Зулҳижжанинг ўн кунлигида бажариладиган шаръий амаллар

Зулҳижжа ойининг биринчи ўн кунлиги фазилатлари ва унда бажариладиган шаръий амаллар

الحمد لله والصلاة والسلام على رسول الله نبينا محمد وعلى آله وصحبه أجمعين، وبعد:

Зулҳижжанинг ўн кунлиги фазилатлари

Бухорий ва бошқа уламолар Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилишганки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Бирор-бир кун йўқки, ундаги солиҳ амал бу ўн кунликдагидан кўра Аллоҳга суюклироқ бўлса». Одамлар сўрашди: «Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ йўлидаги жиҳод ҳам суюкли бўлолмайдими?» Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳ йўлидаги жиҳод ҳам суюкли бўлолмайди. Аммо бир инсон жони ва моли билан чиқиб, ундан бирон нарса қайтиб келмаса, шугина мустасно» (Саҳиҳул-Бухорий – 969; Сунани Аби Довуд – 2438).

Имом Аҳмад Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қиладилар (5446). Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳнинг наздида бирор кун йўқки унда қилинган амал бу ўн кунликда қилинганчалик маҳбуброқ бўлса. Бас, таҳлил, такбир ва ҳамдни кўп айтинглар».

Ибн Ҳиббон ўз «Саҳиҳ»ларида Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳ ҳузурида Арафа кунидан афзалроқ бирор кун йўқ».

 

Бу ўн кунликда бажариладиган амаллар тури

Биринчи: Ҳаж ва умра ибодатини бажо қилиш

Бу шу кунлар ичида қилинадиган амалларнинг энг афзалидир. Бунинг фазилатига бир неча ҳадислар далолат қилади. Жумладан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Умра ўзидан кейинги умрагача бўлган гуноҳларга каффоратдир. Ҳажжи мабрурнинг мукофоти фақат жаннатдир». Бу ҳақда яна бир қанча саҳиҳ ҳадислар ворид бўлган (Саҳиҳул-Бухорий – 1773, Саҳиҳул-Муслим – 1349).

Иккинчи: Бу кунларнинг ҳаммасида ёки уддасидан чиққан кунларида, хоссатан Арафа куни рўзадор бўлиш

Шубҳа йўқки, рўза энг афзал ибодатлардан саналади. У ҳадиси қудсийда айтилганидек, Аллоҳ Ўзи учун танлаб олган амаллардандир. Аллоҳ таоло айтган: «Рўза Мен учундир. Унинг мукофотини ҳам Мен Ўзим бераман. Зеро, банда таоми, суви ва шаҳватини Мен учун тарк қилади» (Муснади Аҳмад – 9112, Саҳиҳул-Бухорий – 7492, Саҳиҳул-Муслим – 1151).

Абу Саид ал-Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қайси бир банда Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутса, Аллоҳ шу кун сабабидан унинг юзини етмиш куз муддатича узоқлаштириб юборади». Етмиш куз дейилишидан мурод, етмиш йилдир (Муттафақун алайҳ, Бухорий – 2840, Муслим – 1153).

Муслим Абу Қатода разияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар (1162). Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳдан умид этаманки, У Арафа кунининг рўзасини аввалги ва кейинги йилнинг гуноҳларига каффорат қилади».

Учинчи: Бу кунларда такбир, зикр ва дуолар билан машғул бўлиш

Аллоҳ марҳамат қилади:

«Маълум кунларда Аллоҳнинг исмини зикр қилсинлар» (Ҳаж сураси, 28-оят). Бизга яхши аёнки, «маълум кунлар»ни ўн кунлик муддат деб тафсир қилинган. Шунинг учун уламолар бу кунларда зикрни кўп айтишни мустаҳаб санаганлар. Юқорида Аҳмад Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда: «Бу кунларда таҳлил, такбир ва ҳамдни кўп айтинглар», деган сўз ўтди. Бухорий Ибн Умар ва Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳумдан ривоят қиладилар. У икковлари ўн кунлик давомида бозорга чиқиб такбир айтишарди. Одамлар ҳам уларнинг такбирларини эшитиб такбир айтар эдилар. Исҳоқ тобеийнларнинг фуқаҳоларидан – раҳматуллоҳи айлайҳим – ривоят қиладилар. Улар мана бундай деб такбир айтишар эди: «Аллоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар, ла илаха иллаллоҳу валлоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар, валиллаҳил-ҳамд».

Бозорларда, ҳовлиларда, йўлларда, масжидларда ва шу каби бошқа жойларда такбир айтганда овозни кўтариш мустаҳаб иш саналади. Чунки Аллоҳ:

«(Бу кунлар) Сизларни ҳидоят қилганига шукрона сифатида Аллоҳни улуғлашларингиз учундир», – деган (Бақара сураси, 185-оят). Такбирни жамоат бўлиб айтиш жоиз эмас. Яъни ҳамма бир-бирининг овозига мослаб, жўр бўлиб такбир айтмайди. Бу иш салафлардан нақл қилинмаган. Суннат шуки, ҳар бир инсон ўзи ёлғиз такбир айтаверади. Барча зикр ва дуолардаги қоида шундайдир. Фақат билмайдиган одам бўлса, унга ўргатиш учун то у ўрганиб олгунча кимдир айтиб туриши мумкин. Бу кунларда такбир, таҳмид, тасбеҳ ва бошқа машруъ дуолардан ҳар ким қурби етганича, насиб бўлганича ўқиши жоиздир.

Тўртинчи: Барча гуноҳ ва маъсиятлардан тавба қилиш, тўхташ

Мана шунда қилинган яхши амаллар учун мағфират ва раҳмат келишига йўл очилади. Чунки гуноҳлар раҳматдан узоқлашиш ва қувилиш омилидир. Тоатлар эса яқинлик ва дўстлик омилларидан. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда келадики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳнинг рашки келади. Унинг рашки мўминнинг Аллоҳ ҳаром қилган ишларни қилишидадир» (Саҳиҳул-Бухорий – 5223, Саҳиҳул-Муслим – 2761).

Бешинчи: Солиҳ амалларни кўпроқ килиш

Намоз, садақа, жиҳод, қироат, амри маъруф – наҳйи мункар ва ҳоказо солиҳ амалларнинг нафлларини кўпайтириш бу кунларда кўп савоб топишга сабаб бўлади. Гарчи бир амалнинг даражаси аслида қайсидир бир амалдан пастроқ бўлса ҳам, бироқ даражаси паст амал шу кунларда қилингани учун бошқа вақтларда даражаси юқорироқ саналадиган амалдан афзалроқ ва Аллоҳга маҳбуброқ бўлади. Ҳатто амалларнинг афзали бўлган жиҳоддан ҳам устун бўлади. Фақат жиҳодда оти сўйилиб, ўзининг ҳам қони тўкилган одамгина бундан мустасно.

Олтинчи: Бу кунлар учун хосланган такбирларни айтиш

Бу кунларда ҳамма вақт ичида: хоҳ кечаси, хоҳ кундузи бўлсин, то ҳайит намози ўқилгунча ҳеч бир чекловсиз ихтиёрий такбир айтиб юриш («такбири мутлақ») шариатга мувофиқ иш бўлади. Яна шу билан бирга аниқ ва қатъий қоидага мувофиқ қилиб такбир айтиш ҳам бор («такбири муқайяд»). Бу иккинчиси жамоат билан ўқилган фарз намозларидан кейин айтиладиган такбирлардир. Бу амал ҳожилардан бошқа одамлар учун Арафа куни тонгидан бошлаб, ҳожилар учун эса ҳайит куни пешин вақтидан бошлаб, то охирги «ташриқ» кунининг аср намозигача давом этади.

Еттинчи: Ҳайит куни ва «ташриқ» кунлари ичида қурбонлик қилиш

Бу иш бизнинг отамиз Иброҳим алайҳиссалоту вассаломнинг суннатларидир. Маълумки, Аллоҳ у кишининг ўғилларини буюк қурбонликка алмаштириб берган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан собит бўлганки, «У зот ўз қўллари билан шохдор, ола-була иккита қўчқор қурбонлик қилганлар. Бисмиллоҳ ва такбир айтиб, оёқларини у икки қўчқорга қўйиб турганлар» (Муттафақун алайҳ, Бухорий – 5558, Муслим – 1966).

Саккизинчи: Қурбонлик қилувчиларга тегишли суннат

Муслим (1977) ва бошқалар Умми Салама разияллоҳу анҳодан ривоят қилишганки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Зулҳижжанинг ҳилолини кўрсангизлар ва ичингиздан кимдир қурбонлик қилмоқчи бўлса, то қурбонлигини бажо қилмагунча соч-соқоли ва тирноқларини олишдан тийилсин». Яна бир ривоятда: «Соч-соқоли ва тирноқларидан ҳеч бир нарса олмасин», – дейилган. Бу эҳтимол ҳажда қурбонлик қиладиган одамларга ўзини ўхшатиш учундир. Аллоҳ таоло айтган:

«То қурбонлигингиз ўз маконига етмагунча сочларингизни олмангиз» (Бақара сураси, 196-оят). Бу сўзнинг зоҳири ушбу таъқиқ фақат қурбонлик қилувчига тегишли бўлиб, аёли ва болаларига тааллуқли эмаслигини кўрсатади. Аммо улардан ҳам кимдир қурбонлик қилмоқчи бўлса, у ҳам бу қоидага амал қилади. Бошни ювса, ишқаласа ва ундан бирор тук тўкилса зарари йўқ.

Тўққизинчи: Мусулмон одам намозгоҳга бориб ийд намозини ўқишга, хутбани эшитиб фойдаланишга астойдил ҳаракат қилмоғи лозим

У яна ушбу ийднинг шариатга киритилишидан кўзланган ҳикмат нимада эканини англаши керак. Бу куннинг шукрона ва яхшиликлар қилинадиган кун эканини эсдан чиқариш мумкин эмас. Шундай экан, байрам кунини ҳаддан ошиш ва очкўзлик куни қилиб юбормасин. Гуноҳ ва маъсият байрами қилмасин, мусиқа ва маст қилувчи ичимликлар каби нарсаларга берилиб, ўн кунликда бажо қилган солиҳ амалларининг йўқ бўлиб кетишига сабаб бўлиб қолмасин.

Ўнинчи: Биз кўриб ўтган нарсалардан хулоса шуки, ҳар бир мусулмон эркак ва аёлга бу айёмларни ғанимат билмоқ зарурдир. Инсон ушбу имкониятлардан фойдаланиб ўзининг мавлоси розилигини топиш учун Аллоҳнинг тоати ва зикрида бўлиши, Унга шукр айтиб, вожиб амалларни бажо этиши, қайтарилган нарсалардан узоқ бўлиши, бу мавсум ичида Аллоҳнинг марҳаматларига кўпроқ сазовор бўлишга интилиши лозим. Яхшиликларга етакловчи, тўғри йўлга илҳом берувчи Аллоҳдир.

وصلى الله وسلم على محمد وعلى آله وصحبه

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan