Ошуро куни
Аллоҳ таоло йилнинг айрим кунларини танлаб олиб, уларни маълум ибодат ва вазифалар билан хослаб зийнатлаган. Ана шундай хос муборак кунларда мўминлар шод-хуррам бўлиб, охират озиғини янада кўпроқ жамлашга киришадилар.
Муҳаррам ойининг ҳилоли кўкда зоҳир бўлиши билан мусулмонлар рўза тутишга даъват қилинадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Рамазондан кейин энг афзал рўза Аллоҳнинг муҳаррам ойи рўзасидир» (Муслим ривоятлари).
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижратларини, даъват ва Ислом давлатининг қад тиклашини эсга соладиган мазкур ойда бир кун борки, у кунда Аллоҳнинг яна бир пайғамбари – Мусо алайҳиссалом душман устидан зафар қучган эдилар. Бу улуғ воқеа содир бўлган кун Ошуро, яъни Муҳаррамнинг ўнинчи куни дейилади. Аллоҳ таоло бу кунда мўминларга улкан зафарлар ато этиб, унга қўшимча рўза ажрини ҳам зиёда қилди. Бироқ, замонлар ўтиши билан инсонлар бу куннинг фазилатини, ажру мукофотини унутдилар. Боз устига, бу кун муносабати билан турли-туман бидъат-фасодларни пайдо қилдилар. Шу боис, биз бугун сиз азизлар билан Ошуро кунида қилиниши саҳиҳ бўлган амал ва ибодатлар ҳақида суҳбатлашмоқчимиз.
Ошуро кунининг хусусияти ва у кунда тутиладиган рўзанинг фазилати
Аллоҳ таоло муҳаррам ойининг ўнинчи кунида Мусо алайҳиссалом ва у кишининг ёнларидаги мўминларга нажот бериб, Фиръавн ва унинг қўшинини дарёга ғарқ қилди.
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларида яҳудийларнинг Ошуро кунида рўза тутаётганларини кўрдилар ва:
– Сизлар рўза тутаётган кун нима ўзи? – деб сўрадилар.
– Бу жуда улуғ кун! – жавоб берди яҳудийлар. – Бу кунда Аллоҳ Мусо ва унинг қавмига нажот бериб, Фиръавн ва унинг қавмини (денгизга) ғарқ этган. Мусо Аллоҳга шукрона қилиб, шу куни рўза тутган. Биз ҳам ана шу куни рўза тутамиз.
– Биз Мусога сизларга қараганда ҳақлироқ ва яқинроқмиз, – деб Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ошуро кунида рўза тутдилар ва бошқаларни ҳам (шу куни) рўза тутишга буюрдилар» (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яҳудийларнинг рост гапираётганлиги ваҳий қилинган ёки бу ҳақда мутавотир хабарлар бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ошуро кунининг рўзаси ҳақида сўралганларида: «У ўтган йилги (гуноҳларга) каффорат бўлади», – деганлар. Яна бир ривоятда шундай дейилган: «Ошуро кунининг рўзаси келгуси йилга каффорат бўлади деб Аллоҳдан умид қиламан» (Ибн Можа ва Муслим ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ошуро кунида рўза тутган кишининг бир йилини (гуноҳларини) Аллоҳ таоло мағфират қилади» (Баззор ривоятлари).
Имом Байҳақий айтадилар: «Каффорат қилинадиган гуноҳлари бор кишига юқоридаги ҳадис айнан мос келади. Агар Ошуро кунида рўза тутган кишининг гуноҳлари бошқа бир сабаб туфайли каффорат қилинган бўлса, рўза тутгани учун мукофот тарзида унинг даражотлари зиёда қилинади. Тавфиқ Аллоҳдандир».
Шу ўринда қўшимча қилиш жоизки, агар инсоннинг елкасида кечирилмаган ёки каффорат қилинмаган гуноҳлари бўла туриб, бу кунни бекор ўтказиб юборса, бу ниҳоятда ачинарлидир.
Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши дедилар: «Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳеч бир кунни ушбу Ошуро кунидек ва мана бу Рамазон ойидек афзал санаганларини ва бошқа бирор куннинг рўзасига бу кунларнинг рўзаси каби жиддий аҳамият берганларини кўрмадим» (Бухорий ривоятлари).
Бу ҳадиснинг шарҳида Ибн Ҳажар бундай ёзадилар: «Бу сўзлар рўза тутмоқчи бўлган одам учун Ошуро куни Рамазондан кейинги энг афзал кун бўлишини тақозо қилади. Лекин Ибн Аббос бу сўзларни ўзларининг билганларига биноан айтганлар. Бу жумлаларда у кишидан бошқанинг сўзини рад этадиган маъно йўқ. Муслим ривоятида келган Абу Қатоданинг марфуъ ҳадисида: «Ошуронинг рўзаси бир йиллик гуноҳларга каффорат, Арафа кунининг рўзаси эса икки йиллик гуноҳларга каффоратдир», дейилган. Бундан Арафанинг рўзаси Ошуронинг рўзасидан афзал экани маълум бўлади. Бунинг ҳикмати ҳақида айтиладики, Ошуро куни Мусо алайҳиссаломга нисбат берилади, Арафа куни эса Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбат берилади. Шундан ҳам Арафа афзал кун бўлди» (Фатҳул-Борий).
Бу куннинг фазилатини яхши билган салафи солиҳлар Ошуро кунининг рўзасини ўтказиб юбормасликка қаттиқ тиришганлар. Ибн Ражаб Абдуллоҳ ибн Аббос, Абу Исҳоқ ва Зуҳрийлардан ривоят қилишича, улар ҳатто сафарда ҳам Ошуро кунининг рўзасини тутганлар.
Рамазон рўзасини бошқа кунларда тутиб бериш мумкин. Ошуро кунининг рўзасини бошқа кунда тутиб бериб бўлмайди. Имом Аҳмад Ошуро кунининг рўзаси сафарда ҳам тутилади, деб таъкидлаганлар.
Ошуро кунининг рўзаси бир йиллик нафл рўзага баробардир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Бу бир йиллик рўзадир» (Ибн Ҳиббон ривоятлари).
Ошуро куни рўзасининг ҳолатлари
Ошуро куни рўзасининг Ислом шариатига киритилишида қуйидаги ҳолатларни кузатиш мумкин:
1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ошуро куни рўзасини Маккада ҳам тутганлар, бироқ бошқаларни бу нарсага буюрмасдилар.
2. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келиб, яҳудийларнинг шу куни рўза тутаётганларини кўргач, рўза тутдилар ва бошқаларни ҳам рўза тутишга буюрдилар. Албатта бу ҳижратнинг иккинчи йилида бўлди. Чунки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага рабиулаввал ойида келганлар. Ҳатто Ошуро куни бирон нарса еб олган кишиларга куннинг қолган қисмида рўза тутишга буюрдилар.
3. Ҳижратнинг иккинчи йили Рамазон рўзаси фарз қилингач, Ошуро кунининг рўзаси вожибликдан мустаҳаб амалга ўтди. Ошуро куни рўза тутиш ҳақидаги буйруқ фақат бир йил амалда бўлди. Мазкур ҳолатларга қуйидаги ҳадислар ҳам далил бўлади:
Оиша разияллоҳу анҳо айтадилар: «Қурайш жоҳилиятда Ошуро куни рўза тутарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўша куни рўза тутардилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг бошқаларни ҳам Ошуро кунида рўза тутишга буюрдилар. Рамазон рўзаси фарз қилинганидан сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «(Ошуро кунининг рўзасини) хоҳлаган тутсин, хоҳламаган тутмасин», – дедилар» (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Рубаййиъ бинти Муаввиздан ривоят қилинди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ошуро куни тонгда Мадина атрофидаги ансорлар қишлоқларига одам жўнатиб, қуйидаги хабарни тарқатдилар:
– Ким рўза тутган бўлса, рўзасини давом эттирсин. Рўза тутмаганлар кунларининг қолган қисмида рўза тутсинлар.
Шундан кейин биз рўза тутардик. Кичкина болаларимизни ҳам – Аллоҳ хоҳласа – рўза туттирардик. Уларни масжидга олиб борардик. Жундан ўйинчоқлар ясаб берардик. Ўйинчоқларни ўзимиз билан олиб юрардик. Кичкинтойларимиз овқат сўрашса, уларга чалғитиш учун ўша ўйинчоқларни берардик. Шундай қилиб кун ботгунча болаларимиз ҳам рўза тутарди» (Муслим ривоятлари).
Айримлар Ошуро рўзаси ҳеч қачон фарз бўлмаган дейишади. Бироқ бу заиф гап. Юқорида таъкидланганидек, Ошуро кунининг рўзаси Рамазон рўзаси фарз қилингандан кейин мустаҳаб мақомига туширилган. Олимлар бу куннинг рўзасини алоҳида таъкидланган мустаҳаб амал дейишади. Ибн Ҳажар Асқалоний Ошуро куни рўзаси таъкидланган мустаҳаб амаллардан эканига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафот этган йилларида айтган қуйидаги сўзларини ҳужжат қилиб келтирадилар: «Агар тирик бўлсам, (муҳаррамнинг) тўққизинчи ва ўнинчи кунларида рўза тутаман» («Фатҳул-Борий», 4/289).
4. Ошуро кунининг рўзасида яҳудийларга ўхшамасликка буюрилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ томонидан буюрилмаган ишларда аҳли китобга мувофиқ юришни хуш кўрар эдилар. Сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли китобга ўхшамасликка буюрилдилар. Шунинг учун Ошуронинг ўзини ажратиб олиб, алоҳида рўза тутмасликка қарор қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ошуронинг ёнига бир кун қўшиш билан аҳли китобларга хилоф бўлдилар. Қуйидаги ҳадислар бунга мисол бўла олади:
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ошуро куни рўза тутиб, асҳобларни ҳам бунга буюрганларида, улар бундай дейишди:
– Бу кунни яҳудий ва насронийлар улуғлашади?!
– Келаси йил Аллоҳ хоҳласа тўққизинчи куни ҳам рўза тутамиз, – дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.
(Аммо) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келаси йилга етмасдан вафот топдилар» (Муслим ривоятлари).
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (муҳаррамнинг) ўнинчисида Ошуро рўзасини тутишни буюрдилар» (Термизий ривоятлари)
«Яҳудийларга ўхшаманглар. Муҳаррамнинг тўққизинчи ва ўнинчи кунларида рўза тутинглар» (Байҳақий ривоятлари)
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ошуро куни рўза тутинглар. Унда яҳудийларга ўхшаманглар. Сизлар Ошуродан бир кун аввал ёки кейин рўза тутинглар».
Демак, тўққизинчи куни рўза тутмаган киши ўн биринчи куни тутади. Шу тариқа Ошуронинг ёнига бир кун қўшиб яҳудийларга хилоф юрган бўлади. Аммо Ошуродан бир кун аввал ҳам ва бир кун кейин ҳам рўза тутинглар, деган ривоят заиф.
Абу Мусо Ашъарий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: «Ошуро кунини яҳудийлар улуғ деб билиб, уни байрам қилишарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Сизлар шу куни рўза тутинглар».
Ибн Ражаб айтади: «Мазкур ҳадис Ошуро кунини байрам қилишдан қайтаришга далилдир. Бинобарин, мушрикларнинг байрам кунларида рўза тутиш мустаҳаб. Чунки рўза ўша кунни байрам қилиб олишга зиддир. Мусулмонлар Ошуронинг ёнига бир кун қўшиб рўза тутиш билан яҳудийларга бутунлай хилоф бўладилар» («Латоифул-ғаройиб» китобидан).
Юқоридаги ҳадислардан англашилишича, энг афзали муҳаррамнинг тўққизинчи ва ўнинчи кунларида рўза тутмоқликдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам худди шуни таъкидлаган эдилар. «Ошуродан бир кун олдин ёки бир кун кейин рўза тутинглар», ҳадисига биноан, тўққизинчи куни рўза тутолмаган киши ўн биринчи куни рўза тутади ва бу иши билан яҳудийларга ўхшаб қолишдан сақланади. Аҳли илмларнинг баъзилари фақат Ошуро кунининг ўзидагина рўза тутишни макруҳ санаганлар. Негаки, унда яҳудийларга ўхшаб қолинади ва уларга ўхшамасликка буюрилган ҳадисга хилоф иш тутилган бўлади. Боз устига адашиб ўнинчи кунни ўтказиб юборилиши ҳам мумкин.
Айримлар уч кун – тўққизинчи, ўнинчи ва ўн биринчи кунлари рўза тутишни афзал билишган. Улар ана шунда Ошуронинг ўнинчи куни ўтказиб юборилмайди ва яҳудийларга тўлиқ хилоф юрилади деб ушбу ҳадисни ҳужжат қилиб келтиришган: «Ундан бир кун олдин ва кейин тутинглар». Бироқ, Албоний «Заъийфул-жамиъис-сағийр ва зиядатуҳу»да 3506-тартиб билан бу ҳадиснинг заифлигини қайд этганлар.
Ошуро кунини ўтказишда хатога йўл қўйишдан сақланайлик
Амаллар қабул бўлмоғи учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига тўла мувофиқ бажарилиши шарт. Ошуро кунида айрим кишилар қиладиган турли-туман ишлар, одатлар ва тутиладиган мотамлар суннатга ёт бўлгани боис, бидъатдир. Бидъат кишини Аллоҳ таолога яқин эмас, билъакс Ундан узоқ қилади.
Ошуро кечасида қиёмул-лайл қилмоқ, ўша куни қабрларни зиёрат этмоқ, садақа қилмоқ, Ошуро куни закот бериш учун закотни олдинга ёки кейинга сурмоқ ва Ошуро тонгида Мусо алайҳиссалом зикр қилинган сураларни ўқимоқ каби амаллар аслида шариатда йўқ. Яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айнан Ошуро куни шу амалларни бажаришга буюрмаганлар. Агар ушбу амаллар Ошуро куни қилиниши шарт бўлганида, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам буни айтган бўлардилар. Шунингдек, Ошуро куни тўрт ракат намоз ўқиш, у кунни байрам деб билиб ғусл қилиш, кўзларга сурма қўйиш ва махсус тадориклар кўриб, хос таомлар тайёрлаш ҳам асли суннатда йўқ амаллар жумласига киради. Аслида юқоридаги хурсандчилик тадбирлари Ҳусайн разияллоҳу анҳу ўлдирилгани учун Ошуро куни мотам тутувчи рофизийларга қаршилик сифатида ўтказилган. Бироқ, уларнинг ҳар иккиси ҳам суннатга номувофиқдир. Шиаларнинг Ҳусайн разияллоҳу анҳу ўлдирилгани учун мотам тутиб, ўзларини ҳар кўйга солишлари салаф уламолари томонидан қаттиқ танқид қилинган. Мусибат етган маҳалда мўминлар Ислом ҳукмига мувофиқ Аллоҳнинг тақдирига рози бўлиб, сабр қиладилар. Жоҳил кимсалар каби дод-вой кўтариб, ўзларини тилиб-тимдалаб ташламайдилар. Ахир ҳеч бир мўмин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Абу Бакр разияллоҳу анҳу вафот этган кунни ёки Умар, Али, Усмон разияллоҳу анҳумлар ўлдирилган кунни мотам қилиб олмаган-ку?!
Бу хусусда ибн Ражаб – Аллоҳ у кишидан рози бўлсин – жуда чиройли сўзларни айтганлар: «Ошуро куни Ҳусайн ибн Али разияллоҳу анҳу ўлдирилгани учун рофизийлар каби мотам тутмоқ ўзича яхши иш қилаяпман деб ўйлаб, умрини беҳуда ўтказган кимсанинг амалидандир. Ҳатто пайғамбарлар мусибат чеккан, вафот топган кун мотам қилинмайди. Яъни Аллоҳ ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам бунга буюрмаган. Хўш, қандай қилиб улардан қуйида турувчи инсонларга мотам тутилади?!»
Ошуро кунида рўза тутишдан ўзга амаллар хусусида саҳиҳ шариатда ҳеч нарса дейилмаган.
Ошуро фазли ҳақидаги ривоятларга жавобан Шайхул-Ислом Ибн Таймия шундай деганлар: «Бу ривоятларнинг барчаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам номларидан айтилган бўҳтондир. Ошуро хусусида фақат ўша куни рўза тутишнинг фазли айтилган холос».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг покиза суннатларига эргашмоқчи бўлганлар Ошуро куни фақат рўза тутиш билан кифояланишлари лозим.
«Албатта сизлар учун – Аллоҳдан, Охират кунидан умидвор бўлган ва Аллоҳни кўп ёд этган кишилар учун Расулуллоҳда гўзал намуна бордир» (Аҳзоб сураси, 21-оят).
Жоҳилият ботқоғига ботиб яшовчи Қурайш ҳам, яҳудийлар ҳам Ошуро куни рўза тутишарди. Бироқ, уларнинг бу амаллари ёмон ҳолларини ўзгартириб қўймасди. Чунки дин ҳеч қандай бўлакларга бўлинмасдан, тўла-тўкис олиниши керак. Унинг бир қисмига иймон келтириб, бир қисмини инкор этувчилар охир-оқибат хасрат-надомат ичра қолиб кетадилар. Фақат қалбдан иймон келтириб, Аллоҳ ва расули буйруқларига тўлиқ бўйсуниб, амал қилиб яшаган мўминларгина ҳақ йўлни топган саналадилар.
«Мушриклар ўзларининг кофир эканликларига гувоҳ бўлган ҳолларида Аллоҳнинг масжидларини обод қилишлари жоиз эмас. Уларнинг қилган амаллари беҳуда кетар, ўзлари эса дўзахда абадий қолгувчилардир. Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва Охират кунига иймон келтирган, намозни тўкис адо этган, закотни берган ва ёлғиз Аллоҳдангина қўрқадиган зотлар обод қилурлар. Шояд, ана ўшалар ҳидоят топгувчи инсонлардан бўлсалар» (Тавба сураси, 17-18-оятлар).