Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Барча мақтовлар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфорлар айтиб, ундан нафсимизнинг шумлиги ва амалларимизнинг ёмонлигидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани тўғри йўлга солувчи зот йўқдир. Мен «Ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва расулидир» деб гувоҳлик бераман.
«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).
«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).
«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилар. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).
Сўнг…
Дарҳақиқат, сўзларнинг рости – Аллоҳнинг Каломи, йўлларнинг яхшиси – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўли, ишларнинг ёмони – (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат – залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтувчидир.
Сўнг:
Бандаларга вожиб бўладиган аввалги буйруқ, Аллоҳ таоло уларни нима учун яратганини билишдир. Чунки (У Зот) улардан ўша (аввалги вожибот) асосида аҳд-мийсоқ олган, уларга элчиларни ўша нарса билан юбориб, китобларни нозил қилган. У (аввалги вожибот) сабабли дунё-ю охират, жаннат ва дўзах яратилиб, ушбу иш сабабидан қиёмат қоим бўлади. У (аввалги вожибот) дея тарозулар ўрнатилиб, (амал) саҳифалари тарқатилади ва ана шу (аввалги вожибот) асносида саодат ва бадбахтлик юз беради ҳамда ушбу иш ҳисобига қараб нур тақсимлаб берилади:
«Кимга Аллоҳ нур (иймон) бермаса, бас, унинг учун (ҳеч қандай) нур бўлмас» (Нур: 40).
Дарҳақиқат Аллоҳ таоло бизга, У Зот бизни фақат Ўзига ибодат қилишимиз учунгина яратганини хабар берди. Ибодат – Аллоҳ таоло яхши кўриб, рози бўладиган зоҳирий ва ботиний ҳар бир сўз ва амални ўзида жамловчи бўлган бир сўздир.
Ибодатнинг асли ва унинг мазмун-моҳияти тавҳиддирки, у сабабли элчилар жўнатилиб, китоблар нозил қилинди. У (тавҳид) сабабли жиҳодга буйруқ берилиб, ҳар бир мукаллафга фарз қилинди. Унинг сабабидан дунё ва охират ҳамда жаннат ва дўзах яратилди.
Тавҳид ушбу талаффуз қилиш енгил, пурмаъно ва қадри олий бўлган калимага жо бўлгандир:
لا اله الا الله
«Ла илаҳа иллаллоҳ»
Шаҳодат калимаси, саодат диёрининг калити, диннинг аслу-асоси, ишнинг боши, дарахтнинг илдизи, биносининг пойдеворидир. Қолган рукн ва фарз ибодатлар эса, унинг маъносини лозим тутиб, у тақозо қилганга кўра амал қилишга қайдланган ва уни тўлдирувчи ҳамда унинг шохчаси бўлган амаллардир.
Аллоҳ таоло халқларни ана шу иш сабаб яратди. Субҳанаҳу ва таоло ушбу ишни Ўзининг мана бу қовлида очиқ баён қилди:
«Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Зориёт: 56).
Дарҳақиқат Аллоҳ таоло бандага «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб гувоҳлик бериш ва унга амал қилишни вожиб қилди. Аллоҳ таоло айтадики:
«Бас, (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), ҳеч қандай ҳақ илоҳ (маъбуд) йўқ, магар Аллоҳгина бор эканлигини билинг ва ўз гуноҳингиз учун … мағфират сўранг!» (Муҳаммад: 19).
Ҳар бир пайғамбар ўз қавмига хитоб қилганда, аввал мана бу сўз билан хитоб қилган:
«Аллоҳга ибодат қилинглар! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир» (Аъроф: 59).
Аллоҳ таоло элчиларни ушбу «Ла илаҳа иллаллоҳ» бўлмиш пок калимадаги нафий ва исбот билан жўнатди. У элчиларнинг ўз қавмларига қилган аввалги даъватларидир:
««Аллоҳга ибодат қилинглар ва тоғут (шайтон)дан йироқ бўлинглар», (деган ваҳий билан) бир пайғамбар юборганмиз» (Наҳл: 36).
Аллоҳ таоло шундай деди:
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз сиздан илгари юборган ҳар бир пайғамбарга ҳам: «Ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқ, ёлғиз Менгина бордирман, бас, Менгагина ибодат қилинглар», деб ваҳий юборгандирмиз» (Анбиё: 25).
Ушбу калима сабаб Аллоҳ таоло жин ва инсни, осмонлар ва ерни яратди. Бунинг сабабидан одамлар икки фирқага бўлинишади: биринчиси жаннатда, иккинчиси эса жаҳаннамдадир.
«Ла илаҳа иллаллоҳ» калимаси ихлос калимасидир. Чунки у Аллоҳ азза ва жаллага ширк келтиришни рад этади ва ибодатни ёлғиз субҳанаҳу ва таолога исбот қилади.
У ихлос калимасики, тавҳид ва ибодатни холис адо этиш ҳамда Аллоҳ таолога ширк келтиришдан четлашишдир.
У – Аллоҳ жалла ва ала айтганидек тақво калимасидир:
«Ўшанда кофир бўлган кимсалар дилларига қизиққонликни – динсизлик қизиққонлигини солганларида, (яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбар эканларини инкор этишиб, мусулмонларни Маккага киришдан тўсганларида), Аллоҳ Ўз пайғамбарининг ва мўминларнинг устига Ўз сакинат-оромини туширди ва уларга тақво калимасини (яъни, Ла илаҳа иллаллоҳ калимасини) лозим қилди. Улар ўша (калима)га жуда ҳақдор ва аҳл-лойиқ эдилар. Аллоҳ барча нарсани Билувчи бўлган Зотдир» (Фатҳ: 26).
(Оятдаги) «Тақво калимаси»дан мурод «Ла илаҳа иллаллоҳ»дир.
Ва у – мустаҳкам ҳалқадир. Аллоҳ таоло айтадики:
«Бас, ким тоғут (шайтон)дан юз ўгириб, Аллоҳга иймон келтирса, у ҳеч ажраб кетмайдиган мустаҳкам ҳалқани ушлабди. Аллоҳ Эшитгувчи, Билгувчидир» (Бақара: 256).
Ва у («Ла илаҳа иллаллоҳ») – Аллоҳ таоло ушбу қовлида зикр қилган аҳду-паймондир:
«(У кунда) фақат Раҳмон наздида аҳду-паймон олган, (Аллоҳни бир билиб зиммаларидаги фарзларни адо этган) кишиларгина шафоат қилишга эга бўлурлар» (Марям: 87).
Ва яна у – Аллоҳ таоло Ўзининг ушбу қовлида зикр қилган яхшиликдир:
«Ким яхшилик билан келса, бас, унинг учун ўша (яхшилигидан) яхшироқ (мукофот) бўлур. Ва улар ўша куннинг даҳшатидан омондадирлар» (Намл: 89).
Ва у – Аллоҳ таоло Ўзининг ушбу қовлида айтиб ўтган ҳақ гувоҳликдир:
«Магар ўзлари билган ҳолларида ҳақ гувоҳлик берган (яъни, «Ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқ, магар ёлғиз Аллоҳгина бор эканлигига гувоҳлик бераман», деган) кишиларгина (Аллоҳнинг изни-иродаси билан шафоат қилишга қодир бўлурлар)» (Зухруф: 86).
Ва у – Аллоҳ таоло Ўзининг ушбу қовлида зикр қилган юксак мисол-хислатдир:
«Осмонлар ва ердаги энг юксак мисол-хислат (яъни, Тенгсиз-Ягоналик хислати) Уникидир. У Қудратли, Ҳикматлидир» (Рум: 27).
Ва у – Аллоҳ азза ва жалла Ўзининг ушбу қовлида зикр қилган гўзал оқибатдир:
«Ана энди ким (ўз мол-давлатидаги камбағал-бечораларга берилиши лозим бўлган закот ва бошқа садоқотларни) ато этса ва (Аллоҳдан) қўрқса, ҳамда гўзал оқибатни тасдиқ этса, бас, Биз уни осон йўлга муяссар қилурмиз» (Лайл: 5-7).
Ва у – Аллоҳ азза ва жалла айтгандек устивор сўздир:
«Аллоҳ иймон келтирган кишиларни ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам устиворсўз (иймон калимаси) билан собитқадам қилур» (Иброҳим: 27).
Аллоҳ таоло элчилар ва уларннинг умматларидан ушбу калима ҳақида сўрайди:
«Энди албатта Биз ўзларига пайғамбар юборилган кишилар билан ҳам, (уларга) юборилган пайғамбарлар билан ҳам савол-жавоб қилурмиз» (Аъроф: 6).
Элчиларга қарата шундай дейди:
«Сизларга (яъни, қилган даъватингизга умматларингиз томонидан) қандай жавоб бўлди?» (Моида: 109).
Халқларга қарата айтадики:
«Пайғамбарларимга нима жавоб қилган эдинглар?» (Қасос: 65).
Демак «Ла илаҳа иллаллоҳ» ихлос ва тақво калимаси ҳамда мустаҳкам ҳалқадир. У куфр ва иймон орасини ажратиб турувчи калимадир. Тил билан талаффуз қилиш билан бирга маъносига эътиқод қўйиш ва у лозим тутган амалларга амал қилиш лозим бўлади. Ундан мурод маъносидан жоҳил қолган ҳолда тилда айтишликнинг ўзи эмас. У лозим тутган амалларга амал қилинмайдиган бўлса, бу бирор нарсадан беҳожат қилолмайди. Чунки мунофиқлар уни тилларида айтишарди, ҳолбуки улар кофирлардан ҳам қуйида, жаҳаннамнинг пастки қатламларидадир. Шу билан бирга улар, яъни мунофиқлар, намоз ўқиб, садақа қилиб, рўза тутишарди. Гоҳида эса ҳаж ҳам қилишарди.
Демак ундан ирода қилингани қалбда эътиқод қилиб, тил билан нутқ қилиш ва «Ла илаҳа иллаллоҳ» тақозо қилган амалларга амал қилишдир.
Бу эса ибодатни Аллоҳ таоло учун холис адо этиш ва субҳанаҳу ва таолодан ўзгасига ибодат қилишни тарк этиш билан бўлади.
Демак «Ла илаҳа иллаллоҳ» ҳам нутқ қилиш ва ҳам илму-амал калимасидир.
«Ла илаҳа иллаллоҳ»нинг маъноси: Аллоҳдан ўзга ҳақ маъбуд йўқ. Аллоҳдан ўзгасига ибодат қилинсада, у ботилдир. Аллоҳ таоло шундай деди:
«Бунга сабаб, Аллоҳнинг Ўзигина ҳақ экани ва Уни қўйиб (мушриклар) дуо-илтижо қилаётган (бутлар) эса ботилнинг ўзи экани ҳамда шак-шубҳасиз, Аллоҳнинг Ўзигина энг Юксак ва Буюк Зот эканлигидир» (Ҳаж: 62).
Субҳанаҳу шундай деди:
«Бас, (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), ҳеч қандай ҳақ илоҳ (маъбуд) йўқ, магар Аллоҳгина бор эканлигини билинг» (Муҳаммад: 19).
Шайхулислом роҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Илоҳ – у сиғиниладиган Зотдир. Сиғиниладиган Зот эса ибодат қилинмоқликка лойиқдир» («Мажъмуъ ал-Фатава» (10/249)).
Луғатда эса: «Киши қуллик бажо қилганда сиғинди деб айтилади. Феълдаги ҳамза, лом ва ҳа (алиҳа феъли) бир асл бўлиб, у қуллик бажо қилишдир» («Муъжам мақойис ал-Луғо» (1/127), Абдуссалом Ҳарун таҳқиқи остида).
«Ла илаҳа иллаллоҳ»: Аллоҳдан Ўзга ҳақ маъбуд йўқдир. Аллоҳни ёлғиз Ўзини ибодатда яккалашлик лозиму лобуддир. У тавҳиди улуҳийятки, келишмовчилик ана шу бобда рўй берди. Бунинг сабабидан хусумат илдиз отиб, жиҳод бозори ўрнатилди. Улуҳийятнинг маъноси эса: ибодатдир.
«Ла илаҳа иллаллоҳ» луғат, тафсир ва фиқҳ уламоларининг барчаларини наздида, илоҳ у маъбуддир. Сиғиниш эса қулликни адо этмоқдир.
Ибодатга тўхталадиган бўлсак, унга баъзилар урфга алоқадор бўлмай, ақл тақозосисиз шаръан буюрилган буйруқ, деб таъриф беришди. Салафлардан келган асарларда эса: ибодат – тоат, деб изоҳ берилган. Буюрилган ишни қилиш ва қайтарилган ишни тарк этиш ушбу маъно остига дохил бўлади. Буюрилган иш хоҳ у вожиб ёки мустаҳаб амал бўлсин. Қайтарилгани эса ҳаром ёки макруҳ бўлган иш бўлсин. Кимки дуо, сажда, жонлиқ сўйиш, назр аташ ва бундан бошқалар каби ибодат турларидан бўлган бирор бир турни Аллоҳдан ўзгасига йўналтирадиган бўлса, бас, у мушрикдир.
«Ла илаҳа иллаллоҳ» Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган барча нарсага кофир бўлишни ўз ичига олгандир. Чунки «Ла илаҳа иллаллоҳ»нинг маъноси, ибодатни ёлғиз Аллоҳ учун исбот қилиш ва Ундан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарсадан безор бўлишдир. Ана шу Ундан ўзга ибодат қилинадиган барча нарсага кофир бўлишнинг маъносидир. Чунки Ундан ўзга ибодат қилинадиган барча нарсага кофир бўлишнинг маъноси: ундан безор бўлиб, унинг ботил эканини эътиқод қилмоқдир.
Ушбу Аллоҳ таолонинг мана бу қовлидаги тоғутдан юз ўгиришнинг маъносидир:
«Бас, ким тоғутдан юз ўгириб, Аллоҳга иймон келтирса, у ҳеч ажраб кетмайдиган мустаҳкам ҳалқани ушлабди» (Бақара: 256).
Тоғут: Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар бир нарсадир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтадики:
«Аниқки, Биз ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва тоғутдан йироқ бўлинглар», (деган ваҳий билан) бир пайғамбар юборганмиз» (Наҳл: 36).
«Ла илаҳа иллаллоҳ»нинг икки рукни бор: Нафий ва исбот.
«Ла илаҳа» Аллоҳ таолодан ўзга ҳар қандай нарсага ибодат қилишни рад этади.
«Иллаллоҳ» эса ибодатнинг барчасини ёлғиз Аллоҳ учун исбот қилади.
Ушбу нафий ва исбот элчилар олиб келган ва китоблар нозил қилинган тавҳиддир. Ва у «Ла илаҳа иллаллоҳ», деб гувоҳлик бериш билан ҳақиқий илоҳликни Ёлғиз Аллоҳ учун исбот қилишликни, фақат У Зотга ибодат қилиниб, Унгагина таваккал қилинади ва Унинг учун дўст тутилиб, Унинг йўлида душман тутилади, ҳамда У Зот учунгина бирор амалга қўл урилади. Шунинг учун ҳам элчилар олиб келган тавҳид Аллоҳ таоло Ўзи учун исбот қилган исм ва сифатларни исбот қилишликни ҳам ўз ичига олади.
Ушбу калима нафий ва исботдир. Тавҳид фақат у иккиси билангина мукаммал бўлади. Аллоҳ таолодан ўзгасидан, хоҳ у элчилар бўлсин, ҳатто Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, фаришталар ва Жаброилдан ҳам улуҳиятни рад этиш. Энди у икковларидан бошқа пайғамбар ва солиҳлар ҳақида гапирмасак ҳам бўлади. Ҳамда улуҳийятни Аллоҳ азза ва жалла учун исбот қилмоқдир. Нафийнинг ўзи етарли эмас. Ҳудди шундай исботни ўзи ҳам кифоя қилмайди. Балки ушбу икки иш ўзаро чамбарчас боғлиқ бўлиши лозиму лобуддир.
Сиз бу маънони (араб тилидаги) чеклов услубини билганингиздагина том маънода тушуниб етасиз. Сиз: Зайд шижоатлидир, деб айтсангиз, бу ўринда ундан бошқа яна шижоатлилар бор экани ҳали рад этилмаган бўлади. Балки ундан-да шижоатлилар бордир.
Энди: Зайд шижоатли эмас, десангиз, сиз ушбу рад этиш бўлмиш шижоатсизликни Зайдни ўзига чеклай олмадингиз.
Бироқ сиз: Фақат Зайдгина шижоатлидир, деб айтсангиз, уни ана шу дамда шижоатда якка деб билган бўласиз.
Демак, «Ла илаҳа иллаллоҳ» ҳам нафий ва исботдир. Аллоҳ таолодан Ўзга ҳар қандай илоҳликни рад этиш ва уни Аллоҳ азза ва жалла учунгина исбот қилишдир. Нафийни ўзи етарли бўлмайди. Ҳудди шундай исботни ўзи ҳам кифоя қилмайди. Балки иккиси ўзаро чамбарчас боғлиқ бўлиши шартдир.
Имом Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб роҳимаҳуллоҳ шундай дедилар:
«Шуни яхши билгинки, Аллоҳ сени Ўз раҳматига олсин, «Ла илаҳа иллаллоҳ»нинг маъноси: нафий ва исботдир. Тўрт нарсани рад этиб, тўрт нарсани исбот қиласан.
1- Улуҳият;
2- Тоғут;
3- Тенгдошлар;
4- Робларни рад этасан.
Олиҳаларни рад этишинг: фойдани ҳосил қилиш ёки зарарни даф этиш йўлида бирор нарсани қасд қилишингдир. Ана шу дамда сен уни ўзинга илоҳ қилиб олган бўласан.
Тоғут эса: ибодат қилинса-да рози бўлган ёки ибодат қилиниши учун ўзини илгари сурган кимсадир.
Тенгдошлар: Ислом динини қўйиб, сени ўзига ром қилган аҳли-оила, турар жой, қариндош-уруғ ёки мол-давлатдир. Ана шу Аллоҳ таолонинг ушбу қовлига биноан тенгдошдир:
«Одамлар орасида шундай кимсалар борки, улар ўзгаларни Аллоҳга тенг билиб, уларни Аллоҳни севгандек севадилар» (Бақара: 165).
Роблар эса: сенга ҳаққа хилоф келадиган фатвони беради-да, сен унга итоат қиласан. Бу Аллоҳ таолонинг ушбу қовлининг айни тасдиғидир:
«Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг донишмандларини ва роҳибларини ҳамда Масиҳ ибн Марямни Роб деб билдилар. Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга бандалик қилишга маъмур (буюрилган) эдилар. Ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир. У Зот уларнинг ширкларидан покдир» (Тавба: 31).
Ва тўрт нарсани исбот қиласан:
Мақсад: Қилган барча амалларингдан фақат ва фақат Аллоҳни қасд қиласан.
Улуғлаш ва муҳаббат: Бу Аллоҳ таолонинг ушбу қовлига биноандир:
«Иймонли кишиларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббатлари қаттиқроқдир» (Бақара: 165).
Қўрқув ва умид: бу Аллоҳ таолонинг ушбу қовлига биноандир:
«Агар Аллоҳ сизга бирон зиён етказса, уни фақат Ўзигина кетказа олур. Агар сизга бирон яхшилик (етказишни) ирода қилса, Унинг фазлу марҳаматини қайтара олгувчи йўқдир. У Ўзи хоҳлаган бандаларига яхшилик етказур. У Мағфиратли, Меҳрибондир» (Юнус: 107).
Кимки буларни билса, Аллоҳдан ўзгасига бўлган боғлиқлиги батамом узилади ва ботил унга асло соя сололмайди. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссалом ҳақларида санамларни синдириб, қавмларидан безор эканларини хабар берганидек. Аллоҳ таоло шундай деди:
«Сизлар учун Иброҳим ва у билан бирга бўлган кишиларда (уларнинг кофирларга қилган муносабатларида) гўзал намуна бордир. Эслангиз, улар ўз қавмларига: «Дарҳақиқат, бизлар сизлардан ва Аллоҳни қўйиб ибодат қилаётган бутларингиздан безормиз. Бизлар сизлар (ишониб, ибодат қилаётган бут-санамлар)ни инкор этдик..» (Мумтаҳана: 4)».
Ушбу пок калима тилда нутқ қилинишидаёқ (мантуқ) Аллоҳдан ўзгасидан улуҳийятни рад этиб, уни У Зот учун исбот қилишликка далолат қилади. Шайх, аллома, фақиҳ, усул илми билан шуғулланувчи, мунаққид Муҳаммад ал-Амин аш-Шинқитий роҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Чеклов сийғаларининг энг қувватлиси, «Ла илаҳа иллаллоҳ»га ўхшаш нафий ва исботдир».
Усул илми билан шуғулланувчилар шундай дейишди: «(«Ла илаҳа иллаллоҳ»ни) нутқ қилиниши (мантуқ) улуҳиятни жалла ва аланинг Ўзгасидан рад этиш, ундан тушунилган маъно эса (мафҳум) уни субҳанаҳу ва таолонинг Ўзи учун исбот қилишдир». Баён илми билан шуғулланувчилар эса аксини айтишди: «(«Ла илаҳа иллаллоҳ»ни) нутқ қилиниши (мантуқ) улуҳийятни ёлғиз Аллоҳ учун исбот қилишни, ундан англашилган маъно эса (мафҳум) улуҳийятни жалла ва аланинг Ўзгасидан рад этишни ифодалайди».
Шайх Муҳаммад Амин Шинқитий роҳимаҳуллоҳ айтдиларки: «Шак-шубҳа бўлмаган ҳақ сўз шуки, нафий ва исботни иккиси ҳам очиқ нутқ қилингандир (мантуқ). «Ла» лафзи нафий экани очиқ-ойдиндир. «Илла» лафзи эса исботда аниқ-равшандир».
Нафий ва исботни иккиси ҳам очиқ нутқ қилингандир. Буни англашилган маъно (мафҳум) деб ҳисоблаш, мен билишим бўйича хатодир.
Роҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Ушбу масалани «Нашр ал-Бунуд» китоби муаллифи огоҳлантириб ўтган. Чеклов услубидан англашиладиган маъно (мафҳум), унинг бошқа юкламаларида мавжуддир. Мисол учун: إنما «Иннама» (чеклов юкламаси), жумладаги асли ўрни кейин келиш лозим бўлган калимани аввалга қўйиш ва бундан бошқалар».
Демак чеклов кўринишининг энг кучлиси «Ла илаҳа иллаллоҳ» каби нафий ва исботдир.
«Ла илаҳа иллаллоҳ», деб гувоҳлик беришнинг маъноси, Аллоҳ таолодан бошқа ҳар қандай нарсани ибодатга лойиқ эканини инкор қилиш ва ушбу (ибодатга лойиқлик)ни шериги йўқ, ёлғиз Аллоҳ азза ва жалла учун исбот қилишдир. Унинг мулкида шериги бўлмаганидек, ибодатида ҳам шериксиз Зотдир:
«Бунга сабаб, Аллоҳнинг Ўзигина Ҳақ экани ва Уни қўйиб (мушриклар) дуо-илтижо қилаётган (бутлар) эса ботилнинг ўзи экани ҳамда шак-шубҳасиз, Аллоҳнинг Ўзигина энг Юксак ва Буюк Зот эканлигидир» (Ҳаж: 62).
Китобнинг асл арабий матни:
/downloads/files/LA_ILAHA_ILLALLOH.pdf
Ассалямуалейкум уа рахматуЛлахи уа баракатуху. Кичерасиз минем, мин узбек тили не знаю. Где можно скачать мп3 лекции на узбекском языке. АльхамдулиЛлях на руском языке есть, а на узбекском не знаю где скачать. я работаю с братьями узбеками, а они даже основ не знают. хочу для них скачать.лекции.
Валейкум ассалам ва рахматуллахи ва баракатух!
Джазакаллаху хайр за ваше усердие брат!
Вот здесь вы можете скачать лекции на узбекском:
/maruza
Пусть Аллах даст барака вашему призыву!
جزاك الله خيرا