Ражаб ойидаги бидъатлар

Ражаб ойидаги бидъатлар

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Бидъат – Аллоҳнинг Китоби ва Суннатга хилоф бўлган жиддий масалалардан биридир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дин комил бўлганидан кейингина вафот этдилар. Аллоҳ айтади: «Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун (фақат) Исломни дин қилиб танладим» (Моида: 3).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ким бизнинг бу ишимизда (яъни динимизда) ундан бўлмаган нарсани пайдо қилса, у рад (қилинади)» (Бухорий ва Муслим ривояти). Имом Муслим ривоят қилган бошқа ҳадисда эса Пайғамбар алайҳиссолату вассалом дедилар: «Ким у тўғрида бизнинг амримиз бўлмаган бир ишни қилса, у рад этилади».

Баъзи одамлар ражаб ойида бир қатор бидъатларни тўқиб чиқардилар. Улар қуйидагилар:

1. Рағойиб намози. Ушбу намоз аввалги ва афзал асрлар ўтганидан кейин кенг тарқалди, айниқса тўртинчи ҳижрий асрдан сўнг. Баъзи одамлар ражаб ойининг аввалги кечасида ўқиладиган ушбу намозни тўқиб чиқардилар. Шайхулислом Ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳ дедилар: «Рағойиб намози – уламоларнинг ижмосига кўра бидъатдир. Улар имом Молик, Шофиъий, Абу Ҳанифа, Саврий, Авзоий, Лайсий ва бошқалардир. Бу ҳақида келтирилган ҳадис эса, барча муҳаддисларнинг ижмосига кўра мавзудир (тўқима)».

2. Ражаб ойида содир этилган бир қатор муҳим воқеалар келтирилади. Бироқ ушбу хабарларнинг бирортаси ҳам саҳиҳ эмас. Ривоят қилинишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ражабнинг биринчи кечасида туғилган эканлар. Шунингдек, у зотга пайғамбарлик вазифаси ушбу ойнинг йигирма еттинчи ёки йигирма бешинчи санасида юклатилган экан. Юқорида зикр қилинганларнинг бирортаси ҳақиқат эмас. Ҳадис ровийлари силсиласи заиф бўлган ҳадисда, Қосим ибн Муҳаммаддан ривоят қилинади, Исро воқеаси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ражаб ойининг йигирма еттинчи кечасида содир бўлган экан. Ушбу (сана) Иброҳим Ҳарбий ва бошқа (муҳаддис)лар тарафидан рад қилинган. Ушбу ойдаги бидъатлар орасида Пайғамбар алайҳиссолату вассаломнинг Меърож воқеаси ҳақидаги ҳикояни ўқиш, ушбу воқеани ражаб ойининг йигирма еттинчи кечасида нишонлаш, ёки атайин шу кечани нафл ибодатларни бажариш учун хослаш ўз ўрнини топган. Масалан, қиёмул лайл (тунги намоз) ўқиш, ёки ўша кун мобайнида рўза тутиш, ёки тантана ва байрамлар ўтказиш. Шунингдек, баъзи байрамларда қатъий ҳаром бўлган амаллар содир этилади: (бегона) эркак ва аёлларнинг аралашиши, (ҳатто) Ислом жорий қилган икки катта байрамда (Рамазон ва Қурбон ҳайити) рухсат берилмаган қўшиқ ва мусиқа, бошқа тўқима тантаналарни гапирмаса ҳам бўлади. Бунга яна, Исро ва Меърож кечаси айни шу санада содир бўлганига ҳеч қандай далил йўқ эканини қўшишингиз мумкин. Ҳатто агар бу нарса исботланганида ҳам, буни тантана ўтказиш билан нишонлашга ҳеч қандай сабаб йўқ. Чунки на Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан, на у зотнинг саҳобаларидан, на ушбу умматнинг салаф солиҳларидан бу борада бирор нарса ривоят қилинмаган. Агар бу ишда яхшилик бўлганида эди, улар албатта биздан аввал бажарган бўлар эдилар. Аллоҳ Ўзи бизга ёрдам берсин!

3. Ражаб ойининг ярмида «Умму Довуд» деб номланган намозни адо этиш.

4. Атайин ражаб ойида ўқиладиган барча дуолар сохта ва тўқимадир.

5. Ражаб ойида атайин мозорларни зиёрат қилиш бидъатдир. Чунки мозорни йилнинг хоҳлаган вақтида зиёрат қилиш мумкин.

Биз Аллоҳдан У муқаддас қилган нарсаларни улуғловчилардан ва Пайғамбар алайҳиссолату вассалом Суннатларига зоҳиран ва ботинан эргашувчилардан қилишини сўраймиз. Чунки Унгагина дуо билан мурожаат қилишимиз керак ва У бизга бу нарсани бера олади. Дуоимиз охирида айтамизки: «Оламлар Роббиси бўлган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!»

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan