Фазилатли шайх Фавзоннинг жума хутбаларида араб давлатларида шу кунларда содир бўлаётган ҳодисалар борасидаги сўзлари
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Биринчи хутба
Барча ҳамдлар эшитиб-итоат қилишга буюрган ҳамда ажралиб-тарқалиб кетишдан қайтарган Зот бўлмиш Аллоҳ таолога хосдир. Шериги йўқ бўлган ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳақ Илоҳ йўқ эканига, Роббисини таниб, Унга итоат қилган кишининг гувоҳлиги каби гувоҳлик бераман. Ва яна мақталган ўрин, ҳавзи-кавсар ва шафоат соҳиби бўлмиш Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчиси эканликларига гувоҳлик бераман. Аллоҳ таоло у кишига, оилаларига, саҳобаларига ва Аҳли сунна вал жамоадан иборат ўша зотларга эргашганларга кўпдан-кўп салоту-саломлар йўлласин.
Аммо баъд…
Эй одамлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва Унинг зоҳирий ва ботиний неъматларига шукр қилингларки (Аллоҳга ҳамдлар бўлсин), мана шу шаҳарларда осойишта, кенг-фаровон ҳаёт, соғлик ва офиятда яшаб келяпсизлар. Динингизга, (қўл остингиздаги) маҳрамларингизга ва мол-дунёларингизга хотиржамсизлар. Ўзингизни йўлларда, уйларингизда, масжидларда ва сафар давомида хотиржам ҳис қиласизлар. Албатта бу улкан неъматдир. Буларни бари Аллоҳнинг фазлу-марҳаматидир. Сўнгра яна (бу диёрларда) Аллоҳнинг Китобига маҳкам боғланиш, мусулмонлар жамоасини лозим тутиш, ҳамда (ҳукмдорларга) эшитиб-итоат қилиш каби амалларни ҳам хотиржам адо қилиб келяпсизлар. Аллоҳ жалла ва аъла шундай дейди:
«Яна Парвардигорингиз билдирган (бу сўзларни) эслангиз: «Қасамки, агар сизлар (Менинг берган неъматларимга) шукр қилсангизлар, албатта (уларни янада) зиёда қилурман. Энди агар куфрони (неъмат) қилсангизлар, албатта азобим ҳам жуда қаттиқдир»» (Иброҳим: 7).
Эй Аллоҳнинг бандалари, ушбу ҳолатда яшашингизга кофир ва мунофиқлардан иборат душманларингиз асло рози бўлиб, хотиржам ўтиролмайдилар. Гапингиз бир жойдан чиқишини хоҳламайдилар. (Дин ва дунё) ишларингиз фасодга юз тутишини, бирдамлигингизга путур етишини, ҳукмдорларингизни ағдариб ташлашни ва (бир йирик давлатингизни) майда давлатчаларга ажратиб ташлашни хоҳлайдилар. Бу ҳолатга бугунги кунларда гувоҳ бўлиб турилибди. Чунки кофирлар Исломни тўсишдан ва Исломни дунё бўйлаб ёйилишига қаршилик қилишдан ожиз қолишди. Хоссатан бугунги оммавий ахборот воситалари ривожланган бир даврда Исломга эргашувчилар кўпайиб-зиёда бўлиб бормоқда. Бу оммавий ахборот воситалари динни ва дин аҳкомларини ўқиб-эшитиб ўрганиш йўли орқали тарқалиб боришига сабаб бўлмоқда. Қуръони Карим мусҳафлари ва тиловат қилинган дисклари тарқалгани сари, одамлар Исломни қабул қилиб, соғлом фитрат эгаларининг қалб тўрига йўл олмоқда. Аҳли Ислом (бугунги кунда) заиф бўлишига қарамасдан, Исломни қабул қилиш ҳолатлари кўпайиб, давом этиб турибди. Ислом дини тўғри диндирки, бу динни соғлом табиат эгалари албатта қабул қилади. Кофирлар бу ҳолатни кўришгач ва Исломни куч-қувват билан тўсиш имкони йўқ эканлигини билишгач, жирканч услубларни қўллаб кўришга боришди. Бу услублар – мусулмонлар сафини бўлиш ва давлатларини ағдариб ташлаш. Тоинки тартибсизлик кенг қулоч ёзиб, қон тўкилиш даражаси ўсиб, мол-дунё талон-тарож қилиниб, обрўлар оёқости қилинсин. Мана шу дамда (дин ва дунё) ишлари фасодга юз тутади. Бу эса уларни кўзини қувонтирадиган ҳолатдир. Лекин Аллоҳ таолонинг ҳам уларга тайёрлаб қўйгани бор. Албатта У Зот, улар хоҳламасаларда, Ўз динига нусрат берувчидир:
«Улар Аллоҳнинг нурини оғизлари билан ўчирмоқчи бўлурлар. Аллоҳ эса, гарчи кофирлар истамасалар-да, Ўз нурини тўла ёйгувчидир. У гарчи мушриклар истамасаларда Ўз пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан барча динларга ғолиб қилиш учун юборган Зотдир» (Соф: 8-9).
Ҳар қанча урунишса ҳам, ҳаргиз Исломни тўсишга қодир бўлолмайдилар. Ўзларининг диёрларида, даъво қилишларича, (Ислом одамлар орасида) радикал-экстремизмни тарқатмоқда деган (ботил) ҳужжат билан, Исломий марказларни ёпиб, хайрийя ташкилотларини маън қилиб қўйишди. Балки Ислом (одамлар орасида) ёйилганда тўғри ҳолатдаги Ислом ёйилганди. Бироқ улар Ислом радикал-экстремизмни тарқатмоқда деган бўҳтонни чаплашди. Ислом ҳар қандай радикал-экстремизмдан безордир. Аслида Ислом ўрта йўлни ва мўътадил бўлишни уқтиради. Бироқ улар Абу Жаҳл, Абу Лаҳаб ва ўшаларга ўхшаган салафлари каби Исломни умуман хоҳламайдилар. Уларга фақат муваффаққиятсизлик ва зиён бўлади. Аллоҳ таоло эса, гарчи улар хоҳламасаларда Ўз динига нусрат беради ва калимасини олий қилади.
Кофирларнинг турли макр-ҳийлаларидан ажабланиш йўқ. Балки ажабланарли ҳолат шуки, бу нарсаларга мусулмонларнинг баъзилари ва хоссатан ишни оқибатини кўра билмайдиган турли фикр эгалари алданиб қолишмоқда. Кофирларни бу ҳийла-найрангларига ўйнаб беришмоқда. «Ҳукмдорлар золим, жабру-ситам ўтказишмоқда. Озодлик, демократиядаги сўз эркинлиги, топталган ҳақ-ҳуқуқлар ва бундан бошқа имтиёзларга эришамиз» дейишмоқда. Муаммоларни ҳал қилиш бу услубда бўлмаслигини, аксинча бу кофирлар ва ишни кўзини билмайдиган, ботил ва сохта тарғиботларни англамай кофирларга (билиб-билмай) шерик бўлаётган нодон кимсалардан иборат душманларининг маккорона услубидир. Бу кимсалар масалага юзаки қарайдилар. Ишнинг қандай ёмон оқибатларга олиб келишига қарамаяптилар. Натижада Аллоҳ таоло яҳудлар ҳақида айтганидек, ўз диёрларини харобага айлантирмоқдалар:
«Улар (уйларини) ўз қўллари ва мўминларнинг қўллари билан бузурлар» (Ҳашр: 2).
Бу яҳудларнинг ҳолати. Мусулмонларга бугун нима бўлдики, уйларини ўз қўллари ва кофирларнинг қўллари билан бузмоқдалар?! Аллоҳ таолодан офият сўраймиз. Бу ишларга огоҳ бўлмоқ ва алданиб қолмаслик вожиб бўлади. Аллоҳ жалла ва аъла шундай дейди:
«Айтинг: «(Аллоҳ) сизларга устингиздан ё оёқларингиз остидан азоб юборишга ёки сизларни гуруҳ-гуруҳ қилиб аралаштириб-қориштириб (яни, бир-бирига душман тўдаларга айлантириб) юбориб айримларингизга айримларингизнинг зарарини тотдириб қўйишга Қодир бўлган Зотдир». Қаранг, англаб етармикинлар, деб оятларимизни қандай баён қилмоқдамиз. Қавмингиз уни (яни, Қуръонни) ёлғон деди. Ҳолбуки, у ҳақдир. Уларга айтинг: «Мен устингизда вакил – қўриқчи эмасман. Ҳар бир хабарнинг ўз ўрни бор. Яқинда билажаксиз»» (Анъом: 65-67).
