Аллоҳнинг тавҳидига далолат қилувчи улуғ оятлар

Аллоҳнинг тавҳидига далолат қилувчи улуғ оятлар

Аллома Робиъ ибн Ҳадий ал-Мадхалий ҳафизаҳуллоҳ

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳ табарока ва таоло шундай дейди: «Эй инсонлар, сизларни ва сизлардан илгари ўтганларни тақво эгалари бўлишингиз учун яратган Раббингизга ибодат қилингиз. У зот сизлар учун Ерни қароргоҳ, осмонни том қилиб қўйди ва осмондан сув тушириб, унинг ёрдамида сизларга ризқ бўлсин, деб мевалар чиқарди. Бас, билиб туриб ўзгаларни Аллоҳга тенглаштирманг» (Бақара: 21-22).

Изоҳ: Ушбу оят Аллоҳ табарока ва таолони (ибодатда) яккаламоқ, У Зот учун динни холис қилишлик, ҳамда ширк ва Аллоҳ табарока ва таолога тенгдош исбот қилишликка қарши курашишга чорловчи улкан оятлардандир. Ушбу оят оқимида У Зот уларни ибодат тавҳидига даъват қилиб, бу борада шериксиз, ёлғиз Ўзи ҳақ маъбуд эканига далил ва ҳужжатларни келтиряпти.

У Зот осмонни яратди ва уни сизлар учун қулаб тушмайдиган том қилди. Ерни эса сизларга қароргоҳ қилиб, унинг орасидан дарёларни оқизиб қўйди. Осмондан сув тушириб, унинг воситасида сизлар учун турли наботот ва мева-чаваларни ўстирди.

Сизларни яратиб, йўқдан бор қилган, ушбу неъматларни инъом қилиб, осмонлару ердаги бор нарсани сизларга бўйинсундириб қўйган Зотнинг ёлғиз Ўзи ибодатга лойиқ бўлган маъбуддир. У субҳанаҳу ва таолонинг ибодатлардан бирортасида шериги йўқдир.

Қуръон йўли-(услуби) шундайки, у тавҳидга чорловчи оятларни келтириб, уларни улуҳият ва рубубият тавҳидига далолат қилувчи оятлар билан мустаҳкамлайди. Раб таоло – Яратувчи, ризқ берувчи, Тирилтирувчи, Ўлдирувчидир. Раб таоло маъбуд-(ибодат қилинадиган Зот) ва у ибодатга лойиқдир. Чунки У Яратувчи, ризқ берувчи, Тирилтирувчи ва Ўлдирувчи Рабдир субҳанаҳу ва таоло. У билан бирор тенгдош исбот қилишлик асло жоиз эмас. Албатта бу энг улкан жиноят, энг оғир куфр ва Аллоҳ табарока ва таолога ширк келтиришнинг энг тубанидир.

Қуръон Аллоҳ табарока ва таолони тавҳиднинг (уч) тури бўлмиш ибодат, рубубият ҳамда исм ва сифатлар тавҳиди ила яккалашликка бўлган даъват билан тўладир. Суннат ҳам шундай. Бироқ аксар одамлар бундан жоҳил қолиб, ибодатдаги ширкка қўл урдилар. Уларнинг кўпчилиги ибодатдаги ширк билан рубубиятдаги ширкни аралаштириб юборади ва бунга яна Аллоҳ табарока ва таолонинг сифатларини таътил қилиш-(инкор қилиш)ни ҳам қўшади.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло нажот топувчи, ғалабага эришувчи тоифани ушбу ҳақ динда, Аллоҳ табарока ва таолога тавҳид турларини исбот қилиш асосида, ширкнинг барча тури ва кўринишига қарши курашиб қолади дея баҳо берди. Улар ушбу ҳақ, нур ва ҳидоятда собит турадиган ёлғиз тоифадир. «Умматим орасида ҳақ устида мудом ғолиб бўлиб борадиган бир тоифа бўлиб, то Аллоҳнинг амри келгунча уларни ёрдамсиз ташлаб кетганлар уларга зарар етказмайди» («Саҳиҳ Муслим» (170), Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят).

Ушбу манҳажни таниб олиб, уни маҳкам ушланглар ва озиқ тишларингиз билан тишлаб, одамларни бунга илм, ҳужжат ва далиллар билан даъват қилинглар. «Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сен сабабли бир кишини ҳидоят қилиши сен учун қизил туялардан ҳам яхшидир» («Саҳиҳул Бухорий» (3701), Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят).

Қуръондаги кўплаб оятларда Аллоҳ таоло (Ўзгасига қилинган) дуони ҳаром қилиб, уни катта ширк деб номлади: «Аллоҳни қўйиб, Қиёмат кунигача ҳам (дуони) мустажоб қила олмайдиган бутларга дуо-илтижо қиладиган кимсадан ҳам йўлдан озганроқ ким бор?! Ҳолбуки у (жонсиз бут)лар ўша (мушрик)ларнинг дуоларидан ғофилдирлар! (Қиёмат кунида) инсонлар (ҳисоб-китоб учун) тўпланган вақтида ўша (бутлар) у (мушрик)ларга душман бўлурлар ва уларнинг (Аллоҳни қўйиб, ўзларига) ибодат қилганларини ҳам инкор этурлар!» (Аҳқоф: 5-6).

Аллоҳ таоло Аҳқоф сурасининг ушбу оятида Ундан ўзгасида дуо қилган кимсадан ҳам йўлдан озганроқ ким бор, дея қайд этиб ўтяпти: «Аллоҳни қўйиб, Қиёмат кунигача ҳам (дуони) мустажоб қила олмайдиган бутларга дуо-илтижо қиладиган кимсадан ҳам йўлдан озганроқ ким бор?!» Агар юз йил Аллоҳдан ўзга ўлик, пайғамбар ва фаришталарга дуо қилсангиз, улар сизнинг дуоингизни ижобат қилишлари имконсиздир. Аллоҳ табарока ва таоло айтганидек: «Ҳолбуки у (жонсиз бут)лар ўша (мушрик)ларнинг дуоларидан ғофилдирлар!» Ушбу ботил дуо ва катта ширкни билмайдилар ва ҳис қилмайдилар, Аллоҳ сақласин.

Сўнг ушбу дуони оятнинг охирида куфр дея ҳукм қилди: «Ва уларнинг (Аллоҳни қўйиб, ўзларига) ибодат қилганларини ҳам инкор этурлар!» Яъни, уларга қилган дуоларини инкор этиб, айтадиларки: биз сизларга бизларни Аллоҳга қўшиб тенгдош исбот қилинглар ва Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога қўшиб бизга дуо қилинглар деб буюрмагандик дея улардан безор эканликларини эълон қиладилар.

Аллоҳ таоло ушбу дуони йўлдан озиш ва куфр дея ҳукм қилди. Дуо Аллоҳгагина қилинади. «(Эй мушриклар), сизлар У зотни қўйиб илтижо қилаётган бутларингиз эса пўстлоқча нарсага ҳам эга эмасдирлар» (Фотир: 13). Эй биродарлар, буни яхши тушуниб олинглар!

«(Эй мушриклар), сизлар У зотни қўйиб илтижо қилаётган бутларингиз эса…». Ҳозирда Ийсо, Узайр ва Росулуллоҳ алайҳимуссалоту вассалам, ҳамда авлиёларга дуо қиладиганлар мавжуд.

«(Эй мушриклар), сизлар У зотни қўйиб илтижо қилаётган бутларингиз эса пўстлоқча нарсага ҳам эга эмасдирлар». Ушбу борлиқнинг бари Аллоҳнинг мулкидир. «Самовот ва ердаги бор нарса Аллоҳникидир» (Бақара: 284). Буларнинг бирортасида, зарра мисқоличалик нарсада ҳам Унинг шериги йўқдир. Аллоҳдан ўзга дуо қилинаётганлар, гарчи пайғамбар ва солиҳ зотлар бўлсаларда, Аллоҳ ўзига қўшиб тенгдошлар исбот қилинишига асло рози бўлмайди. Гарчи Аллоҳ таоло уларни яхши кўриб, улардан рози бўлсада. Чунки улар У Зотни (ибодатда) яккалашлик, динни Аллоҳ учун холис қилишликка даъват қилиб ўтишган. Ахир, қандай қилиб Аллоҳ табарока ва таоло билан бирга тенгдош исбот қиладилар?!

Шундай бўлишига қарамай тавҳидни қайд этиб ўтиш ўрнида Аллоҳ таоло ҳақиқатларни очиқ-ойдин, аниқ-равшан бўлганидек баён қиляпти: «(Эй мушриклар), сизлар У зотни қўйиб илтижо қилаётган бутларингиз эса пўстлоқча нарсага ҳам эга эмасдирлар». Фаришта, пайғамбар ва солиҳ зотлар ушбу борлиқда пўстлоқ миқдоричалик нарсага ҳам эгалик қилмайдилар. Пўстлоқ данакдаги (юпқа) ипдир. Улар пўстлоқчалик нарсага ҳам эгалик қилмайдилар.

Ушбу барча борлиқ ичида бир пўстлоқчалик нарсага эгалик қилмайдиганни қандай Аллоҳ табарока ва таолога тенг қилиб, унга дуо қилиб, ёлборасизлар?! Ахир у ушбу борлиқда пўстлоққа ҳам эга эмаску! Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ушбу борлиқни яратиш ва эгалик қилишда ёлғиздир. Буларнинг бирортасида Унинг шериги йўқ. Ушбу оят ҳам Аллоҳ табарока ва таолони (ибодатда) яккалашликни баён қиладиган кўплаб оятлар зимнига киради.

«(Эй мушриклар), сизлар У зотни қўйиб илтижо қилаётган бутларингиз эса пўстлоқча нарсага ҳам эга эмасдирлар. Агар сизлар уларни чорласангизлар, дуоларингизни эшитмаслар» (Фотир: 13-14). Ўзини исломга нисбат берадиган инсонга дуо қилинаётганлар пўстлоққа ҳам эга эмаслар ва улар дуони эшитмайдилар «Агар сизлар уларни чорласангизлар, дуоларингизни эшитмаслар», дея Аллоҳ таоло очиқ-ойдин айтаётган ушбу оятни ўқиб, ахир қандай Раббингизни тасдиқламайсиз? Ахир, қандай қилиб Қуръонга иймон келтирмайсиз? «Агар сизлар уларни чорласангизлар, дуоларингизни эшитмаслар…». Ушбу ҳақ сўз бўла туриб, қандай бу борада шак-шубҳага борасиз? Аллоҳ: «Улар эшитмайдилар», деяпти! Сиз эса: «Улар эшитадилар! Аллоҳга қасамки, улар ғайбни биладилар ва борлиқда тасарруф-(бошқарув)га эга деб эътиқод қиламан», деяпсиз!

Уларга минглаб километр масофадан дуо қиладилар. Эй Абдулқодир! Эй Бадавий! Эй Жийлоний! Эй фалончи! Эй пистончи! Эй Росулуллоҳ! Ўзи Ҳиндистонда бўла туриб, Ироқдаги аллақачон вафот этган, ўлик Абдулқодирга дуо қилади. У уни эшитиб, дуосини ижобат қилиб, мадад беради ва қийинчиликдан қутқаради дея эътиқод қилади. Шунингдек, Бадавий ва яна бошқалар. Бу очиқ-ойдин залолатдир, Аллоҳ сақласин.

Умматнинг кўп қисмини ушбу залолатга олиб борганлар зиндиқ рофизалар ва сўфийлардир. Уларни ичида зиндиқ ва мулҳидлар мавжуд. Умматни ушбу залолатга етаклаб, Аллоҳдан ўзгасига дуо қилиш, уларга жонлиқ сўйиб, назр аташ, ҳамда қабрларига қубба ва бинолар қуришга чорладилар. Яҳуд ва насоролар нимаики қилган бўлсалар, мусулмонларнинг кўпчилиги ушбу тубан ишларда уларга мувофиқ келди.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ёлғиз Ўзига дуо қилинглар. Одамларга буни ўргатиб, Унинг ёлғиз Ўзига ибодат қилинглар. Ўзингиз, фарзандларингиз, оила ва хонадонингиздагиларни Аллоҳни (ибодатда) холис яккалашлик асосида тарбия қилинглар. Агар тавҳидни пухта адо этмасангиз, Аллоҳга қасамки, дўзахга ва унда абадий қолишга кўндаланг бўласиз. «Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир» калимасини пухта адо этингки, у ҳақда қабрингизда сўраласиз ва осий бўлсангиз унинг сабабидан жаҳаннамдан чиқасиз. Ушбу тавҳид сабабидан чиқасиз.

Аллоҳга ширк келтирган ҳолатда дунё тўла тилла ва кумушларни инфоқ қилиб келсангиз, Аллоҳ таоло бунинг барини тўзғиган чанг қилиб юборади. Аллоҳга У Зотга тенгдош исбот қилган ҳолда ибодат қилсангиз У Зот буни сиздан ҳаргиз қабул қилмайди ва уни ширк дея қараб, сиз билан мушриклардек муомала қилади.

Аллоҳдан биз ва сизларни Ўзининг ҳақ динида, тавҳидда собитқадам қилишини, умматга уни рофиза, сўфий ва калом аҳли олиб борган ушбу тубанлик ва залолатлардан Аллоҳнинг изни билан олиб чиқадиган ростгўй, холис турадиган, мухлис даъватчиларни ҳозирлаб беришини сўраймиз.

Калом аҳлининг умматни йўлдан уришда ўз рўли бор. Калом аҳли – мўтазила, жаҳмия ва хаворижлар бўлиб, одамларни йўлдан оздириш, ҳатто «ла илаҳа иллаллоҳ»нинг маъносида ҳам адаштиришликда катта рўл ўйнаганлар. Сизга: «Ла илаҳа иллаллоҳ»нинг маъноси Аллоҳдан ўзга Яратувчи ва ризқ берувчи йўқ. Ундан ўзга Яратувчи ва ризқ берувчи йўқ, дейдилар. Бироқ бу «ла илаҳа иллаллоҳ»нинг маъноси эмас. Унинг маъноси: Аллоҳдан ўзга ҳақ маъбуд йўқдир. Ушбу маънони – «ла илаҳа иллаллоҳ»нинг маъносини – зое қилишгач ушбу тубанликка тушишди.

Одамларга «ла илаҳа иллаллоҳ»нинг маъносини баён қилиб берингларки, агар у (тарозининг) бир палласига, осмонлар ўзидаги нарсалар билан ва ер ўзидаги бор нарсалар билан бир паллага қўйилса «ла илаҳа иллаллоҳ» улардан оғир келади. Тавҳид калимасининг Аллоҳ табарока ва таоло наздида шундай манзилати борки, бирор амал ушбу даражага кўтарилолмайди.

Аллоҳ таоло биз ва сизларга тавфиқ бериб, барчамизни ҳақда собитқадам қилсин. Албатта Раббимиз дуоларни Эшитувчидир. Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммадга, аҳли оила ва саҳобаларига саловату саломлар йўлласин.

 

Мақоланинг асл манбаси: http://www.sahab.net/forums/index.php?showtopic=130627

 

Манба: Тавҳид форуми

One thought on “Аллоҳнинг тавҳидига далолат қилувчи улуғ оятлар

  1. Albatta Olloh sizlardan ro’zi bo`lsin,ummatning bugungi ayanchli ahvolini ko`rib Olloh yo`liga otlangan barcha muslim va muslimalarga go`zal hulq ila dinda sobid qadam bo`liwni O`zi nasib etsin..!

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan