Мавлиднинг Исломга хилоф жиҳатлари

Мавлиднинг Исломга хилоф жиҳатлари

Шайх Муҳаммад ибн Жамил Зайну

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Барча мақтовлар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфорлар айтиб, ундан нафсимизнинг шумлиги ва амалларимизнинг ёмонлигидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани тўғри йўлга солувчи зот йўқдир. Мен «Ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва расулидир» деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилар. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўнг…

Дарҳақиқат, сўзларнинг рости – Аллоҳнинг Каломи, йўлларнинг яхшиси – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўли, ишларнинг ёмони – (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат – залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтувчидир.[1]

Кўпгина ҳолатларда мавлид маросимлари бидъат ва шаръий қоидаларни бузиш ҳолатларидан ҳоли бўлмайди. На Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, на у зотнинг саҳобалари ва тобеинлар, на тўрт имом, на саодат асрида яшаб ўтган бирор кимса ушбу (мавлид) муносабати билан байрам маросимларини нишонламаган. Бу маросимларни ўтказишга ҳеч қандай шаръий кўрсатма мавжуд эмас.

Ушбу байрамнинг Исломга хилоф жиҳатлари:

1. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилган кунларини нишонлаётган мусулмонлар кўпинча ширк амалига йўл қўйишади. Улар: «Эй Расулуллоҳ, биз сизга таваккул қилдик! Эй Расулуллоҳ, бизни мушкулимизни осон қилинг! Мушкул сизни кўрса, дарҳол қочади!» дейишади. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу сўзларни эшитганларида, уларнинг бу ишларини улкан ширк деб баҳолаган бўлар эдилар. Чунки фақат Аллоҳгина нажот берувчи, таваккул қилинувчи ва мушкулларни осон қилувчидир. Ахир Аллоҳ таоло айтади:

«Ёки музтар-ночор одам дуо-илтижо қилган вақтида (дуосини) ижобат қиладиган ва (унинг) мушкулини осон қиладиган …» (Намл: 62).

Аллоҳ ўзининг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга одамларга шундай дейишни буюрди:

«Айтинг: «Албатта мен сизларга на бир зиён ва на бир тўғри йўл беришга эга эмасдирман, (тўғри йўлга солгувчи ҳам, зиён етказа олгувчи ҳам ёлғиз Аллоҳдир)»» (Жин: 21).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Агар бирон нарсани сўрасанг, фақат Аллоҳнинг ўзидангина сўрагин. Агар мадад тиламоқчи бўлсанг Аллоҳдангина мадад тилагин» (Имом Термизий ривояти, саҳиҳ ҳадис).

2. Мавлид маросимларининг аксарида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни мақташда муболаға, ошириб юбориш ва ғулув кетиш ўз ўрнини топган. Ваҳоланки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай қилишдан қайтариб дер эдилар: «Мени насоролар Ибн Марямни кўкларга кўтариб мақтагандек мақтаманглар. Мен Аллоҳнинг бандасиман, холос. «Аллоҳнинг бандаси ва Расули» денглар» (Имом Бухорий ривояти).

3. «Ал-Арус» ва бошқа мавлидларда айтилишича, Аллоҳ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ўз нуридан яратган ва қолган барча нарсаларни у зотнинг нуридан яратган экан. Қуръон бу каби иддаоларни ёлғон дея рад этади:

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, уларга) айтинг: «Ҳеч шак-шубҳа йўқки, мен ҳам сизлар каби бир одамдирман. Менга Тангрингиз ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи экани ваҳий этилмоқда» (Каҳф: 110). Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ота-онадан туғилганлар. У зот қолганлардан Аллоҳ у зотга ваҳий юборгани билан фарқ қиладилар. Мавлидларда «Аллоҳ дунёни Муҳаммад сабабли яратган» дейишади. Қуръонда эса айтилади:

«Мен жин ва инсонни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Зориёт: 56).

4. Насронийлар Ийсо алайҳиссалом ва ўзларининг туғилган кунларини нишонлашади. Бу бидъатни мусулмонлар айни шулардан олишган ва ўз пайғамбари ва ўзларининг туғилган кунларини нишонлашмоқда. Аммо уларни (мусулмонларни) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан қайтарган эдилар: «Ким бир қавмга ўхшаса, у (ҳам) улардан биридир» (Абу Довуд, Баззор, Абдурраззоқ ривояти).

5. Мавлид маросимида кўпинча эркак ва аёллар аралашиши содир бўлади, бу эса Ислом ҳаром қилган ишдир.

6. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилган кунларини нишонлаш маросимларига турли зийнат ва чароғбонликлар учун миллионлар сарф қилинади, сўнг ҳеч қандай фойдасиз ташлаб юборилади. Бундан манфаатни фақатгина ўша барча зийнатлар олиб келинадиган давлат кофирларигина кўрадилар. Ахир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам исрофгарчиликни қоралаган эдиларку!

7. Ушбу байрамни ўтказишга тайёргарлик кўришга боғлиқ ишлар билан банд бўлган одамлар баъзида намозни тарк қилишга мажбур бўладилар. Бунга ўзим гувоҳ бўлганман.

8. Одамларга шу нарса одатга айландики, мавлидларда Қуръондаги маълум бир сурани ўқиш мобайнида муайян жойларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳурмат белгиси сифатида, у зотнинг ҳозир бўлишларини кутган ҳолда, ўринларидан турадилар. Бироқ бу очиқ ёлғондир, чунки Аллоҳ таоло айтади:

«Уларнинг ортида то қайта тириладиган кунларигача (дунёга қайтишларидан тўсиб турадиган) бир тўсиқ бўлур» (Муъминун: 100).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу дедилар: «Улар (саҳобалар) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра кўпроқ ҳеч бир инсонни яхши кўрмаганлар. Бироқ у зотни кўрган онларида ўринларидан турмас эдилар. Чунки у зот буни хуш кўрмасликларини билишар эди» (Аҳмад ва Термизий ривояти, саҳиҳ ҳадис).

9. Баъзиларнинг таъкидлашича, улар мавлидларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратларини ўқишар экан. Бироқ уларнинг сўзлари, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган сўзлари ва у зотнинг сийрати билан фарқ қилмоқда. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрган инсон у зотнинг сийратини йилда бир марта ўқимайди, балки ҳар куни ўқийди. Бундан ташқари, Робиул аввал ойи нафақат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилган ой, балки у зот вафот этган ойдир. Шундай экан, қайғу бўлган ерда хурсандчилик бўлмайди.

10. Мавлидларда иштирок этувчилар кўп ҳолларда ярим тунгача бедор бўладилар ва камида бомдод намозини жамоат билан ўқишни, ёхуд ушбу намоз вақтини умуман ўтказиб юборадилар.

11. Инсонларнинг кўпчилиги мавлид ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилган кунларини нишонлаши, умуман эътиборга эга эмас. Чунки Аллоҳ таоло айтади:

«Ер юзидаги кимсаларнинг жуда кўпларига итоат қиладиган бўлсангиз, сизни Аллоҳнинг йўлидан оздирурлар» (Анъом: 116). Ҳузайфа розияллоҳу анҳу дедилар: «Одамлар чиройли деб ҳисобласалар-да, барча бидъат залолатдир».

12. Ҳасан Басрий дедилар: «Суннат соҳиблари ўтмишда инсонлар орасида энг кам сонли бўлишган ва келажакда ҳам шундай бўлади. Улар дабдабага берилганлар орасида дабдабага берилмаган, бидъатчилар орасида бидъатга берилмаган, суннатга садоқатни сақлаб қолган, Роббиларини учратмагунга қадар унга (суннатга) амал қилганлардир. Сизлар ҳам шундайлардан бўлинг!»

13. Мавлидни илк бор киритган инсон еттинчи ҳижрий асрнинг бошларидаги Сирия ҳукмдори Музаффар бўлган. Мисрга эса бу байрамни Фотимийлар киритганлар. Уларни Ибн Касир кофир зиндиқлар деб атаган.

Аллоҳ пайғамбаримизга, унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

«Нажот топган фирқа ва ғалаба қозонувчи тоифа манҳажи» китобидан

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan