Ошуро куни ҳақидаги саҳиҳ бўлмаган ҳадислар
Ошуро куни фазилатига оид саҳиҳ бўлмаган ҳадислар:
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, гўёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган эканлар:
«Кимки Ошуро куни рўза тутса, Аллоҳ ўзига қилинган, рўза ва намозлардан иборат бўлган, етмиш йиллик ибодатни китобот қилади. Кимки Ошуро куни рўза тутса, ўн минг фариштанинг ажри берилади. Кимки Ошуро куни рўза тутса, ҳаж ва умра қилганнинг ажри берилади. Кимки Ошуро куни рўза тутса, етти осмон ва ундаги барча фаришталар ажри берилади. Кимки Ошуро куни мўминга ифторлик қилиб берса, бутун Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматига ифторлик қилиб бергандек бўлади. Кимки Ошуро куни оч кишининг қорнини тўйдирса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматининг барча мискинларига, қоринларини тўйдириб, ифторлик қилиб бергандек бўлади. Кимки Ошуро куни етимни бошини силаса, бошидаги сочларининг ададича жаннатдаги мартабаси юксалади».
Умар деди: «Буюк ва меҳрибон Аллоҳ бизга Ошуро куни афзалликлар бердими?» Жавоб бердилар: «Ҳа! Аллоҳ Ошуро куни осмон, ер ва тоғларни яратди. Арш ва Курсийни яратди. Ошуро куни қаламни ва шамолни яратди. Ошуро куни Жаннатни яратди ва унга Одам алайҳиссаломни киритди. Ошуро куни Иброҳим туғилди, оловдан нажот топди ва Аллоҳ уни ҳақ йўлга Ошуро куни йўллади. Ошуро куни Аллоҳ Фиравнни ғарқ қилди. Ошуро куни Исо алайҳиссаломни (осмонга) юксалтирди. Ошуро куни Идрис алайҳиссаломни (осмонга) юксалтирди. Ошуро куни Аллоҳ азза ва жалла Айюбга шифо берди. Ошуро куни Исо алайҳиссалом туғилди ва бўйида (ҳомила) бўлди. Шунингдек Ошуро куни Одам алайҳиссалом Аллоҳга тавба қилди ва шу куни Аллоҳ азза ва жалла уни афв этди. Ошуро куни Сулаймонга салтанат берилди. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Ошуро куни туғилган ва Аллоҳ азза ва жалланинг Аршига Ошуро куни юксалди. Қиёмат куни ҳам Ошуро куни бўлади!»
Ибн Ҳиббон «ал-Мажруҳийн» (1/324) да айтади: «Асоси бўлмаган, ёлғон ҳадис».
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, гўёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган эканлар:
«Кимки Ошуро куни рўза тутса, Аллоҳ ўзига қилинган, рўза ва намозлардан иборат бўлган, олтмиш йиллик ибодатни китобот қилади. Кимки Ошуро куни рўза тутса, ўн минг фариштанинг ажри берилади. Кимки Ошуро куни рўза тутса, мингта ҳаж ва умра қилганнинг ажри берилади. Кимки Ошуро куни рўза тутса, етти (қават) осмончалик ажр ёзилади. Кимки Ошуро куни мўминга ифторлик қилиб берса, бутун Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматига ифторлик қилиб бергандек бўлади. Кимки Ошуро куни оч кишининг қорнини тўйдирса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматининг барча мискинларига, қоринларини тўйдириб, ифторлик қилиб бергандек бўлади. Кимки Ошуро куни етимни бошини силаса, бошидаги сочларнинг ададича жаннатдаги мартабаси юксалади».
Умар розияллоҳу анҳу деди: «Эй Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам), Аллоҳ азза ва жалла бизга Ошуро куни афзалликлар бердими?» Жавоб бердилар: «Ҳа! Аллоҳ Ошуро куни осмон ва ерларни яратди. Ошуро куни Арш ва Курсийни яратди. Ошуро куни тоғ ва юлдузларни яратди. Ошуро куни қалам ва лавҳул маҳфузни яратди. Ошуро куни Жаброил алайҳиссалом ва фаришталарини яратди. Ошуро куни Одам алайҳиссалом ва Ҳаввони яратди. Ошуро куни Жаннатни яратди ва унга Одам алайҳиссаломни киритди. Ошуро куни Раҳмоннинг ҳалили Иброҳим туғилди, оловдан нажот топди ва Аллоҳ уни ҳақ йўлга Ошуро куни йўллади. Ошуро куни Аллоҳ Фиравнни ғарқ қилди. Ошуро куни Идрис алайҳиссаломни (осмонга) юксалтирди. Ошуро куни Аллоҳ Айюбга шифо берди. Ошуро куни Исо ибн Марям алайҳиссаломни (осмонга) юксалтирди ва шу куни туғилди. Ошуро куни Аллоҳ Одам алайҳиссаломнинг тавбасини қабул қилди. Ошуро куни Довуд алайҳиссаломнинг гуноҳини кечирди. Ошуро куни Сулаймонга салтанат берилди. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Ошуро куни туғилган ва Аллоҳ азза ва жалланинг Аршига Ошуро куни юксалди. Қиёмат куни ҳам Ошуро куни бўлади!»
Байҳақий «Фазаил ал-Авкат» (№ 105) да айтади: «Мункар ҳадис. Кўпгина заиф иснодли. Шунингдек, ҳадис матнида рост бўлиши мумкин бўлмаган нарсалар мавжуд».
Шайх Али Ҳасан Ҳалабий (Шайх Албоний раҳимаҳуллоҳнинг шогирди) ўзларининг «Ашуро байна ҳидая ас-Сунна ал-Ғоро ва золала ал-бидъа аш-шанъа» китобларида шу каби ўттизга яқин ҳадисни келтирганларидан кейин дедилар: «Шу ва бошқа шунга ўхшаш барча ҳадислар саҳиҳ эмас ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлмаган. Бу ҳақда Шайхулислом Ибн Таймийя «Минҳаж ас-Сунна ан-Набавийя» (7/39) да айтадилар: «Бу ривоятларнинг барчаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам номларидан айтилган бўҳтондир. Ошуро хусусида фақат ўша куни рўза тутишнинг фазли айтилган холос»».
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, гўёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган эканлар:
«Дарҳақиқат, Аллоҳ азза ва жалла Бани Исроилга йилда бир кун, Ошуро кунида рўза тутишни мажбурий қилди. Бу Муҳаррам ойининг ўнинчи кунидир. Шундай экан сизлар ҳам шу кунда рўза тутинглар ва оилангизга кенгчилик туғдиринглар. Кимки Ошуро кунида аҳли оиласига кенгчилик туғдирса, Аллоҳ у кишига йил бўйи кенгчилик қилади. Ушбу кунда рўза тутинглар, чунки айни шу кунда Аллоҳ Одамнинг тавбасини қабул қилган. Бу кун, Аллоҳ Идрисни юқори мартабага кўтарган кундир. Бу кун, У (Аллоҳ) Иброҳимга оловдан нажот берган кундир. Бу кун, Аллоҳ Нуҳни кемасидан чиқарган кундир. Бу кун, Мусога Таврот нозил бўлган кундир. Бу кунда Аллоҳ Исмоилни қурбон қилинишидан эваз орқали қутқариб қолган. Бу кун, Аллоҳ Юсуфни қамоқдан чиқарган кундир. Бу кун, Аллоҳ Яъқубга кўриш қобилиятини қайтарган кундир. Бу кун, Аллоҳ Айюбни имтиҳондан халос қилган кундар. Бу кун, Аллоҳ Юнусни балиқнинг қорнидан чиқарган кундир. Бу кун, Аллоҳ Бани Исроил учун денгизни иккига бўлган кундир. Бу кун, Аллоҳ Муҳаммадни (соллаллоҳу алайҳи васаллам) аввлгию охирги гуноҳларини кечган кундир. Бу кун, Аллоҳ таоло Юнус қавмига тавбасини нозил қилган кундир. Кимки бу кунда рўза тутса, (бу рўза) унинг қирқ йиллик умрига каффорат бўлади. Бу дунёдаги Аллоҳ яратган кунларнинг аввалгиси, Ошуро куни бўлган. Аллоҳ ерга ёмғирни ёғдирган илк кун, Ошуро куни бўлган. Ошуро кунида илк раҳмат нозил бўлган. Кимки Ошуро куни рўза тутса, абадий рўза тутгандек бўлади. Бу пайғамбарлар рўзасидир. Кимки Ошуро куни бедор бўлган бўлса, Аллоҳ таолга етти қават осмондаги барча махлуқотларнинг қилган ибодатидек ибодат қилибди. Кимки тўрт ракаат намоз ўқиб, унинг ҳар бир ракаатида «Алҳамду» (Фотиҳа сураси)ни бир марта ва «Қул ҳуваллоҳу аҳад» (Ихлос сураси)ни эллик марта ўқиса, Аллоҳ таоло унинг эллик йил аввалги ва эллик йил кейинги гуноҳларини кечиради. Унга Жаннатда нурдан бўлган мингта қаср қуради. Бу кунда бирор кимсани, гарчи бир ҳўплам сув билан бўлсада, меҳмон қилганнинг мисоли, ҳаттоки бир лаҳза Аллоҳ таолога осий бўлмаган кимса кабидир. Кимки Ошуро куни Аҳли байтдан бўлган мискинни таомлантирса, Сиротни чақмоқ тезлигида кесиб ўтади. Ошуро куни садақа берганнинг мисоли, тиланчини ҳеч қачон қайтармаган инсон кабидир. Кимки Ошуро куни ғусл қилса, ўлимидан аввалги касалликдан бошқа касалликка йўлиқмайди. Ошуро куни кўзига сурма қўйганнинг кўзи йил бўйи касалликка йўлиқмайди. (Бу кунда) етимни бошини силаганнинг мисоли, Одамнинг барча етим фарзандларига нисбатан диёнатли бўлган кабидир. Ошуро куни рўза тутган кимсага йил бўйи, барча рўза ва намозлар билан ибодат қилгани ёзилади. Кимки Ошуро куни рўза тутса, мингта ҳаж ва умра қилганнинг ажри берилади. Кимки Ошуро куни рўза тутса, мингта шаҳиднинг ажри берилади. Кимки Ошуро куни рўза тутса, етти қават осмонда яшовчи барчанинг ажричалик ажр ёзилади. Бу кунда Аллоҳ осмон, ер, тоғ ва денгизларни яратди. Ошуро куни Аршни яратди. Ошуро куни Исони (осмонга) юксалтирди. Ошуро куни қаламни яратди. Ошуро куни Лавҳни яратди. Ошуро куни касални зиёрат қилганнинг мисоли, Одамнинг барча зурриётини зиёрат қилгани кабидир».
Ибн ал-Жавзий «Мавзуъот ибн ал-Жавзий» (2/568) да айтади: «Ҳеч бир ақли бор инсон ушбу ҳадиснинг тўқима эканлигида шубҳа қилмайди».
Албоний бу ҳадис ҳақида шундай дейдилар: «Бу ҳадиснинг барча ривоят йўллари заиф бўлиб, баъзиларининг заифлиги баъзиларидан баттарроқдир» («Заифут-тарғиб ват-тарҳиб», 1-жилд, 313-саҳифа).
Ошуро кунида ўқиладиган хос намозлар ҳақидаги саҳиҳ бўлмаган ҳадислар:
«Кимки якшанба тунида тўрт ракаат намозни адо этса, ҳар бир ракаатида «Фотиҳа»ни бир марта ва «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни эллик марта ўқиса, унга …»
Шавконий «Фавоид ал-Мажмуъа» (№ 45) да айтади: «Мавзу (тўқима) ҳадис».
«Кимки Арафа куни пешин ва аср намозлари орасида тўрт ракаат намоз ўқиса, ҳар бир ракаатида «Фотиҳа»ни бир марта ва «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни эллик марта ўқиса, Аллоҳ унга мингта бир минг солиҳ амални китобот қилади!»
Шавконий «Фавоид ал-Мажмуъа» (№ 53) да айтади: «Мавзу (тўқима) ҳадис».
«Кимки «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни эллик марта ўқиса, эллик йиллик гуноҳлари кечирилади».
Шавконий «Фатҳ ал-Қодийр» (5/749) да айтади: «Ҳадиснинг исноди заифдир».
Аллоҳ таоло бизни ва сизларни фойдали ва мустаҳкам илмга ва давомий солиҳ амалларни қилишга муваффақ қилсин.