Ражаб ойида умра қилиш

Ражаб ойида умра қилиш

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Ҳадислар шунга далолат қиладики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ражаб ойида умра қилмаганлар. Чунки, ривоят қилинишича Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ деди: «(Кунларнинг бирида) биз Урва ибн Зубайр билан масжидга кирдик ва у ерда Абдуллоҳ ибн Умарни кўрдик, Аллоҳ у иккисидан рози бўлсин. У Оиша ҳужраси (деворига) суяниб ўтирган эди. (Урва) ундан сўради: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам неча марта умра қилганлар?» У (Ибн Умар) деди: «Тўрт марта ва улардан бирини ражаб (ойида)». Биз эса унга эътироз билдиришни истамадик. Шунда биз мўминларнинг онаси Оиша ўз ҳужраларида тишларини тозалаётганларини эшитиб қолдик (бу ерда мисвокнинг овози эшитилгани назарда тутилмоқда) ва Урва деди: «Эй онажон, эй мўминларнинг онаси, Абу Абдурраҳмон (Ибн Умар) нима деяётганини эшитдингизми?» Улар сўрадилар: «Нима деяётган экан?» (Урва) деди: «Унинг айтишича Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўрт марта умра қилган эканлар, (шунингдек) – бир марта ражабда». (Бунга) улар дедилар: «Абу Абдурраҳмонни Аллоҳ раҳматига олсин! (Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам) усиз бирор марта умра қилмадилар. Бироқ улар ҳеч қачон ражабда умра қилмаганлар!»» (Муттафақун алайҳ).

«Саҳиҳ» Муслимда ривоят қилинишича, Ибн Умар буни эшитиб тасдиқламади ҳам, рад ҳам қилмади. Имом Нававий ёзади: «Оиша (Ибн Умар) айтганини рад қилганида Ибн Умарнинг сукут қилиши шу нарсага далолат қиладики, у ёки чалкашиб кетди, ёки унутди, ёки шубҳа қилди». Шундай экан, ражаб ойини умра қилиш учун хослаб танлаш ва ражабда умра қилиш ўзига хос фазилатга эга деб эътиқод қилиш бидъатдир. Бу борада бирор нарса ривоят қилинмаган. Пайғамбар алайҳиссолату вассалом ражаб ойида умра қилганлари ҳақида бирор жойда маълумот келмаганини гапирмаса ҳам бўлади.

Шайх Олий ибн Иброҳим ал-Аттор (724 ҳижрий йилда вафот этган) деди: «Макка шаҳри аҳолисидан, Аллоҳ уларнинг мартабасини олий қилсин, эшитган нарсаларимдан бири шу бўлдики, улар ражаб ойида кўп умра қилар эканлар. Бу асоси менга номаълум бўлган амалдир. Менга маълум бўлган нарса шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисда айтадилар: «Рамазондаги умра, ҳаж билан баробардир» (Бухорий ва Муслим ривояти)».

Шайх Муҳаммад ибн Иброҳим раҳимаҳуллоҳ ўзларининг фатволарида айтадилар: «Ражаб ойининг баъзи кунларини ҳар қандай солиҳ амалларни бажариш, зиёрат, ёки бошқа бирор нарса учун хослашга келсак, буларнинг барчаси (шариатда) асоси бўлмаган нарсадир. Чунки, бу ҳақида имом Абу Шома ўзларининг «Ал-Бидъа вал Ҳавадис» китобларида таъкидлаб ўтганлар: «Шариат томонидан хосланмаган вақтда ибодат турларини хослаб бажариш хатодир. Ҳеч бир вақтни бошқа бир вақтдан афзал кўриш мумкин эмас. Илло шариат маълум ибодатни маълум вақтда бажаришни афзал кўрган, ёки ҳар қандай солиҳ амални айни ўша вақтда бажариш бошқа ҳар қандай вақтда бажаришдан афзал эканига шариат томонидан кўрсатма бўлса бундан мустасно. Шунинг учун ҳам Ражаб ойини кўп сонли Умра қилиш учун хослашликни уламолар танқид қилдилар».

Бироқ агар инсон ражаб ойида умра қилиб, унда ўзига хос фазилат бор деб эътиқод қилмаса, ёки унга ўша умра қилиш енгил бўлган вақтга тўғри келиб қолган бўлса, бунда ҳеч қандай ножуялик йўқдир.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan