Қуръон ва саҳиҳ суннатга асосланган
ИСЛОМ АҚИДАСИ
Муҳаммад ибн Жамил Зайну
Таржимонлар:
Абу Сумайя Қудратуллоҳ Ғуломжон ўғли
ва
Абу Зикруллоҳ Абдулборий Абдулвосеъ ўғли
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Ягона Аллоҳнинг ўзигагина ҳамду-санолар бўлсин, сўнгги пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга дуолар бўлсин.
Аммо бад:
Ассалому алайкум аҳли ислом биродарлар. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг изни билан қўлингиздаги ушбу китобни араб тилидан замонавий ўзбек тилига таржима қилишга муяссар бўлдик. Қуръони карим оятларининиг таржимасида Алоуддин Мансурнинг ўзбекча изоҳли таржимасидан фойдаландик.
Бу китоб маккалик биродаримиз, устоз Жамил Зайнунинг қаламига мансуб бўлиб, «Ислом ақидаси» деб номлангандир. Китобдаги мавзуларга бирма-бир эргашар эканмиз, мусулмон кишисини Аллоҳга ширк келтириш ва ибодатларни Аллоҳдан ўзгага сарфлаш каби катта хатолардан асраши, ҳамда инсонни қандай амаллар қилса Парвардигорига яқин бўлиш йўлларини ўргатиб, соғлом ақида сари ундашининг гувоҳи бўламиз. Китобга мурожаат қилар эканмиз, мақсадларимиз янада равшан бўлади.
Сўзимизнинг сўнггида яна бир бор яратган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар айтамиз. Барчамизни Ўзининг саҳиҳ ақидасида собит қадам қилсин.
Таржимондан.
Мадинаи Мунаввара шаҳри,
ҳижрий: 13-17 рамазон, 1416-йил.
мелодий: 1-5 феврал, 1996-йил.
СЎЗ БОШИ
Аллоҳ таолога мақтовлар бўлсинки, ҳамду саноларни у Зотнинг Ўзигагина айтиб, Унинг Ўзидангина мадад тилаймиз ва Унинг Ўзигагина узрлар айтамиз. Ҳамда нафсимизнинг ёмонлиги ва хато ишларимизда Унинг Ўзидан паноҳ истаймиз. Аллоҳ кимники тўғри йўлга йўлласа, ҳаргиз адашмагай, кимники Аллоҳ адаштирса, ҳаргиз ҳидоят топмагай ва гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир ва Унинг шериги йўқдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг бир бандаси ва элчисидир.
Аммо баъд:
Бу китобдаги жавоб берилган саволлар ниҳоятда муҳим бўлиб, Қуръони карим ва ҳадиси шарифдан олинган далилларга асослангандир. Бу аниқ жавоблар билан албатта ўқувчининг қалби таскин топгай. Чунки тавҳид ақидаси – Аллоҳни ягона деб билиш – инсонни дунё ва охират саодатига эриштирувчи ягона асосдир. Аллоҳдан мусулмонларнинг бу китобдан истифода қилишиб, Ўзининг йўлида холис етмоғини илтижо қилиб қоламан.
Муаллифдан;
Маккаи Муккаррама шаҳри.
ИСЛОМ АСОСЛАРИ
Савол-1: Жаброил алайҳиссалом: Эй Муҳаммад, менга ислом ҳақида хабар бергин, деб сўради.
Жавоб-1: Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдиларки, Ислом беш нарсадан иборатдир:
1. Аллоҳ таолонинг ягоналигига – ибодат ёлғиз Унинг Ўзигагина лойиқлигига ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳнинг элчиси эканлигига гувоҳлик бермоғинг.
2. Намозни тўла-тўкис адо этмоғинг.
3. Закот чиқармоғинг – қачонки бир мусулмон одам 85 гр олтин миқдорида бойликка эга бўлса, бир йил ўтгандан сўнгра закотини беради.
4. Рўза тутмоғинг – рўза инсоннинг бомдоддан то шомгача емоқ-ичмоқлик ва жинсий алоқада бўлишликдан манъ этади.
5. Агар қодир бўлсанг ҳаж қилмоғинг (Имом Муслим ривояти).
ИЙМОН АСОСЛАРИ
Савол-2: Жаброил алайҳиссалом: Эй Муҳаммад, менга иймон ҳақида ҳабар беринг, деб сўради.
Жавоб-2: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдиларки, Иймон олти нарсадан иборатдир:
1. Аллоҳ таолога иймон келтиришинг – У зот барча насаларнинг Яратувчиси ва ибодат Унинг Ўзигагина лойиқдир, ҳамда Унинг бир қанча исм-сифатлари бўлиб, бандаларининг сифатларига асло ўхшамас, деб чин қалбдан ишонмоғинг.
2. Аллоҳ таолониг фаришталарига чин қалбдан ишонмоғинг – улар нурдан яратилган бўлиб, ҳамиша Аллоҳ таолонинг амрини бажариш билан машғулдирлар.
3. Аллоҳ таолониг тушган китобларига чин қалбдан ишонмоғинг – бу китоблар: Таврот, Инжил, Забур ва Қуръони каримдир. Қуръони карим бошқа китобларга амал қилишни бекор қилган.
4. Аллоҳ таолониг пайғамбарларига чин қалбдан ишонмоғинг – бу пайғамбарларнинг аввали Нуҳ алайҳиссалом бўлиб, охири Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдир.
5. Қиёмат кунига чин қалбдан ишонмоғинг – бу кун инсонларнинг ҳисоб-китоб қилинадиган кундир.
6. Барча яхшилигу ёмонлик ишларини Аллоҳ таолонинг тарафидан деб чин қалбдан ишонмоғинг – бу дегани ҳар ишнинг бир сабаби бор, деб қўлдан келганча ҳаракат қилиш ва Аллоҳ таолонинг қадарига рози бўлишдир (Имом Муслим ривояти).
АЛЛОҲНИНГ БАНДАЛАРИДАГИ ҲАҚҚИ
Савол-3: Аллоҳ таоло бизни нима учун яратди?
Жавоб-3: Аллоҳ таоло бизни ёлғиз Ўзига ибодат қилмоғимиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмаслигимиз учун яратди.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Зориёт: 56).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ таолонинг ҳаққи Унга ибодат қилиб, ҳеч нарсани шерик қилмасликларидир» (Имом Бухорий ва имом Муслим ривоятлари).
Савол-4: Ибодат нимадир?
Жавоб-4: Ибодат Аллоҳ таоло яхши кўрадиган амаллардир. Масалан: дуо, намоз ва Аллоҳ таолога итоат қилишлар.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«Айтинг: (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Албатта, намозим, ибодатларим, ҳаёту мамотим бутун оламларнинг Парвардигори бўлмиш Аллоҳ учундир» (Анъом: 162).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Бандамнинг фарз амалларини бажармоғи сўзсиз Мен яхши кўрган нарса орқали яқинлашмоғидир» (Ҳадиси Қудсий, имом Бухорий ривоятлари).
Савол-5: Аллоҳ таолога қандай ибодат қиламиз?
Жавоб-5: Аллоҳ ва Унинг пайғамбари буюрганидек ибодат қиламиз.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«Эй мўминлар, Аллоҳга итоат этингиз ва пайғамбарга итоат этингиз! Ва (куфр, ё мунофиқлик йўлига кириш билан қилган) амалларингизни ботил-бефойда қилиб қўйманглар!» (Муҳаммад: 33).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимки биз буюрмаган бир ишни қилса, у иш номақбулдир» (Имом Муслим ривоятлари).
Савол-6: Аллоҳ таолога қўрққанимиз ёки Унинг неъматларидан умид қилганимиздан ибодат қиламизми?
Жавоб-6: Ҳа, ундан қўрқиб, умидвор бўлганимиздан ибодат қиламиз.
Далил: Аллоҳ таоло бандаларига буюрди:
«У зотга (азобидан) қўрқиб, (раҳматидан) умидвор бўлган ҳолингизда ибодат қилингиз!» (Аъроф: 56).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ таолодан жаннатни сўраб, дўзахдан паноҳ тилайман» (Имом Абу Довуд ривоятлари).
Савол-7: Эҳсон нимадир?
Жавоб-7: Исломда эҳсон дегани Аллоҳ таолони яқин деб билмоқдир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«У сизни ўзингиз (намоз учун) тураётган вақтингизда ҳам, сажда қилгувчилар (намоз ўқувчилар) орасида (имом бўлган ҳолингизда намоз рукнларининг биридан иккинчисига) кўчаётган (вақтингизда ҳам) кўриб турар» (Шуаро: 218-219).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Эҳсон – Аллоҳ таолони кўриб тургандек ибодат қилишингдир. Зеро, сен уни кўрмасангда, У сени кўриб туради» (Имом Муслим ривоятлари).
ТАВҲИД ТУРЛАРИ ВА УНИНГ ФОЙДАЛАРИ
Савол-8: Аллоҳ таоло пайғамбарларни нима учун юборган?
Жавоб-8: Аллоҳ уларни Ўз ибодатига даъват қилиш ва ширк келтиришдан қайтариш учун юборган.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«Аниқки, Биз ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва тоғутдан (шайтондан) йироқ бўлинглар», (деган ваҳий билан) бир пайғамбар юборганмиз» (Наҳл: 36).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Пайғамбарлар ўзаро биродардирлар… ва динлари ҳам бирдир» (Имом Бухорий ва имом Муслим ривоятлари).
Савол-9: «Тавҳидур-рубубия» нима дегани?
Жавоб-9: Аллоҳ таолони барча ишларида ягона деб билмоқдир. Масалан: Унинг тадбиркорлиги ва яратувчилигига ўхшаш. Чунки, Аллоҳ таолодан ўзга зот бундай коинотларни яратишга қодир эмасдир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«Ҳамду сано бутун оламлар ҳожаси Аллоҳ учундир» (Фотиҳа: 2).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Сен еру осмонлар Парвардигорисан» (Имом Бухорий ва имом Муслим ривоятлари).
Савол-10: «Тавҳидул-улуҳийя» нима дегани?
Жавоб-10: Аллоҳ таолони ибодатда ягона деб билишдир. Масалан: дуо қилиш, қурбонлик сўйиш, назр-ниёз, намоз ўқиш, умид қилиш ва ёрдам сўрашга ўхшаш.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«Тангрингиз ягона тангридир. У меҳрибон ва раҳмли тангридан ўзга ҳеч қандай тангри йўқдир» (Бақара: 163).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Одамларга қиладиган энг аввалги даъватларингиз Аллох таолонинг ягоналигига ва Ундан ўзга илоҳ йўқлигига гувоҳлик бериш бўлсин» (Имом Бухорий ва имом Муслим ривоятлари. Имом Бухорий ривоятларида: «Аллоҳнинг бирлигига» деган лафзда келади).
Савол-11: Аллоҳ таолонинг исм-сифатларидаги ягоналиги қандай?
Жавоб-11: Аллоҳ таоло Қуръони каримда ўзини қандай сифатлаган бўлса, ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳиҳ ҳадисларда У Зотни қандай сифатлаган бўлсалар, ушбу сифатларга иймон келтириб, У Зотни ўзимизга ўхшатмаслигимиз ва сифатларни инкор қилиб, маъноларини ўзгартирмаслигимиздир. Масалан: Аллоҳ таоло арш устидалиги, дунё осмонига тушиши ва Унинг қўли борлиги каби Аллоҳ таолони баркамол зот эканлигини англатадиган нарсалар.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир. У эшитгувчи ва кўриб тургувчидир» (Шўро: 11).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ таоло ҳар кеча дунё самосига тушади» (Имом Муслим ривоятлари).
«Дунё самоси»дан мурод ер устидаги осмондир. Бу тушиш Аллоҳ таолонинг Ўз буюклигига хос бўлиб, бандалари тасаввур қила олмайдиган даражададир.
Савол-12: Аллоҳ таоло қаерда?
Жавоб-12: Аллоҳ таоло осмонда, арши аъло устидадир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«Раҳмон (бўлган зот) Ўз аршига кўтарилди (истава)» (Тоҳа: 5). Имом Бухорий айтишларича, «истава»дан мурод кўтарилди ва юқори бўлди демакдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ таоло жамики нарсаларни яратишдан илгари бир китобни ёзди… Бу китоб унинг олдида арши аълодадир» (Имом Бухорий ривоятлари).
Савол-13: Аллоҳ таоло биз билан биргами?
Жавоб-13: Ҳа, Аллоҳ таоло эшитиши, кўриши ва илми ила биз билан биргадир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«(Аллоҳ) айтди: «Қўрқманглар. Шак-шубҳасиз Мен сизлар билан биргаман – эшитиб, кўриб турурман» (Тоҳа: 46).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Сизлар яқин, эшитгувчи зотга дуо қилаяпсизлар. У зот Ўз илми орқали сизлар билан биргадир» (Имом Муслим ривоятлари).
Савол-14: Тавҳиднинг фойдаси нимададир?
Жавоб-14: Тавҳиднинг фойдаси охират азобидан абадий сақланиш, бу дунёда тўғри йўл топиш ва гуноҳларни кечирилишига эришишдан иборатдир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«Иймон келтирган, ўз иймонларини зулм (ширк) билан аралаштирмаган зотлар — ана ўшалар хотиржам бўлгувчидирлар ва ўшалар ҳидоят топгувчидирлар» (Анъом: 82).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Бандаларнинг Аллоҳдаги ҳақлари Аллоҳ таолога ҳеч нарсани ширк қилмаганларни азобламаслигидир» (Имом Бухорий ва имом Муслим ривоятлари).
АМАЛНИНГ ҚАБУЛ БЎЛИШ ШАРТЛАРИ
Савол-15: Амалларнинг қабул бўлиш шартлари нимадир?
Жавоб-15: Аллоҳ таолонинг ҳузурида амалларнинг қабул бўлиш шарталари учтадир:
1. Аллоҳ таолога иймон келтириб, Уни ягона деб билмоқ.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«Албатта, иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун Фирдавс боғлари манзил бўлур» (Каҳф: 107).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ таолога иймон келтир ва ўзингни ўнгла!» (Имом Муслим ривоятлари).
2. Ихлос. Ихлос – ҳеч кимга сўзламай, риёсиз холис Аллоҳ таолога амал қилмоқдир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам), албатта Биз сизга бу Китобни ҳаққирост нозил қилдик, бас сиз Аллоҳга — У зот учун динингизни холис килган ҳолда ибодат қилинг!» (Зумар: 2).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимки ихлос билан «Лаа илаҳа илаллоҳ» деса, жаннатга киргай» (Имом Баззор ривоятлари).
3. Амални Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга келган буйруқларга мувофиқ ҳолатда бажариш.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«Пайғамбар ўзи сизларга ато этган нарсани олинглар, у зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар» (Ҳашр: 7).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимки биз буюрмаган ишни қилса, у иш номақбулдир» (Имом Муслим ривоятлари).
КАТТА ШИРК ВА УНИНГ ТУРЛАРИ
Савол-16: Катта ширк нимадир?
Жавоб-16: Катта ширк – ибодат турларидан биронтасини Аллоҳ таолодан ўзгага сарфламоқдир. Масалан: дуо қилиш, қурбонлик сўйиш ва шунга ўхшаш ишлардир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«Аллоҳни куйиб, сизга фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган нарсага илтижо қилманг! Бас, агар шундай қилсангиз у ҳолда албатта золимлардандирсиз!» (Юнус: 106). «Золим»лардан мурод мушрикдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Катта гуноҳларнинг ҳам каттаси Аллоҳ таолога ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш ва ёлғон гувоҳлик беришдир» (Имом Муслим ривоятлари).
Савол-17: Аллоҳ таоло ҳузурида энг катта гуноҳ қайсидир?
Жавоб-17: Аллоҳ таоло ҳузурида энг катта гуноҳ катта ширкдир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«Эсланг, Луқмон ўғлига панд-насиҳат қилар экан, деган эди: «Эй ўғилчам, Аллоҳга ширк келтирмагин! Чунки ширк келтириш катта зулмдир»» (Луқмон: 13).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан, гуноҳларнинг энг каттаси қайси, деб сўралганда айтдилар: «Сен ўзингни яратган Аллоҳ таолони шериги бор деб билишингдир» (Имом Бухорий ва имом Муслим ривоятлари).
Савол-18: Ширк мусулмонларда учрайдими?
Жавоб-18: Ҳа, мавжуддир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«Уларнинг кўплари Аллоҳга фақат мушрик бўлган ҳолларидагина иймон келтирадилар» (Юсуф: 106).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Умматларимдан бир неча қабилалар мушриклар билан қўшилишиб, бутпараст бўлиб кетмагунларича қиёмат қойим бўлмайди» (Имом Термизий ривоятлари).
Савол-19: Ўликлар ва ғойиб кимсалардан дуо талаб қилишнинг ҳукми нимадир?
Жавоб-19: Улардан дуо талаб қилиш ширкнинг энг каттасидандир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«Бас (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам), сиз Аллоҳ билан бирга бошқа бирон «илоҳ»га илтижо қилманг! Акс ҳолда азоблангувчи кимсалардан бўлиб қолурсиз» (Шуъаро: 213).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимки Аллоҳ таолодан ўзгадан ҳожатини сўраб Аллоҳга ширк келтирган ҳолда ўлса, дўзахга киргай» (Имом Бухорий ривоятлари).
Савол-20: Дуо ибодатми?
Жавоб-20: Ҳа, дуо ибодатдир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«Парвардигорларингиз: «Менга дуо-илтижо қилинглар, Мен сизларга (қилган дуоларингизни) мустажоб қилурман», деди. Албатта Менга ибодат қилишдан кибр-ҳаво қилган кимсалар яқинда бўйинларини эгган ҳолларида жаҳаннамга кирурлар» (Ғофир: 60).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Дуо ибодатдир» (Имом Термизий ривоятлари).
Савол-21: Ўликлар дуони эшитадиларми?
Жавоб-21: Йўқ, эшитмайдилар.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам), сиз қабрлардаги кимсаларга (яъни ўлик дилларига) эшиттира олгувчи эмасдирсиз» (Фотир: 22).
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо дейди: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Бадрдаги мушрикларнинг ўликлари ташланган қудуқ устида туриб айтдилар: «Роббиларининг ваъда берган нарсани ҳақиқатдан кўргандирсизлар, энди?» Кейин айтдиларки: «Улар шу топда мен айтган сўзларимни эшитишади»».
Қачонки бу ҳадис Оиша разияллоҳу анҳога айтилганда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шу топда мен айтган нарсаларимни ҳақиқатдан ҳам билишади», дедилар – дедида: «Сиз ўликларга эшитдира олгувчи эмасдирсиз» – оятини ўқиди.
Ҳадис ривоятчиси Қатода ибн Даома ас-Садусий: «Аллоҳ таоло уларни пайғамбарнинг сўзларини эшитишлари учун таҳқирланган, хасрат-надомат чеккан ҳолларида тирилтирди», дейди (Имом Бухорий ривоятлари).
Ҳадисни фойдаларидан:
1. Mушрик ўликларнинг эшитишлари вақтинчаликдир.
Далил: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Улар шу топда мен айтган сўзларимни эшитишади», деган гапларидир. Бундан тушуниладики, бундан кейин эшитишмайди. Чунки, бу ишдан мурод юқоридаги Қатода айтган гапидир.
2. Оиша разияллоҳу анҳонинг Ибн Умар разияллоҳу анҳумо ривоятини инкор қилишидан англанадики, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «эшитишади», эмас, балки: «билишади», дедилар – «Сиз ўликларга эшитдира олгувчи эмасдирсиз» оятини далил келтирган ҳолда.
3. Қуйидаги ҳолатда Оиша билан Ибн Умар разияллоҳу анҳумларнинг ривоятларини мувофиқлаштиришимиз мумкин: Аслида ўликлар Қуръонда таъкидланганидек, гап эшитишмайди. Лекин мушрик ўликларнинг тирилтириб, гап эшитишлари, ҳадиснинг ривоятчиси Қатода таъкидлаганидек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизаларидандир, валлоҳу аълам.
КАТТА ШИРКНИНГ ТУРЛАРИ
Савол-22: Ўликлар ва ғайб кимсалардан мадад сўраса бўладими?
Жавоб-22: Йўқ, улардан ёрдам сўралмайди, балки мадад Аллоҳ таолонинг Ўзидангина сўралади.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«(Мушрикларнинг) Аллоҳни қўйиб, илтижо қилаётган бутлари бирон нарсани яратгувчи эмасдир, балки ўзлари яралгувчидирлар. (Улар) жонсиз ўликлардир. Ва улар (ўзларига сиғинаётган мушрикларнинг) қачон қайта тирилишларини ҳам сеза олмайдилар» (Наҳл: 20-21).
Аллоҳ таоло айтади:
«Ўшанда Парвардигорингиздан мадад тилаганингизда, У сизларга ижобат қилиб: «Мен сизларга кетма-кет келадиган минглаб фаришталар билан мадад берурман» деди» (Анфол: 9).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Эй ҳамиша тирик ва абадий бўлган зот! Сени раҳматингдан ёрдам сўрайман» (Имом Термизий ривоятлари).
Савол-23: Аллоҳ таолодан ўзгадан ёрдам-мадад сўраш мумкинми?
Жавоб-23: Йўқ, мумкин эмасдир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина мадад сўраймиз» (Фотиҳа: 5).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Агар бирон нарсани сўрасанг, фақат Аллоҳнинг ўзидангина сўрагин. Агар мадад тиламоқчи бўлсанг Аллоҳдангина мадад тилагин» (Имом Термизий ривоятлари).
Савол-24: Тириклардан мадад тиласа бўладими?
Жавоб-24: Ҳа, агар уларнинг кучлари етса ёрдам сўраймиз.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз» (Моида: 2).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Агар банда биродарининг ёрдамида бўлса, Аллоҳ таоло ҳам бу банданинг ёрдамидадир» (Имом Муслим ривоятлари).
Савол-25: Аллоҳ таолодан ўзгага назр-ниёз қилса бўладими?
Жавоб-25: Аллоҳ таолодан бошқага назр-ниёз қилса бўлмайди.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам) Имроннинг хотини: «Парвардигорим, мен қорнимдаги нарсани (ҳомилани дунё ишларидан) озод этиб, Сенга назр қилдим. Бас, (бу назримни Ўз даргоҳингда) қабул айла! Албатта Сен эшитгувчи, билгувчисан», деганини эсланг!» (Оли Имрон: 35).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Кимки Аллоҳ таолонинг тоатини қиламан деб назр-ниёз қилса қилаверсин. Энди кимки Аллоҳга гуноҳ бўладиган назр-ниёз қиламан деса, асло қила кўрмасин» (Имом Бухорий ривоятлари).
Савол-26: Аллоҳ таолодан ўзгага қурбонлик қилиш мумкинми?
Жавоб:26: Йўқ, мумкин эмасдир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«Бас, сиз Парвардигорингиз учун намоз ўқинг ва (жонлик) сўйиб-қурбонлиқ қилинг!» (Кавсар: 2).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Аллоҳдан ўзгага атаб қурбонлик қиладиган кишига Аллоҳнинг лаънати бўлсин!» (Имом Муслим ривоятлари).
Савол-27: Аллоҳ таолога яқинлашиш мақсадида қабрлар атрофида айланиш (тавоф қилиш) мумкинми?
Жавоб-27: Йўқ, мумкин эмас. Каъбанигина атрофида айланса (тавоф қилса) бўлади.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«Ва «Эски Уй»ни тавоф қилсинлар!» (Ҳаж:29).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Кимки етти марта Каъбани айланиб, икки ракат намоз ўқиса, бир қулни озод қилган миқдорда савоб олгай» (Имом Можа ривоятлари).
Савол-28: Сеҳрнинг ҳукми нима?
Жавоб-28: Сеҳр – куфрдир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«Балки одамларга сеҳр ўргатадиган шайтонлар кофир эдилар» (Бақара: 102).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Еттити ҳалокатга йўлиқтирадиган нарсалардан ўзларингни тийинглар! Улар: Аллоҳ таолога ширк келтирмоқ, сеҳр … лардир» (Имом Муслим ривоятлари).
Савол-29: Фолбинлар билан парихонларга ишонса бўладими?
Жавоб-29: Йўқ, уларга ишониш мумкин эмас.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«Айтинг: «Осмонлар ва ердаги бирон кимса ғайбни билмас, магар Аллоҳгина (билур)»» (Намл: 65).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Кимки фолбин ёки париҳоннинг олдига келиб, унинг айтган гапларига ишонса, Муҳаммадга келган динга кофир бўлибди» (Имом Аҳмад ривоятлари).
Савол-30: Бирон одам ғайбни биладими?
Жавоб-30: Йўқ, ғайбни Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билммайди.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«Ғайб очқичлари Унинг ҳузуридадирким, уларни ёлғиз Ўзигина билур» (Анъом: 59).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Ғайбни Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билммайди» (Имом Термизий ривояти).
Савол-31: Исломга зид бўлган қонунларга амал қилишнинг ҳукми нима?
Жавоб-31: Исломга зид бўлган қонунларга амал қилиш, агар уни бўлверади ёки тўғри деб эътиқод қилса куфрдир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган дин билан ҳукм қилмас экан, бас, улар кофирлардир» (Моида: 4).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Бошқаларингиз Аллоҳдан келган нарсаларга кўнгиллари тусаганча ва ўз билармонлик амал қилишиб, Аллоҳнинг Қуръони ила ҳукм чиқармас эканлар, Аллоҳ уларнинг ўрталарида мусибат ҳосил қилиб қўйгай» (Ибн Можа ривояти).
Савол-32: Аллоҳ таолони ким яратган?
Жавоб-32: Агар шайтон бирортангизни ушбу савол билан васваса қилса, «Аъузу биллаҳиминаш шайтонир рожийм» деб, Аллоҳ таолодан паноҳ сўрасин!
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«Агар сизни шайтон томонидан бирон васваса йўлдан оздириб (мазкур хислат эгаси бўлишдан қайтармоқчи бўлса) у ҳолда Аллоҳдан паноҳ сўранг. Зеро У эшитгувчи, билгувчи зотдир» (Фусиллат: 36).
Шунингдек биз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўргатганларидек ўзимизни шайтоннинг ҳийласидан асраймиз ва: «Аманту биллаҳи ва русулиҳ, Аллоҳу аҳад, Аллоҳус сомад, лам ялид валам юлад валам якун лаҳу куфуван аҳад», деймиз. Сўнгра чап томонга уч марта тупуриб, шайтонинг васвасасидан паноҳ сўраб, бировга оғиз очмаймиз.
Маъноси: «Аллоҳ таолога ва пайғамбарига иймон келтирдим. Аллоҳ таоло ягонадир. Аллоҳ ҳеч кимга муҳтож эмасдир. У туғмаган ва туғулмагандир. Ҳеч ким У Зотга тенг эмасдир» (Имом Бухорий ва имом Муслим ривоятлари).
Яна шу нарсани айтишимиз шартки: Аллоҳ таоло яратгувчидир, Яратилган эмасдир. У Зот ягонадир. Ундан олдин ҳеч нарса бўлган эмас.
Далил: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Парвардигоро, Ўзинг аввалдирсан. Сендан аввал ҳеч нарса бўлмаган» (Имом Муслим ривоятлари).
Савол-33: Исломдан олдин мушрикларнинг ақидаси қандай бўлган?
Жавоб-33: Улар Аллоҳ таолога яқин бўлиш мақсадида ва шафоат талаб қилиб, авлиёлардан ҳожатларини сўрашар эди.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«У зотдан ўзга «дўстлар»ни («худо») қилиб олган кимсалар: «Биз (ўша «худо»ларимизга) фақат улар бизни Аллоҳга яқин қилишлари учунгина ибодат қилурмиз», (дерлар)» (Зумар: 3).
Аллоҳ таоло айтади:
«Улар Аллоҳни қўйиб, ўзларига зиён ҳам, фойда ҳам етказа олмайдиган нарсаларга ибодат қиладилар ва: «Ана шу нарсалар Аллоҳ ҳузурида бизларнинг оқловчиларимиз», дейдилар» (Юнус: 18).
Ҳозирги кунда баъзи мусулмонлар юқоридаги ишларни мушрикларга ўхшаб қилмоқдалар.
Савол-34: Аллоҳ таолога ширк қилишдан қандай қилсак қутиламиз?
Жавоб-34: Қуйидаги нарсалардан ўзимизни тийсак, Аллоҳ таолога ширк келтиришдан қутила оламиз.
Парвардигоримизга хос бўлган ишларда Уни шериги бор деб билиш. Масалан, Аллоҳ таолодан ўзга ҳам бу оламни бошқариб турувчи зотлар бор деб эътиқод қилишга ўхшаш.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтинг: «Ким сизларга осмон ва заминдан ризқ берур ёки ким қулоқ-кўзларингизга эгалик қилур?! Ким ўликдан тирикни чиқарур ва тирикдан ўликни чиқарур, ҳамда ким барча ишларни тадбир қилиб турур?!» Улар албатта: «Аллоҳ», дейдилар» (Юнус: 31).
Ибодатда ширк келтириш. Масалан, пайғамбар ва авлиёлардан ҳожатларини сўраб дуо қилишга ўхшаш.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, динингиздан қайтишингизни талаб қилаётган кофирларга) айтинг: «Мен ёлғиз Парвардигоримгагина дуо-илтижо қилурман ва У зотга бирон кимсани шерик қилмасман»» (Жин: 20).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Дуо – ибодатдир» (Имом Термизий ривояти).
Аллоҳнинг сифатларида ширк келтириш. Масалан, пайғамбарлар ва авлиёлар ғайбни билишади деганга ўхшаш.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«Айтинг: «Осмонлар ва ердаги бирон кимса ғайбни билмас, магар Аллоҳгина (билур)»» (Намл: 65).
Аллоҳ таолони бандаларига ўхшатиш. Масалан, подшоҳнинг ҳузурига бировнинг воситасисиз киролмаганидек, Аллоҳ таолодан бирон одам воситсидагина ҳожатимни сўрай оламан, деганга ўхшаш. Бу иш – яратгувчи зотни яратилган нарсаларга ўхшатиш – ширкдир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир» (Шўро: 11). Бу нарсани Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти қувватлайди:
«Қасамки: агар мушрик бўлсанг, албатта қилган амалинг беҳуда кетур ва албатта зиён кўргувчилардан бўлиб колурсан!» (Зумар: 65).
Агар инсон тавба қилиб, ширкнинг бу турларидан қутула олса, албатта Аллоҳ таолони бир деб билувчилар сирасидан бўлур.
Эй Парвардигоро, бизни ўзингни бир деб билгувчилар қаторидан қилгин, мушриклардан қилиб қўймагин!
Савол-35: Катта ширкнинг қандай зиёни бор?
Жавоб-35: Катта ширк инсонни дўзахда абадий қолишига сабаб бўлади.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«Албатта кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур ва борар жойи дўзах бўлур. Зулм қилгувчилар учун бирон ёрдамчи бўлмас» (Моида: 72).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Ким Аллоҳ таолога бирон нарсани ширк келтирган ҳолда ўлса, жаҳаннамга киради» (Имом Муслим ривоятлари).
Савол-36: Мушрик одамга қилган яхши аммалларининг фойдаси борми?
Жавоб-36: Йўқ, мушрик одамга қилган яхши аммалларининг фойдаси йўқдир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«Агар улар мушрик бўлганларида килган амаллари беҳуда кетган бўлур эди» (Анъом: 88).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам (ҳадиси қудсийда Аллоҳнинг ушбу сўзларини) айтадилар: «Мен шерикдан беҳожатман! Кимки бир амални қилиб, унда ўзгани менга шерик қилса, уни шеригига қолдираман (яъни қилган амалига Мен савоб бераман)» (Имом Муслим ривоятлари).
КИЧИК ШИРК ВА УНИНГ ТУРЛАРИ
Савол-37: Кичик ширк нимадир?
Жавоб-37: Кичик ширк – риёдир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«Бас, ким Парвардигорига рўбарў бўлишидан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Парвардигорига бандалик қилишда бирон кимсани (унга) шерик қилмасин! (Яъни, қиладиган барча амалларини ёлғиз Аллоҳ учун қилсин)» (Каҳф: 110).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Мен сизлардан энг қўрқадиган нарсам кичик ширк – риёдир» (Имом Аҳмад ривояти).
Инсоннинг қуйидаги гаплари ҳам кичик ширкдан ҳисобланади:
Агар Аллоҳ ва фалончи бўлмаганда эди, бу муваффақиятга эриша олмас эдим.
Аллоҳ ва сен хоҳлаганинг учун бу иш бўлди.
Биринчи мисолда Аллоҳга фалончини шерик қилиб қўйгани учун, иккинчи мисолда эса, Аллоҳнинг хоҳиши билангина чекланмасдан яна бировнинг хоҳишини шерик қилгани учун бу сўзлар ширк ҳисобланади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Аллоҳ ва фалончи хоҳлади, деманглар, балки Аллоҳ сўнгра фалончи хоҳлади, деб айтинглар» (Имом Аҳмад ривояти).
Савол-38: Аллоҳ таолодан ўзганинг номига қасам ичса бўладими?
Жавоб-38: Аллоҳ таолодан ўзганинг номига қасам ичса бўлмайди.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, уларга) айтинг: «Йўқ! Парвардигоримга қасамки, албатта қайта тирилурсизлар»» (Тағобун: 7).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Кимки Аллоҳ таолодан ўзганинг номига қасам ичса, мушрик бўлибди» (Имом Аҳмад ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Кимки, қасам ичса, Аллоҳ таолонинг номига қасам ичсин ёки сукут сақласин!» (Имом Бухорий ва имом Муслим ривоятлари).
Пайғамбарлар ва авлиёлар номига қасам ичиш, агар қасам ичувчи одам уларда куч-қувват бор ёки улар менга фойда ё зарар етказа олади, деб эътиқод қилса катта ширкдир.
Савол-39: Шифо топиш умидида ип ва ҳалқа тақсак бўладими?
Жавоб-39: Йўқ, бу нарсаларни тақмаймиз.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«Агар Аллоҳ сизни (камбағаллик, хасталик каби) бирон зиён билан ушласа, бас, уни фақат Ўзигина аритгувчидир» (Анъом: 17).
Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у киши бир одамни иситмани қайтариш ниятида қўлига ип боғлаб олганини кўрганида ипини узиб ташлаганди ва Аллоҳ таолонинг мана бу оятини ўқиганди:
«Уларнинг кўплари Аллоҳга фақат мушрик бўлган ҳолларидагина иймон келтирадилар» (Юсуф: 106).
Савол-40: Кўз тегмасин деб мунчоқ ва садафга ўхшаш нарсаларни тақса бўладими?
Жавоб-40: Йўқ, кўздан сақланиш мақсадида бу нарсаларни тақсак бўлмайди.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«Агар Аллоҳ сизни (камбағаллик, хасталик каби) бирон зиён билан ушласа, бас, уни фақат Ўзигина аритгувчидир» (Анъом: 17).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Кимки тумор тақса, Аллоҳга ширк келтирган бўлибди» (Имом Аҳмад ривояти).
АЛЛОҲГА ЯҚИНЛАШИШ ВА ШАФОАТ ТАЛАБ ҚИЛИШ БАЁНИ
Савол-41: Аллоҳ таолога қандай воситалар билан яқинлашамиз?
Жавоб-41: Воситанинг мумкин ва мумкин бўлмаган турлари бор:
1. Аллоҳга восита қилишнинг мумкин тури: Бундан мақсад Аллоҳнинг исм-сифатлари, яхши амал қилиш ва тирик, солиҳ одамлардан дуо талаб қилиш орқали Аллоҳга яқинлашишдир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«Аллоҳнинг гўзал исмлари бордир. Бас, Уни ўша исмлар билан чорланглар (ёд этинглар)» (Аъроф: 180).
Аллоҳ таоло айтади:
«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва Унга яқин бўлиш йўлини излангиз ҳамда Унинг йўлида жиҳод қилингиз» (Моида: 35).
Муфассирлардан бири Ибни Касир Қатода номли олимдан нақл қилиб, ушбу оят ҳусусида зикр қилинади: Яъни, «Аллоҳга унга итоат қилиш ва У рози бўладиган аммалллар билан яқинлашинглар».
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Ўзингни номлаган барча исмларинг билан сўрайман» (Имом Аҳмад ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жаннатда бирга бўлсак, деган биродарига айтган гаплари: «Ўзингга кўп сажда қилиш билан кўмак бергин» (Имом Муслим ривоятлари).
Яна бунга мисол, ғорга кириб кетиб, ғорнинг оғзи ёпилиб қолганда Аллоҳ учун қилган яхши амалларни айтишиб, Аллоҳга яқинлашган кишиларнинг қиссасидир. Аллоҳ уларнинг яхши амалларини қабул қилиб, дуоларини ижобат қилди ва ғордан эсон-омон чиқишди.
Яна Аллоҳни, пайғамбарни ва авлиёларни яхши кўриш орқали Аллоҳга яқинлашиш ҳам мумкин. Чунки уларга бўлган муҳаббатимиз яхши, савобли ишлардан ҳисобланади.
2. Аллоҳга восита қилишнинг ман этилган тури: Бу ўликлардан нажот тилаб, улардан ҳожатларини сўрашдир. Бу нарса ҳозирги кунимизда мавжуд бўлиб, у катта ширкдандир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«Аллоҳни куйиб, сизга фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган нарсага илтижо қилманг! Бас, агар шундай қилсангиз у ҳолда албатта золимлардандирсиз!» (Юнус: 106).
Аммо пайғамбаримиз саллаллоҳи алайҳи ва салламнинг обрўлари билан Аллоҳга яқинлашиш эса, яъни, Эй Роббим, пайғамбаримизнинг обрўлари ҳаққи ҳурмати менга шифо бергин, дейиш каби ишлар эса, ножоиздир. Чунки саҳобалар бу ишни қилишмаган, Умар разияллоҳу анҳу Аббоснинг тирикликларида у кишидан дуо сўраса ҳам, вафот этган пайғамбаримизнинг исмлари билан дуо қилмади. Чунки, пайғамбаримизнинг вафотларидан кейин у киши орқали Аллоҳга яқинлик қилиш ширкка олиб бориши мумкин. Шунингдек, инсон Аллоҳ таоло амир, ҳокимлардек бир одамнинг востаси билан иш юритади, дуо қабул қилади, деса, Яратувчини бандаларга ўхшатган бўлади.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи айтади: «Аллоҳдан сўраётганда Ундан ўзга бирон нарсани восита қилишни ҳуш кўрмайман, чунки яхши иш эмас».
Савол-42: Дуони банда востасида қилишга ҳожат борми?
Жавоб-42: Дуони банда востасида қилишга ҳожат йўқдир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«Бандаларим Сиздан (эй Муҳаммад саллаллоҳи алайҳи ва саллам) Мен ҳақимда сўрасалар, Мен уларга яқинман» (Бақара: 186).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Сизлар яқин, эшитгувчи зотга дуо қиляпсизлар. У зот Ўз илми орқали сизлар билан биргадир» (Имом Муслим ривоятлари).
Савол-43: Тириклардан дуо талаб қилиш мумкинми?
Жавоб-43: Ҳа, ўликлардан эмас, тириклардан дуо талаб қилиш мумкиндир.
Далил: Аллоҳ таоло пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тирикликларида хитоб қилиб айтади:
«Бас, (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, уларга), ўз гуноҳингиз учун ҳамда мўмин-мўминалар(нинг гуноҳлари) учун мағфират сўранг!» (Муҳаммад: 19).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинади: «Кўзи ожиз бир одам пайғамбаримизга келиб, «Аллоҳ таолодан менга офиятини сўраб дуо қилинг», деди» (Имом Термизий ривояти).
Бу ҳадисдан биламизки, тирик, тақводор одамдан дуо талаб қилса бўларкан.
Савол-44: Пайғамбаримизнинг воситалиги нима дегани?
Жавоб-44: Пайғамбаримизнинг воситалиги бу – унинг даъватидир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«Эй, пайғамбар, сизга Парвардигорингиз томонидан нозил қилинган нарсани етказинг!» (Моида: 67).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳобаларнинг: «Гувоҳлик берамизки, сиз динни бекаму кўст етказдингиз», деган гапларига жавобан шундай дедилар: «Эй Парврдигоро, гувоҳ бўлгин» (Имом Муслим ривоятлари).
Савол-45: Пайғамбаримизнинг шафоат қилишларини кимдан сўраймиз?
Жавоб-45: Пайғамбаримизнинг шафоат қилишларини Аллоҳдангина сўраймиз.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«Айтинг: «Барча шафоат-оқлов ёлғиз Аллоҳникидир»» (Зумар: 44).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳобаларга мана бундай дуо қилишни ўргатар эдилар: «Эй Парвардигоро, мени пайғамбаримизнинг шафоатларидан баҳраманд этгин» (Имом Термизий ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Мен дуойимни умматимдан Аллоҳга ширк келтирмасдан ўлганларни Қиёмат кунида шафоат қилиш учун сақлаб қўйдим» (Имом Муслим ривоятлари).
Савол-46: Тириклардан шафоат сўраймизми?
Жавоб-46: Ҳа тириклардан дунё ишларида шафоат сўраймиз.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«Ким (одамлар орасида) чиройли — ҳақ тараф олиш билан тараф олса, ўзига ҳам унинг савобидан бир улуш тегур. Ким ноҳақ тараф олиш билан тараф олса, ўзи учун унинг гуноҳидан бир улуш тегур» (Нисо: 85).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Шафоат қилинглар, савоб оласизлар» (Имом Абу Довуд ривояти).
Савол-47: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни меъёрдан ортиқ мақтамоқ жоизми?
Жавоб-47: Йўқ, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мақтовларида ошириб-тошириб муболаға қилмаймиз.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, уларга) айтинг: «Ҳеч шак-шубҳа йўқки, мен ҳам сизлар каби бир одамдирман. Менга Тангрингиз ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи экани ваҳий этилмоқда»» (Каҳф: 110).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Христианлар Ийсо ибн Мариямни ошириб мақтаганлари сингари мени ҳам ошириб мақтаманглар! Чунки мен бир бандаман, холос. Балки, фақат Аллоҳнинг бандаси ва элчиси, денглар» (Имом Бухорий ривоятлари).
Савол-48: Биринчи яратилган нарса нимадир?
Жавоб-48: Инсонларнинг ичида энг аввал яратилган банда Одам алайҳиссалом бўлиб, нарсаларнинг ичида энг аввал яратилгани қаламдир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«Эсланг, Парвардигорингиз фаришталарга деган эди: «Албатта мен лойдан бир одам яратгувчидирман»» (Сод: 71).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Сизларнинг барчаларингиз Одамнинг авлодисизлар, Одам бўлса тупроқдан яратилган» (Имом Баззор ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Аллоҳ таоло энг аввал яратган нарса қаламдир (яъни сув ва аршдан кейин қаламни яратди)» (Имом Абу Довуд ва имом Термизий ривояти).
«Эй Жобир, энг биринчи яратилган нарса пайғамбарингни нуридир», деган ҳадис эса, тўқилган, ёлғон ҳадис бўлиб, Қуръон билан Суннатга ва ақлга тескаридир. Олимлардан Суютий раҳимаҳуллоҳ айтдиларки, бу ҳадис беисноддир. Ғуморий: тўқима, ёлғон ҳадис деса, Албоний: ботил ҳадисдир, дейди.
ЖИҲОД – ДЎСТЛИК – ҲУКМ
Савол-49: Аллоҳ таолонинг йўлида жиҳод қилишнинг ҳукми қандайдир?
Жавоб-49: Мол, жон ва тил билан имкони қадар жиҳод қилиш вожибдир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«(Эй мўминлар), хоҳ енгил, хоҳ оғир ҳолингизда (яъни, истасангиз, истамасангиз жиҳодга) чиқингиз ва молу жонларингиз билан Аллоҳ йўлида курашингиз!» (Тавба: 41).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Мушрикларга қарши молларинг, жонларинг ва тилларинг билан жиҳод қилинглар» (Имом Абу Довуд ривоятлари).
Савол-50: Дўстлик нима дегани?
Жавоб-50: Дўстлик Аллоҳни бир деб таниган мўминларга ёрдам бериб, уларни яхши кўришдир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«Мўмин ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар» (Тавба: 71).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Мўмин мўмин учун мисоли бинодек, баъзиси баъзисини суяб туради» (Имом Муслим ривоятлари).
Савол-51: Кофирларга ёрдам бериб, уларни дўст тутиш мумкинми?
Жавоб-51: Йўқ! Кофирларга ёрдам бериб, уларни дўст тутиш мумкин эмасдир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«Сизлардан ким уларга дўст бўлса, бас, у ўшалардандир» (Моида: 51).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Фалончи хонадони менга дўст эмасдирлар. Чунки бу хонадон мусулмон бўла туриб, кофирлар билан дўст тутинишар эди» (Имом Муслим ва Бухорий ривояти).
Савол-52: Аллоҳ таолонинг дўстлари кимдир?
Жавоб-52: Аллоҳ таолонинг дўстлари Аллоҳдан қўрқадиган мўминлардир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«Огоҳ бўлингизким, албатта Аллоҳнинг дўстларига (охиратда) бирон хавф-хатар йўқдир ва улар ғамгин бўлмайдилар» (Юнус: 62).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Бешак менинг дўстим Аллоҳ ва солиҳ мўминлардир» (Имом Муслим ва Бухорий ривояти).
Савол-53: Мусулмонлар нима билан ҳукм қиладилар?
Жавоб-53: Мусулмонлар Қуръони карим ва саҳиҳ ҳадислар билан ҳукм қиладилар.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), улар ўртасида Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилинг» (Моида: 49).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Аммо баъд: Эй одамлар, огоҳ бўлинглар, мен бир (жаннат) хушхабарини етказувчи (пайғамбарман), холос. Аллоҳнинг (жонимни олгани юборган) элчиси яқин орада келиб қолса керак. Мен сизларга (вафотимдан кейин) икки буюк нарсани қолдирмоқдаман. Биринчиси, Аллоҳнинг китоби, унда ҳидоят ва нур бордир, шундай экан Аллоҳнинг Китобини олингиз ва уни маҳкам ушлангиз!» (Имом Муслим ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Мен сизларга икки нарсани қолдирдим. Бу икковини маҳкам тутсангизлар асло адашмайсизлар. У икки нарса Аллоҳнинг Китоби ва Расулининг Суннатидир» (Имом Молик ривояти).
ҚУРЪОН ВА ҲАДИСГА АМАЛ ҚИЛМОҚ БАЁНИ
Савол-54: Аллоҳ таоло Қуръонни нима учун нозил қилган?
Жавоб-54: Аллоҳ таоло Қуръонни унга амал қилмоқ учун нозил қилган.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«(Эй инсонлар), сизларга Парвардигорингиздан нозил қилинган нарсага (Китобга) эргашингиз» (Аъроф: 3).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Қуръонни ўқиб, унга амал қилинглар. Уни устидан тамаъ қилиб еманглар» (Имом Аҳмад ривояти).
Савол-55: Саҳиҳ ҳадисга амал қилишнинг ҳукми қандай?
Жавоб-55: Саҳиҳ-тўғри ҳадисга амал қилишнинг ҳукми вожибдир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«Пайғамбар ўзи сизларга ато этган нарсани олинглар. У зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар!» (Ҳашр: 7).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Менинг йўлим ва тўғри йўлда ҳидоят топган халифаларнинг йўлларига эргашиб, уни маҳкам тутинглар» (Имом Аҳмад ривояти).
Савол-56: Қуръонга амал қилишликнинг ўзи кифоя қиладими?
Жавоб-56: Йўқ! Қуръонга амал қилишликнинг ўзи кифоя қилмайди. Балки ҳадисга ҳам амал қилмоқ керак.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«Сизга эса одамларга нозил қилган нарсаларни (яъни, шариат аҳкомларини) баён қилиб беришингиз учун ва шояд тафаккур қилсалар, деб бу эслатмани — Қуръонни нозил қилдик» (Наҳл: 44).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Огоҳ бўлинглар, менга Қуръон билан бирга ҳудди шунга ўхшаши (суннат) берилди» (Имом Абу Довуд ривояти).
Савол-57: Аллоҳ ва пайғамбари гапларидан бирор гапни илгари қўйиладими?
Жавоб-57: Йўқ! Аллоҳ ва пайғамбари гапларидан бирор гапни илгари қўймаймиз.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«Эй мўминлар, сизлар Аллоҳ ва Унинг пайғамбари олдида (яъни иккисининг изнисиз бирон сўз ёки ишга) қадам босманглар!» (Ҳужурот: 1).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Парвардигорга гуноҳкор бўладиган ишларда бандага итоат қилинмайди» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Ибни Аббос разияллоҳу анҳумо айтади: «Сизларнинг устларингизга осмондан тош ёғилишидан қўрқаман. Мен сизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган десам, сизлар Абу Бакр, Умар айтган дейсизлар-а!!!» (Имом Аҳмад ривояти).
Савол-58: Агар диний ишларимизда ихтилоф қилиб қолсак, нима қиламиз?
Жавоб-58: Аллоҳнинг Қуръони билан саҳиҳ ҳадисга мурожаат қиламиз.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«Бордию бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз, — агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз — у нарсани Аллоҳга ва пайғамбарига қайтарингиз! Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир» (Нисо: 59).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Мен сизларга икки нарсани қолдирдим. Бу икковини маҳкам тутсангизлар асло адашмайсизлар. У икки нарса Қуръон ва ҳадисдир» (Имом Молик ривояти).
Савол-59: Аллоҳ ва пайғамбарини қандай қилиб яхши кўрамиз?
Жавоб-59: Уларга итоат қилиб, буйруқларини бажариш билан яхши кўрамиз.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Аллоҳ (гуноҳларни) мағфират қилгувчи, меҳрибондир»» (Оли Имрон: 31).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Сизларнинг бирорталарингиз мени отасидан, боласидан ва жамики одамлардан ҳам кўпроқ яхши кўрмагунларича комил мусулмон бўла олмайдилар» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Савол-60: «Тақдирдаги бўлади» деб амал қилишдан тўхтаб қолса бўладими?
Жавоб-60: Йўқ! Аллоҳнинг қадарига суяниб, амал қилишдан тўхтаб қолмаймиз.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«Ана энди ким (ўз мол-давлатидаги камбағал-бечораларга берилиши лозим бўлган закот ва бошқа садақотларни) ато этса ва (Аллоҳдан) қўрқса, ҳамда гўзал оқибатни (яъни жаннат бор эканини) тасдиқ этса, бас, Биз уни осон йўлга муяссар қилурмиз» (Лайл: 5-7).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Ҳаракат қилаверинглар, ким нима учун яратилган бўлса, у нарса ўша банда учун осон қилиб қўйилгандир» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Кучли мўмин заиф мўминдан кўра Аллоҳга яхшироқ ва севимлироқдир. Ва ҳар икковидвн ҳам хайрлик бор. Аллоҳдангина мадад сўраб, ўзингга фойда берадиган нарсаларда астойдил бўлгин, ожизлик қилиб қолмагин. Агар сенга бирор мусибат етса, бундай қилсам, бундай бўларди, деб айтмагин балки, Аллоҳ тақдир этган экан, Аллоҳнинг хоҳлагани бўлади дегин. Чунки, бундай қилсам, бундай бўларди, дейишлик шайтон васвасаига йўл очиб беради» (Имом Муслим ривояти).
Ҳадиснинг мазмунини мана бу оят янада равшанлаштиради.
Аллоҳ таоло айтади:
«(Зотан) сизлар ўзингиз учун яхши бўлган нарсани ёқтирмаслигингиз ва сиз учун ёмон бўлган нарсани яхши кўришингиз мумкин. Аллоҳ билур, сизлар билмассиз» (Бақара: 216).
СУННАТ ВА БИДЪАТ БАЁНИ
Бидъат бу Ислом динида бўлмаган ишлардир.
Савол-61: Динда яхши бидъат бўладими?
Жавоб-61: Йўқ! Динда бидъатнинг яхшиси бўлмайди, чунки барча бидъат бир бидъатдир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун (фақат) Исломни дин қилиб танладим» (Моида: 3).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «(Диндан ташқари бўлган) тўқиб чиқарилган ишлардан ўзларингизни олиб қочинглар! Чунки барча тўқиб чиқарилган ишлар бидъат бўлиб, барча бидъатлар залолат-гумроҳликдир ва барча залолатнинг оқибати дўзахдир» (Имом Насоий ривояти).
Савол-62: Диндаги бидъат қандай бўлади?
Жавоб-62: Диндаги бидъат бу – ҳар бир шаръий далил келмаган нарсадир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«Балки улар (Макка мушриклари) учун (куфр ва ширк каби) Аллоҳ буюрмаган нарсаларни — «дин»ни уларга шариат қилиб берган шериклари — бутлари бордир?! Агар (яхши-ёмон амаллар Қиёмат Кунида) ажралиши хусусидаги Сўз бўлмаганида, албатта уларнинг ўрталарида (шу дунёдаёқ) ҳукм қилинган бўлур эди» (Шуро: 3).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Ким динда биз буюрмаган янгиликни олиб келса, номақбулдир» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Бидъатнинг турлари кўп бўлиб, булар:
1. Кофирликка олиб борадиган бидъат. Масалан, ўликлар билан ғойибга дуо қилиб, улардан ёрдам сўрашга ўхшаш.
2. Ҳаром бўлган бидъат. Масалан, дуода ўликларни Аллоҳга восита қилиш, қабрларга юзланиб намоз ўқиш, ўликлар номига қурбонлик сўйиш, уларга мақбара қуришга ўхшаш.
3. Макруҳ бўлган бидъат. Масалан, жума намозидан кейин (эҳтиёт юзасидан) пешин намозини ўқиб қўйиш, азондан кейин баланд овоз билан пайғамбаримизга саловат-саломлар айтишга ўхшаш.
Савол-63: Исломда яхши суннат борми?
Жавоб-63: Ҳа! Исломда яхши суннат бордир. Бу нарса динимизда бор бўлиб, садақа беришга ўхшашдир.
Далил: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Кимки Исломда яхши бир иш қилса, унга ўша ишнинг савоби ва ундан кейинги ўша ишни давом этирадиганларнинг савобини ҳам уларнинг савобларидан мутлақо камайтирилмаган ҳолда берилади» (Имом Муслим ривояти).
Савол-64: Мусулмонлар қачон ғалаба қозонадилар?
Жавоб-64: Мусулмонлар қачонки Парвардигорларининг Қуръони ва пайғамбарларининг суннатларини ҳаётларида татбиқ этишиб, тавҳид даъватини маҳкам ушласалар ва ширкнинг барча кўринишларидан ҳазар қилсалар, ҳамда душманларига қарши қўлларидан келганча куч-қувват тўпласаларгина душманлари устидан ғалаба қозонадилар.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«Эй мўминлар, агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангизлар (яъни Унинг йўлида жиҳод қилсангизлар), У зот ҳам сизларга ёрдам берур ва жанг майдонида қадамларингизни собит-барқарор қилур» (Муҳаммад: 7).
Аллоҳ таоло айтади:
«Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларга худди илгари ўтган (иймон-эътиқодли) зотларни (ер юзига) халифа-ҳукмрон қилганидек, уларни ҳам ер юзида халифа қилишни ва улар учун Ўзи рози бўлган (Ислом) динини ғолиб-мустаҳкам қилишни ҳамда уларнинг (аҳволини Маккада кўрган) хавфу-хатарларидан сўнг (Мадинада) тинчлик-хотиржамликка айлантириб қўйишни ваъда қилди. Улар Менга ибодат қилурлар ва Менга бирон нарсани шерик қилмаслар» (Нур: 55).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Огоҳ бўлинки, албатта қувват камон отишдадир» (Имом Муслим ривояти).
Камонда отишдан мурод: барча кураш усулларини ўрганишдир (барча турдаги отув қуролларини ўрганишдир).
АЛЛОҲ ТАОЛО ИЖОБАТ ҚИЛАДИГАН ДУОЛАР
1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Агарда бирон бир банда (бошига) мусибат ё қайғу тушса ва айтсаки: «Эй Аллоҳ! Шак-шубҳасизки, мен Сенинг бандангман, эркак ва аёл бандангни ўғлиман, менинг тақдирим Ўзингни қўлингдадир, ва Сенинг (менинг устимдаги қилган) ҳукминг албатта қазо бўлгувчидир (амалгам ошгувчидир), ва Сенинг (қилган) ҳукминг одилдир (тўғридир). (Шундай экан,) Мен Сендан Ўзингни Нафсингни исмлаган ё Китобингда нозил қилган ё маҳлуқларингдан биронтасига ўргатган ё Ўз ғайб илмингда сақлаб қўйган исмларинг ила сўрайман: Қуръонни қалбимнинг қувончи, ва кўзларимнинг нури, ҳамда ғамимни ва қийинчиликларимни кетказувчи қилгин», деса Аллоҳ албатта уни ғами ва қийинчилиги кетказиб, уни (қийинчиликларини) хурсандчилик билан алмаштиради» (Имом Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривоятлари).
2. Юнус алайҳиссаломнинг катта балиқнинг қорнида қилган дуоси:
«Ҳеч илоҳ йўқ, магар Ўзинг бордирсан, эй пок Парвардигор, дарҳақиқат мен (ўз жонимга) жабр қилгувчилардан бўлиб қолдим» (Анбиё: 87).
(Юқоридаги Юнус алайҳиссаломнинг дуоларини зикр қилиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар): «Кимда ким бу (дуо) билан (Аллоҳга) дуо қилар экан, Аллоҳ албатта дуосини ижобат (қабул) қилади» (Имом Аҳмад ривояти).
Мусулмон одам қайси ишда бўлмасин дуони тарк қилмас экан, Аллоҳ унинг дуосини ижобат қилгай.
3. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга ғам ёки ташвиш тушса, шундай дер эдилар: «Эй абадий тирик бўлган ва абадий бор бўлган Зот! Сенинг раҳматинг ила ёрдам сўрайман» (Имом Термизий ривоятлари).
* * *
ассаламу алейкум уа рахматуллахи уа баракатуху хурматли тавхид.ком администратори шу китобнинг 34-чи саволининг жавобини тушинмадим хато бор шекилли илтимос текширсангиз?
Валейкум ассалам ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
Қандай хато бор деяпсиз биродар, тафсилот билан ёзинг илтимос. Биз у саволда хато кўрмаяпмиз.