«Аввобийн» намози ҳақида
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Аллоҳ Таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, аҳли оилаларига ва асҳобларига салоту саломлар бўлсин.
Бугунги кунда баъзи мусулмонлар шом намозидан кейин 6 ракаатли «Аввобийн» номли намоз ўқилиши мустаҳаб эканини эътироф этишмоқда. Бу қавлнинг тасдиқи сифатида улар бир нечта ҳадислар ва Исро сурасининг 25-оятини келтирадилар: «Зеро, у тавба қилгувчи (аввобийн)ларни мағфират этувчи бўлган зотдир» (Исро: 25).
Келинг, улар таянган ҳадисларнинг баъзилари билан танишиб чиқайлик.
Имом Табароний Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтилишича: «Ким шомдан кейин олти ракаат ўқиса, гуноҳлари мағфират қилинур, агар денгизнинг кўпигича бўлса ҳам». Шайх Албоний ҳадисни заиф деган (Қаранг: «Заиф ат-Тарғиб ва-т-Тарҳиб» 333).
Бундан ташқари шунга ўхшаш яна бир заиф ҳадисни эслаб ўтишимиз мумкин. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтилишича: «Кимки шом намозидан сўнг, орада ёмон гапларни гапирмай, 6 ракаат намоз ўқиса, унга 12 (ўн икки) йил ибодат қилганнинг савоби ёзилади»». Ушбу ҳадисни Ибн Можжа 1167, Ибн Ҳузайма 1131, Табароний «ал-Авсат» 1/250, Ибн Наср 33, Ибн Шаҳийн «ат-Тарғиб» 2/272, ал-Мухлис «ал-Фаваид ал-Мунтақо» 8/34, Аскарий «Муснад Аби Ҳурайра» 1/71, Ибн Самъун ал-Ваъиз «ал-Амаали» 1/61 ва Термизий 435 ривоят қилди ва деди: «Бу ғариб ҳадис ва биз уни фақат Умар ибн Аби Ҳасама сўзидан биламиз. Мен Муҳаммад ибн Исмоил (Бухорий) у ҳақида: «Умар ибн Абдуллоҳнинг ҳадислари мункардир» деганини эшитганман ва уни жуда заиф ровий ҳисоблаган». Заҳабий у ҳақида ёзади: «Ундан иккита мункар ҳадис ривоят қилинади ва бу ўша иккитадан биттасидир». Шайх Албоний ҳадисни ўта заиф деган (Қаранг: «Заиф ал-Жомиъ ас-Сағир» 5661, «Заиф ат-Тарғиб ва-т-Тарҳиб» 331, «Силсила аз-Заифа ва-л-мавдуъа» 469).
Кўриб турганингиздек, бу борадаги барча далиллар заиф, ҳужжат бўлишга ярамайди.
Қўшимча сифатида, Шом намозидан сўнг Хуфтон намозигача бўлган вақтда нафл намоз ўқишлик ҳақида саҳиҳ ҳадислар ҳам мавжудлигини айтиб ўтмоқчимиз. Бироқ уларда бирор ракаат тайин қилинмагани алоҳида эътиборга лойиқдир.
Ҳузайфа розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Кунларнинг бирида мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга Шом намозини ўқидим. Ушбу намозни ўқиб бўлганларидан сўнг (нафл) намоз ўқишни тўхтатмадилар, ҳатто хуфтон намозини ўқимагунларича. Шундан сўнг чиқиб кетдилар» (Аҳмад 5/404, Термизий 604. Имом Термизий, Ҳоким, Заҳабий, Мунзирий ва Албоний ҳадисни саҳиҳ дедилар. Қаранг: «Ирвоул-ғалил» 470).
Қатода ривоят қилади, Анас ибн Молик: «Уларнинг ёнбошлари ўрин-жойларидан йироқ бўлур. Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо-илтижо қилурлар» (Сажда: 16), ояти ҳақида дедилар: «Улар Шом ва Хуфтон намози орасида намоз ўқир эдилар» (Абу Довуд 1322, Ҳоким 2/467. Ҳадиснинг саҳиҳлигини ҳофиз Ироқий, имом Заҳабий ва шайх Албоний тасдиқлади).
Бу ҳадисларни Шом намозидан кейин ўқиладиган икки ракаат суннат намози ҳақидаги ҳадис билан чалкаштирмаслигимиз лозим. Шом намозидан кейинги икки ракаат намоз суннати равотибдир.
Энди «ўзи Исломда «Аввобийн» номли намоз борми?» деб савол берилса: «Ҳа, бор» деб жавоб берилади. Бу намозни «Тавба қилувчилар намози» деб таржима қилиш мумкин. Бироқ бу юқорида айтиб ўтилган Шом намозидан кейин ўқиладиган олти ракаатлик намоз эмас.
Муҳаммад ибн Мунқодирдан ривоят қилинган ҳадисда айтиладики: «Шом ва Ҳуфтон намозлари орасидаги намоз – аввобийн (тавба қилувчилар) намозидир». Бу ҳадисни Ибн Муборак «Зуҳд»да ва Ибн Наср «Қиёмул лайл»да келтиради. Ушбу ҳадис ҳам заиф. Сабаби эса унинг мурсал эканидир. Чунки ҳадис ровийси Муҳаммад ибн Мунқодир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни учратмаган (Қаранг: «ас-Силсила аз-заифа» 4617, «Заиф ал-жомиъ» 5676). Қўшимча сифатида айтишимиз мумкинки, бу ҳадисда намознинг олти ёки йигирма каби муайян ракаат экани ҳам зикр қилинмаган.
Бу борадаги энг тўғри қавл эса, жумҳур уламоларнинг қавлидир. Бу ҳам бўлса «Солатул аввобийн» (тавба қилувчилар намози) аслида шаръий асоси бўлган «Зуҳо» намозидир. У қуёш чиқишидан бошлаб Пешин намозидан бир оз олдин бўлган вақт оралиғида ўқилади.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари «Зуҳо» намозини – тавба қилувчилар намози деб атаганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Бирор ким Зуҳо намозини доимий ўқимайди, тавба қилувчилар (аввобийнлар) бундан мустасно. Дарҳақиқат у тавба қилувчиларнинг намозидир» (Ибн Ҳузайма 2/228, Ҳоким 1/134. Ҳасан ҳадис. Қаранг: «ас-Силсила ас-саҳиҳа» 1994).
Зайд ибн Арқам ривоят қилади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аввобийнлар намози ёш туялар оёғи қизиган пайтдир» (Муслим 748). Яъни, Зуҳо намозини ўқишнинг энг афзал вақти, қуёш юқорироққа кўтарилиб, чўққига чиқишидан бир оз олдинроқ бўлган вақтдир.
Шом ва ҳуфтон орасида ўқиладиган нафл намоз ҳақида эса юқорида саҳиҳ ҳадислар келтирилди.
Демак, кимки «Аввобийн» намозини адо этаман деса, марҳамат «Зуҳо» намозини ўқисин. Кимки шом намозидан ҳуфтон намозигача нафл намозини ўқийман деса ўқисин, бироқ унга «Аввобийн» деган ном бермасин ва бу намозга бирор ракаатни тайин қилмасин. Чунки юқоридаги далиллардан кўриниб турибдики, «Аввобийн» намози қуёш чиққанидан кейин то Пешин вақти киришидан бир оз олдинроқ ўқилади, Шом намозидан кейин эмас. Шунингдек, саҳиҳ ҳадисларда келган Шом намозидан кейинги нафл намозларда бирор ракаат тайин қилинмаган. Кимки бирор ракаатни тайин қилса бидъат қилибди.
Валлоҳу аълам.
Манба: Тавҳид форуми
Ассаламу алайкум варахматулох! Ажойиб мавзу,илтимос биродарлар зухо номози тартибини тушунтириб берейла. Ман эшитганман бир вактлар зухо номози бомдот номози укилгач жойи(жой номоз)дан турмасдан куёш чикиши кутилади ва качон куёш бир найза буйи кутарилгандан сунг зухо номози укилиб урнидан турилади. Одатда фажр номозидан сунг нонушта килиб ишга кетилади (тугрироги мани одатимда). Кейин пешин номозигача вактда зухо номозини укишга имкон топа оламан.Шу тугри буладими китоби суннатда? Олдиндан жазакаллоху хойр вассаламу алайкум!
Валейкум ассалам ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
Муслим биродар! Чошгоҳ (зуҳо) намози ҳақида кўп ҳадислар келган. Жумладан:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ҳалилим – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам – менга уч нарсани: ҳар ойда уч кун рўза тутишни, (кунда) икки ракъат чошгоҳ намозини ҳамда ухлашдан аввал витр намозини ўқишни васият қилганлар» (Бухорий (1178), Муслим (721) ривоятлари).
Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чошгоҳ намозини (қўймай) ўқирдилар, ҳатто биз: «Энди тарк қилмасалар керак» деб ўйлаб қолардик, (баъзан) уни тарк қилардилар, ҳатто биз: «Энди ўқимасалар керак» деб қолардик» (Аҳмад (3/21, №11155) ва Термизий (477) ривоятлари).
Чошгоҳ намозининг энг ози икки ракъатдир. Чунки, юқоридаги Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ҳадисида «икки ракъат чошгоҳ намозини» деб келган.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: «Ким субҳ намозидан бурилгач, то икки ракъат чошгоҳ намозини ўқигунча фақат яхши сўзни сўзлаб намозгоҳида ўтирса, гуноҳлари денгиз кўпикларидан ҳам кўп бўлса-да кечирилади», дейилган (Абу Довуд (1287) ривояти).
Унинг кўпи саккиз ракъатдир. Чунки, Умму Ҳониъ розияллоҳу анҳо ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фатҳ йилида чошгоҳ намозини саккиз ракъат ўқиганлар (Бухорий (350), Муслим (336) ривоятлари).
Муоз розияллоҳу анҳу Оиша розияллоҳу анҳодан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чошгоҳ намозини ўқирмидилар?», деб сўраганида: «Ҳа, тўрт ракъат ва ундан зиёда Аллоҳ хоҳлаганича ўқир эдилар», деб жавоб берганлар. (Имом Муслим (719) ривояти).
Чошгоҳ намози вақти кун чиқиб, найза бўйи кўтарилган пайтдан бошлаб то заволдан – яъни, кун тиккага келиш вақтидан – озгина аввалгача давом этади. Афзали – кун қизиган пайтда ўқишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аввобларнинг (яъни, тавбага бош урувчиларнинг) намози қум бўталоқларнинг оёқларини куйдирадиган пайтдадир» деганлар (Имом Муслим (748) Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).