ТАВҲИД
унинг турлари, муҳимлиги, фазилати ва фойдалари
Муаллиф: Муҳаммад ибн Жамил Зайну
Дорул Ҳадис Ал-Ҳайрийя, Макка Ал-Мукаррама
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Барча мақтовлар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфорлар айтиб, ундан нафсимизнинг шумлиги ва амалларимизнинг ёмонлигидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани тўғри йўлга солувчи зот йўқдир. Мен “Ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва расулидир” деб гувоҳлик бераман.
“Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!” (Оли Имрон: 102).
“Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир” (Нисо: 1).
“Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилар. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди” (Аҳзоб: 70, 71).
Сўнг…
Дарҳақиқат, сўзларнинг рости – Аллоҳнинг Каломи, йўлларнинг яхшиси – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўли, ишларнинг ёмони – (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат – залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтувчидир.[1]
Тавҳид ва унинг турлари
Тавҳид – бу Аллоҳ таолони жамики инсонларнинг яратилишидан мақсад бўлган ибодатларда яккалигини исботлашдир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда айтади:
“Мен (яъни Аллоҳ) Инсон ва Жин тоифасини фақат ўзимгагина ибодат қилишлари учунгина яратдим (яъни бошқа бир махлуқларга эмас)” (Зариёт сураси, 56-оят).[2]
Қуръони Каримдан қуйидаги тавҳид турлари олингандур:
1. Тавҳид ар-Рубубия (Аллоҳнинг Моликият ва Холиқиятдаги тавҳиди).
Бу – Аллоҳни Холиқият (бутун коиноту ерни Яратувчиси) ва Моликият (бутун коиноту ернинг Эгаси эканлиги)ини тан олишликдур. Мушриклар ҳам Аллоҳнинг бу тавҳид турида Яккалигини тан олишар эди, лекин уларнинг буни тан олишлари Исломга кирита олмади.[3] Аллоҳ таоло Қуръонда айтади:
“(Эй Муҳаммад), қасамки, агар сиз улардан: “Осмонлар ва ерни ким яратган?” деб сўрасангиз, албатта: “Уларни Қудратли ва Доно (Аллоҳ) яратган”, дерлар. (Аммо ўзлари ҳеч нарса ярата олмайдиган бут ва санамларни У зотга шерик қилиб, уларга сиғинурлар)” (Зухруф сураси, 9-оят).
Ҳозирги пайтда коммунистлар Раб таоло, Яратувчи борлигини умуман инкор қиладилар, мана шунинг учун улар жоҳилият (Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам давридаги) кофирларидан ҳам ёмонроқдурлар.[4]
2. Тавҳид ал-Улуҳия (Аллоҳнинг ибодатдаги тавҳиди).
Бу – Аллоҳ томонидан машруъ қилинган (шариатда белгиланган) ҳар бир ибодат турида Аллоҳнинг Ўзигина сиғинилишга ҳақлидир деб эътиқод қилишликдир. Буларга: дуо қилишлик, таваккул қилиш, ёрдам сўрашлик, тавоф қилишлик, қурбонлик, қасам ичишлик ва бошқалар киради.
Тавҳиднинг айни шу турини мушриклар инкор қилишди ва (шу тавҳид сабабли) миллатлар билан Нуҳ алайҳиссалломдан тортиб то Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларигача бўлган жамики Пайғамбарлар орасида низо чиқди. Қуръони Каримнинг аксар қисми ибодатда бўлган тавҳидни (Аллоҳнинг Яккалигини) исботлашга ва Аллоҳнинг Ўзигагина дуо қилишликка қаратилгандур. Фотиҳа сурасида биз:
“Фақат Сенгагина ибодат қиламиз ва фақат Сендангина ёрдам сўраймиз” (ҳар бир намозимизда) деймиз. Бунинг маъноси: Биз сени ибодатда Яккалигингни исботлаймиз[5] ва Сендангина (қийинчилик, мушкулларимиз, бошимизга тушган балоларни кетказишлик учун) ёрдам сўраймиз.
Ибодатдаги тавҳидга Аллоҳнинг Ўзигагина дуо-илтижо қилишлик ва Қуръони Карим ва Аллоҳ машруъ қилган қонун билан ҳукм қилишлик киради ва бундай ибодатларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти далил бўлади:
“Дарҳақиқат Мен Аллоҳдирман. (Ҳеч қандай) илоҳ йўқ, фақат Мен бордирман. Бас, сен Менгагина ибодат қил!” (Тоҳа сураси, 14-оят).
3. Тавҳид ал-Асма вас-Сифат (Аллоҳнинг Исм ва Сифатлари тавҳиди).
Бу – Қуръони Карим оятларидаги Аллоҳ таолонинг ўзини сифатлаган ва саҳиҳ ҳадислардаги Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам томонидан хабар берилган Аллоҳнинг исм ва сифатларига иймон келтиришликдир. Мана шу исм ва сифатларга тўғри маъно берган ҳолда ва таҳриф (инкор қилишлик), таъвил (нотўғри тафсир беришлик), такйиф (кайфиятини сўрашлик ва билишликни даъво қилишлик), тамсил (бирон бир махлуқотга ўхшатиш) ва тафвид (“биз сўзларни қабул қиламизку, лекин маъноларини билмаймиз” дейишлик) қилмаган ҳолда иймон келтиришликдир.
Биз Аллоҳнинг сифатларини салафлар (саҳобалар, тобеинлар, ва уларга эргашган салаф уламолар)га ўхшаб тушунтирамиз. Масалан, “Саҳиҳ Бухорий”да тобеъин[6]лардан ривоят қилинишича, истева сўзининг маъноси: қай тарзда ва ҳолда бўлишлиги ўзининг олийлигига мос ҳолда кўтарилишдир. Аллоҳ таоло Қуръонда айтади:
“Унинг бирон бир (инсу-жин ва бошқа махлуқотлар орасида) ўхшаши йўқдир, У (ҳамма нарсани) Эшитгувчи ва Кўргувчи Зотдир” (Шуро сураси, 11-оят).
1) Таҳриф (ҳарфларни ўзгартирган ҳолда маъносини ўзгартиришлик) – Бунга мисол: очиқ, аниқ бўлган оят ва ҳадис сўзларини ўзгартирган ҳолда оятларга ботил (ёлғон) тафсир беришлик (ва бунинг натижасида ўша сифатни инкор қилишлик, яъни тан олмаслик). Масалан, баъзи бир сўфий тоифалари Қуръондаги истеваа (яъни кўтарилиш) сўзини иставлаа (қамраб олиш, эгаллаб олиш) сўзига ўзгартириб, умуман бошқа маъно беришларидир.
2) Таътил (бутунлай инкор қилишлик) – Бунга мисол: Аллоҳ таолонинг сифатларини инкор қилиб, бекорга чиқаришлик. Масалан, Аллоҳнинг осмонлар устида эканлигини инкор қилиб, Аллоҳни Нафси билан (Жисми билан) ҳамма жойда мавжуд деган баъзи бир адашган тоифаларга ўхшаб. Аллоҳ таоло бундай ёлғон, ботил сифатлардан Олийдур.[7]
3) Такйиф (кайфиятини сўрашлик) – Бунга мисол: Аллоҳ таолонинг олий сифатлари ҳақида, кайфиятини билишлик учун: “Қандай ҳолда? Қай даражада?” деган саволлар беришлик.[8] Масалан, Аллоҳ таоло Арш устидадур, аммо Унинг қай тарзда унинг устидалиги номаълумдур ва Аллоҳ таолонинг Ўзидан ташқари ҳеч ким билмайди.
4) Тамсил (бирон бир махлуқотга ўхшатишлик)[9] – Бунга мисол: Аллоҳ таолони сифатларини бошқа У яратган махлуқотларини сифатларига ўхшатишликдир. Масалан, Имом Муслимнинг “Саҳиҳ”ларида ривоят қилинган ҳадисдаги Аллоҳ таолонинг ер осмонига тушушлигини[10] тафсирлаб: “Аллоҳ таоло ҳар кеча ер осмонига ҳудди махлуқотлар тушгани каби тушади” дейишликдур.[11]
Аллоҳ таоло Қуръонда айтади:
“Унинг бирон бир (инсу-жин ва бошқа махлуқотлар орасида) ўхшаши йўқдир, У (ҳамма нарсани) Эшитгувчи ва Кўргувчи Зотдир” (Шуро сураси, 11-оят).
Шайхулислом Ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳга ботил кимсалар томонидан бўлган тухматларида: “Шайхулислом ҳам ташбиҳ (ўхшатишлик) ишлатган” дейилган. Лекин, бундай тухматни биз унинг (яъни Шайхулисломнинг) китобларидан биронтасида топмаймиз, балки унинг тамсил ва ташбиҳга қаттиқ қарши чиққанлигини кўрамиз.[12]
5) Тафвид (индамаслик, яъни маъносини билмасликни даъво қилишлик) – Бунга мисол: ҳам оятнинг маъносини, ҳам кайфиятини билмайман деб даъво қилишликдир. Бундай даъво ботил (ёлғон) даъводур ва ҳақиқий салафларнинг тафвид: оят маъноларини тасдиқлаш ва кайфиятини мажҳул (яъни номаълум) эканлигини изҳор қилишликдур. Масалан, Истеваанинг маъноси кўтарилишдур, лекин унинг кайфиятини ҳеч ким билмас. Бу салафлардан, Умму Салама ва Имом Моликнинг шайхлари бўлмиш Робиъа ва Имом Моликнинг ўзларинидан раҳимаҳумуллоҳ ривоят қилинган асар (тобеинлар ривояти) бизларга далил бўлади.
“Истиваа маълумдир ва кайфияти (яъни қай тарзда кўтарилиши) мажҳул (яъни номаълумдир), у ҳақидаги савол беришлик Бидъатдур”.[13] Имом Молик раҳимаҳуллоҳ бу юқоридаги сўзларни, уларга: “Қай тарзда Аллоҳ истеваа қилган?” деган саволга шундай жавоб берганлар.[14]
Тавҳиднинг муҳимлиги
1. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло дунё ва барча мавжудотларни Ўзигагина ибодат қилишлари учунгина яратди. Инсонларни тавҳидга чақиришлик учун У Пайғамбарлар жўнатди ва Қуръони Каримнинг кўп суралари мана шу тавҳид ақидаси ҳақидадир. Ва у (Қуръон) ширкнинг шахсий ҳаётдаги ва жамиятдаги ёмонлигини баён қилади. Ширк – бу дунёдаги бўлган ҳалокатга ҳам ва охиратда бўладиган Жаҳаннамдаги абадий азобга ҳам сабабчидур.
2. Дарҳақиқат, барча элчилар ўзларининг Аллоҳ томонидан маъмур бўлган инсонларга қиладиган даъватларини тавҳид билан бошладилар. Аллоҳ таоло шундай деди:
“(Эй Муҳаммад), Биз сиздан илгари юборган ҳар бир пайғамбарга ҳам: “Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Менгина бордирман, бас Менгагина ибодат қилинглар”, деб ваҳий юборгандирмиз” (Анбиё сураси, 25-оят).
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккаи Мукаррамада 13 йил инсонларни Аллоҳнинг тавҳидига ва Унга бирон нарсани шерик қилмасликка чақирдилар. Мана шу амр борасида Аллоҳ таоло Қуръони Каримда қуйидаги оятни нозил қилди:
“(Эй Муҳаммад) айтинг: “Мен ёлғиз Парвардигоримгагина дуо-илтижо қилурман ва У зотга бирон кимсани шерик қилмасман” (Жин сураси, 20-оят).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларига эргашганларни ёшликларидан бошлаб мана шу тавҳид билан тарбияладилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг амакиларининг ўғли бўлмиш Абдуллоҳ ибн Аббосга шундай дедилар:
إِذَا سَأَلْتَ فَاسْأَلْ اللَّهَ وَإِذَا اسْتَعَنْتَ فَاسْتَعِنْ بِاللَّهِ
“Агар (бирон нарса) сўрамоқчи бўлсанг, фақат Аллоҳдангина сўрагин. Агар (бирон қийинчилик, ҳожатларингда) мадад сўрамоқчи бўлсанг, фақат Аллоҳдангина мадад сўрагин” (Имом Термизийнинг Ибн Аббос разияллаҳу анҳудан қилган ривоятлари, ҳасан саҳиҳ ҳадис).
3. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг асҳобларини одамларга даъват қилаётганда тавҳид билан бошлашликни ўргатдилар. Муоз ибн Жабал разияллаҳу анҳуни Яманга жўнатаётиб, унга шундай дедилар:
فَلْيَكُنْ أَوَّلَ مَا تَدْعُوهُمْ فادْعُوهُم إِلَى شَهَادَةِ أَنْ لاَ إِلَهَ إلاَّ الله و في رواية : إِلَى أَنْ يُوَحِّدُوا الله تَعَالَى
“Уларни биринчи бўлиб чақирадиган нарсанг “Аллоҳдан ўзга сиғинилишга лойиқ маъбуд йўқ” калимаси бўлсин (яъни Ла илаҳа иллааллоҳ калимаси)”. Бошқа бир ривоятда эса: “Аллоҳни ибодатда яккалаш бўлсин (яъни ибодатни фақат Аллоҳгагина қилишлик бўлсин)” дедилар (Имом Бухорий ва Муслимнинг Ибн Аббос разияллаҳу анҳудан қилган ривоятлари).
4. “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ” калимаси тавҳид устига қурилгандур. Унинг маъноси: “Аллоҳдан Ўзга сиғинилишга ҳақли бирон маъбуд йўқдур ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган нарсагина ибодатдур”. Кофир кимсани Исломга олиб кирадиган калима мана шудир. Чунки бу Жаннатнинг калитидир ва бунга шаҳодат бериб унга иймон келтирган кимса, агар ширк амали билан ёки куфрга олиб борувчи сўзлар билан уни (қилган шаҳодатини) бекор қилмаса, албатта Жаннатга киради.
5. Қурайш кофирлари агар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг мана шу тавҳидга бўлган даъватларидан ва уларнинг бутларига қарши курашларидан тўхтатсалар, уларга подшоҳлик, мол-мулк, аёллар ва бошқа дунё лаззатларини ваъда қилдилар. Лекин улар бундай нарсаларни танламадилар ва даъватларини давом этдилар. Асҳоблари билан бу йўлда бўлган азоб-уқубатларга бардош бердилар ва бу токи Макка фатҳ бўлиб, у ердаги бутлар яксон қилингунча давом этди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам мана бу оятларни тиловат қилдилар:
“Ҳақ келди ва ботил кетди, дарҳақиқат ботил доим йўқ бўлгувчидур” (Исро сураси, 81-оят).
6. Тавҳид – бу ҳар бир мусулмоннинг ўзини ҳаётида машғул бўладиган нарсасидур. У ҳаётини тавҳид билан бошлаб ва ҳаётини мана шу тавҳид билан тугатади. Унинг бу ҳаётда бўлган мақсади мана шу тавҳидни ва унга бўлган даъватни барпо қилишдур. Чунки тавҳид мўминларни бирлаштиради ва мана шу калимаи тавҳидга[15] ҳаммаларини жамлайди.
Тавҳиднинг фазилатлари
1. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шундай деди:
“Иймон келтириб, иймонларини зулм билан аралаштирмаганлар, ана ўшаларга тинчлик бордур ва ана ўшалар ҳидоят топганлардур” (Анъом сураси, 82-оят).
Абдуллоҳ ибн Масъуд айтадилар: “Мана шу оят нозил бўлганда, баъзи саҳобалар кўп надомат қилишди ва айтишдики: “Бизларнинг қайси биримиз ўзига зулм қилмаган?!”.[16] Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга жавобан:
َ لَيْسَ ذَلِكَ إِنَّمَا هُوَ الشِّرْكُ أَلَمْ تَسْمَعُوا مَا قَالَ لُقْمَانُ لِابْنِهِ وَهُوَ يَعِظُهُ يَا بُنَيَّ لاَ تُشْرِكْ بِاللَّهِ إِنَّ الشِّرْكَ لَظُلْمٌ عَظِيمٌ
“Бу сизлар ўйлагандек эмас, дарҳақиқат бу ширкдур. Луқмон алайҳиссаломнинг ўғлига айтган гапларини эшитмаганмисизлар:
“Эй ўғлим! Аллоҳга ширк келтирманг, чунки ширк энг катта зулмдур” (Луқмон сураси, 13-оят). (Имом Бухорий ва Муслимнинг Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллаҳу анҳудан қилган ривоятлари).
Бу оят Аллоҳ таолони ибодатларда яккалайдиган ва иймонларини ширк билан аралаштирмайдиган кимсаларга башоратдур. Улар ундан (Жаҳаннам азобидан) жуда узоқдадурлар ва улар охиратдаги Аллоҳнинг азобидан омонликдадурлар. Ва улар бу дунёда ҳақиқий ҳидоят топганлардур.
2. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар:
الْإِيمَانُ بِضْعٌ وَسَبْعُونَ شُعْبَةً فَأَفْضَلُهَا قَوْلُ لَا إِلَهَ إِلَّا اللَّهُ وَأَدْنَاهَا إِمَاطَةُ الْأَذَى عَنْ الطَّرِيقِ وَالْحَيَاءُ شُعْبَةٌ مِنْ الْإِيمَانِ
“Иймон 70 дан ортиқ шоҳчалардан иборатдур, уларнинг энг афзали “Ла илаҳа иллаллоҳ” ва энг пасткиси йўлдан озорни олиб ташлашликдур. Ҳаё ҳам Иймондандур” (Имом Муслимнинг Абу Ҳурайра разияллаҳу анҳудан қилган ривоятлари).
3. Шайх Абдуллоҳ Ҳаят раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Далил ал-Муслим Фил Эътиқод ват Татҳир” китобларида шундай дейдилар: “Кимсанинг инсонийлик ҳислати ва унинг хатоларга дучор бўлишлиги сабабли оёғи қинғир-қийшиқ йўлларга кириб ва баъзан Аллоҳга осийлик қилади. Агар у кимса тавҳид аҳлидан бўлиб, ширк балоларидан омон қолса ва Аллоҳни барча ибодатларда яккаласа ва “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимасига содиқ бўлса, мана шу унинг саодатига катта сабабчи бўлади ва унинг гуноҳларига каффорат бўлишига ва ёмон амаллари кечирилиб юборилишига ҳам сабабчи бўлади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги ҳадисда шундай дедилар:
مَنْ شَهِدَ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللَّهُ وَحْدَهُ لَا شَرِيكَ لَهُ وَأَنَّ مُحَمَّدًا عَبْدُهُ وَرَسُولُهُ وَأَنَّ عِيسَى عَبْدُ اللَّهِ وَرَسُولُهُ وَكَلِمَتُهُ أَلْقَاهَا إِلَى مَرْيَمَ وَرُوحٌ مِنْهُ وَالْجَنَّةُ حَقٌّ وَالنَّارُ حَقٌّ أَدْخَلَهُ اللَّهُ الْجَنَّةَ عَلَى مَا كَانَ مِنْ الْعَمَلِ
“Кимда ким шериги йўқ бўлмиш, Яккаю Ягона Аллоҳдан ўзга сиғинилишга лойиқ маъбуд йўқлигига ва Муҳаммад Унинг бандаси ва элчиси эканлигига, ва Исо Аллоҳнинг бандаси ва Марямга юборган сўзи ва Унинг ҳузуридан бўлган Руҳи эканлигига, ва Жаннат Ҳақлигига ва Жаҳаннам Ҳақ эканлигига шаҳодат берса, унинг амаллари қанча бўлишидан қатъий назар Аллоҳ у кимсани албатта Жаннатга киритур” (Имом Бухорий ва Муслим, Уббода ибн Сомит разияллаҳу анҳудан ривоятлари).
Мусулмон кимсанинг “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимаси билан шаҳодат бериши унинг Жаннатга кириши учун зарур бўлган асосдур, агарчи унинг баъзи амалларида нуқсон ва камчиликлар бўлса ҳам. Ҳадиси қудсийда, Аллоҳ таоло шундай деди:
يَا ابْنَ آدَمَ إِنَّكَ لَوْ أَتَيْتَنِي بِقُرَابِ الْأَرْضِ خَطَايَا ثُمَّ لَقِيتَنِي لاَ تُشْرِكُ بِي شَيْئًا لأَتَيْتُكَ بِقُرَابِهَا مَغْفِرَةً
“Эй Одам боласи, агарда сен Менинг ҳузуримга ер тўла гуноҳлар билан келсангда ва Менга ширк қилмаган ҳолда Менга йўлиқсанг, Мен сенга ана шунча миқдорда Мағфират билан йўлиқаман” (Имом Термизийнинг Бакр Ибн Абдуллоҳ ал-Музаний разияллаҳу анҳудан қилган ривоятлари, ҳасан ҳадис).
Маъноси: Агар биронтангиз Менинг ҳузуримга ер юзи тўла гуноҳ ва маъсиятлар билан келсангиз, лекин тавҳидда бўлган ҳолда ҳаётдан ўтган бўлсангиз (муваҳҳид ҳолида), унда сизнинг гуноҳларингизни кечирурман.
Расуллуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни шундай деганларини ривоят қилинган:
مَنْ لَقِيَ اللَّهَ لاَ يُشْرِكُ بِهِ شَيْئًا دَخَلَ الْجَنَّةَ وَمَنْ لَقِيَهُ يُشْرِكُ بِهِ دَخَلَ النَّارَ
“Кимда ким Аллоҳга Унга ширк келтирмаган ҳолда рўбаро бўлса, у Жаннатга кирур ва кимда ким Аллоҳга ширк қилган ҳолда рўбаро бўлса, Жаҳаннамга кирур” (Имом Муслимнинг Жобир ибн Абдуллоҳ разияллаҳу анҳудан қилган ривояти).
Бу ривоятларнинг барчаси тавҳиднинг фазилатини кўрсатади. Мана шу (Тавҳид) орқали банданинг хурсандчилиги ва саодатига эришилур ва унинг гуноҳларига, қилган хатоларига энг зўр каффорат бўлур.
Тавҳид фойдалари
Қачонки тавҳид кимсанинг шахсий ҳаётида ёки жамиятда намоён бўлар экан, ана ўшанда у ҳақиқий самарасини беради. Унинг фойдаларидан:
1. Инсонларни Аллоҳдан ўзгаларга бўлган ибодат ва бўйсунишлардан халос қилишлик. Махлуқот бирон нарсани (йўқ нарсадан) яратишга қодир эмас, балки уларнинг ўзлари яратилгандурлар. Улар бирон кимсага на зарар ва на фойда етказа олмаслар. Улар на ўлимга, на ҳаёт беришга ва на ўликларни тирилтиришга қодир эмаслар. Шундай экан, тавҳид инсонларни бошқа махлуқотларга бўлган ибодатлардан халос қилиб, уни фақат уни яратган Зот бўлмиш Роббиси Аллоҳга қилишликка йўллайди. У (тавҳид) инсон ақлини ҳар хил залолат ва қаронғуликлардан халос қилади.
У – кимсанинг ақлини Аллоҳдан ўзгаларга итоат қилишлик, ўзини паст тутишлик ва уларга бўйин эгишликдан халос қилади. У кимсанинг ҳаётини ҳокимларнинг, фолбинларнинг ва ўзларини илоҳий кучга эгаликни даъво қилган барча кимсаларнинг зўравонлигидан халос қилади. Шунинг учун ҳам жоҳилият пайтида ширк ва зулм эгалари Пайғамбарлар даъватига қаттиқ қаршилик қилишди ва айниқса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даъватига қаттиқ қаршилик кўрсатишди, чунки улар “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимасининг маъносини жуда ҳам яхши тушунар эдилар ва у (Ла илаҳа иллаллаҳ калимаси) инсонларни озодлигини беришлик, золим подшоҳларни сохта ўринларидан ағдариб ташлашлик ва оламлар Роббиси бўлмиш Аллоҳ таолодан ўзгага ибодат қилмайдиган мўминларнинг даражаларини кўтаришликка бўлган даъват эканлигини билишар эди.
2. Шахсониятни мувозанатлайди. Тавҳид мувозанатли шахсониятни, бу ҳаётдан бўлган мақсад ва йўналишни қуришликка ёрдам беради. Шу билан шахс сиғинилишга лойиқ бўлган фақат бир Зотгагина илтижо қилади ва унга ҳоли бўлганда ҳам, очиқликда ҳам Унга илтижо қилади. Унга ёлғиз бўлган ҳолда ва очиқликда, қийинчилик ва осойишталикда дуо қилади. Бунинг акси бўлган мушрик[17] шахсонияти эса Аллоҳдан ўзга ибодат қиладиган бутларига тақсимланган бўлади, баъзан тирикларга илтижо қилса, баъзида эса ўликларга илтижо қилади, ҳудди Юсуф алайҳиссалом айтганидек:
“Эй менинг икки қамоқ соҳибларим! Кўп худолар яхшими ёки Якка – Ягона, Қаҳҳор бўлмиш Аллоҳми?” (Юсуф сураси, 39-оят).
Шундай экан, мўмин кимса фақат битта маъбудга ибодат қилади ва у Уни нима хурсанд қилишини ва нима ғазабини келтиришини билади. У қаерда У (Аллоҳ) рози бўлган ерда тўхтар[18] ва қалби таскин топади.
Мушрик эса, у кўп сохта худоларга ибодат қилади, биттасини бу ердан олса, иккинчисини эса бошқа ердан олади. Ва унинг қалби ўша худолар орасида тақсимланган бўлади ва унда бир таскинлик бўлмайди.
3. Тавҳид – бу инсонларнинг осойишталигининг негизидур. Чунки у қалбларни тинчлик ва қаноат билан тўлдиради. У фақат Аллоҳдангина (ғойибда-ю очиқликда) қўрқади ва тавҳид қалбдаги ризқ, нафс ва оиладан ажралиб қолиш ҳавфини ва кишилар, жин, ўлим ва бошқа нарсалар хавфини тўсади.
Аллоҳнинг Ўзигагина ибодат қилган мўмин кимса Аллоҳдан ўзгадан қўрқмайди ва шунинг учун ҳам бошқа (иймонсиз бўлган) кимсалар қўрқув ва даҳшатда бўлсалар унинг қалби сокин ҳолда бўлади. Бошқа кимсалар ҳавотирсизликда бўлсалар, унинг қалби эса таскин ҳолда бўлади. Мана бу қуйидаги оят шунга далолат қилур:
“Иймон келтириб, иймонларини зулм (ширк) билан аралаштирмаганлар, ана ўшаларга тинчлик бордур ва ана ўшалар ҳидоят топганлардур” (Анъом сураси, 82-оят).
Бу тинчлик-осойишталик қалбнинг тубидан чиқур ва бу дунёни қўриқчиси бўлмиш миршабдан чиқмас. Охиратдаги осойишталикка эса, Аллоҳ таолога холис бўлганлар учун ва тавҳидларини ширк билан алмаштирмаганлар учун энг буюк ва давомли бўлган неъматдур, чунки шикр энг катта зулмдир.
4. Тавҳид – руҳнинг қувват манбасидур. Чунки у шахсни кучли ва осойишта ҳаракат билан таъминлайди. У билан кимса қалбини фақат Аллоҳга бўлган рағбат, Унга тўлиқ ишонч ва таваккул, Унинг қадаридан рози бўлишлик билан тўлдиради. У (тавҳид) кимсага Аллоҳнинг синовларига сабр қилишликни ва махлуқларга ишониб қолмасликни таъминлайди.
Бу шахс худди тоғлар каби мустаҳкам ўрнашгандур ва қачонки бошига бир мусибат тушса ундан халос бўлишликни ўликлардан эмас, балки фақат Роббисидангина сўрайди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деб марҳамат қилдилар:
“Агар сўрамоқчи бўлсанг, фақат Аллоҳдангина сўрагин, агар мадад сўрамоқчи бўлсанг фақат Аллоҳдангина сўрагин” (Имом Термизий ривояти, ҳасан саҳиҳ).
Аллоҳ таоло шундай дейди:
“Агар Аллоҳ сизга бир зарар еткизса, уни Ўзидан ўзга ҳеч ким халос қилгувчи эмасдур” (Анъом сураси, 17-оят).
5. Тавҳид – бу биродарлик ва тенглик асосидур. Чунки тавҳид Аллоҳдан ўзгаларни ўзларига роб қилиб олганларга бўйсунишликка йўл қўймайди. Бунинг сабаби, ибодат бу фақат Аллоҳгагина хосдур ва бу ибодат барча инсонлар томонидан бўлмоқлиги шартдур. Ва уларнинг бошлиғи Унинг Расули ва танланган бандаси бўлмиш Муҳаммад саллаллаҳу алайҳи ва салламдур.