Мўминнинг хурмо дарахти (палма)га ўхшатилгани

Мўминнинг хурмо дарахти (палма)га ўхшатилгани

Шайх Абдурраззоқ ибн Абдулмуҳсин ал-Бадр ҳафизаҳуллоҳ

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Дарахтларнинг энг афзали, энг пок ва энг яхшиси бўлмиш мукаррам, муборак дарахтни -хурмо дарахтини назарда тутяпман – дарҳақиқат, Аллоҳ таоло уни Ўзининг улуғ Китобида мўмин бандасига тамсил қилди. Аллоҳ таоло айтадики: «(Эй инсон), Аллоҳ яхши сўзга (яъни, иймон калимасига) қандай мисол келтирганини кўргин: у сўз худди бир асил дарахтга ўхшайдики, унинг илдизи (ер остига) маҳкам ўрнашган, шохлари эса осмонда бўлиб, Парвардигорининг изни-иродаси билан мудом мева берур. Аллоҳ одамлар эслатма-ибрат олишлари учун мана шундай мисоллар келтирур» (Иброҳим: 24-25). Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Дарахтлар ичида бир дарахт бўлиб, барги тўкилмайди. Албатта, у мусулмон кишига ўхшашдир. Менга уни нима эканини айтингларчи?». Одамлар чўл-биёбондаги дарахтлар ҳақида сўзлай кетишди. Абдуллоҳ (ибн Умар розияллоҳу анҳумо) дедиларки: Зеҳнимга у хурмо дарахти экани келди-ку, ҳаё қилдим. Сўнг бизга уни нима эканини айтинг эй Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), дедилар. У киши: «У хурмо дарахтидир», дедилар (Бухорий (61), Муслим (2811)). Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деяётганларини эшитдим: «Мўминнинг мисоли хурмо дарахтининг мисоли кабидир. Ундан нимаики олсанг, албатта, фойда кўрасан» (Табароний (13514), Албоний роҳимаҳуллоҳ «Соҳиҳул Жамиъ» (5848)да саҳиҳ санадилар).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга товоқда хурмо келтирилди. Шунда: «Яхши сўзнинг мисоли «Худди бир асил дарахтга ўхшайдики, унинг илдизи (ер остига) маҳкам ўрнашган, шохлари эса осмонда бўлиб, Парвардигорининг изни-иродаси билан мудом мева берур». У хурмо дарахтидир. «Ёмон сўзнинг (яъни, куфр сўзнинг) мисоли эса ердан (илдизи) узилиб қолган, бир жойда (ўрнашиб) қўним топмайдиган нопок дарахтга ўхшар». У заққум дарахтидир», дедилар». (Ровий) айтади: «Буни Абул Олияга хабар бергандим: «Рост сўзлади ва қоилмақом қилибди», деди» (Термизий (3119) «Марфуъ» ва «Мавқуф» иснод ила ривоят қилди. Албоний роҳимаҳуллоҳ «Марфуъ» иснод ила ривоят қилингани заиф, «Мавқуф» иснод ила ривоят қилингани саҳиҳ дедилар).

Хурмо дарахти Аллоҳнинг мўмин бандасига тамсил қилиниши ила ушбу улкан фазилатга эга бўлди. Чунки у дарахтларнинг энг афзали, энг яхшиси ва энг манфаатлисидир. Барча дарахтлар қолиб, айнан уни мўмин кишига ўхшатилишининг ўзиёқ унга фазилат жиҳатидан етарлидир. Ушбу тамсил унинг фазилатини олий ва мукаррам, ҳамда қадри баланд эканига далолат қилади. Мисол учун илдизи (ер остига) маҳкам ўрнашганлиги, шохлари баланд, мудом мева бериб туриши, баракали дея васф қилиниши, ундан нимаики олинса фойдали бўлиши ва шунга ўхшашларки, булар хурмо дарахтининг фазилати, (бошқа дарахтлардан) ажралиб туриши ва қалбида иймон калимаси қоим бўлиб, кўксига ўрнашган, ҳамда пишиб етилган мева ва турли-туман яхшиликлар беришни бошлаган Аллоҳга итоаткор мўмин бандага ўхшаш эканига далолат қилади.

Кимда-ким хурмо дарахти, ҳамда Аллоҳга бўйинсинувчи мўмин киши борасида чуқур мулоҳаза қилиб кўрса, иккиси ўртасида кўплаб ўхшашликларни топади. Шулардан:

  • Хурмо дарахтининг илдиз, поя, шох, барг ва меваси бўлиши табиийдир. Шунингдек, иймоннинг ҳам илдиз, шохча ва меваси бўлишлиги табиийдир. Унинг илдизи – маълум бўлган иймоннинг олти асосларига иймон келтиришлик бўлса, шохлари – солиҳ амаллар, турли тоат ибодатлардир. Меваси эса – мўмин киши қўлга киритадиган барча яхшилик ва дунё-ю охиратда самарасини кўрадиган бахт-саодатдир.
  •  Хурмо дарахти уни суғориб, ўстирадиган модда билангина тирикдир. У сув билан суғорилгандагина тирик бўлиб, ўсади. Агар ундан сув тўсиб қўйилса сўлиб қолади. Агар ундан сув умуман узиб қўйилса ўлади. Мўминнинг ҳам ҳолати худди шундай. Фақатгина ўзига хос суғорув билангина ҳақиқий ҳаёт кечириб, ҳаёти тўғри бўлади. У ҳам бўлса қалбини ваҳий бўлмиш Аллоҳнинг Каломи ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари ила суғорилишидир. Аллоҳ таоло шундай деди: «Аввал ўлик (кофир) бўлган, сўнгра биз уни (динга ҳидоят қилиш билан) тирилтириб, унга одамлар орасида ўзи билан бирга олиб юрадиган нурни (иймонни) бериб қўйганимиз бир киши — зулматларда қолиб кетган ва ундан ҳеч чиқувчи бўлмаган кимсага ўхшайдими?!» (Анъом: 122). Шу билан маълум бўляптики, қалбдаги иймон дарахтининг соҳиби уни фойдали илм ва амали солиҳ ила суғориб туришга одатланмас экан, бас, у қуриб қолишлиги эҳтимолдан йироқ эмас. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Албатта иймон сизлардан бирингизнинг ичида кийим эскиргани каби эскиради. Бас, Аллоҳдан қалбларингиздаги иймонни янгилаб турмоғини сўранглар» (Ҳоким (1/4), Албоний роҳимаҳуллоҳ «Соҳиҳа» (1585)да «Ҳасан» даражасида дедилар).
  • Мўмин киши билан хурмо дарахтининг энг ўхшаш ери: хурмо дарахти ниҳоятда собитдир. Аллоҳ таоло айтганидек: «Унинг илдизи (ер остига) маҳкам ўрнашган». Иймоннинг шаъни ҳам худди шундай. Агар қалбда мустаҳкам ўрнашса, батаҳқиқ, у ниҳоятда собит бўлиб қолади. Бирор нарса уни тебратолмайди. Балки қўзғалмайдиган тоғларнинг собитлиги каби собит-(мустаҳкам) бўлади. Авзоий роҳимаҳуллоҳга иймон зиёда бўладими дея савол берилди. У киши: «Ҳа, ҳатто тоғ каби бўлади», дедилар. «Нуқсонлашадими?», дейилди. У киши: «Ҳа, ҳатто ундан бирор нарса қолмайди», дедилар.
  • Хурмо дарахти барча ерда ҳам ўсавермайди. Балки фақат тупроғи тоза, муайян ерлардагина ўсади. У баъзи ўринларда мутлақо ўсмайди. Баъзи ўринларда ўсади, бироқ мева бермайди. Баъзи ерларда эса мева беради, бироқ меваси заиф бўлади. Ернинг бари ҳам хурмо дарахтига муносиб келавермайди. Иймоннинг шаъни ҳам худди шундай. У барча қалбда ҳам собит бўлавермайди. Балки Аллоҳ таоло ҳидоятни китобат қилган, ҳамда унинг кўнглини иймонга очиб қўйган қалбдагина собит бўлади. Қалблар турли тафовутдаги идишлар бўлиб, баъзиси баъзисидан қараганда (иймонни ўзида зиёда) сиғдирувчироқ бўлади.
  • Хурмо дарахти оятда пок-(яхши) дарахт дея сифатланди. Бу эса кўриниши, сурати, шакли, ҳушбўйлиги, мева ва манфаати яхши эканидан кўра умумийроқдир. Шунингдек мўмин киши ҳам, унинг энг олий сифати ишларининг барида, барча ҳолатларида, зоҳири, ботини, ички ва ташқи оламида пок-(яхши) эканлигидир. Шу сабабли мўминлар жаннатга кирганларида унинг посбонлари уларга шундай деган ҳолатда қарши оладилар: «Сизларга тинчлик-омонлик бўлсин! Хуш келдингиз! Бас унга мангу қолгувчи бўлган ҳолларингизда кирингиз» (Зумар: 73). Аллоҳ таоло шундай деди: «Улар (ширк ва исёндан) пок бўлган ҳолларида, фаришталар уларнинг жонларини олар эканлар: «Сизларга тинчлик-омонлик бўлгай. (Энди) қилиб ўтган амалларингиз сабабли жаннатга кирингиз», дерлар» (Наҳл: 32).
  • Хурмо дарахти юқоридаги Ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг ҳадисларида айтилганидек ундан нимаики олсангиз, албатта, фойда кўрасиз. Хурмо дарахтидаги барча нарса фойдалидир. Мўмин кишининг ҳам биродар ва ҳамсуҳбатларига нисбатан ҳолати худди шундай. Унда фақат олий хулқ, гўзал одоб, яхши муомала, ҳамда ҳамсуҳбатига насиҳат-(холис туришлик) ва уларга яхшиликни улашиш кўринади холос. Уларга ундан бирор зарар етмайди. Балки уларга ундан фақат фойдали нарсагина етади.
  • Сўнг эса хурмо дарахтининг қалби унинг энг юқори шохларидир. У қалбларнинг энг пок ва тотлисидир. Зотан унинг таъми тотли ва шириндир. Шунингдек, мўминнинг қалби қалбларнинг энг пок ва энг гўзалидир. Фақат яхшиликни кўтариб, тўғри-(устивор) бўлишлик, салоҳият ва омонликдан ўзга нарсани ичида сақламайди.
  • Хурмо дарахтининг меваси оламдаги меваларнинг энг фойдалиси бўлиб, унинг шундай бир тотли таъми борки, бирор ҳаловат унга яқинлашолмайди. Шунингдек, иймоннинг ҳам ҳаловати, лаззати бўлиб, уни фақат соғлом иймонгина тотиб кўра олади. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Уч нарса борки, кимда шулар бўлса иймон ҳаловатини топади: Аллоҳ ва Расули унга ундан бошқалардан севимлироқ бўлишлиги. Бирор бир кишини фақат Аллоҳ учунгина яхши кўришлиги. Куфрга қайтишликни дўзахга улоқтирилишини ёмон кўргандек ёмон кўришлиги» (Бухорий (16), Муслим (43)).
  • Сўнг хурмо дарахтларининг ўртасида шакл, нав ва мевасида улкан тафовут мавжуддир. Хурмо дарахтларининг барчаси ҳам чирой ва афзал бўлишда бир поғонада эмас. Балки улар ўратсида ўзаро катта тафовут ва фарқ мавжуд. Мўминлар орасидаги ҳолат ҳам худди шундай. Мўминлар иймонда тафовутлидирлар. Иймонда бир даражада эмаслар. Балки ўрталарида катта тафовут ва ўзаро афзаллик бор. Аллоҳ таоло айтганидек: «Сўнгра Биз бу Китобга бандаларимиздан Ўзимиз танлаган зотларни (яъни сизнинг умматингизни) ворис қилдик. Бас уларнинг орасида (Қуръонни ўқиса-да, унга амал қилмайдиган) ўз жонига жабр қилгувчи ҳам бор, уларнинг орасида ўртача амал қилгувчи ҳам бор ва уларнинг орасида Аллоҳнинг изну иродаси билан мудом яхшиликларга шошилгувчи ҳам бордир. Ана ўша (яъни Қуръонга ворис бўлиш Аллоҳнинг) катта марҳаматидир» (Фотир: 32).
  • Хурмо дарахтининг умри узайгани сари яхшилиги зиёда бўлиб, меваси сифатли бўлиб боради. Шунингдек, мўмин ҳам умри узайса яхшилиги зиёдалашиб, амали гўзал бўлиб боради. Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳудан ривоят, Аъробий шундай деди: «Эй Росулуллоҳ, одамларнинг яхшиси ким?» У киши: «Умри узун бўлиб, амали гўзал бўлганидир», дедилар (Термизий (2329), Албоний роҳимаҳуллоҳ «Соҳиҳ Сунан ат-Тирмизий» (1898)да саҳиҳ санадилар).

Ана шулар мўмин киши билан хурмо дарахти орасидаги баъзи ўхшашликлар эди. Буларни чуқур мулоҳаза қилиш билан мўминнинг қалби тирилиб, иймони зиёда, ишончи кучайиб, Раббисига шукр ва мақтови улканлашади. Аллоҳ таоло шундай деди: «(Эй инсон), Аллоҳ яхши сўзга (яъни, иймон калимасига) қандай мисол келтирганини кўргин: у сўз худди бир асил дарахтга ўхшайдики, унинг илдизи (ер остига) маҳкам ўрнашган, шохлари эса осмонда бўлиб, Парвардигорининг изни-иродаси билан мудом мева берур. Аллоҳ одамлар эслатма-ибрат олишлари учун мана шундай мисоллар келтирур» (Иброҳим: 24-25).

Юрорида ўтганлардан маълум бўладики, иймон – муборак, улкан самарали, мўл-кўл фойдали ва сермаҳсул бир дарахт бўлиб, унинг ўзига хос ўтқазиладиган-(экиладиган) макони, ўзига хос суғоруви, илдизи, шох ва мевалари бор:

Маконига келсак, у мўминнинг қалби бўлиб, унга иймон уруғи ва илдизи қадалади. Ва ундан шох-шаббалари буталайди.

Суғорувига келсак, у Аллоҳнинг Китоби ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Суннати бўлмиш очиқ-ойдин ваҳийдир. Ушбу дарахт ана шулар билан суғорилади. Унинг ҳаёт ва унуми фақат ана шу биландир.

Илдизига келсак, у иймоннинг олти асосидир. Энг олийси Аллоҳ таолога иймон келтирмоқликдир. У ушбу муборак дарахт илдизларининг (йўғон-бош) илдизидир.

Шох-шаббаларига келсак, у мўмин киши адо этадиган солиҳ амал, турли-туман тоат-ибодатлардир.

Мевасига келсак, мўмин дунё-ю охиратда эришадиган барча яхшилик ва саодатдир. У иймонинг меваларидан бир мева ва натижаларидан бир натижадир.

Биз саховатли Аллоҳдан қалбларимизда ушбу муборак дарахтни катта ҳажмда ўстиришини, бизни Ўзининг мўмин, муттақин бандаларидан қилмоғини ва ишларимизнинг барини ислоҳ қилмоғини сўраймиз. Албатта У сўралгувчиларнинг яхшиси, умид қилинувчиларнинг афзалидир.

Мақоланинг асл манбаси: http://www.al-badr.net/web/index.php?page=article&action=article&article=73

 

Манба: Тавҳид форуми

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan