Мусиқа, қўшиқ ва томоша (тамсил) ҳақидаги ҳукмларининг ботиллигини фош қилиш
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Аҳли илмларнинг Қарзовийга раддияси
Ҳурматли шайх кибор олимлар ҳайъати ва фатво қўмитасининг аъзоси Солиҳ ибн Фавзон ал-Фавзоннинг Юсуф Қарзовийга мусиқа ва чолғу асбоблари масаласида раддияси:
Фазилатли шайх ўз китобларида айтадилар:
Менга ҳурматли шайх Юсуф Қарзовийнинг «Исломда ҳалол ва ҳаром» номли китоблари етиб келди. Бу китоб муомолат, таом ва бошқа фиқҳий аҳкомларни ўз ичига олган. У киши кўп мавзуларда хато қилганини кўрдим. Баъзи кофирларнинг ҳукмлари масаласида, эркакларга ипак кийиш масаласида, сурат масаласида, аёл киши юзини ва қўлларини ажнабий эркаклар олдида очишининг ҳукмида, мусиқа ва ғино масаласида, соқолни қириш ва уни калталаш масаласида, қурбонлик масаласида, шаҳмат ўйнаш масаласида, кино масаласида хато қилганларини кўрдим. У кишига насиҳат қилиш вожиблигини ва яхшилик ва тақво йўлида ёрдам бериш лозим бўлганидан у кишига бу хатоларни эслатиб қўямиз. Шояд муаллиф бу китобларидаги хатоларини далил тақозо қилган нарсага тўғриласалар ва китоблари фойдалар билан тўлса ва ажрга мушарраф бўлсалар, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Ким ҳидоятга чақирса, унга эргашганларнинг ажрича, уларнинг ажрлари ҳеч қанча камайтирилмаган ҳолда, унга берилади. Ким залолатга чақирса, унга эргашганларнинг гуноҳича, уларнинг гуноҳлари камайтирилмаган ҳолда, унга берилади».
Ўз мулоҳазаларимни битиб бўлганимдан сўнг, устоз шайх Абдулҳамид Тоҳмазни бу китобга мендан олдин раддия ёзганларини топдим, китобларининг номи «Исломда ҳалол ва ҳаром китобига фикрлар». Муқаддимада аввалги имомларнинг шариат аҳкомларини масдарлардан истинбот қилишдаги ижтиҳодларини баён қилганларидан кейин, қуйидаги сўзларни айтадилар: «Исломий шариат аҳкомларида баҳс юритувчи одам уларнинг, аввалги имомларнинг сўзлари ва фатволарига қайтиши лозим. Ҳар бир инсонки нафси уни уммат имомларининг сўзларига мухолиф бўлишни чиройли кўрсатса ва уларнинг фатволаридан чиқса ноаниқликка, адашишликка, келишмовчиликка, ожизликка йўлиқади. Чунки имомлар далилларни қамраб олгандек у қамраб ололмайди, нусусларни тушунганларидек у тушуна олмайди. Имомлар ундан кўра яхшилик ва поклик асрларига замон жиҳатдан ҳам, фаҳм жиҳатдан ҳам яқинроқдирлар. У киши имомларга мухолиф бўлишдан аввал уларнинг сўзларининг далилларини ўрганиб чиқишлиги лозим, улар (Аллоҳ уларни раҳм қилсин) Аллоҳнинг китобидан чиқишмагани ва суннатга мухолиф бўлишмаганини топади. Балки бу имомлар сўзларида ва фатволарида китоб ва суннатдан келиб чиқишган.
Бизнинг қўлимизда амалий мисол бор бу «Исломда ҳалол ва ҳаром» китоби. Бу китобнинг муаллифи Юсуф Қарзовий кўп масалаларда имомларнинг фатволарини қўйиб шоз, ёки заиф, ёки ёлғондан тўқиб чиқарилган сўзларни олди. Кошкийди у китобига ўзининг ва эътиборли имомларнинг сўзларини ўлчов киритса эди, бу далиллар билан у имомларнинг далилларнини солиштирса эди, заифлиги ва шозлиги унга зоҳир бўлган бўларди. Унда бу заифлар худди мусулмонларнинг жумҳурлари ва энг яхшиларининг сўзлари бўлиб кўринмас эди. Мен бу сўзларни айтишимнинг сабаби мен ишонаманки, у киши яхши ниятдалар ва соф мақсаддалар. Бу шоз қавлларни Исломнинг енгил ва юмшоқ эканини баён қилиш учун ёзганлар. Исломнинг енгил ва юмшоқлиги инсонларнинг ҳаволарига ва майлларига қараб бўлмайди. Исломнинг енгиллиги нусусларнинг юмшоқлигида ва ҳар бир инсон қайси замонда бўлса ҳам, қайси маконда бўлса ҳам тоқати етадиган буйруқларнинг енгиллигида. Аммо шоз, заиф ва тўқима қавлларга мурожат қилишимиз шариат чегараларини бузишдир ва унинг ҳудудларидан чиқишдир. Бу эса яхши ният билан бўладими, ёмон ният билан бўладими ҳеч ҳам жоиз эмас.
Муаллифнинг ўзи бу нарсани китобининг бошланишида баён қилди:
«Яхши ният ҳаромни оқламайди, ҳаромда хийла қилиш ҳаромдир. Ҳаромга олиб борувчи нарса ҳаромдир, ҳалолда ҳаромдан омон бўлинадиган ҳамма нарса бор». Муаллиф бирорта далил ёки далилга ўхшаган бирор нарса бўлмасдан ҳаром калимасини ишлатишда шошадиган тақлидчиларини қоралаганлари каби, биз уни шоз ва заиф фатволари учун қоралаймиз ва бу фатволарни ўз китобида эътиборли ва муҳаққиқ деб, унга амал қилиш жоиз деб келтирганларини қоралаймиз» (Шайх Абдулҳамиднинг сўзлари тугади).
Шайх Абдулҳамид бу раддияларида ва бу мукаммал тушунтиришларида кўп яхшилик бор. Ва бу китоб муаллиф Қарзовийнинг йўли ҳақида кенг фикр уйғотади. Шайхнинг бу ишларига Аллоҳ чиройли ажр берсин! (Солиҳ Фавзоннинг «الإعلام بنقد كتاب الحلال و الحرام» китобларидан олинди).
Ўқувчи учун шу китобнинг мусиқа ва кино ҳақидаги фатволарини тақдим қиламиз.
Ҳурматли шайх Солиҳ Фавзон айтдилар:
Мусиқа ва қўшиқ эшитишнинг ҳукми:
Муаллифнинг мусиқа ва қўшиқ ҳақида китобнинг 218-221 саҳифаларида баҳс юритганлар. Бир неча масалаларда ҳақдан узоқлашганлар. Шундай сўзларидан: «Хурсандчиликлардан нафсларни роҳатлантирадиган, қалбларни хурсанд қиладиган, қулоқларга ҳузур берадигани қўшиқдир. Агар қўшиқ фаҳш, бузғунчилик ва гуноҳга ундовчи бўлмаса, Ислом бу нарсага рухсат берган. Агар қўшиқ эҳтиросли бўлмаган мусиқа билан бўлса ҳечқиси йўқ, хурсадчилик муносабатларида хурсандликни ёйиш ва нафсларни роҳатлантириш учун бўлса мустаҳаб бўлади, савоб бўлади. Бу ҳайит кунлари, тўй маросимида, мусофир сафардан қайтганида, валийма ва ақиқа маросимларида ва фарзанд туғилганида бўлади» (китобдан олинган қисм).
Бу жумлага бир неча мулоҳазалар бор:
1. Қўшиқни нафслар роҳатланади ва қалблар хурсанд бўлади ва қулоқлар ҳузурланади деб сифатлади, у киши бу билан инсонларга қўшиқни яхшиламоқда ва инсонларни уни тинглашга тарғиб қилмоқда. Биз айтамиз: Бирор нарсани мубоҳ қилишда ва уни яхшилашда у ўзини ичига олган фасодлари ва ундан келадиган зарарларга эътибор қилмасдан, нафсларга роҳат беришлиги-ю, қалбларни хурсанд қилишлигигагина асосланилмайди. Нафсларнинг кўпи ботилга мойилдир, ботил билан роҳатланади. Шуни ҳалол деймизми!? Йўқ! Асло! Аллома Ибнул-Қоййим «Мадарижус-Саликийн» китобларида айтадилар: «Бирор нарсанинг бир жиҳати ҳиссиётга ширин бўлиши ва ёқимли бўлиши унинг на жоизлигига, на ҳаромлигига, на кароҳиятига, на мустаҳаблигига далолат қилмайди. Албатта бу лаззатда бешта аҳком бўлади, у ёки ҳаром, ёки вожиб, ёки макруҳ, ёки мустаҳаб, ёки мубоҳ бўлади. Шундай экан қандай қилиб далилнинг шартларини билган, далилнинг ўринларини билган одам ҳиссий туйғу асосида бир нарсани мубоҳ дейди?! Бу киши шундай одамга ўхшайдики, у одам зинони жоиз дейди, чунки зинокор топадиган лаззати асосида фатво беради. Зинода лаззат борлигини соғлом ақл рад қилмайди. Бир нарсада лаззат ва ёқимлик борлигини далил қилиб лаззатли ва ёқимли нарса ҳалолдир деб фатво чиқарадими, ҳаром нарсаларнинг кўпчилиги лаззатдан ҳолими?! Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан чолғу асбобларининг ҳаромлиги саҳиҳ собит бўлган ва энг саҳиҳ иснод билан келган хабар, у зотнинг умматларидан уни ҳалол санайдиганлар чиқиши, аҳли илм унинг баъзисини ҳаромлигига ижмоъ қилишганига, аҳли илмнинг жумҳурлари унинг ҳаммаси ҳаром деганлигига қарши у лаззатлидир, уни эшитиш лаззат бахш қилади дейдими?!!» (Ибнул Қоййим).
Аллома Ибнул-Жавзия ўзларининг «Иблиснинг ёлғонлари» китобларида айтадилар: «Билгин қўшиқ эшитиш икки нарсани жамлайди: Бири шуки, у қалбни Аллоҳ субҳанаҳунинг улуғлиги ҳақида тафаккур юритишдан ва унинг хизматида қоим бўлишликдан чалғитади. Иккинчиси, у тез келадиган лаззатларга мойилдир, бу лаззатлар ҳамма ҳиссий шаҳватлардан тўлиқ фойдаланишга чақиради, буларнинг энг каттаси жимоъдир. Бунинг тўлиқ лаззати фақат янгиликдадир, кўп янгиланишга ҳалолдан имкон йўқ, шунинг учун у зинога олиб боради. Қўшиқ билан зино орасида ўхшашлик бор, қўшиқ руҳнинг лаззати, зино эса нафснинг энг катта лаззати, шунинг учун ҳадисда келадики: «Қўшиқ зинога ундовчидир»» (Ибнул Жавзия).
Муаллифга иккинчи мулоҳаза. Қўшиқ ҳақида сўзи: «Агар қўшиқ фаҳш, бузғунчилик ва гуноҳга ундовчи бўлмаса, Ислом бу нарсага рухсат берган» деди. Муаллиф қўшиқ бу фасодлардан ҳоли деб ҳаёл қилди ва шу ҳаёлларини устига жоиз деб ҳукм берди ва буни Исломга нисбат берди. Бу эса сўздаги ёлғон ўйиндир ва Аллоҳга у ҳақида билмайдиган нарсасини гапиришдир. Чунки воқеълик унга хилофдир, Ислом қўшиқни жоиз қилмаган, балки китоб ва суннатдан бўлган кўп далиллар билан ҳаромдир. Шу далиллардан Аллоҳнинг сўзи:
«Инсонларнинг шундайлари борки, улар ўзлари билмаган ҳолда инсонларни йўлдан адаштириш учун лаҳвал ҳадисни сотиб оладилар» (Луқмон сураси, 6-оят).
Аллома Ибнул-Қоййим раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Саҳоба ва тобеинларнинг лаҳвал-ҳадисга берган тафсирлари кифоя қилади, улар бу ғинодир, қўшиқдир дейишган. Бу Ибн Аббосдан ва Ибн Масъуддан саҳиҳ собит бўлган. Абус Саҳбо айтадилар: Ибн Масъуддан Аллоҳнинг «Инсонлардан шундайлари борки, улар лаҳвал-ҳадисни сотиб оладилар», деган ояти ҳақида сўрадим. Айтдилар: «Ундан ўзга илоҳ йўқ бўлган Аллоҳга қасамки у ғинодир, қўшиқдир», деб уч маротаба айтдилар.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ҳам бу қўшиқ эканлиги саҳиҳ собит бўлган.
Лаҳвал ҳадисни қўшиқ деб тафсир қилганлар билан уни ажамлар, уларнинг подшоҳлари ва румнинг подшоҳлари ҳақидаги хабарлар деб тафсир қилганларнинг орасида тескарилик йўқ, шунга ўхшаб Назр бин Хориснинг аҳли Маккани Қуръондан чалғитиш учун айтиб юрган ҳикоялари ҳам. Буларнинг ҳаммаси лаҳвал-ҳадисдир. Шунинг учун Ибн Аббос: «Лаҳвал ҳадис – ботил нарса ва қўшиқдир», деганлар. Саҳобалардан баъзилари бирини айтишган, баъзилари эса бошқасини айтишган ва баъзилар икковини бирга қўшиб айтишган. Қўшиқ Подшоҳлар ҳақидаги ҳикоялару хабарлардан кўра бекорчироқ ва зарарлироқ нарсадир. Қўшиқ зинонинг руқиясидир (ундовчиси), нифоқнинг асосидир, шайтоннинг ширкидир ва ақлнинг ароғидир. У Қуръондан тўсишлиги бошқа ботил калом Қуръондан тўсишлигидан ёмонроқдир, чунки нафс қўшиққа қаттиқ мойил ва унга рағбат қилади. Бу нарса маълум бўлганидан кейин қўшиқ аҳли ва уни эшитиб юрувчилар Қуръондан узилиб қўшиққа машғул бўлганларининг даражасида шу ваъидга кирадилар. Ояти карималар билмаган ҳолда инсонларни Аллоҳнинг йўлидан адаштириш учун Қуръонни лаҳвал-ҳадис билан алмаштиришликни қоралади ва Қуръонни ҳазил мазаҳ қилишни қоралади. Қачонки унга Қуръон ўқиб берилса мутакаббирлик билан юз ўгиради, ҳудди уни эшитмаётгандек, ҳудди қулоғи кардек. Ундан бирор нарса билиб қолса уни устидан кулади. Бу нарсаларнинг ҳаммаси кофирлиги қаттиқ бўлган кимсада мужассам бўлади, қўшиқчи ва қўшиқ эшитувчиларда шу сифатлардан баъзиси содир бўлса уларга шу ваъиддан бир ҳисса ва насиба тегади» (إغاثة اللهفان китобидан 1ж 258-259).
Қўшиқнинг ҳаромлиги ҳақида суннатдан далил Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари: «Менинг умматимдан ҳақиқатда шундай қавмлар бўладики, улар зинони, ипакни, маст қилувчи ичимликни ва қўшиқ-мусиқа, чолғу ҳамда ўйин-кулгу асбобларини ҳалолга чиқариб олишади. Бу қавмлар тоғ остига келишади. Уларга (бир чўпон) чўпон аёл (билан бирга) ҳожат учун уларга келишади. Улар унга: «Эртага бизларнинг олдимизга кел» дейишади. Уларни Аллоҳ тунда ўлдириб, устларига тоғни ағдаради, қолганларни эса маймунлар ва чўчқаларга Қиёмат кунига қадар айлантириб қўяди».
Ибнул-Қоййим бу ҳадисни далил қилиб айтадилар: «Бу бобда Саҳл ибн Саъд ас-Саъидийдан, Имрон ибн Ҳусайндан, Абдуллоҳ ибн Амрдан, Абдуллоҳ ибн Аббосдан, Абу Ҳурайрадан, Абу Умома ал-Баҳилийдан, Уммул муъминин Оишадан, Алий ибн Аби Толибдан, Анас ибн Молик, Абдурроҳман ибн Сабит, Ғозий ибн Робиъаладан (ривоят келтирилган)», деб ҳаммасини келтириб чиққанлар, Аллоҳ у зотларни раҳм қилсин. Муаллиф шунча нарсадан кейин қандай қилиб «Ислом қўшиқни жоиз деди» деб ўйлайди?!
Қўшиқнинг ҳаромлиги тўғрисида уламоларнинг дақиқ сўзлари айтилди.
Қўшиқнинг ҳукми ҳақида шариат олимларидан баъзиларининг сўзларини келтирамиз:
Имом Қуртубий ўз тафсирларида (14ж 55-56) айтадилар: «Имом Моликдан ривоят қилинади, у киши қўшиқ ҳақида айтадилар: «Бизнинг наздимизда буни фосиқлар қилади». Абут Тобиб Тоҳир ибн Абдуллоҳ ат-Тобарий айтадилар: Аммо Молик ибн Анас эса қўшиқдан қайтарди ва уни эшитишдан қайтарди, айтдики: Қачонки чўри сотиб олса ва у қўшиқчи эканлигни билиб қолса, айби бор экан деб уни аввалги эгасига қайтаради. Бу Мадина аҳлидан (Моликдан) бошқаларининг ҳам мазҳаби, илло Иброҳим ибн Саъд, Закария ас-Сожий у киши ҳақида айтадилар, бунинг ҳечқиси йўқ дедилар».
Абу Тобиб ат-Тобарий айтдилар: «Абу Ҳанифа мазҳаби қўшиқни макруҳ санади, набизни жоиз дедилар. Қўшиқни эшитишни гуноҳ деб санашади. Аҳли Куфанинг бошқа олимларининг фатвоси ҳам шундай Иброҳим, Шаъбий, Ҳаммод, Саврий ва бундан бошқалар. Уларнинг орасида бу нарсада ихтилоф йўқ. Ҳудди шундай Басра олимлари орасида ҳам бунинг макруҳлигида ва ундан ман қилишганликларида хилоф йўқ, илло Убайдуллоҳ бин Ҳасан ал-Анбарий бунинг ҳечқиси йўқ деганлари ривоят қилинган».
Шофеъининг мазҳаблари айтади: «Қўшиқ макруҳдир, у ботилга ўхшайди. Ким уни кўпайтирса у аҳмоқдир, қайтадан калима келтирсин»».
Сўнгра Қуртубий Ибнул Жавзиядан нақл келтирадилар: «Имом Аҳмаддан сўралди: «Бир киши вафот қилди. Ўзидан сўнг бир фарзанд ва ашулачи чўри қолдирди, бола чўрини сотишга муҳтож бўлди». Имом Аҳмад айтдилар: «Уни оддий деб сотилади, қўшиқчи деб эмас». Сўралди: «У ўттиз минг туради, агар оддий деб сотилса йигирма минг туради. У фақат оддий деб сотилади». Абул Фарж айтадилар: «Аҳмад шундай деганлари, чунки қўшиқчи чўри зуҳд қасидаларини айтмасди, балки шаҳвоний-эҳтиросли шеърларни айтарди. Бу қўшиқ қайтарилганига далилдир, агар ундай бўлмаганида етимнинг моли камайиши жоиз бўлмасди. Бу Абу Талҳани Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга айтган сўзларига ўхшайди: «Менда етимларга тегишли ароқ бор», деди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Уни тўкиб ташла».
Агар ундан фойдаланса бўлганида эди етимнинг молини зое қилишга буюрмаган бўлардилар.
Тобарий айтадилар: Шаҳарларнинг олимлари қўшиқнинг макруҳлигига ва уни жоиз эмаслигига ижмоъ қилишди. Бу жамоатдан фақатгина Иброҳим бин Саъд ва Убайдуллоҳ ал-Анбарийгина ажралди. Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтгандилар: «Саводул аъзом билан бирга бўлгин», «Ким жамоатдан ажраса жоҳилият ўлимини топади»».
Мен айтаман: Иброҳим бин Саъд ва Убайдуллоҳ ал-Анбарий жоиз деган қўшиқ нафсларни қўзғатувчи, эҳтиросга ва шаҳватга олиб борувчи, юзни сифатловчи, кўзларни, лабларнинг гўзаллигини баён қилувчи қўшиқ эмас. Қўшиқчи аёл кўп гапирувчи одамни олдида майин овозда, эҳтиросни қўзғаб қўшиғини ижро этса. Уни овозини узоқдан эшитса, яқиндан эшитса. Аллоҳ асрасин, у икки олим ҳудди шундай қўшиқни жоиз демаганлар. Бундай қўшиқлар энг пастлик ва разолатнинг энг ёмонидир.
Сўнг Қуртубий айтадилар: «Абул Фарж айтдилар ва Бизнинг асҳобларимиздан Қоффал айтдилар: «Қўшиқчи билан раққоснинг шаҳодатини Аллоҳ қабул қилмайди»».
Мен айтаман: Бу иш жоиз эмаслиги собит бўлди, бу нарсага ҳақ олиш жоиз эмас. Абу Умар бин Абдулбарр айтдики: «Бу нарсага ҳақ олиш ҳаромлигига ижмоъ бор. Бу ҳақида Анъом сурасининг وَعِندَهُ مَفَاتِحُ الْغَيْبِ ояти тафсирида баён қилдик».