Мавлид ва Исро ва Меърожни нишонлаш ҳукми
Савол: Индонезиядаги каби Исломий даъват ва Ислом шиори мақсадида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам мавлидларида, Исро ва Меърож кечаларида йиғилишнинг ҳукми нима?
Жавоб: Дарҳақиқат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўз, амал ва Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилиш билан одамларни Исломга даъват қилдилар, ҳолбуки улар Исломга даъват қилиш, даъватни ёйиш ва унинг шиорларини намойиш этиш йўлини бошқалардан яхшироқ билар эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мавлидларида, Исро ва Меърож кечаларида йиғилиш у кишининг даъватдаги ва Ислом шиорларини намойиш этишдаги йўлларидан эмас. Ваҳоланки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салам бу кунларнинг қадрини бошқалардан кўра яхшироқ биладиган ва уни қадрини жойига қўядиган зот эдилар. Саҳобалар розияллоҳу анҳум у кишининг йўлини тутдилар. Исломга даъват қилишда ва уни ер юзига тарқатишда у кишининг йўлларига эргашдилар. Мана шундай кечаларда ва шунга ўхшаш катта воқеалар бўлган кунларда йиғилиб тўпланмаганлар. Аҳли сунна вал жамоанинг мўътабар имомлари раҳимаҳумуллоҳлардан ҳам бундай ишларни қилганликлари эшитилмаган. Бундай бидъат ишларни динда бидъат пайдо қиладиган, динга ғулув кетадиган рофиза ва шийъа каби пок шариатдан билимлари кам бўлган кимсалар қилганлар.
Юқорида зикр қилинган кунларда йиғилиб тўпланиш мункар бидъатдир. Чунки у Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам, тўғри йўлда бўлган халифалар ва улуғ уч асрда ўтган салафи солиҳ имомларининг йўлларига зид ишдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким бизниг бу ишимизда ундан бўлмаган нарсани пайдо қилса, у номақбулдир» (Бухорий ва Муслим ривоятлари). Шунингдек айтганлар: «Ким биз буюрмаган ишни қилса, у номақбулдир» (Муслим ривояти). Яна айтганлар: «Сизлар янги пайдо бўлган ишлардан эҳтиёт бўлинглар, чунки ҳар бир янги пайдо бўлган иш бидъатдир ва ҳар бир бидъат залолатдир» (Муслим ривояти).
Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.
Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси, Фатво № 3323.
Раис: Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз
Раис ноиби: Абдурраззоқ Афифий
Аъзолар: Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён