Узун орзу-умид қилишлик

Узун орзу-умид қилишлик

Шайх Абдурраззоқ ибн Абдулмуҳсин ал-Бадр ҳафизаҳуллоҳ

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳ таоло шундай деди: «Эй инсонлар, албатта Аллоҳнинг (қайта тирилтириш ва бу дунёда қилиб ўтилган яхши-ёмон амалларнинг мукофот жазосини бериш тўғрисидаги) ваъдаси ҳақ (ваъдадир). Бас, ҳаргиз сизларни ҳаёти дунё алдаб қўймасин!» (Фотир: 5). Ва яна шундай деди: «Билингларки, бу ҳаёти дунё фақат (бир нафаслик) ўйин-кулги» (Ҳадид: 20).

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам елкамдан тутиб, шундай дедилар: «Дунёда бегона ёки мусофирдек бўлгин!»». Ибн Умар розияллоҳу анҳумо шундай дердилар: «Кеч киргазсанг тонг отишини пойлаб ўтирма. Тонг оттирсанг кеч тушишини кутма. Соғломлигингда касал (кунларинг) учун, тириклигингда эса ўлиминг учун амал қил!» (Бухорий (6416)).

Ушбу ҳадиси шарифда дунёда узундан-узун орзу-умид қилмасликка тарғиб қилинди. Албатта мўмин кишига дунёни ўзини хотиржам ҳис қиладиган ватан ва маскан қилиб олишлиги ярамайди. Бироқ унга дунёда гўёки сафар кайфиятида бўлиб, бутун ғам-ташвиши жўнаб кетишлик учун (лозим бўлган) жиҳозларни жамламоқлик бўлмоғи лозимдир.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бўйра устида ухладилар. Турганларида бўйранинг изи ёнбошлари(да кўринди). Шунда биз: «Эй Росулуллоҳ, сизга юмшоқ ўрин-кўрпа қилиб берсак?», дедик. У киши эса: «Мени дунё билан нима ишим бор. Мен дунёда фақат дарахт остида сояланиб сўнг жўнаб, уни (дарахтни) тарк этган мусофир кабиман», дедилар» (Термизий (2377), Албоний роҳимаҳуллоҳ «Саҳиҳ Сунан Тирмизий» (1963)да саҳиҳ санадилар).

Ибн Абиддунё ўз санади ила Ҳасаннинг шундай деганларини ривоят қилади: «Менга Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларига шундай деганлари хабари етди: «Мен, сизлар ва дунёнинг мисоли чанг-ғубор кўтарилган чўлдан юриб кетаётган қавм мисоли кабики, у (чўл)нинг аксарини босиб ўтдиларми ёки ҳали (йўл) давом этишини билмайдилар. Туялари ҳориқиб, озуқалари тугаган. Чўл ўртасида йиқилиб қолиб, ҳалок бўлишларига шубҳа қилмадилар. Ҳолатлари шундай эканлигида тўсатдан устиларига усти-боши (безанган), бошидан сув томиб турган бир киши чиқиб қолди. Шунда: «Албатта ушбу (киши) қишлоқ (яъни, одам яшайдиган жойдан) ҳозиргина келган», дедилар. У киши уларга яқин бориб: «Сизларга нима бўлди?», деди. Улар: «Кўриб турганингдек туяларимиз чарчаб, озуқамиз тугади. Чўл ўртасида йиқилиб қолдик. Аксар қисмини босиб ўтдикми ёки қолгани қанча эканини билмаймиз» дедилар. Шунда ҳалиги киши: «Агар сизларни чучук сув ва кўкаламзор боғга олиб борсам менга нима ваъда берасизлар?», деди. Улар: «Сени ҳукминг бўлади», дедилар. У эса: «Менга итоатсизлик қилмасликка аҳду паймон берасизлар», деди. (Ровий) айтади: Улар унга итоатсизлик қилмасликка аҳду паймон бердилар. Уларни кўкаламзор боғ ва чучук сувга олиб борди ва енгил тин олди. Сўнг: «Ушбу боғларингиздан-да ўт-ўланли ва ушбу сувингиздан-да тотли сувга юринглар», деди. Қавмдаги кўпчилик: «Бунга қодир эмасмиз. Ҳатто унга қодир бўла олмай қолдик», дедилар. Улардан бир тоифа эса: «Ахир ушбу кишига итоатсизлик қилмаслик учун аҳду паймон бермаганмидингиз? Дарҳақиқат, сизларга сўзининг бошида рост сўзлади. Кейинги сўзи ҳам аввалгиси кабидир», дедилар-да, у билан жўнаб кетдилар. (Ёт киши) уларни кўкаламзор боғ ва чучук сувга бошлаб келди. Қолганлар устига эса тунда душман келиб, натижада мақтул ва асирларга айланишди»» (Ибнул Мубарок «Зуҳд» (507), Ромаҳурмузий «Амсал» (23)да Ҳасандан «Мурсал» санад ила ривоят қилди).

Ушбу буюк мисол Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматларига нисбатан бўлган ҳолатларига ғоятда мувофиқдир. У киши (пайғамбар бўлиб) келганларида араблар одамларнинг энг хор, дунё-ю охиратдаги ҳаётнинг энг тубан ва қуйи қатламида эдилар. У киши уларни нажот йўлидан юришга чорладилар. Уларга ростгўй эканликларига ҳужжат зоҳир қилдилар. Худди чўлдаги қавмга келган кишининг иши рост экани зоҳир бўлгани каби. Дарҳақиқат, сувлари тугаб, туялари ҳалок бўлганди. Шунда уларни сув ва кўкаламзор боғга йўллади. Улар эса унинг кўриниши, жамоли ва ҳолатини сўзининг рост эканига далил деб, унга эргашишди. У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларига эргашганларга Форс ва Рум диёрларининг фатҳ қилиниши ва хазиналарини олишликни ваъда бердилар. Ҳамда уларни бунга алданиб, унинг тепасида тўхтаб қолишликдан огоҳлантирдилар. Дунёдан охират талабидаги жидду-жаҳд ва тиришишлик, ҳамда унга тайёргарлик кўриш учун (керак бўладиган) миқдорда қаноатланишга буюрдилар. Улар у киши ваъда берган барча нарсаларини ҳақ эканини кўрдилар. Уларга дунё очиб берилгач – уларга ваъда қилганларидек – аксар одамлар дунё йиғиб, бойлик орттириш ва бу йўлда кимўзарга беллашиш ила машғул бўлиб қолди. Дунёда яшаб қолиш ва унинг шаҳватларидан фойдаланиб қолишга рози бўлиб, унинг талабида жидду-жаҳд қилишга буюрганлари бўлмиш охиратга тайёргарлик кўришни эса тарк этдилар. Озчилик одамлар у кишининг охират талабида жидду-жаҳд ва унга тайёргарлик кўриш васиятларини қабул қилди. Ушбу озчилик тоифа нажот топиб, дунёда у кишининг йўлларидан юриб, васиятларини қабул этиб, буйруқларига бўйинсунганидек охиратда ҳам Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга бўладилар. Аксар одамлар эса ҳануз дунё мастлиги ва кимўзарга беллашувдадир. Ушбу иш уларни то ўлим тўсатдан келиб қолгунига қадар охиратдан машғул қилиб қўйди. (Ибн Ражаб Ҳанбалий «Жамиъул Улум вал Ҳикам» (358-359)).

Ҳаёти дунё зарбулмасал қилинган мисолларнинг энг етуги Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда мисол қилганларидекдир: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбарда туриб, шундай дедилар: «Мен ўзимдан кейин сизларнинг ҳаққингизда сизларга ер баракалари очиб берилишидан қўрқаман». Сўнг дунёнинг (ўткинчи) гўзаллигини бирин-кетин ёдга олдилар. Шунда бир киши туриб: «Эй Росулуллоҳ, яхшилик ёмонликни олиб келадими?», деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга (жавоб бермай) сукут сақладилар. Биз: «У кишига ваҳий нозил бўляпти», дедик. Одамлар гўёки бошларига қуш қўнгандек жим эдилар. Сўнг у киши тер босган юзларини арта туриб, шундай дедилар: «Боягина савол берувчи қаерда? Ахир у яхшими? – уч мартта қайтардилар – Яхшилик фақат яхшиликни келтиради. Баҳорда ўсадиган ўт-ўлан (кифоя қиларли миқдорда) еювчисини ҳисобга олмаганда (қоринда тўлиб,) ҳазм бўлмагани сабабли ўлдиради ёки ўлдира ёзади. Егани сари биқини-(қорни) тўлиб, қуёшга юзланади-(товланади) ва юмшоқ тезак чиқариб, бавл қилади сўнг яна ўтлайди. Албатта ушбу мол-(дунё) кўркам, шириндир. Унинг (маълум) ҳаққидан олиб, уни Аллоҳнинг йўлига, етим, мискин ва мусофирларга сарф этган мусулмон учун қандай ҳам яхши ҳамроҳдир. Ва кимки уни (тегишли) ҳаққини олмаса, бас, у тўймайдиган ейишлик кабидир ва Қиёмат куни унга қарши гувоҳ бўлади»» (Бухорий (2842) ва Муслим (1052)).

Дунёнинг ўзи аслида мазаммат қилинмайди. Балки ундаги банданинг қилмиши қораланади. Дунё жаннат ёки жаҳаннамга элтувчи кўприк ва йўлакдир. У охират экинзори ва жаннат озуқаси ундан (олинади). Жаннат аҳли эришадиган фаровон турмуш дунёда экканлари сабабидан бўлади. Аллоҳ таоло шундай деди: «(Жаннат аҳлига) «Ўтган кунларда (яъни ҳаёти дунёда) қилиб ўтган (эзгу) амалларингиз сабабли (ушбу ноз-неъматларни) пок билиб еб-ичаверинглар», (дейилур)» (ал-Ҳаққо: 24).

Мазаммат ва ваъид дунёни охиратдан ийсор-ихтиёр қилган, натижада дунё энг катта ташвиши ва кўрган-билгани шу бўлган кимса ҳақида ворид бўлган. Аллоҳ таоло деди: «Бас, ана ўшанда ким (ҳаёти-дунёда куфру исён билан) туғёнга тушган, ва ҳаёти-дунёни (охиратдан) устун қўйган бўлса, у ҳолда фақат жаҳаннамгина (унинг учун) жой бўлур!» (Назиъат: 37-39). Бандадан дунё ва охират учун амал қилишликда мўътадил бўлишлиги талаб этилгандир. Дунё билан овора бўлиб, охиратини тарк этмайди. Ва дунёдан узилиб, уни тўлалигича ҳам тарк этиб қўймайди. Акс ҳолда ўзига ва аҳли оиласига зарар беради ёки бировга қарам бўлади.

Аллоҳим, дунёни энг катта ғамимиз ва тўплаган илмимиз қилиб қўйма. Устимизга гуноҳларимиз сабабли Сендан қўрқмайдиган ва бизга раҳм қилмайдиган кимсани бошлиқ қилиб қўйма.

Мақоланинг асл манбаси: http://www.al-badr.net/web/index.php?page=article&action=article&article=100

 

Манба: Тавҳид форуми

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan