Аллоҳнинг исм-сифатларини рад қилувчилар шубҳаларига жавоблар
Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса уни адаштирувчи йўқ, кимни адаштирса уни ҳидоят қилувчи йўқ. Гувоҳлик бераманки, якка Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиздир. Яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам У зотнинг бандаси ва элчисидир.
«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингизда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).
«Эй инсонлар, сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини (Ҳаввони) вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Парвардигорингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан сақланингиз)! Албатта Аллоҳ устингиздан кузатувчи бўлган Зотдир» (Нисо: 1).
«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг расулига итоат этса, у буюк саодатга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).
Дарҳақиқат, сўзларнинг энг яхшиси Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг энг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг энг ёмони (динда) янги пайдо қилинганидир. (Динда) янги пайдо қилинган ҳар бир иш бидъат, ҳар бир бидъат залолат, ҳар бир залолат дўзахдадир.[1]
Аммо баъд…
Ҳофиз Тақиуддин Абу Муҳаммад Абдулғаний Ал-Макдисий (600 ҳ) раҳимаҳуллоҳ дедилар: «Ва шуни билингки, Аллоҳ сизга раҳм қилсин, Ислом ва унинг аҳлига 3 гуруҳ томонидан хужум қилинган ва зарар келтирилган:
1) Аллоҳнинг сифатлари ҳақидаги ҳадисларни ва уларнинг ровийларини рад этувчи гуруҳ. Уларнинг Исломга ва унга амал қилувчиларга қилган зарарлари кофирларнинг қилган зарарларидан ҳам кўпроқдир.
2) Бу ҳадисларни (яъни Аллоҳнинг сифатларига тааллуқли ҳадисларни) саҳиҳ деб гапирувчи ва қабул қилувчи, аммо уларни (Сифатларни) таъвил (маъноларини ўзгартирувчи) қилувчи гуруҳ.
3) Юқоридаги 2 фикрдан йироқ бўлувчи ва Аллоҳни, ўзларини таъкидлашича, барча танзих (нуқсон, нокомиллик)ларлардан пок қилишни бошловчи гуруҳ. Аммо хақиқатда эса улар ёлғончилардир ва бу айтганлари юқоридаги 2 фикрга олиб боради. Шунинг учун ҳам улар юқоридаги 2 гуруҳдан ҳам зарарлироқдир» (Ақидатул-Ҳаафиз Абдул-Ғаний, 113-бет).
Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ нақл қилганларидек: «Аҳмад ибн Ҳанбалга айтишди: «(Нафл) рўза тутиб, (нафл) намоз ўқиб, эътикоф қилган одам сизга севимлироқми, ёки бидъат аҳли хусусида гапирадиган одамми?» Имом Аҳмад айтдилар: «Агар рўза тутиб, намоз ўқиб, эътикоф қилса, бу фақат ўз нафсига фойда олади. Агар бидъат аҳли борасида гапирса, бундан мусулмонлар фойда олади ва бу афзалроқдир. Агар Аллоҳ бидъат аҳлининг даф қилиш учун шундай одамларни турғизмаганида дин бузилиб кетган бўлар эди ва унинг фасоди жангари душманларнинг эгаллаб олиш фасодидан каттароқ бўлар эди. Чунки жангарилар бостириб олганда қалбларни ва улардаги динни бузиб юборишмайди, фақат уларга эргашганлар бузилади. Аммо бидъат аҳли бошланишининг ўзидаёқ қалбларни бузиб боради» (Ал-Фатава (28/231-232)).
Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ Китоб ва суннатни қўйиб, ўз ақлларига толиб кетганлар ҳақида шундай дейдилар: «Каломчилар ҳақидаги ҳукмим шундайдир, уларни ҳурмо шохлари билан савалаш, туяларига миндириб қабилалар орасида айлантириш лозим. Китоб ва суннатни тарк қилиб, каломга йуналган одамларнинг жазоси шудир» (Имом Бағавий «Шархус-сунна»).
Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ: «Ҳидоят йўлига эргаш, у йўлдан юраётганларни камлиги сенга зарар бермайди. Залолат йўлларидан эҳтиёт бўл, ҳалок бўлганларнинг кўплигига алданма» (Имом Шотибий «ал-Итисам»).
Аллоҳнинг Сифатларини рад, таъвил қилувчилар шубҳаларига жавоблар
Аллоҳнинг Исм ҳамда Сифатларида адашган фирқалар асрлар давомида ўз бидъатларига даъват қилиб келадилар. Ва Аҳлус суннани эса улар Мушаббиҳа (ташбеҳ қилувчилар), яъни Аллоҳнинг Сифатларини махлуқот сифатларига ўхшатувчилар, деб аташади. Мана шу аташларини салафларимиз жаҳмиянинг белгиси қилдилар.
Имом Абу Хотим ал-Ҳанзалий ар-Розий раҳимаҳуллоҳ: «Бидъат аҳлининг аломати, ҳадис олимларига тил теккизишдир. Зиндиқларнинг аломати эса, ҳадис олимларини хашавия дейишларидир. Улар шундай қилиб, ўртадан ҳадисларни йўқ қилишни истайдилар. Жаҳмиянинг аломати аҳли суннатни Мушаббиҳа деб номлашларидир. Қадариянинг аломати, аҳли суннатни жабария деб номлашларидир. Муржиянинг аломати, аҳли суннани мухолифлар ва нуқсончилар деб номлашларидир. Рофизийларнинг аломати, аҳли суннатга Навасиб деб ном беришларидир. Аҳли суннатга эса, фақат бир исм мос келади. Бутун бу исмларни улар учун ишлатишнинг имконияти йўқдир» (Розий «Суннат ва диннинг эътиқоди»).
Шайхулислом Абу Усмон Исмоил ас-Сабуний раҳимаҳуллоҳнинг нақадар бугунги кунимиздаги бузуқ ақидавий фикрларга мос қарашлари мавжуд. Улар айтадилар: «Бидъат аҳлининг аломатлари, устиларида очиқчасига кўринади. Уларнинг аломатларини ва белгиларини энг очиқ бўлгани, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни хабарларини ўрганиб етказган одамларга душманлик қилишларидир. Уларни ҳақир кўришлари, уларни Хашавия, жоҳил, Зохирия ва Мушаббиҳа деб номлашларидир. Чунки улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга доир хабарларни илм билан алоқаси йўқ деб ишонадилар. Уларга кўра илм, шайтоннинг бузуқ ақлларини натижаси ва қора қалбларининг васвасалари орасидан талқин қилиб берилган гўзал фикрлардир» (Ас-Сабуний «Ҳадис асҳоби салафнинг ақидаси»).
Ушбу рисолада уларнинг, барчаси бўлмасада, асосий шубҳаларига жавоблар берилади.
Аллоҳнинг Исм ҳамда Сифатлари масаласида адашган гуруҳлар бир нечтадир. Булардан баъзиларини келтирамиз:
1. Аллоҳнинг сифатларини махлуқот сифатларига ўхшатувчилар. Демак, улар учун Аллоҳнинг эшитиши, кўриши ва барча сифатлари махлуқот сифатига ўхшайди. Бу гуруҳнинг номи Мушаббиҳалар деб номланади. Буларнинг ақидаси ботилдир. Аллоҳ таоло Қуръонда бу кабиларни рад этади:
«Бирон нарса У Зотга ўхшаш эмасдир. У Зот (барча нарсани) Эшитгувчи ва (барча нарсани) Кўриб Тургувчидир» (Шўро сураси, 11-оят).
Мушаббиҳалар ақидасига тескари бўлган адашган гуруҳлар:
2. Ашъарий ва Мотрудийлар. Ашъарийлар ва Мотрудийлар ўртасидаги фарқ жуда ҳам кам. Ашъарийлар Аллоҳ таолонинг фақатгина 7 сифати бор ва у сифатлар ақл билан исбот қилинган дейишади. Яъни калом илмига берилиб ақлларига кўра бу сифатлар тасдиқланади, бошқа сифатлар эса ақлларига кўра рад этилади. Демак, Ашъарийлар Аллоҳнинг 7 та сифат ва барча Исмларини тасдиқлашади, қолган сифатларни рад этишади.
3. Мўътазилалар. Аллоҳнинг барча сифатларини рад этишади, Аллоҳнинг Исмларини тасдиқлашади.
4. Жаҳмиялар. Булар Аллоҳнинг барча Исм ва Сифатларини ҳам рад этишади.
5. Ҳаддан ошган Жаҳмиялар, файласуфлар, ботинийлар ва ҳоказолар. Булар: «Бизлар Аллоҳга бирорта Сифатни тасдиқлай ҳам олмаймиз, ҳамда Аллоҳнинг бирорта Сифатини рад ҳам эта олмаймиз», дейишади. Яъни, масалан, Аллоҳ эшитади, деб ҳам айта олмаймиз, ҳамда Аллоҳ эшитмайди, деб ҳам айта олмаймиз, дейишади. Бу ерда ақл соҳиби эътибор қилса, биринчи айтганлари иккинчи айтганларини инкор этади ва аксинча. Демак, уларнинг фикрлари ҳам ботилдир.
Бу рисолада асосан, Ашъарийлар шубҳалари зикр этилади. Биринчи навбатда Ашъарийлар шубҳалари умумий ҳолда келтирилади. Кейин эса, у шубҳаларга умумий ҳолда раддия берилади. Ундан кейин Аллоҳнинг Ашъарийлар рад этадиган баъзи сифатларига алоҳида тўхталамиз: Аллоҳнинг Ўзига хос бўлган Икки Кўзи, Икки Қўли, Болдир ва бошқа Сифатлари. Унда Ашъарийларнинг бу Сифатлар ҳақидаги оят ва ҳадислар ҳақида баъзи шубҳалари ва у шубҳаларга жавоблар берилади, иншааллоҳ.
Ашъарийлар умумий шубҳалари ҳақида
Ашъарийлар Аллоҳнинг баъзи Сифатларигина тасдиқлашади. Кўпгина Сифатларини рад этишади. Биринчи навбатда улар Сифатлар ҳақидаги матнни рад қилишади. Масалан, бирор ҳадисни инкор қила олишса, у ҳолда улар бу ҳадисларни (яъни Аллоҳнинг Сифатлари ҳақидаги ҳадисларни) қабул қилмаймиз, дейишади. Агар улар ҳадисни рад қила олишмаса, яъни ҳадис, масалан, Саҳиҳ Бухорий ёки Саҳиҳ Муслимда бўлса, у ҳолда ҳадисни қабул қилишади, аммо Аллоҳнинг Сифатини таъвил қилишади (маъносини ўзгартиришади).
Ашъарийлар тасдиқ қиладиган Аллоҳнинг 7 Сифати: Ҳаёт, Илм, Қудрат, Ирода, Ал-Калом, Эшитиш, Кўриш.
Нима учун улар бу Сифатларни тасдиқлашади, аммо қолганларини рад, инкор этишади, деган савол туғилиши мумкин.
Чунки, улар рад этадиган Сифатлар ҳақида айтишадики, агар биз уларни тасдиқласак, у ҳолда биз Аллоҳни махлуқотларига ўхшатган бўламиз. Қабул қилишадиган 7 Сифат ҳақида эса, улар айтишадики, бу 7 Сифатнинг борлигига ақл исбот қилади, яъни фақатгина ақлий далиллар билан исбот бўлгани учунгина у Сифатларни тасдиқлашади. Масалан, Аллоҳ махлуқотни вужудга келтирди, демак Аллоҳнинг Қудрати бор; Аллоҳ яратган дунёда турли хил нарсалар бўлгани Унинг Иродаси борлигини исбот қилади, яъни Ўз Иродаси билан яратганларини бир хилда эмас балки турли хил қилди. Кейин, улар айтишадики, Аллоҳ таоло нарсаларни махсус бир йўл билан қилган, демак Унинг Илми бор. Бу 3 Сифат: Ирода, Қудрат, Илм Сифатлар мавжуд бўлса, у ҳолда бу нарса У Зотда Ҳаёт борлигини тақозо этади, яъни Ирода, Қудрат, Илм бор бўлган Зотда Ҳаёт бўлиши керак, акс ҳолда 3 Сифат бўлмас эди, дейишади. Кейин, айтишадики, ҳар бир Ҳаёт бўлган нарса Эшитиш, Кўриш ва Калом сифатларига эга бўлиши керак.
Шундай қилиб, улар шу 7 Сифатни қабул қилишади. Қолган Сифатлар ҳақида эса, агар ҳадисни инкор эта олишса у ҳолда шундай қилишади, агар инкор этиша олмаса, у ҳолда таьвил қилишади.
Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, Ашъарийлар ҳамда Мотрудийлар илмул каломга берилиб кетганлари сабаб Аллоҳнинг Сифатлари борасида адашиб кетдилар. Келинглар, Ислом уммати яхшиликларига гувоҳ бўлган уламоларимизнинг илмул калом (фалсафа) ҳақида нима деганлари билан танишиб чиқайлик.
Ҳанафий мазҳабининг етук олими имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ айтадиларки: «Калом-фалсафа илмини билиш жаҳолатдир. Фалсафани тўғримас деб, ундан юз ўгириш эса, илмдир. Кимда-ким илмни фалсафа йўли билан талаб қилса зиндиқ-мунофиқ бўлади».
Нуҳ ал-Жами ривоят қиладилар: Абу Ҳанифага шундай дедим: «Инсонларни араз ва жисмлар ҳақида айтганларига нима дейсан?» У шундай деди: «Булар фалсафачиларнинг фикрларидир. Сен асарга (аввалгиларни тутган йўли) ва салафларнинг йўлига эргашишга диққат қил. Кейин пайдо бўлган, ҳамма нарсадан эҳтиёт бўл. Чунки у бидъатдир»(Ал-Хатиб «ал-Фақиҳ вал-Мутафаққиҳ»).
«Агар калом бир илм бўлганида эди, саҳоба ва тобеин аҳком ҳақида гаплашганлари каби калом ҳақида ҳам гаплашган бўлар эдилар. У эса, бир ботилга далолат қилувчи ботилдир» (Бағавий «Шарҳус-Сунна»).
Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ: Китоб ва суннатни қўйиб, ўз ақлларига толиб кетганлар ҳақида шундай дейдилар: «Каломчилар ҳақидаги ҳукмим шундайдир, уларни хурмо шохлари билан савалаш, туяларига миндириб қабилалар орасида айлантириш лозим. Китоб ва сунатни тарк қилиб, каломга йуналган одамларнинг жазоси шудир» (Имом Бағавий «Шарҳус-сунна»).
Ибни Батто, Абу Бакр ал-Марвазийдан нақл қилади. Абу Абдуллоҳни (имом Аҳмад) шундай деганини эшитдим: «Ким калом билан машғул бўлса, нажот топмайди. Ким калом билан машғул бўлса, Жаҳмияга қўшилиб кетиши аниқдир» (ал-Ибана, 2 том, 538 бет).
Ибни Жавзий, Муоз ибн Абдуллоҳ ат-Тарсусийдан нақл қилади: Аҳмад ибн Ҳанбал шундай деганини эшитдим: «Каломчилар билан ўтирманглар, суннатни ҳимоя қилаверинглар» (Манакибул имом Аҳмад – 205).
Ибни Батто, Убайдуллоҳ бин Аҳмаддан ривоят қилади: Отам (имом Аҳмад) бизга шундай насиҳат қилдилар: «Суннатни тарк этмангиз, ҳадис билан Аллоҳ сизга кўп хайрлар беради. Эҳтиёт бўлинг! Жадал ва тортишишлар қилманглар. Чунки каломчи нажот топмайди. Чунки калом хайрга даъват қилмайди. Мен на каломни ва на жадални севаман. Суннатга ёпишинг, саҳобанинг сўзларига эргашинг, ўзингиз фойдаланадиган фиқҳни ўрганинг, қалбларингизни риёкорлар ва адашганларни каломидан узоқ қилинг, жадаллашманглар. Биз, биздан аввалгиларни бундай сўзлар билан ҳеч алоқалари бўлмаганлигини кўрдик. Улар каломчилардан қочар эдилар. Каломчиликни охири хайр эмасдир. Аллоҳ бизни ва сизни фитналардан ўзи асрасин. Бизни ҳам, сизни ҳам ҳалок бўлишдан узоқ қилсин» (Ал-Ибана – 4 том, 539 бет).
Ашъарийлар умумий шубҳаларига умумий раддиялар
1. Булар ақлларини далил қилиб кўрсатишлари салафлар йўлига зиддир. Саҳобалар, тобеинлар ва имомларимиз (Имом Абу Ҳанифа, Имом Шофеий, Имом Аҳмад ва бошқалар) йўли ақлни асосий далил қилиш эмас. Салафларимиз ҳеч қачон Аллоҳнинг Сифати масаласига келганда ақлни далил қилиб кўрсатишган эмас. Аксинча, уларнинг барчалари Аллоҳнинг Сифатларини Қуръон ва саҳиҳ ҳадисларда келтирилганидек тасдиқ қилганлар. Улар Аллоҳнинг Сифатлари масаласида Қуръон ва саҳиҳ ҳадислар билан кифояланиб қолганлар, ҳамда Қуръон ва саҳиҳ ҳадислардан ташқарига ўтмаганлар. Мана шу Салафлар манҳажи бўлган. Ашъарийлар эса Аллоҳнинг Сифатлари масаласида фақатгина ақлларига таянишади. Агар Аллоҳнинг сифатлари ҳақидаги Қуръон оятлари ва ҳадислар ақлларига тўғри келса, у ҳолда у Сифатларни исбот қилишади, акс ҳолда, ақлларига тўғри келмаса, матнни инкор этишади ёки Сифатларни рад ва таъвил қилишади. Бу манҳаж Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхшиликларига гувоҳлик берган Салафлар манҳажига зиддир.
Бу ҳақида амирал мўъминин Али ибн Аби Толиб: «Агар дин ақлга мос бўлса эди, махсини таг тарафини масҳ қилиш, уст тарафини масҳ қилишдан тўғрироқ бўлар эди. Лекин мен Росулуллоҳни махсиларини уст тарафига масҳ қилаётганларини кўрдим» (Ибн Аби Шайба «ал-Мусаннаф»).
«Ҳеч ким Аллоҳнинг зоти ҳақида бир нарса сўзлашга хаққи йўқдир. Аксинча Уни, Ўзи қандай сифатлантирган бўлса, шундай сифатлантириш керак. Аллоҳ Таборака ва Таоло ҳақида билмаган нарсасини гапирмаслик лозим» (Ал-Ақидадут-Таҳовия – 2 том, 427 бет; Доктор ат-Туркий таҳқиқи, Жалаул айнайн – 368 бет).
Юнус ибн Абдул Аъло шундай деди: Имом Шофеийни шундай деяётганини эшитдим: «Аллоҳ азза ва жалланинг Исмлари ва Сифатлари бордир. Аллоҳ азза ва жалланинг бу Исм ва Сифатлари исбот қилинганидан кейин, ҳеч ким бу Исм ва Сифатларни раддига бора олмайди. Ҳар ким бу Исм ва Сифатлар исбот қилинганидан кейин, далилга қарши келса, у кофирдир. Ҳужжат келмасидан аввал эса, жоҳилликда маъзурдир. Чунки Исм ва Сифатлар ҳақидаги илм, қарашлар билан, фикрлаш билан ўрганилмайди. Чунки бу сифатлар далил билан исбот ва нафй қилинади. Айнан Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таолонинг Ўзи ҳақида ташбеҳни нафй қилгани каби деймиз: «Унга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир. У Самиъ ва Басирдир» (Ибн Қоййим «Жуюшил Исламия» – 59, Заҳабий «Улувв» – 202).
Аз-Заҳабий имом Шофеийдан шу сўзни ривоят қилади: «Қуръон ва суннатда келган сифатларни исбот қиламиз, ташбеҳни Аллоҳнинг рад қилишига кўра рад қиламиз» («Унга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир», Шўро: 11) (Сияру Аъламин Нубала (Шуайб ал-Арнаут таҳқиқи), 20 том, 341).
Ибни Аби Яъло, Абу Бакр ал-Марвазийдан нақл қилади: Аҳмад ибн Ҳанбалдан Жаҳмиянинг инкор қилган сифатлар, Аллоҳни Кўриш, Исро ва Арш ҳақидаги ҳадисларни сўрадим. Бу ҳадисларни саҳиҳлигини айтиб, шундай деди: «Уммат буни қабул қилгандир, хабарлар келгани каби қабул қилинади» (Табақатул Ҳанабила – 1 том, 56-бет).
Ибнул Жавзий, имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг Мусаддадга ёзган мактубини ривоят қилиб, уни ҳам зикр қилади: «Аллоҳни, У Ўзини сифатлагани каби сифатлаймиз. Аллоҳ ўзи ҳақида қайтарганларидан, сиз ҳам қайтаринг» (Манакибул имамил Аҳмад – 221).
Имом Аҳмад «ар-Радду аълал Жаҳмия» китобида шундай дейди: «Жаҳм ибн Савфан (жаҳмийлар асосчиси), Аллоҳни, Ўз китобида ва Расулининг суннутида сифатлагани каби сифатлаган одамни Мушаббиҳадан ҳисоблаб, кофир деб ўйлайди» (Аҳмад ибн Ҳанбал «ар-Радду аълал Жаҳмия» – 104).
Бу ривоятлар Салафларимизнинг ақлни Қуръон ва Саҳиҳ ҳадислардан олдин қўймаганликлари, Аллоҳнинг барча Сифатларини Қуръон ва Саҳиҳ Ҳадисларда қандай келган бўлса рад этмасдан, таъвил қилмасдан, махлуқотлар сифатларига ўхшатмасдан, ҳамда қандай деб сўрамасдан тасдиқ қилганликларини кўрсатади.[2] Ашъарийлар тутган йўл эса бунга зиддир. Чунки улар Сифатларни исбот ёки инкор қилиш учун ақлни ишлатишса, Салафлар эса Қуръон ва саҳиҳ ҳадисларни ишлатишади.
2. Аллоҳнинг сифатларини ақлгагина таяниб исбот қилишликнинг ўзи ақлга зид. Чунки Аллоҳнинг Сифатлари бу ғайбийдир ва ғайбни фақатгина Аллоҳ билади. Шундай экан, қандай қилиб ғайбий масала ҳақида ваҳийни ташлаб ақлга таяниб хулосалар чикариш мумкин?! Қандай қилиб ўзларининг ақлларини ишлатиб, Аллоҳнинг Сифатлари ҳақида гапиришлари мумкин? Ахир биз Аллоҳнинг Сифати ҳақида Ўзининг нозил қилган ваҳийсига мурожаат қилмасдан, қандай қилиб батафсил исбот қилишимиз мумкин? Шунинг учун ҳам, Аллоҳнинг Сифатларини ақлга таяниб исботлаш ёки инкор қилишнинг ўзи ақлга тескари бўлган ишдир.
3. Агар одамлар Аллоҳнинг Сифатини ақлга таяниб исбот ёки инкор қиладиган бўлсалар, у ҳолда одамлар орасида жуда ҳам кўп ихтилоф ҳамда қарама-қаршиликлар бўлади ва шу нарсалар ҳам Ашъарий, Мўътазилалар ва бошқаларнинг ўзларини орасида ҳам Аллоҳнинг Сифатлари борасида ихтилофлар қилишини кўрасиз. Чунки ҳар бир одамнинг ақли ҳар хилдир. Агар бир одамнинг ақли бир сифатни исбот ёки инкор қилса, у нарса иккинчи одамнинг ақлига тўғри келмаслиги мумкин. Учинчи одам эса иккинчига ҳам рози бўлмаслиги мумкин ва ҳоказо. Бу нарса табиий ҳолат. Шундай экан, қандай қилиб Ашъарийлар йўлини тўғри йўл деб ҳисоблаш мумкин?! Асло мумкин эмас.
4. Ашъарийлар ақлларига мос келмайдиган Аллоҳнинг бирор Сифати ҳақидаги Қуръондан оятларга ёки саҳиҳлигига шубҳа бўлмаган ҳадисларга (масалан Саҳиҳ Бухорий ёки Саҳиҳ Муслимдагиларга) дуч келсалар, албатта рад эта олмайдилар. Чунки оят ва саҳиҳ ҳадисларни рад этишлик очиқ-ойдин ботилликдир. Шунинг учун ҳам улар бу ҳолатда рад этмайдилар-да, Сифатнинг маъносини ўзгартириб, бошқа маъно беришади ва энди бизлар Аллоҳни махлуқотга ўхшатмаяпмиз, чунки асл зохир маънони қабул этсак, Аллоҳни махлуқотга ўхшатган бўлар эдик, дейишади. Уларнинг бу фикрлари ҳам нотўғридир, чунки ҳаттоки Сифат маъносига бошқа маъно беришганларида ҳам барибир, ўзларининг мантиқларига кўра, у тасдиқлашлик махлуқотга ўхшатиш бўлади. Аниқроқ бўлиши учун мисол келтирамиз.
Масалан, Аллоҳ таоло Қуръонда Ўзига хос бўлган Икки Қўллари борлиги ҳақида айтади. Аллоҳ таоло айтадики:
«У зот (Аллоҳ): «Эй Иблис, Ўз Икки Қўлим билан яратган нарсага сажда қилишингдан сени нима ман қилди?! Мутакаббирлик қилдингми?! Ёки олий даражалилардан бўлдингми?!» деди» (Сод сураси, 75-оят).
«Балки Аллоҳнинг Икки Қўли очиқ, хоҳлаганича нафақа қилар» (Моида сураси, 64-оят).
Аҳлус Сунна, яъни Салафлар Аллоҳ таолонинг Икки Қўли Сифатини матнларда қандай келган бўлса рад этмасдан, махлуқот қўлига ўхшатмасдан, маъноларини ўзгартирмасдан, қандай деб сўрамасдан зохир маъносини қабул қилиб исбот қилишади.
Ашъарийлар албатта бу оятларни инкор, рад этиша олмайди. Аммо айтишадики: «Агар бу оятларда кўрсатилган Сифатларни шундайлигича исбот қилсак, у ҳолда Аллоҳни Унинг махлуқотига ўхшатиб қўйган бўламиз. Шунинг учун ҳам Аллоҳнинг Қўли бу Унинг Қудратидир». Ашъарийлар, айтишадики, агар Аллоҳнинг Қўлини Унинг Қудрати деб исбот қилсак, у ҳолда Аллоҳни махлуқотга ўхшатишликдан пок бўлган бўламиз.
Бу фикрларига айтамизки, Аллоҳнинг Қўли Аллоҳнинг Қудрати деб маъно берганингиз билан, махлуқотларда ҳам Қудрат бор, қандай қилиб сизлар ўхшатишликдан пок бўлдик дейсизлар? Ахир махлуқотларда ҳам Қудрат борку?! Энди яна сизлар Аллоҳнинг Қудратига ҳам ўхшатишлик бўлмоқда деб бошқа маъно берасизларми? Қандай маъно беришга урунманг, барибир, ўз мантиқларингизга кўра ўхшатиш бўлиб қолаверади. Натижада янги маъно беришлик чегарасиз давом этаверади.
Яна мисол бу Аллоҳнинг Муҳаббат Сифати. Ашъарийлар айтишадики: «Муҳаббат сифати бу нуқсонликдир, шунинг учун биз бу сифатни Аллоҳга нисбатлай олмаймиз. Муҳаббатдан мурод Иродадир, Аллоҳнинг бирор кишига савоб беришликка бўлган Иродасидир».
Бунга ҳам жавоб худди юқоридагидек. Ашъарийлар Салафлар ақидасида бўлганларни Аллоҳнинг Қўли, Муҳаббати ва бошқа барча сифатларини матнларда келганидек исбот қилганлари учун Аллоҳни махлуқотга ўхшатишликда айблашади. Аммо бу ерда ўзлари ҳам, агар уларнинг мантиқларини қўлласак, ўхшатишликка тушиб қолишмоқда. Аллоҳ таоло инсонларга ҳам ирода берган. Қандай қилиб Аллоҳга Ирода сифатини исбот қилишлик, (Ашъарийлар мантиғига кўра) Аллоҳни махлуқотга ўхшатишмаслик бўлади?! Энди Ашъарийлар Аллоҳнинг Иродасига ҳам бошқа маъно беришадими?!
Масалан, Улар «Биз Аллоҳнинг Иродасини Ўзига хос равишда исбот қиламиз», деб айтишлари мумкин. Бунга жавобан айтамизки, нима учун Аллоҳнинг бошқа сифатларини ҳам худди шундай исбот қилмайсизлар?!
Кўриниб турганидек, Ашъарийлар фикрларида нуқсонлар, қарама-қаршиликлар бор. Аллоҳ таоло инсониятга эргашишлари учун ваҳий қилган Салафлар ақидаси нуқсонлардан пок энг тўғри соф ақидадир. Улар Аллоҳнинг Муҳаббати, Қўлини махлуқот қўлига, муҳаббатига ўхшатишмайди. Аллоҳнинг Муҳаббатини, Қўлини рад этишмайди. Аллоҳнинг Муҳаббати, Қўлини қандай деб сўроқ қилишмайди. Аллоҳнинг Муҳаббати, Қўли Сифатига бошқа маъно беришмайди.
5. Улар айтишадики: «Агар Аллоҳнинг биз исбот қиладиган 7 Сифатидан бошқа сифатлар билан исбот қилсак, у ҳолда биз Аллоҳни махлуқотга ўхшатган бўламиз». Бунга жавобан айтамизки, сизлар Аллоҳнинг Қудрати, Илми, Ҳаёт, Калом, Эшитиш, Кўриш сифатларини исбот қиласизлар. Аммо махлуқотларда Қудрат, илм, Ҳаёт, калом, эшитиш, Кўриш сифатлари бор. Шундай экан нима учун бу Сифатларни ҳам қолган сифатлар каби таьвил қилмайсизлар. Чунки ўзларингизнинг мантиқларингизга кўра махлуқот сифатларига ўхшаш-ку?! Нима учун сизларга бу 7 Сифатни тасдиқлаш мумкин-у, аммо бизларга Аллоҳнинг барча сифатларини тасдиқлаш мумкин эмас?! Бунга улар «Биз бу 7 Сифатни биз фақатгина Аллоҳга мос равишда тасдиқлаймиз», деб айтишса, биз айтамизки «Биз Аллоҳнинг сизлар рад ва таъвил қиладиган (матнларда келган) Сифатларини ҳам худди шундай Аллоҳгагина мос равишда исботлаймиз, шундай экан, нима учун сизлар бизларни Аллоҳни махлуқотга ўхшатишликда айблайсизлар?» – деб айтамиз.
Икки нарсанинг бир хил номланиши ва сифатланиши уларнинг хақиқати ўхшашлигини, бир хил эканлигини тақозо этмайди.
Агар махлуқотларда ўхшаш исм ва сифат бўлса ҳам Яратганга ўхшаш деганлигини билдирмайди. Масалан, Аллоҳ Эшитувчи, Кўрувчи, махлуқотлар ҳам эшитувчи, кўрувчи. Аллоҳ барча нарсани эшитади, барча нарсани кўради (Ўзининг Буюклигига хос равишда). Махлуқотларнинг эшитиши ва Кўриши чегараланган.
Агар исм ва сифатлар бир хил бўлса улар ўхшаш деган маънони билдирмайди. Махлуқотлар ичида бир хил исм ва сифатга эга бўлганлари бор, аммо хусусиятлари ҳар хилдир. Масалан, махлуқот юзга эга: одамлар юзга эга, ҳайвонлар юзга эга. Аммо уларнинг юзлари ҳар хил. Ҳаттоки, масалан, аёл билан эркак, европалик эркак, африкалик эркакларнинг юзлари ҳар хил. Ака-укаларнинг юзлари ҳар хил. Ҳаттоки, кишининг ёшлигидаги сурати билан қарилигидаги суратида фарқ бор. Агар инсон билан ҳайвон, икки инсон юзида, ака-укалар юзида, бир инсоннинг ёшлигидаги ва қарилигидаги юзида фарқ бўлса, Яратганнинг Юзи билан махлуқот юзи ўртасидаги фарқ ундан ҳам каттароқдир.
Аллоҳ таоло айтади:
«Буюклик ва ҳурмат соҳиби бўлган Роббингизнинг Юзи мангу – боқий қолади» (Раҳмон сураси, 27-оят).
Аллоҳнинг барча сифатлари Ўзининг Буюклигига хос ва махлуқотларидан фарқ қилади. Яна бир мисол, қўл. Инсонлар орасида ўнг қўл билан чап қўл ўртасида фарқ бор. Биттаси иккинчисидан кўра кучлироқ. Инсонлар бир-бирларининг қўллари ўртасида фарқ бор. Махлуқотлар қўллари орасида бундай фарқ бўлса Яратганнинг Қўли билан махлуқотлар қўли ўртасидаги фарқ каттароқдир.
6. Ашъарийларнинг ақлнигина ишлатиб Аллоҳнинг Сифатларини исбот ёки инкор қилишларининг ўзи ақлга зид эканлиги ҳақида юқорида тўхталди. Биз уларга айтамизки «Сизлар исбот қилмайдиган сифатларни сизларникидан ҳам кучлироқ ақлий далиллар билан исбот қилишимиз мумкин. Масалан, атфоримизга назар солайлик. Аллоҳ таоло бизларга қанча-қанча неьматларни ато қилди. Овқат, қуёш, сув, дарахт, мевалар, ҳаво ва ҳоказо Буларнинг барчаси Аллоҳнинг раҳмдиллик сифати борлигини тақозо этмайдими?!». Худди шу каби, Аллоҳнинг Ашъарийлар рад ва таъвил қиладиган Сифатларини уларнинг ақлий далилларидан ҳам кучлироқ ақлий далилларни ишлатиб исбот қилиш мумкин.[3] Яна шу нарсаки, бир нарсани ақлий жиҳатдан исбот қила олмаслик у нарсанинг мавжуд эмаслигига далил бўла олмайди. Масалан, бир киши, мен жинни ёки фариштани ҳеч қачон кўрмаганман, қандай қилиб уларнинг борлигига ишонишим керак, уларнинг мавжуд эканлигига ақлий далил йўқ-ку, деса. Бу кишига айтамизки, Аллоҳ таоло буларнинг мавжудлиги ҳақида бизларга хабар берган, шунинг учун ҳам уларнинг борлигига иймон келтирамиз. Демак, бир нарсани ақлий жиҳатдан исбот қила олмаслик, у нарсани рад ёки таъвил этишга далил бўла олмайди.
Аллоҳнинг Сифатларини рад ва таъвил қилишга ҳеч қандай далил йўқ. Аммо, Ашъарийлар баъзи имомларимизнинг маънолари аниқ бўлмаган фикрлари, ёзганларини олиб келиб ўз ақидаларини исбот қилишга уринишади. Ўша имомларимизнинг Аллоҳнинг Сифатларини Қуръон ва саҳиҳ ҳадисларда қандай келган бўлса худди шундай иймон келтириш кераклиги ҳақидаги айтганларини эса Ашъарийлар келтиришмайди. Аниқ нарсани қўйиб ноаниқ ва умуман бошқа мавзудаги фикрларни олиб келиб исботлашга уринишади. Мана шу манҳаж Бидъат ахлининг манҳажи (йўли)дир. Аллоҳ таоло Буларнинг белгиларини айтиб шундай дейди:
«Унда муҳкам (аниқ) оятлар ҳам бор ва улар китобнинг аслидир ва муташобиҳ (оят)лар ҳам бор. Қалбларида ҳидоятдан оғиш борлар фитна мақсадида ва уни таъвил қилиш мақсадида ундан муташобиҳ (маъноси Ўзидан ўзгага номаълум) бўлганига эргашади. Унинг таъвилини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмас. Илмда собит бўлганлар эса, унга иймон келтирдик, барчаси Раббимиз ҳузуридандир, дерлар. Ва фақат ақл эгаларигина эслайдилар» (Оли Имрон сураси, 7-оят).
Демак бу оятдан кўрамизки, аниқ далилларни ташлаб аниқ бўлмаганларини келтиришлик дилларида оғиш борларнинг, хусусан Бидьат аҳлларининг йўлидир.
Янада тушунарли бўлиши учун қуйида мисол келтирамиз. Салафлар Аллоҳнинг Самолар юқорисида, Арши устида (Истива) эканлигига иймон келтиришади. Чунки Қуръон ва саҳиҳ ҳадислардан шу нарса келган, аммо Ашъарийлар Аллоҳнинг бу сифатини ҳам, яъни Арши устида (юқорисида) эканлигини ҳам таъвил этишади. Қуйида ўзларининг ақидаларини қандай қилиб «исбот» қилишга уринишларига мисол келтирамиз ва ҳар бир «далилларига» жавоб ҳам берамиз.
а) Ашъарийлар:
Аҳмад Ибн Таймия: «Аллоҳ осмонда ал-Аршни устида ва тахтда ўтиради ва ёнида Пайғамбарга жой бўшатиб тайёрлаб қўйгандир», – деган деб Аҳлус Сунна эргашадиган имомлардан бири, Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳнинг ақидаси нотўғри, демак сизларники ҳам нотўғридир, деб айтмоқчи бўлишади.
Жавоб: Биринчидан, Бу нарса Ибн Таймия номига ботил нарсани унинг ақидаси деб нисбат беришликдир. Яъни унинг ақидаси тамомила бошқа, аммо Ашъарийлар бу ерда унинг ақидаси бундай деб ёлғон айтишмоқда. Бу кичкина нарса эмас, катта нарса ва уламолар гўшти заҳарлик эканлигини ҳам унутмаслигимиз даркор.
Абуд-Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Олимнинг обиддан афзаллиги тўлин ойнинг бошқа юлдузларга нисбатан афзаллигига ўхшайди. Уламолар пайғамбарларнинг ворисларидир. Пайғамбарлар тилло ё кумуш мерос қилиб қолдирмадилар, балки илм қолдирдилар. Ким уни олган бўлса катта насибани қўлга киритибди» деганлар (Абу Довуд, Термизий, Доримий ривоятлари).
Шайх Абдурраҳмон Саъдий таъкидлаганидек: «Мусулмонларнинг тўғри йўлдаги уламоларини ҳурмат қилиш билан Аллоҳ таолога қурбат-яқинлик ҳосил қилишлари аҳли суннат ва жамоат эътиқодидан ҳисобланади».
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ: «Салафлар: Олимнинг ўлими Исломдаги кемтик бўлиб, уни замонлар ўтиши тўлдира олмайди, дер эдилар» – деганлар.
Авзоъий раҳимаҳуллоҳ: «Биз одамлар деганда аҳли илмларни тушунамиз. Улардан бошқалар ҳеч ким эмас» – деганлар.
Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳ: «Агар биргина фақиҳ тоғнинг чўққисида бўлса-да, унинг ўзи жамоатдир» – деганлар.
Шу маънода шоир айтади:
Одамзот шаклда баробар яралмиш,
Барчаси Одаму Ҳавводан таралмиш.
Мақтанмоқ на ҳожат «Мен фалоний» деб,
Асли насли обу тупроқдан тўралмиш.
Афзаллик олимлар шаънига ярашар,
Уларнинг нурила зулматлар ёришар.
Инсоннинг қиймати илмла ўлчанар,
Жоҳиллар «Зўрман» деб беҳуда кучанар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтдилар: «Бир фақиҳ (олим)га озор берган одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга озор берибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга озор берган одам эса Аллоҳ таолога озор берибди».
Мазкур оят, ҳадис ва ҳикматли сўзлардан Уммат уламолари эга бўлган олий мақом ва даражалар намоён бўлмоқда. Шунинг учун одамлар уларни тақдирлашлари, ҳурматларини ўрнига келтиришлари, шараф ва обрў каби ҳақларини тўла қилиб беришлари лозим бўлади.
Иккинчидан, Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳнинг Мажмуъ ал-Фатавасида 4- жилд 374 – бетида: «Аллоҳ осмонда ал-Аршни устида ва тахтда ўтиради ва ёнида Пайғамбарга жой бўшатиб тайёрлаб қўйгандир»га яқин ёзилгани бор.
У ерда Ибн Таймия «Мен шундай деб иймон келтираман», демадилар, балки мана шундай деб ривоят қилганлар борлиги ҳақида айтганлар.
Келтирганидан кейин бу гапларга ҳеч қандай асос йўқ эканлигини, бу ривоят Мужоҳиддан ривоят қилингани, аммо буни ақида сифатида қабул қилиш мумкин эмаслиги, бунга сабаб у айтилганга Қуръон ва саҳиҳ ҳадислардан далил йўқ эканлигини айтганлар.
Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ бошқа китобларида, яъни Дарут Таъаруд китобларининг 5-жилд, 237-бетларида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Арши устида ўтиришлари ҳақидаги ҳадислар ҳаммаси мавзу (ўта заиф) ҳадислардир ва шунинг учун ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадислар билан ундан бошқаларнинг ривоятларини фарқлашимиз керакдир, деб айтганлар.
Демак, кўриниб турибдики, улар Имом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ номига ёлғон нарсани ишлатиб ўзларининг ақидаларини исбот қилмоқчи бўлишади.
б) Ашъарийлар:
Тоҳа сураси 5-оят:
«Аллоҳ ал-Аршни устидан ҳам ҳукумрондир ва уни ҳукми остидадир».
Аҳли суннат вал жамоа эьтиқоди олимлари бу оятни бундай тафсир қилганлар.
Бу истива сўзи араб тилида 15 дан ортиқ маънолари бор. Бу оятда истива сўзи ҳукмронлик маъносида келган. Аллоҳ макон, жой, масофа, ўзгариш каби нуқсонлардан покдир ва ўзгармайди.
Ҳазрати Имом Али дедилар: «Аллоҳ ал-Аршни Ўз Қудратини кўрсатиш учун яратган, асло ўзига жой қилиб эмас» (Имом Абу Мансур ал-Бағдодий «Оқимлар фарқи» номли китобда келтирилган).
Жавоб: Биринчидан, Истaванинг маъносини Салафлар нима деганлигини қисқача келтирайлик:
Абу Мутиил Ҳақам ибни Абдуллоҳ ал-Балхийдан қуйидаги хабар келди, айтадиларки: Абу Ҳанифага «Роббим само юқорисидами ердами, билмайман» деган одамнинг ҳукмини сўрадим. «Шубҳасиз у кофир бўлибди» – дедилар. «Чунки Аллоҳ азза ва жалла шундай дейди:
«Раҳмон аршнинг устига истива қилгандир (юксалгандир)« (Тоҳа сураси, 5-оят). Арши ҳам етти кават осмоннинг устидадир» деди. Мен айтдим: «У одам айтяпдики, аршнинг устига истива қилган, лекин аршни само юқорисидами ердами билмайман». Такрор Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ шундай деди: «Аршнинг само юқорисида эканлигини инкор қилдими, шубҳасиз у кофир бўлибди». (Заҳабий «Улувв» – 118, Абу Ҳанифа «ал-Фикҳул Абсат» – 46, ибни Таймия «Мажмуул фатава» – 5 том, 48, ибни Қойймм «Ижтимаул Жуюшил Исламия» – 139, ибни Қудома «Улувв» – 116, ибни Абил Изз «Шарҳул Ақидатут-Таҳавия» – 301 да ривоят қилганлар).
Бу ерда Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ Тоҳа сураси, 5-оятини қўллаб Аллоҳнинг Арши юқорисида эканлигини исбот қилганлар.
Жаъфар ибни Маймун шундай дейди: Молик ибни Анасга: «Раҳмон Аршга истива қилди (кўтарилди)« ояти ҳақида: «Қандай қилиб кўтарилди?» – деб савол берди. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ унга: «Истива (кўтарилиш) маълум, кайфият номаълум, унга иймон келтириш фарз, у ҳақда сўраш бидъат. Сен адашган кўринасан» – деб жавоб бердилар ва савол берган одамни ҳузуридан чиқариб юборишга буюрдилар. (Исмоил ибн Абдурроҳман – 18, Абу Саид ад-Доримий «ар-Радду аълал Жаҳмия» – 28, ал-Ҳиля – 6 том, 325-326; Ибни Абдул-Барр «ат-Тавҳид» – 7 том, 151, Имом Бағавий: «Шарҳуссунна»).
Бу ерда Имом Молик раҳимаҳуллоҳ оятдаги истaванинг маъноси Аллоҳнинг Арши юқорисида эканлигига ишониш вожиблигини айтганлар.
Иккинчидан, Ашъарийлар кўпинча Истиванинг 15 та маъноси бор ва ҳ.к. каби шубҳалар билан келишади, аммо Салафлар Истaвани қандай тушунишган, шунга аниқ қарашмайди. Айниқса, араб тилини билмайдиганлар учун бу нарсалар каттароқ шубҳа кўриниши мумкин. Аммо оятда истaва сўзи ўзи келгани йўқ, ундан олдин عَلَى (аъла) келмоқда. Истaва сўзи عَلَى билан ишлатилганда фақатгина бир маънони яъни юқори бўлишлик маъносини билдиради.
Учинчидан, агар Имом Алининг айтганлари саҳиҳ ҳисобланса, унинг айтганларида Аллоҳ Арши юқорисида эмас деган маъно келиб чиқмайди. Балки, нима учун Арш яратилганлиги ҳақида гапирмоқдалар. Шунинг учун ҳам Аллоҳнинг Арши юқорисидалигини (истива – Ўзига хос равишда кўтарилиши, юқори бўлишини) Ашъарийлар Унинг Қудрати, ҳукмронлиги деб таъвил қилишиларига Имом Али разияллоҳу анҳунинг айтганлари ҳеч қандай далил эмасдир. Бундан ташқари, ҳеч ким Арши Аллоҳнинг Жойи, деб таъкид қилаётгани йўқ. Бу ерда Аллоҳнинг Арши юқорисида эканлиги ҳақида гап кетмоқда.
Тоҳа сураси 5-оят маъноси таржимаси: «Аллоҳ Арши устига (Ўзига хос равишда) юқори бўлди» дейилса Салафлар тафсирига мувофиқ бўлади.
в) Ашъарийлар:
Саҳоба имом Али разияллоҳу анҳу дедилар: «Аллоҳ абадий жойсиз, маконсиз бор эди. У ҳозир ҳам шундай бор, яъни маконсиз ва жойсиздур» (Абу Мансур ал-Боғдодийдан ривоят қилинган).
Жавоб: Бу ҳам Аллоҳнинг Арши юқорисида эмаслигига далил эмас. Ҳеч ким Аллоҳни маконда дегани йўқ. Макон бу Аллоҳ таолонинг махлуқидир (яратгани). Аллоҳ таоло барча нарсалардан юқоридадир, шу жумладан маконда эмас, балки макон юқорисидадир. Маконда бўлишлик бу махлуқотларга хосдир. Шунинг учун ҳам «Аллоҳ каерда?», деб сўралганда «Аллоҳ ҳамма жойда, Аллоҳ калбимда» деганларнинг жавоблари нотўғридир. Чунки ҳамма жойга макон ҳам киради (яъни ҳамма жой деганда макон ҳам ҳамма жойнинг ичидадир), қалб ҳам макон ташқарисида эмас, балким маконда жойлашган.
г) Ашъарийлар:
Имом Абдул Ғаний ан-Набулсий айтганлар: «Кимки Аллоҳ осмону ерни тўлдириб туради деса ёки Аллоҳ осмонда ал-Аршни устида ўтиради деса бу инсон кофирдирдир дедилар».
Жавоб: Салафлар ақидаси Аллоҳ Арши устида ўтиради эмас, балким Аллоҳ Арши юқорисида деб иймон келтиришликдир.
Мана бир неча мисоллардан очиқ кўринадики, Ашъарийлар агар оятни тафсир қилмоқчи бўлсалар, Салафлар тафсирларига мурожаат қилишмайди. Агар Салафлардан иқтибос келтирмоқчи бўлсалар, Аллоҳнинг Арши юқорида эканлигига алоқаси бўлмаган далилларни келтиришади. Мисолнинг бошида айтилганидек, аниқ далилларни ташлаб, аниқ бўлмаган далилларни ишлатишади:
«Унда муҳкам (аниқ) оятлар ҳам бор ва улар китобнинг аслидир ва муташобиҳ (оят)лар ҳам бор. Қалбларида ҳидоятдан оғиш борлар фитна мақсадида ва уни таъвил қилиш мақсадида ундан муташобиҳ (маъноси Ўзидан ўзгага номаълум) бўлганига эргашади. Унинг таъвилини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмас. Илмда собит бўлганлар эса, унга иймон келтирдик, барчаси Раббимиз ҳузуридандир, дерлар. Ва фақат ақл эгаларигина эслайдилар» (Оли Имрон сураси, 7-оят).
Ашъарийларнинг Аллоҳнинг Сифатларини рад ва таъвил қилишда ишлатадиган ақлий далиллари ҳам, матн далилларида ҳам нуқсон, ҳам қарама-қаршиликлар мавжуд эканлиги юқоридаги мулоҳазаларда исбот қилинди.
Хусусий шубҳаларга жавоблар
1-савол: Ашъарийлар Мусулмонларнинг 99% ни ташкил этади шундай экан, қандай қилиб Ашъарийлар мазҳаби хато бўлиши мумкин?
Жавоб: Биз Ашъарийларнинг мусулмонларнинг 99% ни ташкил этишига ишонмаймиз, чунки турли хил (улардан бўлмаган) фирқалар жуда ҳам кўп. Шунинг учун ҳам уларнинг бу таъкидлари аниқ далил билан исботланмагунича ҳисобга олинмайди.
Ҳаттоки, уни тўғри деб ҳисобласак, у дегани уларнинг хатолардан пок эканликларидан далолат бермайди, чунки мусулмонларнинг кўпчиликларининг айтгани эмас, балки мусулмонларнинг ижмоси бизларни хатолардан пок қилади.
Абдуллоҳ Ибн Умар разияллаҳу анҳу ривоят қиладилар: Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларки, маъноси: «Менинг умматим хатоликда бирлашмайди» (Саҳиҳ ҳадис).
Бундан ташқари, мусулмонлар таъвилчилардан анча олдин уларнинг ақидаларига тескари бўлган ақидада бирлашишган. Яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва унинг саҳобалари Ашъарийлар ақидаси билан эмас, балки уларнинг (Ашъарийларнинг) ақидасига зид бўлган ақида асосида бирлашишган. Салафларимиз бу умматнинг қалби ҳисобланади. Улар Аллоҳ таоло Ўзини сифатлаган ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳни сифатлаган барча сифатларни тасдиқ, исбот қилганлар. Улар (Сифатларга) таъллуоли матнларнинг зохирий маъносини қабул қилиб, Сифатларга таҳрифсиз, таътилсиз, такйифсиз ва тамсилсиз иймон келтиришган.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам салафларимизнинг яхшиликларига ўзлари гувоҳлик берганлар: «Аср-авлодларнинг энг яхшиси менинг асрим, сўнг ундан кейингиси, сўнг ундан кейингиси» (Бухорий №6429 ва Муслим №2533 Ибн Масъуддан ривоят қилишди).
Салафларнинг Аллоҳнинг Исм ва Сифатларига қандай иймон келтиришлари ҳақидаги ижмоси бизлар учун етарлидир. Чунки уларнинг ижмоси бизларга Қуръон ва ҳадисларни қандай тушуниш ва қандай амал қилишни ўргатади.
2-савол: Баъзи уламолар Ашъарий бўлишган, қандай қилиб Ашъарийлар мазҳаби хато бўлиши мумкин?
Жавоб: Биринчидан, ҳаттоки, баъзи кишиларнинг ўрин ва даражалари уларнинг каломларининг тез қабул қилинишини тақозо этса ҳам хақиқат одамларга қараб ўлчанмайди, балки одамлар хақиқатга қараб ўлчанади.
Чунки, ҳар бир инсон хато қилувчидир. Унинг хато қилганлигига бир неча сабаблар бўлиши мумкин. Масалан, балки у инсонга хақиқат етиб бормагандир, ёки у инсон маълум бир йўл ёки мазҳаб тарқалган жойда яшаганлигидан олган маълумотларини тўғри деб ҳисоблаган бўлиши мумкин.
Имом Молик раҳимаҳуллоҳ айтганларки: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин ҳар қандай инсон борки, унинг баъзи сўзлари олинса, (баъзилари) тарк этилади. Фақат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинггина барча сўзлари олинади».
Иккинчидан, агар Ашъaрийлар ақидаси таъсир қилган уламолар билан салафлар ақидасида бўлган уламоларни солиштирсак, у ҳолда Ашъарийлар ақидасидан таъсирларган уламолардан ҳам улуғрок, даражалари баландроқ бўлганлар Ашъарийлар ақидасига зид бўлганларини кўрамиз. Масалан, 4 мазҳаб имомлари Ашъарийлар ақидасида бўлишмаган. Кейин, 4 имомлардан ҳам улуғроқ ва улардан олдин келганлар – тобеинлар ҳам Ашъарийлар ақидасида бўлишмаган. Кейин, тобеинлардан ҳам улуғрок бўлганлар – саҳобийлар, 4 та халифа: Абу Бакр, Умар, Усмон ва Алилар Ашъарийлар ақидасида бўлишмаган. Кейин, улардан ҳам улуғрок бўлган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам Ашъарийлар ақидасида бўлмаганлар.
Ибн Аббос розияллаҳу анҳу, Абу Бакр ва Умарнинг сўзлари билан суннатга қарши чиққан одамга айтдилар: «Бу кетишда кўп ўтмасдан осмондан устингизга тош ёғади. Мен сизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар десам, сиз менга Абу Бакр ва Умар шундай деди – деяпсизлар» (Абдураззоқ «ал-Мусаннаф»).
Учинчидан, шубҳасиз Ашъарийлар ақидасидан таъсирланган баъзи уламолар хусусан Имом Нававий ва Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳумуллоҳларнинг Ислом ва суннатга хизматлари жуда улуғдир. Уларнинг Исломга ва унинг ҳимоясига ва Исломнинг турли хил масалаларига оид китоблари мусулмонлар учун катта бойлик ҳисобланади. Шунинг учун ҳам, агар бу уламоларимиздан Аллоҳнинг Сифатлари масаласида таъвил қилиш содир бўлган бўлса, уларнинг Исломга хизмат қилган яхши ишларини ҳисобга олсак, у ҳолда у хато эътиборсиз бўлиб қолади.
Аллоҳ таоло айтадики:
«Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказади» (Ҳуд сураси, 114-оят).
Шунга қарамасдан, Аллоҳнинг Сифатларини таъвил қилишлик (у нарса кимдан содир бўлишидан қатъий назар) хато эканлигини одамларга тушунтириш лозим. Чунки бу нарса нотўғри нарса, яъни ёмонликдан қайтаришга киради.
Ҳамда хато нарса кимдан келишидан қатъий назар рад этилади. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларки, маъноси: «Кимки биз қилмаган ишни қилса, у нарса рад этилади» (Саҳиҳ Муслим).
Тўртинчидан, Имом Нававий ва ибн Ҳажар раҳимаҳумуллоҳлар бидьат аҳлидан эмаслар, балки Аҳли Сунна вал Жамоадан ҳисобланади. Улар Аллоҳнинг Сифатлари масаласида ижтиҳод қилганларида хато қилишган. Маълумки, мужтаҳид имом ижтиҳодида хато қилса битта савоб олади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтган зотдир: «Агар ҳоким ҳукм қилса-ю, ижтиҳод қилиб тўғри топса, унга икки ажр бўлади. Агар ҳукм қилганда ижтиҳод қилиб хато қилса, битта ажр олади» (Бухорий ва Муслим ривояти).
Ва Аллоҳ яхшироқ билгувчидир.
Бу жавоблар Шайх Муҳаммад Солиҳ ал-Усайминнинг «Китаб ул–Илм» ва бошқа китобларига асосланган.
Манба: SofIslom.com
[1]Бу хутбани «Ҳожат хутбаси» деб аталади. Бу хутбани ҳар бир ишни бошлашда ўқиш мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам саҳобаларга бу хутбани диний ишларида, у ишлар никоҳ, жума, маъруза ва бошқа бўлсин, сўзбоши қилиб ўқишлари мумкин эканини ўргатар эдилар. Бунинг аслини кўриш учун қуйидагиларга қаранг: «Сунан Ибн Можжа»: «Китабун Никаҳ: Баб Хутбатун Никаҳ», «Сунан ат-Термизий», «Сунан Аби Довуд», «Сунан Ан-Насоий», Абу Яълонинг «Сунан»и, Байҳақийнинг «Сунан»и, Табаронийнинг «ал-Муъжам ал-Кабир» ва Имом Аҳмаднинг «ал-Муснад» китоблари. Бу хутбанинг бир қисми Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ида «Китабул-жумуаъ: бабу хутбатиҳи соллаллоҳу алайҳи ва салам»да ривоят қилинган. Муфассал ўрганиш учун Шайх, Аллома, Муҳаддис Муҳаммад Носируддин Албонийнинг «Хутбатул Ҳожа» китобига мурожаат қилинсин.
[2] Салафлардан бунга далиллар жуда ҳам кўп ва бу ерда келтирилган ривоятлар билан кифояланиб қоламиз, чунки бир рисолада барча далилларни келтириб бўлмайди.
[3] Ақлий далилни асосий ўринга қўйишлик Салафлар йўлига зид эканлиги ҳам юқорида зикр этилди, аммо бу ерда (6-жавобда) шунчаки Ашъарийларнинг ақлий далилларида камчилик ва нуқсонликни кўрсатиш учун бу нарсалар айтиб ўтилди.