Тавҳид далиллари

ТАВҲИД ДАЛИЛЛАРИ

Шайхулислом, мужаддид

Муҳаммад ибн Сулаймон ат-Тамимий

Ақидага оид 50 савол-жавоб

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

1-савол: Инсонга билиши вожиб бўлган 3 асос нима?

Жавоб: Банда ўзининг Роббиси, дини ва Набийси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни билишлиги.

2-савол:Роббинг ким?

Жавоб: Роббим мени ва барча оламларни тарбиялаган Аллоҳдир. У менинг маъбудим ва менда Ундан бошқа маъбуд йўқдир. Далил, Аллоҳ таъолонинг сўзи: «Ҳамду сано бутун оламлар роббиси Аллоҳ учундир» (Фотиҳа: 2). Аллоҳдан бошқа барча нарса оламдир ва мен шу оламнинг бириман.

3-савол: Роббнинг маъноси нима?

Жавоб: Подшоҳ, Маъбуд, Ҳоким ва У ибодатга ҳақли Зотдир.

4-савол: Роббингни қандай танидинг?

Жавоб: Оят-аломатлари ва махлуқотлари орқали танидим. Унинг мўъжизаларидан тун ва кун, қуёш ва ой. Махлукотларидан етти осмону, етти ер ва уларнинг орасидаги барча нарсалар. Далил, Аллоҳ таъолонинг сўзи: «Кеча ва кундуз, қуёш ва ой Унинг (танҳолиги ва қудратига далолат қиладиган) оят-аломатларидандир. Агар сизлар (Аллоҳга) ибодат қилгувчи бўлсанглар, қуёшга ҳам, ойга ҳам сажда қилманглар, (балки) уларни(нг барчасини) яратган зотга — Аллоҳга сажда қилинглар!» (Фуссилат: 37).

Ва Аллоҳ таъолонинг сўзи: «Албатта, Парвардигорингиз – Аллоҳ шундай Зотдирки, осмонлар ва ерни олти кунда яратиб, сўнгра Ўз аршига ўрнашди. У кечани (қоронғуликни) кундузга ўрар (ва кеча кундузни) шошилган ҳолда қувиб юрар. У қуёш, ой ва юлдузларни Ўз амрига бўйсундирилган ҳолда (яратди). Огоҳ бўлингизким, яратиш ва буюриш фақат Уникидир. Барча оламлар Парвардигори — Аллоҳ буюкдир» (Аъроф: 54).

5-савол: Дининг нима?

Жавоб: Диним Ислом. Ислом бу бўйсуниш ва таслим бўлишликдир. Бунга далил Аллоҳ таъолонинг сўзи: «Албатта Аллоҳ наздида мақбул бўладиган дин фақат Ислом динидир. Аҳли китоблар (яҳудий ва насронийлар) уларга (ислом ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақ пайғамбарлиги ҳақида) ҳужжат келганидан кейин фақат ўзаро ҳасад-адоват қилганлари сабаблигина талашиб-тортишдилар. Ким Аллоҳнинг оятларини инкор қилса, бас, албатта Аллоҳ тез ҳисоб-китоб қилгувчи зотдир» (Оли Имрон: 19).

Ва Аллоҳ таъолонинг сўзи: «Кимда-ким Исломдан ўзга дин истаса, бас (унинг «дини» Аллоҳ ҳузурида) ҳаргиз қабул қилинмайди ва у охиратда зиён кўргувчилардандир» (Оли Имрон: 85). Ва: «Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун (фақат) Исломни дин қилиб танладим» (Моида: 3).

6-савол: Бу дин ниманинг устига барпо қилинган?

Жавоб: Бешта устуннинг устига барпо қилинган:

1) Аллоҳдан бошқа ибодатга ҳақли Зот йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг бандаси ва элчисидир, деб гувоҳлик бериш;

2) Намозни қоим қилиш;

3) Закот бериш;

4) Рамазон рўзасини тутиш;

5) Ҳаж қилиш (қодир бўлса).

7-савол: Иймон нима?

Жавоб: Аллоҳ таъолога, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига ва қадарнинг яхши ёмонлигига ишонмоғингдир. Далил, Аллоҳ таъолонинг сўзи: «Пайғамбар ўзига Парвардигоридан нозил қилинган нарсага иймон келтирди ва мўминлар (ҳам иймон келтирдилар). Аллоҳга, фаришталарига, китобларига ва пайғамбарларига иймон келтирган ҳар бир киши (айтди): «Унинг пайғамбарларидан бирон кишини ажратиб қўймаймиз». Ва «Эшитдик ва итоат этдик. Парвардигоро, гуноҳларимизни мағфират қилишингни сўраймиз. Ва фақат Ўзингга қайтажакмиз», дедилар» (Бақара: 285).

8-савол: Эҳсон нима?

Жавоб: Аллоҳни кўриб тургандек Унга ибодат қилишинг, агар Уни кўрмасанг, албатта У сени кўриб туради. Далил, Аллоҳ таъолонинг сўзи: «Зотан, Аллоҳ тақводор бўлган ва чиройли амаллар қилгувчи (муҳсин) зотлар билан биргадир» (Наҳл: 128).

9-савол: Набийинг ким?

Жавоб: Набийим Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмутоллиб ибн Хошим. Хошим Қурайшдан, Қурайш Киноналардан ва Киноналар араблардан, араблар эса Исмоил ибн Иброҳимнинг зурриётларидандир, Исмоил Нуҳнинг зурриётларидан бўлган Иброҳимнинг наслидандир, уларнинг барчаларига Аллоҳнинг саловат ва саломлари бўлсин.

10-савол: Нима орқали Набий ва нима билан Росул бўлди?

Жавоб: «اقْرَأْ» (Алақ сураси) билан Набий ва «الْمُدَّثِّر» (Муддассир сураси) билан Росул бўлди.

11-савол: Унинг мўъжизаси нима?

Жавоб: Бу барча махлуқотларни, уларнинг фасоҳатлари, кучли иқтидор, унга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва унинг эргашувчиларига нисбатан бўлган адоватларига қарамасдан, унинг сураси каби бир сура келтиришларидан ожиз қилган Қуръондир. Далил, Аллоҳ таъолонинг сўзи: «Агар биз бандамизга туширган нарсадан (Қуръондан) шак-шубҳада бўлсангиз, у ҳолда шунга ўхшаган биргина сура келтиринг ва Аллоҳдан ўзга гувоҳларингизни чақиринг – агар ростгўй бўлсангиз» (Бақара: 23).

Яна бир бошқа оятда: «Айтинг: «Қасамки, агар бор инсу жин мана шу Қуръонни ўхшашини келтириш йўлида бирлашиб, бир-бирларига ёрдамчи бўлсалар-да, унинг ўхшашини келтира олмаслар» (Исро: 88).

12-савол: У ҳақиқатда Аллоҳнинг Росули эканлигига далил нима?

Жавоб: Аллоҳ таъолонинг сўзи: «Муҳаммад фақат бир пайғамбар, холос. Ундан илгари ҳам пайғамбарлар ўтгандир. Бас, агар у (яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафот қилса ёки ўлдирилса, кетингизга (куфрга) қайтиб кетасизми?! Кимда-ким кетига қайтиб кетса, Аллоҳга бирон зиён етказа олмас, (балки фақат ўзига зарар қилади, холос). Аллоҳ эса (йўлларидан қайтмай) шукр қилгувчи бандаларини муносиб мукофотлайди» (Оли Имрон: 144).

Ва Аллоҳ таъолонинг сўзи: «Муҳаммад Аллоҳнинг пайғамбаридир. У билан бирга бўлган (мўмин)лар кофирларга қаҳрли, ўз ораларида (мўминлар билан) эса раҳм-шафқатлидирлар. Уларни (мудом) Аллоҳдан фазл-марҳамат ва ризолик тилаб рукуъ, сужуд қилаётган ҳолларида кўрурсиз» (Фатҳ: 29).

13-савол: Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Набий эканликларига далил нима?

Жавоб: Набий эканликларига далил Аллоҳ таъолонинг сўзи: «Муҳаммад сизлардан бирон кишининг отаси эмасдир, балки у Аллоҳнинг пайғамбари ва пайғамбарларнинг сўнггисидир» (Аҳзоб: 40).

Бу оят уларнинг набий ва анбиёларнинг охиригиси эканликларига далил бўлади.

14-савол: Аллох таъоло Мухаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни қандай вазифа билан юборди?

Жавоб: Шериги йўқ бўлган якка Аллоҳга ибодат қилиш ва Аллоҳга қўшиб бошқа бир илоҳга ибодат қилмасликларига буюриб, махлуқлардан бўлмиш фаришталар, набийлар, солиҳлар, тош ва дарахтларга ибодат қилишдан қайтариш учун юборди. Аллоҳ таъоло айтганидек: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз сиздан илгари юборган ҳар бир пайғамбарга ҳам: «Ҳеч қандай (ибодатга ҳақли) илоҳ йўқ, магар Менгина бордирман, бас Менгагина ибодат қилинглар», деб ваҳий юборгандирмиз» (Анбиё: 25).

Аллоҳ таъолонинг сўзи: «Аниқки, Биз ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва шайтон (тоғут)дан йироқ бўлинглар», (деган ваҳий билан) бир пайғамбар юборганмиз» (Наҳл: 36).

Ва Аллоҳ таъолонинг сўзи: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз сиздан илгари юборган пайғамбарлардан сўраб (яъни улар келтирган диний таълимотларни ўрганиб) боқинг-чи, Биз Раҳмондан (яъни Ўзимиздан) ўзга ибодат қилинадиган «илоҳ»лар қилганмиканмиз?! (Йўқ, барча пайғамбарлар ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга даъват этгандирлар) (Зухруф : 45).

Ва Аллоҳ таъолонинг сўзи: «Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Зориёт: 56).

Билгинки, албатта Аллоҳ барча махлуқотларни фақат Ўзигагина ибодат қилиб, Уни яккалашликлари учунгина яратиб, Росулларни ҳам шу нарсага буюришлари учун юборди.

15-савол: Рубубият ва Улуҳият тавҳиди орасидаги фарқ нимада?

Жавоб: Рубубият тавҳиди: яратиш, ризқлантириш, жон бериш ва жон олиш, ёмғир ёғдириш, набототларни ўстириш, ишларни бошқариш ва шунга ўхшаш Роббнинг феълларидир.

Улуҳият тавҳиди: дуо, хавф, умид, таваккул, тавба, рағбат, қўрқув, назр, ёмғир талаб қилишлик каби банданинг феъли бўлмиш ибодат турларидир.

16-савол: Қандай ибодатлар фақат Аллоҳ учунгина қилинади?

Жавоб: Дуо, ёрдам сўраш, ёмғир сўраш, қурбонлик сўйиш, назр, хавф, умид, таваккул, тавба, муҳаббат, рағбат, қўрқув, илоҳ қилиш, рукуъ, сажда, хушуъ, тиз чўкиш, таъзим қилишлик каби улуҳиятга тегишли ибодат турлари.

17- савол: Аллоҳнинг буюрган энг муҳим буйруғи ва У қайтарган энг катта қайтариқ нима?

Жавоб: Аллоҳ буюрган энг катта буйруқ – бу Тавҳид (ибодатда Уни яккалаш). Энг катта қайтариғи эса Ширкдир. Ширк бу Аллоҳ билан бирга яна бошқага дуо ёки бундан бошқа ибодат турларини қасд қилишлик. Бас, ким ибодатлардан бир ибодатни Аллоҳдан бошқага қилса, у ўшани ўзига Робб ва илоҳ қилиб, Аллоҳга бошқасини шерик қилган бўлади.

18-савол: Ўрганилиши ва амал қилиниши вожиб бўлган уч масала нимадир?

Жавоб: 1) Ҳақиқатда Аллоҳ бизни яратди, ризқлантирди ва қаровсиз ташлаб қўймади, бизларга Росулларни юборди . Ким Унга итоат қилса жаннатга ва ким Унга осий бўлса, жаҳаннамга киради.

2) Ҳақиқатда Аллоҳ ибодатда Унга бирор бир нарсани шерик келтирилишидан рози бўлмайди, ҳаттоки у фаришта ёки Набий бўлса ҳам.

3) Аллоҳни яккалаб , Росулга итоат этган инсонга Аллоҳ ва Унинг Росулидан тонган одамни дўст тутишлик жоиз бўлмайди, гарчи энг яқин қариндоши бўлса ҳам.

19-савол: «Аллоҳ»нинг маъноси нима?

Жавоб: Барча махлуқотлари устидан улуҳият ва убудият Соҳиби.

20-савол: Аллоҳ сени нима учун яратди?

Жавоб: Ўзигагина ибодат қилишлик учун.

21-савол: Унга ибодат қилишликнинг маъноси нима?

Жавоб: Уни яккалаш ва Унга итоат этишлик.

22-савол: Бунга далил нима?

Жавоб: Аллоҳ таъолонинг сўзи: «Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Зориёт: 56).

23-савол: Аллоҳ бизларга энг аввало нимани фарз қилди?

Жавоб: Тоғутларга куфр келтириб, Аллоҳга иймон келтиришликни. Бунга далил, Аллоҳ таъолонинг сўзи: «Динга зўрлаб (киритиш) йўқдир. (Зеро) ҳақ йўл залолатдан ажраб бўлди. Бас, ким шайтондан юз ўгириб, Аллоҳга иймон келтирса, у ҳеч ажраб кетмайдиган мустаҳкам ҳалқани ушлабди. Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир» (Бақара: 256).

24-савол: Мустаҳкам ҳалқа (урватул вусқо) нима?

Жавоб: Ла илаҳа иллаллоҳ, «Ла илаҳа»нинг маъноси нафий (инкор), «иллаллоҳ» эса исботдир.

25-савол: Бу ердаги нафий ва исботнинг маъноси нима?

Жавоб: Аллоҳдан ўзга барча ибодат қилинадиган нарсаларни инкор этиб, шериги йўқ бўлмиш якка Аллоҳга ибодатни исбот қилишликдир.

26-савол: Бунга далил нима?

Жавоб: Нафийга далил, Аллоҳ таъолонинг сўзи: «Эсланг, Иброҳим отасига ва қавмига деган эди: «Албатта мен сизлар ибодат қилаётган бутлардан покдирман»».

Исботга эса: «Магар мени яратган зотгагина (ибодат қилурман). Бас, албатта У мени (Ҳақ динга) ҳидоят қилажак» (Зухруф: 26-27).

27-савол: Тоғутлар нечта?

Жавоб: Тоғутлар кўп, асосийлари эса бешта: иблис лаънатуллоҳ, ўзига ибодат қилинишига рози бўлувчи, одамларни ўзига ибодат қилишга чақирувчи, ғайб илмини даъво қилувчи ва Аллоҳ нозил қилган ҳукм билан ҳукм қилмаган инсон.

28-савол: Шаҳодат калимасидан кейинги энг афзал амал нима?

Жавоб: Энг афзали беш вақт намоз. Унинг шарт, рукн ва вожиботлари бор.

• Шартларидан: Ислом, ақл, фарқлаш, нажосатни бартараф қилиш, авратни беркитиш, қиблага юзланиш, вақтнинг кириши ва ният.

• Рукнлари ўн тўртта: Қодир бўлса тик туриш, эҳром такбири, фотиҳани қироат қилиш, рукуъ, рукуъдан кўтарилиш, етти аъзо билан сажда қилиш, саждадан сўнг ростланиш, икки сажда ўртасида ўтириш, бу рукнларни адо этишдаги хотиржамлик, тартиб, охирги ташаҳҳуд, ўтиришлик, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловат айтиш ва салом беришлик.

• Вожиботлари саккизта: Эҳром такбиридан бошқа барча такбирлар, рукуъдаги «субҳана Роббиял аъзийм», имом ва якка ўқувчига: «самиаллоҳу лиман ҳамидаҳ», имом унга эргашувчи ва алоҳида ўқувчига: «Роббана ва лакал ҳамд» дейишлик, саждадаги: «субҳана Роббиял аъла», икки сажда ўртасида: «Роббиғфирли», аввалги ташаҳҳуд ва ундаги ўтиришлик. Мана шулардан ташқари бўлган қавл ва сўзлар суннатдир.

29-савол: Аллоҳ махлуқотларни ўлганларидан сўнг қайта тирилтириб, уларни яхши ва ёмон ишлари учун ҳисоб-китоб қиладими? Унга итоат этганлар жаннатга ва аксинча Унга куфр келтириб, ширк қилганлар жаҳаннамга кирадиларми?

Жавоб: Ҳа, далил, Аллоҳ таъолонинг қавли: «Кофир бўлган кимсалар ўзларининг ҳеч қачон қайта тирилмасликларини гумон-даъво қилдилар. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, уларга) айтинг: «Йўқ! Парвардигоримга қасамки, албатта қайта тирилурсизлар, сўнгра албатта сизларга қилган амалларингизнинг хабари берилур. Бу Аллоҳга осондир»» (Тағобун: 7) ва Аллоҳ таъолонинг қавли: «Биз сизларни (ердан) яратдик, яна унга кайтарурмиз ва (қиёмат кунида) сизларни яна бир бор ундан чиқарурмиз» (Тоҳа: 55).

Қуръонда бунга беҳисоб далиллар мавжуд.

30-савол: Аллоҳдан ўзгага забҳ (қурбонлик) қилувчининг ҳукми нима?

Жавоб: У кофир муртаддир, унинг қурбонлиги қабул қилинмайди. Чунки унда иккита монеълик жамланган:

1) Муртаднинг қурбонлиги бўлгани учун ва муртаднинг қурбонлиги қабул қилинмаслигига ижмоъ қилинган;

2) Аллоҳдан бошқага сўйилган. Аллоҳ эса буни мана бу сўзи билан ҳаром қилди: «Айтинг: «Менга ваҳий қилинган Қуръонда ейдиган киши учун ҳаром қилинган нарсани кўрмаяпман. Магар ўлакса ё тўкилган қон, ёки тўнғиз гўшти бўлса – чунки у ҳаромдир, — ёхуд Аллоҳдан ўзга учун аталган фосиқлик бўлса (ҳаромдир)» (Анъом: 145).

31-савол: Ширкнинг навлари нима?

Жавоб: Ширкнинг навларидан ўликлардан ҳожатларни талаб қилиб, уларга юзланиш ва улардан ёрдам сўрашлик. Мана шу оламдаги ширкларнинг аслидир. Чунки маййитнинг амаллари тўхтатилади, у ёрдам сўровчилар уёқда турсин, ҳатто ўзига на фойда на зарар келтиришга ҳам қодир бўлмайди. Мана шуларга сабаб уларнинг Аллоҳ ҳузуридаги шафоатчи ва шафоат қилинувчи ҳақидаги илмга нисбатан бўлган жоҳилликларидир. Дарҳақиқат Аллоҳ таъолониниг изнисиз ҳеч ким шафоат қила олмайди ва шу билан бирга Аллоҳ бошқа бир инсоннинг сўрашини Ўз изни учун сабаб қилмади. Зеро Унинг изнига тавҳид комиллиги билангина эришилади. Бу мушрик эса Аллоҳнинг изнини ман қилувчи сабаб билан келди. Ширк икки турли бўлади: диндан чиқарувчи катта ширк ва риё каби диндан чиқармайдиган кичик ширклар.

32-савол: Нифоқнинг навлари ва маъноси нима?

Жавоб: Нифоқ икки ҳил кўринишда бўлади: эътиқодий ва амалий.

1) Эътиқодий нифоқ: Нифоқнинг бу тури Қуръонда зикр қилинган. Аллоҳ уларга жаҳаннамнинг энг қуйи қисмини вожиб қилган.

2) Амалий нифоқ: Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларида зикри келган: «Тўрт сифат бор, кимдаки шу сифатлар тўпланса ҳақиқий мунофиқ бўлибди. Агар шу сифатлардан биттаси топилса, то уни (нифоқни) тарк қилмагунча унда нифоқдан бир ҳислат бўлади. Улар: сўзласа ёлғон сўзлайди, аҳдлашса вафо қилмайди, баҳслашса фожирлик қилади, омонатлашса омонатга хиёнат қилади». Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мана бу сўзлари каби: «Мунофиқнинг аломати учтадир: сўзласа ёлғон сўзлайди, ваъдалашса ваъдасида турмайди, омонатга хиёнат қилади».

Баъзи фазилатли инсонлар айтишди: Бу нифоқ баъзан исломнинг асли билан бирга жамланади, лекин мустаҳкамлашиб , комиллашса соҳиби бутунлай диндан ажралади, ҳаттоки намоз ўқиб, рўза тутса ва одамлар уни мусулмон деб гумон қилишса ҳам. Дарҳақиқат иймон мана шу каби иллатларни ман қилади. Агар инсонда бу нифоқ комиллашса ва уни ўзидан қайтармаса, у ҳақиқий мунофиқдир.

33-савол: Ислом мартабаларининг иккинчиси нима?

Жавоб: Иймон.

34-савол: Иймон шохчалари нечта?

Жавоб: Етмишдан ошиқ, уларнинг энг аълоси «Ла илаҳа иллаллоҳ», ва қуйиси йўлдаги озорларни бартараф қилишлик. Ҳаё ҳам иймон шохчаларидан бир шохчадир.

35-савол: Иймон арконлари нечта?

Жавоб: Олтита: Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, Росулларига, охират кунига ва тақдирнинг яхши ва ёмонлилгига иймон келтирмоғингдир.

36-савол: Исломдаги учинчи мартаба нима?

Жавоб: Эҳсон, унинг биргина рукни бор, у ҳам бўлса Аллоҳни кўриб турганингдек Унга ибодат қилишинг. Агар Уни кўрмасанг, албатта У сени кўриб туради.

37-савол: Инсонлар қайта тирилганларидан сўнг амалларига яраша ҳисоб-китоб қилиниб, жазоланишадими?

Жавоб: Ҳа, Аллоҳ таъолонинг қуйидаги сўзига мувофиқ ҳисоб-китоб қилиниб, жазоланишади: «Осмонлардаги ва ердаги бор нарсалар ёлғиз Аллоҳникидир. У зотнинг Ўзи ёмонлик-гуноҳ қилиб ўтган кимсаларни қилган амаллари билан жазолагай ва чиройли амал қилган зотларни гўзал (савоб-жаннат) билан мукофотлагай!» (Нажм: 31).

38-савол: Қайта тирилишни ёлғонга чиқарган одамнинг ҳукми қандай?

Жавоб: У кофирдир. Далил, Аллоҳ таъолонинг қавли: «Кофир бўлган кимсалар ўзларининг ҳеч қачон қайта тирилмасликларини гумон-даъво қилдилар. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, уларга) айтинг: «Йўқ! Парвардигоримга қасамки, албатта қайта тирилурсизлар, сўнгра албатта сизларга қилган амалларингизнинг хабари берилур. Бу Аллоҳга осондир»» (Тағобун: 7).

39-савол: Аллоҳ якка Аллоҳга ибодат қилиб, тоғутлардан четланишга буюрадиган Росулларни юбормаган бирор бир уммат қолганми?

Жавоб: Аллоҳ уларга Росул жўнатмаган ҳеч қандай уммат қолмаган. Далил, Аллоҳ таъолонинг қавли: «Аниқки, Биз ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва шайтон (тоғут)дан йироқ бўлинглар», (деган ваҳий билан) бир пайғамбар юборганмиз» (Наҳл: 36).

40-савол: Тавҳид навлари (қайсилар)?

Жавоб: 1) Рубубият тавҳиди: Аллоҳ таъолонинг қуйидаги сўзида зикр қилингандек тавҳиднинг бу турига кофирлар ҳам иқрор бўлишган: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтинг: «Ким сизларга осмон ва заминдан ризқ берур ёки ким қулоқ-кўзларингизга эгалик қилур?! Ким ўликдан тирикни чиқарур ва тирикдан ўликни чиқарур, ҳамда ким барча ишларни тадбир қилиб турур?!» Улар албатта: «Аллоҳ», дейдилар. Бас, сиз айтинг: «Ахир Ўша зотдан қўрқмайсизларми?!»» (Юнус: 31).

2) Улуҳият тавҳиди: Бу ибодатни фақат Аллоҳ учун қилишликдир. Чунки арабларда “اله” (илоҳ) калимаси ибодат учун қасд қилинади ва улар (араблар) «Аллоҳ олиҳаларимизнинг илоҳи» деб, солиҳлар ва фаришталарни ўзларига илоҳ қилиб олишарди, улардан яна бошқалари эса «Аллоҳ бу ишимиздан рози бўлади. Улар (илоҳлар) Унинг ҳузурида бизни шафоат қилишади» деб айтишарди.

3) Сифат тавҳиди. Рубубият ва Улуҳият тавҳиди сифатларга иқрор бўлишлик билангина тўғри ҳисобланади. Кофирлар эса сифатларни инкор этувчи инсонлардан кўра ақллироқдир.

41-савол: Аллоҳ мени бирор ишга буюрса менга нима вожиб бўлади?

Жавоб: Сенга етти мартаба вожиб бўлади:

1) Илм;

2) Муҳаббат;

3) Бажаришга жазм қилиш;

4) Амал;

5) Холис савоб умид қилишлик;

6) У амални ҳабата қиладиган ишдан эҳтиёт бўлиш;

7) Собитлик;

42-савол: Аллоҳ тавҳидга буюриб, ширкдан қайтарганлигини билган инсонга бу мартабалар татбиқ қилинадими?

Жавоб: Биринчи мартаба: Инсонларнинг аксари тавҳиднинг ҳақ ва ширкнинг ботиллигини билди, лекин ундан юз ўгирди ва бу ҳақда сўрамади! Аллоҳ рибони ҳаром қилганини билди, олди-сотди қилди ва бу ҳақда сўрамади! Етимнинг молини ейишлик ҳаром, яхшилик билан ейишлик жоизлигини билди, етимнинг молига эгалик қилди ва бу ҳақда сўрамади!

Иккинчи мартаба: Аллоҳ нозил қилган нарсага муҳаббат ва У ёмон кўрган нарсаларга куфр келтиришлик. Аксар инсонлар Росулга нафрат билан қарашади, У олиб келган нарсани ёмон кўришади гарчи уни Аллоҳ нозил қилганини билишсада.

Учинчи мартаба: Буйруқни бажаришга қатъий жазм қилишлик. Аксар инсонлар билишди ва яхши кўришди, лекин дунёлигини ўзгариб кетишидан қўрқиб бажаришга жазм қила олишмайди.

Тўртинчи мартаба: Амал. Инсонларниг кўпчилиги агар жазм ёки амал қилишса ва уларга шайхлар ва яна бошқаларнинг уларни мақтаганликлари очиқ равшан бўлса амални тарк этишади.

Бешинчи мартаба: Ҳақиқатда амал қилувчиларнинг аксари холис амал қилмайди, ҳолис бўлганда эса амални тўғри қила олмайди.

Олтинчи мартаба: Солиҳ инсонлар амалларининг ҳабата бўлишидан қўрққанлар. Бунга сабаб Аллоҳ таъолонинг мана бу сўзи: «Эй мўминлар, (токи қилган яхши) амалларингиз ўзларингиз сезмаган ҳолларингизда беҳуда-бефойда бўлиб қолмаслиги учун сизлар (пайғамбар билан сўзлашган пайтларингизда) овозларингизни пайғамбарнинг овозидан юқори кўтарманглар ва унга бир-бирларингизга очиқ (дағал сўз) қилгандек очиқ-дағал сўз қилманглар!» (Ҳужурот: 2).

Бу эса бизнинг замонимизда жуда кам учрайдиган нарсалардандир.

Еттинчи мартаба: Ҳақда собит туриш ва ёмон хотимадан қўрқишликдир. Бу ҳам солиҳ инсонлар қўрқадиган нарсаларнинг энг катталаридандир.

43-савол: Куфрнинг маъноси ва турлари?

Жавоб: Куфр икки турли бўлади.

Биринчиси: Диндан чиқарадиган куфр. У бешга бўлинади:

1) Куфру ат-такзийб (ёлғонга чиқариш куфри). Аллоҳ таъоло айтди: «Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган ёки Ҳақ – Қуръон келган чоғида уни ёлғон деган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?! Жаҳаннамда кофир кимсалар учун жой топилмасми?!» (Анкабут: 68).

2) Такаббурлик ва тасдиқлаш билан бирга бўйин товлаш куфри. Аллоҳ таъоло айтди: «Эсланг, (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз фаришталарга Одамга таъзим қилинг дейишимиз билан саждага эгилдилар. Фақат Иблис кибр ва ор қилиб — кофирлардан бўлди» (Бақара: 34).

3) Шак куфри – бу гумон куфридир. Аллоҳ таъоло айтди: «Ва (кофирлик билан) ўзига зулм қилган ҳолда, боғига кирар экан, айтди: «Бу (боғ — менинг молу давлатим) ҳеч қачон йўқ бўлмайди. Ва Қиёмат ҳам қойим бўлмайди, деб ўйлайман. Қасамки, агар Парвардигоримга қайтарилсам, (яъни, Қиёмат қойим бўлиб, қайта тирилсам) албатта бундан ҳам яхшироқ оқибат – бахтни топурман». Биродари унга хитоб қилиб, деди: «Сен ўзингни (асли-наслинг бўлмиш Одамни) тупроқдан сўнг нутфа — бир томчи сувдан яратиб, сўнгра уни инсон қилиб ростлаган зот – Аллоҳга кофир бўлдингми?!» (Каҳф: 35-37).

4) Инкор куфри. Далил, Аллоҳ таъолонинг қавли: «Кофир бўлган кимсалар эса ўзлари огоҳлантирилган нарсадан (яъни Охиратдаги азобдан) юз ўгирувчидирлар (уни инкор қилгувчидирлар)» (Аҳқоф: 3).

5) Нифоқ куфри. Далил, Аллоҳ таъолонинг қавли: «Бунга сабаб уларнинг (тилларида) иймон келтириб, сўнгра (дилларида) кофир бўлганларидир. Бас, уларнинг диллари муҳрлаб қўйилди. Энди улар (иймоннинг ҳақиқатини) англай олмаслар!» (Мунофиқун: 3).

Иккинчиси: Диндан чиқармайдиган кичкина куфр. Бу неъмат куфридир. Бунга далил, Аллоҳ таъолонинг қуйидаги қавли: «Аллоҳ бир шаҳарни (яъни Маккани) мисол келтирур: у тинч, сокин (шаҳар) эди, ҳар томондан ризқу рўзи бекаму-кўст келиб турар эди. Бас, (қачонки) у (яъни, унинг аҳолиси) Аллоҳнинг неъматига ношукрлик қилгач, Аллоҳ у (шаҳар аҳолисига) бу «хунарлари» (куфру исёнлари) сабабли очарчилик ва нотинчлик балосини тотдириб қўйди» (Наҳл: 112). Ва Аллоҳ таъолонинг мана бу сўзи: «Шунингдек, сизларга барча сўраган нарсаларингиздан ато этди. Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига етолмайсизлар. Ҳақиқатан, инсон зоти ўта золим ва жуда ношукрдир» (Иброҳим: 34).

44-савол: Ширк ва унинг навлари (қайсилар)?

Жавоб: Билгинки ҳақиқатда тавҳид ширкнинг зиддидир.

Ширкнинг навлари учтадир: Ширк ал-акбар (катта ширк), ширк ал-асғар (кичик ширк) ва ширк ал-хофий (пинҳоний ширк).

1) Ширк ал-акбар (катта ширк) тўрт қисмга бўлинади:

• Ширку ад-даъва (дуо ширки). Аллоҳ таъоло айтди: «Қачон улар кемага минсалар (ғарқ бўлишдан кўрқиб) Аллоҳга чин ихлос билан дуо-илтижо қилурлар. Энди қачонки (Аллоҳ) уларга нажот бериб қуруқликка (чиқаргач), баногоҳ улар (Аллоҳга) ширк келтирурлар!» (Анкабут: 65).

• Ширку ан-нийя, ал-ирода ва ал-қосд (ният, ирода ва қасд ширки). Аллоҳ таъолонинг қавли: «Ким (фақат) шу ҳаёти дунёни ва унинг зебу зийнатларини истайдиган бўлса, уларга қилган амалларини(нг ажр-мукофотини) шу дунёда комил қилиб берурмиз ва улар бу дунёда зиён кўрмайдилар. Ундай кимсалар учун охиратда дўзах ўтидан ўзга ҳеч қандай насиба йўқдир. Уларнинг бу дунёда қилган барча яхшиликлари беҳуда кетур ва қилиб ўтган амаллари бефойдадир» (Ҳуд: 15-16).

• Ширку ат-тоъа (тоат ширки). Аллоҳ таъоло айтди: «Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг донишмандларини ва роҳибларини ҳамда Масиҳ бинни Марямни Парвардигор деб билдилар. Ҳолбуки, фақат ягона Аллоҳга бандалик килишга маъмур (буюрилган) эдилар. Ҳеч илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир. У зот уларнинг ширкларидан покдир» (Тавба: 31).

• Ширку ал-муҳабба (муҳаббат ширки). Аллоҳ таъолонинг қавли: «Одамлар орасида шундай кимсалар борки, улар ўзгаларни Аллоҳга тенг билиб, уларни Аллоҳни севгандек севадилар. Иймонли кишиларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббатлари қаттиқроқдир. Бундай золимлар азобга рўбарў бўладиган замонларида (қиёмат кунида) бутун куч-қудрат Аллоҳники бўлишини ва Аллоҳнинг азоби қаттиқ азоб эканини билсалар эди» (Бақара: 165).

2) Ширк ал-асғар (кичик ширк). Бу риё ширкидир. Аллоҳ таъоло айтди: «Бас, ким Парвардигорига рўбарў бўлишидан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Парвардигорига бандалик қилишда бирон кимсани (унга) шерик қилмасин! (Яъни, қиладиган барча амалларини ёлғиз Аллоҳ учун қилсин)» (Каҳф: 110).

3) Ширк ал-хофий (пинҳоний ширк). Далил соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари: «Бу умматдаги ширк қоронғу тунда силлиқ қора тош устида ўрмалаб кетаётган чумолининг қадам товушидан ҳам пинҳонийроқдир».

45-савол: Қадар ва қазо орасидаги фарқ нимада?

Жавоб: Қадар “القدر” калимаси аслида “قدر “ (қодаро) феълининг масдари (ўзаги)дир. Сўнгра бундан тафсилот киритиш ва баён қилиш маъносини ифодалайдиган “تقدير” (тақдир) сўзи ясалди ва коинотда бирор бир ҳодиса содир бўлишидан илгари Аллоҳнинг тақдири ғолиб бўлганидан кейин ишлатилинади.

Қазо эса қадар ва аввалги китобларга битилган нарсалар содир бўлаётган жараёндаги кавний ҳукмга, баъзан эса муфассаллаштириш ва фарқлаш маъносидаги қадарга нисбатан ҳам ишлатилинади.

Қадар калимаси ҳам тақдир қилинган нарсаларнинг воқеъ бўлишидаги кавний ҳукм бўлмиш қазо калимасига тааъллуқли бўлади.

• Қазо шаръий диний ҳукмга нисбатан ишлатилинади. Аллоҳ таъолонинг қавли: «… сўнгра сен чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмайдилар…» (Нисо: 65).

• Қазо – фориғ бўлиш ва ниҳоялаш маъносида ҳам келади. Аллоҳ таъолонинг қуйидаги сўзи каби: «Энди қачон намоз адо қилингач, ерга тарқалиб, Аллоҳнинг фазлу марҳаматидан (ризқу рўз) истайверинглар. Аллоҳни кўп зикр қилингларки, шояд нажот топурсизлар» (Жумъа: 10).

• Феълга нисбатан ҳам ишлатилинади. Аллоҳ таъоло айтди: «… Бас, қиладиган ҳукмингни қилавер …» (Тоҳа: 72).

• Эълон ва хабар қилишда ҳам ишлатилинади. Аллоҳ таъолонинг қавли: «Шунингдек, Биз Бани Исроилга у Китобда: «Сизлар албатта (Шом) заминида икки марта бузғунчилик қилурсизлар ва катта туғёнга тушурсизлар», деб хабар бердик» (Исро: 4).

• Ўлимга нисбатан ҳам ишлатилинади. Бунга мисол уларнинг «фалончи қазо қилди» яъни вафот этди деган сўзлари. Аллоҳ таъоло айтди : «Улар (дўзах ходими бўлган фариштага) «Эй Молик, Парвардигоринг бизларга ҳукмини қилсин (яъни тезроқ жонимизни олсин, бизлар бу азобдан қутулайлик», деб) нидо қилганларида, у «Албатта сизлар (мана шу азобда мангу) тургувчидирсизлар», деди» (Зухруф: 77).

• Азобнинг борлигини ифода қилишда ҳам ишлатилинади. Аллоҳ таъоло айтди: «Улар (ҳақ йўлни инкор этувчилар қиёмат кунида) боқмайдилар, магар уларга булутдан бўлган соябон остида Аллоҳ ва фаришталар (ҳисоб китоб учун) келади-да, иш тамом бўлади (яъни куфрлари сабабли дўзахга ҳукм қилинурлар). Ва барча ишлар ёлғиз Аллоҳга қайтарилажак» (Бақара: 210).

• Бирор бир ишни қилишдаги имконият ва уни тамом қилишликка ҳам тааллуқли бўлади: «… (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сизга (Қуръон) ваҳийси битишидан илгари қироат қилишга шошманг (балки фаришта Жаброил Аллоҳ томонидан келтирган оятни тўла ўқиб бўлганидан кейингина қироат қилинг) …» (Тоҳа: 114).

• Қарор ва ҳукмга нисбатан ҳам ишлатилинади: «Ер (яъни маҳшаргоҳ) Парвардигорининг нури билан ёришди; китоб – номаи аъмол (ҳисоб-китоб қилиш учун ҳозирлаб) қўйилди; пайғамбарлар ва гувоҳлар келтирилди ва уларнинг (яъни барча бандаларнинг) ўрталарида (биронталарига) зулм қилинмаган ҳолда ҳақ (ҳукм) билан ҳукм қилинди» (Зумар: 69).

• Яратишга ҳам тааллуқлидир. Аллоҳ таъолонинг «Фуссилат» сурасидаги қуйидаги сўзи каби: «… етти осмонни барпо қилди …» (Фуссилат: 12).

• Бирор ишни якун топишига ҳам ишлатилинади. Аллоҳ таъолонинг сўзи: «Биз у (болани) одамлар учун оят-мўъжиза ва Ўз томонимиздан бўлган раҳмат-марҳамат қилурмиз. Бу битган ишдир» (Марям: 21).

• Диний буйруққа нисбатан ҳам ишлатилинади. Аллоҳ таъолонинг сўзи: «У зот сизларни фақат Ўзигагина ибодат қилишга буюргандир» (Юсуф: 40).

• Истакка етишишликка ишлатилинади, бунга мисол “قضيت وطري” (мақсадимга эришдим) ибораси. Ўзаро келиша олмаган икки шахсни ҳукмга мажбур қилишликда ҳам ишлатилинади.

• Адо қилишга ҳам ишлатилинади. Аллоҳ таъолонинг сўзи: «Энди, маросимларингизни адо қилиб бўлгач…» (Бақара: 200).

• «Қазо» калимаси юқоридаги барча ўринларда масдар (ўзак)дир, буйруқ вожиблигини тақазо қилади. Тақазо қилишлик эса сийғани кайфиятини билишликдир. Уларнинг:

“لا أقضي منه العجب” яъни «ажабланишимда давом этяпман» сўзларини Асмоий: «يبقى و لا ينقضي» яъни «қолади ва ниҳоясига етмайди» деган.

46-савол: Умуман олганда яхши ва ёмон қадарнинг ҳаммаси Аллоҳданми?

Жавоб: Яхши ва ёмон қадарни умуман оладиган бўлсак, Али розияллоҳу анҳу айтди: «Бақиюл ғорқодда (Мадинаи мунавварадаги қабристон номи) жанозада эдик, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келиб ўтирдилар. Биз ҳам У кишининг атрофларига ўтирдик. У кишининг қўлларида таёқча бор эди, энгашдилар ва шу таёқча билан тупроқни уёқдан буёққа ағдардилар ва: «Сизлардан бирор бир дунёга келган нафс йўқки, магарам Аллоҳ унинг жаннат ёки дўзахдаги жойини ва бахтли ёки бахтсиз бўлишини ёзиб қўйган» дедилар. Бир киши: «Ёзилган нарсамизни кутиб амалларимизни ташлаб қўймаймизми?» деб сўради. Шунда (Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ким саодат аҳлидан бўлса, аҳли саодат амалини қилади. Кимки бахтсизлар аҳлидан бўлса, ўшаларнинг амали сари юриб боради» деб, қуйидаги оятни тиловат қилдилар: «Ана энди ким (ўз мол-давлатидаги камбағал-бечораларга берилиши лозим бўлган закот ва бошқа садақотларни) ато этса ва (Аллоҳдан) қўрқса, ҳамда гўзал оқибатни (яъни жаннат бор эканини) тасдиқ этса, бас, Биз уни осон йўлга муяссар қилурмиз. Энди ким (Аллоҳ йўлида хайр-саховат кўрсатишдан) бахиллик қилса ва (ўзини Аллоҳ ҳузуридаги ажр-мукофотлардан) беҳожат билса, ҳамда гўзал оқибатни (яъни Аллоҳ ваъда қилган жаннатни) ёлғон деса, бас, Биз уни (дунё ва охиратда бахтсиз бўладиган) оғир йўлга «муяссар» қилурмиз!» (Лайл: 5-10).

Яна бир ҳадисда: «Амал қилинглар, ҳаммаси осонлаштириб қўйилган. Аммо бахтсизлар аҳлига бахтсизлар амали енгил қилиб қўйилади. Саодат аҳлига эса саодат аҳли амаллари енгиллатилади», сўнг мана бу икки оятни ўқидилар: «Ана энди ким ато этса ва қўрқса, ҳамда гўзал оқибатни тасдиқ этса» (Лайл: 5-6).

47-савол: «Ла илаҳа иллаллоҳ»нинг маъноси нима?

Жавоб: Маъноси: Аллоҳдан ўзга ибодатга лойиқ зот йўқ. Далил, Аллоҳ таъолонинг сўзи: «Парвардигорингиз, ҳеч кимга ибодат қилмасдан, фақат ёлғиз Унинг Ўзигагина ибодат қилишларингизни амр этди» (Исро: 23). Бу оятдаги «ҳеч кимга ибодат қилмасдан» деган қавли «Ла илаҳа»ни, «Унинг Ўзигагина» эса «иллаллоҳ»нинг маъносини ифодалайди.

48-савол: Аллоҳ ўз бандаларига намоз ва рўзадан ҳам илгари фарз қилган тавҳид нима?

Жавоб: Бу ибодат тавҳидидир. Шериги йўқ бўлмиш якка Аллоҳгагина дуо илтижо қилишинг, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва яна ундан бошқаларга дуо қилмаслигингдир. Аллоҳ таъоло айтганидек: «Албатта (барча) масжидлар Аллоҳникидир. Бас, Аллоҳ билан бирга яна бирон кимсага дуо-илтижо қилманглар!» (Жин: 18).

49-савол: Қайси бири афзал сабрли фақирми ё бўлмаса шукр қилувчи бойми? Сабр ва шукрнинг ҳукми қандай?

Жавоб: Бойлик ва фақирлик масаласига келадиган бўлсак, сабрли ва шукр қилувчи буларнинг икковлари мўминларнинг афзалларидир. Икковларидан афзалроғи эса тақволироғидир. Аллоҳ таъоло айтганидек: «Албатта сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир» (Ҳужурот: 13).

Уламолар орасида машҳур бўлган ҳукмга кўра, сабр бу ташвиш ва ғам-ғуссанинг йўқлиги, шукр эса Аллоҳ сенга ато этган неъматлари билан Унга итоат этишлигингдир.

50-савол: Менга нимани маслаҳат берасиз?

Жавоб: Сенга маслаҳат бериб ва ана ўшанга ундайдиганим бу тавҳидда фақиҳ бўлиш ва тавҳид китобларини мутоала қилишликдир. Дарҳақиқат бу нарсалар сенга Аллоҳ Ўз Росулини юборган тавҳиднинг ҳақиқатини ва Аллоҳ ва Росули ҳаром қилиб, уни ҳеч қачон мағфират қилмаслигини хабар берган ширкнинг ҳақиқатини ҳам баён қилиб беради. Албатта бунинг (ширк) қилувчисига жаннат ҳаромдир ва бу ишни қилган инсоннинг амаллари ҳабата (бекор) бўлади.

Ҳар бир ишнинг қадр-қиймати бу Аллоҳ Ўз Росули билан юборган тавҳиднинг ҳақиқатини билишликдадир. Шу билангина киши ширк ва унинг аҳлини фарқловчи мусулмон бўлади.

Бир сўз ёзгинки, Аллоҳ ўша билан мени фойдалантирсин.

• Сенга авваламбор Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таъолодан олиб келган нарсаларга диққат-эътибор қаратишингни васият қиламан. Албатта у Аллоҳ таъолонинг ҳузуридан инсонлар муҳтож бўладиган барча нарсаларни олиб келди. Сизларни Аллоҳга ва Унинг жаннатига яқинлаштирадиган бирор нарса йўқки, магарам сизларни унга буюрди, ва сизларни Аллоҳдан узоқлаштириб, азобига яқинлаштирадиган бирор бир нарсани тарк этмадики, магарам ундан қайтариб огоҳлантирди. Ва Аллоҳ таъоло ўз махлуқотларига то қиёмат кунигача ҳужжат қоим қилди. Аллоҳ таъоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни юборганидан сўнг эса бирор бир киши учун Унга қарши ҳужжат йўқдир.

• Аллоҳ таъоло у (яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва унинг биродарлари бўлмиш Росуллар ҳақида айтди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), албатта Биз Нуҳга ва ундан кейинги пайғамбарларга ваҳий юборганимиз каби сизга ҳам ваҳий юбордик…» то мана бу қавлигача: «Токи бу пайғамбарлар ўтганларидан кейин одамлар учун Аллоҳга қарши ҳужжат бўлиб қолмаслиги учун пайғамбарларни (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтувчи ва (кофирларни дўзах азобидан) қўрқитувчи қилиб юбордик. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир» (Нисо: 163-165).

• Аллоҳ таъоло ҳузуридан олиб келган энг буюк нарса ва инсонларни буюрган энг биринчи буйруғи бу тавҳид ва У (Аллоҳ)нинг ўзигагина ихлос қилишликдир. Аллоҳ таъоло айтганидек: «Эй (либосларига) бурканиб олган зот, туринг-да, огоҳлантиринг! Ва Ёлғиз Парвардигорингизни улуғланг!» (Муддассир: 1-3).

«Ва Ёлғиз Парвардигорингизни улуғланг!» яъни, Роббингни тавҳид ва ибодатдаги ихлосни шериги йўқ бўлган унинг Якка Ўзигагина қилиш билан улуғлагин. Бу эса намоз, закот, рўза, ҳаж ва булардан бошқа Ислом шиорларига буюришдан илгаридир.

«Туринг-да, огоҳлантиринг!» яъни, шериги йўқ бўлмиш Якка Аллоҳнинг ибодатида ширк қилишларидан инсонларни огоҳлантиринг. Бу эса зино, ўғирлик, рибо, инсонларга зулм қилиш каби катта гуноҳлардан огоҳлантиришдан илгари бўлади.

• Бу асос диндаги асосларнинг энг улуғи ва фарзлироғидир. Шу сабабли Аллоҳ махлуқотларни яратди. Аллоҳ таъоло айтганидек: «Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Зориёт: 56).

• Шу сабабли Аллоҳ элчиларни юборди ва китобларни нозил қилди. Аллоҳ таъоло айтганидек: «Аниқки, Биз ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва шайтондан йироқ бўлинглар», (деган ваҳий билан) пайғамбар юборганмиз» (Наҳл: 36).

• Шу сабабли инсонлар мусулмон ва кофирга ажралишди. Кимки Қиёмат куни Аллоҳ таъолонинг ҳузурига Аллоҳга бирор бир нарсани шерик келтирмасдан, муваҳҳид ҳолда келса, жаннатга киради. Кимки ширк қилган ҳолда вафот этса, жаҳаннамга киради, гарчи инсонларнинг энг ибодатгўйроғи бўлган бўлсада. Мана шу «Ла илаҳа иллаллоҳ» деган сўзингни маъносидир. Дарҳақиқат Илоҳ шундайки, Унга дуо қилинади ва яхшиликни жалб ва ёмонликни даф қилишда Ундангина умид қилинади, Ундан қўрқилади ва Унга таваккал қилинади.

Манба: Тавҳид форуми

6 thoughts on “Тавҳид далиллари

  1. ассаламу алайкум.биродарла Аллох сизлардаги яхшиликларга барака берсин.бу рисола шайхнинг алохида рисолаларими еки кимдир у кишининг китобларидан жамлаб бу рисолани ездими?чунки 3 асос китобига ухшаб кетар экан.агар алохида рисолалари булса арабий матнини хам куйинг сайтга.ва мана бу ибора нимани англатишини тушунтириб беринглар :3) Сифат тавҳиди. Рубубият ва Улуҳият тавҳиди сифатларга иқрор бўлишлик билангина тўғри ҳисобланади. Кофирлар эса сифатларни инкор этувчи инсонлардан кўра ақллироқдир.
    охирги жумлани англамадим.
    ва яня амални хабата булишига хужурот 2-оятни келтирибсизлару тушунарсиз хулоса килинибди,яъни бу хозирги кунда куп учрайдиган холат дейилибди.Росулуллох с.а.в.га булган бехурматликни назарда тутилганми?
    жавобларингиз учун ташаккур.ассаламу алайкум.

  2. Ваалайкумуссалом ва роҳматуллоҳ .

    Бу китоб шайхнинг алоҳида ёзган рисолалари “Тавҳид далиллари “деб номланади.

    Пайғамбар Муҳаммад сололлоҳу алайҳи ва саллам замонидаги кофирлар Аллоҳнинг исм ва сифатларини инкор этишмаган(илло баъзиларини),шунинг учун ҳозирги пайтимиздаги исм ва сифатларни инкор этувчи баъзи инсонлардан кўра ақллироқ дейилган(бу қисқача жавоб ).

    42-саволдаги ҳужурот сураси 2-оятини китобни аслида тўлиқ келтирилмаган фақатгина мана шу жойи келган:”.. амалларингиз ўзларингиз сезмаган ҳолларингизда беҳуда-бефойда бўлиб қолмаслиги учун…” .” Бу эса бизнинг замонимизда жуда кам учрайдиган нарсалардандир.” Яъни ҳозир аксар инсонлар амалларини ҳабата бўлишлигидан қўрқишмайди дегани.

    Биродар сизга бир эслатма: Пайғамбар сололлоҳу алайҳи васалламга саловат айтишлик ибодат . Шунинг учун қисқартирмасдан тўлиқ ёзиш керак.

  3. ассаламу алайкумуссалам.Аллох сиздан рози булсин.бирорта бир олимнинг сузини манга келтира оласизми бу танбехингизга.иложи борича туликрок тушуниб олишим учун.чунки бу гапни олдин хам эшитганман ва амал хам килгандим,аммо далил булса манга еки туликрок тушунтириш булса яхши буларди.

    бу ктобни арабий матнини хам куйинглар агар иложиси булса.жазакумуллоху хойрон.ассаламу алайкум.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan