Зинокор эркак фақат зинокор аёлга ёки мушрикага уйланур

Зинокор эркак фақат зинокор аёлга ёки мушрикага уйланур

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, у зотнинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг …

Аллоҳ таоло Қуръонда айтадики: «Зинокор эркак фақат зинокор аёлга ёки мушрикага уйланур. Зинокор аёлга фақат зинокор эркак ёки мушрик уйланур. Ва бу (яъни зинокор аёлларга уйланиш) мўминларга ҳаром қилингандир» (Нур: 3).

Ушбу оятни тушунишлик борасида уламолар ўртасида баъзи ихтилофлар бўлиб ўтган. Бу ҳақида имом Ибн Рушд «Бидоятул мужтаҳид»да (3/73) оят маъносидан мурод ҳаромми ёки макруҳми, гап никоҳ ҳақида кетганми ёки никоҳ сўзидан мурод жинсий алоқами, яъни зиноми деган ихтилофлар мавжуд эканини айтиб ўтганлар.

Ушбу масаладаги барча фикрларни битта нуқтага олиб келиш мумкин. У ҳам бўлса келтирилган оятнинг маъноси шундан иборатки, агар улар гуноҳларида бардавом бўлсалар ва гуноҳлари учун тавба қилмаган бўлсалар зинокорга турмушга чиқиб бўлмайди, зонияга уйланиб бўлмайди.

Амр ибн Шуайб бувасидан ривоят қилади: «Марсад ибн Аби Марсад исмли одам бор эди. У сирли равишда асир мусулмонларга Маккадан Мадинага қочишга ёрдам берарди. Маккада унинг дўсти бўлган Анақ исмли бузуқ аёл яшарди. Бир куни у Маккадаги бир асирга қочишига ёрдам беришни ваъда қилди. Марсад ривоят қилади: «Мен ойли тунда етиб келдим ва Макка деворларидан бирининг соясигача етиб олдим. Шу вақт Анақ келди. Мени соямни сезиб қолди ва деворга яқин келди. У менинг олдимга яқинлашганида мени таниб қолди ва: «Марсад?» деди. Мен: «Ҳа, Марсадман» деб жавоб бердим. У «Хуш келибсан! Бизникида тунни ўтказмайсанми?» деди. Мен: «Эй Анақ! Аллоҳ зинони ҳаром қилган» деб жавоб бердим. Шунда у: «Эй чодирдаги одамлар! Сизларнинг асирларингизни ташиётган одам, мана у!» деб бақирди. Менинг ортимдан саккиз киши қувлади. Мен Хундам томонга йўл олдим. Мен қандайдир ғорга етиб бордим ва унга кирдим. Тез орада улар ўша жойга етиб келишди ва бошим тепасида туриб олишди. Аммо Аллоҳ мени уларнинг кўзидан яширди ва улар кетишди. Шунда мен қайтдим ва дўстимни олдим. Мен уни Изҳоргача кўтариб бордим. Ўша ерда кишанларини ечдим, сўнг уни яна кўтариб кетдим. У оғир эди ва мен қаттиқ чарчадим. Шундай қилиб биз Мадинага етиб келдик. Кейин мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига бордим ва: «Эй Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Анаққа уйланайми (бизга ҳалақит бермаслиги учун)?» деб икки марта сўрадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сукут қилдилар ва: «Зинокор эркак фақат зинокор аёлга ёки мушрикага уйланур. Зинокор аёлга фақат зинокор эркак ёки мушрик уйланур» (Нур: 3), ояти нозил бўлмагунича менга жавоб бермадилар. Шундан сўнг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Эй Марсад! Зинокор эркак фақат зинокор аёлга ёки мушрикага уйланур. Зинокор аёлга фақат зинокор эркак ёки мушрик уйланур. Шунинг учун унга уйланма!» дедилар» (Термизий 3177, Насоий 3228. Шайх Албоний ҳадис иснодини ҳасан деди).

Ушбу оятдаги «никоҳ» сўзини баъзи салафлар жинсий алоқа деб тафсир қилишган. Масалан, Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Зинокор эркак фақат зинокор аёлга ёки мушрикага уйланур» ояти ҳақида: «Гап никоҳ ҳақида эмас, балки жинсий алоқа ҳақида кетяпти. Яъни зония билан зинокор ва мушрикдан бошқа ҳеч ким зино қилмайди. «Ва бу мўминларга ҳаром қилингандир» яъни зино (ҳақида айтиляпти)» (Абдурраззоқ 2/51, Ибн Аби Шайба 4/272. Ҳофиз Ибн Касир иснодини саҳиҳ деди).

Шунингдек Даҳҳоқ, Икрима ва Саид ибн Жубайр ҳам ушбу оят ҳақида худди шундай дейишган, яъни оятда зино ҳақида гап борган деб айтишган (Ибн Аби Шайба 2/271, 272, Тобарий 17/157).

Имом Ибн Жарир Тобарий раҳматуллоҳи алайҳ дедилар: «Ушбу оят мўминлардан бўлган зинокор иффатли муслимага уяланиши мумкин эмаслигига ва у фақатгина зинокор ва мушрикага уйланиши мумкинлигига далолат қилмайди» (Қаранг: «Тафсир ат-Тобарий» 18/74).

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ дедилар: «Аллоҳ таоло зинокорлар учун жазони жорий қилганидан кейин, У улардан ва улар қилган ифлосликдан четланиш сифатида уларга уйланишни ҳаром қилди. Аллоҳ бундайларга зинокор ва мушриклардан бошқа ҳеч ким уйланмаслигини ҳам эслаб ўтди» (Қаранг: «Мажмуъул фатава» 15/316).

Яна Шайхулислом раҳимаҳуллоҳ дедилар: «Тавба қилмагунича зонияга уйланиш ҳаром. Инсон у билан ўзи ёки бошқа биров зино қилганидан қатъий назар (бу иш ҳаром бўлади). Мана шу ҳеч қандай шак-шубҳасиз тўғридир» (Қаранг: «Мажмуъул фатава» 32/110).

Яна Шайхулислом раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Мўмин киши унинг дўсти бўлишни истаган ёки унга никоҳ масаласида мурожаат қилаётган ва ҳоказоларни имтиҳон қилишга муҳтожлиги бор. Аллоҳ таоло айтадики: «Эй мўминлар, қачон сизларга (Макка кофирларининг қўли остида қолган) мўминалар ҳижрат қилиб келсалар, сизлар улар(нинг иймонлари)ни имтиҳон қилиб кўринглар (яъни улар ўз эрларини ёмон кўриб ёки сизлардан биронтангизга ишқи тушиб қолгани учун эмас, балки фақат дини Ислом учун ҳижрат қилганлари ҳақида сизларга қасам ичсинлар). Аллоҳ уларнинг (дилларидаги) иймонларини (ҳам) жуда яхши билгувчидир. Бас, агар сизлар уларнинг (ҳақиқий) мўмина эканликларини билсангизлар, у ҳолда уларни кофирларга қайтарманглар! У мўминалар (кофирлар) учун ҳам ҳалол эмас ва у (кофир)лар (мўмина)лар учун ҳалол эмасдир» (Мумтаҳана: 10). Аллаким билан зино қилган аёлнинг иши ҳам ҳудди шундай. У бундай аёлга уйлана олмайди, фақатгина тавба қилган бўлса (уйланиши жоиз бўлади). Мана шу бу борадаги икки фикрнинг тўғрисидир. Агар инсон у (аёл)ни холис тавба қилганми ёки йўқлигини имтиҳон қилмоқчи бўлса, унда Аҳмад ривоятида Абдуллоҳ ибн Умар айтганидек, у ўша аёлга зино қилишни таклиф қилиши мумкин. Агар у бунга ижобат қилса, демак унинг тавбаси холис эмас. Агарда у рад қилса, унда ҳақиқатдан тавба қилибди. Уламолар айтишдики: «Мана шу имтиҳондир»» (Қаранг: «Мажмуъул фатава» 15/328).

Ибнул Қоййим раҳимаҳуллоҳ дедилар: «У (яъни Қуръон ва Суннат) муслимани ифлос зинокорга никоҳланишини ҳаром қилди» («Зодул Маод» 5/160).

Шайх Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин раҳимаҳуллоҳ юқоридаги оят борасида шундай дедилар: «Бу оятнинг маъноси қуйидагичадир: Мўминлар қизларини зонийга турмушга узатишлари ёки зонияга уйланишлари ҳаромдир. Агар шундай қилсалар ўзлари ё зоний, ёки мушрик бўладилар. Бунинг маъноси шундай: агар биров зонияга уйланса ё шу уйланиши ҳаром эканини инкор этган ва унга иқрор бўлмаган бўлади. Бундай пайтда у одам Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол ҳисоблагани учун мушрикка айланади. Ёки зонияга уйланиш ҳаром эканига иқрор бўлиб, ўзини тия олмай уйланиш билан Аллоҳга осийлик қилган бўлса, у одам зоний бўлади. Чунки бундай пайтда уйланиш тўғри эмас. Оятнинг маъноси очиқ-ойдин бўлиб, изоҳга ҳожат йўқ» («Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволаридан).

Юқорида айтилганлардан хулоса қилиб айтадиган бўлсак, зинокорга турмушга чиқиш ва зонияга уйланишлик ҳаромдир. Агар зинога қўл урганлар астойдил тавба қилишсагина улар билан никоҳ қуришлик жоиз бўлади. Аммо аёл киши эркак кишидан фарқли ўлароқ никоҳдан аввал албатта бир марта бўлса ҳам ҳайз кўриши, покланиб олиши керак бўлади. Агар у ҳайз кўрмаса, яъни зинодан ҳомиладор бўлиб қолган бўлса, то ҳомиласини туғмагунига қадар никоҳланиши мумкин эмас.

Шунингдек иффатли бокира қизга уйланишни истаган инсонга, у ҳам ҳеч қачон зино қилмаган инсон бўлиши кераклиги шарт қилинмайди. Чунки агар киши қилган зиноси учун тавба қилган бўлса, ушбу оят унга тегишли бўлмайди ва қилган ўтмишдаги гуноҳи учун маломат қилинмайди. Валлоҳу аълам.

Аллоҳ Пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Манба: Тавҳид форуми

14 thoughts on “Зинокор эркак фақат зинокор аёлга ёки мушрикага уйланур

  1. Jazakallohu xoyron.

    Shu yerda bitta savol tug’uladi, agar erkak xayotida faqat birmarta zino qildi,lekin bowqa zino qilmadi,va o’wa qilgan birmarta zinosiga xam tavba qilmadi, manawu erkak bokira muslimaga uylansa joizmi?
    Jazakallohu xoyron.

  2. Ассаламу алайкум Ахмад. Саволингиз Шайҳул Ислом Ибн Таймия сўзлари жавоб бўлади(юқорида келтирилган) Шайхулислом раҳимаҳуллоҳ: «Тавба қилмагунича зонияга уйланиш ҳаром. Инсон у билан ўзи ёки бошқа биров зино қилганидан қатъий назар (бу иш ҳаром бўлади). Мана шу ҳеч қандай шак-шубҳасиз тўғридир» (Қаранг: «Мажмуъул фатава» 32/110).

    1. Валейкум ассалам ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
      Агарда аёл киши зино қилган бўлса ва бу гуноҳи учун чин дилдан тавба қилса, у гуноҳ қилмаган каби бўлади иншааллоҳ. Унга аввал зино қилмаган эркак уйланиши мумкин. Фақат бундай аёл киши никоҳдан аввал албатта бир марта бўлса ҳам ҳайз кўриши ва покланиб олиши керак бўлади. Агар у ҳайз кўрмаса, яъни зинодан ҳомиладор бўлиб қолган бўлса, то ҳомиласини туғмагунига қадар никоҳланиши мумкин эмас.
      Валлоҳу аълам.

  3. Assalomu aleykum savol; ayol zino kilgan bolsa va tavba kilsa gunoh kilmagandey buladi degan jovobingizga dalil bormi iltimos jovobini kutaman.
    Alloh rozi bolsin

    1. Валейкум ассалам ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
      Савол: Сиз одамларнинг бир неча қисмга бўлинишлари, уларнинг айримлари ҳаётининг бошларида гуноҳ ишга қўл уриб, сўнгра тавба қилган ва илғорлар сафига қўшилганини айтиб ўтдингиз. Аллоҳ устингиздан савоблар ёғдирсин, айтингчи, уларга қўшилиш мумкинми?
      Жавоб: Албатта, гуноҳидан тавба қилган одамнинг тавбаларини Аллоҳ қабул қилади ва гуноҳидан тавба қилган инсон гуноҳи йўқ кабидир. Баъзида гуноҳга қўл уриб тавба қилган одамнинг ҳоли тавба қилгандан кейин яхшироқ бўлиши мумкин. (Ҳа), унинг ҳоли афсус ва самимий тавба қилганидан кейин яхшиланиши мумкин. У иймон ва солиҳ амалларни қилгач, ёмонликлари Аллоҳ тарафидан лутф ва эҳсон ўлароқ яхшиликка айлантирилади ва унинг ҳоли яхши бўлади.
      Гуноҳкор тавба қилса Аллоҳ унинг тавбаларини қабул қилади, гуноҳларини ўчиради. У яна иймон келтириб, солиҳ амалларни қилса ёмонликлари яхшиликка айлантирилади. Аллоҳ таоло айтди: «Улар Аллоҳ билан бирга бошқа бирон илоҳга илтижо қилмаслар ва Аллоҳ (ўлдиришни ҳаром қилган) бирон жонни ноҳақ ўлдирмаслар ҳамда зино қилмаслар. Ким мана шу (гуноҳлардан биронтасини) қилса уқубатга дучор бўлур. Қиёмат кунида унинг учун азоб бир неча баробар қилинур ва у жойда хорланган ҳолида мангу қолур. Магар ким тавба қилса ва иймон келтириб яхши амаллар қилса, бас Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонлик-гуноҳларини яхшилик-савобларга айлантириб қўюр. Аллоҳ мағфиратли, меҳрибон бўлган зотдир» (Фурқон: 68 – 70).
      Агар у самимий тавба қилиб, фарз амалларни қилса ва ҳаром нарсалардан тийилса, макруҳ ҳамда ортиқча мубоҳ нарсаларни тарк этса, нафл ибодатларни кўп қилса, илғор (мўъмин)лардан бўлади.

      Аллома Абдулазиз ибн Абдуллоҳ Рожиҳий
      «Ажвибатун муфийдаҳ ан асъилатин адийдаҳ».

  4. Alxamdulillax juda mazmunli, adashib keyin qiynalib yurgan ayollar o`qishsa ular islomni go`zalligini tushunshsa, qiynalgan yuraklarga malxamdek.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan