Умра қилиш фарзми ёки суннатми?

Умра қилиш фарзми ёки суннатми?

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Борлиқни йўқдан бор қилган Аллоҳга ҳамду санолар, Пайғамбаримизга, унинг оиласи, саҳобалари ва уларга қиёмат кунига қадар эргашган кишиларга салавот ва саломлар бўлсин.

Сўнг:

Уламолар Умра Исломда раҳмат сифатида жорий қилинганига иттифоқ қилишди.

Улар фақатгина Умранинг вожиб ёки мустаҳаб эканида ихтилоф қилишди.

Имом Абу Ҳанифа ва имом Моликлар Умра қилишлик суннат ва мустаҳаб, вожиб эмас деб ҳисоблашган. Бу шунингдек шайхулислом Ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳнинг ҳам фикридир.

Улар далил сифатида имом Термизий (931) Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисни келтиришади. У киши ривоят қилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умранинг вожиб экани ҳақида сўралдилар. Бунга у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар: «Йўқ. Аммо Умра қилганингиз афзал».

Бироқ бу ҳадис заиф. Ушбу ҳадисни имом Шофеий, Ибн Абдулбарр, Ибн Ҳажар ва Нававийлар заиф санашган. Шайх Албоний Заиф Термизийда бунга кўрсатма бериб ўтган.

Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ айтадиларки: «У (ҳадис) заиф ва далил сифатида қўллашга ярамайди. Умранинг мустаҳаб амал эканини исботловчи ҳеч нарса йўқ».

Ибн Абдулбарр раҳимаҳуллоҳ дедилар: «У (ҳадис) ботил иснод билан ривоят қилинган. Бу каби ривоятларни далил сифатида қўллаб бўлмайди».

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ «ал-Мажмуъ» (7/6)да дедилар: «Уламолар ушбу ҳадиснинг заиф эканини тасдиқлашди».

Ушбу ҳадиснинг заиф эканига далолат қилувчи нарса шуки, Жобир розияллоҳу анҳунинг ўзлари Умрани вожиб деб ҳисоблаганлари ўз исботини топганлигидир. Буни қуйида кўриб ўтамиз.

Имом Шофеий ва имом Аҳмад Умра қилишлик вожиб деб ҳисоблашган. Имом Бухорий ҳам ушбу фикр тарафдори бўлган.

Умранинг вожиб эканини таъкидловчилар бунга кўпгина далиллар келтиришади:

1. Ибн Можа (2901) Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадиси. У киши айтадиларки: «Мен: «Эй Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), аёллар ҳам жиҳод қилишлари керакми?» деб сўрадим. У зот: «Ҳа, улар жиҳод қилишлари керак. Аммо жанг қилиб эмас, Ҳаж ва Умра (қилиб)» деб жавоб бердилар».

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ «ал-Мажмуъ» (7/4)да дедилар: «Исноди Бухорий ва Муслим шартларига кўра саҳиҳ». Шайх Албоний ушбу ҳадисни «Саҳиҳ Ибн Можа»да саҳиҳ деб баҳолаган.

Эътибор қаратиш лозим бўлган ўрин шундан иборатки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам «алайҳинна» дедилар. Яъни  уни қилишлари керак дедилар. Бу эса ушбу амалнинг вожиб эканига далолат қилади.

2. Жибрилнинг машҳур ҳадиси. Унда Жибрил Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Ислом, Иймон, Эҳсон, Қиёмат ва унинг аломатлари ҳақида сўраган. Ушбу ҳадисни Ибн Ҳузайма ва Дорақутний Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан қилган ривоятида Умра Ҳаж билан бирга санаб ўтилган: «Ислом – «Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир» деб гувоҳлик беришингиз, намозни тўкис адо этишингиз, закотни беришингиз, Уй (Каъба)га Ҳаж ва Умра қилишингиз, жунубликдан ғусл қилишингиз, таҳоратни тўғри адо этишингиз ва Рамазон ойида рўза тутишингиздир». Имом Дорақутний дедилар: «Исноди исботланган ва саҳиҳ».

3. Субаий ибн Мабодадан Абу Довуд (1799) ва Насоий (2719) ривоят қилган ҳадис. Унда айтиладики: «Мен бадавий насроний эдим… Мен Умарни ҳузурига келиб дедим: «Эй амирул мўъминин, мен мусулмон бўлдим. Мен Ҳаж ва Умра қилишим кераклигини билдим ва мен шунинг учун эҳромга кирдим». Умар розияллоҳу анҳу дедилар: «Сен Пайғамбарингни суннатига йўлланибсан»».

4. Ибн Аббос, Ибн Умар ва Жобир ибн Абдуллоҳ каби бир гуруҳ саҳобаларнинг фикри. Жобир розияллоҳу анҳу дедилар: «Умра унга вожиб бўлмаган мусулмон йўқ». Ҳофиз дедилар: «Ибн Жаҳм ал-Моликийдан саҳиҳ иснод билан ривоят қилинди».

Бухорий деди: «Умранинг вожиблиги ва фазилати ҳақидаги боб».

Ибн Умар розияллоҳу анҳу дедилар: «Ҳар бир мусулмонга Ҳаж ва Умра вожибдир».

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу дедилар: «Дарҳақиқат улар (Ҳаж ва Умра) Аллоҳнинг Китобида тенглаштирилиб: «Ҳаж ва Умрани Аллоҳ учун комил суратда адо қилинг!» (Бақара: 196) деб айтилган» (Қаранг: «Саҳиҳ ал-Бухорий» 2/162).

Умра Ҳаж билан бирга зикр қилиб ўтилган. Бу унинг Ҳаж каби вожиб эканига далолат қилади.

Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ дедилар: «Тўғри фикрга кўра Умра Ҳаж каби умрида бир марта адо этилиши вожиб» (Фатава Ибн Баз, 16:355).

Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ «Шарҳ ал-Мумтиъ» (7:9)да дедилар: «Уламолар Умранинг ҳукми борасида ихтилоф қилишди, у вожибми ёки йўқми? Тўғрироқ фикрга кўра Умра вожибдир».

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси (11: 317) фатволарида айтиладики: «Икки фикрдан тўғрироғи Умранинг вожиб эканидир. Чунки Аллоҳ айтадики: «Ҳаж ва Умрани Аллоҳ учун комил суратда адо қилинг!» (Бақара: 196). Ҳадислар ҳам шунга далолат қилади».

Қаранг: «ал-Муғний» (5/13), «ал-Мажмуъ» (7:4), Фатава Ибн Таймийя (26:5), Шайх Усаймин «Шарҳул Мумтиъ» (7:9).

Валлоҳу аълам.

Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммадга, Унинг оиласи ва барча саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин!

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan