қолсин, бўлмаслиги даркор. Ушбу мақсадларнинг бари ботил-пучдир.

Масжидлар ибодат қилинсин ва (ушбу масжидни қуриш билан) ибодат қиляпман дея қурилмоғи ва ният Аллоҳ азза ва жалла учун холис бўлмоғи лозим. Ва худди шундай ҳалол касбдан топилган пулга қурилиши керак. Ҳаромдан топилганига эмас. Чунки Аллоҳ азза ва жалла: «Аллоҳ фақат пок-ҳалолнигина қабул қилади», деган.[14] Демак, масжидлар ҳалол нафақадан қурилади. Ушбу масжидни қурувчи одамнинг нияти Аллоҳ азза ва жалланинг Юзи учун холис бўлмоқлиги, масжид қуришдан одамларнинг олқиши, номи кейинчаликка ҳам сақланиб қолиши, риё ва биров эшитсин учун бўлиб қолмаслиги лозим. Чунки масжид қуриш ибодат бўлиб, ушбу ибодат Аллоҳ азза ва жалла учун холис бўлмоқлиги вожиб бўлади.

 

Ал-Вала вал Баро

(Дўст ва душманлик)

Учинчиси: Расулга итоат қилиб, Аллоҳни (ибодатда) якка деб билган кишига, Аллоҳу Расулига душманлик қилганлар билан дўстлашиши жоиз бўлмайди. Агарчи ушбу кимса энг яқин жигаргўшаси бўлса ҳам.

Демак, Аллоҳу Расулига душманлик қилганлар билан дўстлашиш жоиз бўлмайди. Агарчи ушбу кимса энг яқин жигаргўшаси бўлса ҳам.

Ушбу масала «ал-Вала вал Баро» («Дўст ва душманлик»), деб аталиб, у тавҳидга тобедир. Аллоҳнинг дўстларини дўст тутиш ва Аллоҳнинг душманларидан безор болиш тавҳиднинг ҳақларидандир. Дўст тутишдан мурод қалб ила муҳаббат қўймоқдир. Бу билан ўзаро ёрдам қўлини чўзиш ва ҳамкорлик, ҳамда дия-товон тўлаш ва мерос олиш (маънолари) ирода қилинади.

Мусулмон киши Аллоҳнинг дўстларини дўст тутиб, қалбидан фақат Аллоҳнинг дўстларигагина жой бериб, уларга ўзаро ёрдам қўлини чўзади. Мусулмон фақат мусулмонлар билан бўлади. Аллоҳ таоло шундай деди: «Аллоҳнинг Китобида қон-қариндошлар бир-бирларига (меросхўр бўлишга Аллоҳ йўлида дўстлашиб, бир-бирларига меросхўр бўлган кишилардан) ҳақдорроқдирлар» (Анфол: 75). Ўзаро дия-товон тўлаш мусулмонлар ўртасида юз беради. Ва бу ўзаро кафолат, деб ҳам номланади. Буларнинг бари «ал-Вала» (Дўстлашиш) маъноси остига дохил бўлади. Мусулмон ва кофир ўртасида ҳомийлик-валийлик бўлиши мумкин эмас. Муҳаббат, ёрдам қўлини чўзиш, мерос, товон тўлаш, никоҳ ва қозилик-ҳукмлардаги ҳомий-валийлик ва бундан бошқа ишларда мусулмон билан кофир ўртасида ҳомийлик-валийлик бўлмайди. Балки буларнинг бари мусулмонларнинг ўрталарида бўлади. Аллоҳ таолонинг ушбу қовлига биноан: «Ва Аллоҳ ҳаргиз кофирлар учун мўминлар устига йўл бермагай» (Нисо: 141). Ана шундай қилиб мўминлар кофирлардан ажралишлари вожиб бўлади. Демак, Аллоҳни (ибодатда) яккалаб, Расул соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат этган кишига, Аллоҳга душманлик қилган кимса билан дўстлашиши жоиз бўлмайди.

Душманлик қилишнинг маъноси: Инсон (йўлнинг) бу чеккасида бўлса, Аллоҳ ва Унинг Расули, ҳамда мўминлар (йўлнинг) бошқа чеккасида бўлиши. Демак душманлик қилувчи (йўлнинг) нариги кофирлар томонида бўлишлиги. Ана шу душманликдир.

(Муаллиф раҳимаҳуллоҳнинг): «Агарчи ушбу кимса энг яқин жигаргўшаси бўлса ҳам», деган қовлларига тўхталадиган бўлсак, яъни, насаб жиҳатидан энг яқин одами бўлса ҳам. Агар жигаргўшангиз Аллоҳу Расулига душманлик қиладиганлардан бўлса, бас, сизга уни душман тутишингиз ва у билан борди-келдини тўхтатишингиз вожиб бўлади. Ким Аллоҳ ва Унинг Расулини дўст тутган бўлса, сизга ўша одамга муҳаббат қўйиб, дўст тутишингиз вожиб бўлади. Агарчи у киши насаб жиҳатидан сизга узоқ, бегона, қора танли ёки оқ ё бўлмаса қизил бўлса ҳам. Демак, сизга ана шу кишини дўст тутиб, қалб тўрингиздан жой беришингиз вожиб бўлади. Хоҳ у киши сизни шаҳрингиздан бўлсин, хоҳ машриқ ва мағрибдан бўлсин. Аллоҳ таоло шундай деди: «Мўмин ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар» (Тавба: 71). Яъни, ўрталарида ўзаро муҳаббат, ёрдам, ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик бардавомдир.

Далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадиган қавмнинг Аллоҳ ва Унинг пайғамбари чизган чизиқдан чиққан кимсалар билан – гарчи улар ўзларининг оталари ёки ўғиллари ёки оға-инилари ёки қариндош-уруғлари бўлсалар-да – дўстлашаётганларини топмассиз. Ана ўшаларнинг дилларига (Аллоҳ) иймонни битиб қўйгандир ва уларни Ўз томонидан бўлган Руҳ – Қуръон билан қувватлантиргандир. У Зот уларни остидан дарёлар оқиб турадиган, улар мангу қоладиган жаннатларга киритур. Аллоҳ улардан рози бўлди ва улар ҳам (Аллоҳдан – У Зот берган ажр-мукофотлардан) рози бўлдилар. Ана ўшалар Аллоҳнинг ҳизбидирлар. Огоҳ бўлингизким, албатта Аллоҳнинг ҳизби (бўлган зотлар) нажот топгувчидирлар!» (Мужодала: 22).

«Дўстлашаётганларини топмассиз», яъни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарата хитоб қилиняпти. Аллоҳу Расулига иймон келтирган кишининг кофирларни яхши кўришлиги ҳеч қачон юз бермайди. Энди уларни яхши кўрадиган бўлса, мўмин бўлмайди, гарчи иймонни даъво қилса ҳам.

Ибнул Қоййим раҳимаҳуллоҳ «ал-Кафия аш-Шафия»да шундай дедилар:

Севиклигин душманларин яхши кўриб,

Унга муҳаббат қўйишинг мумкин эмасдир.

Шундай қилиб севиклигин ёрларига душманлик қиласан,

Муҳаббат қаерда қолди эй шайтон биродари?

Кофирларга муҳаббат қўйиб, мен Аллоҳу Расулини яхши кўраман, деб айтишнинг имконияти йўқдир. Аллоҳ таолонинг ушбу қовлига биноан: «Эй мўминлар, Менинг ҳам душманим, сизларнинг ҳам душманларингиз (бўлган мушриклар)ни дўст тутманглар! Сизлар уларга дўстлик (ҳақида хат-хабар) юборурсизлар, ҳолбуки, улар сизларга келган ҳақ (дин ва Қуръон)га кофир бўлгандирлар!» (Мумтаҳана: 1) оятларидан то ушбу оятларгача: «Сизлар учун Иброҳим ва у билан бирга бўлган кишиларда (уларнинг кофирларга қилган муносабатларида) гўзал намума бордир. Эслангиз, улар ўз қавмларига: «Дарҳақиқат, бизлар сизлардан ва сизлар Аллоҳни қўйиб ибодат қилаётган бутларингиздан безормиз. Бизлар сизлар (ишониб, ибодат қилаётган бут-санамлар)ни инкор этдик. Токи сизлар Ёлғиз Аллоҳга иймон келтирмагунларингизча, сизлар билан бизнинг ўртамизда адоват ва ёмон кўриш зоҳирдир», дедилар» (Мумтаҳана: 4). Ва яна Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Иброҳимнинг ўз отаси учун мағфират сўраши фақат унга берган ваъдаси сабабли эди. Энди қачонки унга (отаси) Аллоҳнинг душмани эканлиги аниқ маълум бўлгач, ундан бутунлай тонди. Албатта Иброҳим кўнгилчан ва ҳалимдир» (Тавба: 114). Бу Иброҳим алайҳиссалом миллатики, у киши ҳам оталаридан, энг яқин кишиларидан, Аллоҳнинг душмани экани маълум бўлгач пок-безор эканларини эълон қилдилар.

Ушбу оят ҳам кофирларга муҳаббат қўйиш Аллоҳга ва охират кунига бўлган иймонга, ё унинг асли ёки мукаммаллигига, зид келишига далолат қиляпти. Уларга муҳаббат қўйиш билан бирга маслак ва куфрларини қўллаб қувватлаш ҳам бўладиган бўлса, бу исломдан чиқишликдир. Бироқ уларга ёрдам қўлини чўзмай фақат муҳаббат қўядиган бўлса, бу иймонни нуқсонли қилувчи-заифлаштурувчи амал ва фосиқлик дея қаралади.

Айтилишича: Ушбу оят Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу ҳақларида, оталарини Бадр куни қатл қилганларида нозил бўлган экан. Чунки оталари кофир бўлиб, ўғли Абу Убайдани ўлдиришни истарди. Шунда Абу Убайда розияллоҳу анҳу уни қатл қилдилар. Чунки у Аллоҳнинг душмани бўлиб, Абу Убайда розияллоҳу анҳу уни Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло учун ғазаб қилиб, қатл қилишларидан, ахир у отам-ку деган ўй тўсиб қололмади.

Аллоҳ таолонинг: «Ана ўшаларнинг», деган қовлидан мурод, яъни, Аллоҳ ва Расулига душманлик қиладиган кимсага муҳаббат қўйиб, дўстлашишдан йироқ бўладиган зотлар.

Аллоҳ таолонинг: «Дилларига (Аллоҳ) иймонни битиб қўйгандир», деган қовлига тўхталсак, яъни, Аллоҳ таоло қалбларида иймонни собит айлаб, мустаҳкам-барқарор қилди.

«Уларни Ўз томонидан бўлган Руҳ билан қувватлантиргандир. У Зот уларни остидан дарёлар оқиб турадиган… жаннатларга киритур», яъни, қувватлагандир: куч бағш этгандир. Ўз ҳузуридан бўлган Руҳ ила куч-қувват ато этган. Руҳ калимаси Қуръонда бир қанча маъноларда келади. Ана шулардан бири нафсдаги руҳки, у билан ҳаёт-тириклик бўлади. Яна ваҳий маъносида ҳам келади. Аллоҳ таолонинг ушбу қовли каби: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), шундай қилиб (худди аввалги пайғамбарларга ваҳий қилганимиздек) Биз Ўз амримиз билан сизга Руҳни ваҳий қилдик» (Шўро: 52). Яна руҳ калимаси Жаброил алайҳиссаломга нисбатан ҳам ишлатилади. Руҳул Қудус ва Руҳул Амин, калималари каби. Аллоҳ таоло шундай деди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, уларга) уни (яъни, Қуръонни) Руҳул-Қудус (яъни Жаброил) Роббингиз тарафидан иймон келтирган зотларни собитқадам қилиш учун, мусулмонларга ҳидоят ва хушхабар қилиб ҳаққи-рост нозил қилганини айтинг» (Наҳл: 102). Ва яна шундай деди: «Уни (яъни, Қуръонни) Руҳул-Амин – Жаброил очиқ-равшан арабий тил билан нозил қилди» (Шуаро: 192). Биз гаплашаётган мавзудаги оятда руҳ калимаси қувват маъносида келди.

Уларга Ўз томонидан бўлган Руҳ-қувват билан куч ато этгандир, яъни, дунё ва охиратда иймон қуввати ила куч бағш этган. «У Зот уларни остидан дарёлар оқиб турадиган… жаннатларга киритур». Жаннат араб тилида боғ-бўстон маъносида. Қуюқ дарахтлар билан қопланиб, ўралгани боис жаннат дея аталган. Чунки жаннат соя-салқин, дарахт, дарё ва қасрлардан иборат. Энг юқори қисми Раҳмон субҳанаҳу ва таолонинг аршидир.

«Остидан дарёлар оқиб турадиган, улар мангу қоладиган», яъни, унда боқий қолиб, асло кўчмайдилар. Аллоҳ таоло шундай деди: «Улар, у жойларда мангу қолар эканлар, (бошқа бирон жойга) кўчишни истамаслар» (Каҳф: 108). Ўлим етиши ёки бирон киши уларни чиқариб, қувиб солишидан асло қўрқмайдилар. Чунки дунёда шундай, гоҳида инсон қасрда бўлади, бироқ ўлим етиб, ушбу қасрдан (бир кун) чиқиб кетишидан хотиржам эмас. Ва яна душман устун келиб, ундан (қасрдан) чиқариб ташлашидан ҳам хотиржам эмас. Инсон дунёда доим хавфдадир.

«Аллоҳ улардан рози бўлди ва улар ҳам (Аллоҳдан – У Зот берган ажр-мукофотлардан) рози бўлдилар». Кофирлардан иборат ўз яқинларидан нафрат қилишиб, уларни душман санашгач, Аллоҳ таоло уларга мукофот ўлароқ Ўз ҳузуридан розилик ато этди. Кофир бўлган қон-қариндошларидан нафратланишганларининг эвазига Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уларга Ўзининг розилигини дариғ тутмади. Аллоҳ улардан рози бўлди ва улар ҳам Ундан рози бўлдилар.

«Ана ўшалар Аллоҳнинг ҳизбидирлар», яъни, Аллоҳнинг жамоатидирлар. Кофирлар эса шайтон ҳизбидир. Аллоҳ таоло улар ҳақида шундай деди: «Ана ўшалар шайтон ҳизби-гуруҳидирлар» (Мужодала: 19), яъни, шайтоннинг жамоати ва ёрдамчилари.

Ушбу масала кофирларга адоват сақлаш ва уларни дўст тутмасликка боғлиқдир. Ва бу, биз кофирлар билан дунёвий манфаатларда алоқа узишимизни тақозо қилмайди. Балки қуйидаги ишлар бундан мустаснодир:

1 – Биз улардан нафратланиб, адоват сақлашимиз билан бирга, уларни Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг йўлига даъват қиламиз. Уларни Аллоҳнинг йўлига даъват қилишимиз вожиб бўлади. Улар Аллоҳ ва бизнинг душманларимиздир, деб уларни ташлаб қўймаймиз. Балки уларни Аллоҳнинг йўлига даъват қиламиз, шояд Аллоҳ таоло уларни ҳидоят қилса. Агар даъватимизни қабул қилишмаса, куч-қудратга эга эканмиз, уларга қарши жанг қиламиз. Ё исломга кирадилар ёки яҳуд, насоро ва мажусийлардан бўлишса, хорланган-мағлуб ҳолларида жизя тўлайдилар ва ислом ҳукмларига бўйинсуниб, ўзларининг дин-удумларини ташлайдилар.

Бироқ жизя тўлаб, ислом ҳукмига бўйинсуниш шарти билан. Агар аҳли китоблардан (яҳуд ва насоролардан) ва мажусийлардан бўлишмаса, улардан жизя олишликда уламолар ўртасида ихтилоф бор.

2 – Ҳожат тушганда кофирлар билан сулҳ тузишдан монелик йўқдир. Мусулмонлар жанг қилишга қодир бўлмай ёки уларнинг ёмонликларидан хавфсираб сулҳ-шартнома тузишга эҳтиёж сезсалар, ёки уларнинг ўзлари сулҳ тузиш таклифи билан чиқсалар, мусулмонлар то куч-қувватга киргунларига қадар улар билан (тинчлик) шартнома(си) тузишларида зиён йўқдир. «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), агар улар сулҳга майл қилсалар, сиз ҳам унга мойил бўлинг» (Анфол: 61). Сулҳ тузилганда ҳам доимий (тинчлик) деб эмас, балки мусулмонларнинг ҳукмдори фойда миқдорини кўздан кечириб, маълум бир муддатга-муваққат шартнома тузади.

3 – Мусулмонларга яхшилик қилишганда қилган яхшиликлари эвазига мукофот улашишдан монелик йўқдир. Аллоҳ таоло шундай деди: «Аллоҳ дин(ингиз – Ислом) тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз диёрларингиздан ҳайдаб чиқармаган кимсалардан – уларга яхшилик қилишларингиздан ва уларга адолатли бўлишларингиздан қайтармас. Албатта Аллоҳ адолат қилгувчиларни севар» (Мумтаҳана: 8).

4 – Мусулмон фарзанд кофир отасига яхшилик қилиши вожиб бўлади. Бироқ унга куфр борасида итоат қилмайди. Аллоҳ таолонинг ушбу қовлига биноан: «Биз инсонга ота-онасини (яъни, уларга яхшилик қилишни) амр этдик. Онаси унга ожизлик устига ожизлик билан ҳомиладор бўлди (яъни, қорнидаги ҳомила каттарган сари онанинг ҳоли қуриб, заифлаша борур) уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (келур). (Биз инсонга буйирдикки), «Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Ёлғиз Ўзимга қайтажаксан! Агар улар (яъни, ота-онанг) сени ўзинг билмаган нарсаларни Менга шерик қилишга зўрласалар, у ҳолда уларга итоат этма! Уларга (гарчи кофир бўлсалар-да), дунёда яхши муомалада бўлгин ва ўзинг менга ижобат-тавба қилган кишиларнинг йўлига эргашгин!»» (Луқмон: 14-15). Демак, ота кофир бўлса-да, ўз ҳақ-ҳуқуқига эгадир. Бироқ уни қалбингиздан яхши кўрмайсиз. Балки тарбия қилганига яраша мукофот тарзида муомала қиласиз. Чунки у ота ва уни оталик рўбарўсидаги ўз ҳаққи бор.

5 – Улар билан тижорий муомала ва савдо қилиш. Улардан ҳожатга қараб мол сотиб олиш ва пул эвазига турли мол ва қурол-аслаҳарлар олиб киришда зиён йўқдир. Дарҳақиқат, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам кофирлар билан (тижорий) муомала қилганлар. Шунингдек Хайбар аҳли бўлмиш яҳудлар билан ерни экин-тикин қилиш ва ҳосилнинг бир қисмини уларга қолдириш шарти билан (тижорий) муомала қилганлар. Бу уларни дўст тутиб, муҳаббат қўйишдан эмас. Бали ўзаро фойда алишишдир. Ушбу ишларни яхши билиб олишимиз ва улар кофирларни дўст тутиш бобига кирмаслиги ва қайтарилган ҳам эмаслигини ёдда тутишимиз даркор.

Шунингдек улардан қарз сўраш ҳам (ушбу қисм остига дохил бўлади). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам яҳудийдан таомни қарзга олганлар. Ва гаровга ўзларининг совутларини қўйганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларида аҳли-оилаларига деб сотиб олган таомлари ўрнига берган ушбу совутлари яҳудийда қолди. Демак, шунга ўхшаш ишлардан монелик йўқдир. Ушбу ишлар дунёвий фойдалар бўлиб, қалбдаги муҳаббат ва дўст тутишга далолат қилмайди. Ушбу ишлар орасини ажратиб олишимиз лозим. Чунки баъзи кимсалар кофирларни душман тутиш ва уларга муҳаббат изҳор қилмаслик ҳақидаги ҳужжатларни эшитиб олади-да, улар билан умуман муомала қилинмайди ва узил-кесил алоқалар узилади, деб тушунади. Йўқ! Ушбу ишлар Аллоҳнинг Китоби ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Суннатларидан олинган аҳли илм наздида маъруф бўлган ҳукм, шарт ва ҳудудлар билан белгилаб қўйилгандир.

6 – Аллоҳ таоло аҳли китобларнинг аёлларига, ўз иффат-ор-номусларини сақлайдиган бўлишлари шарти билан турмуш қуришни ва уларнинг сўйган жонлиқларини мубоҳ-ҳалол қилди.

7 – Бирор муносабат билан чақирсалар, чақириқларига ижобат қилиш ва ҳалол бўлган таомларидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам еганларидек еб-тановул қилиш.

8 – Кофир қўшниларга яхшилик қилиш. Чунки уларда қўшнилик ҳаққи бор.

9 – Уларга зулм қилиш жоиз эмас. Аллоҳ таоло шундай деди: «Бирон қавмни ёмон кўришингиз сизларни адолат қилмасликка тортмасин! Адолат қилингиз! Шу тақвога яқинроқдир» (Моида: 8).

Шуни билгилки, Аллоҳ таоло сени Ўзига итоат этишга йўлласин

Ушбу гўёки учинчи рисоланинг бошланишидир. Чунки юқорида икки рисола ўтди: биринчи рисола: Аср сураси ўз ичига олган тўрт масала. Иккинчи рисола эса: юқорида ўтган уч масала. Учинчи рисолага киришиш тараддудида турибмиз. Қуйида тўртинчи рисола бўлмиш уч асос ҳақида гапирилади. Муаллиф раҳимаҳуллоҳнинг: «Шуни билгилки», сўзлари ҳақида, унинг лафзи, маъноси ва мақсадлари борасида юқорида гаплашиб ўтдик.

«Аллоҳ таоло сени Ўзига итоат этишга йўлласин». Ушбу шайх раҳимаҳуллоҳ томонларидан ана шу рисолани амал қилайин дея тушуниб ўқиган ҳар бир кишига, Аллоҳ таоло уни Ўзига итоат қилишига йўлласин дея қилинган дуодир. Иршод – тўғри йўлга йўллаш ва фойдали илм, ҳамда амали солиҳга муваффақ айлашдир. Рушду-ҳидоят залолатнинг зиддидир. Аллоҳ таоло шундай деди: «(Зеро), ҳақ йўл залолатдан ажраб бўлди» (Бақара: 256). Ва яна шундай деди: «Тўғри йўлни кўрсалар уни (ўзлари учун) йўл қилиб олмайдиган, агар залолат – нотўғри йўлни кўрсалар, уни йўл қилиб оладиган кимсаларни Ўз оят-мўъжизаларимдан буриб юборурман (яъни, англаб етмайдиган қилиб қўюрман)» (Аъроф: 146). Рушду-ҳидоят – Ислом динидир. Залолат эса Абу Жаҳл ва унга ўхшашларнинг динидир.

Аллоҳ таоло сени Ўзига итоат этишга йўлласин: улуғ бир дуо бўлиб, мусулмон кишини Аллоҳ таоло Ўзига итоат этишга йўллаб қўяр экан, дарҳақиқат, дунё ва охиратда саодатманд бўлади. Тоат – Аллоҳ таолонинг буйруқларини бажариш ва қайтарганларидан четлашиш. Ана шу тоатдир. Аллоҳ таолонинг буйруқларига итоат этиб, уни бажаришингиз ва қайтариқларидаги буйруққа лаббай дея, Аллоҳ азза ва жалланинг Юзини истаб, савобини умид қилиб, азобидан қўрқиб четлашишингиздир. Кимки Аллоҳга тоат қилишга муваффақ бўлиб, йўлланадиган бўлса, албатта дунё-ю охиратда бахтли бўлади.

10 thoughts on “Уч Асос шарҳи

  1. ассалому алейкум устозлар. менга хозирги кундаги олимларни исми шарифларини айтиб берсангиз

  2. Waalaykum assalom,
    hozirgi kundagi hayot ulamolarning bazilari:

    Shaykh Aal ash-Shaykh
    Shaykh al-Abbad
    Shaykh al-Ajlan
    Shaykh al-Albani
    Shaykh al-Barrak
    Shaykh al-Fawzan
    Shaykh al-Ghudayyaan
    Shaykh al-Jaami
    Shaykh al-Jabiree
    Shaykh al-Khamees
    Shaykh al-Luhaydaan
    Shaykh al-Munajid
    Shaykh an-Najmi
    Shaykh As-Suhaymee
    Shaykh bin Baz
    Shaykh Ibn al-Uthaymeen
    Shaykh Muqbil
    Shaykh Zayd al-Madkhali

    wassalam

    1. Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
      Ҳурматли Daniell, авваламбор сиз санаб ўтган уламоларнинг барчаси ҳам афсуски бугунги кунда ҳаёт эмас.
      Кейин Shaykh al-Khamees деб айни кимни назарда тутдингиз. Бу кишининг исм-шарифларини тўлиқроқ ёзсангиз.
      Shaykh al-Munajid эса аслида уламо эмас. У кишининг фатволарини ўқишдан, у кишидан илм олишдан кўпчилик уламолар қайтаришган.
      Валлоҳу аълам.

  3. Waalaykum assalom va rahmatullohi va barakatuh,

    Sharhimga etiboringiz va javobingiz uchun rahmat.

    Shaykh Uthman al Khamees meni bilishimcha Quvaytdagi Islom Universiteti Doktori.

    Shaykh al Munajjid tugrisida yana bir bor surishtirib kuraman.

    wassalam

    1. 1) Усмон ал-Хамисни мақтаб ундан илм олишликни тавсия қилган бирор олимни сўзларидан хабардор бўлсангиз илтимос келтирсангиз.
      Бизга маълум бўлгани шуки шайх Утайбий бу кишини ҳизбий, Иҳё ат-Турос фондига боғлиқ инсон эканини айтганлар. Кенгроқ маълумот учун қуйидаги манбага мурожаат қилинг:
      http://www.sahab.net/forums/index.php?showtopic=121124
      http://www.archive.org/download/radasheekotaibialaotmankamise/radasheekotaibialaotmankamise_2.mp3

      2) Мунажжиднинг манҳажини эса кўпчилик аҳли илмлар танқид қилишган. Хоссатан сиз санаб ўтган шайх Убайд ибн Жобирий ҳафизаҳуллоҳ у кишини қутбий эканини айтганлар. Ушбу сўзларини қуйидаги манбадан топишингиз мумкин:
      http://youtu.be/EfscGHQjKWI

      3) Шайх Аббод ва шайх Жобирий бугунги кунда тириклар алҳамдулиллаҳ.

      Валлоҳу аълам.

  4. Tugri ayttingiz bazi ulamolar hayot emaslar:
    Shaykh al Abbad
    Shaykh al Alboniy
    Shaykh al Jabiree
    Shaykh Ibn Baz
    Shaykh ibn Uthaimeen
    va yana bazilar

    wassalam.

  5. Ассалому алейкум! Кандай килиб юклаб осам китобни? Хар сафар онлайн укиш хар сафарам кулай бумаяпти.Жазакумуллоху хойрон

  6. Ассаламу аьлайкум бидаьт ахлига эң тугри мафким китобини арапча вариятыны кандай юлаб олсам болоди

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan