Куёвга «устимга хотин олмайсиз» деб шарт қўйиш

Куёвга никоҳдан аввал «устимга хотин олмайсиз» деб шарт қўйиш

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, у зотнинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг …

Агар аёл киши куёвга никоҳдан аввал унинг устига уйланмасликни ёки жория билан бирга бўлмасликни шарт қилган бўлса, эр ушбу шартга рози бўлиб, кейин унга вафо қилмаса, аёл никоҳни бузишга ҳақли бўлади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шартлар ичида вафо қилишингизга энг ҳақлироғи у билан фаржларни (яъни хотинларингизнинг номусларини) ҳалол қилиб олган (яъни, никоҳдаги) шартлардир», деганлар (Бухорий (2721) ва Муслим (1418) Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Ибн Қудома раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг «ал-Муғний» номли китобларида шундай дейдилар: «Агар эркак аёл кишига уйи ёки қишлоғидан олиб кетмаслик шарти билан уйланган бўлса, унда аёл ушбу шартни талаб қилишга ҳақли. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шундай деганлари ривоят қилинади: «Шартлар ичида вафо қилишингизга энг ҳақлироғи у билан фаржларни (яъни хотинларингизнинг номусларини) ҳалол қилиб олган (яъни, никоҳдаги) шартлардир» (Бухорий (2721) ва Муслим (1418)). Агар эркак бошқасига уйланмаслик шарти билан уйланган бўлса, аммо бошқасига уйланса, унда хотин талоққа ҳақли бўлади. Бунинг асли шундаки, никоҳ шартлари уч хил бўлади:

Биринчиси – бажарилиши шарт бўлган шартлар бўлиб, ундаги фойдани ҳам, зарарни ҳам хотин олади. Масалан, аёл уйидан ёки қишлоғидан олиб кетилмаслигини, ёки эр у билан сафарга чиқмаслигини, ёки бошқасига уйланмаслигини ва жория олмаслигини (шарт қилганнинг) шарти. Бу каби шартлар бажарилиши шарт. Агарда у ўша (шарт)ни бажармаса, аёл никоҳни бекор қилишга ҳақли бўлади» («ал-Муғний» 7-жилд, Никоҳ китоби).

Яна Ибн Қудома раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Агарда эр аёлни уйи ёки шаҳридан олиб кетмаслигига, ёки эр аёл билан сафарга чиқмаслигига, ёки бошқа хотин олмаслигига рози бўлса, унда эр бунга риоя қилиши шарт бўлади. Агар эр бундай қилмаса, унда аёлда никоҳни бекор қилиш ҳуқуқи бўлади. Бу Умар, Саъд ибн Аби Ваққос ва Амр ибн Ослардан ривоят қилинган» («ал-Муғний» 9/483).

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳга савол берилди: Эркак аёлга уйланди ва аёл бошқасига уйланмаслигини, уйидан олиб кетмаслигини ва аёл онаси билан қолишлиги шартини қўйди. Эркак бу шартларга рози бўлди ва у билан турмуш ҳаётини бошлади. Эр ушбу шартларга риоя қилиши керакми? Агар у ушбу шартларга риоя қилмаса, аёл никоҳни бекор қилиш ҳуқуқига эгами?

Шайхулислом раҳимаҳуллоҳ жавоб бердилар: «Ҳа, бундай шартлар ва шунга ўхшашлар имом Аҳмад мазҳабларида, шунингдек Умар ибн Хаттоб, Амр ибн Ос, Шурайҳ, Авзоий ва Исҳоқ каби саҳоба ва тобеинлардан иборат бошқа уламолар наздида тўғри ҳисобланади. Имом Молик мазҳабларида ҳам, агар эр бошқасига уйланса, унда аёлга у билан қолиши ёки қолмаслигини ўзи ҳал қилиш ҳуқуқи берилиши шартига рози бўлса, унда бу шарт тўғри бўлади ва аёл никоҳни бекор қилишга ҳақли бўлади.

Ушбу қавл имом Аҳмад мазҳабига тўғри келади. Шунингдек бунга Саҳиҳайнда келган ҳадис далолат қилади. Унда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: «Шартлар ичида вафо қилишингизга энг ҳақлироғи у билан фаржларни (яъни хотинларингизнинг номусларини) ҳалол қилиб олган (яъни, никоҳдаги) шартлардир» (Бухорий (2721) ва Муслим (1418)).

Яна Умар ибн Хаттоб шундай деганлар: «Шартлар олдида ҳақ-ҳуқуқлар кесилади» (Ибн Аби Шайба (3/499), №16449), Бухорий (5/396 ал-Фатҳ) ривоятлари).

Шундай қилиб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларнинг фаржларини ҳалол қилиб берадиган шартларни мажбурий риоя қилинишликка энг ҳақлироғи қилиб бердилар. Мана шу матн бу каби шартларга далолат қилади» (Қаранг: «ал-Фатава ал-Кубро» 3/124).

Бундай никоҳнинг шартларини тўғри эканига баъзи имомлар эътироз билдиришган. Яъни ушбу масала борасида уламолар ўртасида ихтилоф мавжуд.

Имом Хаттобий раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Никоҳдаги шартлар турлича бўлади. Улардан ижмоъга кўра риоя қилиниши шарт бўлганлари бор, «Сўнгра (оилани) яхшилик билан сақлаш ёки чиройли суратда ажрашиш (лозим)» (Бақара: 229) каби. Мана шу шарт ҳақида ҳадисда ҳам айтилган. Яна бу шартлардан ижмоъга кўра риоя қилиб бўлмайдиганлари бор. Масалан, бошқа аёли билан ажрашиш каби. Чунки бунга таъқиқ келган. Яна никоҳдаги шартлардан шундайлари борки, улар борасида (уламолар ўртасида) ихтилоф бўлган. (Масалан, унинг) ҳузурида бошқасига уйланмаслик, жорияга яқинлик қилмаслик, ёки уни аёлнинг уйидан ўзиникига кўчириш каби шартлар» (Қаранг: «Аълам ал-ҳадис» 3/1989).

Имом Ибн Дақиқ Ийд раҳимаҳуллоҳ «Шартлар ичида вафо қилишингизга энг ҳақлироғи у билан фаржларни (яъни хотинларингизнинг номусларини) ҳалол қилиб олган (яъни, никоҳдаги) шартлардир» (Бухорий (2721) ва Муслим (1418)) ҳадиси борасида шундай дедилар: «Бир гуруҳ уламолар ҳадиснинг зоҳирий маъносини олишди ва шартларга риоя қилишга буюришди, ҳатто агар у (шарт)лар никоҳ шартларидан келиб чиқмаган бўлса ҳам. (Масалан) унинг ҳузурида бошқасига уйланмаслик, жория билан яқинлик қилмаслик, уни ўз шаҳридан бошқа шаҳарга олиб чиқмаслик каби (шарт)лар. Бошқалари айтишдики, никоҳ шартларига мувофиқ келмайдиган бундай шартларга риоя қилишлик шарт эмас. Улар айтишдики, агар шу каби шартлар бўлса, никоҳнинг ўзи тўғри бўлади, аммо бу каби шартлар ботил бўлади ва шартларга мувофиқ маҳр бериши керак бўлади. Улардан баъзилари эҳтимол ушбу ҳадис маъносини никоҳдан келиб чиқадиган шартларга тегишли деб ҳисоблашгандир. (Масалан) хотинга яхши муносабатда бўлиш, уни кийинтириш, уй билан таъминлаш, хотинлари орасида вақтни тақсимлаганда аёлнинг ҳаққини ноқис қилмаслик, хотинига нафақа қилиш, унинг рухсатисиз (ташқарига) чиқмасликни шарт қўйиш, эрининг молини усиз сарф қилмаслик ва ҳоказо (шартлар). Бироқ ҳадисни бундай хослашликда заифлик бор. Чунки зикр қилиб ўтилган нарсалар, шартларга риоя қилиш кераклигига таъсир кўрсатмайди ва бу ҳолатларни шартлар билан боғлашликка ҳожат йўқ (чунки бунга шундоқ ҳам риоя қилишлик шарт)» (Қаранг: «Иҳкам ал-аҳкам» 2/187-188).

Улар бундай шартлар Аллоҳ рухсат берган нарсани таъқиқлашлик, кўпхотинлик каби ислом уммати учун ниҳоятда фойдали амалдан тўсишлик, Аллоҳнинг Китобида бўлмаган шартларни қўйишлик ва шунга ўхшаш сабабларга биноан жоиз эмас деб айтишган.

Имом Ибн Ҳазм раҳматуллоҳи алайҳ шундай дедилар: «Келиннинг куёв бошқасига уйланмаслигини, ёки жорияси бўлмаслигини, ёки у билан ажралмаслигини, ёки уйидан олиб кетмаслиги шарт қилиши, буларнинг барчаси ҳалол нарсани ҳаром қилишликка киради. Бу агар инсон чўчқа ва ўлимтик гўштини ҳалол қилиши билан баробардир. Чунки буларнинг барчаси Аллоҳ жалла ва аланинг ҳукмига хилофдир» (Қаранг: «ал-Муҳаллаҳ» 11/139).

Аллома Ибнул Қоййим раҳматуллоҳи алайҳ шундай дедилар: «Агар хотин уни шаҳридан ёки уйидан ташқарига олиб кетмасликни, ёки унинг ҳузурида бошқасига уйланмасликни шарт қилиб қўйса, унда бу ботил шартдир!» (Қаранг: «ал-Иълам» 1/312).

Шундай бўлсада, унинг устига бошқа хотин олмасликни шарт қилишлик жоиз деган уламоларнинг қавли қувватлироқдир. Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ бу ҳақида шундай дедилар: «Агар аёл эрини иккинчи хотин олмаслигини шарт қўйса, бу жоиздир. Баъзи уламолар буни ножоиз дейишди. Бунга сабаб қилиб бунда Аллоҳ рухсат берган нарсани эрига таъқиқлашлик бор ва бу Қуръонга хилоф дейишди. Унда айтилганки: «Сизлар учун никоҳи ҳалол бўлган аёлларга иккита, учта, тўрттадан уйланаверинглар» (Нисо: 3).

Бунга жавобан, аёлда бошқасига уйланмасликни сўрашлигига асоси бор ва у бу билан кимгадир зулм қилмаяпти деб айтса бўлади. Эр ўзи ўз ҳаққидан кечяпти: унда биттадан кўпроқ аёлга уйланиш ҳаққи бор ва у ушбу ҳаққини беряпти. Шундай экан, шартнинг ҳақиқий бўлишига нима тўсқинлик қиляпти?

Шунинг учун, ушбу масаладаги тўғри фикр имом Аҳмаднинг фикрларидир. У киши бу каби шартлар ҳақиқий деб ҳисоблаганлар» (Қаранг: «Шарҳ ал-Мумтиъ» 5/243).

Шу нарсани эслаб ўтиш лозимки, агарда эр бундай шартни бузса уларнинг никоҳлари бекор бўлди деган хулоса келиб чиқмайди. Бундай ҳолатда хотинга никоҳни бекор қилиш ҳуқуқи берилади холос, истаса никоҳни бекор қилади, истаса ўз шартидан воз кечиб турмушини давом эттираверади. Валлоҳу аълам.

Аллоҳ Пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Манба: Тавҳид форуми

2 thoughts on “Куёвга «устимга хотин олмайсиз» деб шарт қўйиш

  1. Mendayam savol boridi iltimos javob bersela hursan bo`lardim.
    Agar turmush qurgandan keyin er ayoliga Seni ustinga hotin olmayman deb vada bersa shu vadasiga vafo qilishi shartmi???
    Javobila judayam muhim edi kutib qolaman hurmat bilan Feruza

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan