Шаъбон ойи ўртасидаги тун фазилати ҳақида

Шаъбон ойи ўртасидаги тун фазилати ҳақида

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Аллоҳга ҳамду санолар ва Унинг расулига салавоту саломлар бўлсин.

Баъзи мусулмонларнинг айтишича, Шаъбон ойининг ўртасидаги тунда таҳажжуд намози ўқиш ва ибодатларда ғайрат қилиш керак эмиш. Чунки ўша тунда Аллоҳнинг раҳмати нозил бўлар экан. Бу ишни қилувчилар, қуйидаги заиф ҳадисга суянадилар: «Шаъбон ўртасидаги тун кирганида, ушбу тунда намоз ила қоим бўлинглар. Кундузи эса рўза тутинглар» («ас-Силсила ад-даъифа» 2132).

Бироқ Шаъбон ўртасининг туни фазилати ҳақида бошқа саҳиҳ ҳадис ворид бўлган: «Бизнинг Олий Роббимиз Шаъбон ойи ўртасидаги тунда нозил бўлади ва барча махлуқотларининг гуноҳларини мағфират қилади. Илло мушрик ва адоватли бидъатчи бундан мустасно!»

Ушбу ҳадисни Ибн Можа 1390, Баззор 2/408, Ибн Ҳиббон 5636, Байҳақий 7/419, Табароний 20/108, Ибн Аби Осим 509 ва бошқалар ривоят қилишган.

Ҳадис кўпгина ровийлар силсиласига эга ва у Абу Бакр, Оиша, Муоз ибн Жабал, Абу Ҳурайра, Абдуллоҳ ибн Амр, Абу Мусо, Абу Саълаба, Авф ибн Молик, Усмон ибн ал-Ос каби бир гуруҳ саҳобалардан ривоят қилинган.

Ҳадиснинг яна бошқа ривоятлари орасида кўпгина заифлари мавжуд. Аммо ҳадиснинг айрим ривоятлари ҳасан ва ўша ҳадиснинг бошқа барча ривоятлари бир-бирини қувватлайди. Бу нарса шубҳасиз ҳадисни саҳиҳ даражасига кўтаради. Ушбу ҳадис саҳиҳлигини имом Баззор, ҳофиз Ибн Ражаб ва шайх Албоний каби имомлар тасдиқлашган («ал-Баҳр аз-зоҳир» 1/206, «Шарҳ ал-Маваҳиб» 7/473, «ас-Силсила ас-саҳиҳа» 1144, 1563).

Шунинг учун ҳам шайх Албоний раҳимаҳуллоҳдан Шаъбон ойи ўртасининг фазилати ҳақида сўрашганида, улар унда (Шаъбон ойида) ягона фазилат бор, у ҳам бўлса Аллоҳ мушрик ва мушаҳиндан ташқари барчанинг гуноҳини кечиришидир, деб жавоб берганлар («ас-Силсила ҳуда ва нур» 564).

Мушаҳин – бу ибн Асир айтганларидек: «ал-Мушаҳин (المشاحن) – душманлик қилувчи. Аш-шаҳна (الشحناء) эса душманлик, ат-ташаҳун (التشاحن) эса – ундан бўлган алоқадир». Авзоий деди: «Мушаҳин (المشاحن) сўзидан мурод – уммат бирлигини парчаловчи бидъат соҳибидир» (Ан-ниҳоя фи ариб ал-ҳадис ва ал-асар).

Ушбу тунни ва кунни бирорта ибодат тури учун хослаш мумкин эмас. Бу иш бидъат бўлади. Ҳатто агар бу шариатда асоси бўлган ибодат тури бўлса ҳам. Бироқ инсон одатига кўра тунда намоз ўқиса, одатдагидек намозини ўқийверсин. Агар ҳар ой ўртасида рўза тутган бўлса, бу кунда ҳам рўзасини тутаверсин. Ушбу мавзуни Муҳаммад Саид Раслан ҳафизаҳуллоҳ жума хутбаларида муҳокама қилар эканлар, шндай хулосага келганлар.

http://www.rslan.com/vad/items_details.php?id=2343

Шайх Усайминда Шаъбон ойи атрофидаги бидъатларга оид хутбалари бор. Ўша ерда шайх айтганлар: «Баъзи одамлар Шаъбон ойи ўртасидаги тунни улуғлашади ва уни ибодатлар, намозда қоим бўлиш учун хослашади… Худди шундай ушбу кунларни рўза учун хослашади. Бироқ бунга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Суннатидан ҳеч қандай саҳиҳ асос йўқ. Шунингдек Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ушбу кунни тунги намозда қоим бўлиш учун хослаганлари ворид бўлмаган. Ваҳоланки, ўша барча ҳадислар мавзу (тўқима), Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғондир. Бу ҳақида кўпгина муҳаддисларнинг айтиб ўтишган.

Шунингдек, ушбу ой ўртасидаги кунни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза учун хосламаганлар.

Тўғри, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда кўп рўза тутганлар. Аммо аниқ бир кунни бу учун хосламаганлар. Ибодат учун макон ёки маълум кунни чеклаш ёки хослаш учун, Қуръон ёки Суннатдан далил бўлиши керак. Бунга эса на Қуръондан, на Суннатдан далил йўқ..!» (ас-Силсила ал-бабу ал-муфтуҳ, 222-тасма (б), 23:20).

Аллоҳ таоло Ўзининг иймон келтирган бандаларини бу тунда мағфират қилиши каби улуғ раҳматига келсак, бу ҳадисдан ушбу мағфиратга дохил бўлиш учун қандайдир ибодатни адо этиш лозим деган хулоса келиб чиқмайди. Бу Аллоҳ таолонинг раҳматидир! Бу раҳмат шундоқ ҳам ҳар бир адоват ва бидъатдан сақланувчи муваҳҳидга насиб бўлади!

Аллоҳ таолодан ушбу тунда мағфират қиладиганлардан бўлишимизни насиб айлашини сўраб қоламиз.

One thought on “Шаъбон ойи ўртасидаги тун фазилати ҳақида

  1. Субҳаналлоҳ, Аллоҳ Сизлардан рози бўлсин, жуда керакли маълумот берибсизлар. Мен ҳам бу ибодатларни саҳиҳ деб билар эдим, энди эса керакли маълумотларга эга бўлдим.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan