Ражаб – ҳаром ой
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Ҳаром ойлар ўзига хос ўринга эга. Бу ражабга ҳам тегишли, чунки у ўша ҳаром ойлардан биридир. Аллоҳ айтади: «Эй мўминлар, Аллоҳ буюрган удумларни бузишни, уруш ҳаром қилинган ойда жанг қилишни, Аллоҳ йўлида ҳадя этилган ҳайвонларни ўлдиришни ва уларга осиб қўйилган ҳадялик белгиларини узиб ташлашни ҳамда Парвардигорларидан фазлу марҳамат ва ризолик тилаб Байтул-ҳаромни (Каъбани) мақсад қилиб кетаётган кишиларга қарши (жанг қилишни) ҳалол қилиб олмангиз!» (Моида: 2). Бундан мурод: Аллоҳ улуғлашга буюрган ва бузишни ҳаром қилган нарсаларни муқаддаслигини бузманг. Негаки бу ҳаром, бузуқ амал ва эътиқодни ўз ичига олади.
Аллоҳ айтади: «Бас, у ойларда ўзларингизга зулм қилмангиз!» (Тавба: 36). Бундан мурод: ўша муқаддас ойларда. «Фи-ҳинна» («уларда» деб таржима қилинади) сўзи ўша тўрт ҳаром ойга тегишлидир. Бунга муфассирларнинг имоми Ибн Жарир ат-Тобарий раҳимаҳуллоҳ ишора қилган.
Шундай қилиб, биз ушбу тўрт ойга уларнинг ҳаромлигига эътибор берган ҳолда муносабатда бўлишимиз керак. Чунки Аллоҳ уларни ўзига хос ҳолати сабабидан ажратди ва уларнинг ҳаромлигига бўлган ҳурмат сабабидан гуноҳ қилишни таъқиқлади. Негаки Аллоҳ ҳаром қилган вақтнинг муқаддаслиги натижасида бу вақт мобайнида қилинган гуноҳ янада оғирроқ бўлади. Шунинг учун ҳам юқорида келтирилган оятда Аллоҳ ўзимизга нисбатан зулм қилишни ҳаром қилди. Гарчи гуноҳ қилишни ўз ичига олган ўзига зулм қилишлик йилнинг бошқа ойлари мобайнида ҳам ҳаромдир.
Ҳаром ойларда уруш қилиш
Аллоҳ айтади: «Сиздан «шаҳри ҳаром» — уруш ҳаром бўлган ойда жанг қилиш ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «У ойда жанг қилиш катта гуноҳдир»» (Бақара: 217).
Жумҳур Ислом уламолари ҳаром ойлар мобайнида уруш қилишнинг ҳаром қилиниши қуйидаги оят орқали: «Бас, қачон уруш ҳаром қилинган ойлар чиқса, мушрикларни топган жойингизда ўлдирингиз» (Тавба: 5), шунингдек, умумий маънога эга ва улар билан жанг қилишга бўлган буйруқни ўз ичига олган бошқа оят ва ҳадислар орқали мансуҳ қилинган деб эътироф этишади.
Бошқа (уламо)лар эса ҳаром ойларда биринчи бўлиб жангни бошлаш мумкин эмас, бироқ бошқа вақтда бошланган бўлса жангни давом эттириши ва якунлаши мумкин дейишади. Пайғамбар алайҳиссолату вассаломнинг Тоиф қабиласига қарши қилган жанглари шундай изоҳланади. Чунки ҳарбий ҳаракатлар Ҳунайнда, шаввол ойида бошланган эди.
Юқорида келтирилган ҳолат ҳимояланиш мақсадида қилинган ҳарбий ҳаракатларга тегишли эмас. Агар душман мусулмон ўлкага ҳужум қилиб қолса, ҳаром ой бўладими йўқми, (ўша ўлкада) яшовчи аҳоли ўзларини ҳимоя қилишлари шарт.
Аътиро (ражаб ойида қилинадиган қурбонлик)
Жоҳилият даврида араблар ражаб ойида ўзларининг бутларига ибодат қилиш учун жонлиқлар қурбонлик қилардилар.
Ислом келганида қурбонликни фақатгина Аллоҳга қилиш кераклиги буюрилди ва жоҳилият давридаги ушбу амал бекор қилинди. Фақиҳ уламолар ражаб ойида қурбонлик қилиш тўғрисида ихтилоф қилдилар. Ҳанафий, моликий ва ҳанбалий мазҳабининг жумҳур уламолари «аътиро» қурбонлиги мансуҳ қилинганини эътироф этишди. Далил сифатида улар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисни келтиришди. Унда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Фароъ (туянинг дастлабки боласини бутга атаб сўйиш) ҳамда аътиро (ражаб ойининг биринчи ўн кунлигида жонлиқ қурбонлик қилиш) йўқдир» (Бухорий ва Муслим ривояти).
Шофиий мазҳаби вакилларининг айтишича, аътиро мансуҳ қилинмаган ва улар бу амални мустаҳаб ҳисоблаганлар. Шунингдек Ибн Сирин ҳам шу фикрда бўлган.
Ибн Ҳажар деди: «Ушбу (фикрни) Нубайшийнинг ҳадиси қувватлайди. Уни Абу Довуд, Насоий ва Ибн Можа ривоят қилишган. Унинг саҳиҳлигини Ҳоким ва Ибн Мунзир тасдиқлашган: «Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилди: «Биз жоҳилият даврида «аътиро» қурбонлигини қилар эдик. Бизга нима қилишни буюрасиз?» У зот жавоб бердилар: «Қурбонликни қайси ой бўлишидан қатъий назар адо этинглар …»».
Ибн Ҳажар деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни моҳият жиҳатдан бекор қилмадилар. Бироқ у зот айни атайин ражаб ойида қурбонлик қилиш фикрини бекор қилдилар».
Илмий тадқиқотлар ва фатво бериш доимий қўмитаси фатволарида айтилади: «Ражаб ойида атайин рўза тутишга келсак, бизга бу амал Шариатда бирор-бир асосга эга эканлигини билмаймиз».