Тарбиялаш мақсадида болани уришлик

Тарбиялаш мақсадида болани уришлик

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, у зотнинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг …

Салафлар ёмон ишлари учун болаларини уришгани ривоят қилинган. Иброҳим Наҳаий раҳматуллоҳи алайҳ айтадиларки: «Кичиклигимизда бизни гувоҳлик ва аҳдлашув учун калтаклардирлар» (Бухорий (2/251), Муслим (4/1692-1693)).

Яъни салафлар болалар қасамхўрлик, назр ва шу каби ишларларга ўрганиб қолмасликлари учун уларни уришган. Агар шундай қилишмаганида, Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтганларидек, бунинг оқибатида ўрни бўлмаган жойда бу ишларга қўл уриб қўйишган бўлишарди.

Шундай бўлсада, шубҳасиз болаларни қаттиқ уришлик мумкин эмас. Болани қаттиқ уриш натижасида уларга етган оғир оқибатларга мисоллар ҳаётда жуда кўп. Шунинг учун бу масалада эҳтиёткор бўлиб, нима учун койиш керагу, нима учун орқасига уриб қўйиш кераклигини ажрата билиш керак. Агар боланинг ҳар бир шўхлиги учун койисак ва урсак, у бунга ўрганиб қолади. Кейинчалик агар ҳақиқатдан койиш ёки уришга лойиқ иш қилганида урилса, у буларнинг орасидаги фарқни англамай қолиши мумкин.

Шайх Солиҳ Фавзон ҳафизаҳуллоҳ юқорида келган ҳадис борасида шундай дедилар: «Салафлар уришдан тарбия воситаси сифатида фойдаланишган. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уришликка буюриб: «Болани етти ёшга кирганида намозга буюринглар, ўн ёшга кирганида намоз ўқимаса уринглар» деганлар. Уришлик тарбиянинг бир услуби ҳисобланади. Ўқитувчи ва тарбиячилар ўқувчиларни тарбия мақсадида уришади. Ҳукмдорлар тарбиялаб ва таъзир бериб уришади. Эр хотинини итоатсизлиги учун уради.

Ушбу услубни қораловчилар: «Дарҳақиқат, ушбу услуб фойда бермайди» дейишади. Бундай дейдиган ўша одамларга ғарб ва ғарб тарбияси ўз таъсирини ўтказган. Улар анавиларга эргашиб буни бизга айтишади, чунки буни улардан ўрганишган-да.

Аллоҳ ва Расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва салаф солиҳларимиздан етиб келган нарсага келсак – уришлик услуби самарали воситадир. Аммо чегарадан чиқилмасин, терини тиладиган ёки суягини синдирадиган (даражада) қаттиққўллик бўлмасин, эҳтиёжга яраша бўлсин.

Яна Иброҳим Наҳаийнинг сўзларидан шундай фойда оламизки, бизга фарзандлар тарбияси билан шуғулланишлигимиз шарт бўлади. Чунки бу салаф солиҳларнинг йўлидир. Бугунги кунга келсак, болаларини (ёмонликлардан) ушлаб турадиганлар мавжуд эмас. У (бола)лар хоҳлаганини қилишяпти: кўчанинг ҳамма ерида санғиб, кўнгилхушлик қилишади. (Бу билан) одамларга озор беришади, намозни тарк қилишади, бир-бирларини ҳақорат қилишади, ҳатто ҳаром нарсаларни истеъмол қилишлари ҳам мумкин, ёмон одамлар билан алоқа қилишади ва улар билан санғишади. Фарзандлари ҳақида сўрайдиган ҳеч ким йўқ! Аммо агар унинг қўйлари бўлганида, сен уларнинг ташвишини қилаётганини кўрган бўлардинг. Улар чиқиб кетмасинлар деб тирқиш қолдирмай қўйхона эшикларини ёпади. Бироқ фарзандларининг иши уни қизиқтирмайди. Улар кирадими ёки чиқадими, фасод қиладими ёки солиҳ амал қиладими (қизиқмайди). У уларни тергамайди ва назорат қилмайди. Шу сабабли унинг болалари бузуқ бўлиб улғаяди, Аллоҳ таоло раҳм қилганлар бундан мустасно» (Қаранг: Ивануту ал-Мустафид би шарҳи Китабит-Тавҳид, 62-боб).

Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ ҳам юқоридаги ҳадис борасида шундай дедилар: «Яна (ушбу ҳадисдан) олинадиган фойда, салафлар фарзанд тарбиясига эътибор ажратганликларидир. Уларнинг минҳаж (услуб)ларидан – бу уришлик. Улар буни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрсатмаларига эргашиб амалда қўллашган. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўн ёшга тўлиб намоз ўқимаган болаларни уришга буюрганлар. Бироқ уришлик жоиз бўлишлиги қуйидаги шартларга мувофиқ бўлиши керак:

Биринчи: Бола тарбиявий жазоларни қабул қиладиган бўлиши керак ва тарбиячи уришлик маъносини билмайдиганни урмаслиги керак.

Иккинчи: Тарбиявий чорани унга валийлик қилган одам амалга ошириши керак.

Учинчи: У ададда, ёки услубда, ёки турида, ёки жисмида ёки шу кабиларда ҳаддан ошмаслиги керак.

Тўртинчи: Бола ҳақиқатдан тарбиявий жазога лойиқ иш қилган бўлиши керак.

Бешинчи: Тарбиячи бу билан уни тарбиялашни ният қилсин, ўзи учун ўч олишни эмас. Агар унинг мақсади ўч олиш бўлса, унда у тарбиячи эмас, балки у «ғолиб»дир» (Қаранг: Қовлул-Муфид, шайх Усаймин, 639-бет).

Шунингдек болани урганда юзига уришдан сақланиш керак. Чунки юзга уришлик ҳаром бўлиб, шариатда бунга далолат қилувчи жуда кўп далиллар келган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Агар бирортангиз (бировни) урса, юзига уришликдан сақлансин!» (Муслим 2612). Яна шу маънога далолат қилувчи ҳадисларни имом Бухорий ва бошқа кўпчилик имомлар ўз ҳадис тўпламларида ривоят қилишган.

Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Юзга уришлик ҳаромлигига барча уришликлар киради, хоҳ у жазо (ҳадд) сабабидан бўлсин, хоҳ насиҳат ёки тарбия учун бўлсин (фарқи йўқ). Абу Довуд зино қилган аёл ҳақидаги ҳадисни келтиради. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уни тошбўрон қилишликка амр қилганларида: «Унга отинглар, аммо юзидан сақланинглар!» дедилар. Агарда ҳатто ўлим кутаётганнинг ҳолати шундай бўлса, унда бу қолган барча (ҳолатларга) таалуқли бўлиши авлороқдир» (Қаранг: «Фатҳул Борий» 5/216).

Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ «Аллоҳ таоло ҳар бир нарсада эҳсон-яхшиликни битган (буюрган)» ҳадисини шарҳ қилганларида, фарзанд тарбиясига оид гўзал насиҳатлар қилиб, шундай дедилар: «Ҳатто болаларни жазолаганда ҳам яхшилик қилиш керак. Агар сен ўғлингни жазолаётган бўлсанг, тарбиянгда яхшилик қилгин. Қаттиқ жазолама. Баъзи одамлар фойда келтиради деб болаларини қаттиқ жазолашади. Аслида бундай эмас. Уларни чегарадан чиқмай уринглар. Чунки уламолар «жиноят ҳақидаги боб»да айтишдики: «Агар эркак киши ўғлини ҳаддан ташқари урса ва у ўлса, унда у (ота) у (бола) учун жавобгар бўлади. Агарда у қаттиққўллик қилмай оддий тарбия билан тарбия қилган бўлса ва у ўлса, унда у (ота) у (бола) учун жавобгар бўлмади». Аллоҳ билгувчироқ» (Қаранг: Шарҳ ал-Арбаин ан-Нававий ли шайх Муҳаммад ибн Солиҳ ибн Усаймин, ҳадис № 17).

Аллоҳ Пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Манба: Тавҳид форуми

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan