Намоздаги хушуъ
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, у зотнинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.
Сўнг …
Намоз ўқувчига намозида хушуъ қилиши ва унга (намозга) қалби билан юзланмоғи талаб қилинади. Аллоҳ таоло шундай деди: «Дарҳақиқат мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида (қўрқув ва умид билан) бўйин эгувчи кишилардир» (Мўминун: 1-2). Намозга қалб ила иқбол қилиш ва унда хушуъ қилиш энг муҳим ишлардан ва у унинг (намознинг) руҳидир. Демак хушуъга аҳамият қаратмоғи ва намозда сажда, рукуъ, икки сажда орасида хотиржам бўлмоқлиги лозим бўлади. Рукуъдан кўтарилгач мўътадил (тикка) бўлиб, хотиржам бўлиб, асло шошмайди.
Агар хушуъга, намозида (товуқ донни) чўқигандай оҳисталик йўқоладиган даражада путур етадиган бўлса, намози ботил бўлади.
Аммо намозида хотиржам бўлса-ю, бироқ ўй-хаёллар ва баъзи нисён-унутишларга берилса, бу билан намози ботил бўлмайди. Бироқ намозидан унга эс-хушини жойига қўйиб, хушуъ ва қалби уйғоқ ўқигандаги савобигина бўлади. Қанчалик сусткашликка йўл қўйса, шунчалик ажрни қўлдан бой беради. Шу сабабли бандага намозида қалби уйғоқ, хотиржам ва Аллоҳ азза ва жаллага хушуъ қилмоғи лозимки, бу билан тўла ажрга эришади. Бироқ намози хотиржамликка путур еткандагина ботил бўлади. Мисол учун хотиржам бўлмай шошмашошарлик билан шундай рукуъ қиладики, аъзолари ҳали (тўла энгашмаганидан) ўз ўрнини эгалламайди. Вожиб шуки, то ҳар бир бўғим-суяк ўз ўрнига қайтиб, рукуъда субҳана роббиял аъзим, саждада эса субҳана роббиял аъла, рукуъдан кўтарилгач самиаллоҳу лиман ҳамидаҳ ва икки сажда орасида роббиғфирлий дейишга имкон қила олиш керак. Бундан ўзга чора йўқ.
Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам намозини оҳиста ўқимай, балки (товуқ донни) чўқигандай (намозини адо этаётган) кишини кўрганларида, уни қайта ўқишга буюриб, шундай дедилар: «(Қайта) ўқи, чунки сен намоз ўқимадинг». Оҳиста-хотиржамлик хушуънинг энг аҳамиятга молик жиҳатидир. Балки у намозда, рукуъ, сажда, икки сажда ўртаси ва рукуъдан кўтарилгандаги хушуънинг айни ўзидир. Бунга: оҳиста-хотиржамлик дейилади ва яна хушуъ деб ҳам аталади. Ана шу хотиржамлик топилиши шартдир, тоинки ҳар бир бўғим-суяк ўз ўрнига қайтсин. Рукуъ қилса оҳиста адо этсин, тоинки суяк ўз ўрнига қайтиш(га улгурсин), хуллас ҳар бир бўғим ўз ўрнига (қайтсин-эгалласин). Рукуъдан кўтарилгач хотиржам турсин. Сажда қилса оҳиста қилиб, асло шошмасин, тоинки ҳар бир бўғим-суяк ўз ўрнига қайтсин.
Шайх Абдулазиз Ибн Боз роҳимаҳуллоҳ «Йўлдаги ёғду» фатволаридан (2/774).
Намозда хушуъ(га эришиш) сабаблари
Намозда хушуънинг топилмаслигига сабаб нима? Ва инсон бу (разилат)дан қандай қутулади?
Аллоҳ жалла ва аъла айтадики:
«Дарҳақиқат мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида (қўрқув ва умид билан) бўйин эгувчи кишилардир» (Мўминун: 1-2).
Хушуъни (қўлга киритиш)ни ҳам, (қўлдан бой) беришни ҳам сабаблари бор. Хушуъни қўлга киритиш сабаблари: Аллоҳнинг олдида бўйин эгиш ва сен Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг олдида турганингни ёдда тутишингдир. Саҳиҳ ҳадисда ворид бўлдики: «Агар биронтангиз такбир айтиб (намозни бошласа) майда тошларни ушлаб (чалғимасин), чунки раҳмат унинг рўбарўсидадир» (Термизий (346), Насоий (1178)). Яна бошқа бир лафзада эса: «Агар биронтангиз намозга турса, албатта у Роббиси билан сирли суҳбатлашаётган бўлади» (Бухорий (390), Муслим (856), Аҳмад (4673)). Инсон намозга кирар экан, албатта у Роббиси билан сирли суҳбатлашади. Шу сабаб Аллоҳ азза ва жалланинг буюклигини ва у буюкларнинг энг буюги субҳанаҳу ва таолонинг ҳузурида турганини ёдида тутиб, намози, қироати, саждаси ва рукуъсини қалби уйғоқ ҳолда адо этсин. Ушбу (буюк) мақомга лозим бўлган барча нарсани ёдида тутсин. Аллоҳ(ни ёдда тутишдан) ғафлатда қолса, намози ноқис бўлади. Шу сабаб ушбу нарсаларни ёдида сақласин, тоинки ундан ушбу ғафлат ва васвасалар кўтарилади. Сажда ва аттаҳийётнинг сўнгида Роббисидан ушбу ишга кўмак беришини сўраб айтсинки: Аллоҳим менга хушуъ (қилишим учун) ёрдам бер, мени хушуъга муяссар айла, менга шайтон ва нафсимнинг ёмонлигидан паноҳ бер. Ана шуларни сўраб, Роббиси субҳанаҳу ва таолодан ёрдам тиласин.
Манба: http://www.binbaz.org.sa/mat/989
Аллоҳ Пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.
Манба: Тавҳид форуми