Уч Асос

Уч Асос

Муҳаммад ибн Сулаймон ат-Тамимий

 بسم الله الرحمن الرحيم

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Шуни билгилки, Аллоҳ сени Ўз Раҳматига олсин, бизга тўрт масалани таълим олишлик вожиб бўлади:

Биринчиси: Илм. У Аллоҳни, пайғамбарини ва Ислом динини далиллари билан билмоқдир.

Иккинчиси: Унга амал қилмоқ.

Учинчиси: Унга (ўша илмга) даъват қилмоқ.

Тўртинчиси: Даъват йўлидаги азиятларга сабр қилмоқ.

Далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: «Вақт-замонга қасамки, (барча) инсон зиён-бахтсизликдадир. Фақат иймон келтирган ва яхши амаллар қилган, бир-бирларига ҳақ (йўли)ни тавсия этган ва бир-бирларига (мана шу ҳақ йўлида) сабр-тоқат қилишни тавсия этган зотларгина (нажот топгувчидирлар)» (Аср: 1-3).

Шофиий раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Аллоҳ таоло халқларига ҳужжат ўлароқ фақат ана шу суранигина нозил қилганида, албатта уларга кифоя қиларди».

Бухорий раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Илм сўз ва амалдан олдин эканлиги ҳақидаги боб». Далил: «Бас, (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқ, магар Аллоҳгина бор эканлигини билинг ва ўз гуноҳингиз учун ҳамда мўмин-мўминалар(нинг гуноҳлари) учун мағфират сўранг!» (Муҳаммад: 19).

(Аллоҳ таоло) сўз ва амалдан олдин илм билан бошлади.

Шуни билгилки, Аллоҳ сени Ўз Раҳматига олсин, ҳар бир мусулмон эркак ва аёлга ушбу уч масалани ўқиб-ўрганиб, унга амал қилиши вожиб бўлади.

Биринчи: Аллоҳ таоло бизни яратди, ризқ берди ва шунчаки-беҳудага ташлаб қўймади. Балки бизларга элчи жўнатди. У кишига итоат қилган жаннатга, итоатсизлик қилган эса дўзахга киради. Далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: «(Эй Макка аҳли), дарҳақиқат, Биз ҳудди Фиръавнга (Мусо) пайғамбарни юборганимиз каби сизларга ҳам (агар бу ҳаёти дунёдан куфру исён билан ўтсангизлар қиёмат кунида) сизларнинг зиёнингизга гувоҳлик бергувчи бўлган бир пайғамбарни (яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни) юбордик. (Ўшанда) Фиръавн (Мусо) пайғамбарга итоатсизлик қилгач, Биз уни қаттиқ ушлаш билан ушладик (яъни, денгизга ғарқ қилиб юбордик)» (Музаммил: 15-16).

Иккинчи: Аллоҳ таоло ибодатда, Ўзига бирор кишини шерик қилинмоғига асло рози бўлмайди. Хоҳ яқин фаришта ёки юборилган элчи-пайғамбар бўлсин. Далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: «Албатта (барча) масжидлар Аллоҳникидир. Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан бирга яна бирон кимсага дуо-илтижо қилманглар!» (Жин: 18).

Учинчиси: Расулга итоат қилиб, Аллоҳни (ибодатда) якка деб билган кишига, Аллоҳу Расулига душманлик қилганлар билан дўстлашиши жоиз бўлмайди. Агарчи ушбу кимса энг яқин жигаргўшаси бўлса ҳам. Далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадиган қавмнинг Аллоҳ ва Унинг пайғамбари чизган чизиқдан чиққан кимсалар билан – гарчи улар ўзларининг оталари ёки ўғиллари ёки оға-инилари ёки қариндош-уруғлари бўлсалар-да – дўстлашаётганларини топмассиз. Ана ўшаларнинг дилларига (Аллоҳ) иймонни битиб қўйгандир ва уларни Ўз томонидан бўлган Руҳ-Қуръон билан қувватлантиргандир. У Зот уларни остидан дарёлар оқиб турадиган, улар мангу қоладиган жаннатларга киритур. Аллоҳ улардан рози бўлди ва улар ҳам (Аллоҳдан – У Зот берган ажр-мукофотлардан) рози бўлдилар. Ана ўшалар Аллоҳнинг ҳизбидирлар. Огоҳ бўлингизким, албатта Аллоҳнинг ҳизби (бўлган зотлар) нажот топгувчидирлар!» (Мужодала: 22).

Шуни билгилки, Аллоҳ таоло сени Ўзига итоат этишга йўлласин, тўғри йўлдан оғмаган Иброҳим (алайҳиссалом) миллати – динни Аллоҳ учун холис қилган ҳолда Унинг якка Ўзига ибодат қилишингдир. Аллоҳ таоло жамийки инсониятни шунга буюриб, уларни ана шунинг учун яратди. Бу борада Аллоҳ таоло деди: «Мен жинлар ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Зариёт: 56).

«Ўзимга ибодат қилишлари учун», яъни, (ибодатда) яккаламоқликлари учун.

Аллоҳ таоло буюрган энг буюк нарса тавҳид. У – Аллоҳни ибодатда яккалашликдир. Ва ундан қайтарган энг улкан нарса ширкдир. У (ширк) У билан бирга ўзгасига ибодат қилишдир. Далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Аллоҳга бандалик қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар!» (Нисо: 36).

Агар сенга: «Билмоқлик вожиб бўлган уч асос нима у?», дейилса: «Банда Роббиси, дини ва пайғамбари Муҳаммд соллаллоҳу алайҳи ва салламни танимоқлигидир», деб айтгин.

Биринчи асос: Аллоҳ Азза ва Жаллани танишлик

Агар сенга: «Роббинг ким?», дейилса, «У мени ва барча оламларни Ўзининг неъмати ила тарбия қилган Аллоҳдир», деб айтгин. У менинг маъбудим. Мен учун Ундан Ўзга маъбуд йўқ. Далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: «Ҳамду сано барча оламларнинг Робби бўлмиш Аллоҳ учундир» (Фотиҳа: 2).

Аллоҳдан Ўзга ҳар бир нарса олам бўлиб, мен ана шу оламнинг бириман.

Агар сенга: «Роббингни нима билан таниб олдинг?», дейилса, «Оят ва махлуқотлари билан», деб айтгин. Кеча ва кундуз, қуёш ва ой Унинг оят-аломатларидандир. Етти осмон ва етти ер, ҳамда уларнинг ичидаги ва орасидаги бор нарсалар Унинг махлуқотларидандир. Далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Кеча ва кундуз, қуёш ва ой Унинг (танҳолиги ва қудратига далолат қиладиган) оят-аломатларидандир. Агар сизлар (Аллоҳга) ибодат қилгувчи бўлсанглар, қуёшга ҳам, ойга ҳам сажда қилманглар, (балки) уларни(нг барчасини) яратган Зотга – Аллоҳга сажда қилинглар!» (Фуссилат: 37).

Ва Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «(Эй инсонлар), албатта Роббингиз – Аллоҳ шундай Зотдирки, осмонлар ва ерни олти кунда яратиб, сўнгра Ўз аршига кўтарилди. У кечани (қоронғуликни) кундузга ўрар (ва кеча кундузни) шошилган ҳолда қувиб юрар. У қуёш, ой ва юлдузларни Ўз амрига бўйсундирилган ҳолда (яратди). Огоҳ бўлингизким, яратиш ҳам, буюриш ҳам ёлғиз Уникидир. Барча оламлар Робби – Аллоҳ Баракотлидир» (Аъроф: 54).

Роб – маъбуд (сиғиниладиган Зот)дир. Далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Эй инсонлар, сизларни ва сизлардан илгари ўтганларни тақво эгалари бўлишингиз учун яратган Роббингизга ибодат қилингиз. У Зот сизлар учун ерни қароргоҳ, осмонни том қилиб қўйди ва осмондан сув тушириб, унинг ёрдамида сизларга ризқ бўлсин, деб мевалар чиқарди. Бас, билиб туриб ўзгаларни Аллоҳга тенглаштирманг!» (Бақара: 21-22).

Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Ушбу нарсаларни Яратгувчи Зот ибодатга лойиқ-ҳақлидир».

Аллоҳ таоло буюрган ибодат турларига мисол ислом, иймон ва эҳсондир. Яна шулардан дуо, хавф, умид, таваккул, рағбат, қўрқув, хокисорлик, мадад тилаш, паноҳ сўраш, жонлиқ сўйиш, назр аташ ва булардан бошқа Аллоҳ таоло амр этган жамийки ибодат турлари. Барчаси Аллоҳ таоло учунгина (адо этилади). Далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Албатта (барча) масжидлар Аллоҳникидир. Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан бирга яна бирон кимсага дуо-илтижо қилманглар!» (Жин: 18).

Кимда-ким ушбу (ибодат)лардан бирортасини Аллоҳдан ўзгасига сарф этар экан, бас, у мушрик-кофирдир. Далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Ким ўзи учун ҳеч қандай ҳужжат бўлмаган ҳолда Аллоҳ билан бирга бошқа бирон илоҳга дуо-илтижо қилса, бас, унинг ҳисоб-китоби Роббисининг ҳузурида бўлур. Албатта кофир бўлган кимсалар нажот топмаслар» (Мўминун: 117).

Ҳадисда айтилишича: «Дуо ибодатнинг мағзидир».[1] Далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «(Эй инсонлар), Роббингиз: «Менга дуо-илтижо қилинглар! Мен сизларга (қилган дуоларингизни) мустажоб қилурман. Албатта Менга ибодат қилишдан кибр-ҳаво қилган кимсалар яқинда бўйинларини эгган ҳолларида жаҳаннамга кирурлар», деди» (Ғофир: 60).

Хавфга далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Бас, агар мўмин бўлсангизлар, улардан қўрқмангиз, Мендан қўрқингиз!» (Оли Имрон: 175).

Умид қилишга далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Бас, ким Роббисига рўбарў бўлишидан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Роббисига бандалик қилишда (риёкорлик билан) бирон кимсани (Унга) шерик қилмасин! (Яъни, қиладиган барча амалларини ёлғиз Аллоҳ учун қилсин)» (Каҳф: 110).

Таваккулга далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Агар мўмин бўлсангизлар, ёлғиз Аллоҳгагина суянинглар-таваккал қилинглар!» (Моида: 23). «Ким Аллоҳга таваккул қилса, Аллоҳнинг ўзи унга кифоядир» (Талоқ: 3).

Рағбат-умид, (азобдан) қўрқиш ва хокисорликнинг далили Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: «Дарҳақиқат, улар (яъни, мазкур пайғамбарлар) яхши ишларни қилишга шошар ва Бизга рағбат ва қўрқув билан дуо-илтижо қилар эдилар. Улар Бизга таъзим-итоат қилгувчи эдилар» (Анбиё: 90).

Қўрқиш (الخشية)га далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Сизлар улардан қўрқманглар, мендан қўрқинглар» (Моида: 3).

Тавбанинг (Инобат – тавба қилиш ва қайтиш) далили Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Роббингизга тавба қилинглар ва Унга бўйинсунинглар!» (Зумар: 54).

Мадад сўрашнинг (истиона) далили: «Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина мадад сўраймиз» (Фотиҳа: 5).

Ҳадисда айтилишича: «Мадад сўрайдиган бўлсанг Аллоҳдан сўра».[2]

Паноҳ сўрашга (истиъоза) далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Мен тонг Роббисидан паноҳ сўрайман»» (Фалақ: 1). Ва Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Мен барча инсонларнинг Роббисидан паноҳ сўрайман»» (Ан-Нос: 1).

Ўтиниб ёлборишнинг (истиғоса) далили: «Ўшанда сизлар Роббингиздан мадад тилаганингизда-ўтиниб ёлборганингизда, У сизларга ижобат қилди» (Анфол: 9).

Қурбонликнинг далили Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Албатта менинг намозим, қурбонлигим, ҳаётим ва мамотим бутун оламларнинг Парвардигори Аллоҳ учундир. Унинг биронта шериги йўқдир»» (Анъом: 162-163).

Суннатдан далил: «Аллоҳдан ўзгага қурбонлик қилган кимсани Аллоҳ лаънатлади».[3]

Назрнинг далили Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Улар (ҳаёти дунёда ўз зиммаларига олган) назрларини тўла адо қилурлар ва ёмонлик-даҳшатлари кенг ёйилгувчи бўлган (қиёмат) кунидан қўрқурлар» (Инсон: 7).

 

Иккинчи асос: Ислом динини далиллари билан билмоқлик

Ислом динини далиллар билан билмоқ. У (Ислом) – У (Аллоҳ)га тавҳид ила тўла таслим бўлиш, Унга тоат ила бўйинсуниш, ҳамда ширк ва унинг аҳлидан пок-безор бўлиш.

Ва у (дин) уч даражадан иборатдир: Ислом, Иймон ва Эҳсон. Ҳар бир даражанинг (ўз) рукнлари бор.

 

Биринчи даража – Ислом

Ислом рукнлари бешта: Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси деб гувоҳлик бериш, намозни барпо қилиш, закотни ўташ, Рамазон рўзасини тутиш ва Аллоҳнинг уйини ҳаж қилиш.

Шаҳодат-гувоҳлик беришнинг далили: «Аллоҳ, фаришталар ва илм аҳллари – Ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи борлигига гувоҳлик бердилар. У адолат билан тургувчи – Ҳукм қилгувчидир. Ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бор. У Азиз ва Ҳаким бўлган Зотдир» (Оли Имрон: 18).

У (шаҳодат)нинг маъноси – Аллоҳдан ўзга ҳақ маъбуд йўқдир. «Ла илаҳа»: Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган жамийки нарсани инкор қилмоқ. «Иллаллоҳ»: Ибодатни ёлғиз Ўзига исбот қилмоқ. Унинг мулкида шериги бўлмаганидек, ибодатида ҳам шериги йўқдир.

Ушбу маънога аниқлик киритадиган изоҳ Аллоҳ таолонинг мана бу қовлидир: «Эсланг, Иброҳим отасига ва қавмига деган эди: «Албатта мен сизлар ибодат қилаётган бутлардан покдирман. Магар мени яратган Зотгагина (ибодат қилурман). Бас, албатта У мени (ҳақ динга) ҳидоят қилажак». У (Иброҳим) ўшани (яъни, ўзининг ёлғиз Аллоҳга ибодат қилиши ҳақидаги сўзни ўзидан кейин келадиган зурриёт-авлодлари ҳам унга) қайтишлари учун ўз ортида қолгувчи сўз қилди» (Зухруф: 26-28).

Ва яна ушбу қовли: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Эй аҳли Китоб (яъни, яҳудий ва насронийлар), бизга ҳам, сизга ҳам баб-баробар бўлган бир сўзга келингиз – ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилайлик, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайлик ва Аллоҳни қўйиб, бир-бировларимизни худо қилиб олмайлик». Агар улар (яъни, аҳли Китоблар ушбу даъватдан) юз ўгирсалар, у ҳолда сизлар (эй мўминлар): «Гувоҳ бўлинглар, биз мусулмонлар – ягона Аллоҳга итоат қилгувчилармиз», деб айтингиз!» (Оли Имрон: 64).

«Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси» (Муҳаммадан Расулуллоҳ), деб гувоҳлик беришликнинг далили Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: «(Эй инсонлар), ахир сизларга ўзларингиздан бўлган, сизларнинг кулфат-машаққат чекишингиздан қийналувчи, сизларнинг (тўғри йўл-ҳақ динга келишингизга) ҳарис-ташна бўлган ва барча мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган бир пайғамбар келди-ку!» (Тавба: 128).

«Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси» (Муҳаммадан Расулуллоҳ), деб гувоҳлик беришликнинг маъноси – у кишига буюрган буйруқларида итоат қилиш, (ғайб ҳақида) айтган хабарларини тасдиқлаш, қайтариб, ман қилган нарсаларидан четлашиш ва Аллоҳга у киши жорий қилган шариат билангина ибодат қилиш.

Намоз ва закотнинг далили, ҳамда тавҳиднинг изоҳи Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: «Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, У Зот учун динни холис қилган, тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни тўкис адо этишга, ҳамда закотни (ҳақдорларга) ато этишга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри (йўлдаги миллатнинг) динидир» (Баййина: 5).

Рўзанинг далили: «Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди» (Бақара: 183).

Ҳажнинг далили: «Ва йўлга қодир бўлган инсонлар зиммасида Аллоҳ учун мана шу уйни ҳаж-зиёрат қилиш бурчи бордир. Кимда-ким кофир бўлса (яъни, Каъбани зиёрат қилиш фарз эканини инкор қилса), бас, албатта Аллоҳ бутун оламлардан Беҳожат бўлган Зотдир» (Оли Имрон: 97).

 

Иккинчи даража – Иймон

У (Иймон) етмиш нечадир қисмдан иборат. Энг олийси «Ла илаҳа иллаллоҳ», деб айтишдир. Қуйи қисми эса йўлдан озорни олиб ташлаш. Ҳаё иймон қисмларидандир. Рукнлари олтита: Аллоҳга, малоикаларга, Китобларга, элчиларга ва охират кунига иймон келтирмоғинг, ҳамда тақдирнинг яхши ва ёмонига иймон келтирмоғинг. Ушбу олти рукннинг далили Аллоҳ таолонинг мана бу қовлидир: «Юзларингизни Машриқ ва Мағриб томонларига бураверишингиз яхшилик эмас, балки Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобларга, пайғамбарларга иймон келтирганлар… яхши кишилардир» (Бақара: 177).

Тақдирнинг далили Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: «Албатта Биз ҳар бир нарсани (аниқ) ўлчов билан яратдик» (Қамар: 49).

Учинчи даража – Эҳсон

У бир рукндир. У – Аллоҳга, сен Уни кўриб турганингдек ибодат қилишинг. Агар уни кўрмасанг-да, албатта, У сени кўриб туради. Далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: «Зотан, Аллоҳ тақводор бўлган ва чиройли амаллар қилгувчи зотлар билан биргадир» (Наҳл: 128).

Ва мана бу қовли: «Ғолиб ва меҳрибон (Аллоҳ)га таваккул қилинг! У сизни ўзингиз (намоз учун) тураётган вақтингизда ҳам, сажда қилгувчилар (намоз ўқувчилар) орасида (имом бўлган ҳолингизда намоз рукнларининг биридан иккинчисига) кўчаётган (вақтингизда ҳам) кўриб турар. Шак-шубҳасиз У эшитгувчи, билгувчи зотдир» (Шуъаро: 217-220).

Ва яна мана бу қовли: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз қандай иш (билан) машғул бўлманг ва у (иш) ҳақида Қуръондан бирон оят ўқиманг, (эй инсонлар), сизлар қандай амални қилманглар, ўша ишларга киришган пайтингизда, албатта Биз Сизларнинг устингизда гувоҳ бўлурмиз. Еру осмондаги бир зарра мисоличалик, ундан ҳам кичикроқ (ёки) каттароқ бирон нарса Парвардигорингиздан махфий бўлмас — албатта очиқ Китобда (яъни, Аллоҳнинг азалий ёзмишида) мавжуд бўлур» (Юнус: 61).

Суннатдан далил Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган Жаброилнинг машҳур ҳадисидир. (Умар розияллоҳу анҳу) шундай дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида ўтирган вақтимизда, тўсатдан кийимлари оппоқ, сочи қоп-қора, сафар асорати йўқ бўлган ва биздан бирор киши уни танимайдиган бир одам кириб келди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларигача бориб, ўтириб, икки тиззасини у киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг икки тиззаларига суяди, ҳамда икки кафтини икки сонлари устига қўйиб: «Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар беринг», деди. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир, деб гувоҳлик беришинг, намозни тўкис адо этишинг, закотни ўташинг, Рамазон рўзасини тутишинг ва йўлга қодир бўлсанг Байтуллоҳни ҳаж қилишинг», дедилар. У: «Рост сўзладингиз», деди. Биз ундан таажжубландик. Ўзи савол бериб, яна ўзи тасдиқлаб ҳам қўярди. (Бегона киши): «Менга Иймон ҳақида хабар беринг», деди. (Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳга, Унинг малоикаларига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг, ҳамда тақдирнинг яхшиси ва ёмонига иймон келтирмоғинг», дедилар. (Бегона киши): «Рост сўзладингиз», деди. (Бегона киши): «Менга Эҳсон ҳақида хабар беринг», деди. (Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳга, сен Уни кўриб турганингдек ибодат қилишинг. Агар уни кўрмасанг-да, албатта, У сени кўриб туради», дедилар. (Бегона киши): «Менга Қиёмат ҳақида хабар беринг», деди. (Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «У (Қиёмат) ҳақида сўралгувчи савол берувчидан билувчироқ эмас», дедилар. (Бегона киши): «Менга унинг аломатлари ҳақида хабар беринг», деди. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Чўри ўз бекасини туғиши ва яланг оёқ, яланғоч, камбағал қўйчивонларни кимўзарга уй қуришаётганини кўришинг», дедилар». (Умар розияллоҳу анҳу): «(Бегона киши) кетди. Биз эса бир муддат ўтириб қолдик», дедилар. Шунда (Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Эй Умар, савол берувчи кимлигини билдингми?», дедилар. Мен: «Аллоҳ ва Расули билувчироқ», дедим. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Бу Жаброил бўлиб, динингиз ишларини таълим бергани келди», дедилар».[4]

 

Учинчи асос:

Пайғамбарингиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни танимоқлик

У киши Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмуттолиб ибн Ҳошимдирлар. Ҳошим Қурайшдан, Қурайш эса араблардан, араблар Исмоил ибн Иброҳим ал-Холил (Аллоҳнинг севиклиги) зурриётидандир. У киши ва Пайғамбаримизга салавоту саломларнинг афзали бўлсин. Олтмиш уч йил умр кечирдилар. Қирқ йил пайғамбарликдан олдин, йигирма уч йил эса пайғамбар ва элчилик билан ўтди. «Иқроъ» («Ўқи» ояти) ила (Набий) пайғамбар бўлдилар. «Муддассир» (оятлари) ила Росул бўлдилар. Шаҳарлари Макка бўлиб, Мадинага ҳижрат қилдилар.

Аллоҳ таоло у кишини ширкдан огоҳлантириш ва тавҳидга даъват қилиш билан юборди. Далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: «Эй (либосларига) бурканиб олган зот, туринг-да, огоҳлантиринг! Ёлғиз Роббингизни улуғланг! Либосларингизни пок тутинг! Бутлардан йироқ бўлинг! (Бераётган нарсангизни) кўп санаган ҳолингизда эҳсон қилманг! Ёлғиз Роббингиз (Юзи) учун (кофирлар томонидан етадиган озорларга) сабр қилинг!» (Муддассир: 1-7).

«Туринг-да огоҳлантиринг!» деганининг маъноси: Ширкнинг оқибати ёмонлигидан огоҳлантиради ва ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга даъват қилади. «Ёлғиз Роббингизни улуғланг!» яъни, Унинг Ўзигагина ибодат қилишлик билан. «Либосларингизни пок тутинг!» яъни, амалларингизни ширкдан покланг. «Бутлардан йироқ бўлинг!» яъни, бутлардан ва бутларга сиғинадиганлардан йироқ бўлинг деганидир.

Ўн йил давомида тавҳидга даъват қилдилар. Ўн йил ўтгач осмонга кўтарилдилар ва у кишига беш вақт намоз фарз қилинди. Маккада уч йил намоз ўқидилар. Сўнгра Мадинага ҳижрат қилишга буюрилдилар. Ҳижрат ширк диёридан Ислом диёрига кўчиб ўтишликдир. Ширк диёридан Ислом диёрига ҳижрат қилишлик ушбу уммат гарданидаги фарздир. Ва у қиёмат қоим бўлгунга қадар боқий қолади.

Далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: «Албатта мусулмонлар билан бирга ҳижрат қилмасдан кофирлар қўл остида яшашга рози бўлиш билан ўз жонларига жабр қилган кимсаларнинг жонларини олиш чоғида фаришталар уларга: «Қандай ҳолда яшадингиз?» — деганларида: «Биз бу ерда чорасиз бечоралар эдик», дедилар. (Шунда фаришталар): «Ҳижрат қилсанглар Аллоҳнинг ери кенг эди-ку?! (Нега дину иймонларингиз йўлида бу юртдан ҳижрат қилмадинглар?)» — дейишди. Бундайларнинг жойлари жаҳаннамдир. Қандай ёмон жойдир у! Фақат бирон чора топишга қодир бўлмай, ҳижрат йўлини истаб топа олмай чорасиз қолган кишилар, аёллар ва болалар борки, бундайларни шояд Аллоҳ авф этса. Зотан, Аллоҳ афв этгувчи, мағфират қилгувчи бўлган зотдир. Ким Аллоҳ йўлида ҳижрат қилса, ер юзида кўп паноҳ бўлгудек жойларни ва кенгчиликни топгай. Ким уйидан Аллоҳ ва Унинг пайғамбари сари муҳожир бўлиб чиқиб, сўнг (шу йўлда) унга ўлим етса, муҳаққақки унинг ажри — мукофоти Аллоҳнинг зиммасига тушар. Аллоҳ мағфиратли, меҳрибон бўлган зотдир» (Нисо: 97-100).

Ва Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Эй иймон келтирган бандаларим, шак-шубҳа йўқки, Менинг ерим кенг, каттадир. Бас сизлар Менгагина ибодат қилингиз!» (Анкабут: 56).

Бағавий раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Ушбу оят Маккадан ҳижрат қилмаган мусулмонлар ҳақида нозил бўлган. Аллоҳ таоло уларга иймон исми ила нидо қилди».

Ҳижратга суннатдан далил, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларидир: «Тавба узилмагунча ҳижрат ҳам узилмайди. Тавба эса қуёш ўзининг ботадиган томонидан чиққунига қадар узилмайди». [5]

Мадинада қарор топгач закот, рўза, ҳаж, жиҳод, азон, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш ва булардан бошқа Ислом ибодатларига буюрилдилар.

Шундай қилиб ўн йил ҳам ўтди. Сўнг эса соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этдилар. Динлари боқий бўлиб, ана шу у кишининг динларидир. Бирор бир яхшиликни қўймай, умматни унга далолат қилдилар ва бирор бир ёмонликни қўймай, умматни ундан огоҳ этдилар. У киши далолат қилган яхшилик тавҳид ва жамийки Аллоҳ таоло яхши кўриб, рози бўладиган нарсалар. У киши огоҳ этган ёмонлик ширк ва жамийки Аллоҳ таоло кариҳ кўриб, хоҳламайдиган нарсалардир.

Аллоҳ таоло у кишини бутун инсониятга жўнатди. Аллоҳ таоло жамийки инсон ва жин тоифасига у кишига итоат этишни фарз қилди. Далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: «Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Эй одамлар, албатта мен сизларнинг барчангизга Аллоҳ (юборган) элчиман» (Аъроф: 158).

Аллоҳ таоло у киши сабаб динни комил қилди. Далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун (фақат) Исломни дин қилиб танладим» (Моида: 3).

У киши соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафот этганига далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), ҳеч шак-шубҳасиз, сиз ҳам ўлгувчидирсиз, улар ҳам ўлгувчидирлар. Сўнгра албатта, сизлар қиёмат Кунида Парвардигорларингиз ҳузурида (бир-бирларингиз билан) талашиб-тортишурсизлар (ва сиз ўз зиммангиздаги пайғамбарликни тўла-тўкис етказганингизга ҳужжат келтирурсиз, улар эса сизни ёлғончи қилиб, куфру залолатда ўтганларига турли баҳоналарни рўкач қилурлар, аммо Аллоҳнинг адолатли ҳукмидан қочиб қутула олмаслар) (Зумар: 30-31).

Инсонлар вафот этгач қайта тириладилар. Далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Биз сизларни (ердан) яратдик, яна унга кайтарурмиз ва (қиёмат кунида) сизларни яна бир бор ундан чиқарурмиз» (Тоҳа: 55).

Ва Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Аллоҳ сизларнинг (отангиз Одамни) ердан ундириб-ўстирди (яъни пайдо қилди). Сўнгра (вафот қилганларингизда) У зот сизларни яна (ерга) қайтарур ва (Қиёмат қойим бўлганида) сизларни чиқариб олур!» (Нуҳ: 17-18).

Қайта тирилишгач ҳисоб-китоб қилиниб, амалларига яраша жазо-мукофотланадилар. Далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Осмонлардаги ва ердаги бор нарсалар ёлғиз Аллоҳникидир. У зотнинг Ўзи ёмонлик-гуноҳ қилиб ўтган кимсаларни қилган амаллари билан жазолагай ва чиройли амал қилган зотларни гўзал (савоб-жаннат) билан мукофотлагай!» (Нажм: 31).

Кимда-ким қайта тирилишни ёлғон деса кофир бўлади. Далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Кофир бўлган кимсалар ўзларининг ҳеч қачон қайта тирилмасликларини гумон-даъво қилдилар. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, уларга) айтинг: «Йўқ! Парвардигоримга қасамки, албатта қайта тирилурсизлар, сўнгра албатта сизларга қилган амалларингизнинг хабари берилур. Бу Аллоҳга осондир»» (Тағобун: 7).

Аллоҳ таоло барча элчиларни хушхабар берувчи ва огоҳлантиргувчи этиб жўнатди. Далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Токи бу пайғамбарлар ўтганларидан кейин одамлар учун Аллоҳга қарши ҳужжат бўлиб қолмаслиги учун пайғамбарларни (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтувчи ва (кофирларни дўзах азобидан) қўрқитувчи қилиб юбордик. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир» (Нисо: 165).

Аввалгилари Нуҳ алайҳиссалом. Охиргилари эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдир. Аввалгилари Нуҳ алайҳиссалом эканликларига далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), албатта Биз Нуҳга ва ундан кейинги пайғамбарларга ваҳий юборганимиз каби сизга ҳам ваҳий юбордик» (Нисо: 163).

Аллоҳ таоло Нуҳ (алайҳиссалом)дан Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)гача бўлган халқларнинг барига, уларни ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга буюриб, тоғутга ибодат қилишдан қайтарадиган бир элчи юборган. Далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Аниқки, Биз ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва шайтон-(тоғут)дан йироқ бўлинглар», (деган ваҳий билан) бир пайғамбар юборганмиз» (Наҳл: 36).

Аллоҳ таоло бандаларнинг барига тоғутга куфр келтириб, Ўзига иймон келтиришни фарз қилди.

Ибнул Қоййим раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Тоғутнинг маъноси, банда ибодат қилинадиган, эргашиладиган ва итоат қилинадиганлар борасида чегарани бузиб ўтишлигидир. Тоғутлар кўп бўлиб, бошлиқлари бештадир: шайтон лаъанаҳуллоҳ (Аллоҳнинг лаънатига учрагур), (унга) ибодат қилинса-да рози бўлган кимса. Одамларни ўзига ибодат қилишлари учун чақирган кимса Ғайб илмидан бирор бир нарсани даъво қилган кимса. Аллоҳ нозил қилган диндан ўзгаси билан ҳукм қилган кимса».

Далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Динга зўрлаб (киритиш) йўқдир. (Зеро) ҳақ йўл залолатдан ажраб бўлди. Бас, ким шайтон-(тоғут)дан юз ўгириб, Аллоҳга иймон келтирса, у ҳеч ажраб кетмайдиган мустаҳкам ҳалқани ушлабди. Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир» (Бақара: 256).

Ана шу «Ла илаҳа иллаллоҳ»нинг маъносидир.

Ҳадисда: «Ишнинг боши Ислом. Устуни намоз. Чўққиси эса Аллоҳ йўлидаги жиҳоддир», (дея ворид бўлган).[6] Аллоҳ билгувчироқдир.

 

Манба: Тавҳид форуми



 

[1] Заиф ҳадис. Имом Термизий ривояти. Ҳадиснинг санадида Ибн Лаҳияҳ бор, у эса заифдир. Аммо бунга имом Термизийнинг Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган «Дуо – ибодатдир», ҳадиси далил бўлади. Саҳиҳ ҳадис.

[2] Саҳиҳ ҳадис. Имом Аҳмад (1/293) ва Термизий «Қиёмат»да (2517) Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган.

[3] Имом Муслим ривояти.

[4] Имом Муслим ривояти: «Китабул Ийман». Умар ибн Хаттобдан ривоят қилинган.

[5] Саҳиҳ ҳадис. Имом Аҳмад, Абу Довуд, Даромий, Байҳақий «ас-Сунан»да Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар. «Ирва» (1208)га қаранг.

[6] Саҳиҳ ҳадис. Имом Термизий (2616), имом Аҳмад (5/231) ва Насоий «Кубро» 10/214-215 (11330)да Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган.

9 thoughts on “Уч Асос

  1. Assalamu aleykum wa Rohmatullohi!
    Aziz birodarlar!
    Muhataram sayt hodimlari!
    Avvalom bor har bir birodarlarimga ushbu Shayhul Islom qalamlariga mansub bo’lgan Uch usul (asos) aqidaviy masalalarni o’z ichiga olgan darslikni o’rganib, iloji bo’lsa yod olishliklarimizni va unga amal qilishliklarimizni tavsiya qilgan bo’lar edim. Chunki ushbu risolada keltirilgan masalalar Shayhul Islom takidlab o’tganlaridek, dinimizdagi bilishligimiz zarur bo’lgan masalalardur. Shu bilan birga, Muhtaram Admin! bizdek O’zbek tiliga mansub bo’lgan, Arab va ingliz tillaridan unchalik xabari bo’lmagan muxlislarga ushbu risolani (Shayx Usaymiyni yoki boshqa Salaf shayxlarni qalamlariga mansub bo’lgan) o’zbekcha sharhini ham baholi qudrat kirgizsangizlar. Avvaldan tashakkur!
    Jazakallohu hoyron!

  2. Assalamu alaykum sayt mutasaddilari va hurmatli o’quvchilar! Alhamdulillah mana bo’larkan o’zbekcha salaflarimizni kitoblarini chiqarsa ham, afsuski hozircha audio sharhlar yo’q ozbek tilida, mana Renat Abu Muhammad yoki Abu Yahyo qirimlik birodarlarimizdan ibrat olsak bo’ladi, shu bolla kecha-bugun chiqqan bolla, lekin o’z xalqiga va o’zini tilida gaplashadiganlaga qanday ulkan narsani taqdim qiloldi shu bolla, bizni ahli ilmlarimizga hayronman 70 yil sovetni qo’l ostida yerto’lalarda, hujralarda bekinib o’qib, arabiy mutoalalari zo’r bo’lishiga qaramasdan, tomdan tarasha tushganday lop etib aqida at-tahoviyyadan boshlavorishadi aqidaga oid darslani, mana shunday avval 3 asos so’ng 6 qoida, so’ng lum’atul etiqod, so’ng kitab at-tavhid qilib bir chekkadan boshlasa bo’ladiku kiborlarimiz tuzib bergan barnamij asosida, jazakumullohu hoyron!

  3. Assalaamu alaikoum wa rahmatullahi….. Alhamdulillahi Robbil Alamin!!!! Juda ajoyib Ish bo’libdi. Ha Abou Umar To’g’ri va haq so’zni yozib qoldiribdilar….. Men Abou Umarni gaplariga 100% qo’shilaman! Albatta Olimlar bizga aytib ketgan manhaj asosida ilm olmoq kerak. Eng birinchi o’qiladigan aqidaviy kitob ham shu Salasatu Usuldur! Allah hayrlik qilsin! Davomiy bo’lsin! Harakat mana bunaqa bo’libdiyu! Allahu Akbar!

  4. assalamu alaykum ua rahmatullahi ua barakatuh! barak Allhu fikum! hurmatli admin, mana shu risolatni Allah subhana ua Ta’ala izni bilan, biron internet ( paltalk,skype,) dasturlaridan birida darslik olib borsangizlar foyda bo’lar edi! chunki hozirgi kunda ko’p jahillar aqida kerak emas hozir, ua lekin har-hil amaliyotlarga ( shaharlarga borib da’vat qilishlik ilmsiz, halifat qurishlik, jamaat tuzishlik, ilmni qo’yib jihad qilishlik ) shunday dauvat qilishyabdilar! Allohdan barchaga taufiq so’raymiz, ua «ya muqollibal qulub sabbit quluvbana ala dinik», deyishdan boshqa narsa ayta olmaymiz! assalamu alaykum ua rahmatullahu ua barkatuh! jazakum ullohu hoyron kasiro!

  5. Валейкум ассалам ва роҳмутуллоҳи ва барокатуҳ!
    Ушбу ажойиб рисолани ўзбек тилида интернет орқали Дилмурод Абу Муҳаммад исмли биродаримиз дарс қилиб ўтганлар. Қуйидаги манзилдан ушбу маърузаларни юклаб олишингиз мумкин.
    http://forum.tavhid.com/showthread.php?tid=234
    Маърузалар тўлиқ эмас. Бироқ Дилмурод биродаримиз имкон бўлганда тўлиқ бўлмаган жойларига алоҳида дарс ўтиб тўлдириб беришни ваъда қилганлар.

  6. ассаламу алайакум мусулмонлардан килган аллохга хамдлар булсин бандалари ичида эргашишлига хакли булган расулига саловатлар сунг шу китоб хакикатта жуда ажоиб экан буни билган сабабидан инсон адашганлар орасидан хотиржам холда йулини топши мумкин экан факат мен бирор салаф уломаларни шархини топа олмадим китоб холида узбек тилида силардан илтимос иложи булса ердам берселар жазакаллоху хойр

  7. Валейкум ассалам ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
    Ушбу ажойиб рисолага шайх Солиҳ Фавзон қилган шарҳларини биродарларимиз таржима қилишга муваффақ бўлишди. Ушбу шарҳни қуйидаги манзилдан топишингиз мумкин:
    http://forum.tavhid.com/showthread.php?tid=1032
    Келажакда ушбу таржимани китоб шаклига келтириб саҳифамизга ҳам жойлаймиз иншааллоҳ.

Comments are closed.