Тасфия ва тарбия

Тасфия ва тарбия

ҳамда мусулмонларнинг бунга (нақадар) ҳожатманд эканлари

Аллома, Шом диёрининг муҳаддиси

Муҳаммад Носируддин Албоний

роҳимаҳуллоҳ

Мактаба ал-Исламия
1421 ҳ.
Аммон – Иордания

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Нашрга тайёрловчи муқаддимаси

Барча мақтовлар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфорлар айтиб, Ундан нафсимизнинг шумлиги ва амалларимизнинг ёмонлигидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани тўғри йўлга солувчи зот йўқдир. Мен «Ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва элчисидир», деб гувоҳлик бераман.

Сўнг…

Ушбу «Тасфия (тозалаш) ва тарбия, ҳамда мусулмонларнинг бунга (нақадар) ҳожатманд эканлари» рисоласи бўлиб, унинг асли муҳаддис, аллома, шайх Муҳаммад Носируддин Албоний роҳимаҳуллоҳ бундан ўттиз йилча аввал Иордания (пойтахти) Аммон шаҳридаги шаръий олийгоҳда ийрод қилган нутқларидир. Шайх ушбу маърузада барчамиз юришимиз вожиб бўлган ҳақ манҳажни баён қилиб, уни «Тасфия» (сайқаллаштириш, мусаффолаш, тозалаш) ва «Тарбия» бўлмиш икки сўзга жо қилиб қўйдилар. Шайх ҳаётлари бўйи ушбу манҳаж асосида юриб, ақидани, унга ўралашиб қолган ботил, бузуқ эътиқодлар, хурофот ва ширкиётлардан, суннатни эса, саҳиҳ ва ҳасан (ҳадислар)ни заиф, уйдирма ва асоссиз (ривоятлардан) ажратиш билан асли суннатда бўлмай, балки унга кирғазилган (ривоятлардан) тозалаш билан, фиқҳни эса турли қарашлар ва очиқ ҳужжатларга зид келадиган (динда) янги пайдо қилинган доғлардан тозалаш ила яшаб ўтдилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳиҳ ва собит бўлган ҳадислар асосида авваламбор ўзларини, сўнг эса атрофидагиларини тарбия қилдилар. Сўнгра шайх роҳимаҳуллоҳ барча инсонларни ушбу «Тасфия ва тарбия» бўлмиш ҳақ манҳажни қабул қилишга чақирдилар. Шайхнинг ушбу чақириқларини уламо ва толиби илмлар каби илм аҳлидан иборат дунёнинг турли ерларидаги сара кишилар бош устига, деб қабул қилдилар. Соғлом, илмий бир уйғониш (даври) бошланиб, (ушбу даъват) ер курраси бўйлаб тарқалиб бормоқда.

Дарҳақиқат Аммон шаҳридаги исломий мактаба (ушбу рисола шайх роҳимаҳуллоҳнинг (ўзларидан кейин қўйиб кетган) қимматли илмий меросларидандир) умумий фойда ҳосил бўлиб, дунёнинг турли бурчагидаги мусулмонларга манфаат бўлиб, шайх вафотларидан сўнг Аллоҳнинг хоҳиши ила ажр савобларга эришсинлар дея ушбу ажойиб рисолани нашрдан чиқаришга бел боғлади.

Барча мақтовлар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфорлар айтиб, ундан нафсимизнинг шумлиги ва амалларимизнинг ёмонлигидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани тўғри йўлга солувчи зот йўқдир. Мен «Ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва расулидир» деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилар. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Аммо баъд…

Дарҳақиқат, сўзларнинг рости – Аллоҳнинг Каломи, йўлларнинг яхшиси – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўли, ишларнинг ёмони – (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат – залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтувчидир.

Сўнг… Бугунги кунда, барчангиз билиб турганингиздек, (биз) мусулмонлар хорлик ва ўзгалар томонидан мустамлакага айлантирилишнинг шундай бир чегарасига етган замонда турибмизки, Аллоҳу Росулига иймон келтирадиган мусулмон киши бундан ҳам оғирроқ кунларни кўриши мумкин эмас. Афсуслар бўлсинким, жамийки исломий ўлкалардаги жамиятнинг барча қатламларини эгаллаб олган ушбу хорликни (ич-ичимиздан) ҳис қилиб, умумий ва хос йиғилиш ҳамда анжуманларимизда мусулмонларни ушбу тубан ҳолатга олиб борган сабаб, иснодга қолган ушбу хўрланган ҳолатимиз ва хору зорликнинг шу даражадаги қуйи қатламларига тушиб қолганимиз сири нимада экан, дея ўзаро бир-биримизга савол бериб, ушбу хорлик ва бахтсизликдан нажот топишимиз учун керак бўладиган муолажа ва даво ҳақида ҳам ўзаро сўраб-суриштирамиз.

Қарабсизки фикр ва мулоҳазалар ранг-баранг тус олиб, ҳар бир киши ушбу муаммони ҳал қилиб, ўнглаш учун ўзи тўғри деб билган манҳаж ва йўлини кўндаланг қўяди.

Мен ўйлайманки, Росул алайҳиссалоту вассалаам, у кишидан собит бўлган баъзи ҳадисларда ушбу муаммони зикр қилиб, сифатлаб берганлар ва унинг муолажасини ҳам айтиб ўтганлар. Ушбу ҳадислардан алайҳиссалоти васалламнинг мана бу қовлларидир:

«Иъйна савдосига келишсангиз, сигирнинг думини тутиб, экин-тикинга рози бўлсангиз ва Аллоҳ йўлидаги жиҳодни тарк этсангиз, Аллоҳ устингизга хорликни ҳукмрон қилиб қўяди. Уни сизлардан то динларингизга қайтмагунингизгача кўтармайди» («ас-Соҳиҳа» (11)).

Ушбу ҳадис мўъжазгина бўлишига қарамай, унда кенг тарқалиб ҳатто мусулмонларни қамраб олган касаллик эслаб ўтилганига воқиф бўламиз. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам касалликнинг икки турини мисол қилиб келтирдилар:

Биринчи тури: Мусулмонлар била туриб, ҳийла ишлатган ҳолда баъзи ҳаром ишларга қўл уриши. Ушбу ҳолат алайҳиссалоту васалламнинг мана бу қовллари остига яширингандир: «Иъйна савдосига келишсангиз». Фиқҳ китобларида маълум бўлганидек иъйна савдоси – олди-сотдининг бир тури бўлиб, ушбу ҳадис унинг ҳаром эканига ишора қиляпти. Шунга қарамай баъзи уламолар, бошқаларни гапирмаск ҳам бўлади, ушбу савдо турини жоиз деб билишади. Иъйна савдосининг сурати қуйидагича: Бир киши тижоратчидан маълум бир мол харид қилади, келинг масалан (сотиб олган моли) машина бўла қолсин. Ушбу киши машинанинг пулини маълум бир вақтда бўлиб-бўлиб тўлаш (шарти билан) сотиб олади. Сўнгра ушбу сотиб олган киши ана шу машинани аввалги (ўзига) сотган кишига сотиб олганидан озроқ миқдордаги нарх билан сотади. Бироқ (пулини) нақд тўлаш шарти билан. (Машинани) аввал сотган киши – ҳозир у бу ўринда сотиб олувчи бўляпти – анави киши – пулини бўлиб-бўлиб тўлайман, деб қарзга – сотиб олганидан озроғ-у, бироқ нақд пул тўлайди. Мисол учун ушбу машина ўн минг лирага насияга сотилди дейлик. Шунда ушбу машинани сотиб олган кимса аввалги (машинани ўзига) сотган кишига саккиз минг нақд тўлаш шарти билан сотиб юборади-да, икки минг зиёдаси билан қарзни адо этди, деб ёзиб қўйилади.

Ушбу зиёдалик рибодир. Аслида рибони ҳаром қилган Аллоҳ азза ва жалланинг оятлари ва пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини эшитган мусулмон киши, модомики бу ўринда (қарзни) тўлашда зиёдалик бор экан, иъйна савдосидан бўлган ушбу турни ҳалол қилиб олмаслиги лозим эди. Чунки ушбу зиёдалик очиқ-ойдин рибодир. Бироқ айрим кимсалар ушбу (савдо турини) мубоҳ-ҳалол деб билишди. Чунки у (фиқҳ китобларининг) олди-сотди бобларида мавжуддир. Бунинг (ҳалол) эканига савдонинг жоиз эканига далолат қиладиган умумий далилларни ҳужжат қилиб келтиришди. Мисол учун ушбу оят: «Ҳолбуки, Аллоҳ байъни ҳалол, судхўрликни ҳаром қилган» (Бақара: 275). Ва: Бу ҳам олди-сотдида, бироз ошиб камайса нима қилибди, дейишди!

Бироқ асли ҳақиқат шуки, ўн минг лирага насиа (бўлиб-бўлиб) тўлаш шарти билан сотиб олган сўнгра саккиз минг нақдга сотган кимса, ушбу ишидан саккиз минг лирага эришишни истайди. Ушбу кимса ана у сотувчини – даъво қилишича мусулмон – саккиз минг муқобилига саккиз минг лира Аллоҳ учун қарз бериб туришига (кўзи етмагач), балки ушбу зиёдаликка кўз олайтиришини билгач, ушбу зиёдаликни ҳалол санашга барчалари (икки тараф) ҳам байъ-савдо номини бериб найранг ишлатишди.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса Аллоҳ табарока ва таоло айтганидек авваламбор одамларга баён қилиб берувчидирлар: «Сизга эса одамларга нозил қилинган нарсаларни (яъни, шариат аҳкомларини) баён қилиб беришингиз учун бу эслатмани-Қуръонни нозил қилдик» (Наҳл: 44). Иккинчидан эса у киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам Роббимиз табарока ва таоло васф қилганидекдирлар: «Барча мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган …» (Тавба: 128). У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга меҳрибон ва раҳмли эканлари сабабли ҳам, шайтоннинг инсон фарзандларига қўядиган маккорона тузоқларидан танбеҳ бериб, бизни жуда кўплаб ҳадисларда унинг қазиган чоҳига тушиб қолишимиздан огоҳлантирдилар. Биз бугун ёдга олган ҳадис ҳам шулар жумласидандир. Соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Агар иъйна савдосига келишсангиз», яъни, Аллоҳу Росули ҳаром қилган нарсани озгина найранг ишлатиш йўли билан-да байъ-савдо исмини бериб ҳалол санаманглар. (Ушбу иш) ҳақиқатни олиб қарайдиган бўлсак ниқобланиш-тусланиш холос. Ва у, ушбу зиёдалик рўбарўсидаги қарзга ботишдир. Бу эса очиқ рибодир. Ушбу ҳадисда Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол санаш учун ана шундай найранг ишлатишимиздан огоҳлантирдилар. Шунинг учун ҳам (ушбу ҳолат), мусулмон киши била туриб ҳаром ишга қўл уришиданда хатарлироқдир. Чунки у (била туриб ҳаром ишга қўл урадиган мусулмон) бир кун Роббисига қайтиб, тавба қилиши умид қилинади. Чунки у қилаётган иши ҳаром эканини билади.

Аммо маълум бир сабабларга кўра қилаётган қилмиши, ё хато таъвил сабабли ё бўлмаса очиқ жоҳиллиги сабабли, зийнатли қилиб кўрсатилган бўлса, натижада бу ишини ҳижолат чекмай қилаверса, бир кун келиб Аллоҳ азза ва жаллага тавба қилиб қолар, деган ўй асло ҳаёлингизга келмайди. Шу сабабли фикр ёки эътиқод нуқтаи назаридан ҳалол саналган (асли) ҳаром ишлар очиқ ҳаром бўлган ишдан бир неча чандон хатарлироқдир. Рибо еб, уни рибо эканини билиб, эътиқод қилган кимса – оятда келганидек Аллоҳу Росулига қарши уруш очган бўлсада – рибодан топиб, ҳалол еяпман деб, эътиқод қилган кимсага нисбатан охир-оқибатда хатари енгилроқдир. Бунинг мисоли маст қилувчи ичимликни ҳаром деб эътиқод қилган ҳолда ичган кимсанинг мисоли кабики, алалоқибат Аллоҳ азза ва жаллага тавба қилишидан умид бор. Бироқ маст қилувчи ичимликни маълум бир сабабга кўра ҳалол ичимлик деб эътиқод қилган ҳолда ичган кимса эса юқорида (зикр қилинган) кимсадан хатарлироқдир. Чунки у, модомики ушбу иш ҳукмини уқиб олишда хатога йўл қўйган экан, бир кун келиб тавба қилиши асло тасаввурга сиғмайди. (Бидъат ҳам ҳудди шундай. Бидъатчи маъсиятга, маъсият эканини била туриб қўл урган кимсадан ҳам хатарлироқдир). Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ҳадисда – сўзимиз бошида ёдга олганимиздек – иъйна савдосини мисол тариқасида зикр қилдилар. (Ҳолбуки бошқа кўплаб ҳадисларда умматнинг хорликка ботиш сабаблари ўлароқ бундан бошқа маъсиятлар ҳам санаб ўтилган). Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмон киши маълум бир таъвил асосида ҳар қандай ҳаром бўлган бир ишга ҳалол санаган ҳолда қўл урар экан, ушбу иш натижаси ўлароқ Аллоҳ азза ва жалла уни ва унинг сабабидан ана шу (ҳалол саналган) ҳаром иш мусулмонлар ичида кенг тарқалгани маҳал уларни ҳам хор қилишига ишора қиляптилар.

Сўнгра (Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шариатга хилоф эканини билишда одамларнинг бари муштарак бўлган нарсаларнинг иккинчи турини ёдга олиб, шундай дедилар: «Иъйна савдосига келишсангиз, сигирнинг думини тутиб, экин-тикинга рози бўлсангиз», яъни, Аллоҳ азза ва жалла ризқ топишга буюрган деган ном остида дунёнинг ўткинчи ноз-неъматлари кетидан қувсангиз. Мусулмонлар дунё топаман деб Аллоҳ таоло уларга фарз қилган вожиботларни унутишди. Экин-тикин, чорвачилик ва шунга ўхшаш тирикчилик турлари билан овора бўлишлари, уларга Аллоҳ таоло гарданларига юклаган вожиботларни унуттириб қўйди. Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам (мусулмонлар унутиб қўйган вожиботларнинг) бирига мисол тариқасида Аллоҳ йўлида жиҳод қилишни ёд этиб, шундай дедилар: «Иъйна савдосига келишсангиз, сигирнинг думини тутиб, экин-тикинга рози бўлсангиз ва Аллоҳ йўлидаги жиҳодни тарк этсангиз, Аллоҳ устингизга хорликни ҳукмрон қилиб қўяди. Уни сизлардан то динларингизга қайтмагунингизгача кўтармайди».

Ушбу ҳадис кўриб турганингиздек пайғамбарлик аломатики, дарҳақиқат ана шу хорлик мана (бугун) бизнинг бошимизга тушиб турибди. Минг афсуслар бўлсин. Демак, бизга вожиб бўладиган иш (Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дард ва шу дарднинг аччиқ самараси бўлган хорликни васф қилганларидан кейинги айни шу ҳадисни (ўзида зикр қилган) малҳамни олишимиздир. Биз касаликка чалинган эдик, дардга йўлиқдик. У ҳам бўлса (кўриб турганингиздек) бугунги хорликдир. Энди бизга Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам васф қилган малҳамни қўллашимиз лозим бўлади. Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам очиқ айтяптиларки, биз агар ушбу малҳамга қайтсак, Аллоҳ азза ва жалла биздан ушбу хорликни кўтаради.

Одамлар ушбу ҳадисни ўқиб, соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мана бу қовлларини кўп бора эшитишган: «То динингизга қайтмагунингизгача…». Динга қайтишни осон иш деб ўйлайдилар. Мен эса динга қайтишни ҳамжиҳатликда кўп пешонатер қилишга эҳтиёж сезади деб биламан. Чунки барчамизга маълумки, ушбу диннинг кўплаб ҳақиқатларини ўзгартиришга бир қанча уринишлар бўлган. Дарҳақиқат ўшаларнинг баъзилари ушбу (разил мақсадлари бўлмиш, динни) таҳриф қилиб, ўзгартиришга эришган. Ушбу (динда) ўзгарган нарсаларнинг баъзилари кўпчилик наздида маълум, баъзилари эса номаълумдир. Балки аксар одамлар наздида бунинг аксидир. Бу ўринда бир қанча эътиқодий ва фаръий-фиқҳий масалалар борки, уни диндан деб ўйлайдилар. Аслида буларнинг динга асло дахли йўқ. Юқорида ўтган мисол шулар жумласидандир. У ҳам бўлса Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ҳадисда мана бу қовллари билан ёдга олган аввалги иллатдир: «Иъйна савдосига келишсангиз…». Иъйна савдосига кўпчилик одамлар (ҳа, бу рибо эканда деб) рози бўлмайдилар ёки унинг ҳаром экани (уларга ҳалигача) маълум эмас. Балки баъзи исломий диёрлардаги кўпчилик уламолар иъйна савдосини, (яъники) рибони ҳалол санашга найранг ишлатиб эришиладиган олди-сотдини (жоиз дея) фатво бериб келишяпти. Ушбу, кўплаб мисолларнинг бири эди холос, Ислом фиқҳи билан шуғулланувчилар уни яхши биладилар.

Савдонинг ушбу тури – ҳолбуки Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ҳаром деб, мусулмонларнинг бошига хорлик тушишининг сабаби дея кўрсатма бердилар – биз ишора ўлароқ ёдга олганимиздек ўнлаб мисолларнинг бири эди. У ҳам бўлса, бизга динни Китобу Суннат зиёсида яна бир бор уқиб олишимиз вожиб бўлади. Бу ўринда суннат ҳаром эканини очиқ айтган баъзи ишларни мубоҳ-ҳалол қилиб берадиган уламолар бор деганимизда, биз бу гапимиз билан уларга таъна етказиш ёки илмларини оёқости қилишни асло истамаймиз. Балки мусулмонларга насиҳат қилиш ва барчамиз – хоссатан Ислом фиқҳи билан шуғулланаётганлар – бирор сабабга кўра баъзи одамларда юз берган оғишишни (тўғри) тушунишда ўзаро ҳамкорлик қилсак демоқчи эдик. Бу эса Қуръондаги ояти каримани ўртада ҳакам қилиш билангина амалга ошади. Ушбу оят барчамизга маълум бўлса-да, бироқ уни (ҳаётда) татбиқ қилишга ҳаракат қилаётганлар озчиликдир. Ушбу оят Аллоҳ табарока ва таолонинг мана бу қовлидир:

«Борди-ю бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз – агар ҳақиқатан, Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз – у нарсани Аллоҳга ва пайғамбарига қайтарингиз! Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир» (Нисо: 59).

Фиқҳдан хабардорларга шу нарса маълумки, иъйна савдоси – ва кўплаб савдо турлари – борасида аввал ўтган уламолар билан бир қаторда кейингилар ҳам ихтилофга боришган. Ҳоп, энди бугунги уламолар ушбу ихтилофли масалалар рўбарўсида қандай йўл тутишади? Мен билишим бўйича жуда кўпчиликлари (уламолар ўртасидаги) ушбу ихтилофни тан оладилар ва (масалани) қандай бўлса шундайлигича қолдирадилар.

Шу ўринда мен айтаманки: ҳоп, унда мусулмонлар динларига қандай қайтсинлар?! Ҳолбуки у Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган малҳамки, агар ушбу давони олишса улардан хорлик кўтарилади. Акс ҳолда эса йўқ: «Иъйна савдосига келишсангиз, сигирнинг думини тутиб, экин-тикинга рози бўлсангиз ва Аллоҳ йўлидаги жиҳодни тарк этсангиз, Аллоҳ устингизга хорликни ҳукмрон қилиб қўяди. Уни сизлардан то динларингизга қайтмагунингизгача кўтармайди».

Демак, ягона малҳам, у – динга қайтишдир. Бироқ ушбу дин – барчага маълум бўлганидек, хоссатан изланишда бўлганларга – ихтилофга тўлиб кетди. Бу ихтилофлар – ёзувчи ва уламоларнинг кўпчилиги ўйлаганидек – фақат оз сондаги фаръий-фиқҳий масалаларга чекланган эмас. Балки ушбу ихтилоф эътиқодий масалаларга ҳам кириб борган. Бу ўринда ашъарийлар билан мотурудийларни ўзларининг ўрталарида кўплаб ихтилофлар бор. Ва яна улар (ашъарий ва мотурудийлар) билан мўтазилалар ўртасида қанчадан-қанча ихтилофлар бор, – ҳали бошқа фирқаларни қўйиб турайлик –. Биз уларнинг барини мусулмонлар деб ҳисоблаймиз. Ушбу ҳадис барчаларига тааллуқлидир: «Аллоҳ устингизга хорликни ҳукмрон қилиб қўяди. Уни сизлардан то динларингизга қайтмагунингизгача кўтармайди». Ҳоп, ушбу қайтишимиз лозим бўлган дин қайси экан ўзи?! Фалончи-ю пистончиларнинг мазҳабигами?! Келинг майли ушбу ихтилофларни аҳли сунна мазҳаблари деб айтадиганимиз ўша тўртта мазҳабга чеклаб кўрайликчи.

Устимиздаги хорликка малҳам бўладиган ушбу дин қайсикин?! Агар (муайян) бир мазҳабга қайтадиган бўлсак, унда бир қанча масалаларни – ўнлаб, балки йигирмалаб масалаларни – суннатга очиқчасига зид келишини кузатамиз, агар баъзи масалалар Қуръонга зид келмаса.

Шу сабабли ҳам мен – Ислом даъватчилари ва ҳақиқий Ислом давлати оёққа туришига ошиқманд бўлганлар адо этишлари вожиб бўладиган ислоҳот – у, авваламбор ўзлари Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган динни тушуниб, кейин эса умматга тушунтиришларини тўғри деб биламан. Динни Аллоҳ азза ва жалла нозил қилган ҳақиқий суратда тушунишга бўлган ягона йўл, у – Китоб ва Суннатни ўрганиш эканлигида фуқаҳолар ўртасида ихтилоф бор эканлигини билмайман. Мана имомлар роҳимаҳумуллоҳларнинг ўзлари ҳам – бу уларнинг Аллоҳ азза ва жалла ато этган фазлу-марҳаматларидандир – илм асосида (тарбия кўрган) аввалги издошларини ўзларига эргашиш, (кўр-кўрона) тақлид қилиш ва у (имом)ларни қайтиладиган асос қилиб, натижада шариатнинг асли бўлмиш Китобу Суннатни унутишларидан қаттиқ огоҳлантирганлар.

Ҳозир имомларнинг барчаларидан саҳиҳ йўлларга кўра (ривоят қилинган), бир сўз атрофида айланадиган асарларини бирма-бир нақл қилишимизга ҳожат йўқ бўлса керак:

«Агар ҳадис саҳиҳ бўлса, бас, у менинг мазҳабимдир».

Ҳозир улардан (ривоят қилинган) ушбу сўзнинг ўзи бизга етарлидир. Ушбу қовл ўша имомларнинг ҳар бирлари ўзининг раъйи ва ижтиҳоди (саҳиҳ) ҳадисга хилоф келганда, (ҳадисга) қайтишга бўлган амрлари ўзига, халқига-умматига ва издошларига нисбатан (нақадар) самимий ёндашишганига далолат қилади.

Демак ушбу (қовл) – ҳатто имомларга тақлид қилиш номи билан атаганимизда ҳам – Китобу Суннатга қайтишликка йўллаяпти.

Баъзи мисолларни эслаб ўтсак – зеро ушбу мисоллар ҳануз китобларда битилган ва шаръий мадрасаларда ўқув қўлланма сифатида фойдаланилади –: исломий мазҳабларнинг бирида: намозхон намоз бошлайдиган бўлса қўлини боғламай (пасга) тушириб туради. Нима учун? Чунки мазҳабда шундай! Барча ҳадис уламолари Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозда турганларида ўнг қўллари билан чап қўлларини ушламаганлари тўғрисида бирон ҳадис, агарчи заиф бўлса ҳам – боринг ана тўқима бўлса ҳам – (кўрсатма бормикин деб) ҳаракат қилиб (барибир топишолмади). Чунки бундай ҳадис мавжуд эмас. Энди шу Исломми? Мен биламан, эҳтимол баъзиларингиз: ахир бу фаръий-фиқҳий масалалардан-ку, дерсизлар. Гоҳида баъзилар ушбу лафзни ифода этишда бепарволарча: бу майда-чуйда ишлар-ку, деб айтар. Мен шундай деб эътиқод қиламанки, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ворид бўлган дин ва ибодатга алоқадор ҳар бир хабар, у майда-чуйда нарсалардан эмас.

Биз шундай деб эътиқод қиламизки, Росул соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ворид бўлган ҳар бир суннатни авваламбор дин деб қабул қилишимиз вожиб бўлади, албатта шаръий далиллар торозусида. Агар фарз бўлса фарз деб, суннат бўлса суннат деб (қабул қиламиз). Аммо ушбу мустаҳаб бўлган ишни майда-чуйда ёки арзимас нарса, деб номлашга келсак, бу мутлақо исломий одоб-ахлоққа зиддир. Ҳолбуки мағзини ҳимоя қилишнинг имконияти фақатгина пўстлоғини асраб-авайлаш билангина бўлади. Улар билан мужодала қилишни истасам шундай деб айтардим. Бу оддийгина бир мисол эди – намозда қўлни боғламаслик – нима учун мусулмонлар ушбу амалда (ҳануз) бардавомлар?! Ахир суннат китобларидаги ҳадислар Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларини боғлаганликларига кўрсатма бераётган бўлса. Демак бу кўр-кўрона тақлид ва имомларнинг ушбу сўзларига хилоф ўлароқ қотиб-қайсарларча туриб олишдир: «Агар ҳадис саҳиҳ бўлса, бас, у менинг мазҳабимдир».

Гоҳида ушбу оддийгина мисол баъзи кимсаларга эриш туюлади. Шу сабабли бошқа бир мисолни ёдга олсак. Баъзи (муайян бир) мазҳабга (асосланган) фиқҳ китобларида ҳанузгача маст қилувчи ичимлик икки турли экани эслаб ўтилади: 1) Узумдан тайёрлангани. Бунинг ози ҳам, кўпи ҳам ҳаромдир. 2) Бошқаси эса узумдан ўзга нарсалардан: арпа, жўхори, хурмо ёки бугунги кунда кофирлар маст қилувчи ичимлик тайёрлашда мутахассис даражасига эришишган нарсалардан тайёрланадиган қисми. Маст қилувчи ичимликнинг ушбу (иккинчи) турининг ҳаммаси ҳам ҳаром эмас. Балки унинг маст қилар даражадагисигина ҳаром эмиш! Нима учун ушбу сатрларга ҳануз дуч келамиз?!

Баъзи кимсалар ушбу сўзни фақатгина мусулмонларнинг имомларидан бўлган бир имом ижтиҳод қилиб айтгани сабабидангина турли услублар билан ҳимоя қилишга ҳаракат қилади! Ҳолбуки барчамиз  – мазҳаб ва таълим-тарбиямиз турлича бўлишига қарамай – кутубус ситтадаги (6 ҳадис тўпламлари) саҳиҳ санадлар ила (ривоят қилинган) соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу қовлларига кўз югуртирамиз: «Маст қилувчи нарсанинг кўпи ҳам, ози ҳам ҳаромдир» («ал-Ирва» (2375)). Ва (мана бу ҳадис): «Ҳар бир ақлни оладиган маст қилувчидир. Ва ҳар бир маст қилувчи (ичимлик) ҳаромдир» («ал-Ирва» (2373)). Нима учун ушбу хатарли сўз ҳануз – фисқ жарлиги ёқасига (келиб қолган) ёки аллақачон унга тушуб кетган – одамларни руҳлантириб, фалончи имом – ҳолбуки у имом фазилатли олимдир – ушбу сўзни айтган деган ҳужжат билан уларга ушбу узумдан бўлмаган маст қилувчи ичимликнинг оз миқдорини ичишни зийнатли қилиб кўрсатмоқда?! Ҳужжат(га эргашиш) қаерда қолди?!

Биз ҳам (ушбу фатвони берган имомни) фазилатли олим деб биламиз. Бироқ фарқ(имиз шундаки), биз ушбу фазилатли олимни хатодан маъсум эмаслигини унутмаймиз. Улар эса ушбу ҳақиқатдан кўз юмишади. Ва ҳануз ушбу сўзни ҳимоя қилишмоқда. Баъзилар эса мусулмонлар ўртасида маст қилувчи ичимликни тарқалишида ушбу сўздан «унумли» фойдаланишяпти. Баъзилар эса ушбу сўз (бир чеккада қолиб, ана шу сўзни айтган) имомни ҳимоя қилишмоқда.

Шояд кўпларингиз «Арабия ойномаси»ни бундан бир неча йил олдин ўшаларнинг баъзиларини ушбу сўзни дастаклаб чиққан мақоласини нашр қилганини билсаларингиз керак. Яъни, узумдан бошқа (маҳсулотлардан) тайёрланган ичимликлар (ҳақидаги мақола). Маълум бўлишича бугунги кундаги ичимликларнинг аксари узумдан бошқа (маҳсулотлардан) тайёрланар экан. «Арабия ойномаси» мақолани нашр қилиш билан мусулмонларга ушбу замонавий маст қилувчи ичимликлардан хоҳлаганларича ичишларини мубоҳ-ҳалол қилиб берди. Ҳужжати эса: маст қилар даражада ичма, эмиш.

Бу хаёлий бир ишдир. Чунки ҳақиқатни олиб қарайдиган бўлсак – барчамизга маълум бўлганидек – биринчи томчи иккинчисини чорлайди. Учинчиси эса тўртинчисини ва ҳаказо…

Маст қилмайдиган даражадаги оз миқдор – ушбу ишни чеклаб, бир ўлчовга солиш мумкин бўлмаган нарсадир –, аста секинлик билан маст қилар даражадаги кўп миқдорга ҳам ўтиб кетасан киши.

Шу сабабли ҳам айтаманки: Росул соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзга ўхшашларини ботил эканига қатъий далолат қилган, аниқ-собит ҳадисларга зид келса-да, ушбу сўз нима учун фиқҳ китобларида сақланиб қолмоқда?! Ушбу сўзни тарқатиб, маст қилар даражада ичма, озгина ич, кўп эмас, деган қайдлов билан мусулмонларга ҳаром ичимликларни ҳалол қилиб берадиган ва бунинг ортидан данғиллама ҳовли-жойлар қураётган ғаразгўй қаламкашларга нима учун ўрин ажратяпмиз?!

Эҳтимол ушбу мақолани ёзган кимса маълум бир ғараз билан, эҳтимол яхши ният билан ёзиб, баъзи кишилар каби йўл тутмоқчи бўлиб, айтарки: Эй халойиқ, ахир (бу даражада) муташаддид-радикал бўлманглар-да. Модомики бу ўринда мусулмонларнинг имомларидан бирларининг ушбу ичимлик мубоҳ-ҳалол экани ҳақидаги сўзи бор экан, унда нима учун биз уни ҳаром деб айтамиз?! Эҳтимол ушбу қаламкаш ана шу васфларга эгадир. Бироқ шом диёрининг забардаст уламоларидан бири ушбу мақолага раддия тарзида бир рисола битиб, ушбу раддиясида ҳайрон-у лол қоладиган сатрларни битган бўлса додингизни кимга айтасиз?! Гоҳида ушбу қаламкаш дастаклаб чиққан сўзни қўллаб қувватлайди. Гоҳида эса биз ёдга олган, қаламкаш ва у таянган кишининг (имомнинг) сўзини рад этадиган ҳадисларни келтиради.

Нима учун ушбу забардаст олимни масалага ечим топа олмаётганини кўряпмиз?! Чунки у мусулмонларнинг олимларидан бири томонидан содир бўлган ушбу сўзни, ҳавосига эргашиб ёки жоҳиллик билан гапирмаган деган назар билан ушбу олимни муқаддас деб билади. Мен (Албоний) ҳам унга қарата айтаман: Ҳа, у имом (ушбу сўзни) ҳавосига таяниб ёки жоҳиллик билан айтмаган. Бироқ ўша имом ҳаво ва жоҳилликдан узоқ бўлган ўз ижтиҳодида маъсумми?! Барчамиз йўқ деб, Росул соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларини ёдга оламиз: «Ҳоким ҳукм чиқара туриб, ижтиҳод қилса сўнг тўғри топса, бас, унга икки ажрдир. Ҳукм чиқара туриб, ижтиҳод қилса сўнг хатога йўл қўйса, бас, унга бир ажрдир» (Бухорий (7352), Муслим (1716)). Нима учун мужтаҳид гоҳида бир ажрга эга бўлишини унутиб, ҳа у хатога йўл қўйди, дея олмаймиз?! Чунки баъзи кимсаларга фалончи имом хатога йўл қўйган экан, деган сўз оғир ботади. Биз: қаердан келди бундай қаттиққўллик-инжиқлик, деймиз. Ёки нима учун мусулмонларнинг имомларидан бири ушбу масала ёки ижтиҳод ёки ўзининг райида хатога йўл қўйиб, икки ажр ўрнига бир ажрга эришди, деб айтишга қўрқамиз?! Нима учун ишнинг аввалида ушбу қоидани дастуруламал қилиб, кейин эса баъзи фаръий масалаларга (киришганимизда) татбиқ қилмаймиз?! Ана шу фаръий масалалардан бири айни биз гаплашаётган мавзудир.

Ушбу олимни анави қаламкашга раддия сифатида битган рисоласини ўқир экансиз, ушбу ёзувчи-қаламкаш мусулмонларнинг имомларидан бирини сўзига таяниб, хатога йўл қўйди деган хулосага келмайсиз. Чунки ушбу раъйни шаръий далиллар асосида синчковлик билан текшириб чиқилгач, айнан ўша имомнинг издошлари ушбу масалада имом бир ажрга эришди дея ушбу масаладан (имомнинг райидан) воз кечишиб, саҳиҳ ҳадисларни маҳкам тутишди. Энди биз нима учун ушбу рисолада, имом хатога йўл қўйиб бир ажрга эришди ва ушбу қаламкашга имомнинг раъйи деб суннатга қарши чиқиши жоиз эмас, деган сатрларни кўрмаяпмиз?!

Жавоб: чунки бутун вужудимизни, Аллоҳ гарданимизга юклаган вожиботлар қолиб, имомларни муқаддас билиб, уларни эҳтиром қилиш эгаллаб олган.

Барчамиз Росул соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бизга қарата айтган ушбу қовлларига иймон келтирганмиз: «Кимда-ким катталаримизни ҳурмат, кичикларимизга раҳм қилмаса ва олимларимизнинг ҳаққини билмаса, биздан эмасдир» («Соҳиҳ ал-Жамиъ» (5443)). Ушбу (ҳадис) Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам томондан олимнинг ҳаққини билишга бўлган тарғибдир. Бироқ (тилимиз билан айтмасак-да) қилаётган ишлармиз билан, олимни ҳаққи деб, унга маъсум-хатога йўл қўймаслик ҳуқуқини бериб, пайғамбар ва элчилар даражасига кўтариб қўямизми?! Чунки тил билан айтишга қараганда кишининг қилаётган амали, уни (мақсади нима эканига) далолат қилувчироқдир.

Олимни ҳурмат қилиб, унинг ҳақиқий қадрига етишимиз, далил турганда унга тақлид қилиб, унинг сўзи деб Росул соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларини ташлашимиз, натижада унинг қовлини Росул соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қовлларидан афзал билишимиз эмас! Бу, Китобу Суннатни билганлар томонидан эътироз ва инкор қилинмай ҳануз (мусулмонлар ўртасида) айланиб юрган (мункар ишларга) бўлган мисоллардан бири эди.

Мен ушбу (мисолни) бир рисолам зимнида эслаб ўтганман (ва ушбу рисола алҳамдулиллаҳ) нашрдан чиққан. Аслида ўқувчи ушбу (забардаст олим қаламкашга раддия берган) рисолани қўлга олар экан, якуний бир хулосага келиши керак эдики: гап Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек битта бўлиш лозим: «Маст қилувчи нарсанинг кўпи ҳам, ози ҳам ҳаромдир» («ал-Ирва» (2375)). Ва «Арабия ойномаси»даги қаламкаш ва унинг таянган имоми ҳам хатога йўл қўйди. Биз хатога йўл қўйган бирон кишидан ҳайиқмаслигимиз лозим. Чунки хато хатолигича, куфр эса куфрлигича қолади. Катта ёки кичикдан, эркак ёки аёлдан содир бўлганини нима фарқи бор. Ахир у барибир хатоку. (Биз) хатога йўл қўйган киши ким бўлишидан қатъий назар, бу хатодир дейишдан истиҳола қилмаймиз.

Никоҳга оид «Фуқаровий ҳолатлар» дея номланган қонунларда, ҳануз бугунги кунимизгача амалда бўлган яна бир мисолга тўхталсак.

Бугунги кунда маълумки, конституцияга (амал қилишга) базўр мажбурланяпмиз, минг афсус. Ҳолбуки унда (конституцияда уламолар ўртасида) иттифоқ қилинган шаръий масалаларга зид жойлари бор. Бироқ ушбу ҳукм ҳануз исломий раъй-қараш дея сақланиб қолмоқда. Муслима, бўйи етган, эсли-ҳушли қиз валий-ҳомийсининг изнисиз ўзини ўзи узатишга-турмушга беришга ҳаққи бор дея ҳукм қилиниб келинмоқда. Ҳолбуки Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз қовллари билан очиқ айтганларки: «Қайси бир аёл валий-ҳомийсининг изнисиз никоҳ-турмуш қурса, никоҳи ботилдир. Никоҳи ботилдир. Никоҳи ботилдир» («ал-Ирва» (1840)). Ушбу ҳадис бир чеккада қолиб, анави сўзга биноан ҳукм қилиниб, амал қилинади.

Гоҳида баъзи кимсалар: ушбу ҳадисни ҳамма қолиб, сен тушуниб қолдингми, дейишади.

Мен (Албоний) айтаманки: имомлар ичида араб тили ва унинг нозик қирраларини тушунувчанроқ бўлган киши ушбу ҳадисга кўра амал қилган. У ҳам бўлса имом Шофеъийдир. Бу, келиб чиқиши Албаниялик бўлган бир кишини раъйи эмас. Бироқ Албоний ҳадисни ўқиб, ушбу (ҳадисни) имом қандай тушунганлигини топди. У имом (Шофеъий) Қуроший, Матлабийдир.

Сўнг нима учун ҳадисга асосланган ушбу саҳиҳ раъй бошқа бир имомни раъйи деб амалдан қолди?! Тўғри, имомнинг ижтиҳоди бош устига. Бироқ ижтиҳод, хатодан холий бўлган Китобу Суннат ҳужжатларига қарши чиқмагандагина ўз қадр-қимматига эгадир.

Барчамиз «Усул ал-фиқҳ» китобларида уламоларнинг мана бу қовлларига кўз югуртирамиз: «Далил келгач назар-раъй ботил бўлади», «Ҳужжат турганда ижтиҳодга ўрин йўқ». Ушбу қоидаларнинг бари илмий-назарий жиҳатдан маълум ва машҳурдир. Энди нима учун ушбу қоидаларни амалий жиҳатдан татбиқ қилишга аҳамият қаратмай, суннатга хилоф бўлган баъзи фаръий-фиқҳий масалаларни ушлаб юраверамиз?!

Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам касалликни сифатлагач ушбу қовллари билан: «То динингизга қайтмагунингизгача», деб, унинг давоси-малҳамини ҳам айтгандилар. Агар биз ушбу малҳамни қабул қиладиган бўлсак, унда динга қайтиш фақат тил билан бўладими ёки эътиқод ва амал биланми?!

Кўплаб мусулмонлар Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир, деб гувоҳлик берадилар-у, бироқ ушбу шаҳодат талаб қилган маъноларни лозим тутмайдилар. Бу энди катта бир баҳсдир. Бугунги кунда кўплаб мусулмонлар – ҳатто мулла-қорака дейиладиганлар ҳам – «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни ўзининг ҳақиқий маъносига кўра талқин қилмайдилар. Дарҳақиқат кўплаб мусулмон ёшлар ва ёзувчилар ушбу шаҳодатнинг ҳақ (маъноларидан бири) ҳукм Аллоҳникидир, деган (маънога) аҳамият қаратмоқдалар. Тўғри, мен ҳам очиқ айтишни истардимки: дарҳақиқат бугунги кунда мусулмон ёшлар ва ёзувчилар аҳамият бераётган ушбу ҳақиқат, яъни, ҳукм ёлғиз Аллоҳ азза ва жалланикидир. Ҳамда одамлар томонидан тузилган конституциялар ва бугунги кун муаммоларини ҳал қилишда ушбу конституцияларга муражаат қилиш, ҳукм Аллоҳ азза ва жаллага хосдир деган маънога зид келади. Бироқ мен ўша ёзувчиларни ўзлари аҳамият қаратаётган ушбу «Ҳукм Аллоҳ азза ва жаллага хосдир», деган маънога ҳамоҳанг (қадам босмаётганларини) кўраман. Аллоҳнинг ҳукми – Китобу Суннат ҳукмидир.

Сизнингча бирон кофир томонидан (Китобу Суннатга) хилоф ҳукм содир бўлса, у Аллоҳнинг ҳукмига зид-у, бироқ хатога йўл қўйган мужтаҳид томонидан (Китобу Суннатга) хилоф ҳукм содир бўлса, у Аллоҳнинг ҳукмига зид эмасми?!

Мен бу иккиси ўртасида фарқ йўқ деб биламан. Зеро мусулмон кишига, модомики Китобу Суннатга хилоф келар экан, кимнинг сўзи бўлишидан қатъий назар ушбу сўзни олмаслиги вожиб бўлади. Бироқ бу ўринда, юқоридаги саҳиҳ ҳадисда ишора ўтганидек, жаҳаннамда абадий қоладиган анави кофирнинг айтган куфр сўзи билан йўл қўйган хатосига ажр оладиган мусулмон (мужтаҳид) ўртасида фарқ борлигини (назардан қочирмаслик лозим).

Демак ушбу динни тушуниш йўлини босиб ўтишдаги уринишдан кейин динга қайтиш вожиб бўлади. Бу эса бугунги кунда «Фиқҳ ал-Муқорон» (Мазҳаб раъйларининг далиллари ўзаро муқояса-солиштириб кўрилган фиқҳ) деб аталадиган фиқҳни амалда татбиқ қилиш билан бўлади. Ана шу фиқҳ ўқув қўлланма сифатида фойдаланилмоғи ва уни шаръий дипломга эга бўлган фиқҳ мутахассислиги бўйича ўқиётганлар дарс қилиб ўтишлари лозим бўлади.

Биз Ислом давлати қуришга даъват қиламиз. Ушбу давлатнинг очиқ-ойдин дастури ва аниқ-равшан қонуни бўлмоғи лозим. Ҳоп, ушбу дастур қайси мазҳаб асосида тузилади?! Ушбу қонун дастури қайси мазҳаб асосида талқин қилинади?!

Бугунги кунда баъзи исломий муфаккирлар келажакдаги исломий давлатнинг амалда бўлиши лозим бўлган қонунининг баъзи ҳукмларини белгилаб беряптилар. Ва ушбу қонунни, биз ишора қилиб ўтган фиқҳ ал-муқорон услубида кўриб чиқилмагани ёки бизнинг истилоҳимиз билан айтганда Китобу Суннатга биноан тузилмаганини кузатамиз. Бунинг боиси, ушбу шахс муайян бир мазҳабни ўқиган. Ва ушбу мазҳабнинг тасниф этилган кўплаб фаръий масалалардаги раъйини нақл қилади. Ва ушбу мазҳаб раъйларини бир китобга битиб, исломий давлат оёққа турганда – шояд яқин кунларда амалга ошар – ушбу китоб давлат конституцияси бўлади, дейди. Ҳақиқатни олиб қарайдиган бўлсак ушбу шахс бирон янгилик олиб келгани йўқ. Ҳудди «Маст қилувчи ичимликлар» рисоласи муаллифи ҳам бирон янгилик олиб келмагани каби.

Бўлажак исломий давлатнинг қонунида яна айтиш мумкин бўлгани шуки, у ўз ичига суннат билан асосланган бошқа бир имомнинг раъйига зид қовлни олган. Бу билан: «Мусулмон, зиммийни ўлдиргани сабабли қатл қилинади» моддасига ишора қиляпмиз. Бу Ислом фиқҳидаги маълум-машҳур раъйдир. Бироқ бунинг муқобилида бошқа бир раъй ҳам борки: Мусулмон зиммийни қатл қилса, у сабабли ўлдирилмайди, Росул соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Соҳиҳ ал-Бухорий»даги ушбу қовлларига биноан: «Мусулмон кофир сабабли қатл қилинмайди» («ал-Ирва» (2209)). Росул соллаллоҳу алайҳи ва алиҳи ва салламнинг ҳадисларига айни зид йўл тутиб, мусулмон кофир сабабли қатл қилинади, деган моддани Ислом низоми ва қонунига киргазишга фазилатли олим ва замондош ёзувчини нима ундади экан-а?!

Сабаби, у кўз очиб кўргани ушбу (муайян мазҳабга асосланган) фиқҳ бўлиб, у (ушбу мазҳаб фиқҳи қонунчиликда барчага бирдек) лозим деб билганидан бўлса керак деб ўйлайман. Энди шу динга қайтишми?!

Дин: «Мусулмон кофир сабабли қатл қилинмайди», деяпти. Мазҳаб эса: «Қатл қилинади», деяпти. Ушбу муфаккир ҳам айни шу мавзуда мазҳаб раъйини илгари суряпти: Мусулмон зиммийни хатога йўл қўйиб ўлдириб қўйса (тўланадиган) дияси нима бўлади? (Тўланадиган) дияси мусулмоннинг дияси каби бўлади! Чунки муайян бир мазҳабга таянадиган қонун шундай деяпти. Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса: «Кофирнинг тўланадиган дияси мўминнинг тўланадиган (товонини) ярмидир» («Соҳиҳ ал-Жамиъ» (3391)), деяптилар.

Энди, ушбу ҳадисни қонун қилиб оламизми ёки ҳадисга хилоф келган анави қовлними?! Бунга ўхшаш яна кўплаб мисолларни келтиришимиз мумкин.

Динга қайтиш дегани, у Китобу Суннатга қайтишдир. Чунки ана шу барча имомлар иттифоқи билан дин бўлиб, залолатга оғиб кетишимиздан сақловдир. Шу сабабли ҳам Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларки: «Ораларингизда икки нарсани қўйиб кетяпман. Улардан кейин ҳаргиз адашмайсизлар: Аллоҳнинг Китоби ва Суннатим. Ушбу иккиси (Қуръон ва Суннат) ҳавзда мени олдимга келтирилгунча ҳаргиз ажралмайди» («Соҳиҳ ал-Жамиъ» (2937)). Бугунги кунда илм аҳлига, мусулмонлар Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни ҳалол-мубоҳ деган ўйда ҳалол қилиб олмасликлари учун ҳам ушбу Китоб ва Суннат бўлмиш икки асосга биноан динни тушунишга қайтишлари вожиб дея баъзи мисолларни келтириб ўтдик.

Энди, динга қайтишлик борасидаги охирги сўзимни айтсам:

Агар Аллоҳ табарока ва таолодан иззатни, биздан ушбу хорлик кўтарилиб, душман устидан ғалабага эришишни истасак, ишора қилиб ўтганимиздек (одамларнинг носоғлом) тушунчаларини ўнглаш ва шаръий далилларни ўзгартириб юборган турли раъйларни даф қилишни ўзи кифоя қилмайди.

Бу ўринда носоғлом тушунчаларни ўнглаш учун жуда муҳим яна бир бошқа нарса борки –суҳбатимиз моҳияти ҳам шудир – у – амалдир. Чунки илм амалга олиб борадиган воситадир. Инсон мусаффо илмни сипқиргач, унга амал қилмаса, ахир ушбу (соф) илм ўзининг самарасини кўрсатмаслиги жуда ҳайратланарлидир. Демак ушбу илм амалга чамбарчас боғлиқ бўлмоқлиги лозимдир.

Илм аҳлига Китоб ва саҳиҳ Суннат зиёси остида янги мусулмон авлодни тарбияси билан шуғулланишлари вожиб бўлади. Одамларни олдингилардан мерос бўлиб келаётган бузуқ тушунчалари ва хатолари билан тарк этиб қўйишимиз асло ярамайди. Чунки у (тушунчаларнинг) баъзиси имомларнинг иттифоқи билан қатъан ботил, баъзилари эса ихтилофлики, ижтиҳод ва раъй номи билан бўй кўтариб туради, ҳолбуки баъзи ижтиҳод ва раъйлар суннатга хилоф экани кўриниб турибди.

Ушбу ишларнинг ҳақиқатини кўрсатиб, юришимиз вожиб бўлган манҳажни изоҳлаб (баён қилгач), ана шу соғлом илм асосида янги авлодни тарбия қилиш лозимдир.

Ушбу тарбиянинг меваси ўлароқ соф исломий жамият (етишиб) чиқади. Ва табиийки (ушбу соғлом жамият) исломий давлатни барпо қилади.

Ушбу икки иш бўлмиш: «Соғлом илм» ва «Ушбу соғлом илмга асосланган соғлом тарбия» ишларига киришмай туриб, – мени ўйлашимча – Ислом ҳукми ёки исломий давлат оёққа туриши маҳол-мумкин эмасдир.

Ушбу соғлом илм асосидаги соғлом тарбияни нақадар зарур эканига бир мисол келтирсам: бизнинг Шом диёрида бир исломий жамоат бўлиб, Исломга амал қилиб, уни жонлантириш, ўзи шу (Ислом) асосида тарбия топиб, янги авлодни ҳам шунинг асосида тарбия қилишни истайди. Бироқ уларнинг пешволари биз юқорида баён қилиб, ишора қилганимиз саҳиҳ, соғлом манҳаж асосида Исломни атрофлича ўрганишга ҳожатманд эканларини тўла ҳис қилиб турибмиз.

Ўсиб келаётган ёш мусулмон йигитларни жума кечасини ибодат билан ўтказиш учун бир-бирларини чорлаётганларига кўзимиз тушади. Ушбу ўзаро чақириқ Аллоҳ азза ва жаллага итоат ва ибодат қилиш учундир. Бу жуда гўзал иш. Бироқ улар суннатни ўрганиб, уни англамадилар-да. Болалик чоғларидан уларни суннат асосида тарбия қиладиган авлодни топмадилар. Натижада суннатга хилоф иш тутишади. Бу билан Росул соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу қовлларига ишора қиляпман: «Бошқа тунлар орасидан жума тунини ибодат учун хослаб олманглар. Бошқа кунлар қолиб жума кунини рўза тутиш учун хослаб олманглар» (Муслим(1144)). Ахир Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жума тунини ибодат учун хослаб олишдан қайтарган бўлсалар, биз бунга қандай қўл уришимиз мумкин?!

Жавоб: Чунки биз илмсизмиз.

Ана шу дамда илм аҳли томонидан йўл-йўриқ кўрсатилиши лозимдир. Чунки Росул соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юқоридаги сўзларига биноан (бошқа тунлар қолиб) бу тунни ибодат билан ўтказиш жоиз эмас.

Ўша норасида йигитларнинг бошқа бирларини эса мусиқа тинглаш ва чолғу асбобларини ҳалол санаётганини учратасиз. Чунки (радио) мусиқий эшиттиришларга тўлиб кетганига воқиф бўляптилар. Ушбу янги ўсиб-улғаяётган, ёш мусулмон авлодга Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам чолғу асбоблари(ни чалиб), уларга қулоқ тутишдан қайтарганлар ва ушбу чолғу асбобларига қулоқ тутиб, ўйин-кулгу билан кеч киргазганларни маймун ва тўнғизларга айлантириб қўйилиши («ас-Соҳиҳа» (91)) билан таҳдид қилганлар, деган бир умумий кўрсатма бўлмаяпти-да.

Ушбу ёш авлод нима жоизу, нима жоиз эмаслигини билмай тарбия топди. Бунинг сабаби, ушбу авлод кўплаб қийлу қолларга дуч келди. Мисол учун имом Ибн Ҳазм (роҳимаҳуллоҳ)нинг мусиқани мубоҳ-ҳалол экани ҳақидаги рисоласига дуч келди. Ва ушбу рисола тезкор суратларда нашрдан чиқиб, одамларнинг ҳавои нафсларига мувофиқ тарзда жамият ичида оммалашди.

Эҳтимол баъзи муллалар ва (жамиятни) ислоҳ қилишни даъво қилганлар: «Модомики у киши (яъни Ибн Ҳазм роҳимаҳуллоҳ) имом эканлар ва у кишининг шунга ўхшаш раъйлари бўлар экан, демак биз мусиқа тинглаш масаласида у кишига эргашамиз ёки тақлид қиламиз. Хоссатан (ушбу масала) бугун кўплаб баҳсларга сабаб бўлиб турган бир вақтда», дерлар.

Ахир, суннат қаерда қолди?! Суннат унутила ёзилди-ку!

Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошимизга битган ушбу хорликни кўтарилиши ўлароқ малҳам қилиб динга қайтишни кўрсатган эканлар, демак бизга динни илм аҳли воситасида Китобу Суннатга мувофиқ тарзда соғлом фаҳм ила тушунишимиз ва ана шу асосда солиҳ бир авлодни тарбия қилишимиз вожиб бўлади. Ана шу ҳар бир мусулмон шикоят қилаётган муаммога ечимдир.

Менга асримиздаги ислоҳотлар билан шуғулланувчи баъзи кишиларнинг бир гапи жуда манзур келади. Ҳақиқатда ушбу калима мен юқорида айтиб ўтганларимнинг хулосасидир. Назаримда ушбу калима гўёки осмондан тушган ваҳийдек: «Ислом давлатини қалбларингизга ўрнатинглар. Шунда диёрингизда ҳам амалга ошгай».

Ўзимизни Ислом ва динимиз асосида ислоҳ қилишимиз лозим-у лобуддир. Ва бу иш – эслаб ўтганимиздек – илмсизлик билан бўлмайди. Балки илм билан амалга ошади. Тоинки ушбу еримизда Ислом давлати оёққа турсин.

Хотима ўрнида ушбу буюк ишни рўёбга чиқаришда ўз хиссасини қўшишга қодир бўлган барчани – турли исломий фан эгаларини – Китобу Суннатда келган Исломни ёритиб бериш ва ана шу асосда ёш авлодни тарбия қилишда ҳамкорлик қилишларига васият қиламан. Бу бир эслатма бўлиб, эслатма мўминларга манфаатлидир.

Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

 

Манба: Тавҳид форуми

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan