Намоздаги қироатда суралар тартиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, у зотнинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.
Сўнг …
«Қуръонда аввал келган (сура)дан олдин кейинги келган (сура)ни қироат қилиш «تنكيس» – тартибни ўзгартириш деб аталади ва у бир неча қисмдан иборат:
(1) Ҳарфлар тартибини ўзгартириш;
(2) Калималар тартибини ўзгартириш;
(3) Оятлар тартибини ўзгартириш;
(4) Суралар тартибини ўзгартириш.
(1) Ҳарфлар тартибини ўзгартиришга келсак, бир калимадаги аввал ўтган ҳарфлардан олдин кейинги келган ҳарфларни муқаддам қилишлик. Мисол учун: «Роб»ни «Бор» деб ўқишга ўхшаш.
Бунинг ҳаром эканлигида шак-шубҳа йўқдир. Ва ушбу иш сабабли намоз ботил бўлади. Чунки у Қуръонни Аллоҳ таоло сўзлаган кўринишдан чиқарди. Шунингдек, маъно ҳам тамоман ўзгариб кетади.
(2) Калималар тартибини ўзгартиришга келсак, бу кейинги келган калимани ўзидан аввалги келган калимадан муқаддам қилишлик билан бўлади.
Мисол учун: «قُلْ هُوَ اللَّهُ أَحَدٌ»ни ўрнига أَحَدٌ اللَّهُ هُوَ قُلْ» «деб ўқишга ўхшаш.
Бу ҳам шак-шубҳасиз ҳаром ишдир. Чунки бу билан Аллоҳнинг Каломини Ўзи субҳанаҳу сўзлаган кўринишдан чиқариш бўлади» («Шарҳ ал-Мумтиъ» (3/110)).
(3) Оятлар тартибини ўзгартиришга келсак, у кейинги келган оятни ўзидан олдинги оятдан муқаддам қилишдир. Мисол учун: «إِلَهِ النَّاسِ» оятидан олдин «مِن شَرِّ الْوَسْوَاسِ الْخَنَّاسِ» оятини ўқишга ўхшаш.
Бу ҳақда Қози Иёз раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Ҳар бир сурадаги оятлар тартиби, ҳозирда мусҳафда қандай бўлса шундайлигича Аллоҳ таоло томонидан тавқифий-(ижтиҳодга ўрин йўқ) иш эканлигида ихтилоф йўқ. Уммат буни шундайлигича ўз Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламдан нақл қилган» («Шарҳ ан-Нававий» (6/62), Ибнул Аробий ҳам «Фатҳ» (2/257)да шундай дедилар).
Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Оятлар тартибини ўзгартириш ҳам рожиҳ қовлга кўра ҳаромдир. Чунки оятлар тартиби тавқифий. Тавқифий деганининг маъноси: ушбу иш Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам амрлари билан бўлгандир» («Шарҳ ал-Мумтиъ» (3/110)).
(4) Суралар тартибини ўзгартиришга келсак, у кейинги келган сурани ўзидан аввал келган сурадан муқаддам қилишдир. Мисол учун: Оли Имрон сурасини Бақара сурасидан аввал ўқиш каби.
Ушбу ишнинг ҳукмига келсак: Уламолар орасида суралар тартиби тавқифий эмас ва бу борада бирор монелик йўқ, деганлари бўлди.
Улар орасида (суралар) тартиби тавқифий ёки Қуръоннинг ушбу тартибига саҳобаларнинг ижмоси ҳужжатдир деб билганлари, ушбу ишни жоиз эмас дедилар.
Тўғриси эса: Суралар тартиби тавқифий эмас. Балки у баъзи саҳобаларнинг ижтиҳодидир. (Қўлимиздаги мусҳаф) сураларининг тартиби борасида саҳобалар ўртасида ижмо йўқдир. Зеро Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг мусҳафлари (суралар) тартиби жиҳатидан (қўлимиздаги) мусҳафдан ўзгачадир.
Суннатда ушбу ишнинг жоизлигини қўллаб-қувватлайдиган далиллар бор:
а) Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан тунда намоз ўқидим. Бақара (сурасидан) бошладилар. Юз оятдан кейин рукуъ қилсалар керак дегандим, давом этдилар. Ушбу ракатда уни (Бақарани) ўқисалар керак дегандим, давом этдилар. Энди ушбу (сурадан кейин) рукуъ қилсалар керак дегандим, сўнг Нисодан бошлаб, уни (Нисони) сўнг Оли Имронни ўқидилар…» (Муслим (772)).
Ушбу ҳадисдаги биз гаплашаётган мавзуга тегишли ўрни, у киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Нисони Оли Имрондан олдин ўқидилар.
Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Қози Иёз айтдиларки: Ушбу (ҳадис)да суралар тартиби мусҳафни жамлашгандаги мусулмонлар томонидан бўлган ижтиҳоддир деган кишига далил бор. Ушбу иш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан бўлган тартиб эмас, балки уни ўзларидан кейин умматларига топширдилар. Ва яна шундай дедилар: ушбу Молик ва жумҳур уламоларнинг қовлидир. Ҳамда ушбу қовлни Қози Абу Бакр Баққиллоний ихтиёр қилди. Ибн Баққиллоний шундай деди: у икки қовлнинг саҳиҳроғидир.
Шундай дедилар: биз айтадиганимиз шуки: ёзиш, дарс қилиш ва таълим беришда сураларнинг тартиби(га риоя қилиш) вожиб эмас. Бу борада Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан очиқ ҳужжат ва ушбу (суралар тартибига) хилоф чиқишнинг ҳаром эканлиги чегараси ҳам йўқ. Шу сабабли Усмон розияллоҳу анҳунинг мусҳафларидан олдинги мусҳафлар тартиби турлича бўлган.
Ва яна шундай дедилар: албатта ушбу иш Усмон (розияллоҳу анҳунинг) мусҳафларида қарор топганидек Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан тавқифий бўлиб, у киши ушбу (тартибни) уларга (саҳобаларга) чеклаб-қайдлаб берганлар, ҳамда мусҳафларнинг турлича бўлиши уларга (ушбу ишнинг) тавқифий эканлиги ва сўнгги ҳолат етиб боришидан олдин бўлганди, деб айтадиган илм аҳлининг қовлига биноан, у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу ўринда аввал Нисо (сураси)ни сўнг Оли Имрон (сураси)ни қироат қилишлари, тавқиф ва тартибдан олдин бўлганди деб таъвил қилинади ва ушбу икки сура Убай (розияллоҳу анҳунинг) мусҳафларида ана шундай (тартибда) бўлган.
Ва айтдиларки: намоз ўқувчига иккинчи ракатда биринчи ракатда ўқиган сурасидан олдинги сурани ўқиши жоиз эканида ихтилоф йўқ. Балки ушбу иш бир ракатни (ўзида бўлсагина) ва намоздан бошқа ҳолатда тиловат қилаётган киши учун макруҳ бўлади.
Шундай дедилар: дарҳақиқат баъзилар буни ҳам мубоҳ деб айтишди.
Салафларнинг Қуръон тартибини ўзгартирган ҳолатда қироат қилишдан қайтарганликлари, энг охирги сурадан (бошлаб), аввалги сурага қараб қироат қилаётган кишигадир, деб таъвил қилинади.
Айтдиларки: ҳар бир сурадаги оятлар тартиби ҳозирда мусҳафда қандай бўлса Аллоҳ таоло томонидан шундай тавқифийдир. Уммат буни Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ана шундай нақл қилди. Бу Қози Иёз (раҳимаҳуллоҳнинг) охирги сўзлари бўлди» («Шарҳ Муслим» (6/61-62)).
Синдий шундай деди: ««Сўнг Оли Имрон сурасини бошладилар» деган қовлларига келсак, бундан қироатда суралар ўртасида тартиб лозим эмас деган маъно келиб чиқади» («Шарҳ Насоий» (3/226)).
б) Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят: «Ансорлардан бўлган бир киши уларга Қубо масжидида имом бўлди. У намозда ҳар бир сурадан олдин «قُلْ هُوَ اللَّهُ أَحَدٌ»ни ўқиб, сўнг бошқа сура ўқирди. Ушбу ишни ҳар ракатда қиларди. Шериклари унга: сен ушбу (ихлос) сурасидан бошлаб, ушбу сурани ўзи кифоя қилмаса керак деган ўйда бошқа (сура)ни ҳам ўқияпсан. Ё уни (ихлос сурасини) ўзини ўқи, ё уни қўйиб, бошқа (сурани) ўқи деб айтишди. У эса: мен уни (ихлос сурасини) тарк этмайман. Агар шундайлигича сизларга имом бўлишимни хоҳласангизлар бўлай, агар ёқтирмасангизлар сизларни тарк этаман деди. Улар эса уни ўзларининг ичларидаги энг афзаллари деб билардилар. Ва ундан ўзгаси имом бўлишини хоҳламадилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам келгач, у кишига ушбу хабарни етказишди. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Эй фалончи сени шерикларинг буюраётган ишни қилишдан нима тўсяпти? Ҳар бир ракатда ушбу сурани лозим тутишингга нима ундаяпти?», дедилар. У: мен уни (ихлос сурасини) яхши кўраман деди. Шунда у киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Уни (ихлос сурасини) яхши кўришинг, сени жаннатга олиб кирди», дедилар» (Бухорий таълиқ ўлароқ ривоят қилдилар. Термизий Бухорийнинг йўлларига кўра ривоят қилдилар (2901)).
Ушбу ҳадисдаги шоҳид шуки, ушбу киши намозида ихлос сурасини, ундан аввал келадиган сурадан олдин қироат қилди. Ва дарҳақиқат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бунга иқрор бўлдилар.
в) Ва бу Умар розияллоҳу анҳунинг ҳам феълларидир.
Имом Бухорий шундай дедилар: «Аҳнаф аввалги (ракатда) Каҳфни, иккинчи (ракатда) эса Юсуф ё Юнусни ўқиди. Ва у Умар розияллоҳу анҳу ҳозирлигида бомдод намозини ўқигани зикр қилинди» («Азон китоби. Бир ракатда икки сурани жамлашлик ҳақидаги боб»).
Ибн Боз раҳимаҳуллоҳга савол берилди: «Намоз асносида суралар тартиби(га риоя қилишлик) вожибми ёки вожиб эмасми?»
Шайх раҳимаҳуллоҳ жавоб бердилар: «Суннат тартиб(га риоя қилишдир), ҳудди саҳобалар мусҳафни тартиблаганларидек. Ана шу афзалидир. Кимда-ким тартибни ўзгартирса ҳараж-танглик йўқ. Ёки Оли Имронни сўнгра Бақарани ўқишлигида ҳараж-танглик йўқ. Бироқ афзали саҳоба розияллоҳу анҳумлар Усмон (розияллоҳу анҳу) даврларида Қуръонни жамлаганларидаги тартибга биноан юришдир. Бақарани ўқигач, Оли Имрон ва ундан кейинги сураларни ўқийди. Мисол учун ўзидан кейинги келган сурани ўқиса, зилзила, валъадият ва ҳаказо. Мусҳаф тартибига кўра (ўқиши) афзалдир. Бироқ тартибни ўзгартириб, Қуръоннинг охиридан, сўнгра бошидан ўқиса, бунда ҳам ҳараж-танглик йўқ. Умар розияллоҳу анҳудан, у киши бомдод намозида биринчи (ракатда) Наҳл сурасини, иккинчи (ракатда) эса ундан (Наҳл сурасидан) олдинги Юсуф сурасини ўқиганликлари нақл қилинган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам баъзи тунлари Бақара, сўнг Нисо, сўнгра Оли Имронни ўқиганлар».
Фатво манбаси: http://binbaz.org.sa/mat/11233
Аллоҳ Пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.
Манба: Тавҳид форуми