Мусулмон ҳаётидаги тавҳиднинг ўрни
Шайх Абдурраззоқ ибн Абдулмуҳсин ал-Бадр ҳафизаҳуллоҳ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Мақсадларнинг энг улкани, ғояларнинг энг олийси ва ҳадаф-(нишон)ларнинг энг улуғи осмонлар ва ернинг Раббисини (ибодатда) яккаламоқ, У Зот жалла ва аълага ваҳдоният ила иқрор бермоқ, У жалла ва аълани хокисорлик, итоат ва тавозе ила яккаламоқ, У субҳанаҳуга итоат, хокисорлик, интилиш, қўрқув, хавф, умид, сажда ва руку ила таслим бўлмоқ, динни У жалла ва аъла учун холис адо этмоқ, ҳамда ширкнинг барчасидан, ози-ю кўпи, кичиги-ю каттасидан пок-(безор) бўлишлик, ана шу халқлар унинг сабабидан яратилиниб, шуни рўёбга чиқаришлик учун вужудга келтирилган улуғ ғоядир: «Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Зорият: 56). У шундай ғояки, Аллоҳ жалла ва аъла унинг сабабидан улуғ элчиларни юборди ва буюк Китобларни нозил қилди: «Аниқки, Биз ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва тоғутдан йироқ бўлинглар», (деган ваҳий билан) бир пайғамбар юборганмиз» (Наҳл: 36).
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз сиздан илгари юборган ҳар бир пайғамбарга ҳам: «Ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқ, магар Менгина бордирман, бас Менгагина ибодат қилинглар», деб ваҳий юборгандирмиз» (Анбиё: 25).
Банда тавҳид ила Раҳмоннинг розилиги, мукаррамлик ила бахт ва неъматга тўла ҳақиқий бир ҳаёт кечиради. Тавҳидсиз эса чорва молларининг ҳаёти каби бир ҳаёт кечиради: «Магар чорва ҳайвонлари кабидирлар. Йўқ, улар янада йўлдан озганроқ кимсалардир!» (Фурқон: 44). Тавҳидни қўлдан бой берган кимса ўлик жуссадир. Гарчи ер юзида юрган бўлса-да. Тавҳидни рўёбга чиқарган эса ҳақиқий ҳаёт кечираётган одамдир. Аллоҳ жалла ва аъла шундай дейди: «Аввал ўлик (кофир) бўлган, сўнгра биз уни (динга ҳидоят қилиш билан) тирилтириб …» (Анъом: 122). Яъни, Биз уни иймон ва тавҳид билан тирилтирдик-(ҳаёт бағш этдик). Аллоҳ жалла ва аъла айтадики: «Эй мўминлар, Аллоҳ ва Унинг пайғамбари сизларни абадий ҳаёт берадиган нарсага (яъни, динга) даъват қилар экан, уни қабул қилинглар» (Анфол: 24).
Тавҳид ила юрт тинчлиги ва тана роҳати ҳосил бўлади: «Иймон келтирган, ўз иймонларини зулм (ширк) билан аралаштирмаган зотлар — ана ўшалар хотиржам бўлгувчидирлар ва ўшалар ҳидоят топгувчидирлар» (Анъом: 82). Аллоҳ жалла ва аъла шундай дейди: «Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларга худди илгари ўтган (иймон-эътиқодли) зотларни (ер юзига) халифа-ҳукмрон қилганидек, уларни ҳам ер юзида халифа қилишни ва улар учун Ўзи рози бўлган (Ислом) динини ғолиб-мустаҳкам қилишни, ҳамда уларнинг (аҳволини Маккада кўрган) хавфу-хатарларидан сўнг (Мадинада) тинчлик-хотиржамликка айлантириб қўйишни ваъда қилди. Улар Менга ибодат қилурлар ва Менга бирон нарсани шерик қилмаслар» (Нур: 55).
Тавҳид ила инсоннинг саодати ва ҳотиржамлиги ҳосил бўлади. Аллоҳ жалла ва аъла айтадики: «Эркакми ё аёлми — кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирон яхши амал қилса, бас, Биз унга покиза ҳаёт ато этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган амалларидан чиройлироқ ажр-савоблар билан мукофотлаймиз» (Наҳл: 97). Аллоҳ жалла ва аъла шундай дейди: «Бас, сизларга Мен тарафдан ҳидоят келганида ким Менинг ҳидоятимга эргашса, йўлдан озмас ва бахтсиз бўлмас. Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, бас, албатта унинг учун танг – бахтсиз ҳаёт бўлур ва Биз уни қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз» (Тоҳа: 123-124). Аллоҳ жалла ва аъла айтадики: «То, Ҳа. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз сизга бу Қуръонни қийналиб жафо чекишингиз учун эмас, балки (Аллоҳдан) қўрқадиган кишиларга панд-насиҳат бўлсин учун нозил қилдик!» (Тоҳа: 1-3). Яъни, Биз сизга уни бахтли бўлишингиз ва у сабабли сизга эргашганлар ҳам бахтли бўлсин учун нозил қилдик.
Тавҳид ила қалбдан шубҳалар кўтарилиб, турли васваса ва тубан фикрлар нари кетади. Ҳамда қалбда ҳотиржамлик, роҳат, охисталик ва сакинат ҳосил бўлади. Аллоҳ жалла ва аъла айтадики: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Мен барча инсонларнинг Парвардигоридан, барча инсонларнинг Подшоҳидан, барча инсонларнинг Илоҳидан (менга) ўзи жин ва инсонлардан бўлган, инсонларнинг дилларига васваса соладиган, (қачон Аллоҳнинг номи зикр қилинганида) яшириниб оладиган васвасачи (шайтон)нинг ёмонлигидан паноҳ беришини сўраб илтижо қилурман»» (Нос: 1-6). Ана шу тавҳиддир.
Тавҳид ила шайтонлар қувғин қилиниб, тавҳид ижро этилиб турган ўринда ортиқ қолишга тоқат қилолмайди. Шайтон азонни эшитса ел қўйганча орқа ўгириб кетади. Қуръоннинг бари тавҳид, Аллоҳ жалла ва аълани улуғлаб, мажд этишликдир. Оятал Курсий тавҳид ояти, унинг далил ва ҳужжатлари ва очиқ-ойдин баййинотларининг баёнидир. Мўмин киши Оятал Курсийни ўқиб тўшагига ётса, тепасида Аллоҳ томонидан бир қўриқчи бўлади. Ва то тонг отгунга қадар шайтон унга яқин йўламайди.
Банда тавҳид ила Аллоҳнинг изни билан сеҳргар ва фолбинларнинг ёмон макрларидан саломат қолади: «Албатта Аллоҳ иймон келтирган зотларни мудофаа қилур» (Ҳаж/38).
«Ва иймон келтирган зотларни ғолиб қилиш Бизнинг зиммамиздаги ҳақ бўлган» (Рум: 47).
Банда тавҳид ила барча яхшиликларга, дунё-ю охират саодатига эришади. Аллоҳ жалла ва аъла Ўзининг буюк ҳукмида саодат ва неъмат ҳам дунё, ҳам қабр ва ҳам охиратларида фақат иймон ва тавҳид аҳли учун бўлади дея ҳукм қилган: «Шак-шубҳасиз, яхшилар (яъни мўминлар) жаннат неъматларидадирлар» (Инфитор: 13).
Аллоҳ жалла ва аълани (ибодатда) яккаламоқ одамларга эслатилмоғи лозим бўлган энг авло ва энг буюк ишдир. Аллоҳ таоло деди: «Ва (Қуръон билан) панд-насиҳат қилинг! Зеро у панд-насиҳатлар мўминларга нафъ етказур. Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Зориёт: 55-56).
Банда иймонини кучайтириб туришга, исломини янгилаб, Раббиси жалла ва аъла билан бўлган алоқасини кучайтириб боришга эҳтиёж сезади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Албатта иймон сизлардан бирингизнинг ичида кийим эскиргани каби эскиради». (Мақсаддан) буриб юборувчи ва қутурган фитналар ва бузғунчи бидъатларни енгиб ўтишда одамлар тавҳидни тасдиқлаб олишликка ва ёшлар ушбу буюк, метин тарбия асосида ўсиб-улғайишга муҳтождирлар: «Эй ўғилчам, Аллоҳга ширк келтирмагин! Чунки ширк келтириш катта зулмдир» (Луқмон: 13).
Аллоҳ жалла ва аъладан бизни Аллоҳнинг муваҳҳид бандалари, динни Унга холис адо қилувчи, У жалла ва аълага иймон келтирувчи ва Унинг шиорларини улуғловчи бўлиб яшашимизни насиб айламоғини, ҳамда ҳаммамизни ширкнинг барчасидан, кичигу каттаси, ози-ю кўпидан сақламоғини сўраймиз.
Мақоланинг асл манбаси: http://www.al-badr.net/web/index.php?page=article&action=article&article=27
Манба: Тавҳид форуми