Нажот Топган Фирқа Манҳажи

НАЖОТ ТОПГАН ФИРҚА МАНҲАЖИ

Муҳаммад Ибн Жамил Зaйну

Муаллифнинг кириши

Дарҳақиқат, барча ҳамду санолар Аллоҳ таоло учундир, биз Унга ҳамдлар айтамиз. Ундангина истеъонат (ёрдам) сўраймиз ва Унгагина истиғфор қилишлигини сўраймиз. Биз нафсимизнинг ва ёмон амалларимизнинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ истаймиз. Кимники Аллоҳ ҳидоят қилган бўлса, у кимсани ҳеч ким залолатга элта олмас. Ва кимники (ўзининг ҳақ йўлга эргашмаганлиги сабабли) Аллоҳ залалотда қилиб қўйган бўлса, ҳеч ким у кимсани ҳидоят қила олмас. Мен Яккаю Ягона, шериги йўқ бўлмиш Аллоҳдан ўзга маъбуд (илоҳ) йўқлигига ва Муҳаммад саллаллаҳу алайҳи ва саллам унинг бандаси ва элчиси эканлигига гувоҳлик бераман.

Аммо баъд (шундан сўнг):

Бу китоб бутун дунё мусулмонларини тавҳид ақидасида бўлишликка, Ислом мамлакатларида ҳозир бўлган ширкнинг ҳар қандай турларидан пок бўлишликка чақиради. Ширк – бу аввалги қавм (умматлар)ни ҳалок қилган амалларнинг энг каттасидир ва халқларнинг, айниқса (тавҳид ақидасида бўлишлиги керак бўлган) мусулмон умматининг, бахтсиз ва хор бўлган ҳаётига сабабчи бўлган касалликдир.

Китобнинг боблари ҳам Пайғабаримиз саллаллаҳу алайҳи ва салламнинг муборак ҳадиси шарифларида зикр қилиниб кетган «Нажот топган фирқа»нинг манҳажи (йўли) ва ақидасини инсон ва жинлар тоифасига намоён қилиб берилганки, шоядки улар нажот топган қавм қаторида бўлишсалар, иншааллоҳ.

Мен Аллоҳдан бу китобни мусулмонларга фойда келтиришлигини ва унинг розилиги учунгина бўлишлигини сўраб қоламан.

Шайх Муҳаммад ибн Жамил Зайну

Дорул Ҳадис ал-Ҳайрия ўқитувчиси, Макка

1-Боб: Нажот топган фирқа ва уларнинг баъзи сифатлари

1. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Қуръонда айтади:

«Ва барчангиз Аллоҳнинг арқонига (Қуръонга) боғланингиз ва бўлинмангиз! Ҳамда Аллоҳнинг сизларга берган неъматини эсланг: бир-бирингизга душман бўлган пайтларингизда дилларингизни ошно қилиб қўйди-ю, сизлар Унинг неъмати сабаб биродарларга айлангингиз. Ва Дўзах ёқасида турган эдингиз, сизларни ундан халос қилди. Ҳақ йўлни топишингиз учун Аллоҳ сизларга ўз оятларини мана шундай баён қилади» (Оли Имрон сураси, 103-оят).

Имом Ибн Касир мана шу оятнинг тафсирида шундай деган эканлар: «Аллоҳнинг арқонидан» мурод Аллоҳга берилган аҳд-паймондир, Аллоҳ таоло бошқа оятда айтади:

«Агар Аллоҳнинг ва одамларнинг (яъни мўминларнинг) аҳди паймонларида бўлмасалар, албатта уларга қаерда бўлмасинлар, хор-зорлик битиб қўйилгандир. Бунга сабаб уларнинг Аллоҳ оятларини инкор қилишлари ва пайғамбарларни ноҳақ ўлдиришларидир» (Оли Имрон сураси, 112-оят).

Мана бу юқоридаги оятда ҳам Аллоҳнинг «ҳабл-арқон«идан мурод, Аллоҳга берилган аҳду паймондир. Ва Аллоҳ таолонинг: «ва бўлинмангиз!« оятидан мақсад: Мўминлар жамоаси билан бирга бўлишликни ва бўлиниб кетишликни ман қилмоқда. Қуръон ва саҳиҳ ҳадисларга эргашган жамоа билан бирга бўлишлик ва бўлиниб кетишликдан қайтарадиган бир неча ҳадислар бордир. Имом Муслим Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда, Пайғабаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деб марҳамат қилдилар: «Дарҳақиқат, Аллоҳ сизлар уч нарсага эга бўлишингиз билан рози бўлади ва уч нарсани сизларга (сизларда бўлишлигини) ёмон кўради: Сизларни (1) Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ва Унга бирон бир нарсани шерик қилмаслигингизни, (2) ва сизларни Аллоҳнинг арқонига маҳкам боғланишингизни (яъни Аллоҳнинг китоби ва Расулининг суннатларига) ва бўлиниб кетмаслигингизни, (3) ва Аллоҳ сизларга амир қилиб тайинлаган кимсага насиҳат қилишингизни яхши кўрур (яъни шу сифатлар сизларда бўлишлиги билан сизлардан рози бўлур). Ва Аллоҳ сизларга уч нарсани: (1) «У шундай деди, у бундай деди» дейишлигингизни, (2) кўп бемани саволларни ва (3) мол-мулкни исроф қилишингизни ёмон кўради» (Имом Муслим ривояти), (Ибн Касир тафсирларининг охири).

2. Аллоҳ таоло Қуръонда айтади:

«(Аллоҳга) қайтгувчи бўлган ҳолларингизда (Унинг динини маҳкам тутинглар!) ва У Зотдан қўрқинглар ҳамда намозни барпо қилгувчилардан бўлинглар! Мушриклардан бўлманглар! Улар (яъни мушриклар) динларини бўлиб, фирқа-фирқа бўлиб кетдилар. Ҳар бир фирқа ўз олдиларидаги нарса билан хурсанддурлар» (Рум сураси, 31-32 оят).

Имом ибн Касир тафсирларида шундай дейдилар:

Аллоҳ таолонинг: «динларини бўлиб, фирқа-фирқа бўлиб олганлардан (бўлманг!). Ҳар бир фирқа ўз олдиларидаги нарса билан хурсанддурлар (ҳудди фақат улар ҳаққа эргашиб бошқалар залолатда бўлгандек)« оятидан мурод шуки, динларини фирқа-фирқага бўлиб, Аллоҳ нозил қилган диннинг бир қисмига ишониб бошқасини инкор қилган аввалги мушриклардан бўлиб кетманг! Баъзи уламолар бу оятни «Фаррақу дийнаҳум» яъни «ф» ҳарфидан сўнг алифни қўшган ҳолда, маъноси: «динларига бепарво бўлган ва тарк қилган». Булар шак-шубҳасиз яҳудий, насроний, ўтга сиғинувчилар, мушриклар ва Ислом динидан бошқа ботил дин эгаларидир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло айтади:

«(Эй Муҳаммад), динларини бўлиб, ўзлари ҳам гуруҳларга бўлиниб олган кимсалар тўғрисида бирон нарсада (масъул) эмассиз! Уларнинг ишлари фақат Аллоҳга ҳавола. Кейин уларга қилиб ўтган ишларининг хабарини берур» (Анъом сураси, 159-оят).

Бизлардан аввалги бошқа дин пешволари динларида ихтилоф қилишди ва ҳар бирлари ўзларини ҳақлигини даъво қилганлари ҳолда ҳар хил фирқаларга бўлиниб кетдилар. Бу уммат ҳам (яъни ўзини мусулмон уммат деган уммат) кўп фирқаларга бўлиниб кетди ва уларнинг ҳар бири адашгандир, магар Қуръон ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатига ва унинг саҳобалари, тобеъинлар ва мусулмонларнинг аввалги ва охирги имомларига эргашган тоифа «Аҳли суннат вал жамоа» тоифасигина ҳақ динда қолди. Имом Ҳоким ўзларининг «Ал-Мустадрак» номли китобларидаги ривоят қилинган ҳадисда, Пайғабаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам нажот топган фирқа ҳақида сўралганларида, унга жавобан «Улар мен ва менинг саҳобаларим бўлган йўлдагилар» дедилар (Ҳоким ривояти, 1:129).[1] (Тафсирнинг охири).

3. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деб марҳамат қилдилар:

‏ ‏أُوصِيكُمْ بِتَقْوَى اللَّهِ وَالسَّمْعِ وَالطَّاعَةِ وَإِنْ عَبْدٌ حَبَشِيٌّ فَإِنَّهُ مَنْ يَعِشْ مِنْكُمْ فسيَرَى اخْتِلَافًا كَثِيرًا فَعَلَيْكُمْ بِسُنَّتِي وَسُنَّةِ الْخُلَفَاءِ الرَّاشِدِينَ الْمَهْدِيِّينَ عَضُّوا عَلَيْهَا ‏ ‏بِالنَّوَاجِذِ  ‏وَإِيَّاكُمْ وَمُحْدَثَاتِ الْأُمُورِ فَإِنَّ كُلَّ مُحْدَثَةٍ بِدْعَةٌ وَكُلَّ بِدْعَةٍ ضَلَالَةٌ و كُلٌّ ضَلالَةٌ فِي النَّار

«Мен сизларни Аллоҳ азза ва жалладан тақво қилишингизга ва ҳатто Ҳабашистонлик қул сизларга амир қилинганда ҳам итоат қилишликка васият қиламан. Сизларнинг ораларингизда узоқроқ яшаганингиз (яқин келажакда) кўп ихтилофларни кўради. Шунда менинг суннатим ва хулафои рошидин (ҳидоят топган Абу Бакр, Умар, Усмон, Али ва Умар ибн Абдулазиз разияллоҳу анҳум хилофатларига ўхшаган ҳақиқий хилофатда бўлган мусулмон амирлари) суннатларига эргашингиз. Уларни озиқ тишларингиз билан яхшилаб тишлаб олгандек маҳкам ушлангиз ва динда янги тўқиб чиқарилган амаллардан эҳтиёт бўлингиз. Чунки ҳар бир тўқиб чиқарилган амал – бидъатдур, ва ҳар бир бидъат залолатдур (қоронғулик, зулумат), ва ҳар бир залолат Жаҳаннамдадур» (Ҳасан ҳадис. Имом Термизий ва Насоийлар томонидан ривоят қилинган).

4. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар:

‏افْتَرَقَتْ ‏ ‏الْيَهُودُ ‏وَ النَّصَرَى  ‏عَلَى اثْنَتَيْنِ ‏‏ وَسَبْعِينَ فِرْقَةً وَسَتَفْتَرِقُ أُمَّتِي عَلَى ثَلَاثٍ وَسَبْعِينَ فِرْقَةً ‏كُلُّهَا فِي النَّرِ إِلَّا وَاحِدَةً وَهِيَ الْجَمَاعَةُُ

«Дарҳақиқат, сизлардан аввалги аҳли китоблар 72 фирқага бўлиниб кетдилар. Мана шу уммат (яъни мусулмон уммати келажакда ҳақдан узоқлашишлари туфайли) 73 фирқага бўлиниб кетишади. Уларнинг 72 таси Жаҳаннамда ва биттаси Жаннатда ва бу жамоадир» (Имом Аҳмад ривояти. Ҳофиз ибн Ҳажар бу ҳадисни ҳасан (яхши) ҳадис деганлар).

5. Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллаҳу анҳудан ривоят қилинадики:

‏خَطَّ لَنَا رَسُولُ اللَّهِ ‏ ‏صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ‏ ‏خَطًّا ثُمَّ قَالَ هَذَا سَبِيلُ اللَّهِ ثُمَّ خَطَّ خُطُوطًا عَنْ يَمِينِهِ وَعَنْ شِمَالِهِ ثُمَّ قَالَ هَذِهِ سُبُلٌ ‏ ‏مُتَفَرِّقَةٌ ‏ ‏عَلَى كُلِّ سَبِيلٍ مِنْهَا شَيْطَانٌ يَدْعُو إِلَيْهِ ثُمَّ قَرَأ:َ

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга бир тўғри чизиқ чиздиларда: «Мана бу Аллоҳнинг тўғри йўли (сиротал мустақийм)» дедилар ва (ўша тўғри чизиқнинг) ўнг ва чап тарафларига кичик чизиқчалар чиздилар ва айтдиларки: «Мана бу йўллар адашган йўллардир. Ва ҳар бир (мана шу кичик йўллар)нинг устида бир шайтон бўлиб, ҳар доим ўша йўлга (одамларни) чақириб туради» дедиларда, қуйидаги оятни тиловат қилдилар:

«Албатта, мана шу Менинг тўғри йўлимдир. Бас, шу йўлга эргашинглар! (Бошқа) йўлларга эргашмангизки, улар сизларни унинг йўлидан адаштириб юборади. Шояд тақво қилсангиз, деб сизларни мана шу нарсаларга буюрди» (Анъом сураси, 153-оят). (Имом Термизий ривояти, Шайх Албоний ҳасан деганлар: Саҳиҳ ал-Жамиъ).

6. Шайх Абдулқодир Жилоний ўзларининг «ал-Ғуня» номли китобларида шундай деган эканлар: «Нажот топувчи жамоага келсак, улар «Аҳли суннат вал жамоа»дир. Аҳли суннат вал жамоанинг фақат битта номи бордир, у ҳам бўлса «Аҳлул ҳадис»дир».[2]

7. Ҳар қандай камчиликлардан пок бўлган Аллоҳ таоло бизларни ҳаммамизни Ўзининг арқони бўлмиш Қуръони Каримни маҳкам ушлаб олишлигимизни ва фирқа-фирқа бўлиб кетган мушрикларга ўхшамаслигимизни буюрмоқда.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга яҳудий ва насороларнинг кўп фирқаларга бўлиниб кетганлигини ва бу умматнинг ҳам кўп фирқаларга бўлиниб кетишлиги билан Жаҳаннам ўтинлари бўлишликларини хабарини бериб кетдилар. Уларнинг бу адашишларининг сабаби ҳам уларнинг Аллоҳнинг Каломи бўлмиш Қуръони Каримдан ва Пайғамбарининг суннатидан йироқлашганликлари ва адашганликларидир.[3]

Шундай қилиб бизга Жаннатга эришадиган нажот топгувчи фирқа маълум бўлди ва бу фирқа Жамоадир. Улар Аллоҳнинг Китобини, саҳиҳ суннатни ва Пайғамбаримизнинг саҳобаларининг йўлини маҳкам ушлашади.

Эй Аллоҳ! Бизни ана шу нажот топгувчи фирқа сафида бўлганлар билан қилгин, барча мусулмонларга шу фирқа эгалари бўлишларига тавфиқ бергин.

2-боб: Нажот топган фирқа манҳажи (тутган йўли)

1. Нажот топгувчи фирқа – бу Пайғамбаримиз салаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётликларидаги манҳажларини ва уларнинг вафотларидан сўнг саҳобалар манҳажларини ушлаганлардир.

Бу манҳаж – Аллоҳ томонидан Ўз элчисига юборилган ва Пайғамбаримиз томонидан  саҳобаларга тушунтирилиб, маъноларини очиб берилган Қуръони Каримдир.

Пайғамбаримиз салаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръонни ва суннатларини маҳкам ушлашликни ҳар бир мусулмонга буюриб шундай марҳамат қилганлар:

«Мен ўзимдан кейин икки нарсани қолдириб кетаяпман. Агар уларни маҳкам ушласанглар, ҳеч адашиб кетмайсизлар: (1) Аллоҳнинг китоби ва (2) менинг суннатим. Улар ҳавзи Кавсаргача (яъни Қиёматгача) ажралмас бўлиб қоладилар» (Саҳиҳ, Ҳоким ривояти).

2. Нажот топгувчи фирқа баҳслашганда ва ихтилофлар пайдо бўлганда Аллоҳнинг Каломига (Қуръонга) ва Пайғамбаримиздан собит бўлган саҳиҳ ривоятларга мурожаат қилишади. Аллоҳнинг қуйидаги оятига амал қилишади:

«Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз ва Пайғамбарга итоат қилингиз, ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) ҳокимларга бўйин сунингиз! Бордию бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз, – ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз – у нарсани Аллоҳга ва Пайғамбарига қайтарингиз! Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир» (Нисо сураси, 59-оят).

Аллоҳ таоло яна шундай деган:

«Йўқ, Роббингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича – бўйинсунмагунларича зинҳор мўмин бўла олмайдилар» (Нисо сураси, 65-оят).

3. Нажот топгувчи фирқа Аллоҳ таоло ва унинг элчиси Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзидан ҳеч кимнинг сўзини устун қўйишмайди. Улар Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятига биноан иш тутишади:

«Эй мўминлар, сизлар Аллоҳ ва Унинг элчиси олдида (яъни иккисининг изнисиз бирон сўз ёки ишга) қадам босманглар! Ва Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳ (ҳамма нарсани) Эшитгувчи ва Билгувчидир» (Ҳужурот сураси, 1-оят).

Ибн Аббос разияллаҳу анҳу шундай деган эканлар:

قَالَ إبْن عَبَّاسٍ رَضِيَ الله عَنْهُ: يُوشِكُ أَنْ تَنْزِلَ عَلَيْكُم حِجَارَةٌ مِنْ السّمَاء, أَقُولُ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى الله عَلَيْه وَ سَلَّمَ  وَ تَقُولُونَ: قَالَ أَبُو بَكْرٍ وَ عُمَر. (رواه أحْمَد, حَديثٌ صَحِيحٌ)

«Мен сизларнинг устингизга тош ёғилишидан қўрқаман: Мен, Аллоҳнинг элчиси саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар десам, сизлар эса: Абу Бакр ва Умар бундай деганлар демоқдасизлар (яъни саҳиҳ ҳадисга хилоф сўз айтмоқдасизлар)…» (Саҳиҳ, Имом Аҳмад ва ибн Абдул Барр ривоятлари).

4. Нажот топгувчи фирқа тавҳидни ўзлари учун муҳим қилиб оладилар. Бу – Аллоҳни ҳар бир ибодат турида яккалаш, Унга дуо қилиш, қийинчиликлар ва осоишталик пайтларида Ундангина мадад сўраш, Унгагина қурбонликлар ва назрлар қилиш, Аллоҳгагина таваккул қилмоқ, Аллоҳ таоло нозил қилган ҳукмлар билан ҳукм қилмоқ ва шу каби бошқа ибодатларни ўз ичига олади.

Тавҳид бу ҳақиқий  Ислом давлатининг пойдевори ва унинг асосидир. Шу билан бирга Исломий давлатларда мавжуд бўлган ҳар қандай ширк ва унинг ҳар қандай намоён бўлган турларини йўқотишлик лозим бўлади – бу  ҳам тавҳиднинг талабларидандир.

Тавҳидни инкор қилган ёки унга бепарво бўлган ва ширкнинг ҳар қандай турига пайғамбарлар ва хусусан Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам мисолида қарши кураш олиб бормаган ҳар қандай жамоат Аллоҳ таолонинг нусратига ва ғалабасига эришишлиги мумкин эмас.

5. Нажот топгувчи фирқа ўзларининг ибодат, муомала ва ижтимоий ҳаётларида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларини тирилтиришади ва шу билан улар одамлар орасида ғариб бўлиб қолишади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بَدَأَ الْإِسْلَامُ غَرِيبًا وَسَيَعُودُ كَمَا بَدَأَ غَرِيبًا فَطُوبَى لِلْغُرَبَاء (صحِيح)

«Ислом ғариб бўлиб бошланган ва ғарибликка қайтади. Ғарибларга Тубо (яъни хушхабар бўлсин ёки Жаннатаги Тубо дарахти) бўлсин»,деганлар (Имом Муслимнинг Абу Ҳурайрадан ривоятлари). Бошқа ҳадисда эса: «Ғарибларга Тубо бўлсин, улар одамлар бузилганда салоҳиятда мустаҳкам турган зотлардир», – деганлар (Абу Амр ад-Даани, саҳиҳ).

6. Нажот топгувчи фирқа Аллоҳ ва унинг Расули саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа ҳеч кимга мутаасиблик[4] қилишмайди. Аллоҳнинг Расули ҳаводан гапирмайдилар, улардан бошқалар эса албатта хато қилишлари табиий ҳолдир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар:

عَنْ أَنَسٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: كُلُّ ابْنِ آدَمَ خَطَّاءٌ فَخَيْرُ الْخَطَّائِينَ التَّوَّابُونَ وَلَوْ أَنَّ لِابْنِ آدَمَ وَادِيَيْنِ مِنْ مَالٍ لَابْتَغَى لَهُمَا ثَالِثًا وَلَا يَمْلَأُ جَوْفَ ابْنِ آدَمَ إِلَّا التُّرَابُ (رواه أَحْمَد, حَدِيثٌ حَسَنٌ).

«Ҳар бир инсон боласи хатокордир ва хатокорларнинг энг яхшилари кўп тавба қилувчиларидир. Агар инсон боласида икки водий молу дунё бўлганида ҳам учунчисини хоҳлар эди. Инсон боласининг қорнини турпоқдан бошқа ҳеч нарса қониқтира олмайди (яъни вафот этгунича у яна бошқа нарсаларни хоҳлаб яшайди« (Имом Аҳмад, Анас ибн Моликдан ривоят қилинган ҳадис, ҳасан).

Имом Молик раҳимаҳуллоҳ: «Пайғамбаримиздан ташқари ҳар қандай кимсанинг гапи олинади ҳам, ташланади ҳам, лекин Пайғамбарнинг гапи албатта олинади», – деганлар.[5]

7. Нажот топгувчи фирқа – Аҳлул ҳадисдир (ҳадис аҳлидир). Пайғамбаримиз улар ҳақида:

عَنْ ثَوْبَانَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: لَا تَزَالُ طَائِفَةٌ مِنْ أُمَّتِي ظَاهِرِينَ عَلَى الْحَقِّ لَا يَضُرُّهُمْ مَنْ خَذَلَهُمْ حَتَّى يَأْتِيَ أَمْرُ اللَّهِ وَهُمْ كَذَلِكَ وَلَيْسَ فِي حَدِيثِ قُتَيْبَةَ وَهُمْ كَذَلِكَ (رواه مُسْلِمٌ)

«Менинг Умматимдан бир тоифа ҳақда намоён бўлиб бораверади. Уларни ташлаб кетганлар уларга  зарар бера олишмайди, то Аллоҳнинг амри (Қиёмат куни) келмагунча (улар давом этаверишади)« – деб марҳамат қилганлар (Савбон разияллаҳу анҳудан, Имом Муслим ривояти).

Бир шоир шундай деган экан: «Аҳлул ҳадис Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг одамларидир. Улар билан бирга бўлишмаса ҳам уларнинг сўзлари билан биргадурлар».[6]

8. Нажот топгувчи фирқа ҳақда бўлган имомларни ҳурмат қиладилар ва уларнинг (ўрни) муҳимлигини биладилар. Улар бирон бир имомнинг мазҳабини маҳкам ушлаб унга даъват қилишмайди. Балки улар ҳамма имомларнинг Қуръон ва саҳиҳ  ҳадисларга асосланган сўзларини қабул қилишади. Бу  – имомларнинг ўзлари уларга эргашганлардан талаб қилган нарсадир, яъни (Қуръон ва) саҳиҳ иснодлик ривоятларни қабул қилиб ундан ўзгаларини тарк қилишлик.[7]

9. Нажот топгувчи фирқа – яхшиликка буюриб ёмонликдан қайтарадилар (Амру маъруф ва наҳий мункар). Шулардан – ширкдан, бидъатдан қайтариш, умматни бўлиб ташлаган ва динда янгиликлар киритиб пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва унинг асҳоблари бўлган йўлдан узоқ қилган фирқаланишдан қайтариш кабилардир.

10. Нажот топгувчи фирқа то Аллоҳнинг ғалабаси келгунча ва Аллоҳнинг Раҳмати ила Пайғамбаримизнинг Аллоҳдан бўлган шафоатлари туфайлик Жаннатга киргунларича  мусулмонларни Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва унинг асҳоблари разиялаҳу анҳум бўлган суннатни маҳкам ушлашликка ва у йўлда собитқадам бўлишликка чақирадилар.

11. Нажот топгувчи фирқа ҳар қандай Ислом ҳукмларига зид бўлган инсон тарафидан тўқиб чиқарилган қонунни ман қилишади. Нажот топгувчи фирқа Аллоҳнинг инсониятнинг дунё ва охиратини бахт-саодатлиги учун  юборилган Китоби (Қуръон) билан ҳукм қилишликка чақиради. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло инсониятга қайси ҳукм тўғри эканлигини ўзи билгувчи  зотдир. Аллоҳ ўзининг қонунларини ўзгармас эканлигини ва инсонларнинг қонуни вақтлар ўтиши билан ўзгариб туришини бизга билдирди. Шундай экан бутун дунёдаги ва хусусан Ислом дунёсидаги қийинчилик, мушкулотлар, хорлик ва қолоқлик – буларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг Китоби билан ҳукм юритилмаганлигидан ва Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини тарк қилганликлари сабаблидир. Мусулмонларнинг азизлиги, обрўси фақатгина Ислом дини бўлмиш ҳақ динга шахсий ва ижтимоий ҳаётга қайтишлик билан эришилур. Улар Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятига амал қиладилар:

«Аниқки, то бирон қавм ўзларини ўзгартирмагунларича (яъни ўзларини Аллоҳга гуноҳкор бўлишликдан тиймагунларича, Аллоҳга шукр ва итоат қилмагунларича) Аллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмас» (Раъд сураси, 11-оят).

3-Боб: Нажот топган фирқанинг баъзи белгилари

1. Нажот топгувчи  фирқа – одамлар  орасида  сонлари  оз  бўлган фирқадир. Расулуллоҳ саллалоҳу  алайҳи  ва  саллам  улар  ҳаққига дуо қилиб шундай деганлар:

«Ғарибларга, солиҳ одамларга Тубо (хушхабар, Жаннат) бўлсин. Улар кўп балоларга дучор бўлишади. Улар(нинг йўлига) тескари бўлганлар уларга эргашганларга нисбатан кўпроқ бўлади» (Саҳиҳ, Аҳмад ривояти). Биз бу ҳақда Қуръоннинг мана бу оятидан ҳам билиб олсак бўлади:

«Бандаларим орасида шукр қилгувчи (зотлар жуда)лар оздир» (Сабаъ сураси, 13-оят).

2. Нажот  топгувчи фирқанинг  одамлар орасида уларга  доим  совуқ   муомалада бўладиган, уларга ҳар хил лақаблар қўядиган душманлари кўпдир. Бундай кимсаларга ҳамма Пайғамбарларнинг мисоллари кифоядир,[8] Аллоҳ таоло Қуръонда айтади:

«Шунингдек, ҳар бир Пайғамбар учун инсу жин (дан бўлган) шайтонларни душман  қилиб қўйдик. Улар бир-бирларини алдаш учун гўзал (ялтироқ) сўзлар билан васваса  қиладилар» (Анъом сураси, 112-оят).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз қавмларини тавҳидга (Аллоҳнинг яккалигига) чақирганларида уларни «ёлғончи сеҳргар» деб номлашди. Аммо пайғамбарлик вазифасини ўташларидан илгари (яъни ваҳий келишидан илгари) ҳамма уларни ростгўй, омонатлик деб чақирар эди.

3. Шайх Абдулазиз Ибн Боздан нажот топгувчи фирқа ҳақида сўралганида шундай деган эдилар: «Улар Салафийлардир, (чунки) кимда ким салаф-солиҳларнинг [9] йўлида бўлган бўлса – ана ўшалардир».

Юқоридаги санаб ўтилганлар нажот топгувчи фирқанинг баъзи манҳаж ва белгиларидир. Кейинги бобларда мен нажот топгувчи фирқанинг ақидаси ҳақида баҳс юритаман. Зеро биз,  иншааллоҳ, улар эътиқод қилган ақидада бўлишлигимиз учун.

4-боб: Ғалаба қозанадиган тоифа кимлар?

1. Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи ва саллам шундай деб марҳамат қилганлар:

عَنْ ثَوْبَانَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لَا تَزَالُ طَائِفَةٌ مِنْ أُمَّتِي ظَاهِرِينَ عَلَى الْحَقِّ لَا يَضُرُّهُمْ مَنْ خَذَلَهُمْ حَتَّى يَأْتِيَ أَمْرُ اللَّهِ (رواه مسلم)

«Менинг умматимдан бир тоифа ҳақда намоён бўлиб бораверади. Уларни ташлаб кетганлар Аллоҳнинг буйруғи (Қиёмат) келгунча уларга зарар келтира олмайдилар« (Имом Муслим ривояти, Савбон разияллаҳу анҳу).

2. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деб марҳамат қилдилар:

عَنْ مُعَاوِيَةَ بْنِ قُرَّةَ عَنْ أَبِيهِ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا فَسَدَ أَهْلُ الشَّامِ فَلَا خَيْرَ فِيكُمْ وَلَا يَزَالُ أُنَاسٌ مِنْ أُمَّتِي مَنْصُورِينَ لَا يُبَالُونَ مَنْ خَذَلَهُمْ حَتَّى تَقُومَ السَّاعَةُ(رواه أحمد, حديث صحيحٌ)

«Қачон Шом вилоятидаги одамлар (Сурия, Фаластин ва уларнинг атрофлари) бузилиб кетса сизларда яхшилик қолмайди. Ва менинг умматимдан ғалаба қозонувчи бир тоифа давом этаверади ва уларни ташлаб кетганлар Қиёматгача уларга зарар етказа олмайдилар« (Саҳиҳ, Аҳмад ривояти).

3. Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ айтган эканлар: «Мен уларни «Асҳабул ҳадис» (ҳадис аҳли) деб биламан».

4. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ айтган эканлар: «Али бин ал-Маданий шундай деганлар: «Улар Асҳабул ҳадис (ҳадис соҳиблари) дир».

5. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: «Ғалаба қозонувчи гуруҳ ҳадис аҳли бўлмаса бошқа ким эканлигини билмайман».[10]

6. Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳга мактуб йўллаганларида шундай деган эканлар: «Сиз мендан ҳадис соҳасида кўпроқ илмга эгасиз. Агар бирон саҳиҳ ҳадис сизга учраб қолса мени хабардор қилинг. Мен унга амал қилай. У ҳадис Ҳижоздан, Кўфадан ёки Басрадан топилган бўлса ҳам».

7. Шак-шубҳа йўқки ҳадис аҳллари, уларнинг суннатни билишликка бўлган хирслари туфайли, Пайғамбаримизнинг суннатлари ва уларни аҳлоқлари, жанглари ва қўлга киритган ютуқларига оид илмларга ҳар тарафлама энг мукаммал билган зотлардир. Яъни улар кўр-кўрона бирон бир шахс тарафига чақиришмайди, у кимсанинг муҳим, обрўли, ёки мартабали бўлишлигидан қатъий назар. Улар аҳлул ҳадисга эътибор бермайдиган ва ҳадисларга амал қилмайдиганлардан фарқли ўлароқ, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари тарафига чақиришади. Дарҳақиқат, аҳлул ҳадис Пайғамбаримиз суннатларига чақирганлари каби, баъзи шахслар ҳам кўр-кўрона ўзларининг имомларига чақиришади. Мана шунинг учун ҳам аҳлул ҳадис ҳақиқатдан ғалаба қозонувчи ва нажот топгувчи фирқа эканлигида шак-шубҳа йўқдир.

8. Хатиб Бағдодий раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: «Агар аҳли рай[11] кимсаси ўзини дин илмлари ва Пайғамбаримизнинг суннатларини билишлик билан вақтларини сарфлаганида, бунданда фойда берадиган нарсани топа олмас эди. Чунки, ҳадис илми – тавҳид таърифи ва илмини, Пайғабаримиз алайҳиссаломнинг жазо ва мукофот, оламлар Роббиси бўлмиш Аллоҳ таолонинг сифатлари, Жаннат ва Жаҳаннам, Аллоҳнинг муттақин ва фосиқ кимсаларга ҳозирлаб қўйган ваъдалари ва Аллоҳнинг еру-осмонда яратган махлуқотларига оид хабарларини ташкил қилади.

Ундан ташқари, ривоятлар – Пайғамбарлар қиссаси, Аллоҳнинг авлиёларига оид хабарлар, ақл эгаларининг доно сўзлари, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари ва мўъжизаларидан ташкил топгандир. Ва унда (яъни ҳадис илмида) Қуръони Каримнинг тафсири, башоратлар, саҳобалардан сақланиб қолган асарлар (яъни доно сўзлар) бордур.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло аҳлул ҳадисни шариатнинг устунлари қилди ва улар орқали ҳар бир маломатли бидъатни йўқ қилди. Улар – Пайғабаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламга содиқ бўлишликлари билан Аллоҳга содиқ бўлган кимсалардир. Улар – Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва унинг уммати орасини боғлаб турувчи йўлдурлар ва ҳадис ривоятларини сақланиб қолиши учун қаттиқ курашган инсонлардур. Уларнинг нурлари порлоқдур ва фазилатлари маълум ва машҳурдур.

Дарҳақиқат, ҳадис соҳибларининг (асҳабул ҳадиснинг бидъат аҳллари билан курашадиган) қуроли Аллоҳнинг Китобидир ва суннат уларнинг далилидур. Улар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳизби (гуруҳи)дурлар ва унгагина ўзларини боғлаб, нисбатлайдилар. Улар қуруқ фикрларга таянмайдилар ва эътибор ҳам бермайдилар ва кимда ким уларга қарши чиқса Аллоҳ томонидан ҳалок қилинадилар ва уларга душманлик қилганларни Аллоҳ эътиборига олмас». (Имом Хатиб Бағдодийнинг «Шарҳ Асҳабул Ҳадис» китобидан).

5-боб: Тавҳид ва унинг турлари

Тавҳид – бу Аллоҳ таолони жамики инсонларнинг яратилишидан мақсад бўлган ибодатларда яккалигини исботлашдир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда айтади:

«Мен (яъни Аллоҳ) Инсон ва Жин тоифасини фақат ўзимгагина ибодат қилишлари учунгина яратдим (яъни бошқа бир махлуқларга эмас)» (Зариёт сураси, 56-оят).[12]

Қуръони Каримдан қуйидаги тавҳид турлари олингандур:

1. Тавҳид ар-Рубубия (Аллоҳнинг Моликият ва Холиқиятдаги тавҳиди).

Бу – Аллоҳни Холиқият (бутун коиноту ерни Яратувчиси) ва Моликият (бутун коиноту ернинг Эгаси эканлиги)ини тан олишликдур. Мушриклар ҳам Аллоҳнинг бу тавҳид турида Яккалигини тан олишар эди, лекин уларнинг буни тан олишлари Исломга кирита олмади.[13] Аллоҳ таоло Қуръонда айтади:

«(Эй Муҳаммад), қасамки, агар сиз улардан: «Осмонлар ва ерни ким яратган?» деб сўрасангиз, албатта: «Уларни Қудратли ва Доно (Аллоҳ) яратган», дерлар. (Аммо ўзлари ҳеч нарса ярата олмайдиган бут ва санамларни У зотга шерик қилиб, уларга сиғинурлар)» (Зухруф сураси, 9-оят).

Ҳозирги пайтда коммунистлар Раб таоло, Яратувчи борлигини умуман инкор қиладилар, мана шунинг учун улар жоҳилият (Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам давридаги) кофирларидан ҳам ёмонроқдурлар.[14]

2. Тавҳид ал-Улуҳия (Аллоҳнинг ибодатдаги тавҳиди).

Бу – Аллоҳ томонидан машруъ қилинган (шариатда белгиланган) ҳар бир ибодат турида Аллоҳнинг Ўзигина сиғинилишга ҳақлидир деб эътиқод қилишликдир. Буларга: дуо қилишлик, таваккул қилиш, ёрдам сўрашлик, тавоф қилишлик, қурбонлик, қасам ичишлик ва бошқалар киради.

Тавҳиднинг айни шу турини мушриклар инкор қилишди ва (шу тавҳид сабабли) миллатлар билан Нуҳ алайҳиссалломдан тортиб то Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларигача бўлган жамики Пайғамбарлар орасида низо чиқди. Қуръони Каримнинг аксар қисми ибодатда бўлган тавҳидни (Аллоҳнинг Яккалигини) исботлашга ва Аллоҳнинг Ўзигагина дуо қилишликка қаратилгандур. Фотиҳа сурасида биз:

«Фақат Сенгагина ибодат қиламиз ва фақат Сендангина ёрдам сўраймиз» (ҳар бир намозимизда) деймиз. Бунинг маъноси: Биз сени ибодатда Яккалигингни исботлаймиз[15] ва Сендангина (қийинчилик, мушкулларимиз, бошимизга тушган балоларни кетказишлик учун) ёрдам сўраймиз.

Ибодатдаги тавҳидга Аллоҳнинг Ўзигагина дуо-илтижо қилишлик ва Қуръони Карим ва Аллоҳ машруъ қилган қонун билан ҳукм қилишлик киради ва бундай ибодатларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти далил бўлади:

«Дарҳақиқат Мен Аллоҳдирман. (Ҳеч қандай) илоҳ йўқ, фақат Мен бордирман. Бас, сен Менгагина ибодат қил(Тоҳа сураси, 14-оят).

3. Тавҳид ал-Асма вас-Сифат (Аллоҳнинг Исм ва Сифатлари тавҳиди).

Бу – Қуръони Карим оятларидаги Аллоҳ таолонинг ўзини сифатлаган ва саҳиҳ ҳадислардаги Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам томонидан хабар берилган Аллоҳнинг исм ва сифатларига иймон келтиришликдир. Мана шу исм ва сифатларга тўғри маъно берган ҳолда ва таҳриф (инкор қилишлик), таъвил (нотўғри тафсир беришлик), такйиф (кайфиятини сўрашлик ва билишликни даъво қилишлик), тамсил (бирон бир махлуқотга ўхшатиш) ва тафвид («биз сўзларни қабул қиламизку, лекин маъноларини билмаймиз» дейишлик) қилмаган ҳолда иймон келтиришликдир.

Биз Аллоҳнинг сифатларини салафлар (саҳобалар, тобеинлар, ва уларга эргашган салаф уламолар)га ўхшаб тушунтирамиз. Масалан, «Саҳиҳ Бухорий»да тобеъин[16]лардан ривоят қилинишича, истева сўзининг маъноси: қай тарзда ва ҳолда бўлишлиги ўзининг олийлигига мос ҳолда кўтарилишдир. Аллоҳ таоло Қуръонда айтади:

«Унинг бирон бир (инсу-жин ва бошқа махлуқотлар орасида) ўхшаши йўқдир, У (ҳамма нарсани) Эшитгувчи ва Кўргувчи Зотдир» (Шуро сураси, 11-оят).

1) Таҳриф (ҳарфларни ўзгартирган ҳолда маъносини ўзгартиришлик)Бунга мисол: очиқ, аниқ бўлган оят ва ҳадис сўзларини ўзгартирган ҳолда оятларга ботил (ёлғон) тафсир беришлик (ва бунинг натижасида ўша сифатни инкор қилишлик, яъни тан олмаслик). Масалан, баъзи бир сўфий тоифалари Қуръондаги истеваа (яъни кўтарилиш) сўзини иставлаа (қамраб олиш, эгаллаб олиш) сўзига ўзгартириб, умуман бошқа маъно беришларидир.

2) Таътил (бутунлай инкор қилишлик) Бунга мисол: Аллоҳ таолонинг сифатларини инкор қилиб, бекорга чиқаришлик. Масалан, Аллоҳнинг осмонлар устида эканлигини инкор қилиб, Аллоҳни Нафси билан (Жисми билан) ҳамма жойда мавжуд деган баъзи бир адашган тоифаларга ўхшаб. Аллоҳ таоло бундай ёлғон, ботил сифатлардан Олийдур.[17]

3) Такйиф (кайфиятини сўрашлик) Бунга мисол: Аллоҳ таолонинг олий сифатлари ҳақида, кайфиятини билишлик учун: «Қандай ҳолда? Қай даражада?» деган саволлар беришлик.[18] Масалан, Аллоҳ таоло Арш устидадур, аммо Унинг қай тарзда унинг устидалиги номаълумдур ва Аллоҳ таолонинг Ўзидан ташқари ҳеч ким билмайди.

4) Тамсил (бирон бир махлуқотга ўхшатишлик)[19] Бунга мисол: Аллоҳ таолони сифатларини бошқа У яратган махлуқотларини сифатларига ўхшатишликдир. Масалан, Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ларида ривоят қилинган ҳадисдаги Аллоҳ таолонинг ер осмонига тушушлигини[20] тафсирлаб: «Аллоҳ таоло ҳар кеча ер осмонига ҳудди махлуқотлар тушгани каби тушади» дейишликдур.[21]

Аллоҳ таоло Қуръонда айтади:

«Унинг бирон бир (инсу-жин ва бошқа махлуқотлар орасида) ўхшаши йўқдир, У (ҳамма нарсани) Эшитгувчи ва Кўргувчи Зотдир» (Шуро сураси, 11-оят).

Шайхулислом Ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳга ботил кимсалар томонидан бўлган тухматларида: «Шайхулислом ҳам ташбиҳ (ўхшатишлик) ишлатган» дейилган. Лекин, бундай тухматни биз унинг (яъни Шайхулисломнинг) китобларидан биронтасида топмаймиз, балки унинг тамсил ва ташбиҳга қаттиқ қарши чиққанлигини кўрамиз.[22]

5) Тафвид (индамаслик, яъни маъносини билмасликни даъво қилишлик)Бунга мисол: ҳам оятнинг маъносини, ҳам кайфиятини билмайман деб даъво қилишликдир. Бундай даъво ботил (ёлғон) даъводур ва ҳақиқий салафларнинг тафвид: оят маъноларини тасдиқлаш ва кайфиятини мажҳул (яъни номаълум) эканлигини изҳор қилишликдур. Масалан, Истеваанинг маъноси кўтарилишдур, лекин унинг кайфиятини ҳеч ким билмас. Бу салафлардан, Умму Салама ва Имом Моликнинг шайхлари бўлмиш Робиъа ва Имом Моликнинг ўзларинидан раҳимаҳумуллоҳ ривоят қилинган асар (тобеинлар ривояти) бизларга далил бўлади.

«Истиваа маълумдир ва кайфияти (яъни қай тарзда кўтарилиши) мажҳул (яъни номаълумдир), у ҳақидаги савол беришлик Бидъатдур».[23] Имом Молик раҳимаҳуллоҳ бу юқоридаги сўзларни, уларга: «Қай тарзда Аллоҳ истеваа қилган?» деган саволга шундай жавоб берганлар.[24]

6-боб: «Ла илаҳа иллаллоҳ» калимасининг маъноси

«Аллоҳдан бошқа сиғинишга лойиқ ҳеч маъбуд йўқдур»

Бу калимада Аллоҳдан бошқа сиғиниладиган барча илоҳларни инкор қилиш ва фақат Аллоҳнинг Яккалигини исботлаш бордур.

1. Аллоҳ таоло Қуръонда айтади:

«(Эй Муҳаммад), Аллоҳдан ўзга ҳақ маъбуд йўқ эканлигини билинг ва гуноҳингизга истиғфор (мағфират) сўранг!» (Муҳаммад сураси, 19-оят).

Шу оят бизга далилки, унинг (яъни калимаи шаҳодат) маънолари билан билишлик фарздир ва Ислом динининг бошқа фарзларидан (намоз, рўза, ҳаж ва бошқа) устун туради.[25]

2. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деб марҳамат қилдилар:

مَنْ قَالَ لاَ إِله إلَّا الله مُخْلِصاً دَخَلَ الْجَنَّةِ (رواه البزّار)

«Кимда ким холисона Ла илаҳа иллаллоҳ деса Жаннатга киради» (Баззор ривояти, Шайх Албоний саҳиҳ деганлар, Саҳиҳ ал-Жамиъ).

Ҳақиқатдан ҳам, холис кимса – уни маъноларини тушунган, шартларига амал қилган ва бошқа инсонларни унга чақирган, бошқа ишлардан устун қўйган кимсадур. Чунки у Аллоҳ таоло инсу-жинларнинг яратилишидан мақсад бўлган тавҳиднинг (якка, шериги йўқ бўлган Аллоҳ таолога ибодат қилиш) негизидур.

3. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам амакилари Абу Толибнинг ўлим тўшагида бўлган пайтида, унга қарата:

يَا عَمِّ قُلْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللَّهُ كَلِمَةً أَشْهَدُ لَكَ بِهَا عِنْدَ اللَّهِ وَأَبَى أَنْ يَقُولَ لَا إِلَهَ إِلَّا الله (رواه البخَاريُّ و مسلم)

«Эй амаки, Ла илаҳа иллаллоҳ денг, (у шундай) калимаки мен Аллоҳнинг ҳузурида сизнинг тарафингизни оламан (яъни шу калимани айтсангиз Аллоҳнинг ҳузурида сизни шафоат қила оламан)» дедилар. Лекин амакилари Ла илаҳа иллаллоҳ дейишликдан бош тортди (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

4. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккада 13 йил бўлдилар ва унинг барча аҳлини мана шу Ла илаҳа иллаллоҳ калимасига чақирдилар, лекин уларнинг жавоблари Қуръони Каримда шундай бўлди:

«(Макка мушриклари) уларга ўзларидан (яъни башар авлодидан) бўлган бир огоҳлантиргувчи – Пайғамбар келганидан ажабландилар ва у кофирлар дедилар: «Бу бир ёлғончи сеҳргардир. (Шунча) худоларни битта худо қилиб олибдими?! Ҳақиқатан бу жуда қизиқ нарса!»» (Сод сураси, 4-5 оят).

Араблар бунинг маъносини жуда яхши билар эдилар ва мана шу калимани айтган кимса бошқа илоҳларга сиғина олмаслигини яхши билишар эди. Шунинг учун ҳам у калимани айтишдан ўзларини тийдилар ва бош тортдилар. Аллоҳ таоло улар ҳақида Қуръони Каримда шундай деди:

«Ва улар (кофир, мушриклар): «Ҳали бизлар бир мажнун шоирни деб ҳудоларимизни тарк қилар эканмизми?» дер эдилар. Йўқ, (Муҳаммад алайҳиссалом алсо шоир, мажнун эмасдур, балки) у Ҳақ (дин)ни олиб келди ва (ўзидан аввал ўтган) барча пайғамбарларни тасдиқ этди» (Соффат сураси, 36-37 оят).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деб марҳамат қилдилар:

مَنْ قَالَ لَا إِلَهَ إِلَّا اللَّهُ وَكَفَرَ بِمَا يُعْبَدُ مِنْ دُونِ اللَّهِ حَرُمَ مَالُهُ وَدَمُهُ وَحِسَابُهُ عَلَى اللَّهِ

(رواه مسلم)

«Кимда ким Ла илаҳа иллаллоҳ деса ва Аллоҳдан бошқа сиғиниладиган илоҳларни инкор қилса, шунда унинг моли ва қони ҳаромдур (яъни молини талон тарож қилиш ва унга қарши курашиш мумкин эмасдур) ва унинг ҳисоби Олий бўлган Зот Аллоҳгадур» (Имом Муслим ривояти).

Ҳадиснинг маъноси шуни билдирадики, калимаи шаҳодатни айтишлик – у (айтган) кимсанинг Аллоҳдан бошқа илоҳларни маъбуд эканлигини инкор қилишликка ва Аллоҳгина ўша ибодатларга лойиқ Зот эканлигини тан олишлигига тақозо қилади. Шу нарса ажабланарлики, баъзи мусулмонлар тиллари билан Ла илаҳа иллаллоҳ дейдилар, лекин улар амаллари ва Аллоҳдан бошқага қилган дуолари билан бу калиманинг маъносига зид келадилар.

5. Дарҳақиқат Ла илаҳа иллаллоҳ тавҳид ва Исломнинг асосидур ва тўлиқ, мукаммал ҳаётнинг манҳажидур (йўлидур). Унинг кўрсатган йўли билан Аллоҳ таоло учун бўлган ҳар бир амалнинг тўғрилигини ифодалаб беради. Бу фақат қачон мусулмон киши ўзини Аллоҳгагина бўйсуниб, таслим бўлгандагина ва бошқа инсонлар ўйлаб чиққан қонунларни қўйиб фақат Аллоҳ таолонинг қонуни билан ҳукм қилгандагина содир бўлур.

6. Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтган эканлар: «Илоҳ – бу шундай Зотки, бир кишининг муҳаббат, қўрқув ва умид қилиш билан итоат қилинадиган ва Унга осийлик қилинмайдиган, Унгагина таваккул қилинадиган, Ундангина сўраладиган ва Унгагина дуо қилинадиган Зотдур. Буларнинг барчасига ҳеч ким лойиқ эмасдур, магар Қудратли ва Олий бўлмиш Аллоҳгина лойиқдур.

Шундай экан, Аллоҳгагина хос бўлган юқоридагилардан биронтасини Аллоҳга қўшиб бошқани ҳам шерик қиладиган бўлса, унда ўзининг Ла илаҳа иллаллоҳ нутқига шармандаликдур ва ўз калимасига хилоф қилган кимсадур. Ва мана шуларни Аллоҳдан бошқага қилиб яратилган маҳлуққа ибодат қилибди».

7. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деб марҳамат қилдилар:

«Ўлим тўшагида бўлганларингизга Ла илаҳа иллаллоҳни айтишликни унданглар. Чунки кимнинг охирги сўзи Ла илаҳа иллаллоҳ бўлса, (гуноҳлари сабабли азоб) оладиган жазосини олгандан сўнг ҳам Жаннатга киради» (Ибн Ҳиббон ривоятлари, Шайх Албоний саҳиҳ деганлар, Саҳиҳ ал-Жомиъ).

Бу ҳадисдаги «унданглар»нинг маъноси, вафот этаётган кимсанинг олдида фақатгина Ла илаҳа иллаллоҳ деб такрорлаб туришлик эмас, балки у кимсани шу калимани айтишликка чақиришликдир. Бунга далил, Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис бўлиб, унда: «Аллоҳнинг Расули Ансорлардан бўлмиш (вафот қилиш арафасида бўлган) бир кимсани зиёрат қилдилар ва айтдиларки: «Эй амаки, Ла илаҳа иллаллоҳ денг!» Ҳалиги Ансорий: «Сиз мени онам тарафдан жияним бўласизми ёки отам тарафданми?» деб сўради. Пайғабамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам (жавобан): «Онангиз тарафдан» дедилар. У киши эса: «У ҳолда мен Ла илаҳа иллаллоҳни айтишим афзалдир» деди. Шунда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Тўғри!» деб қўйдилар (Имом Аҳмад ривояти, ҳадис ривояти саҳиҳдир).

8. Агар кимса Ла илаҳа иллаллоҳ калимасини ҳаётига татбиқ қилса ва уни Аллоҳ таолога шерик қилишлик билан, айниқса ўлик ва ғойиб бўлган кимсаларга дуо қилишлик билан ботил, бекор қилмаса, ана ўшандагина шу калима у кимсага фойда беради.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деб марҳамат қилдилар:

«Кимда ким Ла илаҳа иллаллоҳ деса, ундан аввал нима келишидан қатъий назар (яъни гуноҳлари учун азобланишидан кейин бўлса ҳам) бахт-саодат келтиргувчи бўлади (яъни Жаннатга дохил бўлади)« (Имом Байҳақий ривояти, Шайх Албоний саҳиҳ деганлар).

7-боб: «Муҳаммадур Расулуллоҳ» калимасининг маъноси

«Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг элчисидур»

Муҳаммадур Расулуллоҳ – бу Муҳаммад ибн Абдуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Аллоҳнинг Расули бўлиб (инсонларга Аллоҳнинг Рисолати бўлмиш Қуръони Каримни нозил қилиш учун) Аллоҳ тарафидан юборилганликларига иймон келтиришликдир. Шундай экан, биз уларнинг (Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг) бизларга хабар берган нарсаларига иймон келтирамиз, бизларни буюрган буйруқларига итоат қиламиз, қайтарган нарсаларидан қайтамиз ва Аллоҳ таолога у (Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизларга кўрсатиб кетгандек ибодат қиламиз.

1. Абул-Ҳасан Али Ан-Надави ўзларининг «Нубувват» номли китобларида шундай деган эканлар: «Дарҳақиқат, ҳар бир замон ва ҳолатда, барча пайғамбарларнинг энг аввалги (инсонларга қилган нидоси) ва энг юксак мақсадлар – Аллоҳ таоло хусусида бўлган инсонларнинг ақидасини ва Аллоҳ билан бандалар ўртасидаги ибодатларни тузатишликдан иборат бўлган.

Пайғамбарлар алайҳимуссалом Аллоҳ таолога ихлос қилишликка, Уни ибодатларда яккалашликка (яъни Унинг Ўзигагина ибодат қилишликка), Унинг Ўзигина зарар ва фойда етказувчи эканлигига, ҳамда Ўзигина ибодатларнинг барча турига: (шу жумладан) дуо, Ўзидангина паноҳ излашлик ва Унгагина қурбонлик қилишга чақиришгандур. Уларнинг бутун вужудлари ўзларининг пайтларида бут ва санамларга, тирик ва ўлик бўлган солиҳ кимсаларга[26] ибодат қилиш шаклида мавжуд бўлган ширк ва бутпарастликка қарши туришлик эди».

2. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Расулига хитоб қилиб айтади:

«Айтинг: «Мен ўзим учун ҳам на фойда ва на зиён етказишга эга бўла оламан. Магар Аллоҳнинг хоҳлагани бўлур. Агар ғайбни билганимда эди, яхши амалларни кўпайтирган бўлур эдим ва менга бирон зиён етмаган бўлур эди. Мен фақат иймон келтирадиган қавм учун (дўзах азобидан) огохлантиргувчи ва (жаннат неъматлари ҳақида) хушхабар бергувчиман, холос» (Аъроф сураси, 188-оят).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деб марҳамат қилдилар:

«Мени Насронийлар Марямнинг ўғлини (Ийсо алайҳиссаломни Аллоҳга шерик қилишга олиб борадиган ҳаддан ташқари) мақтагандек мақтаманглар! Дарҳақиқат, мен (Аллоҳнинг) қулидурман. Шунинг учун мени Аллоҳнинг қули ва Расули деб чақиринглар» (Имом Бухорий ривоятлари).

Бу ҳадисдаги мақташлик – ҳаддан ташқари кўп мақташликка киноядир, шунинг учун бизлар насоролар Аллоҳни қўйиб Марям ўғли Исо алайҳиссаломга ибодат қилиб, ширкка мубтало бўлганлари каби, Аллоҳни қўйиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга дуо қилмаслигимиз шартдур. Аксинча, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни «Муҳаммад, абдуҳу ва расулуҳу (Унинг қули ва расули)« деб чақиришлигимизни уқтириб кетдилар.

3. Пайғамбарга бўлган ҳақиқий муҳаббат – бу Аллоҳ таолонинг Ўзигагина дуо қилишлик ва Пайғамбар ёки авлиё бўлишидан қатъий назар Ундан Ўзга бирон бир кимсага дуо қилмаслик билан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилиш орқали муҳаббат изҳор қилишликдир.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам (бир саҳобага хитоб қилиб) шундай дедилар:

«Қачон бирон нарса сўрамоқчи бўлсанг, фақат Аллоҳдангина сўрагин. Ва қачон ёрдам сўрамоқчи бўлсанг, Аллоҳдангина сўрагин!» (Имом Термизий ривоятлари, саҳиҳ).

Қачонки ғамгин бўлсалар, мана бундай дер эдилар:

«Я Ҳайю Я Қайюм! (Эй абадий тирик бўлган ва абадий бор бўлган Зот!) Сенинг раҳматинг ила ёрдам сўрайман» (Имом Термизий ривоятлари, ҳасан).

Қуйидаги сўзларни айтган шоирга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин:

Агар муҳаббатинг ҳақ бўлганида, сен унга итоат қилган бўлур эдинг,

Дарҳақиқат муҳаббат қилгувчи – итоат қилгувчидур.

Шундай экан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган ҳақиқий муҳаббат – (бу) Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг энг муҳим мақсадлари бўлмиш тавҳидни ва тавҳидга чақирганларни яхши кўришликдир ва ширкка қарши жанг қилишликдир.

8-боб: Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина мадад сўраймиз

1. Арабшунос олимлар айтишларича, Аллоҳ таоло мафъул биҳи (феъл олмоши бўлмиш Сенгагина калимасини) феъл (феъл бўлмиш ибодат калимаси) дан аввал зикр қилдики – (бу билан) ибодатнинг барча турларини фақат Аллоҳгагина қилишлик ва фақат Ундангина мадад сўрашликни яққол изҳор қилинади. Шунинг учун бу амаллар фақат Унгагина хосдир.

2. Мусулмонлар ўзларининг фарз намозларида 17 марта тиловат қиладиган бу сура, Фотиҳа сурасининг негизидур ва у (Фотиҳа сураси) Қуръони Каримнинг негизидур.

3. Бу оятдаги ибодат барча ибодат турларини ўз ичига олади. Буларга: намоз ўқишлик, қасам ичишлик, назр қилишлик (бирон нарсани аташлик) ва айниқса дуо қилишлик киради. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар:

«الدُّعَاءُ هُوَ الْعِبَادَةُ»

«Дуо – Ибодатдур» (Имом Термизий ривоятлари, саҳиҳ).

Аллоҳ таоло Қуръонда айтади:

«Айтинг (эй Муҳаммад!): Дарҳақиқат, мен Роббимгагина дуо қилурман ва Унга ҳеч бир кимсани шерик қилмасман» (Жин сураси, 20-оят).

4. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деб марҳамат қилдилар:

«Кимда ким Юнус алайҳиссалом балиқ қорнида бўлганларидаги (қуйидаги) дуони ўқиб дуо қилар экан, Аллоҳ албатта унинг дуосини қабул қилур, (Юнус алайҳиссаломнинг Аллоҳга қилган нидоси):

«Зуннун – Юнуснинг (қавмидан) ғазабланган ҳолда (ўз қишлоғидан чиқиб) кетиб, Бизни унинг зиёнига ҳукм қилмайди, деб ўйлаган пайтини, сўнг (Биз уни балиқ қорнига ташлаганимиздан кейин) қоронғу зулматларда туриб: «Сендан ўзга (ибодатга лойиқ) илоҳ йўқдур, магар Ўзингдурсан! Эй Пок Парвардигорим! Дарҳақиқат, мен (ўз жонимга) жабр қилгувчилардан бўлиб қолдим», деб нидо қилган (пайтини эсланг!)» (Анбиё сураси, 87-оят).

9-боб: Аллоҳдангина мадад сўрашлик

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деб марҳамат қилдилар:

إِذَا سَأَلْتَ فَاسْأَلْ اللَّهَ وَإِذَا اسْتَعَنْتَ فَاسْتَعِنْ بِاللَّهِ

«Агар сўрасанг, фақат Аллоҳдангина сўрагин ва агар мадад сўрамоқчи бўлсанг, фақат Аллоҳдангина мадад сўрагин» (Имом Термизийнинг Ибн Аббос разияллаҳу анҳудан қилган ривоятлари, ҳасан ҳадис).

1. Имом Нававий ва Ҳайсамий раҳимаҳумуллоҳ бу ҳадиснинг тафсирида шундай дейишган экан: «Қачонки бу дунё ва охират ишлари борасида сўрамоқчи бўлсанг, фақат Аллоҳдангина сўрагин, айниқса касалликларга шифо, ризқ ва ҳидоят талаб қилиш сингари Аллоҳдан ўзга бошқа ҳеч бир кимса қудрати етмайдиган ишларда фақат Аллоҳдан сўрагин, чунки буларни Аллоҳ таоло Ўзи учунгина хослагандур.[27] Аллоҳ таоло шундай деди:

«Агар Аллоҳ сизни (камбағаллик, хасталик каби) бирон зиён билан ушласа, бас, уни фақат Ўзигина аритгувчидир. Агар сизни бирон яхшилик билан ушласа, бас, билингки, У ҳамма нарсага қодирдир» (Анъом сураси, 17-оят).

2. Кимда ким ҳужжат ва далил қидирмоқчи бўлса, унга Қуръонгина кифоядур. Ва кимда ким мадад сўрамоқчи бўлса, унга Аллоҳгина кифоядур. Ва кимда ким эслатма олишни хоҳласа, унга ўлимгина кифоядур. Ва кимда кимга буларнинг биронтаси кифоя қилмаса, унга Жаҳаннамгина кифоядур, Аллоҳ таоло айтади:

«Бандалари учун Аллоҳнинг Ўзигина кифоя эмасми!?» (Зумар сураси, 36-оят).

3. Шайх Абдулқодир Жилоний раҳимаҳуллоҳ «Фатҳур Роббаний»да шундай деган эканлар: «Аллоҳдангина сўрагин ва Ундан ўзгалардан сўрамагин. Аллоҳдангина мадад сўрагин ва ундан ўзгалардан мадад сўрамагин. Ҳолингга вой бўлсин, эртага Унинг Юзига қай тарзда йўлиқасан? Сен Ундан юз ўгирган ҳолингда Ундан узоқлашсанг ва Унинг махлуқларига илтижо қилиб, Унга шерик қилсанг. Сен уларга ўзингни ҳожатингни айтиб, ўзингни муҳим ишларинг борасида уларга таваккул қилсанг. Ўзинг ва Аллоҳ ўртасидаги бўлган йўл ва воситаларни кўпайтиргин, чунки агар ундай қилмасанг, демак сен аҳмоқлардан экансан. Ҳеч қандай қувват ва қудрат йўқки, магар барчаси Аллоҳ биландур. Махлуқлардан ҳоли бўлган ҳолда, фақат Аллоҳ таологагина юзлангин[28]«.

4. Машруъ бўлган мадад сўраш йўли – бу қийинчилик пайтингда фақат Аллоҳдангина мадад сўрашликдур. Ширк ҳисобланган мадад сўраш йўли эса – сизнинг Аллоҳни қўйиб бошқалардан мадад сўрашлигингдур, хоҳ у Пайғамбар, авлиё ёки бўлмасам ғойиб ҳолда бўлган тирик мавжудотлар бўлсин. Чунки улар сизга яхшилик ва ёмонлик қилишга қудратлари йўқдур ва сизнинг дуоингизни эшитмаслар ва агар улар сизнинг дуоингизни эшитган ҳолларида ҳам, сизга жавоб қайтара олмаслар. Бу ҳақда Аллоҳ Қуръонда баён қилгандур.

Тирик кимсалардан мадад сўрашликка келсак, уларнинг қудрати етган нарсаларда масалан Масжид қуришликда ёки бирон дунёвий ҳожатини чиқаришликда Аллоҳнинг қуйидаги каломига биноан улардан мадад (кўмак) сўрашлик мумкиндур. Аллоҳ таоло шундай дейди:

«Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз!» (Моида сураси, 2-оят).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар:

«وَاللَّهُ فِي عَوْنِ الْعَبْدِ مَا كَانَ الْعَبْدُ فِي عَوْنِ أَخِيهِ «

«Қачонки банда биродарига кўмак берар экан, унга (бандага) Аллоҳ кўмак берур» (Имом Муслим ривояти).

Тириклардан мадад сўрашлик жоиз турларига мисол Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятидир:

«Ўзи тарафидаги кимсадан душманига қарши кўмак беришини сўради» (Қасос сураси, 15-оят).

Ва Аллоҳ таолонинг Зулқарнайн борасида зикр қилган оятда:

«Менга (иш) кучи орқали мадад беринглар, деди» (Каҳф сураси, 95-оят).

10-боб: Ар-Роҳман (Меҳрибон Зот) Аршнинг устига кўтарилди

Қуръон оятлари, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳиҳ (ишончли) ҳадислари ва салафлар (саҳоба, тобеин ва уларга яхшилик билан эргашганлар)нинг айтган сўзлари Аллоҳ таолонинг Ўзининг яратган махлуқларидан Олий эканлигига очиқ-ойдин далолат қилади.

1. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтади:

«Унинг ҳузурига барча яхши сўзлар кўтарилур ва уларни солиҳ амаллар кўтарур (яъни яхши сўзлар солиҳ амаллар билан исботланмагунча Аллоҳ ҳузирида мақбул бўлмас)» (Фотир сураси, 10-оят).

2. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтади:

«Малоикалар ва Руҳ (Жаброил алайҳиссалом) узунлиги 50 минг йил бўлган Кунда (Қиёмат Кунида) У (Аллоҳнинг) Зотнинг ҳузурига кўтарилурлар» (Маориж сураси, 4-оят).

3. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтади:

«Олий бўлган Роббингизнинг исмини покланг» (Аъло сураси, 1-оят).

4. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтади:

«Ар-Роҳман (Меҳрибон Зот) Аршнинг устига кўтарилди» (Тоҳа сураси, 5-оят).[29]

Истава – Имом Табаронийнинг тафсирларига биноан «Олийлик ва Кўтарилиш» маъносини беради.

5. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг «Саҳиҳ Бухорий»даги «Китоби Тавҳид» бобида Абул-Аълия ва Мужоҳиддан Иставаа сўзининг маъносини тушунтириб: «Бу Унинг (Аллоҳнинг) Олийлиги ва Кўтарилишидур» деганлар.

6. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳажжатул Вадаъ (Ҳайрлашув Ҳажи)да Арафат кунида хутба бериб шундай дедилар:

«Етказдимми?»,[30] улар[31]: «Ҳа», деб жавоб беришди. Сўнгра Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрсатгич бармоқларини осмонга кўтариб: «Эй Аллоҳ, шоҳид бўлгин!» дедилар.[32]

7. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

إِنَّ اللَّهَ كَتَبَ كِتَابًا قَبْلَ أَنْ يَخْلُقَ الْخَلْقَ إِنَّ رَحْمَتِي سَبَقَتْ غَضَبِي فَهُوَ مَكْتُوبٌ عِنْدَهُ فَوْقَ الْعَرْشِ

«Дарҳақиқат, Аллоҳ махлуқотларни (осмон, ер, инсонлар ва бошқа мавжудотларни) яратишдан аввал бир Китоб ёзди. Унда: «Дарҳақиқат, Менинг Раҳматим Ғазабимдан устундур», дейилган ва у (китоб) Унинг ҳузурида Аршнинг устидадур» (Имом Бухорийнинг Абу Ҳурайра разияллаҳу анҳудан қилган ривоятлари).

8. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар:

أَلاَ تَأْمَنُونِي وَأَنَا أَمِينُ مَنْ فِي السَّمَاءِ يَأْتِينِي خَبَرُ السَّمَاءِ صَبَاحًا وَمَسَاءً

«Осмонлар устидаги Зот менга ишониб туриб, сизлар менга ишонмайсизларми?! У (Аллоҳ) менга само хабарлари эртаю кеч беради» (Имом Бухорий ва Муслимнинг Абу Саид ал-Худрийдан қилган ривоятлари).

9. Имом Авзоий раҳимаҳуллоҳ айтадиларки: «Биз ва кўп тобеинлар шуни айтамизки: «Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Ўзининг Арш устида эканлигини бизга билдирди ва биз суннатда (саҳиҳ ҳадислар билан) исботланган Унинг барча сифатларига иймон келтирамиз».

10. Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ дедилар: «Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Унинг осмонлари устида бўлмиш Аршнинг устидадур. У Ўзи хоҳлаганчалик (Ўзининг Олий Зотига лойиқ равишда) Ўзининг махлуқотларига яқинлик қилади ва энг пастки (дунё) самосига тушади».

11. Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ дедилар: «Кимда ким: «Мен Роббимни осмонда ёки ерда эканлигини билмайман», деса, куфр келтирибди. Чунки Аллоҳ таоло айтадики:

«Ар-Роҳман (Меҳрибон Зот) Аршнинг устига кўтарилди» (Тоҳа сураси, 5-оят) ва Унинг Арши етти осмонлар устидадур. Ва кимки: «У Аршнинг устидадур, лекин Арш ердами ёки осмондами билмайман», деса у Аллоҳнинг Осмонлар устида эканлиги ҳақиқатини инкор қилганлиги учун кофир бўлибди. Ва кимки Унинг осмонлар устида эканлигини инкор қилса куфр қилибди, чунки Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло юқори осмонлар устидадур».

12. Имом Молик раҳимаҳуллоҳдан бир киши Аллоҳ Аршнинг устига қай тарзда кўтарилганлиги ҳақида сўраганида: «Иставаа маълум (яъни кўтарилиш маъносини беради), кайфияти мажҳулдир, унга иймон келтириш вожибдир (шартдур) ва у ҳақда сўрашлик бидъатдур (диндаги янгиликдур). Шунинг учун бу бидъатчини бу ерда чиқариб юборинглар», деб жавоб берганлар.

13. Иставаа (юқорига кўтарилиш) сўзини Иставлаа (эгаллашлик) сўзи билан алмаштиришлик жоиз эмасдир. Чунки бундай ўзгартиришликка салафлардан далил йўқдур. Уларнинг йўллари (бошқаларга нисбатан) энг ишончли ва (Аллоҳ ва Расулидан келган хабарлар тўғрисида) билимдонроқ ва ҳикматлироқ бўлганлар.

Имом ибн Қоййим Ал-Жавзийя раҳимаҳуллоҳ шундай деган эканлар: «Дарҳақиқат, Аллоҳ яҳудларни «Ҳитта» денглар деб амр қилса, улар эса «Ҳинта» дейишди ва уни ўзгартиришди. Аллоҳ таоло бизларга Ўзининг Аршнинг устига кўтарилганини (Иставаа қилганини) хабар берса, оятларни таъвил қиладиган кимсалар эса иставлаа (эгаллади) деган сўзга ўзгартиришди. Кўриб турганингиздек, уларнинг (иставаа сўзига) лом ҳарфини қўшишлари ва яҳудларнинг (Ҳитта сўзига) нун қўшимчасини қўшишларида ўхшашлик бордур (Имом Муҳаммад Амин Шанқитийнинг «Адва ул-Баён» китобларида зикр қилинган).

11-боб: Тавҳиднинг муҳимлиги

1. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло дунё ва барча мавжудотларни Ўзигагина ибодат қилишлари учунгина яратди. Инсонларни тавҳидга чақиришлик учун У Пайғамбарлар жўнатди ва Қуръони Каримнинг кўп суралари мана шу тавҳид ақидаси ҳақидадир. Ва у (Қуръон) ширкнинг шахсий ҳаётдаги ва жамиятдаги ёмонлигини баён қилади. Ширк – бу дунёдаги бўлган ҳалокатга ҳам ва охиратда бўладиган Жаҳаннамдаги абадий азобга ҳам сабабчидур.

2. Дарҳақиқат, барча элчилар ўзларининг Аллоҳ томонидан маъмур бўлган инсонларга қиладиган даъватларини тавҳид билан бошладилар. Аллоҳ таоло шундай деди:

«(Эй Муҳаммад), Биз сиздан илгари юборган ҳар бир пайғамбарга ҳам: «Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Менгина бордирман, бас Менгагина ибодат қилинглар», деб ваҳий юборгандирмиз» (Анбиё сураси, 25-оят).

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккаи Мукаррамада 13 йил инсонларни Аллоҳнинг тавҳидига ва Унга бирон нарсани шерик қилмасликка чақирдилар. Мана шу амр борасида Аллоҳ таоло Қуръони Каримда қуйидаги оятни нозил қилди:

«(Эй Муҳаммад) айтинг: «Мен ёлғиз Парвардигоримгагина дуо-илтижо қилурман ва У зотга бирон кимсани шерик қилмасман» (Жин сураси, 20-оят).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларига эргашганларни ёшликларидан бошлаб мана шу тавҳид билан тарбияладилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг амакиларининг ўғли бўлмиш Абдуллоҳ ибн Аббосга шундай дедилар:

إِذَا سَأَلْتَ فَاسْأَلْ اللَّهَ وَإِذَا اسْتَعَنْتَ فَاسْتَعِنْ بِاللَّهِ

«Агар (бирон нарса) сўрамоқчи бўлсанг, фақат Аллоҳдангина сўрагин. Агар (бирон қийинчилик, ҳожатларингда) мадад сўрамоқчи бўлсанг, фақат Аллоҳдангина мадад сўрагин» (Имом Термизийнинг Ибн Аббос разияллаҳу анҳудан қилган ривоятлари, ҳасан саҳиҳ ҳадис).

3. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг асҳобларини одамларга даъват қилаётганда тавҳид билан бошлашликни ўргатдилар. Муоз ибн Жабал разияллаҳу анҳуни Яманга жўнатаётиб, унга шундай дедилар:

فَلْيَكُنْ أَوَّلَ مَا تَدْعُوهُمْ فادْعُوهُم إِلَى شَهَادَةِ أَنْ لاَ إِلَهَ إلاَّ الله

و في رواية :  إِلَى أَنْ يُوَحِّدُوا الله تَعَالَى

«Уларни биринчи бўлиб чақирадиган нарсанг  «Аллоҳдан ўзга сиғинилишга лойиқ маъбуд йўқ» калимаси бўлсин (яъни Ла илаҳа иллааллоҳ калимаси)». Бошқа бир ривоятда эса: «Аллоҳни ибодатда яккалаш бўлсин (яъни ибодатни фақат Аллоҳгагина қилишлик бўлсин)« дедилар (Имом Бухорий ва Муслимнинг Ибн Аббос разияллаҳу анҳудан қилган ривоятлари).

4. «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ» калимаси тавҳид устига қурилгандур. Унинг маъноси: «Аллоҳдан Ўзга сиғинилишга ҳақли бирон маъбуд йўқдур ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган нарсагина ибодатдур». Кофир кимсани Исломга олиб кирадиган калима мана шудир. Чунки бу Жаннатнинг калитидир ва бунга шаҳодат бериб унга иймон келтирган кимса, агар ширк амали билан ёки куфрга олиб борувчи сўзлар билан уни (қилган шаҳодатини) бекор қилмаса, албатта Жаннатга киради.

5. Қурайш кофирлари агар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг мана шу тавҳидга бўлган даъватларидан ва уларнинг бутларига қарши курашларидан тўхтатсалар, уларга подшоҳлик, мол-мулк, аёллар ва бошқа дунё лаззатларини ваъда қилдилар. Лекин улар бундай нарсаларни танламадилар ва даъватларини давом этдилар. Асҳоблари билан бу йўлда бўлган азоб-уқубатларга бардош бердилар ва бу токи Макка фатҳ бўлиб, у ердаги бутлар яксон қилингунча давом этди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам мана бу оятларни тиловат қилдилар:

«Ҳақ келди ва ботил кетди, дарҳақиқат ботил доим йўқ бўлгувчидур» (Исро сураси, 81-оят).

6. Тавҳид – бу ҳар бир мусулмоннинг ўзини ҳаётида машғул бўладиган нарсасидур. У ҳаётини тавҳид билан бошлаб ва ҳаётини мана шу тавҳид билан тугатади. Унинг бу ҳаётда бўлган мақсади мана шу тавҳидни ва унга бўлган даъватни барпо қилишдур. Чунки тавҳид мўминларни бирлаштиради ва мана шу калимаи тавҳидга[33] ҳаммаларини жамлайди.

12-боб: Тавҳиднинг фазилатлари

1. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шундай деди:

«Иймон келтириб, иймонларини зулм билан аралаштирмаганлар, ана ўшаларга тинчлик бордур ва ана ўшалар ҳидоят топганлардур» (Анъом сураси, 82-оят).

Абдуллоҳ ибн Масъуд айтадилар: «Мана шу оят нозил бўлганда, баъзи саҳобалар кўп надомат қилишди ва айтишдики: «Бизларнинг қайси биримиз ўзига зулм қилмаган?!».[34] Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга жавобан:

َ لَيْسَ ذَلِكَ إِنَّمَا هُوَ الشِّرْكُ أَلَمْ تَسْمَعُوا مَا قَالَ لُقْمَانُ لِابْنِهِ وَهُوَ يَعِظُهُ يَا بُنَيَّ لاَ تُشْرِكْ بِاللَّهِ إِنَّ الشِّرْكَ لَظُلْمٌ عَظِيمٌ

«Бу сизлар ўйлагандек эмас, дарҳақиқат бу ширкдур. Луқмон алайҳиссаломнинг ўғлига айтган гапларини эшитмаганмисизлар:

«Эй ўғлим! Аллоҳга ширк келтирманг, чунки ширк энг катта зулмдур» (Луқмон сураси, 13-оят). (Имом Бухорий ва Муслимнинг Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллаҳу анҳудан қилган ривоятлари).

Бу оят Аллоҳ таолони ибодатларда яккалайдиган ва иймонларини ширк билан аралаштирмайдиган кимсаларга башоратдур. Улар ундан (Жаҳаннам азобидан) жуда узоқдадурлар ва улар охиратдаги Аллоҳнинг азобидан омонликдадурлар. Ва улар бу дунёда ҳақиқий ҳидоят топганлардур.

2. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар:

الْإِيمَانُ بِضْعٌ وَسَبْعُونَ شُعْبَةً فَأَفْضَلُهَا قَوْلُ لَا إِلَهَ إِلَّا اللَّهُ وَأَدْنَاهَا إِمَاطَةُ الْأَذَى عَنْ الطَّرِيقِ وَالْحَيَاءُ شُعْبَةٌ مِنْ الْإِيمَانِ

«Иймон 70 дан ортиқ шоҳчалардан иборатдур, уларнинг энг афзали «Ла илаҳа иллаллоҳ» ва энг пасткиси йўлдан озорни олиб ташлашликдур. Ҳаё ҳам Иймондандур» (Имом Муслимнинг Абу Ҳурайра разияллаҳу анҳудан қилган ривоятлари).

3. Шайх Абдуллоҳ Ҳаят раҳимаҳуллоҳ ўзларининг «Далил ал-Муслим Фил Эътиқод ват Татҳир» китобларида шундай дейдилар: «Кимсанинг инсонийлик ҳислати ва унинг хатоларга дучор бўлишлиги сабабли оёғи қинғир-қийшиқ йўлларга кириб ва баъзан Аллоҳга осийлик қилади. Агар у кимса тавҳид аҳлидан бўлиб, ширк балоларидан омон қолса ва Аллоҳни барча ибодатларда яккаласа ва «Ла илаҳа иллаллоҳ» калимасига содиқ бўлса, мана шу унинг саодатига катта сабабчи бўлади ва унинг гуноҳларига каффорат бўлишига ва ёмон амаллари кечирилиб юборилишига ҳам сабабчи бўлади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги ҳадисда шундай дедилар:

مَنْ شَهِدَ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللَّهُ وَحْدَهُ لَا شَرِيكَ لَهُ وَأَنَّ مُحَمَّدًا عَبْدُهُ وَرَسُولُهُ وَأَنَّ عِيسَى عَبْدُ اللَّهِ وَرَسُولُهُ وَكَلِمَتُهُ أَلْقَاهَا إِلَى مَرْيَمَ وَرُوحٌ مِنْهُ وَالْجَنَّةُ حَقٌّ وَالنَّارُ حَقٌّ أَدْخَلَهُ اللَّهُ الْجَنَّةَ عَلَى مَا كَانَ مِنْ الْعَمَلِ

«Кимда ким шериги йўқ бўлмиш, Яккаю Ягона Аллоҳдан ўзга сиғинилишга лойиқ маъбуд йўқлигига ва Муҳаммад Унинг бандаси ва элчиси эканлигига, ва Исо Аллоҳнинг бандаси ва Марямга юборган сўзи ва Унинг ҳузуридан бўлган Руҳи эканлигига, ва Жаннат Ҳақлигига ва Жаҳаннам Ҳақ эканлигига шаҳодат берса,  унинг амаллари қанча бўлишидан қатъий назар Аллоҳ у кимсани албатта Жаннатга киритур» (Имом Бухорий ва Муслим, Уббода ибн Сомит разияллаҳу анҳудан ривоятлари).

Мусулмон кимсанинг «Ла илаҳа иллаллоҳ» калимаси билан шаҳодат бериши унинг Жаннатга кириши учун зарур бўлган асосдур, агарчи унинг баъзи амалларида нуқсон ва камчиликлар бўлса ҳам. Ҳадиси қудсийда, Аллоҳ таоло шундай деди:

يَا ابْنَ آدَمَ إِنَّكَ لَوْ أَتَيْتَنِي بِقُرَابِ الْأَرْضِ خَطَايَا ثُمَّ لَقِيتَنِي لاَ تُشْرِكُ بِي شَيْئًا لأَتَيْتُكَ بِقُرَابِهَا مَغْفِرَةً

«Эй Одам боласи, агарда сен Менинг ҳузуримга ер тўла гуноҳлар билан келсангда ва Менга ширк қилмаган ҳолда Менга йўлиқсанг, Мен сенга ана шунча миқдорда Мағфират билан йўлиқаман» (Имом Термизийнинг Бакр Ибн Абдуллоҳ ал-Музаний разияллаҳу анҳудан қилган ривоятлари, ҳасан ҳадис).

Маъноси: Агар биронтангиз Менинг ҳузуримга ер юзи тўла гуноҳ ва маъсиятлар билан келсангиз, лекин тавҳидда бўлган ҳолда ҳаётдан ўтган бўлсангиз (муваҳҳид ҳолида), унда сизнинг гуноҳларингизни кечирурман.

Расуллуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни шундай деганларини ривоят қилинган:

مَنْ لَقِيَ اللَّهَ لاَ يُشْرِكُ بِهِ شَيْئًا دَخَلَ الْجَنَّةَ وَمَنْ لَقِيَهُ يُشْرِكُ بِهِ دَخَلَ النَّارَ

«Кимда ким Аллоҳга Унга ширк келтирмаган ҳолда рўбаро бўлса, у Жаннатга кирур ва кимда ким Аллоҳга ширк қилган ҳолда рўбаро бўлса, Жаҳаннамга кирур» (Имом Муслимнинг Жобир ибн Абдуллоҳ разияллаҳу анҳудан қилган ривояти).

Бу ривоятларнинг барчаси тавҳиднинг фазилатини кўрсатади. Мана шу (Тавҳид) орқали банданинг хурсандчилиги ва саодатига эришилур ва унинг гуноҳларига, қилган хатоларига энг зўр каффорат бўлур.

13-боб: Тавҳид фойдалари

Қачонки тавҳид кимсанинг шахсий ҳаётида ёки жамиятда намоён бўлар экан, ана ўшанда у ҳақиқий самарасини беради. Унинг фойдаларидан:

1. Инсонларни Аллоҳдан ўзгаларга бўлган ибодат ва бўйсунишлардан халос қилишлик. Махлуқот бирон нарсани (йўқ нарсадан) яратишга қодир эмас, балки уларнинг ўзлари яратилгандурлар. Улар бирон кимсага на зарар ва на фойда етказа олмаслар. Улар на ўлимга, на ҳаёт беришга ва на ўликларни тирилтиришга қодир эмаслар. Шундай экан, тавҳид инсонларни бошқа махлуқотларга бўлган ибодатлардан халос қилиб, уни фақат уни яратган Зот бўлмиш Роббиси Аллоҳга қилишликка йўллайди. У (тавҳид) инсон ақлини ҳар хил залолат ва қаронғуликлардан халос қилади.

У – кимсанинг ақлини Аллоҳдан ўзгаларга итоат қилишлик, ўзини паст тутишлик ва уларга бўйин эгишликдан халос қилади. У кимсанинг ҳаётини ҳокимларнинг, фолбинларнинг ва ўзларини илоҳий кучга эгаликни даъво қилган барча кимсаларнинг зўравонлигидан халос қилади. Шунинг учун ҳам жоҳилият пайтида ширк ва зулм эгалари Пайғамбарлар даъватига қаттиқ қаршилик қилишди ва айниқса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даъватига қаттиқ қаршилик кўрсатишди, чунки улар «Ла илаҳа иллаллоҳ» калимасининг маъносини жуда ҳам яхши тушунар эдилар ва у (Ла илаҳа иллаллаҳ калимаси) инсонларни озодлигини беришлик, золим подшоҳларни сохта ўринларидан ағдариб ташлашлик ва оламлар Роббиси бўлмиш Аллоҳ таолодан ўзгага ибодат қилмайдиган мўминларнинг даражаларини кўтаришликка бўлган даъват эканлигини билишар эди.

2. Шахсониятни мувозанатлайди. Тавҳид мувозанатли шахсониятни, бу ҳаётдан бўлган мақсад ва йўналишни қуришликка ёрдам беради. Шу билан шахс сиғинилишга лойиқ бўлган фақат бир Зотгагина илтижо қилади ва унга ҳоли бўлганда ҳам, очиқликда ҳам Унга илтижо қилади. Унга ёлғиз бўлган ҳолда ва очиқликда, қийинчилик ва осойишталикда дуо қилади. Бунинг акси бўлган мушрик[35] шахсонияти эса Аллоҳдан ўзга ибодат қиладиган бутларига тақсимланган бўлади, баъзан тирикларга илтижо қилса, баъзида эса ўликларга илтижо қилади, ҳудди Юсуф алайҳиссалом айтганидек:

«Эй менинг икки қамоқ соҳибларим! Кўп худолар яхшими ёки Якка – Ягона, Қаҳҳор бўлмиш Аллоҳми?» (Юсуф сураси, 39-оят).

Шундай экан, мўмин кимса фақат битта маъбудга ибодат қилади ва у Уни нима хурсанд қилишини ва нима ғазабини келтиришини билади. У қаерда У (Аллоҳ) рози бўлган ерда тўхтар[36] ва қалби таскин топади.

Мушрик эса, у кўп сохта худоларга ибодат қилади, биттасини бу ердан олса, иккинчисини эса бошқа ердан олади. Ва унинг қалби ўша худолар орасида тақсимланган бўлади ва унда бир таскинлик бўлмайди.

3. Тавҳид – бу инсонларнинг осойишталигининг негизидур. Чунки у қалбларни тинчлик ва қаноат билан тўлдиради. У фақат Аллоҳдангина (ғойибда-ю очиқликда) қўрқади ва тавҳид қалбдаги ризқ, нафс ва оиладан ажралиб қолиш ҳавфини ва кишилар, жин, ўлим ва бошқа нарсалар хавфини тўсади.

Аллоҳнинг Ўзигагина ибодат қилган мўмин кимса Аллоҳдан ўзгадан қўрқмайди ва шунинг учун ҳам бошқа (иймонсиз бўлган) кимсалар қўрқув ва даҳшатда бўлсалар унинг қалби сокин ҳолда бўлади. Бошқа кимсалар ҳавотирсизликда бўлсалар, унинг қалби эса таскин ҳолда бўлади. Мана бу қуйидаги оят шунга далолат қилур:

«Иймон келтириб, иймонларини зулм (ширк) билан аралаштирмаганлар, ана ўшаларга тинчлик бордур ва ана ўшалар ҳидоят топганлардур» (Анъом сураси, 82-оят).

Бу тинчлик-осойишталик қалбнинг тубидан чиқур ва бу дунёни қўриқчиси бўлмиш миршабдан чиқмас. Охиратдаги осойишталикка эса, Аллоҳ таолога холис бўлганлар учун ва тавҳидларини ширк билан алмаштирмаганлар учун энг буюк ва давомли бўлган неъматдур, чунки шикр энг катта зулмдир.

4. Тавҳид – руҳнинг қувват манбасидур. Чунки у шахсни кучли ва осойишта ҳаракат билан таъминлайди. У билан кимса қалбини фақат Аллоҳга бўлган рағбат, Унга тўлиқ ишонч ва таваккул, Унинг қадаридан рози бўлишлик билан тўлдиради. У (тавҳид) кимсага Аллоҳнинг синовларига сабр қилишликни ва махлуқларга ишониб қолмасликни таъминлайди.

Бу шахс худди тоғлар каби мустаҳкам ўрнашгандур ва қачонки бошига бир мусибат тушса ундан халос бўлишликни ўликлардан эмас, балки фақат Роббисидангина сўрайди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деб марҳамат қилдилар:

«Агар сўрамоқчи бўлсанг, фақат Аллоҳдангина сўрагин, агар мадад сўрамоқчи бўлсанг фақат Аллоҳдангина сўрагин» (Имом Термизий ривояти, ҳасан саҳиҳ).

Аллоҳ таоло шундай дейди:

«Агар Аллоҳ сизга бир зарар еткизса, уни Ўзидан ўзга ҳеч ким халос қилгувчи эмасдур» (Анъом сураси, 17-оят).

5. Тавҳид – бу биродарлик ва тенглик асосидур. Чунки тавҳид Аллоҳдан ўзгаларни ўзларига роб қилиб олганларга бўйсунишликка йўл қўймайди. Бунинг сабаби, ибодат бу фақат Аллоҳгагина хосдур ва бу ибодат барча инсонлар томонидан бўлмоқлиги шартдур. Ва уларнинг бошлиғи Унинг Расули ва танланган бандаси бўлмиш Муҳаммад саллаллаҳу алайҳи ва салламдур.

14-боб: Тавҳид душманлари

Аллоҳ таоло шундай деди:

«Шунингдек, ҳар бир пайғамбар учун инсу-жин (дан бўлган) шайтонларни душман қилиб қўйдик. Улар бир-бирларини алдашлик учун гўзал (ялтироқ) сўзлар билан васвасалар қиладилар» (Анъом сураси, 112-оят).

Аллоҳ таолонинг олий Ҳикмати шуни тақозо қиладики, У (Аллоҳ) ҳар бир Пайғамбар ва Тавҳидга чақиргувчи учун жинлардан бўлган шайтонлардан инсонлардан бўлган шайтонларга васвасалар қилишлик билан уларни залолат, фисқ ва ботилга чақирадиган ва пайғамбарнинг ўз қавмларини чақирган биринчи нарса бўлмиш ва Ислом даъватининг энг мустаҳкам асоси бўлмиш тавҳиддан адаштирадиган душман яратгандур. Дарҳақиқат, баъзи бир кимсаларнинг тавҳидга бўлган даъватни умматда ифтироқ қилишлик деб санашлари бу жуда ҳам ажойибдур. Ваҳоланки у умматнинг бирлигига сабабчи бўлувчи омилдур, ҳаттоки унинг номи ҳам унга долалат қилиб турибди.

Мушриклар тавҳид ар-Рубубия бўлган Аллоҳ таоло уларнинг Яратгувчиси эканлигини тасдиқ қилган эдилар, аммо тавҳид ал-Улуҳия бўлган Якка Аллоҳгагина дуо қилишликни инкор қилдилар ва ўзларининг авлиёларига дуо қилишликни тарк қилмадилар. Ибодатдаги ва дуо-илтижо қилишдаги тавҳидга чақирган Пайғамбарлари борасида улар шундай дедилар:

«У илоҳларимизни битта Илоҳ қилмоқчими (яъни мана шу бутларга қилган барча ибодатларимизни фақат битта Илоҳгагина бўлиш керак демоқчими?!). Бу бир ажиб нарсаку!» (Сод сураси, 5-оят).

Аллоҳ таоло ўтган миллатлар борасида шундай деди:

«Худди шунингдек, (яъни сизни сеҳргар, мажнун, шоир деганлари каби) улардан (яъни Макка мушрикларидан) аввалги (кофир бўлган) кимсаларга бирон пайғамбар келганида, улар ҳам: «У сеҳргар ёки мажнун кимсадур!» дейишди. Улар ўша (сўз)ни бир-бирларига васият қилиб қолдирганмилар? Йўқ, балки улар ўзлари туғён қилгувчи қавмдурлар!» (Зариёт сураси, 52-53 оятлар).

Мушрик бўлган кимсаларнинг сифати – қачонки улар Аллоҳ таолонинг Ўзигагина ибодат қилишликка чақирилса, уларнинг қалблари нафрат билан тўлади ва натижада улар (Аллоҳнинг ибодатидаги тавҳидга) куфр келтиришади ва инкор қилишади. Агарчи ширк қилишлик ва Аллоҳдан ўзгага дуо-илтижо қилишликни эшитсалар, улар хурсанд бўлиб кетишади. Мушрикларни Аллоҳ таоло Ўзининг қуйидаги сўзида зикр қилди:

«Қачонки Якка Аллоҳ зикр қилинса, охиратга иймон келтирмайдиган кимсаларнинг диллари сиқилиб кетади. Қачон У Зотдан бошқа бутлар зикр қилинганда эса баногоҳ улар шодланиб кетурлар» (Зумар сураси, 45-оят).

Аллоҳ таоло тавҳидни рад қилган мушрикларни зикр қилиб айради:

«Бунга сабаб, қачон (сизларни) ёлғиз Аллоҳгагина (ибодат қилишга) даъват қилинганида, кофир бўлиб – бўйинсунмай, агар У зотга ширк келтирилса (яъни турли бут-санамларга сиғинишга чорлаганда), иймон келтиришларингиздир. Бас, барча ҳукм Юксак ва Улуғ Аллоҳникидир» (Ғофир сураси, 12-оят).

Бу оятлар кофирлар борасида бўлса ҳам, лекин бу сифат қайси бир кимсага мос келишлиги билан ўша кимсаларга ҳам таълуқлидир, буларнинг ичига ўзлари Исломга чақиришликни даъво қила туриб тавҳидга чақиргувчиларга қарши уруш қиладиган ва улардан қочиб, сўнгра уларга адоват лақабларини отиб, инсонларни уларга қарши қилиб, унинг оқибатида инсонларни пайғамбарларнинг жўнатилишларига бирдан-бир мақсад бўлган тавҳидни ёмон кўришига сабабчи бўлган кимсалар ҳам киради.

Бундай душманлар ичига қачонки Аллоҳнинг Ўзигагина дуо-илтижо қилишга чақирилганида ўзини камтар тутмасдан, қачонки бирон бир Пайғамбар ёки авлиёлардан мадад сўраганларга ўхшаш, Аллоҳдан ўзгадан дуо талаб қилган кимсалар ҳам киради. Уларнинг қилган ишлари нақадар бетамиз ва даҳшатлидур.

давоми бор иншааллоҳ…


[1] Таржимондан қўшимча: Ва ҳар бир ўзини ҳақлигини даъво қилаётган мусулмон жамоаси мана шу ҳадисда айтиб ўтилган тарозига ўзларини таққослашлари лозимдир. Агар мана шу тарозига мос тушсалар, Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Агар бу тарозига муносиб бўлмасалар, Аллоҳдан қўрқсинлар ва Аллоҳга тавба қилиб, ҳақ томонга ўтсинлар ва «Нажот топувчи жамоа» тарафида бўлсинлар, шунда Аллоҳ уларнинг дунё ва охиратларини саодатли қилур.

[2] Яъни ҳадис соҳиблари. Ибодатларида Қуръон ва саҳиҳ (ишончли) ҳадисларга амал қилгувчилар. Агар ҳадис заиф ёки мавзу (тўқима) бўладиган бўлса, у амални тарк қилгувчилардир. Улар шундай кишиларки агар уларга ҳадис ривоят қилинса, Абу Бакр разияллаҳу анҳуга ўхшаб: «Агар шуни (амал ва сўзни) Пайғабаримиз айтган бўлсалар, тўғри айтибдилар» деган кимсалардир. Абу Бакр Сиддиқ бу сўзларини Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам меърож кечасида Аллоҳнинг изни билан Масжид ал-Ақсога бориб у ерда ҳамма пайғамбарлар билан намоз ўқиганларини ва осмонга чиққанлари ва у ерда кўп пайғамбарларни кўрганлари ва ўша кечада намозни фарз бўлганлиги ҳақида амр жорий бўлганлиги ҳақида хабар берганларида мушриклар роҳматаллил аламинни (Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни) масҳара қилиб «Ана энди ёлғончилигинг аниқ билинади», деб мусулмонларга фитна тарқатиша бошлашди. Шу қаторда Абу Бакр Сиддиқ олдига бориб ҳам «Мана энди соҳибинг (яъни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам) ёлғончи бўлди» дейишади. Шунда Абу Бакр разияллаҳу анҳу сабабини сўраганларида, улар: «Соҳибинг бир кечанинг мобайнида Масжид ал-Ақсога бордим ва осмонга ҳам чиқдим деб даъво қилаяпти» деганларида юқоридаги сўзларни айтиб ҳамма мўминларга бир ибрат қилиб кетдиларки, биз ҳам «агар ҳадис саҳиҳ бўлса Пайғамбаримизнинг айтган сўзлари ҳақ» дея олишга журъат қила оладиган бўлишимиз керак, бошқа кимсаларнинг фикрлари қай тарзда бўлишидан қатъий назар. Саҳиҳ ҳадислар бошқа кишиларларнинг қуруқ фикр ва мулоҳазаларига зид келса ҳам биз саҳиҳ ҳадисни маҳкам ушлаб олишимиз керак. Чунки агар бир масалада ҳадис собит бўлган пайтда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишлик, яъни ҳадисга эргашишлик энг ҳақ йўлдир.

[3] Қуръони Каримдан узоқлашиш деб Аллоҳ таолонинг амрларини бажармаслик ва қайтарган амалларидан қайтмасликдир. Қуръонни саҳиҳ маъноларсиз, амал қилмасдан фақат ёдлашликни Аллоҳнинг арқонини маҳкам ушладим деб қолмаслик керак. Бундай ҳаёлларда бўлган кимса хато қилган кимсадир. Чунки Қуръон фақат ёдлашлик учун эмас, балки уни ҳаётда татбиқ қилиб, бошқаларга ҳам шу рисолатни етказишликдир.

[4] Бир имомни сўзини хато ёки тўғри бўлишидан қатъий назар маҳкам ушлаб олишлик.

[5] Ушбу сўзни Имом Моликка нисбат берилиши кейинги уламоларда машҳур бўлган. Буни Ибн Абдулҳодий саҳиҳ йўл билан «Иршодиус-Салик» китобининг 1-жузъи 227-саҳифасида ва бошқалар ривоят қилган.

[6] Яъни уларнинг сўзларини маҳкам ушлаб, амал қилиб ва бошқаларни ҳам шу йўлга чақирадилар.

[7] Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ айтганлар: «Агар ҳадис саҳиҳ бўлса, демак у менинг мазҳабимдир» (Ибни Обидийн «Ал-Ҳошия» рисоласининг 1-жузъ 63-саҳифаси).

Имом Молик раҳимаҳуллоҳ айтганларки: «Мен фақат одамман холос. Хато ҳам киламан, тўғри ҳам қиламан. Сизлар эса менинг фикримга қаранглар. Китоб ва суннатга мувофиқ келган барча сўзларимни олинглар, Китоб ва суннатга мувофиқ келмаган барча сўзларимни эса тарк этинглар» (Ибн Абдулбарр «Жомиъ» (2/32)да ривоят қилган).

Имом Шофеъий раҳмаҳуллоҳ айтганлар: «Агар мен бир масала хусусида сўз айтган бўлсам-у, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган саҳиҳ хабарга тўғри келмаса ва шундай бўлганини ҳадис аҳли аниқласа, мен тирик бўлсам ҳам, вафот этган бўлсам ҳам, ўша сўзимдан қайтаман» (Абу Нуъайм (9/107), Ҳаравий (47/1), Ибнул-Қоййим «Иъламул-Муваққиъийн» (2/363) ва Ал-Фуланий (104-с.)).

Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ айтганлар: «Менга тақлид қилма, Молик, Шофеъий, Авзоъий ва Саврийларга ҳам тақлид қилма. Улар қаердан олган бўлишса, ўша жойдан олгин» (Ибнул-Қоййим, «Иъламул- муваққиъийн» 2/203).

[8] Яъни ҳақ йўлда бўлган кимса албатта шундай озорларга дучор бўлади.

[9] Салаф-солиҳлар – Пайғамбаримиз, саҳобалар ва уларга манҳажда эргашганлардир.

[10] Яъни бу гуруҳнинг асҳабул ҳадис эканлигида шак-шубҳа йўқдир.

[11] Яъни фақат далили бир кимсанинг ёки ўзининг фикри бўлган кимсаларга айтилади.

[12] Бу оятдаги ибодатдан мурод жамики ибодат турларидаги тавҳиддур ва дуоларни фақат Аллоҳгагина қилишликдур.

[13] Яъни мушрик бўлганларича қолдилар, чунки тавҳиднинг бошқа турларида ширк қилишар эди.

[14] Мана бу ақидада Пайғабаримиз саллаллалоҳу алайҳи ва саллам пайтидаги мушриклар ҳам бўлганлар, лекин бу тавҳидни инкор қилган кофирлар, коммунистлар ва уларга эргашган тоифалар бўлдилар. Улар шундай бир буюк коинотни ва унинг ичидаги бир-биридан мураккаб бўлган мавжудотларни ва инсонларни ўзидан ўзи пайдо бўлган деган ақидада бўлдилар. Бу ақидадаги инсонлар фақат «Мен коммунистман» деган инсонлар эмас, балки баъзи пайтларда шу коммунистик руҳда тарбия топган, лекин ўзларини мусулмонман деган кимсалардан эшитиб қоламиз. Масалан, мактаблардаги биология домлалари ўзларини мусулмонман дея айтишлари мумкин, лекин ўқувчиларга дарс бераётганда «одам боласи маймундан пайдо бўлган» деб ўргатишлари коммунистик ақидадан қолишмайди. Шунинг учун ҳар биримиз ўзимизнинг айтаётган гапларимиздан эҳтиёт бўлмоқлигимиз керак. Бизларга ҳам бу Пайғамбаримиз даврларидаги мушриклардан ҳам баттар бўлган коммунистларнинг ақидасининг таъсири тегиб қолган бўлиши мумкин. Аллоҳ таоло ҳаммамизнинг ақидамизни салаф-солиҳийнлар ақидасига муносиб қилсин ва аҳли Жаннатлардан бўлишликка насиб қилсин!

[15] Яъни фақат Ўзинггина ибодатга лойиқсан бошқа махлуқотлар эмас.

[16] Саҳобаларнинг ўқувчилари.

[17] Яъни Аллоҳ таолонинг ҳам кўчада, ҳам уйда, ҳам ҳожатхонада, ҳам ҳайвонлар ичида, ҳам инсонлар ичида, ҳам дарахтлар ичида Нафси билан мавжуд дейишликдан Аллоҳ покдур.

[18] ва натижада еру-осмонни ва Коинотдаги барча нарсани яратган Ақл Эгасини қай тарзда бир нарсани қилишлигини сўроқ қилишлик. Бундай сифатларни тушунишликка албатта ожиз инсоннинг ақли заифлик қилади. Шунинг учун биз бундай ғaйб (кўзга кўринмайдиган) ишлар ҳақида савол беришликдан қайтарилганмиз.

[19] Ҳофиз, Имом Нуъайм ибн Ҳаммод ал-Хузоий раҳимаҳуллоҳ деди: «Ким Аллоҳни махлуқларига ўхшатса кофир бўлади. Ким Аллоҳ Ўзини сифатлаган сифатларни инкор этса кофир бўлади. Аллоҳни Унинг Ўзи ва Унинг расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам сифатлаган сифатларда бирон нарсага ўхшатишлик йўқ» (Имом Бағавий: «ал-Улув лил-Алиййил-Ғаффор»).

[20] ва «Мендан истиғфор сўрайдиган борми? Уни кечираман. Ва Мендан сўрайдиган борми? Унга сўраган нарсасини бераман» каби Аллоҳ таолонинг нидо қилишлиги ҳақида хабар берадиган ҳадисни

[21] Бундай гаплар ўхшатишликка кириб, бундан қайтарилганмиз. Албатта Аллоҳ таоло бирон бир яратган махлуқотларига ўхшамайди. Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ Аллоҳ таолонинг нозил бўлиши ҳақида сўралганларида: «У нозил бўлади, кайфияти эса номаълум» – деб жавоб бердилар (Шарҳул-ақидатит-Таҳовийя»).

[22] Мана бундай аҳли илмларга қилинган тухматлар ҳам, бидъат аҳлларининг ўзларини ботил фикрларини исботлаш учун қилган ҳийла-найрангларидур. Бундай тухмат сўзларни эшитилиб қолганда: «Қаердан бу гапни олдинг? Қайси китобдан? Ким ёзган у китобни? Келтир далилингни?» деган саволлар берсак, у бидъат аҳллари биронта ҳам далил келтира олмайдилар, балки ўзларининг «уламо» деган бидъатчи шайхлари томонидан ёзилган китобларини олиб келишлари мумкин. Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинки, агар далил сўрашлик бўлмаганида, инсонлар хоҳлаган гапларини айтган бўлар эдилар.

[23] Яъни Саҳобалар ва Тобеинлар ҳаётлик даврда бундай бемани саволлар берилмаганлиги учун диндаги янгиликдур.

[24] Бир киши Имом Молик раҳимаҳуллоҳдан «Раҳмон Аршга кўтарилди» ояти ҳақида: «Қандай қилиб кўтарилди?» – деб савол берди. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ унга: «Кўтарилиш маълум, кайфияти номаълум, унга иймон келтириш фарз, у ҳақда сўраш бидъат. Сен адашган кўринасан» – деб жавоб бердилар ва савол берган одамни ҳузурларидан чиқариб юборишга буюрдилар (Имом Бағавий: «Шарҳуссунна»).

[25] Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг Саҳиҳларида алоҳида боб ажратганлар. Уни: «Илм – Қавл ва амалдан аввалдур» деб номлаб, юқоридаги оятни далил қилганлар.

[26] Яъни ўлик ва ғойиб тирикларга нидо қилиб мадад сўрашлик каби

[27] Яъни Аллоҳнинг Ўзигина ҳидоят қилгувчи ва Аллоҳнинг Ўзигина ризқ бергувчи ва касалликларга шифо бергувчидур.

[28] Бундан мурод, махлуқотлардан бирон нарсани восита қилмаган ҳолда фақат Аллоҳгагина илтижо қилиб, мадад сўрагин деганидур.

[29] Аллоҳ Аршнинг устига кўтарилганлиги Қуръони Каримда 7 марта такрорланган, бу унинг катта аҳамиятга эгалигига далолат қилади.

[30] Яъни Аллоҳдан бўлган рисолатни инсонларга тўлиқлигича етказдимми?

[31] Охирги ҳажда бўлган барча саҳобалар.

[32] Яъни бу амалдан мурод, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Арш устида эканлигига далолат қилади.

[33] Яъни Ла илаҳа иллаллоҳга.

[34] Яъни гуноҳ ишлар қилмаган!?

[35] Ширк амалини қилган кимса

[36] Яъни ўша амални қилади

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan