Уйланиш камбағалликдан халос бўлишга сабаб ҳисобланадими?
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари, пайғамбарининг оиласи ва саҳобларига салавоту саломлар бўлсин.
Сўнг …
Агар инсон уйланса, бу унинг бойлиги зиёда бўлишига сабаб бўладими деган масалага тўхталсак, бу борасида бир қанча ҳадислар келган:
«Аёлларга уйланинг. Чунки дарҳақиқат улар сизга мулк билан келадилар!» (Баззор 1402, Ҳоким 1/161).
Бошқа бир ҳадисда айтиладики: «Никоҳдан ризқ кутинглар» (Дайламий 282).
Ушбу икки ҳадис ҳам заиф. Бу икки ҳадисни шайх Албоний «ас-Силсила аз-заифа» № 2487, 3400 да келтирган.
Бироқ шунга ўхшаш сўзлар саҳобалардан ҳам ривоят қилинган:
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу деди: «Никоҳ билан (келувчи) бойликка умид қилмайдиганлар мени ажаблантиради. Ахир Аллоҳ айтганку: «Ўз ораларингиздаги тул-беваларни ҳамда қул ва чўриларингизни яхшиларини уйлантиринглар. Агар улар камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлу-карами билан бой-беҳожат қилур. Аллоҳ (фазлу-карами) кенг, билгувчидир» (Нур: 32)» (Абдурраззоқ 10393, Қуртубий 12/241).
Яна Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шундай деган: «Никоҳдан ризқ кутинлар. Ахир Аллоҳ айтганку: «Ўз ораларингиздаги тул-беваларни ҳамда қул ва чўриларингизни яхшиларини уйлантиринглар. Агар улар камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлу-карами билан бой-беҳожат қилур. Аллоҳ (фазлу-карами) кенг, билгувчидир» (Нур: 32)» (Тобарий 12/275).
Бизга ушбу саҳобалардан келган асарлар қанчалик саҳиҳ экани маълум эмас. Агар улар, келтирилган ҳадислар каби, заиф бўлса ҳам, ушбу фикрнинг тўғри эканини ушбу оят тасдиқлайди:
«Ўз ораларингиздаги тул-беваларни ҳамда қул ва чўриларингизни яхшиларини уйлантиринглар. Агар улар камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлу-карами билан бой-беҳожат қилур. Аллоҳ (фазлу-карами) кенг, билгувчидир» (Нур: 32).
Имом Ибнул Жавзий деди: «Аллоҳ таоло никоҳни камбағалликдан халос бўлиш сабаби экани ҳақида хабар берди» (Қаранг: «Зодул масир» 6/36).
Имом Қуртубий ушбу оят борасида шундай дейди: «Яъни эркак ёки аёлнинг камбағаллиги сабабидан уйланишдан ўзингизни тийманг. Агар улар камбағал бўлса, Аллоҳ уларни ўз фазлу-карами билан бой қилиб қўяди. Ушбу бойитиб қўйиши ҳақидаги ваъда Аллоҳ розилигини истаган ва Унинг ҳаромларидан ўзини сақлаш учун уйланганлар учундир».
У киши яна айтадиларки: «Агар биров айтсаки: «Бироқ биз уйланган аммо бойимаганларни кўришимиз мумкин-ку!» Биз унга айтамизки: Бу ваъда ҳар доим амалга ошади дегани эмас. Ҳатто бу нарса бир марта содир бўлган бўлса ҳам, ваъда амалга ошган бўлади. Яна айтилганки: ««Бой қилур» сўзининг маъноси: қалбнинг бойишидир. Бу ҳақида саҳиҳ ҳадисда айтилган: «Бойлик – молнинг сероблиги эмас. Бироқ ҳақиқий бойлик – қалб бойлигидир» (Бухорий 6446, Муслим 1051). Яна айтилганки: «Бу узлуксиз амалга ошадиган ваъда эмас. Бунинг маъноси шундаки, мол-мулк келиши ва кетиши мумкин». Яна айтилганки: «Аллоҳ агар хоҳласа бойитади. Унинг мана бу қавлида айтилганидек: «У агар хоҳласа, сизлар дуо-илтижо қилган нарсани (бало-мусибатни) аритур» (Анъом: 41). Яна мана бу оят: «Аллоҳ, Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг қилур (ва Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини) танг қилур» (Раъд: 26)». Яна айтилганки: «Оятнинг маъноси шундан иборатки, агар улар никоҳга муҳтож бўлишганида, Аллоҳ уларни ҳалоллик ёрдамида зинодан халос қилади»» (Қаранг: «Тафсир ал-Қуртубий» 12/241).
Келтирилган барча қавллар бир-бирига зид эмас. Шундай экан Қуръон тафсири асосларига кўра ушбу оят зикр қилинган барча маъноларни англатиши мумкин.
Валлоҳу аълам.
Аллоҳ пағамбаримиз Муҳаммадга, Унинг оиласи ва барча саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин!
Манба: Тавҳид форуми
Tugri uylangandan sung badavlat bulib ketganlar kup, lekin hotin olib boy bulishni maqsadida boyni qiziga uylanib uzini pastga urib yurganlar ham bor