Манҳаж нима?
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Манҳаж – мусулмоннинг бутун ҳаёт тарзидир. Унга ақида, фиқҳ, аҳлоқ ва одамлар билан ўзаро муносабатлари киради. Шунингдек манҳаж сўзидан, Аллоҳнинг амрларини ер юзида татбиқ қилиш йўли, услуби тушунилади (Қаранг: «Маъалим фил-манҳаж ат-тоифатил-мансура» 3-4).
Шайх Солиҳ ал-Фавзон «манҳаж» ва «ақида» тушунчалари ўртасидаги фарқ ҳақидаги саволга жавоб берар эканлар, шундай дедилар: «Манҳаж сўзининг маъноси ақида сўзининг маъносидан кенгроқ. Манҳаж ақидада, раҳбарликда, аҳлоқда, одамлар билан бўлган ўзаро муносабатларда ва мусулмоннинг бутун ҳаётида бўлади. Мусулмон эргашувчи йўл – манҳаж деб номланади! Ақида атамасига келсак, ундан иймон асослари ва (шаҳодатайн) икки шаҳодатнинг маъноси тушунилади» (Қаранг: «ал-Ажуиба ал-муфида» 75).
Манҳаж сўзи Қуръон ва суннатда зикр қилинган. Аллоҳ таоло айтади:
«Сизлардан ҳар бир миллат (яъни дин) учун (алоҳида) шариат ва йўл (минҳаж) қилиб қўйдик» (Моида: 48).
Ибн Аббос ушбу оятнинг тафсирида: «Яъни, суннат ва йўл» деганлар (Абдурраззоқ 1/187, Табарий 6/175).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Сизларнинг орангизда пайғамбарлик Аллоҳ хоҳлаганича давом этади. Сўнг пайғамбарлик манҳажи (йўли)га мувофиқ халифалик Аллоҳ хоҳлаганича давом этади. Кейин эса Аллоҳ қачон хоҳласа, ўшанда уни (халифаликни) тамомлайди» (Аҳмад, Баззор, Табароний ривояти. Ҳадиснинг саҳиҳлигини ҳофиз ал-Ироқий ва шайх Албоний тасдиқлашган. Қаранг: «ас-Силсила ас-саҳиҳа» 5).
«Манҳаж» атамаси Ислом динининг муҳим қисми бўлишига қарамай, бу сўзни ишлатувчиларни мазаҳ қилиб, уларни «манҳажчилар» деб номловчи жоҳиллар ҳам бор. Ундай бўлса, улар ушбу атамани энг аввал қўллаган Аллоҳ ва Расули соллаллоҳу алайҳи васалламни мазаҳ қилишга журъат қилсинлар!
Аллоҳ таоло унинг Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламнинг манҳажига хилоф иш тутганларга қаттиқ ваъид эълон қилди. Аллоҳ таоло айтади:
«(Пайғамбарнинг) амрига хилоф иш қиладиган кимсалар ўзларига бирон фитна-кулфат етиб қолишдан ёки аламли азоб етиб қолишидан ҳазир бўлсинлар!» (Нур: 63).
Ҳофиз Ибн Касир дедилар: «Пайғамбарнинг амридан мурод унинг йўли, манҳажи, суннати, шариатидир» (Қаранг: «Тафсир Ибн Касир» 4/356).
Баъзи мусулмонлар Исломга хоҳлаган услубда даъват қилиш мумкин, фойда бўлса бўлди деб тушунишади. Улар бу ишлари билан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг манҳажларига зид иш тутишади. Улар ҳатто Исломга умуман алоқаси бўлмаган «Мақсад воситани оқлайди» деган шиорни қўллашади!
Ҳар ким шуни англамоғи керакки, Аллоҳ таоло йўлига даъват мантиқ ёки ҳаёлий фойдага асосланмайди. Аллоҳ таоло йўлига даъват илмга асосланади. Аллоҳ таоло ўзининг Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтади:
«Айтинг: «Менинг йўлим шудир. Мен Аллоҳга даъват қиламан. Мен ва менга эргашган кишилар аниқ ҳужжатга – ишончга эгамиз»» (Юсуф: 108). Имом Шавконий дедилар: «Яъни аниқ ҳужжатга мувофиқ даъват қиламиз. Ал-Басиро – бу ҳақ билан ботилни ажратувчи тушунча, илмдир» (Қаранг: «Фатҳул-Қодир» 1/298).
Шайх Ибн Қосим дедилар: «Аллоҳга даъват қилишда икки шарт бўлиши керак: Биринчиси, даъват фақатгина Аллоҳ учун бўлишлиги. Иккинчиси, даъват Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига мувофиқ бўлишлиги керак. Биринчи шартни бузган мушрик бўлибди. Иккинчи шартни бузган эса бидъат аҳлидан бўлибди» (Қаранг: «Хошия Китаб ат-тавҳид» 55).
Умар ибн Хаттоб айтганлар: «Биз энг хор бир қавм эдик. Аллоҳ бизни ўз Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламни юборишлиги билан азиз қилди. Агар энди азизликни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлидан бошқасида изласангиз, Аллоҳ сизни хор қилади» (Ҳоким 2/245, исноди саҳиҳ).
Азизликка фақатгина Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлига эргашишлик билангина эришиш мумкинлиги ҳақида гапирган Умарнинг сўзларига эътибор беринг!
Имом Молик ҳақиқатни айтганлар: «Ушбу умматнинг охири аввали ислоҳ бўлган нарса билан ислоҳ бўлади. У кунда дин бўлмаган нарса бугун дин бўлмас» (Қаранг: «аш-Шифа» 2/676).
Даъват услуби ҳақидаги масала эшиклари ёпилган. Ҳеч кимнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва унинг саҳобалари қўлламаган даъват услубларини ўйлаб топишга ҳаққи йўқ. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари ҳам шунга далолат қилмоқда: «Сўнг пайғамбарлик манҳажи (йўли)га мувофиқ халифалик Аллоҳ хоҳлаганича давом этади».
Саид ибн Жубайр, Ҳасан Басрий ва Суфён ас-Саврий айтишган: «Иймон фақат амал билан комил бўлади, сўз ҳам амал ҳам фақат ният билангина эътиборлидир, сўзнинг ҳам, амалнинг ҳам, ниятнинг ҳам эътибори йўқ, фақат улар суннатга мувофиқ бўлсагина эътиборлидир» (Лалакаий «Эътиқоди аҳли-Сунна» 1/57, Ибн ал-Жавзий «Талбису Иблис» 9, Заҳабий «Мизанул-эътидал» 1/90).
Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, даъват услуби ва даъват (асносида қўлланадиган) воситаси ўртасида катта фарқ бор. «Даъват услуби»га бугунги кунимизда кенг тарқалган исломий нашидалар, исломий филм ва спектакллар, норозилик намойишларини мисол тариқасида келтириш мумкин. Бу услубни салафлар қўллашмаган. Наҳотки на Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам, на саҳобалар ва на уларга эргашувчилар қўлламаган даъват услуби яхши ва тўғри бўлса?!
Китоблар, микрофон, азон айтиш ёки масжидда хутба ўқишда қўлланадиган радиокарнай (громкоговоритель) ва ҳоказоларга келсак, улар даъватнинг ёйилишига ёрдам берувчи восита холос. Улардан фойдаланишнинг ҳеч қандай кароҳияти йўқ. Шундай экан, даъват услуби ва даъват воситаси ўртасида катта фарқ борлигини тушуниб етишимиз лозим.
Аллоҳга ҳамду-санолар бўлсин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга, у зотнинг аҳли ва асҳобига Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.