Тик туриб ичиш
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Барча ҳамдлар Аллоҳга хосдир. Биз Ундан ёрдам, нафсимизнинг ёмонлиги ва амалларимизнинг шумлигидан паноҳ ҳамда мағфират сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган одамни адаштирувчи, адаштирган одамни ҳидоятловчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад эса Унинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бераман.
Сўнг …
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам тик туриб ичганлари борасида саҳиҳ ҳадислар келган.
Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у кишига сув келтирилди ва тик турган ҳолда ичдилар, сўнг: «Баъзи одамлар тик туриб ичишни кариҳ кўрадилар. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни мен қилгандек қилганларини кўрганман», дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Назол ибн Сабурадан ривоят қилинади, Али розияллоҳу анҳуга раҳбада бўлганларида, бир кўзада сув келтирилди. У зот ундан бир ҳовуч сув олиб, икки қўлларини ювдилар, кейин оғиз ва бурунни чайқаб, юзларига, икки билакларига ва бошларига масҳ тортдилар. Сўнг тик турган ҳолда у сувдан ичиб: «Мана бу, таҳоратини бузмаган кишининг таҳоратидир. Мен Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни шундай қилганларини кўрганман» – дедилар (Имом Бухорий, Насоий, Аҳмад ривояти).
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу дедилар: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Зам-замдан сув олиб келдим ва у зот уни туриб ичдилар» (Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Ибн Можа ривояти).
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу дедилар: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида юриб ердик ва туриб ичардик» (Имом Термизий ривояти. Албоний «Саҳиҳ Термизий»да саҳиҳ деди).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу дедилар: «Кунларнинг бирида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умму Сулаймникига келдилар. Уникида меш осилиб турган эди. У зот тик турган ҳолларида унинг оғзидан ичдилар. Кейин Умму Сулайм ўша мешнинг бўғзидан кесиб ташлади» (Имом Аҳмад, Доримий ривояти. Албоний айтишича ҳадис ровийларидан бири номаълум, бироқ уни қувватловчи ҳадислар борлиги сабабидан бу ҳадис ҳам саҳиҳ).
Аммо саҳиҳ ҳадислар орасида тик туриб ичишдан қайтарилгани ҳақидаги ҳадислар ҳам келган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сизлардан бирон киши асло тик туриб ичмасин. Ким эсида йўқ (тик туриб ичган) бўлса, қусиб юборсин» (Имом Муслим ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Агарда туриб ичувчи қорнида нима бўлаётганини билганида эди, (ичган нарсасини) қусиб юборган бўлар эди» (Имом Аҳмад, Абдурраззоқ «Мусаннаф»да ва Ибн Ҳиббон «Саҳиҳ»да ривоят қилган). Ушбу ривоятнинг иснодида номи тилга олинмаган ровий мавжуд. Бироқ Таҳовийдан «Мушкил ал-асар»да ривоят қилинган шунга ўхшаш ҳадис уни қувватлайди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам туриб ичаётган одамни кўрдилар. У зот айтдилар: «Бас қил!» У сўради: «Нимага?» Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Агарда сен билан бирга мушук ичганида сенга ёқармиди?» Бояги кимса деди: «Йўқ». У зот жавоб бердилар: «Дарҳақиқат, сен билан мушукдан ёмонроғи ичди – (у ҳам бўлса) Шайтон» (Имом Аҳмад, Доримий, Таҳовий ва Баззор ривояти). Албоний икки ҳадисни ҳам саҳиҳ деди.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у зот дедилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам тик туриб ичишдан қайтардилар». (Тик туриб) ейиш ҳақида сўралганда Анас розияллоҳу анҳу: «Бу яна ҳам ёмонроқ», деб жавоб бердилар (Имом Муслим ривояти).
Баъзи уламолар, хусусан имом Таҳовий ва Ибн Ҳазм, туриб ичишни қатъий ҳаром деб ҳисоблаган. Шайх Албоний ҳам ушбу фикрни тўғри деб санаган. Албонийнинг фикрича қусишга бўлган амр ва шайтонни эслаб ўтилганлиги, туриб ичиш макруҳ деган қавлга тўғри келмайди. У киши дедилар: «Қусишга ўзини зўрлаш инсон учун катта қийинчилик туғдиради. Менга мустаҳабни бажармаганнинг эвазига бу каби ишга шариатнинг буюргани маълум эмас. «Сен билан шайтон ичди» сўзи ҳам бу каби амал кескин қайтариқни ўз ичига олганига далолат қилади. Бундан ташқари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам туриб ичгани ҳақидаги ҳадисларни узрли ҳолат бўлгани билан тушунтириш мумкин. Масалан, жойнинг зиқлиги ёки меш осилиб тургани».
Жумҳур уламолар эса аксинча, туриб ичишлик макруҳ ва қусиб ташлашга бўлган буйруқ мажбурий эмас деб ҳисоблашган. Уларнинг фикрича ҳадислардаги қайтариқ ҳаромга далолат қилмайди. Буни тавсиядек тушуниш керак ва ўтириб ичишлик афзалроқ дейишган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам туриб ичганлари ҳақидаги ҳадислар, бу амалнинг жоиз эканини кўрсатади. Яна бошқа ҳадислардан маълумки, Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон ва Алий ибн Абу Толиблар туриб ичишган. Мўминларнинг онаси Оиша розияллоҳу анҳо ҳам бунда бирор зарар бор деб билмаганлар.
Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ деди: «Алҳамдулиллаҳ, бу ҳадисларда зиддият йўқ ва уларнинг бирортаси ҳам заиф эмас. Уларнинг барчаси саҳиҳ. Тўғри қавл шуки, таъқиқ – хуш кўрилмаган нарсадек тушунилиши керак. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам туриб ичганлари, бунинг жоиз эканига далолат қилади. Бу ушбу масалада айтилиши керак бўлган нарсанинг барчасидир.
Агар савол берилсаки: «Қандай қилиб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилган иш макруҳ бўлиши мумкин?» Унга жавоб шундай берилади, у киши бундай қилишларининг сабаби, буни жоиз эканини кўрсатиш бўлган. Демак, бу макруҳ эмас. У зот буни кўрсатишлари ва тушунтиришлари керак эди, қандай қилиб бу макруҳ бўлсин? Исботланганки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир аъзоларини бир марта ювиб таҳорат қилганлар, яна Каъбани туяда тавоф қилганлар. Шунга қарамай уламолар иттифоқ қилдиларки таҳорат қилаётганда аъзоларни уч мартадан ювиш ва тавофни пиёда қилган афзал. Бундай мисоллар кўп. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ниманидир жоиз эканини бир марта ёки бир неча марта кўрсатганлар. Бироқ у зот афзалига эргашишни таъкидлаганлар. Шунинг учун ҳам баъзида таҳорат олар эканлар, ҳар бир аъзоларини уч мартадан ювганлар, шунингдек одатда тавофни пиёда қилганлар ва ўтириб ичганлар. Бу тушунарли ва оз бўлсада илми бўлган бирор кимсани чалкаштирмаслиги керак. Валлоҳу аълам».
Ҳадислар ҳақидаги бу фикрни Хаттобий, Ибн Баттол, Тобарий ва бошқалар таъкидлашган.
Ҳофиз Ибн Ҳажар «Фатҳул Борий»да деди: «Бу энг афзал, кучлироқ ва хилофликдан энг йироқ бўлган тушунтиришдир».
Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси фатволарида (22:133) айтилади: «Асосий қоида шуки, ўтириб ичиш керак, аммо туриб ичса ҳам бўлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам танлаш имкониятини кўрсатиш учун ундай ҳам, бундай ҳам қилганлар».
Туриб овқат ейиш масаласига келсак, бундай қилиш мумкин эмас деган қавл мавжуд.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам тик туриб ичишдан қайтардилар». (Тик туриб) ейиш ҳақида сўралганда Анас розияллоҳу анҳу: «Бу яна ҳам ёмонроқ», деб жавоб бердилар (Имом Муслим ривояти).
Аммо жумҳур уламоларнинг фикрича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таъқиқи фақатгина ичишга тегишли. Анас ибн Моликнинг сўзи эса бу унинг шахсий фикри эканини кўрсатади. Агар одам турган бўлса суюқлик овқат бўлакларига қараганда ичакни тезроқ тарк этади ва қуйи бўлим, ошқозон-ичак трактасига тушади. Бу ҳазм қилиш жараёнини қийинлаштиради. Бундан ташқари туриб ейилган нарсани қусиб ташлаш керак деб уламоларнинг бирортаси айтмаган. Бу тафовутга Ибн Муфлиҳ ишора қилган. Уларнинг таҳмини бўйича, туриб ичишни таъқиқлаган ҳадислар, туриб ейишга алоқаси йўқ экан. Нима бўлганда ҳам шубҳа йўқки ўтириб ейиш ва ичиш тўғрироқ ва фойдалироқ. Валлоҳу аълам.
Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.
Манба: Тавҳид форуми
«….ман Роббимдан кейин энг севикли булган ва эргашишликга энг хакли булган зот росулиллох саллоллохи алайхи васаллам келтирган хамма нарсага иймон келтирдим ва унга хеч нарса кушмайман ва олиб ташламайман иншаАллах»—сизларни эса сайт ходимлари, биродарларим, Аллах учун яхши кураман кивотган амалейларда Роббим Узидан бошка хеч кимга насиба куймасдан хаммасини ки