Бу ишни кўзини билмайдиган «зиёлилар», фикри бузуқ кимсалар, мактаб кўрмаган нодонлардан иборат фикрлаш даражаси саёз бўлган кимсаларнинг ҳолатидир. Улар Аллоҳнинг Китоби ва Росулининг Суннатидан умуман хабари йўқ кимсалардир. У Зот субҳанаҳу ва таоло: «Айтинг: «(Аллоҳ) сизларга устингиздан азоб юборишга»» яъни, осмондан ҳалок қилувчи момақалдироқ, вайрон қилувчи ёмғирни ва бундан бошқа Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Ўзигина биладиган самовий офатларни жўнатишга Қодир зотдир. Ё бўлмаса: «оёқларингиз остидан азоб юборишга» яъни, ўзингиз билиб турганингиздек, ҳозирги кунда рўй бераётган зилзилалар ва вулқонларни отилиши каби, ер ютишлари ва шаҳарларни вайрон қилиб, (бемалол ҳаракат қилишдан тўсиб қўядиган) ер ёрилишларини бир зумда амалга оширишга Қодир Зотдир. Бу ишларнинг бари Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Қудрати (нақадар буюк) эканидандир.
«(Эй Макка кофирлари), ё сизлар (кофирлигингизда оёқ тираб тураверсангизлар) осмондаги Зот сизларни ерга юттириб юборишидан, бас, баногоҳ (ер) титроққа тушиб, (сизларни босиб) қолишидан хотиржаммисизлар (қўрқмайсизларми)?! Ёки сизлар осмондаги Зот устингизга тош ёғдиришидан хотиржаммисизлар?! Ҳали (азобга гирифтор қилинганларингизда) Менинг огоҳлантиришим қандай эканлигини билиб олажаксизлар!» (Мулк: 16-17).
Мусулмонларга бу ишда кўзларини каттароқ очишлари, (бирор гап эшитиб қолишса, дарров овоза қилмасдан, бу хабарни) тагини суриштиришлари ва бу ишни ҳал қилиб бера оладиган аҳли илмларга топширишлари вожиб бўлади. Аллоҳ жалла ва аъла шундай дейди:
«Қачон уларга тинчлик ёки хавф-хатар хабари келса, уни ёйиб юборадилар. Агар пайғамбарга ва ўзларидан бўлган бошлиқларгагина етказганларида эди, уни билмоқчи бўлган кишилар ўшалардан билган бўлур эдилар» (Нисо: 83). Аллоҳ таолонинг ушбу: «ёки сизларни гуруҳ-гуруҳ қилиб аралаштириб-қориштириб (яъни, бир-бирига душман тўдаларга айлантириб) юбориб айримларингизга айримларингизнинг зарарини тотдириб қўйишга Қодир бўлган Зотдир» қовлида учинчи огоҳлантирув келяптики, бу зилзилалар ва вулқонлардан кўра шиддатлироқдир. Осмондан тушадиган балолардан ҳам оғирроқдир. Мусулмонларда бир-бирларига нисбатан норозилик руҳи уйғонса, бир-бирларини қириб, асир оладилар. Бу ўта оғир ҳолатдир. Аллоҳдан паноҳ сўраймиз. Шунинг учун Росул соллоллоҳу алайҳи ва саллам ана шу ишни зикри ўтганда (Аллоҳдан) паноҳ сўрадилар. Аллоҳ таолонинг ушбу қовлини эслаганларида паноҳ сўрадилар: «ёки сизларни гуруҳ-гуруҳ қилиб аралаштириб-қориштириб (яни, бир-бирига душман тўдаларга айлантириб) қўйишга (Қодир Зотдир)» яъни, фирқалар, гуруҳлар ва турли жамоатларга (бўлиб ташлашга Қодир Зотдир). «Айримларингизга айримларингизнинг зарарини тотдириб қўйишга Қодир бўлган Зотдир». Натижада уларни, ўзларини қўллари билан ҳалок қилиб ташлайди. Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳдан умматларини қаҳатчилик билан ҳалок қилмаслигини ва умматларига ўзларидан бўлмаган душманни ғолиб қилмасликни сўраб дуо қилганларида, Аллоҳ таоло бу икки сўровларини ижобат қилди. Ва яна Аллоҳдан умматларини бир-бирига ғолиб қилмаслигини сўраганларида, Аллоҳ таоло бу сўровларини рад этди ва ижобат қилмади. Демак, эй Аллоҳнинг бандалари хавф-хатар ўта жиддийдир. Бизларга душманларимиз макр-хийлаларини билишимиз, бугунги ёлғон ваъдаларда ушбу макр-хийлаларга алданмаслигимиз лозим бўлади. «(Шайтон) уларга ваъдалар берур». Бу ишлар шайтоннинг ваъдаларидандир.
«(Шайтон) уларга ваъдалар берур, хомхаёлларга мубтало қилур. Охир-оқибатда шайтон берган ваъдалар фақат ёлғон-сароб бўлиб чиқар» (Нисо: 120). Шайтон мушриклар билан бадр аҳлига юриш қилиб кетаётганда айтгандики: «Ўшанда шайтон уларга қилаётган ишларини чиройли кўрсатиб: «Бу кун сизлардан ғолиб бўладиган бирор одам йўқ, ўзим сизларнинг ҳомийингизман»», деди. Энди қачонки икки жамоат учрашганида» мусулмонлар ва кофирлар қўшини, «Энди қачонки икки жамоат учрашганида эса кетига қайтиб кетди» Ва кофирларга қарата айтдики: «Албатта мен сизлардан безорман. Мен (мусулмонлар орасида) сизлар кўрмаётган нарсани (яъни, фаришталарни борлигини) кўрмоқдаман». Саҳобалар билан бирга фаришталарни кўрганди ва у фаришталарга бас келолмасди. «Мен (мусулмонлар орасида) сизлар кўрмаётган нарсани (яъни, фаришталарни борлигини) кўрмоқдаман. Мен Аллоҳдан қўрқаман. Аллоҳнинг азоби қаттиқдир» (Анфол: 48). Шайтонда аввалдаёқ ота-онамиз бўлмиш (Одам ва Ҳавво алайҳимассаламлар)га Аллоҳ таоло ейишликни ман қилган дарахтдан еб кўришни зийнатли қилиб кўрсатганди:
«(Шайтон): «Парвардигорингиз фақат фаришталарга айланмаслигингиз ёки (жаннатда) абадий яшаб қолмаслигингиз учунгина сизларни бу дарахтдан қайтарди» деди. Ва уларга: «Албатта мен сизларга холисларданман», деб қасам ичди. Ўша дарахтдан тотиб кўришган эди, (устларидаги либослари тушиб кетиб), авратлари очилиб қолди» (Аъроф: 20-22). Шайтон Одам алайҳиссаломга айтгандики:
«Эй Одам, мен сенга абадият дарахтини ва йўқ бўлмас мулку давлатни кўрсатайми?» (Тоҳа:120). Шайтон Аллоҳ таоло ейишликни маън қилган дарахтни мақтайверганидан, Одам алайҳиссалом бу мақтовга учдилар ва дарахтдан тотиб кўрдилар. Ва рўй берган ишлар рўй берди. Шу сабабдан жаннатдан чиқарилиб, ерга туширилдилар. Бироқ Аллоҳга тавба қилган эдилар, Аллоҳ таоло у кишини тавбаларини қабул қилди.
«Кейин, Одам ўз Парвардигори тарафидан бир неча сўзлар (фармонлар) қабул қилиб олганидан сўнг (Аллоҳ) унинг тавбасини қабул қилди. Албатта У тавбаларни Қабул қилгувчи Меҳрибон Зотдир» (Бақара: 37).
Эй нодон ва пасткаш фикр эгалари, Аллоҳга ота-онамиз (бўлмиш Одам ва Ҳавво алайҳимассаламлар) тавба қилишгани каби тавба қилинглар. Шояд Аллоҳ таоло бизни ва сизларни мағфират қилса. (Аввалги) тўғри ҳолатингизга қайтинглар. Махфий суратда тарқатилаётган бу тарғиботларга алданманглар. Ўзингиз билиб турганингиздек бу тарғиботлар интернет ва ойнаи-жаҳон кўрсатувларида тарқатилиб, фитна қўзғашга ундамоқда. Бу ташвиқотларни гўр ёшлар, ҳавои-нафсга эргашганлар ёки фикри бузуқлар эшитиб ёки кўриб қолса, бу билан ўша тўрга лаққа тушади. Кейин бу гапларни мақтаб, мана ҳақ нарса экан деб юради. Аллоҳдан офият сўраймиз. Бундай кимсалар ўзига-ўзи чоҳ қазиётган ёки ўзи билмаган ҳолида ўзига қабр кавлаётган киши кабидир. Бас, кофирларга алданманглар!
«Эй мўминлар, агар кофирларга итоат қилсангиз, улар сизларни кетингизга (куфрга) қайтарадилар. Бас, зиён кўргувчиларга айланиб қоласизлар. Йўқ, (улар сизларнинг дўстингиз эмас, балки ёлғиз) Аллоҳ ҳожангиздир. Ва У Зот энг яхши ёрдамчидир» (Оли-Имрон: 149-150).
Аллоҳ таоло менга ҳам, сизларга ҳам ушбу буюк Қуръонга (амал қилишимизда) барокотлар ато этсин. Бизни Қуръондаги ҳикматли эслатма ва панд-насиҳатлардан фойдалантирсин. Ўзим учун, сизлар ва барча мусулмонлар учун ҳар бир гуноҳдан истиғфор сўрайман. Албатта У Мағфиратли ва Раҳмли Зотдир.
Иккинчи хутба:
Аллоҳ таолога фазлу-марҳамати ва эҳсони (беадад) бўлгани учун ҳамд айтаман. Тавфиқ бериб қўйгани ва марҳамат кўрсатгани учун Унга шукр айтаман. Шериги йўқ, ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳақ Илоҳ йўқ эканига гувоҳлик бераман. Ва яна Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчиси эканликларига гувоҳлик бераман. Аллоҳ таоло у кишига, оилаларига ва саҳобаларига кўпдан кўп салоту саломлар йўлласин.
Аммо баъд …
Эй одамлар, Аллоҳ таолодан тақво қилинглар:
«Эй инсонлар, албатта Аллоҳнинг (қайта тирилиш ва бу дунёда қилиб ўтилган яхши-ёмон амалларнинг мукофот жазосини бериш тўғрисидаги) ваъдаси ҳақ (ваъдадир). Бас, ҳаргиз сизларни ҳаёти дунё алдаб қўймасин! Ва ҳаргиз сизларни Аллоҳ (барча гуноҳларни кечиб юбораверади, деб) алдагувчи (шайтон) алдаб қўймасин! Аниқки, шайтон сизларга душмандир, бас, уни душман тутинглар! Шак-шубҳасиз, у, ўз ҳизбини (яъни, ўзига эргашган кимсаларни) дўзах эгаларидан бўлишлари учун даъват қилур» (Фотир: 5-6).
Биз ҳукмдорлар айбсиз оппоқ демоқчи эмасмиз. Улардан хато-камчилик ва зулм рўй бермайди, халқни ўзига яраша ҳақ-ҳуқуқлари йўқ ҳам демоқчи эмасмиз. Асло бундай демоқчи эмасмиз. Балки халқни ўзига яраша ҳақ-ҳуқуқлари бор ва ҳукмдорлар ҳам айбсиз оппоққина эмас деб айтмоқчимиз. Улар (ҳукмдорлар) томонидан (камчилик ва зулмлар) бўлганча бўлмоқда. Лекин (муаммоларни) ҳал қилиш тартибсизлик, норозилик намойишлари ўтказиш, вайроналик ва биноларга ўт қўйиш билан бўлмайди. Балки муаммолар Аллоҳ таоло мана бу қовлида айтганидек ҳал қилинади:
«Қачон уларга тинчлик ёки хавф-хатар хабари келса, уни ёйиб юборадилар. Агар пайғамбарга ва ўзларидан бўлган бошлиқларгагина етказганларида эди, уни билмоқчи бўлган кишилар ўшалардан билган бўлур эдилар. Агар сизларга Аллоҳнинг фазлу марҳамати бўлмаса эди, айрим кишилардан ташқари ҳаммангиз шайтонга эргашиб кетар эдингиз» (Нисо:83). Демак, уларга ҳудди ҳозирги вақтда бўлаётгандек хавф-хатар ёки тинчлик ҳақида бирор хабар келса, оддий одамлар, шошқалоқлар, катта оломон ва фикри маълум бир чегара(ни кўриб, ундан у ёғини кўра билмайдиганлар) шошилишмасин. Бу хабарни баҳс қилиш, тарқатиш ва ҳаммани фикри билан қизиқиб кўришга ҳовлиқишмасин. Бу улар ҳал қиладиган иш эмас. Бундай масалалар Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга ҳаётлик чоғларида, вафот этгач эса суннатларига қайтарилади. «Ўзларидан бўлган бошлиқларга». Бу одамлар аҳли илм, айни давлат сиёсати билан шуғулланиб турганлар, ақли расо кишилар ва ҳукмдорлардир. Шунда улар бу муаммоларни ҳал қиладилар. Ва Аллоҳнинг изни билан бу муаммодан олиб чиқадиган кўрсатмаларни берадилар. Демак, масалани ҳал қилишдаги услуб ана шудир. Бу ишни аҳли илм, одамлар орасидаги ўткир фаҳм-фаросат эгалари бошқариб борадилар. Энди мана бу тартибсизликлар, оломон (у ердан бу ерга югуриб юришлари), норозилик намойишлари нимаси бу ахир?! Бу ҳолатлар муаммони фақат чигаллаштиради. Аллоҳдан паноҳ сўраймиз. Бу кўрнамакликни оқибати фақат давлат бошқаруви издан чиқишига олиб келади. Бошқарувда тартибсизлик рўй беради. Натижада айнан ўзлари талаб қилиб чиқаётган ҳақ-ҳуқуқлар топталади. Эҳтимол бу иш бошланишдан олдин муаммо кичик ва сабр қилса бўладиган бўлса, энди бу иш бўлгандан сўнг, барча ҳақ-ҳуқуқлар чипакка чиқадида, бирор ҳаққа риоя қилинмайди кейин. Аллоҳ таолодан офият сўраймиз. Демак, бундай ишларда кўзимизни каттароқ очишимиз, бу ишни муаммолардан олиб чиқадиган кўрсатмалар берадиган ва оғир вазиятни ҳал қилишга вазифадор бўлганларга қайтаришимиз вожиб бўлади. Бундай вазиятларда ҳовлиқмаслигимиз керак. Йиғилишларда барча ўз фикрини билдирган, ахир бундай қилиш жоиз эмас. Бу тартибсизлик. Бўлиб ҳам амалий тартибсизликка олиб борадиган фикрий тартибсизликдир. Аллоҳ таолодан офият сўраймиз. Ўзимиз, диёримиз ва биродарларимиз ҳақида Аллоҳдан қўрқайлик. Бу ишларга алданиб қолганларга насиҳат қилайлик ва у одамга тўғри йўлни кўрсатайлик. Набий соллоллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Аллоҳ таоло сизлар учун учта нарсага рози бўлди: Унга ибодат қилиб, Унга бирор нарсани шерик қилмасликларингизга. Барчангиз Аллоҳнинг арқонига маҳкам боғланиб, асло ажралмасликларингизга. Аллоҳ таоло ишларингизга бошлиқ қилиб қўйган кишига холис муносабатда бўлишларингизга» (Имом Аҳмад ривоятлари). Ҳукмдорга қарши бош кўтариш ва унга итоатсизлик қилишни эълон қилиш холис туришдан эмас. Холис туришлик, одамлар томонидан ҳукмдорларга мурожаат қилиш учун сайланган кишилар ва аҳли илмлар уни ҳузурига бориб, мана шу муаммоларни юзма-юз гаплашишлари ва ҳақиқий вазиятни ёритиб беришлари, ана шу муаммони тўғри ҳал қилиш йўлидир. Аллоҳ таолодан барчамизни Ўзи яхши кўрадиган ва рози бўладиган ишларга тавфиқ беришини сўраймиз.
Эй Аллоҳнинг бандалари Аллоҳдан қўрқинглар. Шуни яхши билингларки, сўзларнинг яхшиси Аллоҳ таолонинг Китобидир. Йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларидир. Ишларнинг ёмони янги пайдо бўлганларидир. Ҳар бир бидъат залолатдир. Жамоатни лозим тутинглар, бирдамликни сақланглар. Чунки Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтганларки: «Аллоҳнинг қўли жамоат биландир. Кимки алоҳида ажралиб олса, бас жаҳаннам томонга ажралибди».
«Албатта Аллоҳ ҳам, Унинг фаришталари ҳам пайғамбарга дуо-ю саловат айтурлар. Эй мўминлар, сизлар ҳам у зотга салавот ва салом айтинглар» (Аҳзоб: 56).
Аллоҳим Ўзингни банданг ва элчинг бўлмиш пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга салавоту-саломлар йўллагин. У кишининг тўғри йўлдаги халифалари бўлмиш Абу Бакр, Умар, Усмон, Али ва барча саҳобалардан, тобеъинлардан ва қиёматгача уларга гўзаллик билан эргашган зотлардан Ўзинг рози бўлгин. Аллоҳим Исломни ва мусулмонларни ғолиб қил. Аллоҳим Исломни ва мусулмонларни азиз қил. Аллоҳим Исломни ва мусулмонларни азиз қил. Ширкни ва мушрикларни хор қилгин. Дин душманларини хонавайрон қил. Аллоҳим дин душманларини хонавайрон қил. Аллоҳим ушбу диёрни ва барча мусулмонларнинг диёрларини тинч, осойишта ва хотиржам қилгин. Эй оламларнинг Роббиси бўлмиш Аллоҳим, диёримизда бизни саломат қилгин. Ҳукмдорларимизни ўнглагин. Гуноҳларимиз сабаб Сендан қўрқмайдиган ва бизга раҳму-шафқат қилмайдиган кишини бошлиқ қилиб қўймагин. Эй раҳмлиларнинг раҳмлиси бўлган Зот, биздан раҳматингни дариғ тутма. Хоҳ ошкор, хоҳ яширин бўлсин фитналарнинг ёмонлигидан бизни, шаҳарларимизни ва барча мусулмонларнинг шаҳарларини Ўзинг сақлагин. Роббимиз биздан ўзинг қабул айла. Албатта Сен Эшитувчи, Билувчи Зотсан.
Эй Аллоҳнинг бандалари:
«Албатта Аллоҳ адолатга, чиройли амаллар қилишга ва қавм-қариндошларга яхшилик қилишга буюрур ҳамда бузуқлик, ёмон ишлар ва зўравонликлардан қайтарур. У Зот шояд ибрат-эслатма оларсизлар, деб сизларга панд-насиҳат қилур. Аҳд-паймон берган вақтларингизда, Аллоҳга берган аҳдингизга вафо қилингиз! Аллоҳни кафил қилиб ичган қасамларингизни (Аллоҳ номини зикр этиш билан) мустаҳкам қилганингиздан кейин бузмангиз! Албатта Аллоҳ қилаётган ишларингизни билур» (Наҳл: 90-91).
Улуғ ва Буюк бўлган Аллоҳни эсланглар, (шунда У ҳам) сизларни эслайди. У Зотга барча неъматларига шукр қилинглар, (шунда) сизларга (янада) зиёда қилиб беради. Аллоҳни эслаш (барча ишлардан) улуғдир. Аллоҳ таоло қилаётган ишларингизни билиб туради.
Хутбанинг араб тилидаги манбаси: http://www.alfawzan.ws/node/13215
Эслатма: «Шайх ҳафизаҳуллоҳ бу гаплари билан муайян бир телеканални ёки муайян бир шахсни назарда тутганлар деб тарқатилган бари гаплар асоссиздир».
Манба: Тавҳид форуми