Ҳомила ва туғруқнинг фазилати ҳақида

Ҳомила ва туғруқнинг фазилати ҳақида

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, у зотнинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг …

Шубҳа йўқки, ҳомила ва туғишлик бу Аллоҳга суюкли бўлган шаръий мақсадлардан бирини амалга ошириш ҳисобланади. Бу эса Аллоҳнинг ягона эканига гувоҳлик берувчи мусулмонларнинг сонининг ортиши, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашувчиларнинг кўпайишидир.

Маъқал ибн Ясор ривоят қилади: «Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб: «Дарҳақиқат, менга жуда гўзал, аммо туғмас аёл ёқиб қолди. Унга уйланавераймидеди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Йўқ», дедилар. У уч бора қайтиб келди ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг бу ишига рухсат бермадилар. Сўнг дедилар: «Эрига муҳаббат қиладиган ва кўп туғадиган аёлга уйланинглар. Мен бошқа умматлар олдида сизнинг кўплигингиз билан фаҳрланаман»» (Абу Довуд 2050, Насоий 3227. Шайх Албоний ҳадисни саҳиҳ деди. Қаранг: «Ирво ал-Ғалил» 1784).

Шу сабадан ҳам агар ҳомила аёл учун қийин кечса ва у бундан сабр билан ўтса, фойданинг катта қисми бу каби қийинчиликларга бардош берган онага тегади. Шулардан:

1. Фарзандни тарбия қилиш каби муҳим вазифага руҳий тайёргарлик. Бу вазифаларнинг энг муҳими ва энг қийини ҳисобланади. Ота-оналар фарзандни яхши хулқли ва диндор қилиб тарбиялашни Аллоҳ учун қилишади. Улар солиҳ фарзандларининг солиҳ амаллари учун Аллоҳ уларни ҳам мукофотлашига умид қилишади. У фарзанд уларнинг вафотидан кейин ҳам улар учун садақаи жория сифатида хизмат қилишини, шунинг сабабидан улар Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайдиган буюк ажрга эга бўлишларини умид қилишади.

2. Ҳомиладор аёл бошидан кечирадиган қийинчиликлар, хусусан оғриқ ва ҳолсизликлар, соғлиғидаги муаммолар, кўп ҳолатларда учрайдиган руҳий ва жисмоний муаммолар, буларнинг барчаси ҳомиладор аёл учун ёзиб қўйиладиган улуғ ажрни беради, иншааллоҳ. Аллоҳ мусулмонни бу дунёда йўлиқадиган ҳар қандай қийинчилиги учун мукофотлайди. Ҳатто зирапча кириши ҳам баъзи гуноҳларга каффорат бўлади. Ҳомила ва туғруқ оғриғи эса бунданда улканроқ эканида шубҳа йўқ.

3. Ҳатто агар биз аёл туғруқ вақтида вафот этади деб тасаввур қилсак ҳам, унда у шаҳидлик ўлимини топади. Бу ҳомиладор аёлнинг мисли кўрилмаган фазилатидир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Туғруқ пайтида ўлган хотиншаҳиддир» (Абу Довуд 3111).

Имом Нававий (раҳимаҳуллоҳ) бу ҳадисни саҳиҳ деди. Ҳадиснинг «бижумиъин» жумласи хотин кишининг туғруқ сабабли ўлганини ифодаламоқда. Яъни, хотин киши ўзига боғланган ҳомила сабабли ўлди, деганидир.

Эътиборингизга ҳомиладор аёлнинг фазилатларига далолат қилувчи баъзи саҳиҳ ҳадисларни келтирамиз:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Шаҳидлик Аллоҳ йўлида шаҳид бўлишдан ташқари еттитадир: Аллоҳ йўлида ўлдирилган – шаҳиддир. Вабо билан ўлган – шаҳиддир. Чўккан одам – шаҳиддир. Зотулжанб билан ўлган одам – шаҳиддир. Қорин оғриғи билан ўлган одам – шаҳиддир. Ёниб ўлган одам – шаҳиддир. (Том) остида қолиб ўлган одам – шаҳиддир. Туғруқ пайтида ўлган хотин – шаҳиддир» (Имом Молик 233, 234, имом Аҳмад 5/446, Абу Довуд 3111, Насоий 1846, 3194, Ибн Можа 2803, Абдурраззоқ 6695, Ибн Абу Шайба 332, 333, Ибн Ҳиббон 3189, 3190, Табароний 1779, 1780, Ҳоким 1/352, Бағавий 1532. Имом Ибн Ҳазм, Ибн Абдулбарр, Ибн Ҳажар, Албоний ҳадисни саҳиҳ деди).

Имом Ибн Абдулбарр деди: «(Ҳадиснинг шарҳида) айтилганки: у (аёл) ва бола унинг қорнида ўлиши ёки уни туғиб, шунинг оқибатида ўлиши фарқсиз (яъни икки ҳолат ҳам ҳадис ҳукмига киради)» (Қаранг: «ат-Тамҳид», 19-208).

Имом Баджий деди: «Бу ўлимлар – уларда оғир ҳолат бор. Аллоҳ таоло уммати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга бу каби ўлимларни уларнинг гуноҳларидан поклашлиги билан илтифот кўрсатди. Уларнинг мукофотларига қўшимча қилди, ҳатто бунинг сабабидан улар шаҳидлар мақомига етишди» (Қаранг: «ал-Мунтақо» 2-53).

Абу Умома розияллоҳу анҳу ривоят қилади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ҳомиладор, туғадиган, эмизувчи, болаларига меҳрибон аёллар агар эрларига ёмон (муносабатда) бўлмасалар ва намозни адо қилсалар, албатта Жаннатга кирадилар» (Ҳоким, 7331, Табароний, 898, Аҳмад, 22227 ва бошқалар ривоят қилишди. Унинг иснодида Салим ва Абу Умома ўртасида узилиш бор. Бироқ ушбу ривоятни қувватловчи бошқа ривоятлар бор. Шунинг сабабидан имом Заҳабий, Ҳоким, Суютий ҳадисни саҳиҳ деди).

Имом Манавий роҳимаҳуллоҳ деди: ««Туғадиган, эмизувчи, болаларига меҳрибон» – яъни, улар шу ҳолатда қолар эканлар, улар энг афзаллар, раҳматдадирлар» (Қаранг: «Файзул Қодир» 3-486).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Эрига муҳаббат қиладиган ва кўп туғадиган аёлга уйланинглар. Мен бошқа умматлар олдида сизнинг кўплигингиз билан фаҳрланаман» (Абу Довуд 1754, Ибн Ҳиббон 4028, Баззор 6456, Насоий 3227. Ибн Ҳиббон, Ибн Ҳазм, Ироқий, Ибн Ҳажар Асқалоний, Албоний, Аҳмад Шокир ва бошқалар ҳадисни саҳиҳ деди).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Сизларга жаннатдаги аёлларингиз ҳақида хабар берайми? Хушмуомала, серфарзанд, агар ғазабланса ёки хафа қилинса ёки эри ғазабланса: «Мана бу қўлим сизнинг қўлингизда, то сиз рози бўлмагунча кўзимга уйқу қўнмайди», дейди» (Насоий «ас-Сунан ал-Кубро» 9139, Табароний 5648, Байҳақий 9139. Имом Ибн Ҳазм, Ҳофиз Ишбилий ва шайх Албоний ҳадисни саҳиҳ деди. Қаранг: «ас-Силсилатус Саҳиҳа» 3380).

Шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, ҳомиладор аёлга рўзадорлик ва эртаю кеч намозда қоим бўлганлик савоби ёзилиши, туғиш, эмизиш ва болани тебратиш каби ишларга бундан бошқа кўпгина мукофотлар берилишига далолат қилувчи баъзи ҳадислар бор. Уларнинг барчаси ёлғон ва тўқима ҳадислар. Уларни ривоят қилиш ва улар ҳақида гапириб юриш мумкин эмас, илло агар одамларни улардан огоҳ қилиш учун айтилиши бундан мустасно.

Валлоҳу аълам.

Аллоҳ Пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Манба: Тавҳид форуми

2 thoughts on “Ҳомила ва туғруқнинг фазилати ҳақида

  1. bir ukamız hıdoyatga kelıb russıyada oyılası b/n yashaydı ayolı russıyada tugdı endı kuzı ochılıb hıjrat kılaman dyabdı hozırgı zomonımızda pasportsız yurısh bulmıydı russıya pasportını olısh uchun dokumentlarını tashlab kuygan yakın orada oladıykan nıyatı musulmon ulkaga hıjrat kılısh undan tashkarı russıya bola tukkanga mukofat kılıb pul va er berar ekan rus pasport olısh u/n kup pulım ketdı deydı. shu pullarnı olsam buladımı. nıma kılıshım kerak demokda.bunga nıma fatvo berasızlar bırodarlar

    1. Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ дедилар: «Кофирлар юртида яшовчи барча мусулмонларга, агар имконият бўлса, диний удумларга амал қилувчи Ислом шаҳарларига ҳижрат қилишлари вожиб бўлади. Агар бундай имконият бўлмаса, зарари озроқ бўлган шаҳарга ҳижрат қилиш керак бўлади. Худди бир гуруҳ саҳобалар, Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) амрларига биноан Маккадан Ҳабашистонга ҳижрат қилганларидек. Чунки ўша вақтда Ҳабашистонда мусулмонлар учун зулм фатҳ қилинишидан аввалги Маккадан кўра озроқ эди. Агар мусулмонлар мана шу ҳижратни ҳам қила олмасалар, унда улар Аллоҳдан қўрқишлари, Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан ўзларини тийишлари ва Аллоҳ уларга юклаган мажбуриятларни бажаришлари керак бўлади. Шунингдек агар кофирлар юртида яшовчи мусулмонлар ўша давлат ёрдамидан фойдаланишса, уларга гуноҳ йўқ. Бироқ у (мусулмон)лар улардан моддий ёрдам олиш учун ёлғонга қўл урмасликлари керак. Улар барча ишларида Аллоҳдан қўрқишлари, барча ҳаром нарсалардан сақланишлари ва Қуръон Суннатни ўрганишлари, шунингдек уларга тушунарсиз бўлган нарсаларда илм аҳлига мактуб ёки телефон орқали мурожаат этишлари вожиб бўлади. Аллоҳ барча мусулмонларнинг аҳволини ўнгласин ва уларнинг динларини сақласин. Чунки улар учун нафслари ва душманлари ёмонлиги етарлидир» (Қаранг: «Мажмуъу фа-тава ва мақолат» 28/163).
      https://tavhid.com/forum/showthread.php?tid=841&pid=2455#pid2455

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan