Ла илаҳа иллаллоҳ маъноси, шарти, бузувчилари ва фазилати

Ла илаҳа иллаллоҳнинг шартлари

«Ла илаҳа иллаллоҳ» мустаҳкам ҳалқа, тақво калимаси, Иброҳим алайҳиссаломнинг ширкни қўйиб, тавҳид сари талпинган миллатики, Аллоҳ азза ва жалла уни Иброҳим алайҳиссаломнинг зурриётида боқий қоладиган бир калима қилди. У сабабли махлуқотлар яратилиб, осмон-у ер қоим бўлди ва унинг сабабидан элчилар жўнатилиб, китоблар нозил қилинди.

Аллоҳ таоло шундай деди:

«Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Зориёт: 56).

Субҳанаҳу ва таоло айтдики:

«Аниқки, биз ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва тоғут (шайтон)дан йироқ бўлинглар», (деган ваҳий билан) бир пайғамбар юборганмиз» (Наҳл: 36).

Юқоридагилар ушбу калимадан ирода қилинган маънодир. Маъносини англаб етмай, тил билан талаффуз қилишнинг ўзи асло манфаат бермайди. Чунки мунофиқлар ушбу калимани айтсалар-да, улар кофирларнинг остида, жаҳаннамнинг қуйи қатламларидадир.

Ушбу «Ла илаҳа иллаллоҳ» калимасининг маъноси: улуҳийятни Аллоҳ табарока ва таолодан ўзгасидан рад этиб, унинг барчасини шериги йўқ, ёлғиз Аллоҳ учун исбот қилишдир. Бу борада Ундан ўзгасига бирон ҳақ-насиба йўқдир. На яқин фариштага ва на жўнатилган элчига. Аллоҳ таоло айтадики:

«Осмонлар ва ердаги бор жонзот (қиёмат кунида) Раҳмон (ҳузурига) бўйинсунган ҳолда келгувчидир. У Зот уларни санаб-аниқлаб қўйгандир. Уларнинг барчаси қиёмат кунида ёлғиз ҳолда У Зотнинг ҳузурига келгувчидир» (Марям: 93-95).

Аллоҳ таоло шундай деди:

«Ҳар бир жон фақат ўзини ўйлаб-ҳимоя қилиб қоладиган…кунни (яъни, қиёматни эсланг)» (Наҳл: 111).

Агар («Ла илаҳа иллаллоҳ»нинг маъноси) Аллоҳдан бошқа яратувчи йўқ, дейиладиган бўлса, бу шундоқ ҳам маълумдир. Зеро бу борада Унга на яқин фаришта ва на жўнатилган элчи шериклик қила олади.

Агар Аллоҳдан бошқа ҳеч ким ризқ бермайди, дейиладиган бўлса ҳам ҳудди шундайдир.

Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, деб айтилса ҳам ҳудди шундайдир.

(«Ла илаҳа иллаллоҳ» калимасидаги) илоҳ – у маъбуддир. Ана шу барча аҳли илмнинг ижмоси билан ушбу лафзнинг изоҳидир. Ким бирор нарсага ибодат қиладиган бўлса, дарҳақиқат у Аллоҳни қўйиб ана ўша нарсани ўзига илоҳ қилиб олибди. Барча олиҳалар ботилдир. Ягона ҳақ илоҳ бундан мустасно. У ҳам бўлса Аллоҳ табарока ва таолонинг ёлғиз Ўзидир.

«Ла илаҳа иллаллоҳ» деб гувоҳлик беришнинг (маъноларини) билиш фарз экани, намоз ва рўзанинг фарзидан олдин туради. Банда «Ла илаҳа иллаллоҳ»нинг маъноси ҳақида изланиш олиб боришининг вожиб экани, намоз ва рўза борасида изланиш олиб боришининг вожиботидан бир неча чандон улуғроқдир.

Ширк ҳамда тоғутга иймон келтиришнинг ҳаром экани, киши ўз онаси ва бувиси билан никоҳ қуришининг ҳаром эканидан бир неча чандон улканроқдир.

Аллоҳга иймон келтириш мартабаларининг энг улкани: «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб гувоҳлик беришдир.

Бунинг маъноси: банда улуҳийятнинг барча маънолари Аллоҳ учун. Ушбу маъноларнинг бирортасида на пайғамбар ва на фаришта ва на валийга бирор насиба-улуш йўқ, балки у Аллоҳнинг бандалари устидаги ҳаққидир, деб гувоҳлик беришидир.

Шайхулислом роҳимаҳуллоҳ «Мажмуъ ал-Фатава» (1/24)да шундай дедилар:

«Шуни билгинки, банданинг Аллоҳга бўлган муҳтожлиги: Унга бирор нарсани ширк келтирмай, Ўзигагина ибодат қилмоқлигидир. Бунга ўхшаш бирор ҳолат йўқки, унга қиёслаб кўрилса. Жасаднинг таом ва шаробга бўлган муҳтожлиги айрим жиҳатларидан ўхшаб кетар. Бироқ бу икки ҳолат ўртасида ниҳоятда катта фарқ бордир. Банда қалб ва руҳининг ҳақиқати ва салоҳиятда бўлиши, фақат ва фақат Ундан Ўзга ҳақ илоҳ бўлмаган маъбуди бўлмиш Аллоҳ биландир. Дунёда фақат Уни зикр қилиш билан ҳотиржамлик топади.

Агар бандада Аллоҳдан Ўзгаси билан боғлиқ қандайдир лаззат ва шодлик рўй берса-да, у бир турдан иккинчи турга, бир шахсдан бошқа бир шахсга кўчиб юради. Аммо ҳақиқий илоҳи эса, у билан ҳар лаҳза ва ҳар сонияда, қаерда бўлмасин у билан биргадир».

«Ла илаҳа иллаллоҳ» деб гувоҳлик беришликнинг маъноси: ибодатга фақат Аллоҳгина лойиқ, деб эътиқод қилиб, иқрор бўлиш ва шуни лозим тутиб, унга амал қилишдир.

Умумий маъноси эса: Аллоҳдан ўзга ҳақ маъбуд йўқдир.

Улуҳийятнинг маъноси ибодатдир. Ана шу ўринда маълум бўляптики, кўпчилик «Ла илаҳа иллаллоҳ»га изоҳ бера туриб хатога тушишди ва унга ўзга бир маънолар беришди.

Шайх Фавзон шундай дедилар: «Ана шулардан:

1- Ваҳдатул вужуд аҳлининг тавҳид калимасига берган изоҳлари:

Ибн Аробий ва унга ўхшашлар каби ваҳдатул вужуд аҳли шундай дейдилар: «Ла илаҳа иллаллоҳ»: Аллоҳдан бошқа маъбуд йўқ. Ёки: борлиқда Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Бунинг маъноси шуки, барча маъбудотлар – у Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодир. Сабаби, уларнинг наздида борлиқ Холиқ ва махлуқ бўлмиш икки тақсимотга тақсимланмайди. Борлиқнинг бари Аллоҳдир. Улар ваҳдатул вужуд аҳли эканларининг маъноси ҳам шунда-да. Борлиқни тақсимланмайдиган ягона нарса, яъники, унинг бари Аллоҳдир, деб исбот қиладилар. Инсон ҳар қандай нарсага ибодат қилса ҳам, дарҳақиқат у Аллоҳга ибодат қилибди. Қабр, санам, тош, инсон ва фаришталарга ибодат қиладиганларнинг бари Аллоҳга ибодат қилишади. Чунки Аллоҳ у мутлақ борлиқдир.

Борлиқни Холиқ ва махлуққа тақсимлайдиган кишини, улар (ваҳдатул вужуд аҳли) мушрик деб айтадилар. Борлиқ ягона нарса, яъники, у Аллоҳдир, деб айтадиган кимсагина уларнинг наздида муваҳҳиддир.

Энди, Ўзингдан бошқа маъбуд йўқ, дейдиган кимса хатога йўл қўйган бўлади. Чунки у ваҳдатул вужуд аҳлининг қовлига мувофиқ келиб қолган бўлади. Демак, Ўзингдан бошқа ҳақ маъбуд йўқ, деб «ҳақ» деган лафзни зиёда қилса, ана шундагина саҳиҳ бўлади.

Аллоҳ таоло айтдики:

«Бунга сабаб, Аллоҳнинг Ўзигина Ҳақ экани ва Уни қўйиб (мушриклар) дуоилтижо қилаётган (бутлар) эса ботилнинг ўзи экани ҳамда шакшубҳасиз, Аллоҳнинг Ўзигина энг Юксак ва Буюк Зот эканлигидир» (Ҳаж: 62).

2- Калом уламоларининг тавҳид калимасига берган изоҳлари:

Калом уламолари айтадиларки: «Ла илаҳа иллаллоҳ»: ихтиро қилиш, яратиш, бошқариш ва йўқдан бор қилишга фақат Аллоҳгина Қодирдир. Бу эса тўғри эмас, чунки у мушрикларнинг динига мувофиқ келади. Мушриклар айтадиларки: яратишга фақат Аллоҳгина Қодир, тирилтирадиган, ўлдирадиган, ризқ берадиган фақат Аллоҳдир. Ушбу рубубият тавҳидидир.

3- «Ла илаҳа иллаллоҳ»нинг жаҳмийя ва мўтазилаларнинг наздидаги изоҳи:

Уларнинг ва ушбу йўл бўйлаб юрганларнинг наздидаги «Ла илаҳа илллаллоҳ»нинг изоҳиисм ва сифатларни инкор қилишдир. Чунки ким исм ва сифатларни исбот қилса, ушбу киши уларнинг наздида мушрик бўлади. Тавҳид уларнинг наздида исм ва сифатларни рад этишдир.

4- Қутбий ва ихвонийлардан иборат гуруҳбозларнинг изоҳи:

Айтадиларки: «Ла илаҳа иллаллоҳ»: яъни, бошқарув фақат Аллоҳгагина хосдир. (Салафларимиз) эса бошқарувни «Ла илаҳа иллаллоҳ»нинг маъноларидан бўлган бир маъно деб айтишган. Чунки «Ла илаҳа иллаллоҳ»нинг маъноси ибодат турларининг барчасини ўз ичига олгандир.

Биз уларга айтамизки: унда қолган ибодатлар қани?! Рукуъ қани?! Сажда, жонлиқ сўйиш, назр аташ ва бошқа ибодатлар қани?!

«Ла илаҳа иллаллоҳ»нинг маъноси сизларнинг наздингизда фақат бошқарув бўладиган бўлса, унда ибодату фақат бошқарув эканда?!

Ширк турларини рад этишинг қани?! Ажиб, субҳаналлоҳ! Ушбу ишларга огоҳ бўлмоқ лозим бўлади. Чунки ушбу калима улуғ бир калима бўлиб, кимки уни рўй-рост амалга оширса жаҳаннамдан унга нажот беради. Диннинг бари, бошидан охиригача ва пайғамбарларнинг даъвати ҳамда барча нозил бўлган китоблар ушбу калима асосига қурилгандир.

5- Аҳли сунна вал жамоанинг изоҳи:

«Ла илаҳа иллаллоҳ»нинг маъноси: Аллоҳдан Ўзга ҳақ маъбуд йўқ. Чунки маъбудотлар кўпдир. Бироқ ҳақ маъбуд, у ёлғиз Аллоҳдир. Ундан Ўзгасига сиғиниш ботилдир. Аллоҳ таоло шундай деди:

«Бунга сабаб, Аллоҳнинг Ўзигина Ҳақ экани ва Уни қўйиб (мушриклар) дуо-илтижо қилаётган (бутлар) эса ботилнинг ўзи экани ҳамда шак-шубҳасиз, Аллоҳнинг Ўзигина энг Юксак ва Буюк Зот эканлигидир» (Ҳаж: 62).

Демак, «Ла илаҳа иллаллоҳ» нафий ва исботдир. Улуҳийятни Аллоҳдан Ўзгасидан рад этиш. Хоҳ пайғамбар бўлсин, ҳатто Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳам, хоҳ фаришта бўлсин, ҳатто Жаброил алайҳиссаломдан ҳам. Энди у иккиларидан бошқа пайғамбар ва солиҳ зотлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Ва уни (улуҳийятни) Аллоҳ азза ва жалла учун исбот қилиш.

Тақво калимаси, тавҳиднинг асоси ва мустаҳкам ҳалқадир. «Ла илаҳа иллаллоҳ» калимаси аҳли сунна вал жамоа зикр қилиб ўтган қуйидаги тавҳиднинг барча қисмига далолат қилади:

1- Улуҳийятга далолат қилиши:

Чунки унинг маъноси: ибодатга фақат Аллоҳ таологина лойиқдир. «Ла илаҳа»: Аллоҳдан Ўзгаси ибодат қилинишга лойиқ эканини рад этади. «Иллаллоҳ»: Ибодат турларининг барчасини шериги йўқ, ёлғиз Аллоҳ учун исбот қилади.

2- Рубубият тавҳиди:

Яъни, Аллоҳ таоло рубубият хусусиятларида ягона эканидир. «Ла илаҳа иллаллоҳ» калимаси рубубият тавҳидига, унинг маъноларини ўз ичига олгани жиҳатидан далолат қилади. Демак улуҳият тавҳиди рубубият тавҳидини ўз ичига олгандир. Зеро рубубиятда ёлғиз бўлган Зотгина ибодатда ҳам яккаланишликка лойиқ бўлади. Аллоҳ таоло шундай деди:

«Сизларга осмону заминдан ризқу рўз берадиган Аллоҳдан ўзга биронта яратувчи борми?! Ҳеч бир ҳақ илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзигина бордир» (Фотир: 3). Ушбу оят мулк, ризқ ва булардан бошқа рубубият хусусиятларида ёлғиз бўлган Зотгина ибодат қилинмоққа лойиқ эканига далолат қиляпти. Демак тавҳид калимаси рубубият тавҳидига, унинг маъноларини ўз ичига жо қилгани жиҳатидан далолат қилади.

3- Исм ва сифатлар тавҳиди:

Аслида Аллоҳ таолони бор эканини исбот қилиш ва У субҳанаҳуни ибодатда яккалашлик, Унинг исм ва сифатларини исбот қилиш деб ҳисобланади. Бунинг сабаби, исм ва сифатлари йўқ бўлган Зот бор экани тасаввур ҳам қилинмайди. Чунки ушбу фақатгина йўқ бўлган нарсалар ҳақида бўлиши мумкиндир.

Дарҳақиқат Шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ тавҳид калимаси тавҳиднинг барча турига далолат қилиши ҳақида шундай дедилар: «Ла илаҳа иллаллоҳ», деб гувоҳлик беришда илоҳиёт (маънолари) бор. У эса уч асосдир: рубубият тавҳиди, улуҳият тавҳиди ва исму сифатлар тавҳидидир. Элчиларнинг динлари ва уларга нозил қилинган (китоблар) ушбу уч асос атрофида айланади. Ушбу («Ла илаҳа иллаллоҳ») далолат қилган уч катта асослар бўлиб, ақл ва фитрат ҳам бунга гувоҳлик беради»».

Ушбу пок калиманинг маълум бир шартлари бўлиб, ушбу шартларни қўлга киритиш лозим бўлади. Тоинки ушбу калима айтувчисига манфаат келтирсин. Дарҳақиқат ушбу шартлар Аллоҳ таоло адаштириб қўйган кимса учун тоғлардан ҳам оғирроқ, занжиру кишанларни кўтариб юришдан ҳам машаққатлироқдир.

Аллоҳ таоло тавфиқ бериб, ҳидоятга йўллаган ва уни нажот йўлига муяссар айлаб, нафсини Унинг элчиси олиб келган йўлга тобе қилган кишига келсак, ушбу шартлар ушбу кишига энг осон ва унга зилол сувдан ҳам тотлироқдир.

Шак-шубҳасиз Аллоҳ таолонинг бандаларига васияти тавҳид калимасики, у куфр ва Ислом орасини ажратиб туради. Аллоҳ таоло шундай деди:

«(Эй мўминлар, Аллоҳ) сизлар учун ҳам диндан Нуҳга буюрган нарсани ва Биз сизга (яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга) ваҳий қилган нарсани, (шунингдек), Биз Иброҳим, Мусо ва Ийсога буюрган нарсани – шариат қонун қилди: «Динни барпо қилинглар ва унда фирқа-фирқа бўлиб бўлинманглар!» (Шўро: 13).

Демак ушбу шартлар қуйидагилардир:

 

Биринчи шарт: Илм

«Ла илаҳа иллаллоҳ»ни нафий ва исбот нуқтаи назаридан тўлақонли билишки, ушбу (илм «Ла илаҳа иллаллоҳ»дан) жоҳил қолишни батамом рад этади.

Аллоҳ таоло шундай деди:

«Бас, (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), ҳеч қандай ҳақ илоҳ (маъбуд) йўқ, магар Аллоҳгина бор эканлигини билинг» (Муҳаммад: 19).

Субҳанаҳу айтдики:

«Магар ўзлари билган ҳолларида ҳақ гувоҳлик берган (яъни, «Ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқ, магар ёлғиз Аллоҳгина бор эканлигига гувоҳлик бераман», деган) кишиларгина (Аллоҳнинг изни-иродаси билан шафоат қилишга қодир бўлурлар)» (Зухруф: 86). Оятдаги «Магар ўзлари билган ҳолларида», яъни тиллари билан («Ла илаҳа иллаллоҳ»,деб) нутқ қилган сўзларининг маъносини қалблари билан англаб етадиганлардир.

Аллоҳ таоло айтдики:

«Аллоҳ, фаришталар ва илм аҳллари – ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай ҳақ илоҳ (маъбуд) йўқ, фақат Унинг Ўзи борлигига гувоҳлик бердилар. У адолат билан тургувчи – Ҳукм қилгувчидир. Ҳеч қандай ҳақ илоҳ (маъбуд) йўқ, фақат Унинг Ўзи бор. У қудратли, ҳикматлидир» (Оли Имрон: 18).

Аллоҳ азза ва жалла шундай деди:

«Айтинг: «Биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлурми?!» (Зумар: 9).

Аллоҳ таоло деди:

«Албатта Аллоҳдан бандалари орасида олим-билимдонлар қўрқур» (Фотир: 28).

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтдики:

«Ушбу масалларни Биз одамлар (ибрат олсинлар) учун айтурмиз. (Лекин) уларни фақат илм эгаларигина англай олурлар» (Анкабут: 43).

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Кимки Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ эканини билган ҳолда вафот этса, жаннатга киради» (Муслим (26)).

Демак Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни («Ла илаҳа иллаллоҳ»ни) маъносини билишга қайдлаб қўйдилар. У эса Аллоҳ азза ва жалладан Ўзга ҳар қандай нарсага ибодат қилишни рад этиш ва уни шериги йўқ, ёлғиз Аллоҳ учун исбот қилишдир.

Бироқ кимки уни («Ла илаҳа иллаллоҳ»ни) уйқусираган кимсанинг сўзи каби маъносини билмай алжирайверадиган бўлса, «Ла илаҳа иллаллоҳ» инкор қилган нарсани қандай инкор қилиб, исбот этган нарсани қандай исбот қилади?! Ахир ушбу кимса бу борада бирор нарса билмаса.

Зеро ундан («Ла илаҳа иллаллоҳ»дан) ирода қилингани, маъносидан жоҳил қолган ҳолда тил билан айтиш эмас. Чунки мунофиқлар уни айтадилар, ҳолбуки улар жаҳаннамда кофирлардан ҳам қуйидадир. Бироқ ундан ирода қилингани шуки, қалб билан маъноларини англаб, унга ва унинг аҳлига муҳаббат қўйиб, унга хилоф қилганларга нафрат қилиш билан бирга тилда айтишдир.

Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ, деб гувоҳлик беришдан ирода қилингани шуки: билиш, (тилда) нутқ қилиш ва амал қилиш нуқтаи назаридан унга иқрор бўлишдир. Ушбу (юқоридаги маъно) жоҳиллар гумон қилаётган гумонларига зидки, улар ушбу калимадан ирода қилингани қуруқ тил билан нутқ қилишни ўзи ёки Аллоҳни бор эканига ё бўлмаса барча нарсага шериксиз подшоҳ эканига иқрор бўлиш (деб ўлайдилар). Ахир ушбу маънони аҳли китоблар ҳали у ёқда турсин бутларга ибодат қиладиганлар билиб, иқрор бўлишарди. Агар иш ҳақиқатда шундай бўлганда улар ушбу калимага даъват қилинишга муҳтож бўлмаган бўлардилар.

Дарҳақиқат мушриклар Аллоҳ ягона, шериксиз яратувчи, фақат У яратиб, ризқ беради ва фақат У тирилтириб, ўлдиради, деб гувоҳлик берардилар. Ва етти осмон ва унинг ичидаги нарсалар ҳамда етти ер ва унинг ичидагиларнинг бари Унинг бандалари ҳамда Унинг бошқаруви ва тасарруфи остида, деб гувоҳлик берардилар.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу (маънога) гувоҳлик бериб турган мушрикларга қарши жанг олиб борганларига далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир:

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Ким сизларга осмон ва заминдан ризқ берур ёки ким қулоқ-кўзларингизга эгалик қилур?! Ким ўликдан тирикни чиқарур ва тирикдан ўликни чиқарур, ҳамда ким барча ишларни тадбир қилиб турур?!» Улар албатта: «Аллоҳ», дейдилар. Бас, сиз айтинг: «Ахир (ўша Зотдан) қўрқмайсизларми?!» (Юнус: 31).

Ва Аллоҳ таолонинг ушбу қовли:

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, уларга) айтинг: «Агар билгувчи бўлсангизлар (айтинглар-чи), бу ер ва ундаги бор жонзот кимники?» Улар: «Аллоҳникидир», дерлар. Айтинг: «Бас, (шундан) ибрат-эслатма олмайсизларми?! Айтинг: «Етти осмоннинг Хожаси ва улуғ аршнинг Соҳиби кимдир?» Улар: «(Буларнинг барчаси) Аллоҳникидир», дерлар. Айтинг: «Ахир қўрқмайсизларми?!» Айтинг: «Агар билсанглар (айтинглар-чи), барча нарсанинг подшоҳлиги қўлида бўлган, Ўзи (барчага) ҳомийлик қиладиган, Унга қарши биров ҳомийлик қила олмайдиган Зот кимдир?» Улар: «(Бундай подшоҳлик ва ҳомийлик ёлғиз) Аллоҳникидир», дерлар. Айтинг: «Қандай алданмоқдадирсизлар-а?!» (Мўминун: 84-89).

Улар шуларнинг барчасига иқрор бўлишганига далолат қиладиган оятлар кўпдир. Бироқ (мушрикларнинг шуларга иқрор бўлишлари) уларни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даъват қилган тавҳид остига дохил қилолмади.

Улар инкор этган тавҳид: ибодат тавҳиди бўлиб, мушриклар уни эътиқод деб атарди. Улар Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога туну кун қўрқув ва умид билан дуо қилишарди. Уларни орасида яна фаришта, пайғамбар ва ўтган солиҳ кишиларга (ҳаёти дунёда) солиҳ бўлганлари ва Аллоҳ азза ва жаллага яқин бўлганлари сабабли бизларни шафоат қилармикинлар, деб дуо қилишарди. Лот каби солиҳ кишига ёки Ийсо алайҳиссалом каби бир пайғамбарга дуо-ю илтижолар қилишарди. Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга қарши ана шу ишлари сабаб жанг олиб бордилар. Аллоҳ таоло ушбу қовлида айтганидек, уларни ибодатни Аллоҳ учун холис адо этмоққа даъват қилдилар:

«Албатта (барча) масжидлар Аллоҳникидир. Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан бирга яна бирон кимсага дуо-илтижо қилманглар!» (Жин: 18).

Аллоҳ таоло шундай деди:

«Ҳақиқий дуо-илтижо фақат Унга қилинур. Ундан ўзга – (мушриклар) дуо-илтижо қилаётган бутлар у (мушрик)ларнинг биронта дуосини мустажоб қилмас» (Раъд: 14).

Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга қарши диннинг бари, дуо, жонлиқ сўйиш, назр аташ, ёлбориб мадад сўраш ва ибодат турларининг барчаси Аллоҳ учун бўлсин дея жанг олиб бордилар.

Уларнинг рубубият тавҳидига иқрор бўлишлари Исломга олиб киролмади. Уларнинг фаришта, пайғамбар ва авлиёларга бизни шафоат қилармикинлар ва улар воситасида Аллоҳга бироз бўлсада қурбат ҳосил қилармикинмиз, деб (ибодатда) қасд қилишлари – ана шу ишлари уларнинг қон ва моллари ҳалол бўлишига олиб келган ишдир. Ушбу элчилар даъват қилган тавҳид бўлиб, мушриклар бунга иқрор бўлишдан батамом бош тортдилар.

Ушбу тавҳид «Ла илаҳа иллаллоҳ»нинг маъносидир. Ушбу ибодат турлари билан қасд қилинадиган нарсага илоҳ дейилади. Фарқи йўқ, у фариштами ёки пайғамбар, валий, дарахт, қабр ва жин бўлсин. Илоҳ у яратувчи, ризқ берувчи ва бошқарувчи эканини хоҳлашмади. Чунки улар ушбу маънолар ёлғиз Аллоҳ учун эканига иқрор бўлишарди.

Дарҳақиқат Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам келиб, ушбу «Ла илаҳа иллаллоҳ» бўлмиш тавҳид калимасига даъват қилдилар. Ушбу калимадан ирода қилингани у – маъносидир. Қуруқ тил билан талаффуз қилиш эмас.

Жаҳолатга ботган кофирлар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу калимадан ирода қилганлари, у Аллоҳни ибодатда яккалаш, Ундан ўзгасига ибодат қилинаётган нарсаларга кофир бўлиб, безор бўлиш эканини билардилар. Шунинг учун ҳам у киши уларга: «Ла илаҳа иллаллоҳ», денглар, деб айтганларида, улар:

«(Шунча) худоларни битта худо қилиб олибдими?! Ҳақиқатан, бу жуда қизиқ нарса!» (Сод: 5), деб айтишди.

Дарҳақиқат жаҳолатга ботган кофирлар буни билардилар. Энди Исломни даъво қилиб, ушбу калиманинг маъносини жаҳолатга ботган кофирлар хабардор бўлганчалик даражада билмайдиган кимсадан ажабланасан киши! Ушбу кимса қалбда бирор маъносига эътиқод қилмай, буни фақат ҳарфларинигина тилда талаффуз қилиш деб билади. Боринг ана бундан ҳам диний фикрлаши кенгроқ бўладиган бўлса, айтадики: бунинг маъноси: яратадиган, ризқ берадиган, тирилтириб, ўлдирадиган ва ишни бошқарадиган фақат Аллоҳдир.

«Ла илаҳа иллаллоҳ»нинг маъносини жаҳолатга ботган кофирларчалик билмайдиган кимсада яхшилик йўқ!

 

Иккинчи шарт: Шак-шубҳани батамом рад этадиган яқийн аниқ ишонч

«Ла илаҳа иллаллоҳ»ни айтувчи киши, ушбу калима далолат қилаётган маъноларга қатъий ишонч ҳосил қилган бўлмоғи даркор. Чунки яқийн – қатъий ишонч бўлгандагина иймон манфаатли бўлади, гумонга асосланган илм эмас. Энди унга шак-шубҳа ва иккиланиш ораласа қандай бўларкин?!

Аллоҳ таоло айтдики:

«Ҳақиқий мўминлар Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига иймон келтириб, сўнгра (ҳеч қандай) шак-шубҳа қилмаган ва молу жонлари билан Аллоҳ йўлида курашган зотлардир. Ана ўшаларгина (ўз иймонларида) содиқ бўлган зотлардир» (Ҳужурон: 15). Аллоҳ таоло ушбу оятда мўминлар Аллоҳ ва Унинг Росулига бўлган иймонларида ростгўй бўлишлари учун иккиланмасликларини шарт қилиб қўйди, яъни, шак-шубҳа қилмасликларини. Шак-шубҳага борадиган кимса эса Аллоҳ таоло ушбу қовлида айтганидек мунофиқлардан бўлади:

«Балки фақат Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган ва кўнгилларида (сиз келтирган ҳақ дин хусусида) шак-шубҳа бўлган кимсаларгина сиздан (қолиш учун) изн сўрайдилар. Бас, улар ўз шак-шубҳаларида иккиланиб юрадилар» (Тавба: 45). Демак ушбу калимани шак-шубҳа қилган ҳолатда айтган кимсанинг иймони йўқдир. Агарчи ҳар нафас олганида айтиб, бутун инсониятга бор овози билан жар солса ҳам.

Имом Аҳмад ва имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилишди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва мен Аллоҳнинг элчисиман, деб гувоҳлик бераман. Банда ушбу билан унда шак-шубҳа қилмаган ҳолда Аллоҳга йўлиқадиган бўлса, албатта жаннатга киради» (Муслим (27), Аҳмад (10696)).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Ушбу девор ортида, қалбида яқийнан – аниқ ишонч ҳосил қилган ҳолатда Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ, деб гувоҳлик берадиган ҳар бир кишига жаннат хушхабарини бер» (Муслим (31)).

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу калимани айтувчиси жаннатга кириши учун, асло шак-шубҳага бормай, қалбида унга яқийн – аниқ ишонч ҳосил қилган бўлишлигини шарт қилиб қўйдилар. Энди шарт топилмайдиган бўлса, шартнинг кетидан келадиган мукофот ҳам чиппакка чиқади. Яъни, жаннатга қалбида ушбу калима борасида яқийн – аниқ ишончга эга одамгина киради. Демак бу иккинчи шарт бўлди.

 

Учинчи шарт: Қабул қилиш

Ушбу калима талаб қилган маъноларни ҳам қалби ва ҳам тили билан қабул қиладики, ушбу қабул қилиш (унинг зидди бўлмиш) рад этишни батамом инкор қилади. Аллоҳ таоло шундай деди:

«Чунки уларга: «Ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқ, магар ёлғиз Аллоҳгина бордир», дейилган вақтда кибр-ҳаво қилган эдилар. Ва улар «Ҳали бизлар бир мажнун шоирни деб худоларимизни тарк қилар эканмизми?», дер эдилар» (Соффат: 35-36).

Аллоҳ таоло уларнинг азобга гирифтор бўлишларининг сабаби, «Ла илаҳа иллаллоҳ» калимасидан кибр қилишлари ва уни олиб келган кишини (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ёлғончи дейишгани, ҳамда ушбу калима инкор этганини инкор қилмай, исбот қилганини исбот қилмай, балки кибру ҳаво йўлига кўра мана бундай деб айтишгани, деб баён қилди:

«(Шунча) худоларни битта худо қилиб олибдими?! Ҳақиқатан, бу жуда қизиқ нарса!» Улардан катталари (бир-бирларига шундай дея тарқалиб) кетдилар:

«Юринглар ва ўз худоларингизга (сиғинишда) қаноат қилинглар (яъни, устивор бўлинглар)! Албатта бу (яъни, «Ла илаҳа иллаллоҳ» дейиш бизлардан) исталадиган (талаб қилинадиган жуда катта) нарсадир. Бизлар бу ҳақда (яъни, Аллоҳнинг якка-ю ягона эканлиги ҳақида) сўнгги миллат – динда(ги одамлардан ҳам, яъни, Исломдан аввалги сўнгги дин бўлмиш насроний динидаги одамлардан ҳам) эшитган эмасмиз. Бу фақат бир уйдирмадир, холос» (Сод: 5-7). Улар бу ўринда:

«Ҳали бизлар бир мажнун шоирни деб худоларимизни тарк қилар эканмизми?» (Соффат: 36), дедилар. Шунда Аллоҳ азза ва жалла уларни ёлғончи деб, Ўзининг элчиси соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳимоя қилиб, уларга ушбу раддияни бериб, айтдики:

«Йўқ, (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам асло мажнун шоир эмасдир, балки) у ҳақ (дин)ни олиб келди ва (ўзидан аввал ўтган) барча пайғамбарларни тасдиқ этди» (Соффат: 37).

Сўнг Аллоҳ таоло улардан аввал ўтганлар борасида шундай деди:

«Магар Аллоҳнинг покиза бандалари бордирки, ана ўшалар учун маълум ризқ, (ҳар турли) мевалар бўлур. Ва улар ноз-неъмат боғларида, сўрилар устида, бир-бирларига рўбарў ўтирган ҳолларида иззат-икром кўргувчидирлар» (Соффат: 40-44).

Аллоҳ таоло айтдики:

«Ким яхшилик билан келса, бас, унинг учун ўша (яхшилигидан) яхшироқ (мукофот) бўлур. Ва улар ўша куннинг даҳшатидан омондадирлар» (Намл: 89).

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Ушбу, Аллоҳнинг динини тушуниб етган, Аллоҳ таоло мен билан жўнатган ҳидоят ва илмдан манфаат ҳосил қилган, натижада билган ва билдирган кишининг мисоли билан бунга бошини ҳам кўтариб қўймаган ва Аллоҳ таоло мен билан жўнатган ҳидоятни қабул қилмаган кимсанинг мисолидир». Ушбу саҳиҳлигига иттифоқ қилинган ҳадиснинг бир қисмидир (Бухорий (79), Муслим (2282)).

 

Тўртинч шарт: Ушбу калима далолат қилган маъноларга бўйинсуниб, тўла-тўкист таслим бўлиш

 

Ушбу бўйинсунишлик тарк этиб, (ташлаб кетишни) батамом рад этади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шундай деди:

«Ким чиройли амал қилгувчи бўлган ҳолида ўзини Аллоҳга топширса, бас, у мустаҳкам ҳалқани ушлабди. Барча ишлар охир-оқибатда ёлғиз Аллоҳга борур» (Луқмон: 22).

Кимки ўзини Аллоҳга топширмаса, чиройли амал қилгувчи (муҳсин) бўлмабди. Чунки у мустаҳкам ҳалқани ушламади. Аллоҳ таолонинг мана бу қовлидан назарда тутилгани шудир:

«Ким кофир бўлса, бас, сизни (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), унинг куфри ғамгин қилмасин. Улар Ўзимизга қайтажаклар, бас, Биз уларга қилган амалларининг хабарини берурмиз. Зеро, Аллоҳ диллардаги сирларни Билгувчидир. Биз уларни (бу дунёда) озгина (муддат) фойдалантириб, сўнгра қаттиқ азобни (тотишга) мажбур қилурмиз!» (Луқмон: 23-24).

(Оятдаги) «Ўзини Аллоҳга топширса», яъни, бўйинсунса. «Ким чиройли амал қилгувчи бўлган ҳолида», яъни, муваҳҳид бўлган ҳолида. «Мустаҳкам ҳалқани», яъни, «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шундай деди:

«Сизларга азоб келиб, сўнгра ёрдам берилмай қолишидан илгари (яъни, Аллоҳнинг бирон бало-синовига дучор бўлмай туриб) Роббингизга қайтинглар ва Унга бўйинсунинглар!» (Зумар: 54), яъни, Роббингизнинг (динига) қайтиб, тўла-тўкист таслим бўлинглар.

 

Бешинчи шарт: Ёлғонни батамом рад этадиган сидқ (ростгўйлик)

«Ла илаҳа иллаллоҳ»ни тили билан айтар экан, уни қалби билан ҳам тасдиқлайди. Натижада ушбу амалида қалби билан тили бир-бирига мувофиқ келади. Энди кимки уни тили билан айтса-ю, қалби билан тасдиқламаса ёлғончи, мунофиқ бўлади. Аллоҳ таоло шундай деди:

«Алиф, Лом, Мим. Одамлар: «Иймон келтирдик», дейишлари билангина, имтиҳон қилинмаган ҳолларида, қўйиб қўйилишларини ўйладиларми?! Ҳолбуки, Биз улардан аввалги (иймон келтирган барча) кишиларни имтиҳон қилган эдик-ку!! Бас, (шу имтиҳон воситасида) албатта Аллоҳ («Иймон келтирдик», деб) рост сўзлаган кишиларни ҳам, ёлғончи кимсаларни ҳам аниқ билур» (Анкабут: 1-3).

Аллоҳ жалла ва ала айтдики:

«Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, ўзлари мўмин бўлмаганлари ҳолда «Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирдик», дейдилар. Улар Аллоҳни ва иймонли кишиларни алдамоқчи бўладилар ва ўзлари сезмаганлари ҳолда фақат ўзларинигина алдайдилар. Уларнинг дилларида мараз – иймонсизлик бор эди, бас, Аллоҳ маразларини янада зиёда қилди. Улар учун қилган ёлғонлари сабаб аламли азоб бордир» (Бақара: 8-10). Аллоҳ таоло уларнинг ушбу «Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирдик», деб айтган сўзларини Ўзининг мана бу «Ўзлари мўмин бўлмаганлари ҳолда», қовли билан ёлғон айтаётганларини хабар қилди.

Ушбу Аллоҳ таоло уларнинг қалбларидаги маразларини билгач, уларнинг қалблари тилларига мувофиқ келмади. Улар кофирлардан-да ёмондир. Уларнинг қайтар жойлари жаҳаннамнинг қуйи қатламларидир.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Кимда-ки Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси, деб чин дилдан гувоҳлик берар экан, албатта Аллоҳ унга дўзахни ҳаром қилади» (Бухорий (128), Муслим (32)). Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу калима айтувчисига жаҳаннамдан нажот бериши учун уни чин юракдан айтишлигини шарт қилиб қўйдилар. Акс ҳолда қалбга мувофиқ келмай тил билан талаффуз қилишнинг ўзи асло манфаат бермайди.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб, энг улуғ мартабаси ушбу калима бўлмиш Ислом рукнлари ҳақида сўраган аъробийнинг ҳадисида ҳам, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга булар борасида хабар бергач, у: «Мени гарданимда булардан бошқа яна (вожиботлар) борми?», деди. Айтдиларки: «Йўқ. Нафл (ибодатларни адо этишинг) бундан мустасно». У эса: «Аллоҳга қасамки! Бундан оширмайман ҳам, камайтирмайман ҳам», деди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Рост айтган бўлса нажот топибди», дедилар (Бухорий (46), Муслим (11), Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг нажот топишини ростгўй бўлишига шарт қилиб қўйдилар. Демак ёлғончи, мунофиқ ушбу нажот остига дохил бўлмайди. Чунки у асло нажотга эришолмайди. Балки унга муваффаққиятсизлик ва ҳалокат бўлгай. Аллоҳдан булардан паноҳ сўраймиз.

 

Олтинчи шарт: Ширк, мунофиқлик, риё ва сумъа (биров эшитсин учун амал қилиш)ни батамом рад этадиган ихлос

Ихлос – амални ҳар қандай ширк доғларидан солиҳ бир ният ила тозаламоқдир. Аллоҳ жалла ва ала шундай деди:

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), албатта Биз сизга бу китобни ҳаққирост нозил қилдик, бас, сиз Аллоҳга – У Зот учун динингизни холис қилган ҳолда ибодат қилинг! (Эй инсонлар), огоҳ бўлингизким, холис дин ёлғиз Аллоҳникидир (яъни, ёлғиз Аллоҳгина чин ихлос билан ибодат қилинишга лойиқ Зотдир)» (Зумар: 2-3).

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шундай деди:

«Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, У Зот учун динни холис қилган, тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга буюрилган эдилар» (Баййина: 5).

Аллоҳ таоло айтдики:

«Айтинг: «Мен ёлғиз Аллоҳга У Зот учун динимни холис қилган ҳолда ибодат қилурман» (Зумар: 14).

Аллоҳ таоло деди:

«Албатта мунофиқлар дўзахнинг энг тубан жойида бўлурлар. Ва улар учун бирон мададкор топа олмайсиз! Магар тавба қилиб ўзларини ўнглаган ва Аллоҳга боғланиб, динларини Аллоҳ учун холис қилган зотлар – ана ўшаларгина мўминлар билан бирга бўлурлар» (Нисо: 145-146).

Аллоҳ таоло уларни мўминлар билан бирга бўлишларини динларини Аллоҳ учун холис қилишларига шарт қилиб қўйди. Кимки уни зоҳиран айтса-ю, бироқ холис бўлмаган бўлса, бас, у мўминлар билан бирга эмасдир. Балки у жаҳаннамнинг қуйи қатламларида бўладиган мунофиқлар билан биргадир.

Демак, «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни айтишда дунё истакларидан бирортасини, риё ва сумъани қасд қилмай ихлос билан айтмоқ лозимдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Қиёмат куни менинг шафоатим ила энг бахтли бўладиган кишилар, қалбидан холис (ният) қилган ҳолда Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ, деб айтган кишидир» (Бухорий (99)).

Итбон ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Аллоҳ таоло Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ, деб, бу билан Аллоҳни Юзини истаган кишига дўзахни ҳаром қилди» (Бухорий (425), Муслим (33)).

 

Еттинчи шарт: Муҳаббат қўймоқ

Ушбу улуғ, муборак калимага ва у талаб қилган амаллар ҳамда далолат қилган маъноларга муҳаббат қўймоқ. Ушбу калимани чиппакка чиқариб, уни четлаб ўтадиган нарсаларга нафрат сақлаган ҳолатда унга амал қилиб, шартларини лозим тутган кишиларга муҳаббат қўйиш.

Аллоҳ таоло шундай деди:

«Одамлар орасида шундай кимсалар борки, улар ўзгаларни Аллоҳга тенг билиб, уларни Аллоҳни севгандек севадилар. Иймонли кишиларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббатлари қаттиқроқдир» (Бақара: 165).

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтдики:

«Эй мўминлар, сизларнинг ичингиздан кимда-ким ўз динидан қайтса, Аллоҳ бошқа бир қавмни келтирурки, Аллоҳ уларни яхши кўрур, улар Аллоҳни яхши кўрурлар. Улар мўминларга ҳокисор, кофирларга эса қаттиққўл, бирон маломатгўйнинг маломатидан қўрқмай ёлғиз Аллоҳ йўлида курашадиган кишилардир» (Моида: 54).

Аллоҳ азза ва жалла хабар беряптики, Унинг мўмин бандаларини У Зотга бўлган муҳаббатлари қаттиқроқдир. Бунинг сабаби, улар мушриклардан иборат У Зотга муҳаббат даъво қилганлар каби Унга муҳаббат қўйишда бирортасини шерик қилишмади. Мушриклар Аллоҳдан ўзга тенгдошлар исбот қилиб, уларни Аллоҳни севгандек севадилар.

Банданинг Роббисига бўлган муҳаббати аломати шуки – Роббиси яхши кўрган нарсаларни, ҳавои нафсига зид келса-да, муқаддам қўя билиши. Роббиси ёмон кўрган нарсаларни, ҳавои нафси унга мойил бўлса-да, ёмон кўра билиши. Аллоҳу Росулини дўст тутганни дўст тутиб, У иккисига душманлик қилганни душман деб билиб, Унинг элчиси соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиб, излари бўйлаб юриши ва йўлларини қабул қилишидир.

Ушбу аломатларнинг бари муҳаббат шартларики, ушбу шартлар топилмаганда муҳаббат аслида мавжуд экани тасаввурга сиғмайди. Аллоҳ таоло шундай деди:

«Хабар беринг-чи, ким ҳавои нафсини илоҳ, қилиб олган (яъни, нафс бандаси бўлиб қолган) бўлса сиз унинг устида вакил-қўриқчи бўлурмисиз?! (Йўқ, сизнинг вазифангиз ҳавои нафсига қуллик қиладиган кимсаларни бу қилмишларидан сақлаш – қўриқлаш эмас, балки фақат Биз сизга юборган ваҳийни бандаларимизга етказмоқдир)» (Фурқон: 43).

Аллоҳ таоло айтдики:

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), ҳавои нафсини ўзига «илоҳ» қилиб олган ва Аллоҳ уни билган ҳолида йўлдан оздириб, қулоқ ва кўнглини муҳрлаб, кўз олдига парда тортиб қўйган кимсани кўрганмисиз? Бас, уни Аллоҳ (йўлдан оздиргани)дан сўнг ким ҳидоят қила олур?!» (Жосия: 23).

Аллоҳга қўшиб бошқасига ибодат қилаётган ҳар бир кимса, ҳақиқатда ҳавои нафсига қулдир. Балки ҳар сафар гуноҳ қилиб Аллоҳга осий бўлишнинг асл сабаби, банда Аллоҳнинг буйруқ ва қайтариқларидан ўз ҳавои нафсини муқаддам қўйишидир.

Аллоҳ таоло шундай деди:

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадиган қавмнинг Аллоҳ ва Унинг пайғамбари чизган чизиқдан чиққанлар билан – гарчи улар ўзларининг оталари ёки ўғиллари ёки оға-инилари ёки қариндош-уруғлари бўлсалар-да – дўстлашаётганларини топмассиз» (Мужодала: 22). Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўзининг мўмин бандаларини, уларнинг У Зотга бўлган муҳаббатлари қаттиқроқ ва улар Уни, У эса уларни яхши кўради, деб сифатлади. Ва яна уларни, агарчи энг яқин жигаргўшаларидан бўлса-да, Аллоҳу Росули чизган чизиқдан чиққанларни дўст тутмайдилар, деб сифатлади. Бундан чиқди (Аллоҳу Росули чизган чизиқдан чиққан) кимсаларни фақат улар билан динда бир бўлган, балки мулҳид (худосизлар)дан бўлган кимсагина дўст тутади.

Аллоҳ таоло айтадики:

«Сизлардан ким уларни дўст тутса, бас, у ўшалардандир. Албатта Аллоҳ золим қавмни ҳидоят қилмас» (Моида: 51).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Уч нарса борки, кимда шулар бор экан иймон ҳаловатини тотади: Аллоҳу Росули унга бошқаларидан кўра севиклироқ бўлиши, бирор кишини фақат Аллоҳ учун яхши кўриши, ҳамда Аллоҳ таоло уни қутқаргандан кейин яна куфрга қайтишни, оловга улоқтирилишини ёмон кўргандек ёмон кўриши» (Бухорий (16), Муслим (43)).

«Ла илаҳа иллаллоҳ» калимасига лойиқ кишилар Аллоҳга чинакамига муҳаббат қўядилар. Ширк аҳли эса Аллоҳга ва У Зотга қўшиб бошқасига ҳам муҳаббат қўядилар. Бу эса «Ла илаҳа иллаллоҳ» тақозо қилган маънога тамоман зиддир.

 Саккизинчи шарт

Илм аҳлидан бўлган баъзи кишилар саккизинчи шартни ҳам зиёда қилишди: у – Аллоҳни Роб, Яратувчи ва ҳақиқий маъбуд дея иймон келтирган ҳолда Ундан ўзгасига ибодат қилинаётган ҳар қандай нарсага куфр келтирмоқдир.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шундай деди:

«Динга зўрлаб (киритиш) йўқдир. (Зеро), ҳақ йўл залолатдан ажраб бўлди. Бас, ким шайтондан юз ўгириб, Аллоҳга иймон келтирса, у ҳеч ажраб кетмайдиган мустаҳкам ҳалқани ушлабди. Аллоҳ Эшитгувчи, Билгувчидир» (Бақара: 256).

Ушбу «Ла илаҳа иллаллоҳ» бўлмиш пок калимадаги ва элчиларнинг чақириғидаги нафий ва исботдир. Чунки пайғамбар ва элчилар ушбу нафий ва исботни олиб келишди:

«Аллоҳга ибодат қилинглар! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир» (Аъроф: 59).

Ториқ ибн Ашям розияллоҳу анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Кимки Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ, деб, Аллоҳдан ўзга ибодат қилинаётган нарсаларга кофир бўлса, моли ва жони ҳаромдир. Ҳисоб(-китоби) эса Аллоҳга (ҳавола)» (Муслим (23)).

Кейингиси эса қудрати етган киши учун тўққизинчи шарт бўлади. Демак тўққизинчи шарт: уни («Ла илаҳа иллаллоҳ»ни) нутқ қилишдир.

Аллоҳ таоло шундай деди:

«Чунки уларга: «Ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқ, магар ёлғиз Аллоҳгина бордир», дейилган вақтда кибр-ҳаво қилган эдилар» (Соффат: 35).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Одамларга қарши то Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ деб айтишгунларигача курашишга буюрилдим. Энди кимки Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ, деб айтса, дарҳақиқат мендан жони ва молини сақлаб олибди. Магарам ўзининг ҳақли (ўринлари) бундан мустасно. Ҳисоб(-китоби) эса Аллоҳга (ҳавола)» (Бухорий (2946), Муслим (21)).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам амакиларига ўлим чоғида шундай дедилар: «Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ, деб айтинг, қиёмат куни шу билан сизни фойдангизга гувоҳлик берай». Шунда у (амакилари) бош тортди. Аллоҳ азза ва жалла ушбу қовлини нозил қилди:

«Сиз ўзингиз суйган кишиларни ҳидоят қила олмассиз, лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур» (Қасос: 56)» (Муслим (25)).

Булар «Ла илаҳа иллаллоҳ»нинг шартлари бўлиб, ушбу шартлар ёки уларнинг бирортасига ҳам путур етган маҳал («Ла илаҳа иллаллоҳ») ўз айтувчисига бирор манфаат беролмайди. Балки у, унинг шартларини рўй-рост амалга оширган ва уни чиппакка чиқарадиган амаллардан узоқлашган кишигагина фойда келтиради.

4 thoughts on “Ла илаҳа иллаллоҳ маъноси, шарти, бузувчилари ва фазилати

  1. Ассалямуалейкум уа рахматуЛлахи уа баракатуху. Кичерасиз минем, мин узбек тили не знаю. Где можно скачать мп3 лекции на узбекском языке. АльхамдулиЛлях на руском языке есть, а на узбекском не знаю где скачать. я работаю с братьями узбеками, а они даже основ не знают. хочу для них скачать.лекции.

    1. Валейкум ассалам ва рахматуллахи ва баракатух!
      Джазакаллаху хайр за ваше усердие брат!
      Вот здесь вы можете скачать лекции на узбекском:
      /maruza
      Пусть Аллах даст барака вашему призыву!

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan