Зулҳижжа ойининг биринчи ўн кунлигининг фазилатлари
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деган эканлар:
» مَا مِنْ أَيَّامٍ الْعَمَلُ الْصَّالِحُ فِيْهِنَّ أَحَبُّ إِلَى اللهِ مِنْ هَذِهِ الأَيَّامِ العَشْرِ «
«Мана бу ўн кунликнинг ичида қилинган амаллар Аллоҳга энг суюмли бўлган амаллардир». Саҳобалар: «Ҳатто Аллоҳнинг йўлидаги жиҳод ҳам тенг бўлмайдими?» дейишди. У зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
» وَ لاَ الْجِهَادُ فِي سَبِيْلِ اللهِ إِلاَّ رَجُلٌ خَرَجَ بِنَفْسِهِ وَ مَالِهِ فَلَمْ يَرْجِعْ مِنْ ذَلِكَ بِشَيْءٍ «
( ورواه البخاري مسلم و الترمذي)
«Ҳатто Аллоҳнинг йўлида бўлган жиҳод ҳам тенглаша олмас, магар агар киши жони ва моли билан жиҳодга чиққан бўлсаки ва у икковиси билан ҳам қайтиб келмаган бўлса (яъни молини Аллоҳ йўлида сарфлаб, ўзи эса Аллоҳ йўлида шаҳид бўлган бўлса) кейин тенг бўлур» (Имом Бухорий, Муслим ва Термизий ривоятлари. Бу матн Термизийнинг матнлари).
Бу кунларда қилинишга тарғиб қилинган амаллардан:
1. Рўза (биринчи тўққиз кунликда, айниқса 9 – Зулҳижжа, яъни Арафа кунида рўза тутишлик ўтган йилги ва келаси йилги гуноҳларга каффорат бўлади);
2. Аллоҳга ҳақиқий тавба қилмоқлик;
3. Қуръони Карим тиловати (ҳар бир ҳарф учун бизлар учун 10 та ҳасанот ёзилади);
4. Садақотлар қилишлик (саҳиҳ ҳадисларда келишича: садақа бу жаҳаннам ўтидан сақлагувчи бир қалқондир);
5. Барча фарз намозларини жамоат билан ўқимоқлик (саҳиҳ ҳадисларда келишича, фарзни жамоат билан ўқиган учун 25 дан 27 мартагача ажр кўп ёзилади, хуфтон намозини жамоат билан ўқимоқлик худди у кишига ярим кеча таҳажжуд ўқигандек савоб ёзилади, бомдод намозини жамоат билан ўқиганга бир кеча таҳажжуд ўқигандек савоб ёзилади);
6. Барча суннати-муаккада бўлган намозларни ўқимоқлик (2 ракат бомдодда, 4 ракат пешин намозидан аввал ва 2 ракат пешиндан кейин, 2 ракат шом намозидан сўнг ва 2 ракат хуфтондан сўнг. Бу намозларни ўқиган учун Жаннатдан уй ваъда қилинган);
7. Дуҳо намози (саҳиҳ ҳадисларда келишича: бу намозни Аввоб (Аллоҳга доимо ибодат қилгувчилар) бўлган бандаларгина ўқийдилар ва бу намоз туфайли инсон боласининг зиммасида бўлган садақа қилишликларнинг барчасини савоби ёзилади);
8. Ишроқ намози (саҳиҳ ҳадисларда келишича: кимда-ким бомдод намозини жамоат билан ўқиса ва масжидда Аллоҳни зикр қилиб қуёш чиққунча ўтирса, қуёш чиққанидан сўнг 15 дақиқа ўтгач 2 ракат Ишроқ намозини ўқиса, у кимса учун Ҳаж ва Умранинг савоби тўлиқлича ёзилади);
9. Субҳаналлоҳ, Алҳамдулиллаҳ, Аллоҳу Акбарни доимий равишда, уларнинг маъноларига таддаббур қилган ҳолда такрорлаб юришлик (саҳиҳ ҳадисларда келишича: ҳар бири учун Аллоҳ таоло Жаннатда у кимса учун бир дарахт ўстиради. Ундан ташқари Ибн Умар ва Абу Ҳурайра разияллаҳу анҳумолар бозорларга чиқиб «Аллоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар, Ла илаҳа иллаллоҳу Аллоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар ва лиллаҳи ҳамд» деб одамларга эслатишлик учун такбиротлар айтар эканлар (Имом Бухорий ривояти));
10. Таҳҳажжуд намози (фарз намозидан сўнг энг афзал намоз таҳажжуд намозидир);
11. Ийд Намозидан сўнг Қурбонлик қилиш (саҳиҳ ҳадисларда келишича: қурбонлик учун сўйилган жониворнинг жунини сонича ва унданда кўпроқ савоб ёзилади. Қурбонлик қилмоқчи бщлган киши қурбонлик қилгунича сочини, тирноқларини олмасликка буюрилган);
12. Амру маъруф ва наҳий мункар;
13. Илм олишлик (ҳадис ва сийрат китобларини ўқишлик).
Барча оламлар роббиси бўлган Аллоҳга ҳамдлар ва пайғамбарларнинг сўнггиси бўлмиш пайғамбаримизга, унинг оиласи, асҳоблари ва унга қиёмат кунига қадар суйиб эргашганларга Аллоҳнинг салавот ва саломлари бўлсин.
Ассалому алайкум азиз мусулмон биродарлар, Еру кўкни ва кечаю кундузни яртган Зот баъзи кунларни бошқаларидан афзал ва уларда қилинган амаллар ажрини зиёда қилиб қўйди. Аллоҳ таъоло бу кунларни ўзининг мўмин бандалари учун амал мавсумлари қилиб қўйди. Улар бу мавсумларни интиқлик ила кутишади. Кечагина рамазон ойи билан видолашган эдик, мана энди зул-ҳижжа ойи хам эшик қоқмоқда. Ўзингизга маълум зул-ҳижжа ойи улуғ ва Аллоҳ ҳаром қилган ойлардан. Бу ойда мусулмонлар ҳаж амалини адо этишади. Албатта ҳар йили ҳаж амалини қилиш ҳар бир мусулмонга насиб этмайди. Аллоҳ ҳажга борганларни мабрур ҳаж қилишларига, қолганларни эса шу ойнинг аввалги ўн кунида солиҳ амаллар қилишларига муваффақ қилсин.