Шуруқ намози ҳақида
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, у зотнинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.
Сўнг …
Шуруқ намози қуёш чиқиб, (бир найза бўйи) кўтарилгач ўқиладиган икки ракат намоздир. Бомдод намозини масжидда жамоат билан ўқиса сўнгра намоз ўқиган ўрнида Аллоҳни зикр қилиб ўтиргач ушбу намозни ўқийди.
Ушбу намознинг фазилати ҳақида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ушбу ҳадис ворид бўлган: «Ким бомдод намозини жамоат билан ўқиса, сўнг қуёш чиққунча Аллоҳни зикр қилса, сўнг икки ракат намоз ўқиса, унга ҳаж ва умранинг ажри каби (ажр) бўлади. Тўла, тўла, тўла» (Термизий (586) Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилди).
Ушбу ҳадиснинг саҳиҳлиги борасида ихтилоф мавжуд. Бир жамоа аҳли илм ушбу ҳадисни заиф деган бўлса, бошқалар ҳасан даражасидаги ҳадис деб айтишди. Ҳасан даражасида деб айтганлардан Албоний роҳимаҳуллоҳдир «Соҳиҳ Сунан ат-Термизий».
Шайх Ибн Боз роҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадис ҳақида сўралганларида шундай дедилар: «Ушбу ҳадис зарари йўқ бўлган (ўта заиф бўлмаган) йўлларга кўра ривоят қилинган. Шу сабабли у «ҳасан лиғойриҳи» бобидан деб эътибор қилинади. Ушбу намозни қуёш чиқиб, бир найза бўйи кўтарилганда ўқишлик мустаҳаб бўлади. Яъни, қуёш чиқиб таҳминан йигирма ёки ўн беш дақиқадан ўтгач (ўқилади)» («Фатава шайх Ибн Баз» (25/171)).
Ушбу намоз мустаҳаб, вожиб эмас ва у зуҳо намозига дахлдордир. Зеро зуҳо намозининг вақти қуёш кўтарилгандан то заволга кетиш олди вақтигачадир, яъни пешин намози.
Зуҳо намозининг суннатда ворид бўлгани ва унинг мустаҳаб экани ҳақида Бухорий (1178) ва Муслим (721) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган ҳадис: «Севиклигим (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) менга уч нарсани васият қилганларки, вафот этгунимгача шуларни тарк этмайман: Ҳар ойда уч кун рўза тутиш, зуҳо намози ва витрни ўқигач уйқуга кетиш».
Шайх Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ шуруқ ва зуҳо намозлари ҳақида сўралганларида қуйидагича жавоб бердилар: «Суннат(да келган) шуруқ намози у зуҳо намозидир. Бироқ ушбу (намозни) қуёш чиқиб, бир найза бўйи кўтарилиши билан эрта адо этсанг, бас, у шуруқ намозидир. Уни охирги ёки ўрта вақтида (ўқисанг) зуҳо намозидир. Бироқ у (барибир) зуҳо намози (бўлиб қолади). Чунки аҳли илм роҳимаҳумуллоҳ шундай дейишган: Зуҳо намозининг вақти қуёш бир найза бўйи кўтарилгандан заволга кетишидан олдинроқ бўлган вақтгачадир» («Лиқо баб ал-мафтуҳ» (24/141)).
Аллоҳ пайғамбаримизга, унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.
Манба: Тавҳид форуми
A.A QUYOSH CHIQQUNICHA NAMOZ O’QIGAN JOYIDA O’TIRISH LOZIMMI? MASJIDNI ICHIDA BO’LISHI KIFOYAMASMI?
Va alaykum assalam, bu borada ulamolar ikki xil so’z aytganlar. Ajrlar ham farqli bo’ladi. Kim namoz o’qigan joyidan qimirlamasa, uning boshida bir farishta turib Alloh buning gunohlarini kech va rahm qil, deb turadi. Agar o’rnidan tursa, boshqa joyga o’tsa modomiki masjiddan chiqib ketmasa, Haj va umra ajrlarini oladi, lekin farishtaning istig’fori va rahmat tilashidan mahrum bo’ladi.