Жума куни дуо ижобат бўладиган соат борасидаги тафсилот

Жума куни дуолар ижобат бўладиган соат борасидаги тафсилот

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, у зотнинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг …

Уламолар жума куни дуо ижобат бўлиш соатини чеклаш борасида кўплаб ихтилофларга боришди. Ушбу қовлларнинг далил жиҳатидан энг қувватлиси:

У жума азони билан намоз тугаши орасидаги соатдир. Шунингдек, асрдан кейин қуёш ботгунгача бўлган соатдир. Ушбу икки вақтнинг ҳар бирини суннатдан далиллари мавжуд ва илм аҳли айтиб ўтган қовллардир.

а) Биринчи соатнинг далилига келсак, у Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳунинг ҳадисларидир: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни – жума кунги ижобат соати ҳақида – шундай деяётганларини эшитдим: «У имом ўтириши билан намоз тугаши орасидир»» (Муслим (853)).

Ушбу сўзни айтганлар кўпчиликдир. Ҳофиз Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Салафлар қай бири рожиҳ экан дея ихтилоф қилишди. Байҳақий Абул Фазл Аҳмад ибн Салама ан-Найсабурийнинг йўлига кўра ривоят қилади, Муслим шундай деди: Абу Мусо (розияллоҳу анҳу)нинг ҳадиси ушбу бобдаги энг сара ва энг саҳиҳидир. Буни Байҳақий, Ибнул Аробий ва бир жамоа айтиб ўтишган. Қуртубий шундай деди: Ушбу ихтилоф ўрнидаги ҳужжат бўлиб, ундан ўзгасига аҳамият қаратилмайди. Нававий шундай деди: У саҳиҳ, балки тўғрисидир. Ҳамда «Ровдо»да у тўғриси эканини қатъий айтди. Ва яна аниқ «Марфуъ» (ҳадис) эканини рожиҳ деб айтди, ҳамда икки саҳиҳнинг бирида деди» («Фатҳул Борий» (2/421)).

б) Иккинчи соатнинг далилига келсак, Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумонинг ҳадисларидир, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Жума куни ўн икки соат бўлиб, ушбу (соатлар)да мусулмон банда Аллоҳдан бирор нарса сўраса, албатта унга уни (сўраганини) беради. Уни асрдан кейинги охирги соатда изланглар» (Абу Довуд (1048), Насоий (1389), Албоний «Саҳиҳ Аби Дауд»да ва Нававий «Мажмуъ» (4/471)да саҳиҳ санадилар).

Ушбу қовлни айтувчилар ҳам кўпчиликдир. Хоссатан икки саҳоба Абу Ҳурайра ва Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳумолар. Ҳофиз Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Бошқалар эса Абдуллоҳ ибн Салом (розияллоҳу анҳу)нинг сўзларини рожиҳ деган фикрга борди. Термизий Аҳмаддан шундай деганини ҳикоя қилади: Кўплаб ҳадислар шунга (далолат қилади). Ибн Абдулбарр шундай деди: Албатта у ушбу бобда энг собитидир. Саъид ибн Мансур Абу Салама ибн Абдурроҳмангача бўлган саҳиҳ иснод ила ривоят қилади: Саҳобалардан бўлган (бир қанча) кишилар жамланиб, жума кунги (ижобат) соатини ўзаро ёдга олдилар. Сўнг ажралишди-(тарқалишди). Ва у жума кунининг охирги соати эканида ихтилоф қилмадилар. Аҳмад, Исҳоқ ва моликийлардан Туртушийлар каби кўплаб имомлар ушбу қовлни рожиҳ дедилар. Алоний шайхи Ибн аз-Замлаканийдан – ўз вақтида шофъеийларнинг шайхи бўлган – ушбу қовлни ихтиёр қилганини ҳикоя қилади. Ва Шофеъийнинг ҳам айни қовлини зикр қилди» («Фатҳул Борий» (2/421)).

Ушбу икки соатнинг ҳар бирида дуо ижобат қилиниши умид қилинади.

«Имом Аҳмад шундай дедилар: Дуо ижобат бўлиши умид қилинадиган соат борасидаги кўплаб ҳадислар: у аср намозидан кейин ва қуёш заволдан оғгач умид қилинишини (кўрсатади)» Буни Термизий у кишидан нақл қилди («Сунан Термизий» (2/360)).

Ибнул Қоййим роҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Менинг наздимда: намоз ўқиладиган соат ҳам ижобат бўлиш умид қилинадиган соатдир. Иккиси ҳам ижобат қилиниш соатидир. Агар хос вақт асрдан кейинги соат бўлса, бас, у куннинг олдинга ҳам кейинга ҳам сурилмайдиган муайян соатидир. Намоз ўқиладиган соатга келсак, у намозга тобедир. Аввалга ёки кейинга сурилади. Чунки мусулмонлар тўпланиб, намоз ўқиб, тавба-тазарруъ ва Аллоҳга илтижо қилишликлари (дуо) ижобат бўлишида ўз таъсирига эгадир. Демак, улар тўпланган вақти ижобат қилиниш умид этиладиган соатдир.

Ҳадисларнинг бари шундай мувофиқлашади. Ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларини ушбу икки соатда дуо ва Аллоҳга ёлборишга тарғиб қилдилар» («Задул Маъад» (1/394)).

Шайх Абдулазиз ибн Боз роҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Муслимнинг баъзи ривоятларида «Жума куни имом минбарга ўтирганидан намоз тугагунгача бўлган вақт» дея ворид бўлган. Муслимнинг саҳиҳларида Абу Мусонинг «Марфуъ» ҳадисларида шундай ворид бўлган. Баъзилар бунинг иллатини кўрсатиб, у Абу Бурда ибн Абу Мусонинг сўзи бўлиб, (санади) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламгача етмагандир дейишди. Тўғриси эса унинг (санади) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламгача боради. Яна Жобир ибн Абдуллоҳ ва Абдуллоҳ ибн Салом (розияллоҳу анҳумо)дан, у аср намози билан қуёш ботиши орасидаги (вақт) экани ворид бўлган. Баъзи ҳадисларда эса у жума кунининг охирги соати экани ворид бўлган. Буларнинг бари саҳиҳ бўлиб, ўзаро зиддият йўқдир. Энг авло ва умид қилинадиганроғи (имом) минбарга ўтириши билан намоз тугагунгача бўлган вақтдир. Ҳамда асрдан кейин қуёш ботгунгача бўлган вақтдир. Ана шу вақтлар ижобат соати экани умид қилинадиганроғидир. Жума кунининг қолган вақтларининг бари дуо ижобат этилиши умид қилинади. Бироқ энг умид қилинадиганроғи имом минбарга ўтирганидан намоз тугагунгача бўлган вақт, ҳамда юқорида ўтганидек аср намози билан қуёш ботгунгача бўлган вақтдир. Жума кунги қолган соатлар ҳам бу борада ворид бўлган баъзи ҳадисларнинг умум (далолат)ига кўра ижобат қилиниши умид қилинади. Жума куни ушбу муборак соатга мувофиқ келиб қолиш умидида дуони кўпайтиришлик лозим бўлади. Бироқ ҳозиргина зикр қилинган уч вақтдан унумли фойдаланиб қолишга кўпроқ аҳамият қаратиш лозим бўлади. Чунки Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам буларни ижобат қилиниш соати дея айтиб кетдилар» («Фатава шайх Ибн Баз» (12/401-402)).

Шайх Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин роҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Жума куни ижобат қилиишга энг умид қилинадиган соат намоз вақтидир. Бунинг бир қанча сабаблари бор:

Биринчидан: Чунки у Муслимнинг саҳиҳларида Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳунинг ҳадисларида ворид бўлган.

Иккинчидан: Мусулмонларнинг бир ибодатда, бир бошлиқ, яъни, имом ортида жамланишлари, ушбу жамланиш ижобат қилинишга яқинроқ бўлади. Шу сабабли ҳам Арафа куни мусулмонлар Арафа тепалиги-(тоғи)да тўпланишганда Аллоҳ азза ва жалла дунё осмонига улар билан малоикаларига фахрланиш-(мақтаниш) ва дуоларини ижобат қилиш учун тушади. Эй биродарим, шу сабабли ушбу вақтда дуо қилишга ҳарис бўл. У жума кунги намоз вақтидир. Бироқ ушбу вақт қачон кириб, қачон чиқади? Имом кириб келиб, намоз тугагунгача киради. Ҳозир эса қачон дуо қилишимиз мумкинлиги ҳақида гаплашамиз. Имом кириб келиб, (масжиддагиларга) салом беради. Кейин эса азон айтилади. Азон давомида эса дуо йўқ, унда муаззинга жавоб қайтарилади. Азондан кейин дуо мавжуд. Азон билан хутба ўртасида дуо мавжуд. Азондан кейин шундай дейсиз: «Аллоҳумма Робба ҳазиҳи ад-даъваҳ, воссолатул қоима. Аати Муҳаммаданил василата вал фазилаҳ. Вабъасҳу мақомам маҳмуданиллазий ваъадтаҳ» (Маъноси: Аллоҳим, ушбу мукаммал чорлов-(чақириқ) ва қоим қилинмиш намознинг Рабби, Муҳаммадга васила ва фазилат бергин, ҳамда уни Ўзинг ваъда қилган мақталган мақомга кўтаргин). Сўнг хоҳлаганингча дуо қиласан. Модомики хатиб хутбани бошламаган экан, бас, сен бўшсан. Шундай экан хоҳлаганингча Аллоҳга дуо қил. Шунингдек, яна икки хутба ўртасида дунё ва охират яхшиликларини сўраб Аллоҳга дуо қиласан. Шунингдек, яна намоздаги сажда аснонида: «Банда Раббисига энг яқин бўладигани саждада эканлигидадир». Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит бўлганидек. Раббинга энг яқин бўладиган ҳолатинг саждада экалигингдадир…

Бироқ намозда иккинчи дуо қилиш ўрни борми? Ибн Масъуднинг ҳадисларида ворид бўлганидек ташаҳуддан кейин мавжуд. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ташаҳҳудни ёдга олганларидан сўнг ундан кейин шундай дедилар: «Сўнг хоҳлаган дуосини ихтиёр қилсин». «Хоҳлаган» калимаси усул ал-фиқҳ уламолари наздида умумни ифодалайди.

Ҳозир бизнинг олдимизда жума кунги намоз вақтидаги ижобат соатида бир қанча дуо қилиш ўринлари мавжуд бўлди. Эй биродарим, фурсатдан унумли фойдаланиб қолинг. Жума намозидаги дуо қилиш фурсатинидан фойдаланиб қолинг. Шояд ижобат қилиниш соатига мувофиқ келиб қоларсиз.

Бу ўринда яна шу куннинг ўзида ижобат қилиниш умид этиладиган бир соат бор. У – асрдан кейин қуёш ботгунгачадир. Бироқ ушбу қовл баъзи уламоларга тушунарсиз бўлиб қолди. Айтдики: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Намозда қоим бўлган ҳолатида», дедилар. Асрдан кейин эса намоз йўқ. Уламолар уларга шундай жавоб бердилар: айтишдики: намозни кутиб турувчи намоз ўқувчи ҳукмидадир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу қовлларига биноан: «Модомики намозни кутар экан, намозда давом этибди»» («Дурус ва фатава ал-Ҳаром ал-Маданий 1416 ҳ»).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу: «Намозда қоим бўлган ҳолатида» қовлларига келсак, аср намозидан кейин намоз вақти йўқ. Демак, бу ўринда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салланинг: «Намозда қоим бўлган ҳолатида» қовлларининг маъноси борасида икки эҳтимол мавжуд:

а) У ўтириб, намозни кутиш маъносида бўлишлиги. Чунки ушбу ҳолат шаръан намоз деб аталади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай дедилар: «У кишига – яъни, Абдуллоҳ ибн Саломга – дедим: «Менга у ҳақда хабар беринг». Абдуллоҳ ибн Салом шундай дедилар: «У жума кунининг охирги соатидир». Мен: «У қандай жума кунининг охирги соати бўлсин? Дарҳақиқат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Мусулмон банда намоз ўқиб турган ҳолда унга мувофиқ келиб қолса…» деганлар. Ушбу соатда намоз ўқилмайди-ку?», дедим. Абдуллоҳ ибн Салом шундай дедилар: «Ахир Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай демаганмилар?: «Кимда-ким бирор ўринда намозни кутиб ўтирса, бас, у намоз ўқигунча намоздадир». Мен: «Албатта», дедим. У киши: «У шундай», дедилар» (Термизий (491), Абу Довуд (1046), Насоий (1430), Албоний «Саҳиҳ Аби Давуд»да саҳиҳ санадилар).

б) Унинг маъноси дуо бўлиш эҳтимоли ҳам бор. Чунки намознинг луғавий маъноси дуодир.

Бадриддин ал-Айний шундай дедилар: «Бу эса намоздан мурод дуо эканига далилдир. Қиём эса буни лозим тутиб, бардавом бўлишликдир. Қиёмнинг ҳақиқати эмас» («Умдатул Қорий шарҳ Бухорий» (6/242)).

Шунга кўра «Намозда қоим бўлган ҳолатида»нинг маъноси: Дуони лозим тутган ҳолатда деган маънода бўлади.

Кимда-ким жума куни аср намозидан кейин ижобат вақтига риоя қилмоқчи бўлса, бас, бунинг бир қанча суратлари мавжуд. Шулардан:

1. Асрдан кейин масжиддан чиқмай дуо қилиб қолади. Хоссатан асрдан кейинги (куннинг) охирги соатига алоҳида аҳамият беради. Бу энг олий манзилатдир. Саъид ибн Жубайр асрни ўқисалар то қуёш ботгунга қадар бирор киши билан гаплашмасдилар.

2. Шомдан бироз муддат аввал масжидга боришлиги. Таҳийятул масжид ўқиб, асрнинг охирги соатигача дуо қилади. Бу эса ўрта манзилатдир.

3. Бирор ўринда – уйи ёки бошқа ерда – ўтириб, асрнинг охирги соатигача Раббисига дуо қилади. Бу эса энг қуйи манзилатдир.

Шайх Абдулазиз ибн Бозга қуйидагича савол берилди: Жума кунининг охирги соатида Аллоҳга дуо қилиб, (истагини) сўрашликни хоҳлаган киши учун аср намозини ўқиган ўрнида бўлишлиги лозим бўладими ёки ўз манзили ёҳуд бошқа масжидда ҳам бўлаверадими?

Роҳимаҳуллоҳ шундай жавоб бердилар: «Ҳадисларнинг зоҳири мутлақ (суратда ворид бўлган). Кимда-ким ижобат вақтида дуо қилса унга жума кунининг охирги соатида ижобат қилиниши умид этилади. Бироқ шом намозини ўқимоқчи бўлган масжидида намозни кутиб ўтирса, бас, бу энг авлосидир. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Намозда қоим бўлган ҳолатида». Бухорий ривояти. (Намозни) кутиб ўтирувчи намоз ўқувчи ҳукмидадир. Шунда намоз ўқиладиган ўрнида бўлишлиги ижобат қилиниши учун умид қилинадиганроқдир. Демак, намозни кутаётган киши намоз ўқувчи ҳукмидадир. Агар касал бўлиб, буни уйида қилса хараж-(танглик) йўқ. Ёки аёл киши уйида ўтириб, намозгоҳида шом намозини кутса ёҳуд касал намоз ўрнида жума куни аср вақтида(н бошлаб) дуо қилса унга ижобат қилинишлиги умид этилади. Ана шу машруъдир. Агар дуо илинжида шом намозини ўқимоқ истайдиган масжидига эрта қасд қилиб борса, бас, ўтириб намозни кутади ва дуо қилади» («Фатава Шайх Ибн Баз» (30/270-271)).

Валлоҳу Аълам.

Аллоҳ Пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Манба: Тавҳид форуми

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan